Jami ovozlar: | |
Birinchi ovoz: | |
Oxirgi ovoz: |
(41-сон)
Инсон организми учун калий (К) қанчалик зарур эканлигини биласизми?
Агар организмимизда ана шу кимёвий элемент етишмаса турли хил касалликлар келиб чиқади.Бу касалликларни енгиш учун тўғри овқатланишга эътибор қаратиш лозим. Калий бирикмалари юрак мушаклари ишини яхшилайди, организмда мушак тўқималарининг ишини бошқаради. Калий алмашинувининг бузилиши биринчи навбатда юрак тўқимаси ишининг бузилишига сабаб бўлади. Бу эса юрак санчиши, чарчаш, бош айланиши, юрак ритмининг бузилиши, турли шишларга олиб келади. Калий моддасига бир суткада 2 грамм эҳтиёж бўлади. Шунинг учун калийга бой маҳсулотларни тез-тез истеъмол қилиб туришимиз керак.
Ҳар куни истеъмол қиладиган маҳсулотларимизда калийнинг миқдори:
Товуқ тухуми - 140,00 мг
Қатиқ - 144,00 мг
Ёнғоқ - 664,00 мг
Нўхат - 731,00 мг
Майиз - 860,00 мг
Меваларда калийнинг миқдори:
Тарвуз - 64,00 мг
Қовун - 118,00 мг
Узум - 255,00 мг
Олма - 238,00 мг
Нок - 155,00 мг
Шафтоли - 305,00 мг
Агар организмингизда етарли миқдорда калий бўлишини, соғлом ва муаммосиз турмуш тарзини истасангиз, таомномангизни витамин ва оқсилларга бой маҳсулотлар билан бойитинг. Майиз, ёнғоқ ва нўхат - калийга бой маҳсулот. Бу маҳсулотлар, айниқса, ўсаётган организм, яъни ёш болалар учун ғоятда фойдалидир.
Дурдона САДИРДИНОВА,
Андижон тиббиёт коллежи 2-босқич ўқувчиси.
(41-сон)
ёҳуд ўз жонига қасд қилишнинг ёмон оқибатлари
Кейинги пайтларда "фалончи ўзини осиб қўйибди, фалон жойда бир аёл ўзига ўт қўйибди" қабилидаги гаплар қулоғимизга чалинмоқда. Тавба, дейман ўзимга-ўзим. Яратган инъом этган бебаҳо неъматга шукр келтирмасдан, вақт-соатини кутмасдан, ўз ажалини чақиришга шошилган кишиларни қандай тушуниш мумкин? Ахир бу дунёга келмоқ ҳам, бу дунёдан кетмоқ ҳам бизнинг қўлимизда эмас-ку.
Чинакам мўмин банда ўзига етадиган бало ва мушкулотларга сабр қилади. Аллоҳнинг берганига қаноат қилади. Унинг учун бахтли кунлар билан бирга мусибатли, қайғули кунлар бўлиши ҳам табиий. Яхши кунларида ҳам Аллоҳга шукр айтиб, унинг амрларига содиқ қолади. Лекин бир кам дунё деганларидек, бу ҳаётда яхшилар билан бир қаторда ёмонлар ҳам бор. Ёмон одам сидқидилдан қилинган яхшилик учун тенгсиз мукофот - жаннат борлигини билмайди. Шу боис, кимнидир дилини вайрон қилади, кимгадир зулм кўрсатади, кимнингдир бошига турли кўргуликларни солади, кимнингдир ҳақига хиёнат қилади, кимнидир боши берк кўчага киритиб қўяди. Натижада инсонлар ўзларига берилган энг улуғ неъмат - ҳаёт эканлигини унутиб, жонларига қасд қиладилар.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф хазратларининг "Шоядки тақводор бўлсак" номли китобида шундай ёзилган: "Ҳозир инсоният орасидаги кулфатларнинг энг оғири бу - ўз жонига қасд қилиш бўлиб қолди. ... айрим аёллар ўзига ўт қўйиб нобуд бўлмоқда. Бу эса ҳеч кимни бефарқ қолдирмаслиги керак. Баъзилар буни миллий қашшоқлик деб атасалар, баъзилар диний эътиқодга боғламоқдалар. Лекин биз шуни қатъиян таъкидламоқчимизки, ўзини ёқиб юбораётган аёллар мустаҳкам диний эътиқодга эга эмаслар. Дунёдаги ҳеч бир дин инсонларни Аллоҳ тарафидан берилган ўз омонатига ноҳақ зулм қилишга буюрмайди. Балки, барча динлар қатори Исломда ҳам ўз жонига қасд қилиш бу энг оғир гуноҳдир".
Ўз жонига қасд қилиш нафақат аёллар, балки эркаклар орасида ҳам учраётгани ачинарли ҳолдир. Суиқасднинг турли усуллари кўплаб миқдорда кимёвий дориларни ичиб олиш, ўт қўйиш, сувга ташлаш ва яна бир қанча кўринишда бўлаётганлиги айтиб ўтилмоқда.
Ўз жонига қасд қилиш қайси усулда бўлишидан қатъи назар, катта, кечирилмас гуноҳдир! Қуръони Каримда ёзилишича, ҳар кишики ўзини-ўзи ўлдирса, то қиёматгача ҳар куни ўлиб-тирилади. Агар ўзини осиб ўлдирган бўлса, тирилиб, яна осади. Бу ҳол қиёматгача давом этади. "Ўлиб кетсам қутуламан" деган фикр мутлақо нотўғри. Диний китобларда "Ундайлар "тўнғиз қавмида"кетурлар. Ўз жонига қасд қилганларга жаноза буюрилмайди" дейилади.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (с.а.в.) марҳамат қилиб дебдурлар: "Ҳеч бирингиз ўлимни истамангиз... Агар яхши бўлсангиз (яшаб) балки яхшилигингиз ортур, ёмон эсангиз, балки тавба қилиб қолурсиз".
Мўминнинг зиммасида яқинлари, атрофдагиларга нисбатан жавобгарлиги, мажбуриятлари бор. Бу - қўни-қўшни, қариндош-уруғ, дўст-биродарларга нисбатан меҳр-муҳаббат, ҳамдардлик, муҳтожларга кўмак беришлик, айниқса, тушкун кайфиятдаги инсонларга ёрдам қўлини чўзишликдир. Бу вазифани сидқидилдан адо этиш, яъни тушкун ҳолатга тушиб қолган инсонларга кўмак бериш кишини икки дунё саодатига эриштиради!
Яратган барчаларимизга инсоф ато этсин, ҳеч бир банда ўз жонига қасд қилишдек гуноҳга қўл урмасин.
Лолахон ТОЖИМИРЗА ҲОЖИ қизи
(41-сон) Жараён
Вилоятимизда "Оилага маърифат улашамиз" шиори остида тарғибот лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан ўтказилаётган мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирларда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиё-евнинг жорий йил 20 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи мазмун-моҳияти аҳоли ўртасида кенг тарғиб этилмоқда, кам таъминланган, кўп болали оилалар фарзандларига турли мавзулардаги китоблар - бадиий адабиётлар тарқатилмоқда.
- Муҳтарам юртбошимиз ўз нутқида "Одамлар, биринчи навбатда ёшларнинг онгу-тафаккурини маърифат асосида тарбиялаш энг муҳим вазифа" эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтди, - дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Аббосбек Исроилов. - Президентимизнинг ана шу фикрларидан келиб чиқиб, китоб сотиб олишда имконияти чекланган оилалар фарзандларига китоблар тарқатиш орқали уларнинг китобга бўлган қизиқишини, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини янада ошириш кўзда тутилган.
Избоскан туманининг Гузар, Амир Темур маҳаллаларида ўтказилган тадбирларда аҳоли вакиллари, айниқса, ёшлар катта қизиқиш ҳамда фаоллик билан иштирок этди. Президентимизнинг маърузаси одамлар ўртасида маърифатни кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этиши, у киши томонидан илгари сурилган фикрлар жаҳон жамоатчилиги томонидан юқори баҳоланаётганлиги, умуман, кейинги йилларда мамлакатимизда китоблар нашр этиш, ҳар бир оилада китобга ва китоб мутолаасига бўлган қизиқишни ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, инсон камолоти ва маънавиятининг юксалишида китобнинг ўрни ва роли, китоб ўқиш ва мутолаа маданиятини юксалтириш, ёшларимизда ёт ғоялар, турли иллатларга қарши маънавий иммунитетни кучайтириш хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирлар доирасида ўндан ортиқ оила фарзандларига 10 турдаги китоблар совға қилинганлиги ёшларга чексиз қувонч бағишлади.
- Бадиий китоб ўқишга жуда қизиқаман, - дейди Гузар маҳалласида яшовчи Дониёрбек Илҳомов. - Маънавият маркази мутахассислари, бир гуруҳ зиёлилар томонидан оиламизга қизиқарли китоблар совға қилинганлигидан бехад хурсандман. Ушбу китобларни албатта ўқиб чиқаман, ишонаманки, улар тафаккур ва маънавиятимни янада оширишга ёрдам беради.
Бу каби тадбирлар вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида бўлиб ўтмоқда.
Алимардон АСҚАРОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими бош мутахассиси.
(41-сон) Сир-синоатли дунё
Бу оламда инсон ақл-заковати англашга ожизлик қиладиган жумбоқли ва сирли воқеа-ҳодисалар борки, уларни эшитиб, ишониш-ишонмасликни билмай қоласан, киши. Айниқса, руҳлар билан боғлиқ ҳодисалар ҳар қандай кишини хайратга солади. Ҳақиқатни юзага чиқариш учун арвоҳлар баъзида инсонларга таъсир кўрсатиши, турли жиноятларнинг фош этилишига ёрдам бериш билан боғлиқ воқеалар инсоният тарихида кўп бор такрорланган. Келинг, яхшиси қуйида ана шундай ҳодисалар билан боғлиқ турли манбаларда ёзиб қолдирилган айрим воқеалар билан танишиб ўтамиз. Ўз даврида инкор этиб бўлмас факт ва далилларга асосланган, кенг жамоатчилик орасида шов-шувларга сабаб бўлган ана шу ҳодисаларга ишониш, ишонмаслик эса ўзингизга ҳавола.
Нима бўлганда ҳам ҳаёт жумбоқ, мўъжиза. Унинг сир-синоатларини тушунишга инсон ожизлик қилади.
Ижара уйдаги арвоҳ
1991 йили Нью-Йорк штати олий суди даъвогар яшаган уйда руҳлар келиб туришини ҳақиқат деб топди. Шу муносабат билан жавобгарга шартномани бекор қилиш ва тўланган пулни қайтариш мажбуриятини қўйди. Бу нафақат АҚШ суд тизимида, балки дунё амалиётида оламшумул даъво иши эди. Арвоҳларнинг мавжудлиги бошқа расмий идорада эмас, балки айнан суд мажлисида ўз исботини топди. Гап шундаки, эр-хотин Стамбовскилар Элен Экли сотган уйда арвоҳлар борлигини айтмагани учун даъво билан чиқишган эди.
* * *
Нью-Жерси штати олий судида ҳам шунга ўхшаш иш кўриб чиқилди. Эр-хотин Хосе Чинчилла ва Мишель Чинчилла арвоҳлар бўлган бир хонали уйини топширгани учун ижарага берувчидан шикоят қилишганди. Ўша кундан буён ҳаловат йўқ, руҳлар тинчлик бермасди.
- Уйдаги арвоҳ шовқин солади, ҳар хил овозлар чиқаради, ухлашга қўймайди, эшикларни уради, - деди Хосе Чинчилла судда. - Зўрға уйқуга кетганимизда чойшабларни тортқилайди.
Улар ижарага уй берувчидан 2250 доллар товон пули тўлаш ҳамда ижара учун олган пулларни қайтаришни талаб қилишди. Эр-хотин ўзларининг ҳақ эканликларини исботлаш мақсадида АҚШ паранормал илмий-тадқиқот институтига мурожаат қилишди. Ҳатто, арвоҳ акс этган видеолавҳани ҳавола этдилар. Бир неча ой ўтгач, мутахассислар видеолавҳа қалбаки эмаслиги, унда акс этган лавҳалар далил бўла олишини тасдиқладилар. Дарғазаб бўлган ижара берувчи Хосе Чинчиллалар устидан қарши даъво аризаси берди.
Ўрта асрларда бундай суд жараёнлари ўлим ҳукми билан якун топган. Жумладан, 1631 йили Англиядаги Дарем графлигида кўриб чиқилган иш эътиборга молик. Тегирмончи Жеймс Грэмнинг айтишича, қонга беланган аёлнинг арвоҳи тегирмонга келиб, уни Шарп ва Уокерлар ўлдирганини баён қилган. Жасадни кўмир шахтасига улоқтиришган, қотиллик аслаҳасини эса Шарпнинг уйида яширишган. Марҳума Жеймс Грэмдан қотиллик ҳақида маҳаллий магистратга хабар қилишни илтимос қилган. У ердагилар бу гапга жиддий ёндашишди, шу сабабли ўлдирилган аёлнинг мурдаси ва қотиллик аслаҳасини топиш унчалик машаққат туғдирмади. Иш судга оширилди. Кейин эса барча далиллар ўз исботини топиб, ёвуз қотиллар ўлим жазосига ҳукм этилди.
* * *
XIX аср охирида Россияда ҳам шундай воқеа рўй берган. Княгиня Александра Каховская нимадир бўлиб истеъфодаги прапоршчик Есиповнинг қўрғонига келди. Есипов саҳна санъатининг ошуфтаси бўлиб, ўз театрига эга эди. У актриса Грушенька-Мешковани жон-дилидан яхши кўрарди. Александра Фёдоровнани кутиб олган бош хизматкор унинг қочиб кетгани, хўжайин эса ғам-ғуссага ботган ҳолда қўрғонни тарк этганини хабар қилди. Ўшандан буён бу масканда қандайдир арвоҳ пайдо бўлган эмиш.
Fаройиб хабар хаёлини банд этган Каховская кечани қўрғонда ўтказишга аҳд қилди. Кейин эса, ярим тунда эшик тирқишидан қараб, аёл кишининг оппоқ шаклдаги шаффоф шарпасини кўрди. У Каховскаяни ўзига имлаб чақирарди. Шаффоф шарпа ҳовлига чиққач, дарахт ёнида жимгина турди ва лаҳза ўтмай ҳавога сингиб кетди. Эртаси куни Каховская бу жойда кавлаш ишларини олиб борди ва аёл мурдасига дуч келди. Хизматкор Грушенькани таниди. Судда графиня шу қадар далилларни қалаштириб ташладики, оқибатда Есипов рашк туфайли қотилликка қўл урганини тан олишга мажбур бўлди.
Онанинг марҳум ўFли билан суҳбати
1907 йилнинг октябрида Американинг Аннаполис шаҳрида ҳарбий хизматчи Жеймс Саттоннинг ўлгани ҳақида хабар келди. Гувоҳларнинг айтишича, зиёфатда ҳаддан зиёд ичиб маст бўлган лейтенант ўзининг чаккасига тўппонча тираб, ўқ узган. Жеймснинг онаси бу ҳақда эшитиб, ишонгиси келмади. Орадан бир неча кун ўтгач, арвоҳ кўринишида кўзига кўринган ўғли бу шубҳаларни тасдиқлади. "Онажон, мен ўзимни ўлдирмадим! Бу ишни менга нисбатан ёлғон кўрсатма берганлар амалга оширишди", - деди у. Шундан сўнг Жеймс фожиа билан боғлиқ муҳим тафсилотларни айтиб берди. Онаизор ўша пайтда фаолият юритган психик тадқиқотлар жамиятига мурожаат қилди. Уни жамият президентининг шахсан ўзи, Колумбия университети профессори Жеймс Хислоп қабул қилди. Профессор мурдани суд-тиббий экспертиза қилиш учун очиш кераклигини айтиб туриб олди.
Экспертиза ўлдирилган лейтенантнинг кўплаб жароҳатлари борлигини кўрсатди - бу ҳақда арвоҳ баён қилган, унинг ҳаётига нуқта қўйган ўқ эса бош-қа қўл билан амалга оширилган эди. Онанинг марҳум ўғли билан суҳбати жиноятчиларни фош этиш ва уларни суд курсисига ўтқазишга олиб келди.
* * *
1977 йили Чикагода камдан-кам учрайдиган ғаройиб ҳодиса юз берди. Шаҳар шифохоналаридан бирида ишловчи врач - Терезита Басанинг уйида ёнғин чиқди. Тезкор хизмат ходимлари етиб келгач, уй эгасининг ўлдирилганига гувоҳ бўлдилар. Кўксига пичоқ қадалган шифокор яланғоч ҳолда ётар, унинг бўйнида бўғиб ўлдирилганлик излари бор эди.
Уйдан қимматбаҳо буюмлар ва жамғармалар ўғирлиб кетилганди. Бунга арвоҳнинг нима алоқаси бор деяпсизми?.. Гап шундаки, орадан икки йил ўтгач, судда... ўлдирилган аёлнинг ўзи кўрсатма берди!
Воқеа шундай бўлган. Худди шу шаҳарда Хосе Чуа хотини Реми билан истиқомат қиларди. Улар ҳам врач бўлиб, марҳума Терезита Баса ишлаган тиббиёт муассасасида фаолият кўрсатишарди. Қотилликни очишда шу омил муҳим аҳамият касб этди.
Агар Реми уйқусида бақира бошламаганида бу шифокор эр-хотиннинг ҳаёти аввалгидек бир маромда ўтаётган бўларди. Қизиғи шундаки, аёл уйқусираб испан тилида қичқирарди. У ўзини Терезита Баса ҳисоблар, Алан томонидан ўлдирилганини такрорларди. Дарвоқе, Алан Шоуэри улар билан бирга ишлар, аммо тушунарсиз сабабга кўра, эр-хотин қўрқинчли туш ҳақида ҳуқуқ идораларига хабар қилишмади.
Алоқ-чалоқ туш кўриш, босинқираш тўхтамади, қотиллик воқеасига янги тафсилотлар, баёнлар қўшилаверди. Ниҳоят, улар полицияга боришга қарор қилишди. У ерда эса Алан Терезитанинг уйига телевизор тузатиш учун келгани, ўғирлаган буюмларни ўзининг яқин танишиникига яширганини айтиб беришди.
Полиция кўрсатмаларни текширишга киришди ва Аланнинг таниши Янкининг уйидан Терезита ўлдирилган куни ўғирланган буюмлар топилди.
Қотил Алан далиллар олдида довдираб қолди. Унинг қилган жиноятига иқрор бўлишдан ўзга чораси қолмаган эди.
ЎFлини оқлашни сўраб келган марҳума аёл
ХХ асрнинг 60-йилларида Сан-Францискодаги клиникалардан бирида профессор Жон Браун ишларди. У паталогоанатом бўлиб, аммо клиникадаги ўликхонада ўтиришдан кўра, кўпроқ илмий изланишлари билан банд эди.
Бир куни ўликхонага ўз уйида бўғиб ўлдирилган аёл жасадини олиб келишди. Полиция икки эркак - марҳуманинг эри ва жазманидан қай бири қотилликка қўл урганини аниқлай олмаётганди. Жон ФҚБ агенти бўлиб ишлайдиган дўстига қўнғироқ қилиб, тажриба жараёнида иштирок этишини сўради. 15 дақиқадан сўнг у Брауннинг хонасига кириб келди. Кўп ўтмай, сирли, айтиш мумкинки, ақл бовар қилмайдиган воқеа юз берди. Паталогоанатом марҳуманинг бошига датчик ўрнатди ва яна нимадир кийдирди. Уларнинг ҳаммасини осциллографга улади. Қурилма чироқлари ёнгач, Браун "сеҳр"ни бошлади. У қотилликда гумон қилинган эркакларнинг исм-фамилияларини баланд ва аниқ овозда айта бошлади. Жазманнинг номи тилга олинганида осциллограф "қилт" этмади, бироқ марҳуманинг эрига навбат келганида дарҳол белги берди. Шу тариқа жиноятчи фош этилди. Жон Браун буни ўлдирилган аёлнинг ботиний онгида сақланаётган кўплаб сирлар билан изоҳлади.
* * *
Навбатдаги воқеа ҳам қизиқарли. Адвокат Николай Редькин навбатдаги мижозини ҳимоя қилиши керак эди. Судга бир неча кун қолгач, ярим тунда телефон жиринглади. Аввалига гўшакдан қарсиллаган товуш эшитилди, кейин эса аёл кишининг нотабиий овози янграб, адвокатга мижози айбсиз эканлигини етказди. Мазкур сирли овоз ҳақиқий қотилнинг номини тилга олди, у - шаҳардаги йирик ва таниқли амалдорнинг ўғли эди.
- Сиз судда гувоҳ сифатида қатнашасизми? - деб сўради Редькин.
- Йўқ, гувоҳ сиз бўласиз, - жавоб берди абонент ва гўшакни қўйди.
Эртаси куни адвокат тунги телефон қўнғироғи ҳақида терговчига айтиб берди. "Тергов аллақачон тугаган, - деди терговчи. - Барча далиллар айбланувчига қарши ва иш судга оширишга тайёр турибди".
Уйга қайтиб эшикни очган Редькин игнабарг, куядори ва ваҳима уйғотувчи қандайдир нотаниш ҳидни туйди. Хонага кирди ва диванда ўтирган бегона аёлга кўзи тушди. Адвокатлик фаолияти мобайнида бундай воқеалар бўлиб турар, шу боис Редькин унчалик ажабланмади.
- Сиз кимсиз? Менда ишингиз борми? - деб сўради у.
- Сиз Павелни халос этишингиз керак, - жавоб берди аёл. - Унинг айби йўқ.
- Павелнинг айби йўқлиги ҳақида қўлимда далиллар йўқ.
Аёл видеокассета олиб, столнинг чеккасига қўйди ва оҳиста чайқалганча эшик томонга юрди. Адвокат уни кузатишга ошиқди, бироқ аёл бир зумда ғойиб бўлган эди. Эртаси куни Редькин яна терговчининг ҳузурига йўл олди. У ота-онасининг вафотидан сўнг Павел вояга етган болалар уйидан олинган ҳужжатларни варақлай бошлади. Улар орасида Павелнинг ота-онаси тушган фотосурат ҳам бор эди. Адвокат сал бўлмаса курсидан йиқилиб тушаёзди - расмда кечагина унинг уйига ташриф буюрган аёл акс этган эди.
Суд ҳайъатига Редькин ишга видеокассета ҳам тиркалди. Ҳақиқатан тасмада қотил Павел эмас, балки амалдорнинг ўғли бўлиб, қотиллик жараёни муҳрланган эди. Суд жараёни бошлангач, видеоёзув иштирокчилар ҳамда янги айбланувчига намойиш этилди. Фақат бир саволга жавоб топилмай қолди: видеотасма қандай қилиб арвоҳнинг қўлига тушиб қолган?
Онанинг марҳум ўFли билан суҳбати жиноятчизининг уйида ўлган ҳолда топилди. Шифокор ва полиция келгунча, марҳуманинг эри Эдвард Шу Элвага чиройли дафн кўйлагини кийдирган ва жасадни хобгоҳга ўтказган эди. Бу либос тик ёқали бўлиб, марҳуманинг юзини шарф билан ўраб қўйганди. Эдвард шунчалик айюҳаннос солиб йиғлардики, шифокор унинг кучли ҳаяжон ва талвасага тушмаслиги учун жасадни енгил кўздан кечириш билан кифояланди.
ларни фош этиш ва уларни суд курсисига ўтқазишга олиб келди.
XIX асрда АҚШда бўлиб ўтган ушбу ғаройиб воқеа кўпчиликни хайратга солган. 1897 йилнинг 23 январида Элва Хистер ў
Дафн маросимидан бир неча ой ўтгач, Элвининг онаси ғалати туш кўрди. Тушида қизи эри Эдвард шафқатсиз одам эканини, уни тинимсиз калтаклаганини гапириб берди. Ўлими ҳам шу билан боғлиқ. Элвининг айтишича, кечки овқатга гўштни яхши пиширмагани учун эри бўғиб ўлдирган!..
Марҳуманинг ота-онаси жасадни қабрдан кавлаб олиб, суд-тиббий текширувидан ўтказишни талаб қилишди. Экспертиза бўғиб ўлдириш фактини тасдиқлади. Шу Эдвард қотилликда айбланиб, жазога тортилди.
1897 йилнинг 22 июнида марҳуманинг онаси гувоҳ сифатида иштирок этган суд жараёни бўлиб ўтди. Эдвард Шунинг адвокати судда арвоҳнинг кўрсатмаларига таяниш мумкин эмаслигини айтиб туриб олди, бироқ Элванинг онаси жиноят билан боғлиқ тафсилотларни шу қадар мантиқий ва ишонч билан баён қилиб бердики, судья унинг сўзларини инкор этишга ожизлик қилди. Эдвард Шу қасддан қилган жинояти учун умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Хорижий матбуот материаллари асосида
А. Намозов тайёрлади.
(41-сон)
Дулдур қишлоFим
Гул термоққа тонгда шайланиб,
Яёв кездим "Дулдур" боғини.
Қишлоғимга келинг, айланиб,
Унутмайсиз ҳар бир чоғини.
Боғларида турли хил мева,
Шифо топур еган инсонлар.
Табассумдан ёғилса жилва,
Барҳам топар дарду-нуқсонлар.
Зилол суви қайнар булоқда,
Қишлоғимнинг тарихи узун.
Хаёл суриб туриб қирғокда,
Ошиқ бўлдим "Дулдур"га ўзим.
Тарихи бор асрларга тенг,
Унда бордир асл деҳқони.
Мўъжазгина, аммо бағри кенг,
Қабул бўлгай барча эҳсони.
Нозик дидли гўзал қизининг,
Атласдандир кийган либоси.
Гапирганда ҳар бир сўзининг,
Таралади нурли жилоси.
Гулшаной АБДУМАЛИКОВА,
"Орзу" адабий тўгараги аъзоси.
СИРДОШ
Хумор кўзларингда ҳеч кўрмайин ёш,
Кўнглингни оғритди қай бир бағритош?
Қоронғу оламда ягона дилдош,
Дугонам, йиғлама, мен сенга сирдош,
Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш.
Алам қийнайверар, азоблайверар,
Чексиз ғам-андуҳлар унут ҳам бўлар,
Умринг гулшанида очилар гуллар,
Қалбингни тирнама, мен сенга сирдош,
Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш.
Шодликнинг бағрида боладай бўлиб,
Нурли келажакка орзулар қилиб,
Дугонам, яшагин, бахтларга тўлиб,
Соғинчдан сўзлама, мен сенга сирдош,
Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш!
Машҳура РАҲМОНОВА
Она юртим
Ниҳол экдим шу тупроққа сўздан,
Босган изларимдан чечаклар унди.
Сўнг ўзни яратдим қайтадан ўздан,
Боғларга айланар боғчалар энди!
Ҳали новдаларим куртак очажак,
Fунчалар баҳордек қийғос гуллайди...
Қалбан Ҳақ деганни, халқни деганни,
Кўриб худойимнинг ўзи қўллайди!
Ўзбекистон қўшайин шавкатингга шон,
Кўксингни гуллатсин кўксимда юрак.
Менинг ўз бахтимдан сармаст бўлганим -
Келажак корингга бўлганим керак!
Шохсанам ЭРГАШЕВА,
Асака тумани.
ЁШЛИК
Зилол сув мисоли жўшқин беғубор,
Бунчалар гўзалсан, бунча бетакрор.
Юракда орзулар ғунчалар такрор,
Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик.
Гул умрини хазон этганлар бордур,
Бахтни туймасдан, ўтганлар бисёр.
Ватан, юртим бор - бахт менга ёрдур,
Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик.
Қушдай парвоз этсам, йўлларим равон,
Бетакрор ёшликни куйлайман ҳар он.
Сен-ла ўтган онларни эслайман шодон,
Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик!
Дилдора ХУШБАҚОВА
Жаҳолатдан асранг дунёни
Умрида юрт қадрин билмаган,
Билмаган тинчликнинг қадрини.
Оналар алласин туймаган,
Эшитмас отанинг пандини.
Мол-дунё кўзини бойлаган,
Сотмоққа тайёрдир юртини.
Тилида Оллоҳ дер, дил бошқа,
Бузарлар миллатлар тинчини.
Бор бўлса дилида иймони,
Ёд билса муқаддас Қуръонни,
Нега ниқоб қилиб исломни,
Ноҳақ ўлдирарлар инсонни.
Кўтариб илм-фан машъалин,
Ярайлик Ватаннинг корига.
Дунёга хушёрроқ боқайлик,
Учмайин нокаслар макрига.
Мадина ҲАБИБУЛЛАЕВА,
Избоскан туманидаги
34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.
Куз
Ҳазонларга бурканди замин,
Товланади дарахтлар барги.
Ишваланар сафсар, олтин куз,
Лол этади, гўзалдир ранги.
Гиламдайин тўшалди япроқ,
Кўчалару боғлар бағрига.
Сен ҳам зимдан тингла, бўлгин жўр,
Кузнинг ажабтовур куйига.
Муслима ҚУРБОНАЛИЕВА,
Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси.
ДУНЁ
Эй дунё, кўрсатгил менга илтифот,
Келажак толеим нурларга тўлсин.
Кўкдан нурлар ёғдир кутай бетоқат,
Бу ажиб сирингга кўнглим қониқсин.
Қалбим ичра яна бир дунё,
Менга хабар бергин сир-асроридан.
Дилим орзуларин сезиб бу ҳаёт,
Менга кўмаклашар тутиб қўлимдан.
Дунё, орзуларга бефарқ бўлмагин,
Инсонлар ахтарар сендан бахт-иқбол.
Сенинг илтифотинг суртиб кўзимга,
Сенга таъзим қилиб топаман камол.
Дурдона АБДУМЎМИНОВА,
Андижон шаҳридаги
28-умумтаълим мактаби ўқувчиси.
Дунё гўзал
Қувонч билан қўшнидир қайғу,
Кўнгилга таскин беради чолғу,
Кўкда ойнинг бўлса ҳам доғи,
Дунё гўзал кўринур менга.
Гоҳо шодлик, гоҳ ғам бўлса-да,
Оташ бўлиб қалбим ёнса-да,
Алам ичра ёлғиз қолсам-да,
Дунё гўзал кўринур менга.
Армонларим тўлиб тошса ҳам,
Орзуларим кўз ёш тўкса ҳам,
Шодлик мендан йироқ кетса ҳам,
Дунё гўзал кўринур менга.
Умрим қанча, билмадим асло,
Қараб сира тўймайман аммо,
Ҳаёт тугар деб келса-да нидо,
Дунё гўзал кўринур менга.
ОЙГУЛ
Табассум қилинг
Нега доим йиғлаймиз, нечун,
Иродани кўрсатинг кучин,
Керак эмас, олмасдан ўчин,
Табассум қилинг сиз, табассум.
Синовга берилар аслида бу ғам,
Сизга аччиқ сўзласалар ҳам,
Фақат эзгуликни тиланг, эй одам,
Табассум қилинг сиз, табассум.
Дўст дегани сохта бўлса-да,
Аламдан дил дардга тўлса-да,
Умид синиб охир сўлса-да,
Табассум қилинг сиз, табассум.
Ёлғон асли келтирар хатар,
Ширин ёлғон оғудан баттар,
Ўлим кутиб турса ҳам агар,
Табассум қилинг сиз, табассум.
Бибихоним
"Орзу"адабий тўгараги аъзоси.
Ҳаёт сўзи
Заррин япроқ тўкилиб,
Кириб келди маҳзун куз.
Сўзлар маржон тизилиб,
Уфқ томонга бурди юз.
Қалб сокинлик истади,
Буни изҳор этмасман.
Жуда олисда қуёш,
Истасам ҳам етмасман.
Йўллар худди эртакдек,
Мафтун қилар ўзига.
Дарахтларнинг шивири
Ўхшар ҳаёт сўзига.
Алвон осмон остида,
Юрсам олтин йўллардан.
Барча дард-у нолалар,
Кўтарилар диллардан.
Қуёш ботмоқда яна,
Ҳудди мўъжиза мисол.
Гўзаллигин таърифи,
Чексиз ҳаётга тимсол.
Ҳуршида БУРҲОНОВА
САРОБ
Алдагин бир бора сеникиман, деб,
Юракларим орзудан толсин.
Азизим, сен учун аталган сўзлар,
Фақат сени дея, сен учун қолсин.
Ёлғон деб ҳайқирсин тонгларим сенсиз,
Юлдузлар биз учун бахтдан порласин.
Fурурдан дунёлар қилган нигоҳлар,
Ягонам ушбу кун мени чорласин.
Fамларинг тарк этсин, кетсин нарироқ,
Армонлар бағрингдан топмасин қўним.
Яшайин сен учун танҳойинг бўлиб,
Токи ажратмаса бизларни ўлим.
Умримнинг баҳори сенга баҳшида,
Ундан гулдасталар яса мен учун.
Шамолга айланиб, бағрингга учсам,
Бахтлиман демайсан, дил ёриб нечун?
Майли ёлғонларга кўнди юрагим,
Менингдек севмасанг, севма майлига.
Лек бир бор соғинчни қондириб бугун,
Кела оласанми висол сайлига?
Муҳайё ИСМОИЛОВА.
Куз
Куз фаслини мақтаган эдим,
Меваларинг жуда сархил деб.
сариқ пишган анжир шохидан,
Дона анжир узиб кўриб еб,
Ёнидаги узум дарахти,
Баргларини менга қаратди.
Мени ҳам е, дегандек менга,
Шохларини эгиб турибди.
Буни кўрган анор дарахти,
Секин аста сўзин бошлади.
Яна бироз кутгин деб мени,
Орамизга сукут ташлади.
Мақтовлардан барглар сарғайди,
Барчасини едим мен мақтаб.
Моҳигул НЎЪМОНЖОНОВА,
Олтинкўл тумани.
Юрагимга ёF, ёмFир!
Осмон йиғлаб тўхтамас,
Томчилаб ёғар ёмғир.
Фалакдан ерга эмас,
Юрагимга ёғ, ёмғир!
Юрагим жим дард чекар,
Соғинч қалбимни чертар.
Айт-чи, унутсам нетар,
Юрагимга ёғ, ёмғир!
Юрагим бўлди мозор,
Муҳаббат бунча озор.
Севгидан бўлдим безор,
Юрагимга ёғ, ёмғир!
Ёр бўлди менга армон,
Дардимга борми дармон.
Ёр томон йўлим ҳижрон,
Юрагимга ёғ, ёмғир!
Гоҳ тунлари чексам оҳ,
Йиғлаган осмон гувоҳ.
Соғиниб қилмай гуноҳ,
Юрагимга ёғ, ёмғир!
Мафтуна ТЎЛАНБОЕВА,
Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси.
ЎFлим йўқ деб ўкинманг кўп, дадаси...
Ўғлим йўқ деб ўкинманг кўп, дадаси,
Тилинмасин қалбингизнинг яраси.
Не қиламиз бу ҳам тақдир савдоси,
Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,
Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!
Ҳайриятки, тирноққа зор эмасмиз,
Ҳижолатдан ич-этимиз емасмиз,
Боласиз уй мозор экан демасмиз,
Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,
Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!
Ҳали шундай инсон бўлар қизларимиз,
Эл олдида ёруғ бўлар юзларимиз,
Совчиларга тўлиб кетар уйларимиз,
Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,
Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!
Қизни берган Оллоҳ берар ўғилларни,
Умид узмай тўқ қилайлик кўнгилларни,
Дуоларга очиб юрайлик қўлларни,
Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,
Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!
Хуршида ТОЖИБОЕВА,
Марҳамат тумани.
Икки қўшни
Икки қўшни ўзаро,
Келишолмай қолишди.
Сўнгра жанжал бошлашиб,
Роса қий-чув солишди.
Бири дейди: - Айбдор,
Аввал ўзи бошлади.
Дарвозамнинг олдига,
Писта пўчоқ ташлади.
Униси дер: - Жўжаси,
Гулларимни чўқибди.
Тағин ўғли қизимнинг
Шеър дафтарин ўқибди.
Пашшадан фил ясайвериб,
Толиқишди, тошишди.
Тайинли гап топилгунча,
Ярашиб ҳам олишди.
Ойшахон УБАЙДУЛЛАЕВА,
Андижон туманидаги
10-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси.
ВАҚТ
Оқар сувдай оқиб кетасан,
Ортга боқмай қочиб кетасан.
Ёшлигимни олиб кетасан,
Бунча шошиб ўтасан, эй вақт!
Умримиз ҳар онисан ўзинг,
Ҳаёт қонунидир ҳар сўзинг.
Қўрққан нарсанг бормиди сенинг,
Қайга қочиб кетасан, эй вақт!
Шошмай тургин сендан илтимос,
Ишларимдан бўлайин халос.
Эзгу ишга улгурай бир оз,
Нега шошиб кетасан, эй вақт!
Шаҳноза ИНОМЖОНОВА,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг
Андижон академик лицейи ўқувчиси.
(41-сон)
- дейди Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ахборот библиография бўлими мудираси Замирахон Шаҳобиддинова.
Суҳбатдошимиз ҳақида маълумот: Замира Шаҳобиддинова - 1961 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган, 35 йилдан буён кутубхоначилик соҳасида фаолият кўрсатади. Оилали, 3 нафар фарзанди, 7 нафар набираси бор. Жуда кўп ёшларга касб сирларини ўргатиб келаётган соҳа фидойиларидан бири.
Шиддат билан ўтиб бораётган бугунги кунда ахборот оқими замон ва макон чегараларини писанд этмаяпти. Глобаллашув жараёни жуда кўп халқларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарига қайсидир жиҳатдан таъсир кўрсатаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ана шу жараёнда интернет, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши инсониятнинг китоб ўқишга бўлган эҳтиёжи ва қизиқишини бўғиб қўймоқда.
Таъкидлаш керакки, нима бўлганда ҳам инсоният учун китобнинг қадри ҳамиша юксак бўлиб қолаверади, китоб бера оладиган билим, тафаккур ва маънавиятни бошқа ҳеч қандай восита бера олмайди. Шу маънода китоб мутолаасини маънан юксалишдаги энг мақбул йўл дейиш ўринлидир. Унинг халқ маънавий камолоти, миллат равнақи, ёшлар тақдиридаги аҳамияти ва ўрнини ҳеч қандай восита билан тенглаштириб бўлмайди. Улуғ рус ёзувчиси М. Горький "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан бир умр миннатдорман" деб ёзган эди. Дарҳақиқат, китоб йўлларимизни ёритувчи нур, ёлғизликда садоқатли ҳамроҳ, умримиз давомида бизни тўғри йўлга бошловчи беминнат устоздир.
Ўқувчилик йилларим эди. Бир куни ўқитувчимиз дафтарларимизни текшириш учун уйи-га олиб кетаётганини кўриб кўтаришиб, унинг уйигача кузатиб қўйдим. Шунда у мени қўярда қўймай ичкарига бошлади. Киргач, ҳайратдан қотиб қолдим. Катта хонанинг бир томонини тўлиқ эгаллаган махсус жавон китоблар билан тўла эди. Жавоннинг баландлиги шифтгача етарди. Ҳатто, мактабимиз кутубхонасида ҳам бунча кўп китоблар йўқ эди. Кўзларимда акс этган севинчни кўрган муаллима "Китобни яхши кўраркансан-а, қизим, бу жуда яхши фазилат..." дея қўлимга беш-олтита китобни тутқазди. Ўқиб бўлганимдан сўнг уларни алмаштириб кетишим мумкинлигини айтди. Шу куни севинчим ичимга сиғмай, то уйимизгача югуриб кетибман... Мен айнан шу китоб-лар, бебаҳо асарлар, дунёни ҳайратга солган, қалбларни ёритиб тургувчи машъала, бебаҳо хазина эканига ишонч ҳосил қилганман. Нодир асарларни ўқир эканман, киши улардаги чуқур маънодан руҳий қувват олишини, китоб инсон билими, тафаккури, дунёқараши, бадиий диди ва эстетикасини бойитишига яна бир бор амин бўлганман.
Кечагидек ёдимда, синфдош дугоналарим билан биргаликда китобларни ўқиб чиққанларимиз, улар устида баҳслашганларимиз, қаҳрамонлар тутган йўлни гоҳ қоралаб, гоҳ оқлаганларимиз бизга олам-олам завқ берарди... Йиллар ўтгани сайин китобга бўлган меҳрим ошаётганини ҳис этардим. Бу ҳис мени бир умр китоблар билан ҳамроҳ бўлишга ундагани рост.
Тошкент давлат маданият институтининг кутубхоначилик ва библиография факультетида таҳсил олдим. 1982 йилда олий ўқув юртини тамомлаб, мазкур даргоҳга ишга келганман. Шундан буён инсон руҳиятини нурга, қалбини эзгуликка тўлдирувчи бебаҳо неъматлар маконидаман. Нафақа ёшига етган бўлсам-да, ҳамон кутубхонадаман. Чунки китобларсиз яшаш мен учун қийин, китоблар умрим мазмунига айланган. Уларсиз ҳаётимни тасаввур ҳам этолмайман. Ўттиз беш йиллик фаолиятим давомида ўнлаб ёшларга касб сирларини ўргатиб келяпман. Насимахон Аснабоева, Нигорахон Йўлдошева, Дилафрўз Каримова каби шогирдларим мен билан ёнма-ён меҳнат қилишмоқда. Қизим Севара ҳам ёшлигидан шу касбга меҳр қўйди. Ҳозир у ҳам мазкур даргоҳда хизмат қилмоқда.
1907 йилда ташкил топган ахброт-кутубхона марказимизда турли мавзулардаги 670 мингдан зиёд адабиётлар, 530 мингдан ортиқ электрон ресурс-лар мавжуд. 7 та бўлим, 7 та секторда 42 нафар мутахассис 22 мингдан зиёд китобхонларга хизмат кўрсатиб келади. Масканимизда ўсмирлар ва катталар учун алоҳида ўқув зали, компьютер зали мавжуд бўлиб, ҳамиша мижозлар билан гавжум.
Кейинги йилларда юртимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини кучайтириш масаласига жиддий эътибор берилаётганидан қувонаман. Бунинг замирида биз юқорида тилга олган мақсад ётади, яъни инсон камолотида китобнинг ўрни ниҳоятда катта.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 12 январда қабул қилинган "Китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиш замирида ҳам ёшларимизни китобхонликка ўргатиш, бу ишга ижодкорларни жалб этиш, навқирон авлодни бой маънавий меросимиз билан таништириш, қалбида тарихимизга чуқур ҳурмат ва муҳаббатни уйғотишдек улуғ ниятлар мужассам. Зеро, ёшларни тўғри йўлга бошлайдиган, маънавиятини бойитадиган, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмак берадиган китоблар яратиш бугунги куннинг талабидир. Фармойишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, муассасамиз раҳбари Гулнорахон Исмоилованинг лойиҳаси ва ташаббуси билан вилоятимиздаги болалар уйлари, оромгоҳлар, ҳарбий қисм-ларда турли кечалар, викториналар, китобхонлик конференциялари ўтказяпмиз. Мулоқотларда иштирокчиларнинг китобга бўлган муҳаббати ортиб бораётганлигини кутубхонамизга аъзо бўлиш учун ташриф буюраётганлар сони ортиб бораётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан бирга ёзувчи ва шоирларнинг юбилейлари, хотира кечаларини ташкил этяпмиз. Уларда эса ёш ижодкорлар, бўлажак шоир ва ёзувчилар кашф этилмоқда.
Китобнинг, сўзнинг қудрати улуғлиги ҳақида маҳаллага бош бўлиб ишлаган дугонам яқинда бир воқеани айтиб берди. Сўздан бино бўладиган мўъжизани тасвирлаш қийин. Воқеа шундай бўлган экан. Бир хонадондаги икки келин ўртасида муроса қочади. Можаро ҳатто, маҳалла идорасигача бориб етади. Раис келинларга шундай дейди:
- Оилада катта келинсизлар, уят эмасми? Сизлар ахир, кичик овсинларга ибрат бўлишингиз керак.
- Э, унинг биз билан иши йўқ, у - китоб жинниси, - раиснинг сўзини чўрт кесади тўнғич келин.
Панд-насиҳатлардан сўнг овсинлар муросага келгандай бўлишади. Аммо раисни кичик келин ҳақидаги гаплар қизиқтириб қўяди. Бир куни ўша хонадонга ташриф буюриб, кичик келин билан суҳбатлашади. Қўлида чеварлик ҳунари бўлган бу келин рўзғорга наф келтираётгани, бўш қолди дегунча китоб ўқишини қайнонаси уни дуо қила-қила гапириб берди. Гап-сўзлари маънили, мулоҳазали, овсин-опаларига ҳам ўйлаб гапиради. Бу китобнинг таъсири экани, шубҳасиз.
- Сизлар ҳам ҳеч китоб ўқиганмисизлар? - сўрайди раис катта келинлардан.
- Э, миямни ғовлатиб нима қиламан? Шундоқ ҳам иш-ташвишларим кўп, - дейди уларнинг бири.
- Ўқиб, олим бўлармидим, - деди иккинчиси.
Аммо англамайдиларки, олдиларида ҳар қандай ташвишдан-да масъулиятлироқ вазифа - фарзанд тарбияси турганини. Китоб ўқиганларидами, гап талашиб маҳалла идорасигача боришмасди. Зеро, китоб инсонни андишали, мулоҳазали бўлишга ўргатади.
Кўп китоб ўқиган ўқувчининг нутқи равон бўлади, дўстлари, ота-онаси, устозлари ва бошқалар билан муносабатда одоб қоидаларидан четга чиқмайди. Шунинг учун ҳам мен доимо ўқитувчиларга ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб этиш, бирор бир бадиий асар мутолаасидан сўнг мунозара соатларини ташкил этишни маслаҳат бераман. Чунки мутолаа маданияти ва китобхонликни оммалаштириш жараёнида энг катта вазифа биз билан бир қаторда педагоглар зиммасига тушади.
Бугун аксарият ота-оналар тирикчилик ва рўзғор ташвишларини биринчи ўринга қўйишади. Фарзандига бирон марта китоб совға қилмаган ота-оналар жуда кўп. Катталар орасида ҳам китоб ўқишни бош оғриғи деб қабул қиладиганлар борлиги ниҳоятда ачинарли. Модомики, ота-онанинг ўзи фарзандига ибрат бўлмас экан, фарзанд қалбида китобга меҳр уйғотиш қийин.
Олимларнинг тадқиқотларига кўра, китоб ўқиш тушкунликни даволашнинг энг самарали воситаси экан. Тушкунликка тушган киши китоб ўқиса, бундай ҳолат жуда камдан-кам бўлиши аниқланган. Демак , инсонлар китобларни ўз саломатлиги учун ҳам муҳим восита эканлигини унутмасликлари лозим. Инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлай олади. Китоб ўқиш ҳаётдаги тўсиқларни енгишга ҳам ёрдам беради.
Барно Шерали қизи ёзиб олди.
(41-сон) Муносабат
"Аёлларнинг ўрни "гап-гаштак"ларда эмас!" мақоласини қиб...
"Иқбол" газетасининг 21 сентябрдаги 39- сонида чоп этилган Х. Маматқулованинг "Аёлларнинг ўрни "гап-гаштак"ларда эмас!" сарлавҳали мақоласини ўқиб, бу борадаги фикр-мулоҳазаларимни баён этишни лозим топдим.
Мен мақолада келтирилган айрим фикрларга қўшиламан, айримларига эса қўшила олмайман. Умуман олганда, ҳақиқатдан ҳам бугун аёллар томонидан ташкил этилаётган аксарият "гап-гаштаклар" маънисиз, еб-ичишдан иборат бўлиб қолаётганлигидан ҳам кўз юма олмаймиз. Бироқ, "гап", ўтириш деганда фақат салбий жиҳатларинигина ўйлаш ноўрин бўларди.
... Мактабни тамомлаганимдан кейин ўн йил шаҳардаги йирик корхоналардан бирида ишлаганман. Ишчиларимизнинг асосий қисми хотин-қизлардан иборат эди. Биз жуда аҳил жамоа эдик. Байрамларда турли тадбирлар ўтказар, таътилларда турли жойларга саёҳатлар уюштирардик. Энг асосийси, ҳамкасблар ўртасидаги борди-келди, самимийлик, меҳр-оқибат ришталари анча мустаҳкам эди. Йиллар ўтди, кимдир нафақага чиқди, кимдир оилавий шароити сабаб ишдан чиқиб кетди. Кейинроқ корхонамизнинг фаолияти ҳам хаминқадар бўлиб қолди. Хуллас, бир цехда ишлаган аёллар тарқалиб, йиғилишу, ўтиришлар бўлмай қўйди.
Орадан 20 йил ўтиб, ўша "Гап"нинг шарофати билан ҳамкасблар яна дийдорлашдик. Айримлар оламдан ўтибди, айримлар кела олмади. Лекин ҳамкасбларимизнинг кўпчилиги йиғилди. Ишлаган пайтларимиз, ходимларни бирма-бир ёдга олдик. Ўтганларнинг руҳига қуръон бағишладик. Шу-шу ҳар ойда бир марта йиғилишиб, дийдорлашиб турадиган бўлдик.
Тўғри, мақолада айтилганидек жуда кўп аёллар кафе-ошхоналарда йиғилишиб, "гап"ейишади. Менимча, аёлларнинг кафеларда ўтиришлари ҳақиқатдан ҳам ўзбекчиликка, миллатимизнинг тарбия мезонларига мос келмайди.
Уларнинг орасида турфа тоифадаги, ҳар хил табиатли аёллар бор. Қайсидир аёл маданиятли, зиёли, кимлардир эса эътиборсиз, жамоат жойида, кўпчиликнинг орасида ўзини қандай тутишни билмайди. Шу боис, мен бундай ўтиришлар хонадонларда ўтказилса, мақсадга мувофиқ бўларди, деб ҳисоблайман. Чунки улар бир-бирларининг оиласи, яшаш шароити, фарзандлари, келинларини билади, ўртада ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ришталари янада мустаҳкамланади.
Мақолада айтилганидек, "гап" ташкил этишдан мақсад, фақат маишат, еб-ичиш эмас. Бошқаларда қандай билмадиму, ҳар қалай бизнинг "гап" иштирокчилари қалбини дийдорлашув, кўнгилга яқин кишиларнинг суҳбатидан баҳраманд бўлишдек самимий туйғулар қамраб олади. Орамизда кимдир тўй қилса, ҳаммамиз бир бўлиб, тўйни чиройли ўтказишга ҳаракат қиламиз. Қўлимиздан келганча моддий ёрдам берамиз. Орамизда ёши ҳаммамиздан улуғ илму маърифатли бир аёл бор. У оиладаги тутумлар, келинларга муносабат, қайси ишда қандай йўл тутиш кераклиги ҳақида жуда ўринли гапларни гапиради, бизга панд-насихатлар беради. Биз ҳам унинг сўзларини қулоққа оламиз, эшитганларимизни ўз оиламизда қўллашга интиламиз. У аёл ҳар сафар йиғинимизда маърифатдан сўз очади, турли ибратли ҳикоят ва ривоятларни айтиб беради, аёлларга ҳаёт илмидан сабоқ беришга интилади.
Бундай йиғинлар шубҳасиз, аёлларнинг маънавиятини оширишга, ораларидаги меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Хулоса қилиб айтишим мумкинки, аёлларнинг "гап-гаштак"лари, йиғинлари урфга айланиб улгурди, бу жараённи тўхтатиш анча мушкул. Фақат у йиғинларни аёлларимиз ким ўзарга, ўзини кимлигини кўрсатиб қўйиш, ҳуда-беҳуда ғийбатлар, ўринсиз гап-сўзлар учун эмас, опа-сингилларимизнинг маънавиятини юксалтирадиган, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд тарбияси, ўзбекона қадриятларимизни тарғиб этадиган йиғинга айлантиришимиз лозим. Энг муҳими, бундай йиғинларда бутун элга овоза бўлиб ўйин-кулгу қилиш, ҳатто, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш каби аёл шаънига доғ бўладиган, амолига ўчмас гуноҳлар келтирадиган хатти-ҳаракатлардан бутунлай воз кечишимиз керак. Зотан, ўзлигимизни, ориятли, ибо-ҳаёда барча ҳавас қиладиган ўзбек аёли, миллат, ака-ука, фарзандларимиз ор-номуси эканлигимизни асло унутмаслигимиз зарур.
Муқаддасхон ХЎЖАҚУЛОВА,
Олтинкўл тумани.
(41-сон) Пахта – 2017
Шу кунларда вилоятимиз далаларида пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин олиб борилмоқда. Етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмай териб олишда фермер хўжалиги аъзолари, уюшмаган ёшлар вакиллари ҳамда уй бекалари фаол иштирок этмоқда.
Шаҳрихон туманидаги Янги Ваҳм массивидаги "Олимжон Бадалов" фермер ҳўжалиги аъзолари ҳамда уюшмаган аҳоли вакилларидан тузилган 84-терим отряди аъзолари ҳам теримда фаол қатнашмоқда. Отряднинг Фотимахон Валиева, Шаҳзодахон Абдуллаева, Зулхумор Мирзаева сингари теримчилари кунига 120-140 кг.дан пахта териб илғорлар сафида бормоқдалар. Уларга терган пахталари учун пул ўз вақтида бериб борилмоқда, илғорлар эса туман, вилоят ҳокимлигининг совғалари билан ҳам тақдирланмоқда.
Теримчиларга туман бош отинойиси Муқаддасхон Солиева етакчилигида 76 маҳалла фуқаролар йиғини отинойилари ҳам яқиндан ёрдам бермоқда. Айниқса, Бегбачча, Тараққиёт, Наврўз, Янги ҳаёт, Қумқайроқ, Навбаҳор, Намозгоҳ маҳаллалари отинойилари Одинахон Юнусова, Раъно Аҳмедова, Хадичахон Турсунова, Инобатхон Тожибоева, Мохидил Умарова, Обидахон Раззоқова, Соттихон Саримсоқова сингари отинойилар ҳар куни 80-90 кг.дан пахта териб, кўпчиликка намуна бўлмоқда.
Умуман, Шаҳрихон туманида пахта йиғим-терими уюшқоқлик билан олиб борилмоқда. Шижоатли, сўзи қатъий шаҳрихонлик пахтакорлар яқин кунларда давлатга пахта топшириш йиллик режасини бажарадилар.
Озодахон ОЛИМОВА,
жамоатчи мухбир.
(41-сон)
орамиздаги аёллар
Каримахон Деҳқонова асли зуваласи меҳнатда пишган аёллардан. У ёшлигидан онаси ва бувисидан ипак қурти боқишнинг нозик ва ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганган. Улардаги меҳнатсеварлик, тиришқоқлик, омилкорлик каби қатор хислатларни ҳам ўзлаштириб олган.
Ўрта мактабни тамомлаган Каримахон пиллачилик соҳасининг мутахассиси бўлишга астойдил бел боғлади. Тошкент қишлоқ хўжалиги институтининг пиллачилик факультетида таҳсил олди. Ўқишни тамомлаб, қадрдон қишлоғи Ўртақўрғонга қайтди. Ёш мутахассис пилла бригадаси бошлиғи бўлиб меҳнат фаолиятини бошлади. У қаерда, қандай лавозимда ишламасин, ҳалол ва самарали меҳнат қилиш билан бирга, ўз ишига талабчан бўлди, меҳнат қилаётган жамоа аъзоларини ҳам ҳамиша ишга масъулият билан ёндошишга, унумли меҳнат қилишга ундади.
Пиллачилик инсондан катта сабр-бардошни талаб қиладиган соҳа. Мазкур соҳада 32 йилдан буён меҳнат қилиб келаётган Карима опадаги ғайрат-шижоат, омилкорлик, ишни пухта бажариш ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айни кунда "Мирзо Улуғбек" массивида пилла агрономи вазифасида меҳнат қилаётган моҳир пиллакор пиллачиликда илғор тажриба мактабини ярата олди, тумандаги кўплаб пиллакорларга устозлик қилиб, туманда юқори сифатли саноат хом ашёси етиштириш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан туманда ипак қурти боқишнинг "яшик усули" жорий этилди. Бу усул юқори самаралар берди. Натижада, ҳар бир дона ипак қурти ҳосилининг ўртача оғирлиги 2,6 граммдан 3-3,5 граммгача ошди. Бу эса ҳар бир қути ҳисобига 58-60 кг.дан ортиқ ҳосил олиш, шу билан бирга, ҳар бир қути ҳисобига 200 кг. озуқани тежаш имконини берди.
Тажрибали мутахассис К. Деҳқонованинг ташаббуси билан тутчилик хўжалигидаги эскирган ва унумсиз тутзорларни янгилаш, бўш ерларда тутзорлар ташкил қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Сўнгги уч йил давомида массивда 2200 туп тут дарахтлари ёшартирилиб, 1500 тупдан ортиқ янги тут кўчатлари экилган.
Каримахон опанинг саъйи-ҳаракати, соҳага илғор иш усулларини жорий этиш ҳисобига хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Яъни у 30 нафардан ортиқ ишсиз, уйда ўтирган аёллар, уй бекаларини пилла етиштиришга жалб этди.
- Бугун юртимизда пиллакорлар меҳнатига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Каримахон опа. - Айниқса, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг жорий йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорида соҳани ривожлантириш, пиллакорлар меҳнатини қадрлаш, етиштирилган пилла учун ҳақ тўлаш борасида жуда катта имтиёзлар белгиланган. Жумладан, бир ой ипак қурти парваришлаган аёлга бир йиллик меҳнат стажи ёзилиши мазкур соҳада иш олиб бораётган инсонлар машаққатли меҳнатларининг чин маънодаги эътирофидир. Бу каби ислоҳотлар пиллакорларнинг янада катта марраларни эгаллашларига куч бағишлайди.
Карима опа ўзи истиқомат қилаётган Ўртақўрғон маҳалласида яшаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, имконияти чекланган кишиларга имкон қадар ёрдам кўрсатади.
Каримахон опани давримизнинг фаол, шижоатли аёлларидан десак, асло муболаға бўлмайди. У маҳалла ишида ҳам ҳамиша жонбозлик кўрсатади. Унинг ташаббуси билан маҳаллада 2000 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, 7000 туп гул кўчатлари экилди. Бундан ташқари, у ўзининг томорқасида иссиқхона ташкил этиб, ундан йилига икки маротаба ҳосил олишни йўлга қўйган.
Қаҳрамонимиз нафақат фаол, фидойи аёл, балки ибратли оиланинг бахтли бекаси ҳамдир, у турмуш ўртоғи билан 4 нафар фарзандини юртга муносиб инсонлар қилиб тарбияламоқда.
Ҳа, "Меҳнат инсонни улуғлайди" деган нақл бежизга айтилмаган. Президентимиз Фармонига кўра, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги учун тақдирланган кўплаб юртдошларимиз қаторида уста пиллакор ҳам бор. Унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи" унвони берилди.
- Менинг камтарона меҳнатимга берилган юксак эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди К. Деҳқонова. - Бу унвон нафақат менга, балки бутун вилоятимиз пиллакорларининг меҳнатига берилган муносиб баҳодир. Бундай эътиборга муносиб бўлиш, Юртбошимиз ишончини оқлаш, "кумуш тола" етиштиришда янада самарали меҳнат қилишга астойдил ҳаракат қиламан.
Барно ҲАЙДАРОВА
(41-сон)
2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Маълумки, аёллар жамиятда ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат муҳитининг, таъбир жоиз бўлса, ҳаёт ўчоғининг энг кучли посбони саналади. Шундай экан, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, улар ўртасида маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, тиббий саводхонлигини юксалтириш, турли жабҳалардаги фаолиятларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамият касб этади.
Таъкидлаш керакки, жорий "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили"да бу борадаги ишлар самарадорлигига катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, бу борада Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва "Аёллар маслаҳат маркази" томонидан олиб борилаётган ишларни алоҳида эътироф этиш ўринли.
Андижон шаҳар "Аёллар маслаҳат маркази" "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали, вилоят хотин-қизлар қўмитаси қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси, "Иқтидорли қизлар" клуби ҳамда бошқа қатор давлат, жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда опа-сингилларимизга зарур тавсия, маслаҳат ва амалий ёрдамлар кўрсатмоқда.
Аёл - нозик ҳилқат. Унинг ҳатто ўз яқинларига айта олмайдиган муаммолари, ўй-фикрлари бўлади. Тўғри йўл кўрсатиш, руҳий далда бериш, муаммоларини оқилона ечишга кўмаклашиш билан уларнинг ҳаётга ишончини ошириш, қатъиятини мустаҳкамлаш мумкин. Марказимиз бу борада аёлларга яқин маслаҳатчи бўлиб хизмат қилмоқда.
Андижон шаҳридаги ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, хотин-қизларнинг тиббий ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уй бекаларининг турмуш тарзи, дунёқараши ва муносабатларини ўрганиш, оилаларини мустаҳкамлаш, оилавий келишмовчиликларнинг олдини олиш, турли ғоявий хуружлардан сақлаш, қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш, одам савдоси, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олишга қаратилган ишларимиз ўзининг ижобий самараларини бермоқда. Фаолиятимиз билан боғлиқ кўплаб мисолларни келтириш мумкин. Масалан, оилавий ажримларни олайлик. Асли Андижон шаҳридан бўлган қиз чекка туманга келин бўлиб тушган. Оиласида турли низо ва келишмовчилик юзага келган. Анчадан бери ота уйида яшаяпти. Нима қиламиз? Бу муаммо бизнинг ҳудудда эмас, десак адолатдан бўлмайди. Бу масалани вилоят миқёсидаги жамоатчилик тузилмалари раҳбарлари билан баҳамжиҳат ҳал этдик. "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали раҳбари Дилдора Самадова, вилоят "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмаси раҳбари Замира опа Тиллаева билан ҳамкорликда сайъи ҳаракатларимиз натижасида бу муаммони ижобий ечимини топди. Ўша келин оиласига қайтди, ажрашиш ёқасига келиб қолган оила тикланди.
Жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида марказимизга 667 нафар аёл турли масалаларда мурожаат қилди. Уларнинг 293 нафарига ёрдам кўрсатилди, шунингдек, 214 нафар хотин-қизнинг мурожаати бўйича масала ижобий ҳал этилди. Бундан ташқари, тажрибали отин- ойиларимиз, шаҳар диний идора вакиллари билан бирга турли норасмий диний оқимларга мойиллиги бор аёллар билан суҳбатлар ўтказилди.
Марказимизда малакали ҳуқуқшунос, психолог ва шифокор фаолият олиб бормоқда. Белгиланган жадвал асосида мурожаат қилувчи опа-сингилларимизга бепул хизмат кўрсатилмоқда, энг муҳими, кўпчиликка ошкор қилинишини истамаган аёлларимизнинг мурожаатлари сир сақланмоқда.
Шу ўринда Марказимизга мурожаатлар асосан қайнона ва келин ўртасидаги муносабатларни яхшилаш, ишга жойлашиш, шунингдек, бола тарбиясида юзага келаётган муаммолар, хомиладор аёлларга зарур бўлган маслаҳатлар юзасидан бўлмоқда. Шу кунга қадар марказга психологик йўналишда жами 61 нафар хотин-қиз мурожаат қилиб йўл-йўриқ, маслаҳат олган бўлса, тиббиёт йўналишида мурожаат қилган 24 нафар аёл ҳудудий тиббиёт муассасаларида даволаниш учун йўналтирилган. Ҳуқуқий масалада мурожаат қилган 31 нафар хотин-қизлардан 23 нафарига ҳам амалий ёрдам кўрсатилди. Марказга иш сўраб мурожаат қилувчи аёллар ҳам талайгина.Ҳозирча шундай мурожаатлардан 28 нафари қаноатлантирилди, яъни бу аёлларнинг бандлик масаласи ҳал этилди. Оилавий ва фарзандига оид масалаларда 315 нафар хотин-қизлар мурожаати ўрганиб чиқилган. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар берилиб, ёрдам кўрсатилди. Уй-жой масаласида мурожаат этган 50 нафар хотин-қизларнинг аризаларини уй сотиб олиш учун навбатга қўйилиши таъминланди.
Марказимизга бўлаётган мурожаатлар таҳлил қилиниб, аёлларимизни қийнаётган кўпчилик масалалар, айниқса, оилавий муаммоларни жойида ўрганиш ва бартараф этиш учун хотин-қизлар қўмитаси мутахассислари, маҳалла фаоллари билан биргаликда оила, хонадонларга бориб суҳбатлар ўтказилмоқда. Маънавий муҳит барқарорлиги бузилган, муаммоли оилалар аниқланиб, уларга вакиллар бириктирилмоқда, ажрашиш арафасида турган оилалар тикланмоқда.
Олиб борилаётган бу каби ишлар марказимизнинг шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ва қўмита билан ҳамкорликда иш олиб бораётган қатор ташкилотларнинг биргаликда саъйи ҳаракатлари самарасидир.
Бизнинг асосий мақсадимиз, аёлларимизнинг бахтли ва хотиржам яшашларини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ижобий ҳал этишга кўмаклашишдир. Энг муҳими, марказимизга мурожаат қилган бирор аёл биздан норози бўлиб кетмаслиги керак. Муҳтарама опа-сингиллар! Агар Сизни бирор бир муаммо қийнаётган бўлса, марказимизга келинг, ўша муаммони биргалашиб ҳал этишга ҳаракат қиламиз.
Насибахон РАҲИМОВА,
Андижон шаҳар "Аёллар маслаҳат маркази" раҳбари.