+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Шеърият гулшани

(41-сон)

Дулдур қишлоFим

Гул термоққа тонгда шайланиб,

Яёв кездим "Дулдур" боғини.

Қишлоғимга келинг, айланиб,

Унутмайсиз ҳар бир чоғини.

 

Боғларида турли хил мева,

Шифо топур еган инсонлар.

Табассумдан ёғилса жилва,

Барҳам топар дарду-нуқсонлар.

 

Зилол суви қайнар булоқда,

Қишлоғимнинг тарихи узун.

Хаёл суриб туриб қирғокда,

Ошиқ бўлдим "Дулдур"га ўзим.

 

Тарихи бор асрларга тенг,

Унда бордир асл деҳқони.

Мўъжазгина, аммо бағри кенг,

Қабул бўлгай барча эҳсони.

 

Нозик дидли гўзал қизининг,

Атласдандир кийган либоси.

Гапирганда ҳар бир сўзининг,

Таралади нурли жилоси.

Гулшаной АБДУМАЛИКОВА,

"Орзу" адабий тўгараги аъзоси.

СИРДОШ

 

Хумор кўзларингда ҳеч кўрмайин ёш,

Кўнглингни оғритди қай бир бағритош?

Қоронғу оламда ягона дилдош,

Дугонам, йиғлама, мен сенга сирдош,

Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш.

 

Алам қийнайверар, азоблайверар,

Чексиз ғам-андуҳлар унут ҳам бўлар,

Умринг гулшанида очилар гуллар,

Қалбингни тирнама, мен сенга сирдош,

Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш.

 

Шодликнинг бағрида боладай бўлиб,

Нурли келажакка орзулар қилиб,

Дугонам, яшагин, бахтларга тўлиб,

Соғинчдан сўзлама, мен сенга сирдош,

Чеҳрангда порласин ҳар лаҳза қуёш!

Машҳура РАҲМОНОВА

 

Она юртим

Ниҳол экдим шу тупроққа сўздан,

Босган изларимдан чечаклар унди.

Сўнг ўзни яратдим қайтадан ўздан,

Боғларга айланар боғчалар энди!

 

Ҳали новдаларим куртак очажак,

Fунчалар баҳордек қийғос гуллайди...

Қалбан Ҳақ деганни, халқни деганни,

Кўриб худойимнинг ўзи қўллайди!

 

Ўзбекистон қўшайин шавкатингга шон,

Кўксингни гуллатсин кўксимда юрак.

Менинг ўз бахтимдан сармаст бўлганим -

Келажак корингга бўлганим керак!

 

Шохсанам ЭРГАШЕВА,

 Асака тумани.

ЁШЛИК

Зилол сув мисоли жўшқин беғубор,

Бунчалар гўзалсан, бунча бетакрор.

Юракда орзулар ғунчалар такрор,

Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик.

 

Гул умрини хазон этганлар бордур,

Бахтни туймасдан, ўтганлар бисёр.

Ватан, юртим бор - бахт менга ёрдур,

Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик.

 

Қушдай парвоз этсам, йўлларим равон,

Бетакрор ёшликни куйлайман ҳар он.

Сен-ла ўтган онларни эслайман шодон,

Умримнинг баҳори, сеҳрисан ёшлик!

Дилдора  ХУШБАҚОВА

 

Жаҳолатдан асранг дунёни

Умрида юрт қадрин билмаган,

Билмаган тинчликнинг қадрини.

Оналар алласин туймаган,

Эшитмас отанинг пандини.

 

Мол-дунё кўзини бойлаган,

Сотмоққа тайёрдир юртини.

Тилида Оллоҳ дер, дил бошқа,

Бузарлар миллатлар тинчини.

 

Бор бўлса дилида иймони,

Ёд билса муқаддас Қуръонни,

Нега ниқоб қилиб исломни,

Ноҳақ ўлдирарлар инсонни.

 

Кўтариб илм-фан машъалин,

Ярайлик Ватаннинг корига.

Дунёга хушёрроқ боқайлик,

Учмайин нокаслар макрига. 

     Мадина ҲАБИБУЛЛАЕВА,

 Избоскан туманидаги

34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Куз

Ҳазонларга бурканди замин,

Товланади дарахтлар барги.

Ишваланар сафсар, олтин куз,

Лол этади, гўзалдир ранги.

 

Гиламдайин тўшалди япроқ,

Кўчалару боғлар бағрига.

Сен ҳам зимдан тингла, бўлгин жўр,

Кузнинг ажабтовур куйига.

Муслима ҚУРБОНАЛИЕВА,

Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

ДУНЁ

Эй дунё, кўрсатгил менга илтифот,

Келажак толеим нурларга тўлсин.

Кўкдан нурлар ёғдир кутай бетоқат,

Бу ажиб сирингга кўнглим қониқсин.

 

Қалбим ичра яна бир дунё,

Менга хабар бергин сир-асроридан.

Дилим орзуларин сезиб бу ҳаёт,

Менга кўмаклашар тутиб қўлимдан.

 

Дунё, орзуларга бефарқ бўлмагин,

Инсонлар ахтарар сендан бахт-иқбол.

Сенинг илтифотинг суртиб кўзимга,

Сенга таъзим қилиб топаман камол.

 

Дурдона АБДУМЎМИНОВА,

 Андижон шаҳридаги

28-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

 

Дунё гўзал

Қувонч билан қўшнидир қайғу,

Кўнгилга таскин беради чолғу,

Кўкда ойнинг бўлса ҳам доғи,

Дунё гўзал кўринур менга.

 

Гоҳо шодлик, гоҳ ғам бўлса-да,

Оташ бўлиб қалбим ёнса-да,

Алам ичра ёлғиз қолсам-да,

Дунё гўзал кўринур менга.

 

Армонларим тўлиб тошса ҳам,

Орзуларим кўз ёш тўкса ҳам,

Шодлик мендан йироқ кетса ҳам,

Дунё гўзал кўринур менга.

 

Умрим қанча, билмадим асло,

Қараб сира тўймайман аммо,

Ҳаёт тугар деб келса-да нидо,

Дунё гўзал кўринур менга.

ОЙГУЛ

 

 

Табассум қилинг

Нега доим йиғлаймиз, нечун,

Иродани кўрсатинг кучин,

Керак эмас, олмасдан ўчин,

Табассум қилинг сиз, табассум.

 

Синовга берилар аслида бу ғам,

Сизга аччиқ сўзласалар ҳам,

Фақат эзгуликни тиланг, эй одам,

Табассум қилинг сиз, табассум.

 

Дўст дегани сохта бўлса-да,

Аламдан дил дардга тўлса-да,

Умид синиб охир сўлса-да,

Табассум қилинг сиз, табассум.

 

Ёлғон асли келтирар хатар,

Ширин ёлғон оғудан баттар,

Ўлим кутиб турса ҳам агар,

Табассум қилинг сиз, табассум.

Бибихоним

 "Орзу"адабий тўгараги аъзоси.

 Ҳаёт сўзи

Заррин япроқ тўкилиб,

Кириб келди маҳзун куз.

Сўзлар маржон тизилиб,

Уфқ томонга бурди юз.

 

Қалб сокинлик истади,

Буни изҳор этмасман.

Жуда олисда қуёш,

Истасам  ҳам етмасман.

 

Йўллар худди эртакдек,

Мафтун қилар ўзига.

Дарахтларнинг шивири

Ўхшар  ҳаёт сўзига.

 

Алвон осмон остида,

Юрсам олтин йўллардан.

Барча дард-у нолалар,

Кўтарилар диллардан.

 

Қуёш ботмоқда яна,

Ҳудди мўъжиза мисол.

Гўзаллигин таърифи,

Чексиз ҳаётга тимсол.

     Ҳуршида БУРҲОНОВА

 

САРОБ

Алдагин бир бора сеникиман, деб,

Юракларим орзудан толсин.

Азизим, сен учун аталган сўзлар,

Фақат сени дея, сен учун қолсин.

 

Ёлғон деб ҳайқирсин тонгларим сенсиз,

Юлдузлар биз учун бахтдан порласин.

Fурурдан дунёлар қилган нигоҳлар,

Ягонам ушбу кун мени чорласин.

 

Fамларинг тарк этсин, кетсин нарироқ,

Армонлар бағрингдан топмасин қўним.

Яшайин сен учун танҳойинг бўлиб,

Токи ажратмаса бизларни ўлим.

 

Умримнинг баҳори сенга баҳшида,

Ундан гулдасталар яса мен учун.

Шамолга айланиб, бағрингга учсам,

Бахтлиман демайсан, дил ёриб нечун?

 

Майли ёлғонларга кўнди юрагим,

Менингдек севмасанг, севма майлига.

Лек бир бор соғинчни қондириб бугун,

Кела оласанми висол сайлига?

Муҳайё ИСМОИЛОВА.

 

Куз

Куз фаслини мақтаган эдим,

Меваларинг жуда сархил деб.

сариқ пишган анжир шохидан,

Дона анжир узиб кўриб еб,

Ёнидаги узум дарахти,

Баргларини менга қаратди.

Мени ҳам е, дегандек менга,

Шохларини эгиб турибди.

Буни кўрган анор дарахти,

Секин аста сўзин бошлади.

Яна бироз кутгин деб мени,

Орамизга сукут ташлади.

Мақтовлардан барглар сарғайди,

Барчасини едим мен мақтаб.

 

Моҳигул НЎЪМОНЖОНОВА,

Олтинкўл тумани.

 

Юрагимга ёF, ёмFир!

Осмон йиғлаб тўхтамас,

Томчилаб ёғар ёмғир.

Фалакдан ерга эмас,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Юрагим жим дард чекар,

Соғинч қалбимни чертар.

Айт-чи, унутсам нетар,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Юрагим бўлди мозор,

Муҳаббат бунча озор.

Севгидан бўлдим безор,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Ёр бўлди менга армон,

Дардимга борми дармон.

Ёр томон йўлим ҳижрон,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Гоҳ тунлари чексам оҳ,

Йиғлаган осмон гувоҳ.

Соғиниб қилмай гуноҳ,

Юрагимга ёғ, ёмғир!

 

Мафтуна ТЎЛАНБОЕВА,

Хўжаобод тиббиёт коллежи ўқувчиси.

 

 

 

ЎFлим йўқ деб ўкинманг кўп, дадаси...

Ўғлим йўқ деб ўкинманг кўп, дадаси,

Тилинмасин қалбингизнинг яраси.

Не қиламиз бу ҳам тақдир савдоси,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

 

Ҳайриятки, тирноққа зор эмасмиз,

Ҳижолатдан ич-этимиз емасмиз,

Боласиз уй мозор экан демасмиз,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

 

Ҳали шундай инсон бўлар қизларимиз,

Эл олдида ёруғ бўлар юзларимиз,

Совчиларга тўлиб кетар уйларимиз,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

 

Қизни берган Оллоҳ берар ўғилларни,

Умид узмай тўқ қилайлик кўнгилларни,

Дуоларга очиб юрайлик қўлларни,

Бўлмайликда биз бунчалар ношукр,

Фарзандимиз бор-ку Аллоҳга шукр!

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

Марҳамат тумани.

 Икки қўшни

Икки қўшни ўзаро,

Келишолмай қолишди.

Сўнгра жанжал бошлашиб,

Роса қий-чув солишди.

Бири дейди: - Айбдор,

Аввал ўзи бошлади.

Дарвозамнинг олдига,

Писта пўчоқ ташлади.

Униси дер: - Жўжаси,

Гулларимни чўқибди.

Тағин ўғли қизимнинг

Шеър дафтарин ўқибди.

Пашшадан фил ясайвериб,

Толиқишди, тошишди.

Тайинли гап топилгунча,

Ярашиб ҳам олишди.

 Ойшахон УБАЙДУЛЛАЕВА,

 Андижон туманидаги

10-умумтаълим мактабининг 5-синф ўқувчиси.

 

ВАҚТ

Оқар сувдай оқиб кетасан,

Ортга боқмай қочиб кетасан.

Ёшлигимни олиб кетасан,

Бунча шошиб ўтасан, эй вақт!

 

Умримиз ҳар онисан ўзинг,

Ҳаёт қонунидир ҳар сўзинг.

Қўрққан нарсанг бормиди сенинг,

Қайга қочиб кетасан, эй вақт!

 

Шошмай тургин сендан илтимос,

Ишларимдан бўлайин халос.

Эзгу ишга улгурай бир оз,

Нега шошиб кетасан, эй вақт!

 

Шаҳноза ИНОМЖОНОВА,

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг

 

Андижон академик лицейи ўқувчиси.