+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

МУЛККА ЭГАЛИК ҚИЛИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

(40-сон) Ҳуқуқшунос минбари

Демократик тамойиллар асосида ривожланиб бораётган мамлакатимизда инсоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳақ-ҳуқуқлари юксак қадрият ҳисобланади. Шахснинг барча турдаги ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланиши қонун ҳужжатларида қатъий белгилаб қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Бош Қомусининг 36- моддасида "Ҳар бир шахс мулкдор бўлишга ҳақли" деб белгиланган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг "Мулк ҳуқуқи тушунчаси" деб номланган 164- моддасида: "Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир" дейишади.

Таъкидлаш керакки, Ўзбекистон фуқароларининг мулк-ка эгалик қилиш ҳуқуқи қонун ҳужжатлари доирасида кафолатланган.

Фуқаролар ўз мулкларини эркин тасарруф этадилар. Бошқача қилиб айтганда, шахс ўз мулкини ўзи истаган тарзда ишлатади, ундан ўзи хоҳлагандай фойдаланади. Жамият ва фуқаролардан шахснинг мулкка эгалик ҳуқуқини ҳурмат қилиш, уни тасарруф этиш ва эркин фойдаланишга тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини адо этиш талаб этилади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 182- моддасида меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик  фаолияти, шу жумладан, мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар асосида мулк ҳуқуқи вужудга келиши белгилаб қўйилган.

Ходимларимиз томонидан фуқаролар билан ўтказилаётган мулоқотлар ҳамда қатор тадбирлар доирасида мулк ва мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи, эгаликнинг ҳуқуқий асослари ҳақида аҳолига тушунчалар берилмоқда. Бу албатта, уларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини, айниқса, мулк ҳақида билим ва тушунчаларини бойитишга ёрдам бермоқда.

Шаҳодат ҚОДИРОВА,

Андижон шаҳридаги 12- сон давлат нотариал идораси нотариуси.

Беминнат, мўътабар фидойи устоз

(40-сон)

Илк бор қўлларга тутқазган қалам,

Дунёда биз учун азиз, муҳтарам.

У туфайли сирин очди-ку олам,

Беминнат, мўътабар фидойи устоз.

 

Бизларга беради ҳар ишда сабоқ,

Бир савол туғилар баъзида, бироқ:

"Берган билимларин оқлаймиз қандоқ?"

Беминнат, мўътабар фидойи устоз.

 

Пайт келар, бўламиз комил бир инсон,

Олинган билимлар асқотар ҳар он,

Ҳар дам кўз олдимизда бўлар намоён,

Беминнат, мўътабар фидойи устоз.

 

У борки, юксалар бизнинг тафаккур,

Берган барча сабоқ учун ташаккур,

Деймиз: Борингизга минг бора шукр,

Беминнат, мўътабар фидойи устоз,

Ҳамиша ул зотни этайлик эъзоз.

 

Нодирабегим СОБИРОВА, "Уммон" адабий тўгараги аъзоси.

ПАХТА ЙИFИМ-ТЕРИМИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК!

(40-сон)

Жорий йилда вилоятимизда 89 минг 200 гектар майдонда чигит экилди. Деҳқонларимизнинг йил давомида қилган машаққатли меҳнатлари эвазига мўл пахта ҳосили етиштирилди. Айни кунларда етиштирилган "оқ олтин"ни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирди.

Кузнинг қуёшли кунларидан унумли фойдаланиб, қисқа муддатларда пахта топшириш режасини бажариш,  вилоятимизнинг 254 минг 600 тонналик "Оқ олтин" хирмонини бунёд этиш  жуда муҳим масала ҳисобланади. Ана шуни англаб, дилдан ҳис қилган кўплаб юртдошларимиз йиғим-терим ишларида фаол иштирок этмоқдалар.

Вилоятимизда ташкил этилган  йиғим отрядлари, шунингдек, уюшмаган аҳоли вакиллари - опа-сингилларимиз, уй бекалари, "Фидойи ёшлар отряд"лари сафига уюшган шижоатли ёшларимиз теримда жонбозлик кўрсатаётганлиги ҳар қанча таҳсинга муносибдир. 

Йиғим-теримнинг дастлабки кунлариданоқ вилоятимиздаги хотин-қизлар етакчилик қилаётган қатор фермер хўжаликлари пахта топшириш йиллик режасини  бажаришга эришдилар. 

Барча опа-сингилларимизни, ёшларни илғорлардан намуна олиб, пахта йиғим-теримида фаол иштирок этишга чақирамиз.

Мана шундай долзарб паллада миллий бойлигимиз - пахтани нест-нобуд қилмай, тезроқ йиғиб-териб олишга ўз ҳиссамизни қўшайлик.

 

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси

"ОИЛАВИЙ ҲАЁТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ"

 (40-сон)

Асака педагогика ва дизайн касб-ҳунар коллежида "Оилавий ҳаётнинг ҳуқуқий асослари" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролик жамиятининг   бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган "Ҳуқуқий тарғибот - жамият тараққиётининг муҳим омили" лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда лойиҳа раҳбари, "Қишлоқ оқшоми" газетаси муҳаррири Ҳабиб Сиддиқов сўз олиб, лойиҳанинг асосий мақсади юртимиз фуқаролари, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий билим ва маданиятини юксалтириш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик ҳиссини ошириш, Ватанимиздаги тинчлик, осо-йишталикни асраб-авайлаш, қадрига етиш, қонунларимизга ҳурмат ва соғлом муносабатни шакллантириш борасидаги   тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга қаратилганлигини айтиб ўтди. 

Асака туманидаги 2-сонли ФҲДЁ бўлими мудираси Севара Эрматова Ўзбекистон Республикаси "Оила" кодексида белгиланган оила билан боғлиқ муҳим тартиблар ҳақида шунингдек, оилавий муносабатлар, ёшларни оилавий ҳаётига тайёрлаш, турмуш қуришда нималарга кўпроқ эътибор қаратиш зарурлиги борасидаги,

 "Аҳмадали маҳдум" жомеъ масжиди имоми Сайдулло Исмоиловнинг "Ислом дини: оила ва никоҳ муносабатлари" мавзусидаги маърузаси иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Коллеж ўқувчиси Кимёхон Фозилова тенгдошларини аъло ўқишга, маънавиятли бўлишга ҳамда ҳуқуқий билимларни янада ошириш учун ҳаракат қилишга чақирди, тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди.

Очиқ ошкора, мулоқот тарзида ўтган давра суҳбати ёшларнинг мавзу доирасидаги билим ва тушунчаларини бойитишга хизмат қилди.

 

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

ФАРМОН ТАРFИБОТИГА БАFИШЛАНГАН ДАВРА СУҲБАТИ

(40-сон)

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида    "Валюта сиёсатини либераллаштириш - эркин иқтисодиётни таъминлашнинг муҳим омили" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши Аёлларнинг  сиёсий фаоллиги, жамиятдаги ўрни ва мавқеини ошириш бўлими ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 сентябрдаги "Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи галдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони аҳамияти ва мазмун-моҳиятини аҳоли ва тадбиркорлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида ўтказилган тадбирда халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгашлари депутатлари, партия фаоллари, банк, солиқ, божхона тизими мутахассислари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда юқоридаги фармоннинг мазмун-моҳияти, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаёти, иқтисодиёти ривожидаги аҳамияти, ундан келиб чиқадиган вазифалар хусусида атрофлича фикр алмашилди.

- Ушбу фармон мамлакатимизда валюта муомаласи соҳасини тартибга солишда муҳим аҳамият касб этади, - дейди Ўзбекистон либерал-демократик партияси вилоят кенгаши раисининг ўринбосари Хуршида Халилова. - Аҳоли, хўжалик юритувчи субъектларга валютани эркин харид қилиш ва ишлатиш учун имкон яратади. Қолаверса, юртимизга хорижий инвестицияни жалб этиш, маҳсулот ва хизматлар экспорти хажмини ошириш, умуман, иқтисодиётимиз ривожига тўсқинлик қилаётган қатор муаммоларни бартараф этади. 

Давра суҳбатида мутасадди ва мутахассислар томонидан фармоннинг мазмун-моҳияти, унда белгиланган вазифалар ижроси доирасида вилоятда олиб борилаётган ишлар, хусусан, банкларнинг валюта айрибошлаш шохобчалари фаолияти, тадбиркорлар ҳамда аҳолига кўрсатилаётган хизматлар, яратилган қулайликлар ва имтиёзлар хусусида кенг маълумотлар берилди.

Анжуманда мавзу доирасида қатор маърузалар тингланди. Иштирокчилар томонидан маърузалар, шунингдек, фармон тарғиботини кучайтириш, ижросини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. 

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

/p>

Нажмиддин Икромий.

БИР ОFИЗ СЎЗ ФОЖЕАСИ

Бир келинчакнинг кўзи ёриди. Паҳлавондек ўғил туғилди. Қайнона, қайнотасининг хурсандлигини кўрсангиз эди! Улар ҳамиша     бахтли ҳаёт кечириши, ота-онасига йўлдош бўлишини тилаб, набирага Бахтиёр, дея исм қўйишди.

Фарзанд кўрган ёш отанинг боши осмонга етди. У ҳар куни келиб, она-боладан хабар олар, қувончини турмуш ўртоғи билан баҳам кўрарди.

Чақалоқни туғруқхонадан олиб чиқиш катта тантанага айланиб кетди. Шу куни хонадон ҳар икки қудалар, амак-ю тоғалар, аммаю холалар билан тўлди. Ёш она фарзандининг таваллуди барчага қувонч улашаётганидан мамнун эди.

Орадан кунлар ўтди. Келинчак ўзига келгач, яна уй юмушларига киришди. У бахтидан масрур бўлиб жуда-жуда очилиб кетди. Шунинг учунми, энг яқин дугонаси кичкинтойни кўргани келганида, очиқ чеҳра билан кутиб олди. Улар тўкин дастурхон атрофида анча гаплашиб ўтиришди.

Дугонасининг гап орасида умр йўлдоши унга нима совға қилганини сўраганида, келинчак аввалига ҳайрон бўлди. Кейин аста жавоб берди:

- Ҳеч нарса совға қилмадилар... Ахир, ҳамма нарсам бор-ку. Шу фарзандим мен учун энг катта сийлов, дугонажон...

- Наҳотки?! - Ҳайратланди меҳмон. - Сенинг қадринг шуми? Ҳеч йўқса, биттагина тилла зирак бўлса ҳам тақиб қўймадими? Менинг эрим қизимни туққанимда, билакузук олиб берганди...

Дугона кетди. Лекин, у  айтган сўзлар келинчакнинг фикри-ўйини қамраб олди. "Рост-да, қадрим йўқми менинг? Нега эрим менга нимадир совға қилмади? Қўли тош остидамиди?" Юрса-турса ҳам, боласини ҳар кўрганда ҳам шу ҳақда ўйлайдиган бўлиб қолди. Эр-хотиннинг ўша кунги суҳбати дилхиралик билан якунланди.

- Жоним, мен эндигина институтни битириб, ишга кирдим, - дея ётиғи билан тушунтирди эр. - Кейинроқ ҳаммаси бўлади. Ке, арзимаган нарсага жанжаллашмайлик...

Келинчак эса уни тушунишни истамади. Совға можароси кейин ҳам давом этди. Шунчаки тортишув, қадрини пеш қилишлар авжга чиқавергач, кунларнинг бирида йигитнинг тилидан ҳатто Аршни ҳам титратгувчи сўз  чиқди.

Оила бузилди. Ҳали бахт нималигини билмай туриб, жажжи Бахтиёрнинг зиммасига отасизлик, етимлик доғи тушди. Келинчак ёшлик қилиб, катта хатога йўл қўйганини кеч англади. Аммо, ғишт қолипдан кўчган эди!

Муаммо нимадан бошланган эди ўзи? Ҳа, дугонасининг ташрифидан... Бир оғиз сўз фожеаси ёш келин-куёвнинг гулдек турмушини бузиб юборди. "Бировнинг хонадонига кўрдек кириб, соқов каби чиқинг", деб шунга айтсалар керак-да!

 

Нажмиддин Икромий.

БЕГОНА АЁЛ ҲИММАТИ

(39-сон) Ҳаётий қатралар

Сабохон тўнғич қизини чиқарди. Ёлғиз қўл эса-да, кам қилмади. Бироқ, девор жавоннинг яхшисига кучи етмади. Маҳаллий ҳунармандларникини олиб берди. Бу қудага ёқмабди. Қизининг юзига солибди.

Тўй ташвишлари, кейинги борди-келдилардан ҳориган Сабохон буни кўтаролмай, диққатчиликдан қон босими ошиб, ётиб қолди.

- Наҳот, қудам тушунмаса?.. Тўйгача "борингизга барака, озни кўп ўрнида кўрамиз", деган эди-я... Отаси бўлгандаям бир навийди...

Эртасига иккинчи қизи кўмагида поликлиникага борди. Одам кўплигидан узоқ навбат кутиб қолди. Бир пайт ёнида ўтирган аёл ҳол сўраб, сўз қотди.

- Айланай, рангингизда ранг қолмабди, нима бўлди?

- Давлениям қурғур ошиб кетибди, опа...

- Сиқилгандирсиз-да, айланай. Энди, одам деган сал нарсага диққат бўлавермаслиги керак-да. Бу дунёнинг ташвишлари тугамайди...

Аёл унга тасалли бериш умидида гапираётганини тушунса-да, Сабохоннинг энсаси қотди. "Кийи-ниши жойида. Демак, ўзининг бошига тушган ташвишлар унинг учун бегона. Бундайлар  насиҳатгўйликни қотиришади-да..."

- Ҳа, энди, ташвишлариям бор бўлсин, опа. Ҳозир қиз чиқарганнинг ғами нима бўларди...

Хуллас, гап гапга уланди. Савол кетидан савол ёғилди. Бир соат қандай ўтгани ҳам билинмади.

Сабохон докторга кўриниб чиқса, ҳалиги аёл кетмаган экан. Хайр-хўшлашиб кетмоқчи эди, у шундай деди:

- Эртага яна келасиз-а? Унда мен сизни шу ерда кутаман...

Нега кутади, нима иши бор? Сабохон буни ўйлайдиган аҳволда эмасди.

Эртасига текширув таҳлилларини топшириб бўлгач, маҳалла шифокори хонаси томон бораркан, йўлакда кечаги аёлни учратди.

- Яхшимисиз, - сўрашди аёл эски қадрдонлардек. - Анча яхшисиз, айланай. Бугун одам оз экан, дарров кириб чиқинг, кейин...

Доктор ҳузуридан чиққач эса, аёл унинг қўлидан тутди.

- Ҳозир икковимиз бир жойга бориб келамиз, - деди у.

- Нега?..

- Негалигини кейин биласиз...

Ҳар нарсадан шубҳаланиб юрувчи Сабохон бу сафар индамай, унга эргашди. Поликлиника дарвозаси олдидаги енгил машинага ўтиришиб, бир оз юришгач, аёл унга юзланди.

- Қизингизни қайси маҳаллага бергансиз?

Бу саволнинг берилиши унга ғалати туюлса-да, қизи тушган маҳалла ва кўча номини айтди. Ҳайдовчи (аёлнинг ўғли бўлса керак) унинг жавобидан сўнг қўл телефонда кимгадир қўнғироқ қилиб, нимадир, деди.

Машина қудаси дарвозаси олдида тўхтади. Ҳайрону лол ўтирган Сабохонни аёл тушишга таклиф этди.

- Энди гап бундай, айланай, - деди аёл. - Ҳозир қудангизникига кирамиз. Мен қизингизнинг аммаси, ўғлим эса тоғаси бўлади. Тушундингизми?

Йўқ, Сабохон тушунмади. Бу аёлнинг амма каби катта саватда сарпо ва ўғлининг тоға ўрнида хорижий девор жавон (у юкланган машинани кейин кўрди) олиб келаётганини дабдурустдан тушунолмади.

Қуда чақирилмаган меҳмонларни қошларини чимирганча кутиб олди. Кейин эса муддаони  англаб ва усталар девор жавонни машинадан тушира бошлаганини кўриб, очилиб кетди. Сабохондан ноўрин гаплари учун узр ҳам сўради.

Қайтишда эса Сабохон аёлдан нима учун бундай қилганини сўради. Аёл эса Сабохоннинг ўнг қўлини кафтлари орасига олганча, мулойим оҳангда деди:

 

- Аллоҳ учун, айланай, Аллоҳ розилиги учун!..

ЕТИМГА ЯХШИЛИК ҚИЛИШ УЛКАН САВОБДИР

(39-сон)

Ислом динида жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолат, тенглик, меҳрибонлик, раҳм-шафқат ғояларини жорий этиш буюрилади. Динимиз жамиятнинг меҳрга муҳтож қатламларидан бўлган етимлар ҳақида ҳамиша қайғу-ришга, уларга ғамхўрлик ва меҳрибонлик кўрсатишга чақиради.

"Етим" деб шариатда балоғат ёшига етмай отаси вафот этган сағир ва сағираларга айтилади. Ҳадиси шарифда "Балоғат ёшидан сўнг етимлик йўқ" дейилган. Қуръони карим оятлари, Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) ривоят қилган ҳадиси шарифларда етимларга қарашли молларни тасарруф қилишда исроф ёки хиёнатга йўл қўймаслик алоҳида таъкидланади.

Абу Умомадан ривоят қилинади: "Расулуллоҳ (с.а.в): "Ким Аллоҳ азза ва жалла учун бир етимнинг бошини силаса, қўли нечта сочининг устидан ўтса, унинг ҳаққига шунча ҳасанот ёзилади. Ким ўз ҳузуридаги етим қизга ёки болага яхшилик қилса, мен ўша одам билан жаннатда мана бундай бўламан" деб икки бармоқларини яқинлаштирдилар.

Етимга яхшилик қилиш, унинг бошини силаш, унга хайру-эҳсонлар ҳадя этишлик  нақадар улуғ  мақом, қанчалик буюк мартаба эканлигини юқоридаги ҳадисдан билиб олишимиз мумкин. Албатта, инсон бошидаги сочларнинг саноғига етиш қийин. Бироқ етим болага ҳеч қандай ёрдам беролмаса-да, унинг бошини силаб қўйишнинг ўзи беҳисоб савобга муносиб амал экан. Етимнинг бошини силаш билан бирга, уни тарбиялаган, едириб-ичирган, кийинтирган, бошпана берган, илму маърифат ўргатган кишига ёзиладиган ҳасанотларнинг миқдори эса беҳисобдир.

Етимни таомга чақириш ва унга ўз таомидан едириш ҳам катта савоб амаллардан саналади. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.) қачон таом еса, ёлғиз емас, олдига бир етимни таклиф қилиб, у билан бирга таомланар эди. Ҳар таомда дастурхонга, албатта бева-бечоралар, фақир-мискинларни ҳам таклиф қиларди. Бир куни таом келтирилгач, одатича етим болани чақиришни сўради. Қараса, етим бола йўқ экан. Бироз кутиб туриб, сўнг таомни ўзи еди. Таклиф қилинган етим бола эса    овқат тугаганда келиб қолди. Шунда ибн Умар (р.а.) унга ҳам овқат келтиришни буюрди. Бироқ овқат қолмаган экан. Шунда Абдуллоҳ ибн Умар болага асал билан толқон олиб келишларини буюрди. Сўнг болага: "Ма, буни ол. Аллоҳга қасамки, кам бўлмадинг", деб чиройли муомала қилди. Ибн Умар (р.а.) овқатга кечикиб келган етим болани таомсиз қолдирмасликка ҳаракат қилди. Унинг кўнглини олишга уринди.

Тарихдан маълумки, иккинчи жаҳон уруши йилларида халқимиз оиласидан, ватанидан  айрилган кўплаб етим болаларни ўз қарамоғига олган. Қийинчиликларга қарамай, уларни камситмасдан, ўкситмасдан ўз фарзандлари қаторида едириб-ичирган, тарбия-лаган. Халқимизнинг етимпарварлиги, болажонлиги тарихга муҳрланган. Яратганнинг беҳисоб ажру савобларига етказадиган миллатимизнинг ана шу ўзига хос қадриятини қалбларимизга жо қилайлик.

Ҳаётимиз давомида атрофимиздаги етим-есирларга меҳрибонлик, раҳм-шафқат кўрсатайлик, айниқса, меҳрибонлик уйларидаги кўнгли ўксик норасидалар холидан хабар олайлик, уларга қўлимиздан келганча ёрдам ва   шафқат кўрсатайлик. Аллоҳ барчаларимизни ана шундай улуғ савоб амалларни адо этиб, икки дунё саодатига мушарраф бўлишлигимизни насиб этсин.

Абдурашид ҚОДИРОВ,

Избоскан туманидаги "Умар ибн Ҳаттоб" жомеъ масжиди имоми.

Жасур СУЛТОНОВ,

 

имом ноиби.

ОРИЯТ, FУРУР ВА АНДИШАНИ УНУТМАЙЛИК!

(39-сон) мулоҳаза

Кейинги йилларда мамлакатимизда Президентимиз ташаббуси билан юртимиз тараққиётини юксалтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини яхшилашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Уларнинг ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар самараси ўлароқ, ҳаётимиз тобора яхшиланиб бормоқда, одамларни қийнаб келаётган кўплаб муаммолар бартараф этилмоқда.

Минг афсуски, жамиятимизда урчиб бораётган турли иллатлар ана шундай чиройли ҳаётимизга соя солаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Хусусан, халқимизнинг гўзал удумларидан бири - тўйлар билан боғлиқ кераксиз урф ва маросимларнинг пайдо бўлганлиги тўй қилаётган аҳолининг аксарият қисмини қийин аҳволга солиб қўймоқда.

Бу ҳақда гап кетганда, "ҳар ким ўзи топган даромадни ўзи истагандек сарф қилади-да" дейдиганлар ва уларни маъқуллайдиганлар дарров топилади. Бироқ ҳаётнинг шундай мезонлари борки, унга ҳар бир киши, бой бўладими, камбағалми, албатта риоя этиши лозим.

Ўзимиз, айниқса, аёлларимиз ўйлаб топаётган "янги-янги ихтиролар", очкўзлигимиз, манманлигимиз, шуҳратпарастлигимиз, нафсимизнинг қулига айланиб қолаётганлигимиз ортидан келаётган иллатлар на миллий, на диний қадриятларимизга мос келади. Ўйлаб топилаётган ана шундай кераксиз удум ва бидъатлар одамларни мушкул аҳволга солиш билан бирга уларнинг бошига ташвиш ва мусибатлар келтирмоқда.

Кўплаб ота-оналар "Ҳамма қилаётган урфни биз ҳам қиламиз, одамлар гапирмасин, фарзандим тенгдошлари олдида ўксимасин, бир кунлик тўй ўтади кетади" деган хато фикр билан иш тутиб, ўзларини ўзлари қийин аҳволга солиб қўймоқда.  Бу эса фарзандлар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда. Фарзандларимиз онгида тўйимизни ота-онамиз биз истагандай қилиб ўтказиб бериши керак, деган тушунча шаклланмоқда. Халқнинг кўзи учун ўтказилаётган бундай маросимлардан ҳеч қандай манфаат йўқ, фақат қарз-ҳавола бўлиб қолаётганлигимиз, дабдабабозликлар ортидан келаётган муаммолар умримизни, асабларимизни емираётгани аниқ. 

Тўй масаласида эркаклар, оталар бир сўзли бўлиши лозим. Кераксиз олди-берди, урфларнинг олдини олиш кўпроқ уларга боғлиқ. Хали кўп нарсаларни англаб етмайдиган ёш фарзандларимизни кўнглига қараш, аёлларимизнинг бемани хою-ҳавасларини ўйламай маъқуллашимиз яхши оқибатларга олиб келмайди. 

Ота-она бир қизига чиройли одоб бериб, соғлом, ҳунарли ва ўқимишли қилиб балоғатга етказиб, уни турмушга берса, янги хонадонда қиз куёвнинг, қайнона-қайнотанинг хизматидан ошиниб, оиладаги барча юмушларни адо этсаю, ўша хонадоннинг соҳибалари келинчакнинг ота-онасига турли солиқлар солиши, қилган бу нарсанг паст, модадан қолган  дейишлари юзсизлик, худбинликдан бошқа нарса эмас. 

Никоҳ ўқилаётган пайтда куёв келинни боқиш, кийинтириш, бетоб бўлса даволатиш, бошпана билан таъминлаш ва бошқа кўплаб мажбуриятларни зиммасига олади, ваъда беради. Куёв тўйдан олдин берган ваъдасини, виждон ва ғурурини унутиб "зўр урф одатларимиз бор-да" деб хотин тарафдан келадиган тансиқ таомлар, маъзарларни кутиб ўтириши уят ва шармандаликдир. Бу муқаддас ваъдани бузиш лафзсизлик саналади. Ушбу ҳолат динимиз кўрсатмаларига, қолаверса, инсонийликка ҳам хилофдир.

Танангизга ўйлаб кўринг, шу ҳолат эркакман, деб бош кўтариб юрган ғурурли йигитга мосми? Албатта йўқ. Ансинча шармандалик, очкўзлик, пасткашликдир. Бу борада биз ота-боболаримиз асрлар давомида сақлаб келган орият, ғурур ва андишани унутмаслигимиз лозим.

Азиз юртдошлар! Барчамиз ҳамжиҳат бўлиб, юқоридаги каби иллатларни йўқ қилишга уринмасак, эртага янада кўпроқ муаммолар бизни ташвишга солиши турган гап. Шундай экан, тўй қилишдан аввал кексаларимизнинг маслаҳатини олайлик, тўйларимизни ихчам, чиройли, ўзимизни ҳам, қудаларни ҳам қийнамайдиган тарзда ўтказайлик. Фарзандларимизга чиройли тўй қилишдан аввал уларга чиройли тарбия берайлик, оила ҳаётига тайёрлайлик, нима фойда, нима зарар эканлигини англаб етишларига кўмаклашайлик. Тўй-маросимларни тартибга солишни айнан ана шулардан, оиламиздан, аёлимизни тарбиялашдан бошласак, ишонаманки, албатта ўзимиз истаган натижага эриша оламиз. 

 

Илҳомжон РАҲМАТОВ, ҳуқуқшунос.

 

Асака тумани.

АЁЛЛАРНИНГ ЎРНИ "ГАП-ГАШТАК"ЛАРДА ЭМАС!

(39-сон) Бугуннинг гапи

Илгари "гап-гаштак" деган нарса фақат эркаклар орасида бўларди. Ҳозир ишлайдиган аёлдан тортиб, уйда ўтирадиганларигача "гап"га боради. Ҳар бир соҳа аёлларининг ўз давраси, ўз гапи бор. қайси кафе, ошхонага кирманг, "гап"чи аёллар билан тўла эканлигига гувоҳ бўласиз.

Синфдошлар "гап"и,    курсдошлар, бозорчилар, қўни-қўшнилар, қариндош-уруғлар, ҳатто эр дўстларининг  хотинлари ўзаро "гап" ташкил қилиб олган аёллар ҳам бор. Билмадим, бу балки яхшидир, лекин шахсан мен ана шундай гапларнинг яхши томонидан кўра, салбий жиҳатларини кўпроқ кўряпман.

Аёллар ойда бир марта бўладиган "гап"га алоҳида тайёргарлик кўради, уларнинг аксарияти гўзаллик салонига бормасдан ўтиришга бормайди, қолаверса,  у ерда маълум миқдорда пул йиғилади. Бериладиган маблағ оиладаги қайсидир харажатлар, фарзандларнинг еб-ичишидан қисқартириш ҳисобига бўлиши аниқ. Гапда мазза қилиб еб-ичиб, фақат ўз маишатини ўйлайдиган аёллар ҳам афсуски орамизда йўқ эмас. Буям майли-я, баъзи аёлларимизнинг гапларда "бўшалиб" кетишлари, ўзини тутиши, пардасиз гап-сўзлари кишини хайрон қилдиради. Бу каби ҳолатлар ўзбек аёли шаънига доғ туширади, холос.

Вилоятимиз марказида анжуман бўлди, унда  пойтахтдан, қўшни вилоятлардан ҳам меҳмонлар иштирок этди.. Улар билан тушлик қилгани чиқдик. Ёзнинг жазирамаси бўлгани боис, шаҳардаги шинам ошхоналардан бирига кирдик. Ошхонада тўда-тўда бўлиб ўтирган "гап"чи аёллар жуда кўп эди, уларнинг шарофати билан ошхонада бўш жой қолмаганди. Бироз навбат кутиб турдик, меҳмонларнинг олдида хижолат бўлдик. Аёлларнинг ғала-ғовуридан, шовқинидан бемалол гаплашиб, тинчгина овқатланиб ҳам бўлмасди.

Ана шундай ўтиришларни кузатиб ўйланиб қоламан! Бу каби беўхшов маишатлар опа-сингилларимизга керакми ўзи, деган савол мени қийнайди. Яқин дугоналар дийдорлашиб, чиройли суҳбатлар қуриб ўтирсалар бошқа гап эди. Аксарият бундай ўтиришларни кузатсангиз, ўтиришдан муддао гўё еб-ичиш, кимларнингдир устидан иғво қилиш, фисқу-фасоддан иборатдай.

Аёл менинг назаримда хонадоннинг фариштаси. У кўча-кўйда, турли кафе ва ресторанларда маишат қилиб, ўзини кўз-кўз қилиб юриши керак эмас. Опа-сингилларимиз ўзимиз англамаган ҳолда ҳаётимизга иллат бўлиб кирган бу каби ҳолатларга чек қўйишлари керак. Бу маънавиятимизга, фарзандларимиз тарбиясига, ўзбек аёлининг шаъни, қадр-қиммати, ўзлигига путур етказади.

Аёл - нозик ҳилқат, маъсума, у улуғ тарбиячи. Ҳар бир аёл - у ишлайдими, уй бекаси бўладими,  энг аввало, болаларига парвона бўлиб, оиласининг мустаҳкамлигини таъминлаши, хонадонини обод қилиб ўтириши керак. Балки фикр-ларим нотўғридир, аммо нима бўлганда ҳам аёлнинг ўрни уйда, оилада, асло "гап-гаштак"ларда эмас.

Бу масала хусусида опа-сингилларимизнинг ўзлари, муҳтарам газетхонларимиз ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашсалар яхши бўларди.

ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

 

Жалақудуқ тумани.