+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

05 Окт 2017

МЕҲНАТДАН БАХТ ТОПГАН АЁЛ

(41-сон)

орамиздаги аёллар

Каримахон Деҳқонова асли зуваласи меҳнатда пишган аёллардан. У ёшлигидан онаси ва бувисидан ипак қурти боқишнинг нозик ва ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганган. Улардаги меҳнатсеварлик, тиришқоқлик, омилкорлик каби қатор хислатларни ҳам ўзлаштириб олган.

Ўрта мактабни тамомлаган Каримахон пиллачилик соҳасининг мутахассиси бўлишга астойдил бел боғлади. Тошкент қишлоқ хўжалиги  институтининг пиллачилик факультетида таҳсил олди. Ўқишни тамомлаб, қадрдон қишлоғи     Ўртақўрғонга қайтди. Ёш мутахассис пилла бригадаси бошлиғи бўлиб меҳнат фаолиятини  бошлади. У қаерда, қандай лавозимда ишламасин, ҳалол ва самарали меҳнат қилиш билан бирга, ўз ишига талабчан бўлди, меҳнат қилаётган жамоа аъзоларини ҳам ҳамиша ишга масъулият билан ёндошишга, унумли меҳнат қилишга ундади.

Пиллачилик инсондан катта сабр-бардошни талаб қиладиган соҳа. Мазкур соҳада 32 йилдан буён меҳнат қилиб келаётган Карима опадаги ғайрат-шижоат, омилкорлик, ишни пухта бажариш ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Айни кунда "Мирзо Улуғбек" массивида пилла агрономи вазифасида меҳнат қилаётган моҳир пиллакор пиллачиликда илғор тажриба мактабини ярата олди, тумандаги кўплаб пиллакорларга устозлик қилиб, туманда юқори сифатли саноат хом ашёси етиштириш ишига салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Унинг ташаббуси билан туманда ипак қурти боқишнинг "яшик усули" жорий этилди. Бу усул юқори самаралар берди. Натижада, ҳар бир дона ипак қурти ҳосилининг ўртача оғирлиги 2,6    граммдан 3-3,5 граммгача ошди. Бу эса ҳар бир қути ҳисобига 58-60 кг.дан ортиқ ҳосил олиш, шу билан бирга, ҳар бир қути ҳисобига 200 кг. озуқани тежаш имконини берди.

Тажрибали мутахассис К. Деҳқонованинг ташаббуси билан тутчилик хўжалигидаги эскирган ва унумсиз тутзорларни янгилаш, бўш ерларда тутзорлар ташкил қилиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Сўнгги уч йил давомида массивда 2200 туп тут дарахтлари ёшартирилиб, 1500 тупдан ортиқ янги тут кўчатлари экилган.

Каримахон опанинг саъйи-ҳаракати, соҳага илғор иш усулларини жорий этиш ҳисобига хотин-қизлар учун кўплаб янги иш ўринлари яратилди.  Яъни у 30 нафардан ортиқ ишсиз, уйда ўтирган аёллар, уй бекаларини пилла етиштиришга жалб этди.

- Бугун юртимизда пиллакорлар меҳнатига алоҳида эътибор қаратилмоқда, - дейди Каримахон опа. - Айниқса, Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг жорий       йил 29 мартдаги «Ўзбекипаксаноат» уюшмаси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида" ги қарорида соҳани ривожлантириш, пиллакорлар меҳнатини қадрлаш, етиштирилган пилла учун ҳақ тўлаш  борасида жуда катта имтиёзлар белгиланган. Жумладан, бир ой ипак қурти парваришлаган аёлга бир йиллик меҳнат стажи ёзилиши мазкур соҳада иш олиб бораётган инсонлар машаққатли меҳнатларининг чин маънодаги эътирофидир. Бу каби ислоҳотлар пиллакорларнинг янада катта марраларни эгаллашларига куч бағишлайди.

Карима опа ўзи истиқомат қилаётган Ўртақўрғон маҳалласида   яшаётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар, имконияти чекланган кишиларга имкон қадар ёрдам кўрсатади.

Каримахон опани давримизнинг фаол, шижоатли аёлларидан десак, асло муболаға бўлмайди. У маҳалла ишида ҳам ҳамиша жонбозлик кўрсатади. Унинг ташаббуси билан маҳаллада 2000 тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт, 7000 туп гул кўчатлари экилди. Бундан ташқари, у ўзининг томорқасида иссиқхона ташкил этиб, ундан йилига икки маротаба ҳосил олишни йўлга қўйган.

Қаҳрамонимиз нафақат фаол, фидойи аёл, балки ибратли оиланинг     бахтли бекаси ҳамдир, у турмуш ўртоғи билан 4 нафар фарзандини юртга муносиб инсонлар қилиб тарбияламоқда.

Ҳа, "Меҳнат инсонни улуғлайди" деган нақл бежизга айтилмаган. Президентимиз Фармонига кўра, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтириш, ислоҳотларни амалга ошириш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллиги  учун тақдирланган кўплаб юртдошларимиз қаторида уста пиллакор ҳам бор. Унга "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган пиллачи" унвони берилди.

- Менинг камтарона меҳнатимга берилган юксак эътибордан кўнглим тоғдек кўтарилди, - дейди К. Деҳқонова. - Бу унвон нафақат менга, балки бутун вилоятимиз пиллакорларининг меҳнатига берилган муносиб баҳодир. Бундай эътиборга муносиб бўлиш, Юртбошимиз ишончини оқлаш, "кумуш тола" етиштиришда янада самарали меҳнат қилишга астойдил ҳаракат қиламан.

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА