+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"ЯХШИ МУОМАЛА - ЯРИМ ИБОДАТ"

(45-сон)

Қадим замонда бадфеъллиги билан донг таратган бир одам оппоқ либосларга бурканиб, бир донишманднинг олдига борибди: "Мен шу ўтиришимда кимга ўхшайман?" "Авлиёларга ўхшайсиз" дебди донишманд, унинг жавобидан мамнун бўлган одам эски одатини қилиб: "Сен эса гўнг тўлдирилган қопга ўхшайсан",- дебди.

Унинг бу гапини эшитган донишманд кулиб қўйибди. Донишманднинг ғазабланишини кутган одам ҳайрон бўлиб: "Нега куласан?" - деб сўрабди. Донишманд унга жавобан дебди: "Ичи яхшилик хислатига тўлган одам бошқаларни авлиё деб билади, ичи мўри каби қурумга тўла одамга бошқалар гўнг тўлдирилган қопга ўхшаб кўринади".

Ҳар бир яхшилик, керакли фойдали сўзни айтиш ҳам садақа ҳисобланади.

Бу ҳақда пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в) дебдурлар: "Ҳар-бир маъруф садақадур". Аллоҳ Таолонинг бандаларига буюрган энг яхши амалларидан бири ўзгаларга озор берувчи сўзлардан қочмоқ ва яхши муомаладир. Муомала одобини билмаслик қанчадан-қанча одамларнинг дили оғришига сабаб бўлиши мумкин. Бу энг ёмон одатдир. Яхши муомала ҳам ярим ибодат саналади.

Донолар дебдурлар: "Бировга озор етказиш уруғини сепган киши зарардан ўзга ҳосил олмайди.  Бошқаларга манфаат етказган, ниҳолини кўкартирган киши тинчлик, шодлик мевасини ейди. Тоғ ёнида қичқириб нимани айтсангиз, акс-садо билан ўша айтганингизни эшитасиз. "Нимани эксанг, - шуни ўрасан", деган ҳикмат ҳам бежиз айтилмаган".

Луқмони Ҳаким ўғлига насиҳат қилиб дедилар: "Ўғлим, нодон ва жоҳил бир киши сен билан бирор масала устида баҳслашиб қолса, сен унга мулойимлик билан жавоб бер. Агар у сенинг жавобингдан қаноатланмай жаҳли чиқа бошласа, сўзингни яна қайтариб айтма, у билан олишиб ўтирмай, сукут қилки, аҳмоққа сукут жавобдир".

Ривоят борки, бир киши донишманднинг олдига келиб арз қилди: "Фалончи кўпчилик ўртасида менинг камчилигимни айтиб, изза қилди. Энди ўша аблаҳдан қандай қилиб қасдимни олсам бўлади?"

Донишманд унга деди: "Агар у кўпчилик ўртасида сенинг айбингни айтган бўлса, демак, ўзининг ҳам айбини очибди. Энди сен ўша одамлар ичида, унинг яхши сифатларини айтиб мақтагин".

- Нима учун, ахир у мени ёмонлаган бўлса, мен уни мақтайманми?

"Агар сен ҳам уни ёмонласанг, унда ўша аблаҳдан нима фарқинг қолади? Агар мақтасанг, балки қилган ишларидан уялиб, пушаймон бўлар", дебди донишманд.

Нақлдурки, бозорда икки сотувчи ўтириб, савдо қилишар эди. Уларни бири жиззаки бўлиб, бўлар-бўлмасга қўшнисини ҳақорат қилиб, унга озор берарди. Қўшниси эса уни фақат дуо қилар эди. Атрофдагилар бир куни ундан сўрашди: "Шеригинг сени ҳақорат қилса, сен уни дуо қиласан, бунинг сабаби нимада? Мен ҳамёнимда бор нарсаларнигина ишлата оламан", - деб жавоб берди у.

Мулойим, хушмуомала, ширин сўзли бўлиш энг яхши хислат, лекин ҳулқ-атвор ҳам гўзал бўлмоғи зарур. Улуғлик - ўзига оро бериб бежирим кийинишдангина иборат эмас, ақл, одоб, тарбиядандир.

Донолар дебдурлар: Тўрт нарса, тўрт нарсани келтиради. Сукут сақлаш - тинч яшашни, яхшилик қилиш-саодатни, саховат - улуғликни, ҳушмуомалалик - одамлар муҳаббатини.

Тўрт нарса тўрт нарса билан тугайди. Аблаҳлик - расволик билан, ғазаб-пушаймонлик билан, ялқовлик - хору зорлик билан, қўпол муомала - кўнгил қолиш билан.

Исломнинг ҳақиқий мезони ва ўлчови шуки, ўзингга нимани раво кўрсанг, бошқага ҳам шуни раво кўр. Ўзинг учун ҳоҳламаган нарсани, бошқага ҳам илинма. Инсонни ҳурмат қилган динини ҳам севади. Дини-диёнати бор одам ўзгаларга ёмон муомала қилмайди.

 

Лолахон ТОЖИМИРЗА ҳожи қизи.  

ФАРЗАНДИНГИЗГА ЭЪТИБОРЛИ БУЛИНГ!

(45-сон) Мулоҳаза

Эрталаб ота-она болаларини йўл-йўлакай боғча опасининг қўлига топшириб, ишга жўнайди. Болакай тезроқ куннинг кеч бўлишини, онаси эртароқ келиб уни боғчадан олишини интизор бўлиб кутади. Куни бўйи ишхонадаги юмушлардан толиққан она эса фарзандининг биттагина табассумини кўриши билан барча чарчоқларини унутади. Она-бола ўртасидаги меҳр риштаси йилдан йилга мустаҳкамланиб бораверади.

Бола мактаб ёшига етганидан кейин эса ота-онанинг ташвишлари ортади. Уларнинг олдида "Боламни кимга қолдирсам экан?", деган савол юзага чиқади. Аслида болажон халқмиз. Уларни қаровсиз қолдиришнинг оқибати хайрли бўлмаслигини яхши биламиз.  Бундан бир неча йиллар аввал ўқитувчи танишларимдан бири фарзандларини уйда олиб ўтиришнинг жуда яхши усулини топганини айтган эди:

­ Ҳар куни янги мультфильм дискларини олиб келаман. Болалар бирор шўхликни ўйлаб топишмадимикан, деган  хавотирдан ҳолиман. Ишларимни бемалол битириб келгунимча болаларим телевизор олдидан кетишмайди, ­ деганди у.

Кейинчалик ўша аёлнинг ўғилларидан бирида юрак хасталиги, бирида эса кўриш билан боғлиқ нуқсонлар юзага келганлиги маълум бўлди. Шифокорлар, ушбу  хасталикларни эртадан кечгача телевизор олдида ўтирадиган  болаларда тез-тез учрашини    айтишган.

Бугунги кунда эса ҳар бир болакайнинг қўлида телефони, уйида компьютери ва телевизори бор. У истаган кино ёки мультифильмини кўриши мумкин. Болам уйдан чиқмай ўтирибди, у шўх болаларга қўшилмаяпти, деб хотиржам бўлишга ота-онанинг асоси етарлими? Афсуски йўқ. Чунки, бугун компьютерларни қамраб олган виртуал ўйинлар, мультфильмларда тарғиб этилаётган ғояларнинг ҳаммаси ҳам эзгуликка хизмат қиляпти, деб айта олмаймиз. Шундай экан болаларни компьютер, телевизорлар ихтиёрига топшириб қўйишнинг оқибати яхшиликка олиб келмайди.

Бу ҳақда асли касби ўқитувчи бўлган танишларимдан бири қуйидаги мулоҳазаларини билдирди:

­ Болаларнинг қизиқишлари, орзу-истакларини қўллаб-қувватлаш керак. Бугунги куннинг боласи билан ҳамқадам бўлиш ҳаммамизнинг ҳам қўлимиздан келавермайди. Айниқса, давлат ишида ишловчи ота-оналар учун бу жуда қийин масала. Шахсан менда ҳам  фарзандларимни дарсдан кейин қўшимча машғулотларга олиб бориш учун кўпинча вақтим етмай қоларди.

Ана шу муаммони ҳал этиш учун турмуш ўртоғим билан келишиб бир муддат ишламай уйда, болаларнинг ёнида бўлишга қарор қилдим. Ҳар бирини қизиқишига қараб турли соҳаларга йўналтирдик. Кечгача шу уч боланинг ортидан юрардим. Дадаси ишидан орт-майди. Болаларни вақтида маш-ғулотларга олиб боришга қийналган пайтларим бўлди.  Доимо болаларга энг яхши натижаларингиз, дадангиз учун кутилмаган совға бўлсин, деб уқтирардим. Шу боис фарзандларим ҳамиша юқори натижаларга эришиш учун интилишган. ўтган йили катта фарзандим институтга кирди.  Қизим Шоҳида эса география фани бўйича фан олимпиадасининг вилоят босқичида ғолиб бўлиб бизни беҳад қувонтирди.  Болаларнинг бугунги ютуқларини кўриб, уларни энг қимматли вақтлари ­ болалигида ёлғиз қолдирмай, тўғри йўналиш бера олганимиздан, деб биламан.

Марҳамат туманидаги 29-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси ҳамидахон Аҳмадалиеванинг таъкидлашича, ота-оналари, бувилари назоратида бўлган болалар бошқаларга нисбатан масъулиятли, интизомли ва интилувчан бўлар экан. 

­ Бола табиатан бўш қолишни, бекор юришни хуш кўрмайди. Агар унга ота-онаси эътиборли бўлиб, керакли ва фойдали ишларга, китоб ўқишга, аниқ мақсад сари интилишга ўргатмаса, бола ўзига, албатта бошқа бир юмуш топиб олади. Унинг учун айни пайтда   машғул бўлаётган ишининг оқибати унчалик муҳим эмас, у вақти ўтаётганидан мамнун бўлиб ўсаверади.

Аниқ мақсадга интилган болалар кейинчалик фаол ва мазмунли ҳаёт кечирсалар, ёшлигида қаровсиз қолиб, компьютер ва телефонлардаги турли  ўйинларга овуниб ўсган болалар шунчаки кун ўтказишга мойил кишилар бўлиб вояга етади. Ўқувчиларим орасида жангари феълли, зардали болалар ҳам учраб туради. Бир қарашда уларнинг уйида ҳамма нарса етарли. Ота-онаси ишлайди. Аммо бола баъзан отаси ёки онаси билан ҳафталаб кўришмайди, суҳбатлашмайди. Улар билан дилдан гаплашганимда отаси ёки онасининг эътиборсизлигидан хафа эканини, шу араз гинага айланиб қалбини дағаллаштираётганини сезиб қоламан. Ота-онасидан эъзоз ва эътибор кўрган ўқувчиларимнинг эса кўзлари чақнаб туради.

Демак, фарзандларимизга болалигидан меҳр ва эътибор муҳим экан. Азиз дилбандларимиз камолотида муҳим бўлган ана шу жиҳатга асло эътиборсиз бўлмайлик.

 

 

Ҳамрохон МУСУЛМОНОВА

ҚАРҒИШ

(45-сон) Ҳаёт - ибрат мактаби

Ўз вақтида хатога йўл қўйиб, келиннинг қарғишига қолган бир аёлнинг тақдири мени ўйлантириб келади.

- Катта келинимга жуда кўп ноҳақлик қилганман, уни асло кўз очирмасдим, уришганим-уришган эди. Охирги  жанжалда:

- Илоҳим менга қилганларингизни, кейинги келинингиздан тортинг, яхши бўлишга интилиб, сизнинг айтганларингизни қилиб ёмон  бўлсам, оладиган кейинги келинингиз мени тескарим бўлсин, сизга ойна тутсин, - дея йиғлаб уйимдан чиқиб кетганди.

Бугун иккинчи ўғлимга келин олганман, дард десам, бало дейди. Ҳеч гапимга кирмайди. Дардим ичимда бировга оғиз очиб ёрилай десам, ҳаммага биринчи келиним билан жанжалимиз ошкора бўлган.

"Қилиғингга яраша келин бўпти-да" - деб ўзим ёмонотлиқ бўлишдан қўрқаман. 

"Касални яширсанг иситмаси ошкор қилади" деганларидек, жанжалдан, касалдан бошим чиқмай қолди. 

- Нега тинмай оғриб қолаяпсиз, дейишса, "қарилик" деб баҳона қиламан. Аслида уйдаги жанжаллардан зада бўлганман, Мен уйда қайнона бўлиб эмас, келин бўлиб  яшаяпман.

Тақдир, ҳаёт ҳукмини қаранг...

Феруза ҳОЖИМАТОВА

ЭРИНИ ЁМОНЛАГАН ХОТИНДАН ҚЎРҚИНГ!

(45-сон) Мулоҳаза

Донишмандлардан бири шундай ҳикоя қилади: "Уч дўст бозор айланиб юриб атторлик растасида жуда нафис ишланган ёғоч тароққа кўзлари тушади. Бири уни қўлига олиб, устани жуда маҳоратли эканлигини айтибди. Иккинчиси қўлига олиб, "йўқ, бу устанинг маҳорати эмас, у ишлатган асбоб зўр" дебди. Учинчиси, "бу устанинг маҳорати ҳам, ишлатган асбобининг зўрлиги ҳам эмас, унинг уйида тинчлик, осойишталик ҳукмрон, уста эса бамайлихотир ўтириб, меҳр билан тароққа ишлов берган", дея изоҳлабди.

Дарҳақиқат, ҳар бир инсоннинг тинч-осойишта яшаши, оиласининг мустаҳкам, фаровон бўлишида аёлнинг ўрни беқиёс.

Ҳозирги кунда ўзини эридан устун қўйиб, "оилада мени айтганим бўлади", дея "оила бошлиғи" бўлишга даъвогарлик қилаётган аёлларимизнинг борлиги ачинарлидир. Фарзандлар олдида эрни менсимаслик, бақириб, қўпол муомалада бўлишлик ўзбекона тарбия мезонларига, шарқ аёллари маданиятига зид бўлса-да, бундай кўринишлар минг афсуски, учраб турибди.

Баъзан шундай бўладики, ўзаро жанжал бошланса, эркак оғир бўлиб, жанжалга чек қўйишга ҳаракат қилади. Аёл эса "мендан қўрқяпти", дея баттар авжига чиқади. Ўртада меҳр пардаси кўтарилади. Меҳр, оқибат бўлмаган оила эса, охир-оқибат парокандаликка юз тутади. Энг ёмони эса бу ҳол ўсиб келаётган фарзандлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатади.

Бундай воқеага гувоҳ бўлган пайтларимда, мактабда ўқиб юрган чоғларим устозимнинг "эркак киши бутун бир иморатни қуриб битказса-ю, аёл киши ўша иморатга бир дона мих қоқиб қўйса, "уйни мен қурганман", деб даъвогарлик қилади" деган гаплари қулоғим остида жаранглайди. Ҳа, ўзини савдогарликка уриб, уч-тўрт сўм пул топиб, эрни менсимасдан, эрни ер, ўзини осмон билган аёлларимиз эркак ким бўлишидан қатъи назар, эр оиланинг устуни эканлигини унутмасликлари лозим.

Ҳаётдаги баъзи бир ҳолатларни кузатиб, "Эрни эр қиладиган ҳам, қаро ер қиладиган ҳам хотин" деган нақлнинг нақадар тўғри эканлигига амин бўламиз. Эркак кишини уйидан бездирадиган ҳам, кўча хандони, уй зиндони бўлишига ҳам албатта, ўзимиз сабабчимиз. Чунки ўз уйидан қадр топмаган, хотиржам яшай олмайдиган эркак бошқа бир аёлнинг ширин сўзини излаб, ўз оиласини ташлаб чиқиб кетиши табиий ҳол.

Баъзида ўзимизнинг айбдор эканлигимизни тан олгимиз келмайди-да, "эрим ундоқ, эрим бундоқ" дея, арзи-ҳол қиламиз. "Эрим нима учун ароққа ружу қўйди, нима учун уйга кеч келаяпти, нима учун ўзга аёл олдига йўрғалади", деган саволни ўзимизга бериб кўрсак, балки жавобини ўзимиздан топармиз.

Баъзи аёллар эса эрларини чет давлатларга бориб ишлашга мажбур қиладилар, яхши ишлаб даромад орттириб келса-ю бир нави, акси бўлса-чи, бир сўм пул топмасдан, соғлигини йўқотиб, одамфурушлар қўлида хор бўлиб бор бисотидан айрилиб қайтиш эркак киши учун нақадар оғир.

Эркакларнинг ана шундай ҳолга тушиб қолишига сабабчи бўлиб қолмайлик, "Эр-хотин қўш хўкиз", дейди доно халқимиз. Ҳалол меҳнат орқасидан кун кўриб, эрга мададкор бўлсак, турмушимиз янада чиройли бўлишига асло шубҳа йўқ. 

Шоир Муҳаммад Юсуф айтганидек, "эрини ёмонлаган хотиндан қўрқинг" деган ибора ҳеч қачон ўзбек аёлларига нисбатан айтилмасин.

Турмуш ўртоғимизни ҳурматини жойига қўйиб, фарзандлар ва оила олдидаги муқаддас бурчимизни ҳеч қачон унутмайлик ҳамда шарқ аёлларига хос миллий маданиятимизга путур етказмайлик.

Зеро, бизлар давлатни бошқарган, ўзининг оқилона фикрлари, донолиги ва уддабуронлиги билан халқ орасида эъзоз топган оқила, улуғ момоларимизнинг авлоди эканимизни унутмаслигимиз, аёл деган муқаддас номга доғ туширмаслигимиз керак. Қуйидаги дил сўзларимни опа-сингилларимизга илиниб қоламан:

 

Сен аёлсан, аёл бўлиб қол,

Ўзлигингни унутма зинҳор.

Муқаддассан, эъзозда бўлгин,

Эр кишини айламагин хор.

 

Дерлар,  эркак уйнинг устуни,

Усиз сен ҳам қулашинг мумкин.

Бўҳтон тошин отарлар сенга,

Тунлар унсиз йиғлашинг мумкин.

 

Ҳурмат қилсак, пайғамбарим деб,

Бошга қўйсак, пиримсиз, дея.

Биздан нима кетади айтинг,

Улар учун  битсак, бадия.

 

Қовоғимиз очиб, жилмайиб,

Гулгун яшнаб, юрсак бўлгани.

Дунёларга сиғмай кетарлар,

Шудир биздан кўнгли тўлгани.

 

Майли, бизни алқамасин кўп,

Майли, гуллар совға қилмасин.

Эр кишида, турсин сирида,

Аммо биздан кўнгли қолмасин.

 

Назирахон ДАДАБАЕВА,

вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимаси.

Изланувчан фидойи устоз

(45-сон) Орамиздаги аёллар

Бугун жамиятимизнинг бирор жабҳасини аёллар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Опа-сингилларимиз Ватанимиз равнақи, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Ана шундай фидойи опа-сингилларимиздан бири Андижон машинасозлик институтининг ижтимоий фанлар кафедраси доценти, фалсафа фанлари номзоди Зулфияхон Ариповадир.

Зулфия опа ёшлигидан тиришқоқ, меҳнатсевар бўлиб камолга етди. Андижон туманидаги 43- ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлагандан сўнг Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг фалсафа-иқтисодиёт факультетига ўқишга кирди. Талабалик йилларида ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлиш учун пухта билим олди. 1980 йилда университетни муваффаққиятли тамомлагач, меҳнат фаолиятини Андижон машинасозлик институтида фалсафа фани ўқитувчиси вазифасида бошлади.

Орадан 45 йил ўтган бўлса-да, опа ушбу таълим даргоҳида сидқидилдан меҳнат қилиб келмоқда. Ҳамиша изланиб ишлади, зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифага катта масъулият билан ёндошди. Ўзининг ҳалол ва самарали меҳнатлари билан нафақат жамоадошлари, балки кенг жамоатчилик ҳурмат-эътиборини қозона олди.

Олий таълим жонкуяри, фидойи устоз ўтган салкам ярим асрлик фаолияти давомида ёшлар таълим-тарбияси, илм-фан ривожи йўлида эътиборга молик ишларни олиб борди. Хусусан, ижтимоий фалсафанинг назарий масалаларидан бири бўлган миллий маънавият ривожи, миллий маънавият тушунчасига мустақиллик шароитида янгича талқин бериш, истиқлол ғояларини кенг тарғиб этиш борасидаги изланишлари ҳар қанча таҳсинга лойиқдир.

Юртдошларимиз тафаккурида миллий маънавиятга доир ўзгаришлар, уларнинг моҳияти, хусусиятига янгича ёндошган олима 2012 йилда "Шахс ахлоқий фазилатлари такомилида миллий маънавият ва умуминсоний қадриятларнинг ўзаро алоқадорлиги" мавзусида номзодлик диссертациясини ҳимоя қилиб, фалсафа фанлари номзоди илмий даражасига сазовор бўлди. Умуман, Зулфия опа фаолияти давомида 50 ортиқ илмий мақола, 2 рисола, 1 монография, 20 ортиқ ўқув-услубий қўлланмалар муаллифи сифатида ҳам илм-фан ривожига муносиб ҳисса қўшди. 

Устоз Зулфияхон Арипова характерида меҳнатсеварлик, изланувчан, янгиликка интилувчанлик, камтарлик, ташкилотчи ва ташаббускорлик фазилатлари бир-бири билан уйғунлашиб кетган. Шу боис ҳам у ўзига топширилган вазифасини ҳамиша пухта бажаради. Фаолияти давомида у институт "Ёш олимлар ва мутахассислар кенгаши" раиси, "Машинасозлик технологияси" факультети Сифат комиссияси раиси, шу билан бирга, кўплаб иқтидорли ёшларнинг илмий ишларига раҳбарлик қилишдек вазифаларни сидқидилдан адо этиб, ўзининг юксак салоҳиятини намоён этиб келмоқда.

2016 йил Зулфия Арипова учун муваффақиятли йиллардан бири бўлди. Тошкент давлат университетида ўтказилган "Инновация-2016" номли XXI халқаро илмий-амалий конференцияда унинг илмий маърузаси мутахассислар томонидан юқори баҳоланиб, махсус сертификат, шунингдек, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан ўтказилган "Олий таълим муассасасининг энг яхши педагоги" танловининг республика босқичида "Инновация ва ахборот технологияларини қўллайдиган энг яхши педагог" номинацияси бўйича ғолиб деб топилиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг дипломи билан тақдирланди. 

Қаҳрамонимиз узоқ йиллар хотин-қизлар қўмитасининг  институтдаги бошланғич ташкилоти раиси вазифасида ҳам самарали меҳнат қилди. Жамоада меҳнат қилаётган, таҳсил олаётган хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли олима ҳамда талаба қизларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам ибратли ишларниолиб бормоқда.

Зулфияхон Арипова шаҳар, вилоят хотин-қизлар қўмитаси фаолларидан бири сифатида тарғибот тадбирларида ҳам фаол иштирок этиб келади. Хусусан, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилалар, хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, қиз-аёллар ўртасидаги салбий ҳолатларнинг олдини олиш,  турли маросим, тўй ва маъракаларни ихчам, камчиқим ўтказиш, айниқса, аҳоли, ёшлар ўртасида миллий ғоя тарғиботи, уларда мустаҳкам мафкуравий иммунитетни шакллантириш борасида олиб борган ишларини ҳам алоҳида эътироф этиш ўринлидир.  Мазкур йўналишдаги фаоллиги учун у бир неча бор вилоят хотин-қизлар қўмитасининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланган.

- Бугунги ўта шиддат билан ривожланаётган давр биз педагоглар олдига ғоят улкан вазифаларни қўймоқда, - дейди Зулфия Арипова. - Айниқса, ёшлар онги ва қалбини эгаллашга бўлган турли ҳаракатлар бизни ҳар қачонгидан ҳам ҳушёр ва огоҳ бўлишга, ишимизга янада масъулият билан ёндошишга ундайди. Зеро, биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, мафкуравий полигонлар ядро полигонларидан кучли, улар чегара билмайди, кўзимизга кўринмайди.

Интернет тармоғи, телерадиоканаллар, китоблар, кинофильмлар, телесериаллар шаклида, миллати, тили, дини, қайси давлатда яшашидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг қалбига кириб бориб, маънавий дунёсини хароб қилади. Уни юртига, ота-онаси, яқинларига қарши қилиб қўяди. Шунинг учун ёшлар тарбияда бирорта бўш халқа бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.  

Кейинги йилларда юртимизда устоз ва мураббийлар меҳнати ҳар қачонгидан ҳам эъзоз топмоқда. Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг таълим-тарбия соҳасини ривожлантиришга қаратаётган алоҳида эътибори натижасида таълим муассасалари моддий - техник базаси  мустаҳкамланиб, биз - педагогларнинг меҳнат шароитлари яхшиланмоқда. Кўрсатилаётган рағбат ва ғамхўрлик бизни янада катта масъулият билан меҳнат қилишга ундайди. Бундай эъзоз ва қадр  Юртбошимизнинг ишончини сидқидилдан оқлашга, мамлакатимизда ёшларни истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашда янада самаралироқ меҳнат қилишга чорлайди.

Дарҳақиқат, Зулфия Ариповадек, сўзи, иши қатъий, фидойи устозларимиз бор экан, жамиятимиз равнақи янада юксакларга кўтарилишига асло шубҳа йўқ.  

 

 

Барно ҲАЙДАРОВА

МЕҲНАТГА ЁЛЛАШ ВА ХАЛҚАРО МЕЪЁРИЙ ҲУЖЖАТЛАР

(45-сон) Тадбир

уларнинг мазмун-моҳияти, унга риоя этиш ва кенг тарғиб

этиш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида меҳнат муносабатларини тартибга солиш, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат шаклларига йўл қўймаслик, бу борада қабул қилинган қонун ҳужжатлари ва халқаро ҳуқуқий меъёрлар мазмун-моҳиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш, бу борада оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган семинар бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси ҳамда Халқаро Меҳнат Ташкилоти томонидан ташкил этилган семинарда ҳуқуқшунослар, давлат, нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимизда меҳнаткашларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусан, мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шаклларига барҳам бериш, меҳнатни муҳофаза қилиш, муносиб иш шароитлари яратиш, бу борада халқаро меъёрий ҳужжатларга риоя этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг ҳаракатлар стратегиясида фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётганлиги  таъкидланди.

 Айни пайтда жаҳоннинг 180 дан ортиқ мамлакати Халқаро Меҳнат Ташкилотига аъзо ҳисобланади. Ўзбекистон 1992 йилнинг март ойида ушбу ташкилотнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланган. Ҳозирги кунга қадар мамлакатимизда ушбу ташкилотнинг 14 конвенцияси ратификация қилинган. Ана шундан келиб чиқиб, мамлакатимизда конвенцияларда белгиланган тартибларга риоя этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартиришлар киритилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда 

Семинарда Халқаро Меҳнат Ташкилоти вакиллари томонидан иштирокчиларга ташкилотнинг мақсад ва вазифалари, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш бўйича халқаро ва миллий қонунчиликдаги асосий тушунчалар юзасидан кенг маълумотлар, бу борадаги тарғибот ишлари самарадорлигини оширишда оммавий ахборот воситалари фаоллигини ошириш бўйича тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Семинар доирасида ишга ёллаш жараёнида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати қалтисликларини англаш ва уларнинг олдини олиш бўйича амалий машғулот ўтказилди. Иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга мутахассислар томонидан батафсил жавоблар қайтарилди.

 

Ҳамидулло  МАТИСАЕВ.

«САФАРОБОД»НИНГ ТАШАББУСКОР РАИСАСИ

(45-сон) фаол аёлларимиз

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Ўғилхон Жабборова Олтинкўл туманидаги "Сафаробод" маҳалла фуқаролар йиғинига раис бўлиб сайланганида маҳаллани янада обод этиш, аҳоли фаровонлигини яхшилаш йўлида астойдил меҳнат қилишга бел боғлади.

Бунгача маҳалла котиби сифатида фаолият юритган Ўғилхон опа маҳалланинг пасту баландини, одамларнинг кўнглига йўл топишни ўрганди. Шижоати, элга яқинлиги маҳаллани бошқаришида қўл келди. Одамлар уни қатъийлиги, одамийлиги, ўрни келганда қаттиққўллиги учун яхши кўриб қолдилар. 2014 йилда Ўғилхон опа халқ  депутатлари Олтинкўл туман кенгашига депутат этиб сайланди.

- Маҳалламиздаги мавжуд 814  хонадонда 4527 нафар фуқаро истиқомат қилади, - дейди Ў. Жабборова. - Шундан 2325 нафари аёллар. Биз ишсиз аёлларни иш билан таъминлаш бўйича ташаббус билан чиқдик. 10 зиёд хотин-қизларимиз Балиқчи туманидаги "Антекс" қўшма корхонасига, 47 нафар аёл эса туманимиздаги "Крафтекс" корхонасига ишга жойланди. Яна 20 нафар хотин-қизни касаначилик асосида ишга жойлаштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Маҳаллада ёшлар бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун шарт-шароитлар яратиш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилмоқда. Ҳудудда жойлашган спорт залида ўнлаб ёшлар спорт билан мунтазам шуғулланадилар. Улар орасида нафақат мамлакатимиз, балки, Осиё ва жаҳон чемпионатларида ютуқларни қўлга киритган ёшлар бор. Яқинда қўл жангги бўйича ўтказилган Европа чемпионатида Сўғдиёна Жалолдинованинг ғолибликни қўлга киритгани ана шундай ютуқлардан биридир.

Жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий ҳимояси бўйича тизимли ишлар ташкил этилди. Бундай оилаларга ўз хонадонларида тадбиркорликни йўлга қўйиш, иссиқхона барпо этишларига ёрдам берилди. Маҳалламиздаги  кам таъминланган оилаларга ҳам ҳомийлар кўмагида зарур моддий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Тўй, маърака ва маросимларни ихчам ўтказиш борасида ҳам Сафарободда ижобий натижаларга эришилмоқда. Ортиқча сарф-харажатлар, дабдабабозликка чек қўйишда маҳалла фаоллари, маслаҳатчи, отинойи ҳамда кайвони онахонлар ёрдам бераётганлигини алоҳида эътироф этиш жоиз. 

- Маҳалланинг тинчлиги, фаровонлиги ҳамжиҳатликка боғлиқ, - дейди Ў. Жабборова. - Ҳамкорликда қилинган иш баракали бўлади. Бугунги кунгача ҳудудимизда жиноятчилик содир этилгани йўқ. Чунки профилактика инспекторлари билан ҳамкорлигимиз жуда яхши йўлга қўйилган.  Маҳаллада юз бериши мумкин бўлган ҳар қандай салбий ҳолатларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратамиз.

Раис ҳамда депутатлик фаолияти давомидаги самарали меҳнатлари учун Ўғилхон Жабборова 2016 йилда "Шуҳрат" медали билан тақдирланди. Унинг олдига қўйган мақсадлари  эса улкан, режалари бисёр.

- Аёл киши раҳбар бўлса тўғри гапириши, одамларни алдамаслиги керак. Ваъда бердими устидан чиқиши шарт! Мен депутат, маҳалла раиси сифатида аҳолига тоза ичимлик суви муаммосини ҳал этаман, электр энергияси таъминотини яхшилайман деб ваъда берганман. Янги трансформатор қўйилди, энди сув масаласи ҳал этилса, маҳалламизда деярли муаммо қолмайди. Мени шу даражага эришишимда куч-ғайрат бағишлаган маҳаллам аҳлидан, камтарона меҳнатларимни юксак қадрлаган ҳукуматимиздан   қарздорман, - дейди Ўғилхон Жабборова.

Юрт равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган ташаббускор раисага келгусидаги ишларида омадлар тилаб қоламиз.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

БОБУР ВА ЖАҲОН МАДАНИЯТИ

(45-сон) 2017 йил - Андижонда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили

Андижон шаҳридаги "Боғи Бобур" дам олиш масканида "Заҳириддин Муҳаммад Бобур асарларининг жаҳон маданияти тарихида тутган ўрни" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг июль ойида вилоятимизга ташрифи чоғида Боғи Бобур дам олиш маскани, Бобур номли халқаро жамоат фонди фаолияти билан танишиб, бу ерни янада обод қилиш, Бобур ижодий меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар кўламини кенгайтириш, хусусан, Бобур ижодий меросини тарғиб этиш бўйича Халқаро анжуман ўтказиш ҳақида таклифлар билдирган эди. Юртбошимиз таклифлари асосида Бобур номли   халқаро жамоат фонди ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманда давлат, жамоат арбоблари, тарихчи олимлар, бобуршунослар, ёзувчи ва шоирлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Анжуманда истиқлол йилларида мамлакатимизда халқимизнинг бой маданий мероси, тарихи, бетакрор археологик ва тарихий ёдгорликлари, миллий қадриятларимизни, айниқса, жаҳон тараққиёти, илм-фани ривожига, инсоният тафаккурининг юксалишига муносиб ҳисса қўшган буюк алломаларни улуғлаш, улар томонидан яратилган бебаҳо тарихий асарларнинг илмий-тарихий аҳамиятини жаҳон жамоатчилиги эътиборига кўрсатиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Анжуманда Бобур номли халқаро жамоат фонди томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, ижодий меросини ўрганиш, тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида атрофлича сўз юритилди.

- Бобур халқаро жамоат фонди ва илмий экспедициясининг ташкил этилганлигига 25 йил тўлди, - дейди Бобур номли халқаро жамоат фонди раиси Зокиржон Машрабов. - Ўтган ана шу давр мобайнида Фонд томонидан кўҳна тарихимизни чуқур ўрганиш, маънавиятимизни янада юксалтириш, Бобур ва бобурийлар яратган бой илмий-маданий мерос намуналарини Ватанга олиб келиб, илмий истеъмолга киритиш, заминимиздан етишиб чиқиб, хорижда  умргузаронлик қилган буюк аждодларимиз қабрларини зиёратгоҳларга айлантиришга қаратилган эзгу ва хайрли ишлар олиб борилмоқда.

Хусусан, Бобур изидан 40 дан зиёд мамлакатлар бўйлаб илмий сафарлар уюштирилди. Натижада кўплаб янги-янги манбалар қўлга киритилди ва "Бобур ва жаҳон маданияти" музейига олиб келинди. Ҳозирда  музейда 500 зиёд ноёб қўлёзма асарлар ва нодир китоблар, қимматли манбалар сақланмоқда. Жумладан, "Бобурнома"нинг Ҳайдаробод нусхаси, Бобур Мирзо кашф этган алифбо - "Хатти Бобурий"да кўчирилган Қуръони карим нусхаси, "Бобур куллиёти"нинг Эрон нусхасидан кўчирма ҳамда "Бобурнома"нинг турли тилларга таржима қилинган 20 дан зиёд нусхалари жой олган.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда Бобур халқаро жамоат фонди ҳамда Халқаро илмий экспедиция томонидан халқимизнинг бир қатор буюк аждодлари мангу макон топган масканлар излаб топилди. Абу Али ибн Сино, Ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, мавлоно Лутфий, Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Али Қушчи, Камолиддин Беҳзод, Бобораҳим Машраб сингари улуғ зотларнинг қабрлари зиёрат қилинди.

Афғонистоннинг Дашти Деҳиканор қишлоғидаги йўқолиб кетиш арафасида турган мавлоно Лутфийнинг, Хирот шаҳрининг Мусалло майдонидаги Алишер Навоийнинг, шунингдек, Камолиддин Бекзоднинг қабр-мақбаралари шарқона лойиҳалар асосида ободонлаштирилиб, зиёратгоҳларга айлантирилди.

Биргина жорий йилда бобуршунос олимлар томонидан "Бобур энциклопедияси", "Захириддин Мухаммад Бабур. Бабуриды. Библиография" номли йирик китоблар чоп этилганлиги, "Заҳириддин Муҳаммад Бобур хазиналари" рукнида "Мубайян ва насрий баёни", "Рисолаи Волидиййа" назмий таржимаси ва шарҳи" асарлари яратилганлиги, "Бобур ва дунё" журнали нашр этила бошланганлигини алоҳида эътироф этиш ўринли.

Анжуманда Хитой, Ҳиндистон, Туркия, Япония, Бангладеш, Афғонистон, Қирғизистон,      Туркманистон, Озарбайжон сингари кўплаб давлатлардан келган давлат арбоблари, бобуршунос олимлар ҳам иштирок этди.

 - Юртингизда жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва ижодини ўрганиш, кенг тарғиб қилиш борасидаги ишлар ҳукумат даражасида олиб борилаётганлигига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди, - дейди ҳиндистонлик бобуршунис олима Мансура Ҳайдар. - Хусусан, нафақат Осиё, балки жаҳон илм-фани, тараққиёти ва ривожига салмоқли ҳисса қўшган шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобурга Ўзбекистон заминида кўрсатилаётган эҳтиром халқингизнинг шу юртдан етишиб чиққан буюк тарихий шахсларга бўлган ҳурматининг ёрқин намунасидир.

Анжуманда юртимиз ва хорижлик бобуршунослар томонидан Бобур ва бобурийлар ҳаёти, фаолияти, ижодининг илмий, бадиий, тарбиявий аҳамиятига бағишланган маърузалар ўқилди.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида яратган қатор бебаҳо илмий асарлари ҳамда Бобур ва бобурийлар меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишдаги улкан хизматлари учун россиялик олима Анна Дыбо, бобуршунослар Шокирхон Рустамхўжаев, Мирмаҳмуд Мирсайдуллаев, туркиялик бобуршунос олим Южел Билол Бобур халқаро мукофоти билан тақдирланди. 

Куннинг иккинчи ярмида анжуман иши шўъбалар доирасида давом этди.

Мазкур анжуман Бобур шахси, ҳаёти ва ижодини кенг   тарғиб этиш, ижодий меросини ўрганиш борасидаги ишларни янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилади.

- Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижоди инсонни комилликка чорловчи улкан маънавий мерос, - дейди тадбир иштирокчиси, профессор Дилором Ёрматова. -  Айниқса, адабиёт, тарих, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, мусиқа ва географияга оид асарлари бизга тарихимиз ҳақида жуда кўп маълумотлар бериш билан бирга, ўша давр ёзма манбаларини ўрганишимизда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Бобур лирикаси эса ўзбек мумтоз адабиётининг энг гўзал саҳифаларидан биридир.

Анжуманда вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова иштирок этди.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИХТИСОСЛАШТИРИЛГАН ТИББИЙ ХИЗМАТ КЎРСАТИШ СИФАТИ ЯНАДА ЮКСАЛАДИ

(45-сон) Анжуман

Андижон давлат тиббиёт институтида "Аҳолига сифатли онкологик хизмат кўрсатишни такомиллаштириш истиқболлари" мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал-демократик партияси вилоят кенгаши ташаббуси билан вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси, хотин-қизлар қўмитаси, Андижон давлат тиббиёт институти ва бошқа қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мазкур анжуманда Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари депутатлари, олимлар, онкологик касалликлар бўйича юртимиздаги ва хорижлик мутахассислар, тиббиёт ходимлари, талабалар иштирок этди.

Анжуман очилишида Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 4 апрелдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида онкологик хизматни янада ривожлантириш ва аҳолига онкологик ёрдам кўрсатишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида мамлакатимизда хусусан, Андижон вилоятида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Анжуманда онкологик касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, хасталикни эрта аниқлаш ва самарали даволашнинг илғор усулларини амалиётга татбиқ этиш, шунингдек, хотин-қизларда учрайдиган онкологик касалликларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этишга қаратилган  қатор мавзуларда маърузалар тингланди.

 Иштирокчилар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишларни сифат жиҳатдан янада юқори босқичга кўтариш, онкологик хасталиклар бўйича аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва савиясини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Анжуман доирасида Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Андижон филиалида аёллар саломатлигини яхшилаш, аҳолининг тиббий маданиятини оширишга қаратилган тренинг ҳамда тиббий кўрик ўтказилди.

 

Умидахон ИСАЕВА,

 

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Аёллар қаноти бўлими мудири.

Булбулингман - қўноғим чаман

(45-сон)

 

Беҳиштдайин сўлиммисан, сен,

Жовидоннинг ё зуволаси?

Қуёшдайин ёрқинмисан энг,

Мен ким, сен - қуёшнинг боласи.

 

Улғайтирдинг - бўлгансан бешик,

Атиргуллар япроғи - йўргак.

Бетакрорсан, гўзалсан, бешак,

Асли бахтдир чиройинг кўркам.

 

Қай сўз ила таъриф айлайин,

Сўзлар ҳам лол, ожиздир тилим.

Ҳаяжоним сиғдиролмайин,

Кенг бағрингда яйрайди дилим.

 

Тупроғингдан қорилиб ундим,

Булбулингман - қўноғим чаман.

Шуҳратингни оламга ёйгум,

Қанотимни кенг ёзиб, Ватан!

 

Ҳидоят ЗУҲРИДДИНОВА