+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҲАЛОЛ МЕҲНАТ-МАҚСАДГА ЕТКАЗАДИ

( 41-сон) ёшлар фикри

Агар ҳаётга, ён атрофимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга эътибор билан назар солсак, ўзимиз, келгуси ҳаётимиз учун ибрат бўладиган жуда кўп нарсаларни билиб олишимиз мумкин.

Оёғингиз остига қаранг: юзлаб, минглаб чумолилар тиним билмасдан меҳнат қилаётгани, ўз инига зарур озуқа ташиётганини кўрасиз. Эътибор қаратинг-а, бири қийналса, иккинчиси, учинчиси ёрдамга келади, бирортаси четга чиқиб, ,,қўл қовуштириб'' турмайди. Улар ҳаёт учун курашмоқда, ўз инлари - Ватанига ризқ-рўз ташимоқда. Ана шу гўшада тинч, осойишта, хотиржам яшамоқ ниятида  уларнинг миттигина вужудларига шижоат, қилдек оёқ-қўлларига ғайрат бахш этган. Ҳолбуки, булар биз ,,онгсиз'', ,,ақлсиз'' санаганимиз қумурсқалар, холос. Сиз билан биз эса инсон  деган номга муносиб бўлишимиз лозим.

Шу ўринда улуғ бобомиз ҳазрат Алишер Навоий жамики инсонларга хитоб қилиб айтади:            

Тухум ерга кириб чечак бўлди,

Қурт жондин кечиб ипак бўлди.

Лола тухумича ғайратинг йўқму,

Пилла қуртича ҳимматинг йўқму?

Ул зот айрим дангаса, "берсанг-ейман, урсанг-ўламан'' қабилида кун ўтказадиган кимсаларга ҳеч бўлмаганда  "лола тухумича ғайрат, пилла қуртича ҳиммат'' тилайди!

Дарҳақиқат, онгли, оқилона, ҳалол меҳнатгина жамиятнинг гуллаб-яшнашига, фуқароларнинг чиройли ҳаёт кечиришларига замин яратади. Айнан меҳнат туфайли инсон ўзининг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондиради. Меҳнат орқали одамнинг истеъдоди, маҳорат ва лаёқати намоён бўлади. Меҳнат билан машғул бўлиш жараёнида инсоннинг дунёқараши кенгаяди, билими ортади, жисмонан ва маънан юксалади. 

Маълумотларга кўра, дунёда 50 мингдан ортиқ касб-ҳунар мавжуд бўлиб, улар ер юзидаги аҳолининг турмуш эҳтиёжларини қондиришга ҳизмат қилади.

Оиланинг моддий ва маънавий аҳволи ҳам меҳнат туфайли бекаму-кўст бўлади. Оила аъзоларининг мавқеи, маҳалла-кўйдаги обрўси, уларга нисбатан ўзгалар муносабати ҳам кўп жиҳатдан уларнинг бажарган ишлари, амаллари билан чамбарчас боғлиқ. Бир кун келиб инсон оламдан ўтгач, унинг меҳнати, эзгу ва хайрли ишлари ёдга олинади. Ота-она оилада фарзандларига ўргатган меҳнат кўникмаси, касб-кори авлодларининг порлоқ ҳаёти учун  мустаҳкам таянч бўлиб қолади.

Ўз хонадони, юртининг   ободлиги, элининг фаровонлиги учун ҳаракат қилмаган киши ҳаловат ҳам, иззат, ҳурмат ҳам топмайди. Бу ҳақда улуғ аллома Абдулла Авлоний шундай деганлар: "Fайрат вужудимизга қувват, маъсуд ва бахтиёр бўлишимизга сабабдур. Шунинг учун ҳар биримиз саъй қилуб, ўз кучимиз ила маишатимизга керак бўлган нарсаларни топуб, бошқаларга муҳтож бўлмай, роҳатда яшамоқ лозимдур. Сиҳатимиз, саодатимиз, сарватимиз, қаноатимиз, сабримиз, фазилатимиз, алҳосил, бутун ҳаётимиз ҳаракатимизга боғлиқдур. Ҳаракатсиз кишилар ҳар нарсадан маҳрум. Доим бошқаларнинг ёрдамига муҳтож бўлиб хорликда қолурлар. Киши ёш вақтида илму маърифат, ҳунару санъатга бўйин қўймаса, тараддуд қилмаса, албатта, қора ишчи бўлуб қолур.''

Биз ёшлар улуғларнинг бу каби ибратли ўгитларига амал қилишимиз, ғайратимиз, шижоатимиз билан ўқиб, касб-ҳунар ўрганиб, энг асосийси, ҳалол меҳнатимиз билан ота-онамиз, юртимиз учун муносиб фарзанд бўлишга астойдил ҳаракат қилишимиз лозим.

ДилнозаМУХТОРЖОНОВА,

Олтинкўл тумани.

 

ТОТУВ ЯШАШ СИРЛАРИ

(42-сон) Мутахассис тавсияси

Оила мустаҳкам бўлиши энг аввало, аёл кишига боғлиқ. Агар аёл оқила, фозила, саранжом-саришта, меҳрибон ва хушмуомала бўлса, эркак кишининг қалбига йўл топа билса, оиласи мустаҳкам, ўзи севимли бўлади. Ҳаётда аёл хушёр бўлиши керак, яхши маънода бироз айёр бўлиши ҳам зарар қилмайди. Эрингиз билан тотув яшашни истасангиз, айрим нарсаларга кўз юмишингиз, гоҳо артистлик қилишингизга ҳам тўғри келади.   Қуйида амалиётчи-психолог Неъматхон ЙЎЛДОШЕВА тотув яшаш сир-асрорлари борасида ўз маслаҳатлари билан ўртоқлашади.

Сизнинг ишончингиз эрингизни янада кучли қилади, ўзига бўлган ишончини оширади, масъулиятини мустаҳкамлайди. Шунинг учун ҳеч қачон унга "Сизга ишониб бўлмайди!" деманг. Гарчи ҳақиқатдан шундай бўлса-да. Турмуш ўртоғингизни қўлидан ҳамма иш келишига ишонтирсангиз бас. У сиздан "қачон биз ҳам одамга ўхшаб яшаймиз", қабилидаги гапларни эмас, балки "менга бундан ҳам зўридан олиб берасиз, шунақами?" деган қатъий ишончни эшитсин.

Турмуш ўртоғингизни бошқалар билан солиштиришни бас қилинг.

У билан яшаяпсизми, демак, қайсидир жиҳати учун севиб қолгансиз. Ушбу севгининг сўниб қолмай ҳамиша ёниб туриши эса ўз қўлингизда. Камчиликларга келсак…Беайб парвардигор. Камчилик сизда йўқми?

Оилада ким овқат пишириши-ю, ким пул топишининг нима фарқи бор? Муҳими бу эмас, ҳар иккалангизнинг оила мустаҳкамлигига беминнат ҳиссангизни қўшаётганингиз. Эркак киши аёлига бундан-да яхшироқ муомалада бўлиши мумкин деб ҳисоблайсизми? Ўзингиз-чи, ҳар доима ҳам у орзу қилган рафиқа талабига жавоб бера оласизми? Тан олинг, жилла қурса умрингизда бир марта ёқмаган гапига жавобан гап қайтаргансиз, кайфияти йўқ пайтда саволларингиз билан жаҳлини чиқаргансиз.

Эркак киши сирли аёлларни ёқтиради деб, ичимдагини топ қабилида иш тутманг. Нима истаётганингизни очиқчасига айтганингиз яхшироқ. Компьютер ёки телевизор қаршисидан кета олмаётган эрингизга араз қилгунча, бир ўзингиз эплай олмаган ишингиз ҳақида гапириб, ундан ёрдам беришини илтимос қилиб кўринг. Яъни аниқ-таниқ гап билан вазиятга ойдинлик киритинг. Масалан, овқат сузмоқчи эдим, реклама пайтида нонга чиқиб кела олмайсизми? Ичимдагини топади деб, чучварани хом санаманг. Топиши мумкин, фақат… Ичингиздагини тилга кўчирганингиздан сўнг.

Бир-бирингиздан дам олиб туринг. Турмуш ўртоғингиз яна дўстлари билан учрашгани кетади. Сиз эса ҳар доимгидек уйда ёлғиз. Шошманг, нега ёлғиз бўларкан? Сизда дугона йўқми? Модомики кечки вақтингиз телевизор қаршисида ўтган тақдирда ҳам нима бўпти? Қайтага шу вақт ичида ўзингизга ёқадиган бирорта фильмни кўриб оласиз. Дўстлари билан икки кунга дам олгани кетмоқчи? Майли, бораверсин. "Қанақа дам олиш эканини мен биламан" деб кўнглини совутманг. Ёруғ юз билан кузатганингиздан миннатдор бўлади, ишонаверинг. Қолаверса айрилиқ ҳиссиётларни ўткирлаштиради.

Баъзида баҳслашиб туриш ҳам фойдали. Эркак киши доим ҳақ. Эҳ, аёл бўлиш нақадар қийин-а. Нима қилишга ҳам ҳайронсиз. Ён босай десангиз ҳақлигингиз кундек равшан. Фикр билдиришга ҳаракат қилсангиз яна тортишиб қолишингиз мумкин. "Хўп" деб уникини маъқуллайверган тақдирингизда ичингизда ўзингиз ва унга нисбатан алам тўпланиб бораверади. Келинг баҳслашиб қўя қолинг. Фақат маданиятли тарзда. Ҳақиқатга яқин фактларни келтирган ҳолда, аста, аёллик назокати ила…

Ортиқча кўз ёшга хожат йўқ! Эрингиз қайсарлик қилса сиз кўз ёшга эрк беришга тушасиз. Ахир эркакларнинг аксарияти аёлларнинг кўз ёшига дош бера олмаслигини биласиз-ку! Бу усулни тез-тез қўллашдан нари бўлинг! Фақат айрим пайтлардагина иш бериши мумкинлигини ёддан чиқарманг.

Севги изҳорига мажбурламанг. Бу сўзларни эшитиш қанчалар ёқимли бўларди-я. У бўлса ҳиссиз, қаранг, сўрасангиз жавоб бериш ўрнига телевизор кўриб ўтиришини…ҳафа бўлманг! Кўпгина эркаклар ширин сўз бобида нўноқ. Афсус, бу сўзлар туфайли аёлда бахт гормони ажралиб чиқишини билишмайди-да. Аммо дил изҳорини ҳадеб ишлатавериш ҳам унинг қадри йўқолишига олиб келади.Ҳар куни "севаман" сўзини эшитаверсангиз, ундан ҳаяжонланиш ҳиссини туймаслигингиз аниқ.

Унга ҳордиқ чиқаришга имкон беринг! Хўрсинишларингиз ёрдам беради деб ўйлаяпсизми? Нега хафа бўласиз? Уйда оиласи ёнида футбол кўришнинг ёмон томони йўқ-ку. Сиз ҳам футболни бирга ўтириб кўринг, балки қизиқиб қолиб ундан ҳам баландроқ овозда "Го-о-ол!" деб бақирарсиз! Ёқмаса ёнида ўтирганча севимли машғулотингиз билан шуғулланишингиз мумкин. Айтайлик кашта тикиш, тўқиш ва ҳоказо. Шунда ҳар иккалангиз бир-бирингизга ҳалал бермаган ҳолда дам оласиз!

Юқоридаги тавсия ва маслаҳатларга амал қилишга ҳаракат қилинг, бу сизга ва оилангизга фақат фойдали, ҳаётингизни янада мазмунли бўлишига ёрдам беради.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА ёзиб олди.

ДАРЗ КЕТГАН КЎНГИЛ

(42-сон) Турмуш чорраҳаларида

Ҳилола бахтли эди. Ўзи севган йигитга турмушга чиқди. Рўзғори ҳам бинойидек. Бир йил ўтар ўтмас севгисининг меваси бўлмиш Баҳоранинг туғилиши унга яна бир олам қувонч бағишлади. У оиласини еру кўкка ишонмас, ҳатто ота-онасини кўришга  ҳам бир ойда борарди. У туну кун уй ичида куймаланар, тансиқ таомлар пишириш, хоналарни безаш каби турмуш ўртоғига ёқадиган ишларни бажарганда Рустам акасининг миннатдор жилмайишини ҳеч нарсага алишмасди. У ҳатто, тушларида ҳам бахт қасрининг деворларини янада  мустаҳкам қилишга интиларди. Бироқ билмасдики, кун келиб бу қасрга ғам-ташвиш аталмиш меҳмон ҳам ташриф буюришини...

Бир куни эрини ишга кузатиб уйга кираётганда, қўл телефони жиринглади. Укасининг ташвишли овози уни қўрқитиб юборди. Соппа-соғ юрган отаси бирданига йиқилиб тушиб, инсультга йўлиқибди...

Ҳилола уни деярли ҳар куни кўргани борар, тузалиш ўрнига оғирлашаётганини кўриб ичидан зил кетарди. Қанча даволатишмасин, дард Йўлчибой акани ҳаётдан олиб кетгани келган экан. Отахон бир неча кун хушсиз ётгач, омонатини топширди. Тақдирнинг шум зарбасидан эсанкираб қолган Ҳилола отасини ўйлаб бир йиғласа, онасининг аҳволини кўриб яна эзиларди. У барча маъракалари ўтгунича отаси уйида қирқ кун қолиб кетди. Бу орада жонидан ортиқ кўрган Рустам акаси анча ўзгариб қолди. Ҳилоланинг қайғусига шерик бўлиш, уни суяш ўрнига...

Ҳилола ўша куни юрагининг бир парчаси узилгандек, ярим кўнгил билан уйига қайт-ди. Кела солиб қизчасининг ёнига ўйинчоқларни қўйди-да ўзи бесаранжом бўлиб кетган уйларни йиғиштиришга тушди. Шу пайт ҳол сўраш учун чиққан қўшни аёл унга ачинганнамо тикилаётганини сезиб, сергакланди.

- Менда бирор гапингиз бормиди? - деб сўради хавотир билан.

- Нима десам экан?.. - Қўшни аёл каловланиб турди-да, гап бошлади.

- Ҳилолахон, тарбия кўрган, сабрли қизсиз, лекин бу нарсани айтмасам виждоним қийналади...

- Нима гап ўзи? Тортинмай айтаверинг.

- Сиз йўқлигингизда   Рустамжон... - Аёлнинг томоғига бир нима тиқилгандек гапиролмасди.

- Опажон, тезроқ гапиринг нима бўлди?

- Оилангизни сақлаб қолишингиз керак. Рустамжон қўшни қишлоқдаги бир аёл билан... Сиз йўқлигингизда деярли ҳар куни ўша аёлни олиб келди.

  Ҳилола бу сўзларни охиригача эшитолмади. Кутилмаган шум хабардан хушини йўқотди. Шу кундан бошлаб унинг хонадонида гўёки қаҳратон қиш бошлангандек бўлди. Гўдагини ўйлаб ўзини қўлга олган Ҳилола эрининг ишдан келишини сабрсизлик билан кутди. У келгач, босиқлик билан бўлган воқеалар ҳақида гап очди... Рустамнинг ранги ўчди.

- Бу гапни сиз кимдан эшитдингиз? Қўшниларданми? Сиз менга ишонмайсиз-у, ғийбатчи қўшниларга ишонасиз, шундайми? Барчаси бекорчи гаплар, ҳеч қачон бундай бўлмайди, ишонинг...

Ёпиқли қозон ёпиқлигича қолди. Ҳилола фарзандини, қолаверса, онасини ўйлаб, эрини кечирди. Дардини ичига ютиб юраверди. Бироқ, Рус-там суюқоёқлигини ташламади. Ўша аёл билан   ишқий муносабатларини давом эттираверди.

Ҳилола ноилож ўша бахтига чанг солган аёлнинг маҳалласига борди. Маҳалла йиғинига арз қилди. Оқсоқол, маслаҳатчи ва фаоллар бу масалани атрофлича муҳокама қилишди. Аёлни тартибга чақиришди. Оилани бузиш, никоҳсиз бундай қадам босиши яхшиликка олиб келмаслиги, бунга жазо борлиги ҳақида огоҳлантиришди. Бироқ бу икки беандиша кимсалар кўнгил майлига қараб иш тутишни қўймадилар.

 Эрининг оёқости қилаверганидан тўйган Ҳилола ота уйига кетишга мажбур бўлди.

Рустам ҳам Ҳилоладан, ҳам фарзандидан бир умрга ажралганини жуда кеч англади...

Бу воқеалар бўлиб ўтганига  ҳам ўн беш йилдан ортиқ вақт ўтди. Рустам минг афсусу надоматлар гирдобида қолди. У Ҳилоланинг ишхонасига тез-тез келар, унинг оёғига йиқилгудек бўлиб кечирим сўрар, ҳаммасини бошидан бошлашни таклиф қиларди. Ҳилола эса унинг бу таклифига ҳеч қачон розилик бермаслигини таъкидларди. Лекин Баҳора отасиз деган номни олмаслиги учун расман ажрашишга ҳам кўнмасди.

Баҳора ҳам вояга етди. Университетда аъло баҳоларга ўқияпти. Унинг ҳар бир ютуғи онаизор учун тенгсиз қувонч олиб келади. Она кечалари мижжа қоқмай Аллоҳдан қизининг бахтини сўрайди. Ўзи кўрган кунларни қизи кўрмаслигини сўраб нола қилади. Бироқ бирор кишига бошидан ўтганларини айтмайди. Сўраганларга эса, "Дадамиз қишлоқда қайнотамнинг чироғини ёқиб ўтирибди, мен қизимизни шаҳарда ўқитяпман, дея оиласини ғийбатлардан асрашга интилади. Бироқ дарз кетган,   хаста дилига даво тополмайди.

Фарзандини ҳам ота, ҳам она бўлиб  камолга етказди. Эрини судга ҳам бермади, алимент ҳам олмади. Ундаги сабр-бардош, орият-ғурурга таҳсин айтгим келади. Негаки, у ҳам ёш эди. Оиласи барбод бўлганида эндигина 23 баҳорни қаршилаганди. Беш кунлик дунё, деб кўнгил кўчасига кирмади. Эрининг хиёнатига хиёнат билан жавоб бермади. Бошқа турмуш қуришни ҳам истамади. Баҳорани бегона эркакнинг қўлига солишдан кўра, дунёдан тоқ ўтишни афзал кўрди.

Ҳа, халқ шоири Муҳаммад Юсуф айтганидек, ўзбекнинг аёллари фарзанд учун яралган. Сабр, ориятни ҳамиша устун қўйгани боис, бугун у маҳалла-кўй, таниш-билишлари орасида ҳурмат-эътибор топган. Уй-жойи бор, ҳаёти бир маромда ўтмоқда. Бахти барбод бўлган аёлга берилган бахт балки шудир...

 

 

ОЙГУЛ

"ЎҒЛИ БОРНИНГ НОЗИ БОР!" ... МИ?

(42-сон) Мулоҳаза

Халқимизда "Қизи борнинг нози бор!" деган мақол бор. Ҳаётимиздаги айрим воқеалар шундай мақолни "бўларди" дейишни тақозо этаётгандай назаримда. Чунки ҳозир "ўғли борларнинг ҳам нози бор!" деган ибора шаклланмоқда.

 

Ҳозир қиз фарзанди бор оилаларнинг шўрига шўрва тўкиляпти. Тўйдаги катта ҳаражатларни олиб қарасак, бошқа жойларда қандай билмадиму, аммо бизда чиқимларнинг кўпи қиз чиқарган хонадон зиммасига тушади. Сеп-сидирға, уйни тўлдиришдан тортиб, мазар ташишгача, хайит-байрам, туғилган кунларда йўқлов, кейин... Қизи фарзанд кўрса суюнчи, бешик тўйи, ақиқа, ундан сўнг суннат тўйи, мучал тўйи... Эҳ, бечора, қиз туғиб вояга етказиб бировнинг хонадонига хизматга берган ота-она шунча сарф-харажатни бўйнига олиши керак. Агар хамёни кўтармай харажатни озайтирса борми, келиннинг боши таънадан чиқмайди.

Яқинда ишдан қайтаётиб, автобусда икки аёлнинг суҳбатини эшитиб қолдим. Йўловчилардан бири - ўрта ёшлардаги аёл суҳбатдошига куюниб гапирарди:

- Қизим яқинда фарзандли бўлганди, кеча қовоқ-тумшуғи осилиб кириб келди. Куёвим "ота-онанг фарзандли бўлганимизга 100 доллар суюнчи беришга ярамади!" дебди. Қизим, "Фарзанд   сизники-ю, нега менинг ота-онам суюнчи бериши керак. Аслида ўғил туғиб берган аёлни вояга етказгани учун сиз уларга суюнчи беришингиз керак!" дебди. Иккаласи жанжаллашиб қолишибди. Қизимнинг уйи бузилмасин деб, "Куёвни пайғамбарлар ҳам сийлаган. Майли, берамиз ўша суюнчини, уйингга бор!" деб жўнатиб юбордим. Ўғлим Россияда ишлайди. У билан қўнғироқлашиб, тезроқ пул жўнатишини тайинладим..

Буни эшитиб ўйга толдим. Жони оғриб фарзандини дунёга келтирган, оилани қувончга тўлдирган аёлни эъзозлаш ўрнига, суюнчига ота-онанг пул бермади, деб жанжал кўтарган йигитни ким деб аташ мумкин? Номард, нонкўр, юзсиз дейиш ўринли бўларди. Аммо афсуски, орамизда шундай йигитлар ҳам бор.

Автобусдаги аёл ҳасратини давом эттирарди. У тўй ўтгач, бир неча кун маъзар юборганини, "ота кўрди", "чақирди", туғилган кун, хайит-байрамлар йўқлови, куёвнинг "гап"и учун бир қанча саватларда пишириқлар юборганини, янги туғилган чақалоққа тўрт фаслга мослаб кийим-кечак, бешик олганини, невараси ўғиллиги учун ҳозирдан новвос боқиб қўйиш ҳақида буйруқ келганини, қуда томоннинг барча аъзоларига бош-оёқ сарпо- суруқ қилиши кераклиги, хуллас қиз томоннинг қудалар олдида шунчалар ялиниши ҳақида надомат билан гапирарди. Унинг суҳбатдоши эса аёлга жавобан, қизининг қайнонаси "ота кўрди" маросимига замонавий телевизор,  кир ювиш машинаси, мини печ, сўнгги русумдаги чангютгич талаб қилаётгани ҳақида гапириб қолди. Бу гапларга қулоқ солар эканман, ўйлаб ўйимга етолмадим.  Қиз туққаннинг айби нима, нега шунча чиқимлар қилиши керак?!

Қайноналарни қўя турайлик! Қайноталар-чи? Шунча нарса талаб қилаётган хотинини йўлга солиш ўша оила эркагининг наҳот қўлидан келмаса? Эркак бош бўлган, эркак кишининг сўзи ўтган оилаларда бундай ҳолатлар бўлмаслиги   керак.

Ахир эркак ва аёл ўртасида никоҳ ўқилаётганида аёлни боқиш, унинг эҳтиёжларини қоплаш, рўзғорга керакли жамики нарса билан таъминлаш эркакнинг зиммасига юклатилади-ку. Аёлнинг вазифаси эрининг оиласини 40 кунгача боқиш, уйини жиҳоз билан тўлдириш эмас, эрнинг хизматини адо этиш ва шу оиланинг давомчиси бўлган зурриёдни дунёга келтириш, шунингдек, оқила умр йўлдош ва меҳрибон она бўлиш         эмасми?

Эркакман деб бош кўтариб юрган йигит ҳеч қачон хотиннинг қўлига қараб қолмайди. Мусулмончиликдан озгина хабари бор, ориятли эркак қайнона-қайнотасининг уйидан келаётган нарсаларни қабул қилмайди. Агар йигитларимиз, оила бошлиғи-қайноталар қаттиқ турсалар, аёллар бунақанги ортиқча ҳаражатларга ружу қўймайдилар. Агар фикр-мулоҳазаларим ўринсиз, гапларим ножўя бўлса, узр сўрайман. Бу ҳақда катталар, маҳалла фаоллари ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришларини истар эдим.

 

Муштарий МАМАЗОКИРОВА,

 

Андижон вилояти онкология диспансери ҳамшираси.  

ОНКОЛОГИК КАСАЛЛИКЛАРНИНГ ОЛДИ ОЛИНМОҚДА

(42-сон) Тиббий кўрик

Мамлакатимиз, хусусан, вилоятимизда хотин-қизлар саломатлигини мустаҳкамлаш, айниқса, қишлоқ жойларда яшаётган аёл ва қизлар соғлигини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Олтинкўл тумани марказий поликлиникасида вилоят онкология диспансери ҳамда O'zLiDeP вилоят Кенгаши Аёллар қаноти томонидан "Сут бези саратони: эрта диагностикаси ва замонавий даволаш усуллари" мавзусида ўтказилган амалий семинар ва тиббий кўрик ана шу йўналишдаги ишларга бир мисолдир.

- Айни кунда тумандаги 300 нафардан зиёд аёллар кўкрак саратони хасталиги билан вилоят онкология диспансерида рўйхатда туради, - дейди диспансернинг услубхона мудири М. Исақов. - Бугунги кунда онкологик касалликлар орасида кўкрак саратони республика миқёсида ҳам кўп қайд этилаётган касалликлардан биридир.  Бу мазкур турдаги хасталикнинг кенг тарқалаётганлигини кўрсатади. Ана шундан келиб чиқиб, диспансеримиз УзЛиДЕП вилоят кенгаши билан ҳамкорликда чекка қишлоқларда яшаётган аёллардаги онкологик касалликлар, хусусан, кўкрак бези саратонининг олдини олиш, уни самарали даволаш бўйича  семинар ҳамда тиббий кўриклар ташкил этмоқда.

Семинарда мутахассислар томонидан онкологик касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш, самарали даволаш, бу борадаги профилактика ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Семинардан сўнг хотин-қизлар вакиллари гинеколог, онколог ва маммолог мутахассислар кўрувидан ўтдилар. Кўрув давомида аёлларга зарур маслаҳат ва тавсиялар берилди.

Умидахон ИСАЕВА,

 

O'zLiDeP Андижон вилоят кенгаши Аёллар қаноти бўлими мудири.

ҚИЗЛАР ФЕСТИ ВИЛОЯТИМИЗ ЁШЛАРИНИ ЯНАДА ЖИПСЛАШТИРДИ

(42-сон) 11 октябрь - Халқаро қизлар куни

Кеча Андижон давлат университетида Халқаро қизлар куни муносабати билан "Қиз бола - бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир" шиори остида қизлар фестивали бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида ўтказилган мазкур   фестивалда вилоятдаги умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари, олий ўқув юртлари талабалари, шунингдек, фаол ва ташаббускор ёшлар ҳамда маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар вакиллари иштирок этди.

- Муҳтарам Президентимизнинг юқоридаги фармони, Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатининг мазмун-моҳиятини ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш, қизларга бўлган эътиборни янада юқори поғонага кўтариш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, билим олишга бўлган қизиқишини ошириш мақсадида ўтказилаётган мазкур фестивалда қизларимиз фаол иштирок этди, - дейди вилоят ҳокимлиги котибият мудири Мавлудахон Низомова. -  Қолаверса, фестиваль тадбирлари турли тоифадаги қизларимиз ўртасидаги жипслик, ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлашга ёрдам берди.

Дарҳақиқат, ушбу  фестиваль қизларимизнинг билим олишга бўлган қизиқишини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, иқтидорли қизлар сафини кенгайтиришга, шунингдек, уюшмаган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг кийиниш, муомала маданиятини юксалтиришга, онг-тафаккурини турли ғоявий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, жамиятдаги жараёнларга даҳлдорлик муносабатларини шакллантириш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этди.

Фестиваль доирасида ижодкор қизларнинг назм, наср, амалий санъат, ҳунармандлик ва мусаввирлик йўналишларидаги ижодий ишлари кўргазмаси ташкил этилди. Юрт ободлиги, тинчлик, бахтли болалик, Ватаннинг гўзал манзаралари акс этган ана шу асарлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

- Андижонимизда иқтидорли қизлар жуда кўп, - дейди Зулфия  номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Севара Фозилжонова. - Қизларимиз томонидан намойиш этилган жозибадор либосларда миллийлик ва замонавийликнинг уйғунлиги, дизайннинг ўзига хос услубларидан кенг фойдаланилишини яққол кўриш мумкин. Очиғини айтганда, ана шу ёш иқтидор соҳибалари келгусида бундан-да гўзал либослар яратиб, Андижонимиз шуҳратини янада оширадилар.

Вилоятимизнинг таниқли ёзувчи ва шоирлари иштирокидаги "Ўзбек аёлларининг тарихий сиймоларига муносиб издош бўлайлик" мавзусида ўтказилган ижодий учрашув, вилоят соғлиқни сақлаш   бошқармаси, репродуктив саломатлик, Маънавият ва маърифат марказлари вилоят бўлимлари мутахассислари томонидан "Эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари", "Қизлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва репродуктив саломатлик", "Ёшларни турли ғоявий таҳдидлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш - муҳим масала" сингари   мавзулардаги маъруза-тақдимотлар қизларимизнинг бу борадаги билим ва тушунчаларини бойитди.

- Тенгдошларимиз, айниқса, уюшмаган ёшлар вакилларининг турли ғоявий таҳдидлар ва "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига тушиб қолишларининг олдини олишда биз етакчилар  фаол бўлишимиз керак, - дейди Андижон давлат университети талабаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоли  Хуршида Аъзамжонова. -  Бу борада ёшлар ўртасида олиб борилаётган тарғибот ишларини янада кучайтириш яхши самаралар беради.

Иқтидорли ижодкор қизлар мушоираси ҳақиқий шеърият байрамига айланди. Ижодкор қизлар томонидан ўқилган шеър ва ғазаллар, адабиёт, ижод хусусида мунозаралар уларнинг ижодга бўлган қизиқишларини янада оширди.

 Ёшларни китоб ўқишга бўлган қизиқиши, уларнинг мутолаа маданиятини ошириш мақсадида ўтказилган  "Қизлар кўпроқ китоб ўқисин" мавзусидаги тадбир иштирокчилари китобнинг инсон ҳаётидаги, маънавий дунёсини бойитишдаги беқиёс ўрни, ёшлар ўртасида китоб ўқишни кенг тарғиб этиш хусусида ўзаро фикр алмашдилар.  

- Мазкур тадбир ёшларимизнинг адабиётга бўлган эътиборини, маънавий озуқа манбаи бўлган китобга, китоб ўқишга бўлган қизиқишини, мутолаа маданиятини оширишга хизмат қилди, - дейди    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Хуршида Қўчқорова. - Шу билан бирга, уларнинг дунёқараши, маънавиятини, китобхонлик даражасини янада юксалтирди.

Қизиқарли ва байрамона руҳда ўтган фестиваль тадбирлари қизларнинг билим олишга бўлган қизиқишларини, ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишга, тенгдошлари ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва ташаббускорлик муҳитини яратишга кўмаклашди, уларни миллий урф-одат, қадриятларимиз, истиқлол ғояларига ҳурмат, Ватанга садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚЛАРИ КЕНГ ТАРFИБ ЭТИЛМОҚДА

(42-сон)

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантиришнинг бешта устивор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида қонун устиворлигини таъминлаш, аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида   муҳим вазифалар белгиланган.

Андижон шаҳар истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан Ҳаракатлар Стратегияси ҳамда "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда.

Андижон шаҳридаги 40- мактабгача таълим муассасасида бўлиб ўтган тадбирда иштирокчиларга "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди.

-  Фуқароларимиз истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши билишлари керак, - дейди жамият раиси М. Қодиров. - Савдо-сотиқ жараёни, айниқса, коммунал идоралар билан муносабатларда бу нарса муҳим аҳамият касб этади. Чунки, ҳуқуқларимизни қанчалик пухта билсак, мажбуриятларимизни тўла-тўкс адо этсак, ортиқча муаммоларга тўқнаш келмаймиз.  

Тадбирда савдо маданиятини юксалтириш, истемолчиларнинг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини, маданиятини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Қатнашчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

Бу каби тадбирлар шаҳримиздаги умумтаълим мактаблари,  мактабгача таълим муассасалари,  корхона ва ташкилотларда мунтазам ўтказилмоқда ва фуқароларнинг истеъмол маданиятини юксалишига ёрдам бермоқда.

 

Хуршида ТОЖИБОЕВА,

 

Андижон шаҳар Истеъмочилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси.

ОҚИЛА, МАЪНАВИЯТЛИ АЁЛНИНГ ОИЛАСИ ТИНЧ БЎЛАДИ

(42-сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Моҳидилхон НИШОНОВА: Хўжаободнинг ҳар бир аёли менинг қадрдоним

Кўп йиллар туман хотин-қизларининг етакчиси сифатида иш юритганман. Маълум муддат маҳалла ишида фаолият олиб бордим. Мана бир неча ойдирки, яна туман хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида  ишлаяпман.

Фаолиятим давомида турфа тақдирлар, турфа муаммодаги аёлларга дуч келганман. Аёлларнинг табиати, тушунчаси турлича бўлса-да, лекин уларни она, рафиқа, севимли ёр, опа-сингил сифатида умумий жиҳатлар бирлаштириб туради. Мунис, муҳтарама аёллар миллат давомчиларини дунёга келтириб, тарбиялаб, вояга етказадиган, оилаларнинг кўрки, жамиятимиз гултожидир. Шу боис ҳар бир аёлга ўзгача ҳурмат билан қарайман, ҳузуримга келган ҳар бир аёл билан дилдан суҳбатлашаман, Хўжаободнинг ҳар бир аёли менинг  қадрдоним, десам асло муболаға бўлмайди.

Туманимизда яшаётган 107 минг нафардан ортиқ аҳолининг 60 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. Жорий «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, саломатлигини асраш, бандлигини таъминлаш каби қатор йўналишларда туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси томонидан муайян ишлар олиб борилмоқда.

Бугунги глобаллашув даври ҳар бир аёлнинг жамиятдаги жараёнларда фаол бўлишини талаб этмоқда. Чунки у фаол, оқила, уддабурон, юксак маънавиятли бўлмас экан, маҳаллада, оилада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, фарзанд тарбияси борасида муаммолар юзага келаверади. Ана шундан келиб чиқиб, қўмитамиз, қўмита қошида иш олиб бораётган "Аёллар маслаҳат маркази", "Маҳалла" ҳайрия жамоат фонди туман бўлинмаси ва  бошқа қатор ҳамкорликда иш олиб борувчи ташкилотлар билан биргаликда хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш,  уларнинг фаолияти билан боғлиқ барча йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Маълумки, Хўжаобод саноатлашган туман ҳисобланади. Шу боис, бу ерда ишсизлар, айниқса, ишсиз ёшлар жуда кам. Ёшларимиз касб-ҳунар коллежларини тамомлашлари билан аввало, мутахассисликлари ёки қизиқиши, эгаллаган ҳунаридан келиб чиқиб, бандлиги таъминланмоқда. Бундан ташқари, тумандаги ишга эҳтиёжманд ёшлар, хотин-қизлар рўйхати тузилиб, туман бандликка кўмаклашиш маркази кўмагида уларни ишга жойлаштириш бўйича ишлаб чиқариш корхоналарига таклифлар юборилмоқда. Яқин кунларда хотин-қизлар ва ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича "Бўш иш ўринлари" ярмаркаси ўтказишни режалаштирганмиз. 

Фаолларимиз,  бошланғич ташкилотларимиз етакчилари туманда ташкил этилган секторлар аъзолари, оилалардаги ижтимоий-иқтисодий ва маънавий муҳитни ўрганиш бўйича маҳалла фуқаролар йиғинлари қошида ташкил этилган гуруҳлар билан ҳамкорликда жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида барча оилага кириб суҳбатлар ўтказдилар, оилаларнинг яшаш шароитлари, муаммолари аниқланиб, уларга имкон қадар ёрдам кўрсатиляпти. Туманимиздан 30 ёшгача бўлган 52 нафар имконияти чекланган фуқаролар аниқланиб, уларга ҳомийлар бириктирилди.  Ногирон болаларга ногиронлик аравачалари олиб берилди. Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса имконияти чекланган инсонларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилаш, ҳаётга бўлган умид ва қизиқишларини оширишдир.

Томорқадан самарали фойдаланиш, оилавий ва хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш масаласи ҳам доимий эътиборимизда. Кўплаб оилаларга, хусусан, хотин-қизларга ўз хонадонида иссиқхона барпо этиш, чорвачилик, паррандачилик ёки ҳунар-  мандлик йўналишида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредитлар ажратилди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни маиший техника воситалари - холодильник, кир ювиш машинаси, микротўлқинли печ, телевизор билан таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди.

Туманимиздаги мавжуд 37 маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, қўмитамизнинг бошланғич ташкилотлари раислари фаоллигини, аҳоли билан ишлаш самарадорлигини ошириш бўйича алоҳида дастур тузилган. Ана шу асосда турли соҳалар мутахассислари томонидан  уларнинг сиёсий, ҳуқуқий, қабул қилинаётган қонун ва қарорлар борасидаги билим ва тушунчалари юксалтирилмоқда. Таъкидлаш керакки, уларнинг ана шу йўналишларда юқори салоҳиятга эга бўлишлари энг аввало, оилалар мустаҳкамлигини, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аёллар, ёшлар билан иш олиб боришда муҳим аҳамият касб этади. Ўтказилаётган семинар, учрашув ва давра суҳбатларида айнан ана масалага алоҳида эътибор қаратилмоқда.

... тумандаги ажрашиш арафасида турган 7 оила тикланди. Демак, шунча оила фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Айниқса, аёлларнинг маънавиятини юксалтиришга, китоб, газета ўқишга  бўлган қизиқишини оширишимиз зарур. Чунки газета, китоб ўқиган оқила, маънавиятли, илмли аёлнинг оиласи албатта, тинч бўлади, у тарбиялаган    фарзандлар эса комил инсонлар бўлиб вояга етади.

Хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик ҳолатларининг олдини олиш, айниқса, ажримларга йўл қўймаслик ҳам фаолиятимизнинг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Ажримларнинг энг  аянчли оқибати бу - бегуноҳ болаларнинг тирик етим бўлиб, отаси ёки онаси меҳридан бебаҳра  қолишидир. Айрим ажрашаётган ота-оналар фарзандлари қалбига нечоғлик жароҳат етказаётганликларини ҳатто ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллалардаги Яраштириш комиссиялари, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари орқали тумандаги ажрашиш арафасида турган 7 оила тикланди. Демак, шунча оила фарзандларининг тирик етим бўлиб қолишининг олди олинди.

Ана шу оилалар билан ишлаш, ўрганиш таҳлиллари шуни кўрсатдики, биз ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш борасидаги ишларимизни янада кучайтиришимиз лозим экан. Чунки ёш оила вакилларида оиланинг нақадар муқаддас эканлиги, оталик, оналик масъулиятини тўлақонли англаб етмаётганликлари кўринди. Айрим ёшлар ўта эркин, қизиққон, сабрсиз, алоҳида яшашни хоҳлашади. Афсуски, бу ҳаёт. Ҳамма вақт ҳам кўнгил майлига қулоқ тутиб яшаб бўлмайди. Биз шуларни ёшларга тушунтиришга, ўзлари ҳам бир кун келиб қайнона-қайнота бўлиши, ота-она дуосини олиб яшашнинг саодати тўғрисида "Қайноналар кенгаши" аъзолари, маҳалладаги тажрибали, кўпни кўрган онахонлар кўмагида тушунчалар беряпмиз.

Шу ўринда қизларимизни ҳаётга тайёрлашда ана шу онахонларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

 Аёллар жиноятчилиги масаласида ҳам "Аёл нима учун жиноят қилди?" "Унга нима етмаяпти, сабаби нимада?" эканлиги чуқур ўрганиб чиқилиб, салбий ҳолатларга имкон яратаётган омилларнинг илдизи кесилмоқда. 

Туманимизда туғиш ёшидаги аёлларни тиббий кўрикдан ўтказиш, айниқса, хомиладор аёллар саломатлигини назорат қилиш  бўйича туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Улар босқичма-босқич тиббий кўрикдан ўтказилиб, текширув натижаларига кўра, турли касаллиги аниқланган аёллар даволанишга жалб этилмоқда. 

Аёл - нафосат, назокат тимсоли. Аёл фақат севиш ва севилиш учун яратилган. Баъзан аёлларнинг рўзғор ташвишлари билан андармон бўлиб, ўзининг аёллигини унутиб қўяётганликларига гувоҳ бўляпмиз. Тўғри, уларнинг ҳаёт шунга мажбур қилмоқда. Шундай пайтлар уларнинг турмуш ўртоқларига, фарзандларига қарата: "Аёлни бўйнидан рўзғор юкини соқит қилинг, бироз тин олсин, ахир унинг жони қирқта эмас!" дегим келади. Опа-сингилларимизнинг ҳар ишни эплаб кетадиган, иссиқ-совуққа кўнадиган мулоҳазали эканликлари бор гап. Чунки улар сабр-бардошли, ориятни ҳамма нарсадан устун қўядилар. Мана шундай аёллар ҳар қанча эҳтиромга, эъзозга муносиб.

Бизнинг асосий мақсадимиз, ана шу улуғ зотнинг ҳаётини янада яхшилашга, бахтидан, турмушидан масрур бўлиб яшашига кўмаклашишдир. 

 

Моҳидилхон НИШОНОВА,

 

 Хўжаобод тумани ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Жаннатим, иймоним - боримсан, Ватан!

(42-сон)

МУНАВВАРА

Бирида  болангман, бирда боламсан,

Гоҳида алла-ю гоҳи аламсан.

Отамдай соғиниб, боламдай суйиб,

Кунимга куйганим, мунис онамсан,

Ҳар лаҳза  керагим - коримсан, Ватан!

 

Қуламас деворсан - отам тиклаган,

Тугамас дуосан- онам тилаган.

Тебратган бешигим, ётган бешигим,

Сен нурсан, жонимни ўтга ўраган.

Соғинган меҳробим - тўримсан, Ватан!

 

Аждодлардан  мерос мукаррам тупроқ,

Яхшилар йўлида сўнмаган чироқ,

Кўркли, кўкингдаги лочин болангман,

Йўлаган қузғунга соламан титроқ,

Юксак чўққидаги қоримсан, Ватан!

           

Сени бешик дедим, мен бедор дедим,

Суяган тоғ дедим, мардга ор дедим.

Кафтимда чўғ тутиб ҳайқиргум бугун,

Бўлса сендай макон битта бор дедим.

 

Жаннатим, иймоним - боримсан, Ватан!

ТАДБИРКОР АЁЛЛАР ТАШАББУСИ

(42-сон)

"Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси ташаббуси билан бир гуруҳ тадбиркор аёллар Бўз тумани далаларида бўлишиб, пахта ҳосилини териб олишга ўз ҳиссаларини қўшди.

Шу кунларда вилоятимизда пахта ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин давом этмоқда. Қуёшли кунлардан унумли фойдаланиш, етиштирилган оқ олтинни нест-нобуд қилмай териб олиш мақсадида вилоят ҳокими томонидан эълон қилинган зарбдор ўн кунликка жавобан вилоятимиздаги турли корхона, муассаса ва жамоат ташкилотлари вакиллари теримда фаол иштирок этмоқда.

- Бўлинмамиз ходимлари, тадбиркор аёлларимиз вилоят ҳокими даъватига лаббай деб жавоб берди, - дейди "Тадбиркор аёл" Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси вилоят бўлинмаси раҳбари Саида Муҳитдинова. - Тадбиркор аёллар ташаббуси билан ташкил этилган гуруҳимиз пахта териш билан бирга, ҳашарчи опа-сингилларимизга ўзлари ишлаб чиқараётган турли маҳсулотларни совға қилиб, уларнинг руҳияти ва шижоатини янада оширмоқда. Бу эса терим суръатини ўсишига ёрдам бермоқда.

Дарҳақиқат, Шоирахон Исроилова, Наргизахон Мирзаалимова, Озодахон Йўлдошева, Одинахон Отахонова, Раънохон Аҳмедова, Мавжудахон Қурбонова, Муҳаббатхон Азизова, Одинахон Саидова, Санобархон Раҳимова сингари тадбиркор аёлларимиз Бўз тумани М. Жалолов массивидаги "Сариқжўга толаси" фермер хўжалиги далаларида пахта тераётган 291- отряд аъзолари билан ёнма-ён туриб теримда иштирок этдилар.

Тушлик пайтида эса тадбиркор аёллар отряднинг 150 нафарга яқин аъзолари билан дилдан суҳбатлашиб, уларга ўзлари ишлаб чиқарган турли маҳсулотларни улашдилар.

- Кўрсатилган эътибор ва ҳимматдан кўнглимиз тоғдай кўтарилди, - дейди теримда иштирок этаётган Мақсудахон Қундузалиева. - Бундан кайфиятимиз кўтарилди, шижоатимиз янада   ортди.

Тадбиркор опа-сингилларимизнинг ҳиммати хашарчиларнинг кайфиятини, иш унумдорлигини янада кўтарди. Натижада терим салмоғи ортиб, шу куни терилган "оқ олтин" ҳирмони 11 тоннадан ошиб кетди.

Тадбиркор аёлларнинг бундай ташрифлари вилоятимизнинг бошқа туманларига ҳам уюштирилмоқда.

 

 

Бибиҳадича НЕЪМАТОВА,

 

Бўз тумани.