+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Оналар қизларига сирдош бўлсин!

 (44-сон) 2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Айни кунда Қўрғонтепа туманида 203 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 101 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Ҳудудимизда 74 маҳалла фуқаролар йиғини мавжуд. Қўмитамиз ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда жорий - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ҳар бир маҳалла, хонадонда бўлиб, мавжуд муаммоларни ўрганишга, ижтимий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга, айниқса аёлларимизнинг турмуш шароитларини яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада бошланғич ташкилотларимиз етакчилари,  маҳалла маслаҳатчилари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, жамоат ташкилотлари, Ёшлар иттифоқи, Маънавият-маърифат маркази туман бўлимлари вакиллари яқиндан ёрдам бермоқда.

Қўмитамиз биринчи навбатда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, ҳуқуқий, тиббий билимларини оширишга эътибор қаратмоқда. Бу борада кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, семинарлар, давра суҳбатлари ўтказилмоқда. Асосий мақсад, оилаларда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, оила муқаддас даргоҳ эканлиги, ёшлар тарбиясида катталарнинг ўрни масалаларига эътибор қаратиш, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида  ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш. Аёл кишининг жиноят қилиши ўта ташвишли ҳолат. Минг афсуски, орамизда ўзи билиб-билмай, адашиб жиноят кўчасига кириб қолган аёллар ҳам йўқ эмас. Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш, хотин-қизларимиз томонидан жиноятлар этилмаслигига эришиш учун ҳамиша огоҳ бўлишимиз,  тарғибот тадбирларини кучайтиришимиз зарур.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бу борада олиб борган ишларимиз ўзининг ижобий натижаларини бермоқда. Туманда аёллар ўртасидаги жиноятчилик ўтган йилга нисбатан 28 тага камайди. Аммо,  ўз жонига суиқасд қилишдек аянчли ҳолат барибир, бизнинг энг оғриқли нуқтамиз бўлиб қолмоқда. Бу муаммонинг негизи оилага, оиладаги муҳитга, тарбияга бориб тақалади. Маҳалладаги кўпни кўрган кексалар, ибратли оилалар вакиллари, отинойи, имомлар, психолог мутахассислар иштирокида маҳаллаларда, таълим муассасаларида, меҳнат жамоаларида хотин-қизларнинг ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, унинг аянчли оқибатларини тушунтиришга қаратилган кўплаб мулоқот ва суҳбатлар ўтказилди.

Шу ўринда мен қиз боланинг ўз жонига суиқасд қилишида кўпроқ оналар айбдор, деб биламан. Нега деганда, она фарзандига сирдош бўлиши керак. У хоҳ қиз, хоҳ ўғил бола бўлсин. Қачонки, она сирдошликдан кетдими, фарзанди ёлғиз қолади. Оналар қизлари билан қанчалар сирдош бўлса, уларнинг адашиши камроқ бўлади. Демак, биз - оналар фарзандларимиз билан сирдош бўлишимиз, шуурида сабр, қаноат, шукр деган тушунчаларни янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилишимиз керак.

Туманимизда хотин-қизлар банд-лигини таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда.. Меҳнат ва бандлик маркази, "Тадбиркор аёл" уюшмаси туман бўлинмаси билан ҳамкорликда хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш бўйича семинарлар ўтказилмоқда. Уларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, имтиёзли кредитлар олиш сингари қатор масалаларда зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда. Айни кунда туманимизда тадбиркор аёлларимиз сони 2 минг нафардан ошди. Опа-сингилларимиз бандлиги асосан касаначилик, тадбиркорликни ривожлантириш орқали таъминланмоқда.

Оиланинг мустаҳкамлиги биринчи навбатда аёлга боғлиқ. Аёл оқила, доно, тадбиркор ва ишбилармон бўлса, турмуш ўртоғи олиб келаётган маблағни тежамкорлик билан сарфлай билса, ана шу оила тинч-тотув, иқтисоди мустаҳкам бўлади. Шу билан бирга, аёл турмуш ўртоғига елкадош бўлиши, унинг ҳар бир қилган меҳнатини қадрлай билиши керак. "Кам пул топяпсиз, шунча чиқим турганда", қабилидаги гап-сўзлар билан оила тотувлигига путур етади. Оиланинг тинчлик-осойишталиги фақатгина маблағга боғлиқ эмас, балки оиладаги меҳр-муҳаббат, эр-хотиннинг бир-бирини тушуна олишига боғлиқ. Доно аёл эркак кишининг ҳар бир ишини кўкларга кўтаради. Халқимизда "қуш уясида кўрганини қилади", деган мақол бор. Ҳақиқатдан ҳам ота-она бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлса, бир-бирини қадрлаб яшаса, ана шу оилада тарбияланаётган фарзандлар ҳам одоб-аҳлоқли, тарбияли бўлиб вояга етади. 

Ёшлар, хусусан, қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш зиммамиздаги муҳим вазифалардан биридир. Бу борада "Аёллар маслаҳат маркази"нинг ташкил этилиши қўмитамиз иши самарадорлигини ортишига яқиндан ёрдам бермоқда. Марказда фаолият олиб бораётган мутахассислар томонидан тумандаги 29 оилавий ажримнинг олди олинганлиги фикримга бир мисолдир.

 Айни кунда марказда турли йўналишларда 7 нафар мутахассис самарали иш олиб бормоқда. Жумладан, Сабохон Умарова,   Марҳабо Тожибоева, Баракатхон Тожибоева, Ўктамхон Абдуллаева, Ҳалимахон Солиева сингари фаолларимиз фаолияти эътиборга молик.

Яқинда "Халқаро қизлар куни" муносабати билан туманимизда "Қиз бола бўлғуси оила бекаси, келажагимиз эгасидир" мавзусида қизлар фестивали ўтказилди. Фестиваль тадбирлари тумандаги ҳар бир мактаб, касб-ҳунар коллежида юқори савияда ташкил этилди. Қизларимизга оилавий ҳаёт, тозалик, гигиена қоидаларига риоя қилиш, уларнинг тиббий маданиятини ошириш, турли ғоявий таҳдидлар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш бўйича кенг маълумотлар берилди. Шунингдек, ижодкор, ҳунарманд  қизларимизнинг қўл меҳнатлари кўргазмалари барча ёшларни янада фаол бўлишга ундади.

Никоҳланувчи ёшларнинг тиббий кўрикдан ўтиши масаласи ҳам доимий диққат эътиборимизда. Тан олиб айтиш керакки, оила қуришда бу масала жуда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода никоҳдан ўтаётган ёшларимизга тиббий кўрикнинг мақсади, аҳамияти, нечоғлик муҳим эканлиги тушунтирилмоқда. Натижада ёш оилаларда саломатлик билан боғлиқ муаммолар, оиланинг парокандаликка учраши сингари ҳолатлар қайд этилмаяпти.

Бир сўз билан айтганда, туманимизда хотин-қизлар ҳаёти, фаолияти билан боғлиқ барча йўналишларда зарур ишлар олиб борилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад, опа-сингилларимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга кўмаклашишдир.

 

Ферузахон АБДУЛЛАЕВА,

 

Қўрғонтепа тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Олам ичра тенгсизимсан, Ўзбекистоним!

(44-сон)

Ватан, сенинг тупроғингни кўзимга сурай,

Ватан, сенинг буюк номинг қалбимга тугай.

Ватан, сенинг бағрингда мен бошладим ҳаёт,

Ватан, сенинг ўтмишингни қилайин баёт.

 

Сен онамсан, қалби поким, кўзимда нурим,

Сен отамсан, тиллолардан қиммат ғурурим.

Ватан, сенга фидо бўлсин танда бу жоним,

Ватан, сен деб оқар бўлсин томирда қоним.

 

Амир Темур сени жондан ортиқ суйган,

Фироқингда Шоҳ Бобурнинг бағри куйган.

Ватан, сен деб ўтди қанча боболарим,

Ватан, сенга бахшида куй-наволарим.

 

Кундан-кунга яшнамоқда обод элим,

Дунёларни лол қилмоқда озод элим.

Сен ғурурим, ифтихорим, шараф-шоним,

Олам ичра тенгсизимсан, Ўзбекистоним!

Гулшода АБДУҚАҲҲОРОВА, Марҳамат тумани.

 

 

ЙИFИМ-ТЕРИМ УЮШҚОҚЛИК БИЛАН ДАВОМ ЭТМОҚДА

(44-сон) «оқ олтин - 2017»

Ўтган ҳафтада бир гуруҳ олим ва зиёлиларнинг пахта теримини уюшқоқлик билан ўтказиш юзасидан вилоятимиз аҳолисига қилган мурожаатига кўплаб юртдошларимиз "лаббай" деб жавоб бериб, йиғим-теримда фаол иштирок этмоқдалар. Бу эса терим суръатининг бир маромда боришига, вилоятимиз пахта хирмонининг янада юксалишига ёрдам бермоқда.

Олтинкўл туманидаги "Сафаробод тонг юлдузи" фермер хўжалиги далаларида йиғим-терим суръати асло пасайгани йўқ. "Сафаробод" маҳалла фуқаролар йиғини раиси, "Шуҳрат"медали соҳибаси Ўғилхон Жабборова маҳалласидаги қиз-жувонларга бош-қош. Унинг раҳбарлигидаги 33-отряд теримчилари кунига 3,5 - 4 тонна атрофида оқ олтин териб топширмоқда. Сайёрахон Нурматова , Дилфузахон Тошматова, Саидахон Холматова, Мамлакатхон Каримова, Барнохон Ҳакимова каби илғор теримчилар 60-80 килограммдан  пахта териб, барчага намуна бўлмоқдалар.

 

* * *

Пахтаобод туманидаги "Темурбек-Машҳурбек" ҳамда "Андижон оқ олтини" фермер хўжаликлари далаларида ҳам терим қизғин давом этмоқда. 753-отряд раҳбари Ҳалимахон Ҳурбоева бошчилигидаги  "Сой бўйи" маҳалла фуқаролар йиғини аҳолисидан иборат 180 нафар киши умумхалқ ҳашарига муносиб ҳисса қўшмоқда. Кўнгилли ҳашарчилардан Дилдорахон Парпиева, Мавлудахон Тлепова, Муқаддамхон Абдуллаевалар илғорлар сафида боришмоқда. Улар беш кунликда 250-300 килограмдан  пахта топшириб, вилоят ва туман хокимлигининг совғаларига сазовор бўлишмоқда.

 

Шуҳратбек КЕЛДИЕВ,

 

жамоатчи мухбир.

КЕЧИР МЕНИ ҚИЗИМ

(43-сон) кичик ҳикоя

Ҳовлининг ўртасида хомуш ўтирган Қодир бобо бошини сал кўтарди-да, у ёқ-бу  ёққа назар ташлади. Ҳовли сув қуйгандай жим-жит. Бирдан эшик тақиллади. "Ким?" дея бобо эшикни очди.

- Ҳа, сенмисан, Эркин, келақол.

- Ҳа, менман. Қодир, нега ҳаммаёқ жим-жит, қизинг, невараларинг қани? - дея  бобонинг яқин дўсти эшикдан кириб келди.

- Нимасини айтай, дўстим? Бечора Гулмирани уч боласи билан уйдан ҳайдаб юбордим. Қизим ўзи эри билан ажрашгандан бери "уч болани етим қилдим", дея эзилиб юрарди. Ҳозир кичик ўғли Аъзам ҳам оғир касал эди, - дея хомуш тортди Қодир бобо.

- Бу нима қилганинг, Қодир, нега уйдан ҳайдадинг қизингни, боласига нима бўлди экан?

 - Ўзим ҳам билмайман. Раҳматлик кампирим Зарифадан кейин анча инжиқ бўлиб қолдим, шекилли, - дея кўзига ёш олди чол қилган ишидан пушаймон бўлиб.

- Нега, қизингда нима аламинг бор?

- Ёшим бир жойга бориб қолди. Ахир ўзинг биласан, азалдан феълим тор. Гулмирага аччиқ устида кўнглига оғир ботадиган гапларни айтиб юбордим. "Эрингнинг уйида тош тишласанг ҳам, ўтиришинг керак эди" дедим. Сўнг "уйдан чиқиб кет" дея бақирдим. У ҳеч нарса демасдан уйдан чиқиб кетди. Уйим ҳам, кўнглим ҳам ҳувиллаб қолди.

   - Қодир, бекор қилибсан. Қизингга ҳам осон тутма-да. Қайси юмушга улгурсин, сенга қарасинми, инжиқ болаларигами, рўзғоргами? - дея хўрсиниб, эшикдан чиқиб кетди. 

Қодир бобо унинг гапларини ўйлаб, бағри эзилди. Қизининг тақдирига ачинди. Қанийди, ҳозир бўлса эди, бағри тўлиб ўтирарди. "Ўзим қизимни излайман" деган ўй билан йўлга отланмоқчи бўлганди, Гулмиранинг синиққан нигоҳи кўринди. Бобо хурсанд бўлиб унга пешвоз чиқди. Аммо қизининг қўлида мажолсиз ётган Аъзамжонни кўриб эти титраб кетди.

- Мени кечир, қизим! - дея кўзига ёш олди.

- Дада, неварангиз Аъзамнинг аҳволи ёмон, - Гулмиранинг кўз ёшлари юзини ювиб тушарди.

  Бобо шошиб "тез ёрдам" чақирмоқчи бўлди. Аммо кеч бўлган эди. Ҳали тўрт ёшга тўлмаган Аъзамжон бобоси қўлида жон берди. Унинг икки жажжи опалари укасининг ёнига келиб йиғлашди:

- Укажон, турақол ўрнингдан. Мана, уйимизга қайтиб келдик.

- Турақол, Аъзам, яна бирга қувлашмачоқ ўйнаймиз.

Икки қизалоқ укасининг юзларини силашди. Гулмира ерга тиззалаганча дод солиб йиғлади.

 Қодир бобо армон ва минг афсус билан қизидан бот-бот кечирим  сўрарди.  

Садоқат СОЛИЖОНОВА

 

 

УЙГА ҚАЙТИНГ, ДАДАЖОН!

(43-сон) Турмуш чорраҳаларида

- Дугонам Холида билан кўчада ўйнаётгандик. Уни дадаси чақирди. Ўртоғимнинг айтишича, у дадаси билан бозорга борадиган экан. Холида бозордан келиб, олдирган кийимларини менга кўрсатиб, мақтанди. Менинг унга роса ҳавасим келди. Қани эди, бизнинг дадамиз ҳам ёнимизда бўлганида...

- Эрталаб нонуштада ойимдан нима учун дадам бизларни ташлаб, узоқ жойларга кетиб қолганининг сабабини сўрадим. Ойим аввалига "Эслатма", дея жеркиб берди. Сўнгра, "Бир куни Аллоҳ келишини дилига солса, келиб қолар", деб қўшиб қўйдилар.

- Дадажон! Мен сизни жуда соғиндим. 1-синфга борган йилим кетган эдингиз. Мана, имтиҳонларни топшириб 6-синфга ҳам ўтдим. Ўшанда сизни бунчалик узоқ вақтга кетиб қолишингизни билганимда, бўйнингизга осилиб олардим. Қўлингиздан маҳкам ушлаб, сизни ҳеч қўйиб юбормасдим...

- Ойижон! Cизнинг қийналаётганингизни бугун яна билдим. Ойим иккаламиз кўча бошидаги магазиндан қопда ун олиб, аравага солиб келаётувдик. Йўл бўйида уч-тўрт эркак гаплашиб туришган экан. Ойим уларни имо билан кўрсатиб: "Эркакларнинг олдидан арава етаклаб ўтгани ҳам хижолат бўлиб кетасан", деб бир оз тўхтаб қолди. Рўмолини бўшатиб, пешонасига бир оз туширди. Биз аравани етаклаганча, тез-тез юриб, эркакларнинг олдидан  мажбур ўтдик. Бечора ойимга раҳмим келиб кетди... Дадажон! Қаерларда юрибсиз? Тезроқ келинг. Сиз бизга жуда кераксиз... Бизни соғинмадингизми? Мен сизни жуда соғиндим...

- Дадажон! Эшитдим, энди ишларингиз юришиб, қарзларингиздан қутилибсиз. Бизга пул жўнатибсиз. Мен учун пулдан кўра, ўзингиз келганингиз яхши эди. Мен сизни доимо ёнимизда бўлишингизни хоҳлайман. Рўмолчангизни, пайпоқларингизни ювиб берардим. Иш буюрсангиз, дарров "хўп", дердим.

- Узумимиз ўсиб, қалинлашиб кетди. Ойим тепага чиқиб, хомток қилолмайди. Тоғамга телефон қилиб чақиртирдик. Мен узум баргларини тўплаб, қўшнимизнинг қўйига олиб чиқиб бердим. Сиз бўлганингизда уйимизда қўйимиз ҳам бўлар эди...

- Дадажон! Сиз ҳақингизда кўп-кўп ўйлаганим учун бугун тушимда сизни кўрдим. Ойимга айтиб бергандим, "Яқинда келаркан, яхши туш кўрибсан", деди. Хурсанд бўлиб кетдим. Тезроқ келинг, дадажон! Сизнинг қизингиз йўлларингизга интизор бўлиб кутяпти.

- Бугун сизни соғинганимни ойимга айтдим. Дадам келмаса, биз олдига борайлик, дедим. Қиз бола узоқларга борса ёмон бўлади, деди. Ўғил бола бўлиб туғилмаганимдан хафа бўлиб кетдим.

- Дадажон! Сизга атаб шеър ёзишни ўйлаб юрибман. Уни ёзиб ҳеч кимнинг йўғида ўқитувчимизга кўрсатмоқчиман. Хатоларини  кўриб беради.

- Дада, ҳисобласам, сизни кўрмаганимга яқинда беш йил бўлар экан. Қанақа бўлиб кетдингиз? Сизни кўришга роса қизиқяпман.

- Бугун мен катта бувам билан ойим иккаласининг суҳбатидан сизни ўша ерда ҳам болаларингиз борлигини эшитиб қолдим... Қандай қилиб? Нимага? Сиздан хафа бўлиб кетдим. Сиз фақат бизнинг, менинг дадамсиз. Ёки биздан бошқаларга ҳам дада бўлиб олдингизми? Болаларингизни кўрмагунимча, ўз оғзингиздан эшитмагунимча, мен бу гапларга ишонмайман. Ёлғон... ёлғон... Ёлғон дейман-у, нимага унда биз билан яшамайди ёки ростдан ҳам болалари бормикан-а?, дея ўйланиб йиғлагим келаверади, келаверади...

- Энамнинг айтишича, қиз бола саҳарда эшик супуриб, нимани ният қилса ёки кечқурун юлдузларга қараб орзуларининг амалга ошишини Аллоҳдан сўраса, ниятига етар экан. Кечқурун ҳамма уйдалигида мен секин ҳовлига чиқиб, юлдузларга қараб, кўзларимда ёш билан сизнинг келишингизни сўрадим. Агар сиз келсангиз, энамнинг айтганлари тўғри бўлиб чиқади.

  - Бугун эрталаб турсам офтоб чиқиб, ойимлар сўрида чой ичиб ўтиришган экан. Аттанг, ухлаб қолиб, саҳар эшик супура олмадим. Ойимга айтаман. Эртага мени албатта, уйғотиб қўяди...

* * *

Гулшода шеър ёзмоқчи бўлиб қоғоз ва ручкасини олди-да, узоқ ўйланди. Ўйлаб-ўйлаб, "Уйга қайтинг, дадажон!", деб сарлавҳа қўйди. Кўз олдига дадасининг қиёфасини келтирди. Ўй-фикрларини бир ипга тизмоқчи бўлди. У ўйлади, ёзди, ўчирди, яна ёзди, ўчирди. Шундай қилиб шеър ёзиб ўтирганди, бирдан онаси ошхонадан чақириб қолди. Гулшода шеър ёзаётган варағини  хотира дафтарининг орасига солди-да, дарров хонтахтанинг тагига яширди. Онасининг олдига чиқди...

Орадан бир-икки кун ўтди. Саҳар турган Гулсора опа уйларни йиғиштирмоқчи бўлиб, хонтахтани сурди. Унинг тагида турган дафтарни олиб, варақлаб кўрди. Ичидаги ёзувларга кўз югуртирди. Гулсора опа уни ўқир экан, дастхатидан бу дафтар кичик қизи - Гулшоданики эканлигини англади. Қилаётган ишини ҳам унутиб, ўқишга берилди... У ўқияпти-ю, фарзандининг болаларча қилган қалб нолаларидан кўзлари жиққа ёшга тўлди.

Шу пайт Гулшода уйқусидан уйғониб кетди. Қараса, онаси, орқасини қилиб нимадир ўқияпти. Секин кўрпадан бошини чиқариб, яхшироқ қараган эди, хонтахтанинг сурилиб, нарироққа бориб қолганлигини кўрди. Энди у, онаси хотира дафтарини кўриб қолиб, ўқиётганлигини англади. Англади-ю, бошини кўрпанинг ичига киргизиб, ғужанак бўлиб олди...

У ички изтиробларини ҳеч кимга, ҳатто ойисига ҳам айтгиси келмасди...

 

 

Ойдин МАМАДАЛИЕВА

ҚОШ ҲАҚИДА НИМАЛАРНИ БИЛАМИЗ?

(43-сон) Билиб қўйган яхши

Қошлар инсон, айниқса, аёллар юз кўринишида муҳим аҳамият касб этади. Халқимизда "Қиз боланинг қоши ўсмадан сув ичади" деган ибора бежиз айтилмаган. Қош ранги, шакли ва қуюқлиги инсон юз кўринишининг муҳим белгиларидан бирдир. Шу боис ҳам опа-сингилларимиз қошга, унинг парваришига алоҳида эътибор қаратадилар.

 Қош ўзи қандай вазифани бажаради? У гўзаллигимиз учун нечоғлик муҳим? Келинг яхшиси, қуйида қош билан боғлиқ қизиқарли маълумотлар хусусида тўхталиб ўтамиз.

Кўзларимиз устидаги амалий ва физиологик вазифани бажарадиган туклар қош саналишини барчамиз яхши биламиз. Бир қошдаги туклар сони ўртача 200-250 тани ташкил этади, қоши қалин инсонларда бу кўрсаткич ҳатто 1000 тагача етиши ҳам мумкин.

 Қошларнинг ҳақиқий физиологик вазифаси кўзларни манг-лайдан, юздан тушадиган терлардан ва ёмғирдан ҳимоя қилишдир. Эстетик жиҳатдан эса қошлар юзга жозиба бахш этади, юз ва кўзларни кўркам қилади. Шунинг учун бўлса керак, қошларнинг кўриниши мода билан ёнма-ён юриб, ўзгариб боради.

Турли даврларда ва мамлакатларда қошга нисбатан турлича муносабатда бўлинган. Уйғониш даврида юзда қошларнинг бўлиши хунуклик белгиси сифатида баҳоланган. Шу сабаб уни олдириб юришган.

Қадимги Мисрда табиий қошлар ўрнига сунъий қошлар чизиш урфда бўлган. Табиий қош қириб тишланиб, уларнинг ўрнига чаккагача етадиган қошлар чизилган.

Қадимги Осиё халқларида қалин қошлар қадрланган. Уларда мавжуд бўлган таомилга кўра, кимнинг қоши қалин бўлиб, унга ип боғлаб юрса энг бахтли саналган.

Ўрта асрда хитойлик қизлар қошларини жуда узун бўлишини исташган ва имкон қадар ўстириб юришга ҳаракат қилишган.  Сабаби ўша даврда бундай қошга эга бўлган қизлар илоҳий гўзалликка бурканган, дея талқин этилган.

Европанинг қатор давлатларида 18-аср зодагон хонимларининг омма олдида ясама қошсиз кўриниши одобсизлик белгиси бўлган. Ясама қошларни, одатда, сичқон юнгларидан тайёрлашган.

Қош ўлчами ва кўриниши инсонни танишнинг муҳим белгиларидан ҳисобланади. Қошга қараб биз одамларни тез ва осон таниб олишимиз мумкин бўлади. Бу омил европалик олимлар томонидан ўтказилган тадқиқотларда ҳам ўз аксини топган. Яъни портретда акс этган шахснинг қошлари ўзгартирилганда уларни таниб олиш қийинлашиб бораверган.

Қош сочга нисбатан анча секин ўсади. Қош юлиб олинганда, янгиси ўсиб чиқиши учун камида тўрт ой муддат керак бўлади.

 

Физиономия соҳаси вакиллари томонидан кўз билан бирга, қош шакли таҳлили, унинг инсон табиати билан боғлиқлиги масалалари ҳам йиллар давомида ўрганилган. Қош шаклига қараб инсонларнинг мойиллиги, қизиқиш ва характери ҳақида ҳам фикр юритиш мумкин. Бу борада ҳам мутахассислар томонидан кўплаб тадқиқотлар ўтказилган. Ана шу тадқиқотлар натижаларига кўра, техник ақлий салоҳиятга эга одамларнинг қошлари тўғри чизиқда жойлашган, ижодкорликка мойил, ҳиссиёти кучли шахсларнинг қоши эса ёйсимон шаклда бўлиши аниқланган.

Моҳигул НўМОНЖОНОВА тайёрлади.

САВОЛ БЕРИНГ, ЖАВОБ БЕРАМИЗ !

(43-сон) Ҳуқуқий маслаҳатхона

"Ёшим 22 да. Хусусий корхонада ишлайман. Яқинда она бўламан. Биринчи фарзандимга ҳомиладорлигим туфайли ҳали декрет таътили ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга эмасман.

 Эшитишимча, хусусий корхона ходимига декрет пули давлат корхонаси ходимига нисбатан оз тўланар экан. Умуман, декрет таътили ва декретдаги оналарга қонунчилигимизда қандай имтиёзлар борлиги тўғрисида тушунча берилишини илтимос қилардим".

С. Олимова, Шаҳрихон тумани.

Таҳририятимизга келган ушбу мактуб, умуман, қонунчилигимизда  ҳомиладорлик ва туғиш таътили билан боғлиқ масалалар хусусида ҳуқуқшунос, Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси юридик бўлими бошлиғи ҳабибилло Усмонов бизга қуйидагиларни гапириб берди.

Декрет, аниқроғи ҳомиладорлик ва туғиш таътили бериш тартиби, муддати ва шартлари қандай?

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 233-моддасига кўра, аёлларга туққунга қадар етмиш календарь кун (10 ҳафта) ва туққанидан кейин эллик олти календарь кун (8 ҳафта) (туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда етмиш календарь кун) муддати билан ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади.

Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъи назар аёлга тўлиқ берилади.

ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугагандан сўнг аёлнинг аризасига кўра боласини икки ёшгача парвариш қилиш учун таътил берилади ва нафақа тайинланади.

Аёлга унинг хоҳишига кўра боласи уч ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш учун иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил ҳам берилиши мумкин.

 Давлат корхонаси билан хусусий корхонада тўланадиган нафақалар миқдори бир-биридан фарқ қиладими?

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси миқдори давлат ва хусусий корхоналарда қисман фарқ қилиши мумкин. Давлат корхоналарида бу нафақа миқдори ходимнинг иш ҳақи миқдорида тўланиши белгиланган. Хусусий корхоналарда эса корхона раҳбари буйруғи билан корхонанинг иқтисодий ҳолатига қараб, ходимнинг иш ҳақи миқдоридан оширилган миқдорда ҳам тўланиши мумкин. Лекин бу миқдор ходимнинг иш ҳақи миқдоридан кам бўлиши мумкин эмас.

Бола парвариши учун нафақа давлат тузилмасига кирувчи ташкилот ходими учун яшаш жойидаги маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органи (маҳалла) орқали оиланинг иқтисодий ҳолатини ўрганган ҳолда тайинланиши мумкин. Хусусий корхоналар эса бола парвариши учун нафақа тўлашни ўз иқтисодий аҳволидан келиб чиққан ҳолда ҳал қилади.

  ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугамаган аёл ишга чиқишга ҳақлими?

Амалдаги қонунчиликда бола туғилишига қадар ва туғилганидан кейин та-йинланадиган декрет таътили муддати тугамасдан ходимни ишга жалб қилишга йўл қўйилмайди. Бола парваришлаш учун бериладиган икки (уч) йиллик таътил давомида ходим ўз хоҳишига кўра ариза билан ишга чиқса, бола учун нафақа тўлаш тўхтатилади.

 Таътил пули тўлашда қонун бўйича фоизлар белгиланганми ва қанча муддатга аёл ушбу маблағни олиши мумкин?

Меҳнат Кодексининг 286-моддасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг бутун даврида тўлиқ иш ҳақи миқдорида тўланади.

Мазкур Кодекснинг бола туғилганда бериладиган нафақа тўғрисидаги 287-моддасида бола туғилганда бир йўла бериладиган нафақа тўланади. Ҳар бир туғилган бола учун бериладиган нафақа миқдори ва уни тўлаш тартиби қонун ҳужжатлари доирасида амалга оширилиши белгиланган.

Аёл туғруққача декрет таътилига кетишидан аввал унга туғруққача ва туғруқдан кейинги давр учун бериладиган нафақа бир йўла берилиши керак. Мабодо, ҳомила нобуд бўлса ҳам декрет таътили учун аёлга тўланган маблағ қайтариб олинмайди.

 Таътилдан қайтмай туриб яна таътилга чиқиш мумкинми?

Қонунда белгиланган муддат тугаганидан кейин ходим ишга чиқмасдан бола парвариши билан шуғулланса (яъни 2 ёки 3 йил) ва бу муддат давомида яна ҳомиладор бўлса, унга қонунда белгиланган тартибда иккинчи бола туғилгунга қадар ва бола туғилганидан кейин белгиланган муддатда таътил берилади ва шу муддатга ойлик иш ҳақи миқдорида нафақа тўланади.

Суюнчи пулини отанинг ишхонасидан олса бўладими?

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2010 йил 19 февралдаги 30-сонли қарорига асосан, бола туғилиши муносабати билан 2 оклад иш ҳақи миқдорида суюнчи пули тўланиши белгиланган. Шу суюнчи пули ота ёки онанинг иш жойидан берилади.

 ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиққан аёлнинг иш ўрни сақланадими?

ҳомиладорлик ва бола парвариши учун таътилга кетган аёлнинг иш ўрнига олинаётган ходим унинг қайтиш санасигача вақтинча қабул қилинади. Аёлнинг иш жойи сақланади.

  Меҳнат қонунчилигида ёш болали оналарга қандай имтиёзлар белгиланган?

Меҳнат қонунчилигида ёш болали оналарга ўз хизмат вазифасини ўташда бир қанча имтиёзлар белгиланган. Меҳнат Кодексининг 116- ва 228-1-моддаларига кўра уч ёшга тўлмаган болалари бор, бюджет ҳисобидан молиявий  таъминланадиган муассасалар ва ташкилотларда ишлаётган аёллар меҳнатига жадвал асосида тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган муддати (ҳафтасига 35 соатдан ошмаслиги керак) белгиланган. Ушбу шарт хусусий корхоналарда ишловчи ёш болали аёллар учун ҳам тегишли.

Ушбу Кодекснинг 224-моддасига кўра ҳомиладор ва ёш боласи бор аёллар бўш ўринларга навбатсиз ишга қабул қилинади.

228-модда талабига асосан, аёллар ва ёш болали аёллар тунги ишларда ишлаши, иш вақтидан ташқари ишларда, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилиниши ва уларни хизмат сафарига юбориш чекланади.

Барно ҲАЙДАРОВА ёзиб олди.

ИСРОФГАРЧИЛИККА ЙЎЛ ҚЎЙИШ ГУНОҲДИР

(43-сон)

Муқаддас Ислом дини таълимотида мол-дунё инсонларга Парвардигор томонидан берилган неъматлардан бири сифатида қаралади ва ҳаёт зийнатларидан ҳисобланади.

Аввало, Яратган зот бандаларга ихтиёридаги мол-дунёларини ҳалол меҳнат ва касблар орқали топишга амр қилган, қолаверса, ҳалол йўл билан топилган   мол-мулкни беҳудага сарфламаслик, фойдали ишларга йўналтириш  лозимлигини айтади.

Улуғ юртдошимиз Абу Лайс Самарқандий (р.а.) шундай нақл қилдилар: Одамлар тўрт тоифадур: саҳий, бахил, исрофгар, тежамкор.

Саҳий одам - дунёдаги насибасини охират учун сақлаб қўйган киши; бахил кимса - дунёда ҳам, охиратда ҳам насибасини қолдирмаган; исрофгар - охират насибасини дунёда ишлатган киши; тежамкор инсон эса дунё ва охиратдаги насибасини олган кишидур.

Исроф деганда фақат маблағ ёки бойлик ва мол-мулкни ноўрин жойларга совуриш тушунилмайди, балки қимматли умри ва бебаҳо вақтини фойдасиз нарсаларга   сарфлаш ҳам исрофдир. Исрофга йўл қўйиш Ислом динида гуноҳ саналади. Шу боис, ҳар бир ишда тежамкор ва тадбирли бўлишга, исрофга йўл қўймасликка интилишимиз лозим. Машаққатли меҳнатларимиз эвазига топилган мол-мулкни беҳуда сарфлаш ва исроф қилиш масаласи бугун жамиятимизда ҳам долзарб бўлиб турибди. Айниқса, баъзи тўйларда, хайру эҳсонларда исрофгарчиликка йўл қўйилаётганлигини асло оқлаб бўлмайди. Орамиздаги айрим кишилар исрофгарчиликка йўл қўйиб, ўзлари билмаган ва кутмаган ҳолда ғам-ташвишга гирифтор бўлмоқда, ўзларини гуноҳга ботириб, дунё ва охиратларини бой бераётганликлари ачинарлидир.

Ҳадиси муборакда: "Қарздорликдан сақланинглар, чунки у кечаси сизларга ғам-ғусса, кундузи эса хорлик бўлади", дейилган. Одамлар кўзига яхши кўриниш, сохта ҳурмат топиш мақсадида, ҳатто қарз олиб, тўкин тўй ва маросимларни ўтказаётган кимсалар ҳам минг афсуски, орамизда йўқ эмас.  Тўй ва аза маросимларини исрофгарчиликка йўл қўймасдан меъёрида ўтказиш матлубдир. Агар ортиқча мол-дунёмиз бўлса, маҳалламиздаги муҳтож инсонларга, қабристонлар ободончилиги, йўл ва кўприкларни таъмирлашга, талабаларга ёрдам тариқасида берилса, шубҳасиз, улкан савобга эришамиз.

Ривоятларга кўра, қадимда бир одам донишманддан: "Бошим етишмовчиликдан чиқмай қолди. Маслаҳат беринг, кимдан қарз олай?" - деб сўрабди. Шунда донишманд: "Ўзингдан қарз ол", деб жавоб берибди. Ҳалиги одам ҳайрон бўлибди: "Ўзимдан қандай қарз оламан", деб сўраса, "Исрофгарчиликка чек қўй, пулингни тежаб ишлат, шунда аҳволинг ўнгланади", мазмунидаги жавобни олган экан.

Келтирилган ривоятдан юртдошларимиз ибрат олсалар, нур устига нур бўларди.

Аллоҳ таоло барчамизни исрофдан сақланадиган, ўзининг ажру савобларига сазовор бўладиган бандалари қаторида бўлишлигимизни насиб этсин.

 

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

 

Андижон шаҳридаги "Абу ҳурайра" жомеъ масжиди имоми.

ТОМОРҚА - ДАРОМАД МАНБАИ

(43-сон) Ибратли оилалар

Бугун тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, томорқадан унумли фойдаланиб оиласи бюджетига катта даромад келтираётган оилалар жуда кўп. Ана шундай оилалардан бири Жалақудуқ тумани Ойим шаҳарчаси, Тошлоқ маҳалласида яшовчи Матлубахон ая ва Fуломжон ака Сотволдиевлар оиласидир.

Бу оилани кўпчилик боғбон сифатида яхши билади. Улар фарзанд ва келинлари билан биргаликда парвариш қилаётган 5 гектар майдондаги боғни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келади. Бу йил боғдаги олма, олхўридан мўл ҳосил олинди. Бундан ташқари, ушбу оилада         томорқадан унумли фойдаланиш борасида ҳам каттагина тажриба шаклланган. Томорқадан олинаётган даромад турмушларини янада чиройли бўлишини таъминламоқда. Бу ишлар албатта ўз-ўзидан бўлмайди. Бунинг ортида изланиш, тинимсиз меҳнат ётади.

Оила соҳибаси Матлубахон ая умр йўлдоши Fуломжон ака Сотволдиев билан қарийб ярим асрдан буён бирга, ҳамжиҳатликда яшаб келадилар. Қизлари, ўғиллари, набиралари билан биргаликда етиштирилаётган турли мева ва бошқа неъматлар билан элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқдалар. 

- Меҳнаткаш одамнинг ҳар бир ҳаракати, ҳалол ва самарали меҳнати келгусида албатта, ўзини оқлайди, ҳатто, мукофоти бўлиб қайтади, - дейди Матлубахон ая Сотводиева. - Деҳқончилик ортидан кам бўлмадик. Ерга меҳр бердик, меҳнатдан қочмадик. Мана бугун меҳнатларимиз роҳатини кўряпмиз, ер бизни боқмоқда, ризқимизни улуғ қилмоқда.

 Хонадон иссиқхонасидаги лимон ҳосили кўзни қувнатади. Гулхоналарида етиштирилган гул кўчатлари эса тумандаги кўплаб маҳалла ва кўчаларга чирой бахш этиб турибди.  Томорқанинг биринчи ҳосилдан бўшаган қисмига аллақачон саримсоқпиёз экиб қўйилган. Умуман, бир йилда томорқадан икки, уч марта ҳосил олиш ҳадисини олган бундай миришкорлар меҳнатига ҳар қанча тасанно айтиш ўринли. 

- Ҳамжиҳатлик, аҳилликда гап кўп, - дейди Fуломжон ака.- Бир ишни бошлашдан олдин кенгашиб, маслаҳатлашиб, кейин ёппасига уринамиз. Яратганга шукрки, турмуш ўртоғим меҳнаткаш, қаноатли аёл. Шу боис бугун топганларимиз, деҳқончилигимиз баракали бўлмоқда.

Қарийб 50 йил биргаликда ҳамфикр, маслакдош, елкадош бўлиб яшаб келаётган бу инсонлар маҳалладошларига турмуш, деҳқончилик борасида доимо ўз маслаҳатларини бериб келади. Айниқса, ёшларга ўзларининг ҳаётий тажрибаларини, оила муқаддас эканлиги, тинч-осуда ҳаётимиз учун шукрона келтириб яшашимиз кераклигини кўп таъкидлайдилар.

Ушбу оиланинг яна бир ўзига хос жиҳати шуки, оиланинг аксарият аъзолари кўп китоб ўқийди. Оила  катталари: яхши яшаш, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топиш учун кўп ўқиш, илмли бўлиш шарт, илм кишини ҳамиша эзгуликка, ютуқларга етказади,  деб биладилар.

Бу каби оилалар ҳамиша жамиятимизга кўрк ва ибратдир.

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

 

жамоатчи мухбир.

БЕЛБОҒЛИ КУРАШ МАЛИКАСИ

(43-сон) Спортимиз юлдузлари

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 16-28 сентябрь кунлари Туркманистон  пойтахти Ашхобод шаҳрида ёпиқ иншоотлардаги Осиё спорт ўйинлари бўлиб ўтди.  Унда дунёнинг 63 давлатидан келган спортчилар ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

 

Мазкур мусобақаларда спортнинг белбоғли кураш тури бўйича мамлакатимиз терма жамоаси таркибида иштирок этган вилоятимиз вакиласи    халқаро тоифадаги спорт усталигига номзод Шаҳзода Эргашева ўз вазн тоифасида иккинчи ўринни қўлга киритиб, кумуш медаль соҳибасига айланди.

Балиқчи туманининг Ўрмонбек қишлоғида туғилиб ўсган Шаҳзода спортнинг нафис турларини эмас, белбоғли курашни танлади. Қишлоқда "Отаси тракторчи, онаси уй бекаси. Бу қиз қанақасига курашчи бўлсин, тавба-а-а!" деб ёқа ушлаганлар ҳам бўлди. Бироқ Шаҳзода аҳдидан қайтмади, кичиккина бўлса-да, нималарга қодир эканини исботлаш учун спортнинг ушбу тури билан астойдил шуғулланди, Андижон Олимпия захиралари коллежига ўқишга кирди. Машғулотлар мураккаб, вазифа эса улкан. У мусобақаларда  "Нима бўлсаям барибир, ҳаракат қиламан. Бизнинг қишлоқдан ҳам албатта, чемпионлар чиқади!" дея, ғалабага бўлган қатъий ишонч билан иштирок этди. Унинг ишонч билан олға интилиши ўз натижасини кўрсатди. Шаҳзода 2014 йилда Россиянинг Қозон шаҳрида ўсмирлар ўртасида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида 1-ўринни эгаллаб, олтин медални қўлга киритди. Шаҳзоданинг ғалабали одимлари шундан сўнг бошланди. 2015 йилда "Спорт маликалари" республика мусобақасида ғолибликни қўлга киритиб, "Кураш маликаси" деган шарафли номга сазовор бўлди. 2016 йилда Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионатида кумуш медаль соҳибаси бўлди. Яқинда якунланган ёпиқ иншоотлардаги Осиё спорт ўйинларида эса Қирғизистон, Филиппин, Индонезия, Покистон, Монголия ва Қозоғистон вакилалари устидан ғалабага эришди. Фақат финалда туркманистонлик  рақибасига имкониятни бой бериб, иккинчи ўринни қўлга киритди.

- Спортнинг белбоғли кураш тури билан олти йилдан бери шуғулланаман, - дейди Шаҳзода Эргашева. - Эришган муваффақиятларимда аввало мураббийларим, хусусан, устозим Жамолиддин Бозоровнинг хизмати ниҳоятда катта. Қолаверса, оила аъзоларим, яқинларим, юртдошларимнинг қўллаб-қувватлашлари мега куч берди. 

Мусобақага тушишдан аввал она Ватаним, миллионлаб юртдошларимнинг менга бўлган ишончи, ота-онам, тренерларимиз, ҳамма-ҳаммасини бирма-бир кўз олдимга келтираман. Уларнинг ишончи, умидвор чеҳраси кучимга куч қўшади, қалбимда ғалаба бўлган қатъий ишонч туғилади. Fолиб бўлиб, шоҳсупага кўтарилганингда эса беихтиёр кўзингга ёш келади.

- Айни кунда Андижон Олимпия заҳиралари коллежида белбоғли кураш бўйича 20 нафар ўқувчи таҳсил олаётган бўлса, улардан 3 нафари қизлардир, - дейди мураббий Жамолиддин Бозоров. - Қизларимиз Шаҳзода Эргашева, Камола ҳабибуллаева, Мафтуна Маҳмудова уччаласи ҳам белбоғли кураш бўйича  Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритган. Ўқувчиларимизнинг 14 нафари эса турли ёшдаги Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидир. 

Белбоғли кураш мураккаб спорт турларидан саналади. Унинг ўзига хос шартларидан бири - рақибнинг белидан ушлаб, даст кўтариб йиқитиш. Бунда қўлни белбоғдан узмаслик талаб қилинади. Кейинги йилларда ушбу кураш тури тобора оммалашиб бормоқда. Шу боис ҳам  белбоғли кураш 2018 йилда Жакартада бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари тақвимидан жой олди.

- Мақсадим, халқаро спорт мусобақаларида ғолиб бўлиб, Ўзбекистон байроғини янада баланд кўтариш, Ватанимиз шуҳратини ошириш, - дейди Ш. Эргашева. Қолаверса, келажакда ўз соҳамнинг етук мутахассиси сифатида юртим тараққиётига муносиб ҳисса қўшсам дейман.

Мақсад ва ниятлари улуғ, қалбида эртанги кунга қатъий ишонч мужассам белбоғли кураш маликаси орзу-ниятларига албатта, эришади.

 Муаззам ИБРОҲИМОВА