+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

05 Окт 2017

КИТОБЛАР ҲАЁТИМНИНГ МАЗМУНИГА АЙЛАНГАН,

(41-сон)

- дейди Бобур номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ахборот библиография бўлими мудираси Замирахон Шаҳобиддинова.

Суҳбатдошимиз ҳақида маълумот: Замира Шаҳобиддинова - 1961 йилда Андижон шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат маданият институтини тамомлаган, 35 йилдан буён кутубхоначилик соҳасида фаолият кўрсатади. Оилали, 3 нафар фарзанди, 7 нафар набираси бор. Жуда кўп ёшларга касб сирларини ўргатиб келаётган соҳа фидойиларидан бири.

Шиддат билан ўтиб бораётган бугунги кунда ахборот оқими замон ва макон чегараларини писанд этмаяпти. Глобаллашув жараёни жуда кўп халқларнинг миллий қадрият, урф-одат ва анъаналарига қайсидир жиҳатдан таъсир кўрсатаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Ана шу жараёнда интернет, ахборот-коммуникация технологияларининг ривожланиши инсониятнинг китоб ўқишга бўлган эҳтиёжи ва қизиқишини бўғиб қўймоқда.

Таъкидлаш керакки, нима бўлганда ҳам инсоният учун китобнинг қадри ҳамиша юксак бўлиб қолаверади, китоб бера оладиган билим, тафаккур ва маънавиятни бошқа ҳеч қандай восита бера олмайди. Шу маънода китоб мутолаасини маънан юксалишдаги энг мақбул йўл дейиш ўринлидир. Унинг халқ маънавий камолоти, миллат равнақи, ёшлар тақдиридаги аҳамияти ва ўрнини ҳеч қандай восита билан тенглаштириб бўлмайди. Улуғ рус ёзувчиси М. Горький "Ўзимдаги барча яхши хислатлар учун китобдан бир умр миннатдорман" деб ёзган эди. Дарҳақиқат, китоб йўлларимизни ёритувчи нур, ёлғизликда садоқатли ҳамроҳ, умримиз давомида бизни тўғри йўлга бошловчи беминнат устоздир.

Ўқувчилик йилларим эди. Бир куни ўқитувчимиз дафтарларимизни текшириш учун уйи-га олиб кетаётганини кўриб кўтаришиб, унинг уйигача кузатиб қўйдим. Шунда у мени қўярда қўймай ичкарига бошлади. Киргач, ҳайратдан қотиб қолдим. Катта хонанинг бир томонини тўлиқ эгаллаган махсус жавон китоблар билан тўла эди. Жавоннинг баландлиги шифтгача етарди. Ҳатто, мактабимиз кутубхонасида ҳам бунча кўп китоблар йўқ эди. Кўзларимда акс этган севинчни кўрган муаллима "Китобни яхши кўраркансан-а, қизим, бу жуда яхши фазилат..." дея  қўлимга беш-олтита китобни тутқазди. Ўқиб бўлганимдан сўнг уларни алмаштириб кетишим мумкинлигини  айтди. Шу куни севинчим ичимга сиғмай, то уйимизгача югуриб кетибман... Мен айнан шу китоб-лар, бебаҳо асарлар, дунёни ҳайратга солган, қалбларни ёритиб тургувчи машъала, бебаҳо хазина эканига ишонч ҳосил қилганман. Нодир асарларни ўқир эканман, киши улардаги чуқур маънодан руҳий қувват олишини, китоб инсон билими, тафаккури, дунёқараши, бадиий диди ва эстетикасини бойитишига яна бир бор амин бўлганман. 

Кечагидек ёдимда, синфдош дугоналарим билан биргаликда китобларни ўқиб чиққанларимиз, улар устида баҳслашганларимиз, қаҳрамонлар тутган йўлни гоҳ қоралаб, гоҳ оқлаганларимиз бизга олам-олам завқ берарди... Йиллар ўтгани сайин китобга бўлган меҳрим ошаётганини ҳис этардим. Бу ҳис мени бир умр китоблар билан ҳамроҳ бўлишга ундагани рост.

Тошкент давлат маданият институтининг кутубхоначилик ва библиография факультетида таҳсил олдим. 1982 йилда олий ўқув юртини тамомлаб,  мазкур даргоҳга ишга келганман. Шундан буён инсон руҳиятини нурга, қалбини эзгуликка тўлдирувчи бебаҳо неъматлар маконидаман. Нафақа ёшига етган бўлсам-да, ҳамон кутубхонадаман. Чунки китобларсиз яшаш мен учун қийин, китоблар умрим мазмунига айланган. Уларсиз ҳаётимни тасаввур ҳам этолмайман. Ўттиз беш йиллик фаолиятим давомида ўнлаб ёшларга касб сирларини ўргатиб келяпман. Насимахон Аснабоева, Нигорахон Йўлдошева, Дилафрўз Каримова каби шогирдларим мен билан ёнма-ён меҳнат қилишмоқда. Қизим Севара ҳам ёшлигидан шу касбга меҳр қўйди. Ҳозир у ҳам мазкур даргоҳда хизмат қилмоқда. 

1907 йилда ташкил топган ахброт-кутубхона марказимизда турли мавзулардаги 670 мингдан зиёд адабиётлар, 530 мингдан ортиқ электрон ресурс-лар мавжуд. 7 та бўлим, 7 та секторда 42 нафар мутахассис  22 мингдан зиёд китобхонларга хизмат кўрсатиб келади. Масканимизда ўсмирлар ва катталар учун алоҳида ўқув зали, компьютер зали мавжуд бўлиб, ҳамиша мижозлар билан гавжум.

Кейинги йилларда юртимизда аҳолининг, айниқса, ёшларнинг мутолаага бўлган қизиқишини кучайтириш масаласига жиддий эътибор берилаётганидан қувонаман. Бунинг замирида биз юқорида тилга олган мақсад ётади, яъни инсон камолотида китобнинг ўрни ниҳоятда катта.

Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 12 январда қабул қилинган "Китоб маҳсулотлари чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиш замирида ҳам ёшларимизни китобхонликка ўргатиш, бу ишга ижодкорларни жалб этиш, навқирон авлодни бой маънавий меросимиз билан таништириш, қалбида тарихимизга чуқур ҳурмат ва муҳаббатни уйғотишдек улуғ ниятлар мужассам. Зеро, ёшларни тўғри йўлга бошлайдиган, маънавиятини бойитадиган, уларнинг ҳаётда, жамиятда ўз ўрнини топишларига кўмак берадиган китоблар яратиш бугунги куннинг талабидир. Фармойишда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб,  муассасамиз раҳбари Гулнорахон Исмоилованинг лойиҳаси ва ташаббуси билан вилоятимиздаги болалар уйлари, оромгоҳлар, ҳарбий қисм-ларда турли кечалар, викториналар, китобхонлик конференциялари ўтказяпмиз. Мулоқотларда иштирокчиларнинг китобга бўлган муҳаббати ортиб бораётганлигини кутубхонамизга аъзо бўлиш учун ташриф буюраётганлар сони ортиб бораётганлигидан ҳам кўришимиз мумкин. Бундан ташқари, ҳамкор ташкилотлар билан бирга ёзувчи ва шоирларнинг юбилейлари, хотира кечаларини ташкил этяпмиз. Уларда эса ёш ижодкорлар, бўлажак шоир ва ёзувчилар кашф этилмоқда.

Китобнинг, сўзнинг қудрати улуғлиги ҳақида маҳаллага бош бўлиб ишлаган дугонам яқинда бир воқеани айтиб берди. Сўздан бино бўладиган мўъжизани тасвирлаш қийин. Воқеа шундай бўлган экан. Бир хонадондаги икки келин ўртасида муроса қочади. Можаро ҳатто, маҳалла идорасигача бориб етади. Раис келинларга шундай дейди:

- Оилада катта келинсизлар, уят эмасми? Сизлар ахир, кичик овсинларга ибрат бўлишингиз керак.

- Э, унинг биз билан иши йўқ, у - китоб жинниси, - раиснинг сўзини чўрт кесади тўнғич келин.

Панд-насиҳатлардан сўнг овсинлар муросага келгандай бўлишади. Аммо раисни кичик келин ҳақидаги гаплар қизиқтириб қўяди. Бир куни ўша хонадонга ташриф буюриб, кичик келин билан суҳбатлашади. Қўлида чеварлик ҳунари бўлган бу келин рўзғорга наф келтираётгани, бўш қолди дегунча китоб ўқишини қайнонаси уни дуо қила-қила гапириб берди. Гап-сўзлари маънили, мулоҳазали, овсин-опаларига ҳам ўйлаб гапиради. Бу китобнинг таъсири экани, шубҳасиз.

- Сизлар ҳам ҳеч китоб ўқиганмисизлар? - сўрайди раис катта келинлардан.

- Э, миямни ғовлатиб нима қиламан? Шундоқ ҳам иш-ташвишларим кўп, - дейди уларнинг бири.

- Ўқиб, олим бўлармидим, - деди иккинчиси.

Аммо англамайдиларки, олдиларида ҳар қандай ташвишдан-да масъулиятлироқ вазифа - фарзанд тарбияси турганини. Китоб ўқиганларидами, гап талашиб маҳалла идорасигача боришмасди. Зеро, китоб инсонни андишали, мулоҳазали бўлишга ўргатади.

Кўп китоб ўқиган ўқувчининг нутқи равон бўлади, дўстлари, ота-онаси, устозлари ва    бошқалар билан муносабатда одоб қоидаларидан четга чиқмайди. Шунинг учун ҳам мен доимо ўқитувчиларга ўқувчилар ўртасида китобхонлик маданиятини тарғиб этиш, бирор бир бадиий асар мутолаасидан сўнг мунозара соатларини ташкил этишни маслаҳат бераман. Чунки мутолаа маданияти ва китобхонликни оммалаштириш жараёнида энг катта вазифа биз билан бир қаторда  педагоглар зиммасига тушади.

 Бугун аксарият ота-оналар тирикчилик ва рўзғор ташвишларини биринчи ўринга қўйишади. Фарзандига бирон марта китоб совға қилмаган ота-оналар жуда кўп. Катталар орасида ҳам китоб ўқишни бош оғриғи деб қабул қиладиганлар борлиги ниҳоятда ачинарли. Модомики, ота-онанинг ўзи фарзандига ибрат бўлмас экан, фарзанд қалбида китобга меҳр уйғотиш қийин.

Олимларнинг тадқиқотларига кўра, китоб ўқиш тушкунликни даволашнинг энг самарали воситаси экан. Тушкунликка тушган киши китоб ўқиса, бундай ҳолат жуда камдан-кам бўлиши аниқланган. Демак , инсонлар китобларни  ўз саломатлиги учун ҳам муҳим восита эканлигини унутмасликлари лозим. Инсон қанча кўп китоб ўқиса, ҳаёт йўлини шунчалик аниқ танлай олади. Китоб ўқиш ҳаётдаги тўсиқларни енгишга ҳам ёрдам беради.

Барно Шерали қизи ёзиб олди.