Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
- Онаси... - Эри диван четига чўкди. - Тақдирда бор экан-да энди, нима қилардик? Биз ожиз бандалармиз. Аллоҳнинг хоҳиш-истагидан ортиғини бажаролмаймиз. Қисматда шундай ёзилган экан, бўлди. Худога шукр, ўғлимиз бор, қизларинг бор. Ўтган воқеаларни унут, шундай бўлиши керак экан, бўлди. Ҳаёт давом этяпти. Ўзинг-ни қийнама. Ўзи яна нимага ўша воқеаларни эслаб қолдинг?..
Юлдуз қизи эрталаб навбатчиликдан олиб келган воқеа тафсилотларини гапириб берди.
- Уйлансам фақат шу қизга уйланаман! Шаҳарлик бўлгани айб эмас. Чиройи - нуқсон эмас. Уни беш йил кузатдим, синадим. Фикру ёди эгалламоқчи бўлган касбида. Одоби, феълини ҳамма яхши кўради. Мен унинг гўзал тарбиясини қадрлайман. Йигит севганига эга чиқиши керак!..
Мард йигитнинг сўзлари кўнгилларни эритди. Қалблар узоқ масофаларни яқинлаштирди. Турмуш қурдилар. Бирин-кетин қизалоқлари туғилди. Бу орада йўлланма билан чекка туманга ишга юборилдилар. Шароитсиз уйларда яшаш, тўкин ҳаётдан узоқлашиш уларга машаққат туюлмади. Аксинча, бир-бирларини янада қадрладилар. Юлдуз қўшни вилоятдан келин бўлгани учун, ота-онасини кўргани йилда бир борганида, барча қариндошу жигарларини ҳам зиёрат қилиб қайтарди. Ўшанда эри қўлида чақалоқ билан ота юртига боришини унча хушламаганди. Юлдуз ота-онасини соғинганини айтиб, маҳзун бўлганда ноилож ўзи олиб бориб, бир кеча қайнотасиникида тунаб қайтди. Ота-онасининг дийдорига тўйган Юлдуз кундузи чақалоғини эмизиб, онасига қўйиб синглисиникига бормоқчи бўлди.
- Қорни тўйса бўлди, йиғламайди, аяжон. Мен узоқ қолиб кетмайман. Агар уйғониб йиғласа, бир бурда нонни ширин чойга ивитиб берасиз. Мен Дилфузани кўриб қайтаман.
Янги келинчак синглиси Юлдузни кўриб боши осмонга етди. Куёви ишда экан. Опа-сингилнинг суҳбати қизиди. Чақалоғини онасига қўйиб келган Юлдуз, боласидан хавотир олганди, синглиси хотиржам қилди:
- Озиб-ёзиб бир келганингизда наридан-бери жўнатмайман. Ош дамлайман. Болангиздан хавотир олманг, онам сиздан ҳам яхши қарайдилар. Кечки пайт куёвингиз ишдан қайтиб ўзлари олиб бориб қўядилар.
Опа-сингил кулишиб ош дамлади. Куёви ишдан қайтиб, бирга овқатландилар. Юлдуз қайтишга тараддудланганди, куёви олиб бориб қўядиган бўлди. Қишнинг изғирин туни ҳаво қаттиқ совуқ эди. Кўчага чиққач, Юлдуз кўкраги шишганини, ҳатто сути бироз оқиб кетганини сезди.
- Куёв укажон, тезроқ такси тўхтатайлик, чақалоғим ҳам йиғлаб онамни қийнагандир,- деб куёвига эргашди.
- Нега? Сизнинг ҳеч қандай айбингиз йўқ. Яхшиям, гўдакни касалхонага олиб келганингиз. Онасининг ҳаёти сақлаб қолинди-ку. Сиз чақалоқни олиб келмаганингизда у қиз ётоқхонада ўлиб қолиши мумкин эди. Жуда кўп қон йўқотган экан...
- Менинг ҳам чақалоқ гўдагим бор. Онамга ташлаб синглимникига меҳмонга боргандим...
- Ҳа, куёвингиз милиция ходимларига айтди. Ота-онангизга ҳам хабар бердик. Улар ҳам роса хавотир олишибди.
Ўзимни йўқотиб қўйдим. Даҳшатга тушдим. Чақалоқни эмизсам балки, тирик қолармиди... Худди уни мен ўлдиргандек виждоним қийналаяпти...
- Йўғ-ей, синглим, ундай деманг. Эмизганингизда меҳрингиз тушиб бундан баттар қийналардингиз. Чунки барибир чақалоқни сақлаб қолишнинг имкони йўқ эди. Биринчидан, онаси ҳомиладорликда қорнини қаттиқ боғлаб юрган. Ҳомила ривожланмаган. Юрак пороги, бош мия босими билан туғилган. Бунинг устига киндиги кесилмаган, нотўғри узилган. Чақалоқ кўп қон йўқотган. Сиз инсонийлик юзидан тўғри иш қилдингиз. Энди, уйингизга шошилинг. Чақалоғингиз оч қолиб кетгандир. Совуқда кўп оввора бўлдингиз, ҳеч нарсани ўйламай дам олинг. Эмизикли аёл бўлганингиз учун сизга тинчлантирувчи дори-дармон ҳам қилмадик. Яхши боринг, синглим...
***
Ўша воқеадан сўнг анча вақт ўзига келолмай юрди. Ахлат уюми ичида киндигидан қон оқаётган, совуқ жонидан ўтиб, йиғлашга мадори келмай инграётган яланғоч чақалоқ узоқ вақт-гача тушларини тарк этмади. Орадан йигирма тўрт йил вақт ўтган бўлса-да, Юлдуз бу воқеа-ни унутолгани йўқ. Бир неча дақиқа бағрида бўлган чақалоққа меҳри тушиб қолган эканми, уни қўмсайверади, эслайверади. Эрталаб қизи касалхонадан топиб келган гап ҳам олис хотираларининг жароҳатига туз сепган эди.
Чиндан ҳам бу нақл жуда ўринли айтилган. Сочларига оро бермаган қиз-жувонлар уйда ҳам, кўчада ҳам, иш жойида ҳам атрофдагиларга чиройли бўлиб кўринмаслиги аниқ. Сочлар парвариши учун эса дўконлардаги қимматбаҳо ашёларни сотиб олиш шарт эмас. Қадим даврлардан аёллар ўзларига ва сочига доимо оро бериб юришган. Энг муҳими, улар арзон, табиий ва самарали воситалардан кенг фойдаланганлар.
Масалан, бир дона картошка қайнатиб пиширилгач, иссиқлигида пўсти арчилади. Сўнг эзиб, битта тухум сариғи билан аралаштирилади.Тайёр бўлган массани сочга суртиб, устидан целлофан халта кийиб олинади. 30 дақиқадан сўнг ювиб ташланади.Бу муолажадан сўнг сочнинг ранги тиниқлашиб, ўзгача жилоланади.
Ажинлардан қутулиш қийин эмас
Юзларингиз ҳамиша тиниқ ва силлиқ бўлиши учун бир оз ҳафсала қилсангиз кифоя. Бир бўлак олмани кўзингиз остига 15 дақиқага қўйиб турсангиз, кўз остидаги майда ажинлардан халос бўласиз. Олма бўтқасидан тайёрланган ниқоб эса терини юмшатиб, озиқлантиради. Олма таркибидаги витаминлар ва минерал моддалар терини таранглаштириб, рангини тиниқлаштиради.
Сепкил ва доFлардан қутулишнинг осон йўли
Кўпгина опа-сингилларимиз юзларидаги сепкил ва доғлардан ҳижолат бўлиб юришади. Сепкил ва доғлар айниқса, баҳор ойларида кўпаяди. Аслида уларни йўқотиш катта муаммо эмас. Бунинг учун ҳар куни юзга камида икки марта сабзи сувини суртиш керак. Сўнг бир стакан сувга бир ош қошиқ сутни аралаштириб, юзингизни ювиб ташланг. Бу муолажа яхши самара беради.
Қўл парваришини ҳам унутманг
Одатда аёллар қўл парваришига у қадар эътибор беришмайди. ҳамма ёшдаги аёллар қўлларининг мулойим ва юмшоқ бўлишини исташади. Бунинг учун жуда оддий ва тажрибада синалган воситалардан фойдаланиш мумкин. Бир ош қошиқ глицеринни бир ош қошиқ асал билан аралаштириб, тозалаб ювилган қўлга нами кетмасдан суртилади. Орадан15-20 дақиқа ўтгач, илиқ сувда ювиб ташланади.
Қўлдаги доғларни эса бир бўлак лимон билан осонгина кетказиш мумкин.
- 1965 йили ўрта мактабни тамомлаб, Тошкент театр ва рассомчилик институтига ўқишга кирдим. Ўқиб юрган кезларим курсдош қизлар билан Бешёғочдаги гўзаллик салонига бориб турардик. Ўша ердаги сартарош қизлар, косметолог аёлни кўриб, шу соҳага қизиқиб қолганман. Бу соҳа аёл киши учун ҳар қандай ёшда ҳам гўзал ва латофатли бўлиш имконини беради. Ўқишни тамомлагач, Муқимий номли театрга ишга кирдим. Аммо ота-онамнинг хоҳиши билан Андижон театрига ишга келдим. ўша пайтда косметологияга бўлган қизиқишим санъатга бўлган меҳримдан устун келди. Косметология тиббиёт билан эгизак, мазкур соҳада "малакали мутахассис бўламан", деган инсон албатта, тиббиётдан хабардор бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам тиббиёт билим юртига ўқишга кириб, тиббий билимларни эгаллагандан сўнг косметолог бўлиб иш бошлаганман.
- Сизни Андижонда иш бошлаган биринчи косметолог аёл дейишади?..
- Йўқ вилоятимизда косметолог аёллар кўп бўлган. Лекин мен ўзбек аёллари орасида шу соҳанинг бошини тутган биринчи мутахассис бўлганман. Фаолиятим давомида юзлаб аёлларга ҳунарим сирларини ўргатдим. Барча туман ва шаҳарларда, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам шогирдларим жуда кўп.
- Соҳангиз бўйича малака оширганмисиз?
-Албатта! Россия пойтахти Москвадаги Гўзаллик институтида малака оширганман. Латвия пойтахти Ригада ҳам косметологлар билан ўзаро тажриба алмашганман. Дам олгани бирон бир шаҳарга борсам албатта, гўзаллик салонлари, косметология марказларини айланаман. Уларнинг иш услуби, қайси косметик воситалардан кўпроқ фойдаланиши, табиий маҳсулотларни қандай ишлатиши билан қизиқаман.
- Бугунги замонавий косметологияга муносабатингиз қандай? Бу соҳадаги ислоҳотлар сизни қониқтирадими?
- Косметология бугун дунё миқёсида ривожланиб бормоқда. Ҳар хил янги косметик воситалар, йўналишлар кўпайди. Пластик операциялар, татуаж, боотекс, соч экишлар, сочни кимёвий куйдириб бўяш, оғритмасдан қулоқ тешиш, депилляциялар амалга оширилмоқда, Айниқса, юртимизда гўзаллик салони очиб, иш ўринлари яратмоқчи бўлган тадбиркор аёлларга кенг имкониятлар яратиб берилмоқда. Буларнинг барчаси косметология соҳасидаги ислоҳотлар. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, косметологлар орасида етарлича билим ва малакага эга бўлмай туриб, гўзаллик салони очиб, аёлларга ўзи билганича хизмат кўрсатаётганлар ҳам йўқ эмас. Эскилардан қолган гап бор, юзга билиб-билмай дори қилиб бўлмайди. Чунки ҳар бир инсоннинг юз хусусиятлари турлича. Кимнингдир юзи ёғли, баъзиларники қуруқ, аралаш юзлар бўлади. Масалан, билиб-билмасдан турли косметик воситалардан фойдаланиш яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкин. Чунки, уларнинг барчаси ҳам бизга тўғри келмайди, негаки бизнинг иқлим қуруқ иссиқ, аксарият косметика билан танилган давлатлар воситалари эса ўзларининг нам ва совуқ иқлимига мўлжалланган.
Ҳаммага бир хил мойупани тавсия этиб ёки ҳамма келинчакларга бир хил макияж қилиб бўлмайди. Кимгадир сунъий киприк умуман, ярашмаслиги мумкин, кимнидир қовоғи билинмайди, унинг қовоғини "очиш" учун қандай ранглар танлашни билиш керак. Қош билан ҳам худди шундай ҳолат. Мен қошлари табиатан чиройли бўлган қиз-жувонларга иложи борича қошига тегмасликларини маслаҳат бераман. Ҳозирда қилинаётган татуажлар, боотексларнинг барибир, инсон организмига зарари бор. Булар кишини вақтинчалик гўзаллаштириб туради, аммо вақт ўтиши билан, қош-кўздаги бўёқ ўчиб хунуклашади, қош ўзи ўсиб туради лекин татуаж қилдиргандан сўнг ўша жойдаги тукларнинг ўсиши қийинлашади, агар бирон томир жойлашган нуқтага нотўғри тегиб кетиладиган бўлса, ўша юз фалаж бўлиб қолиши ҳам мумкин.
- Ҳозир кўпчилик аёлларда қуёшнинг ультрабинафша нурлари ҳисобига доғлар кўпайган. Шунингдек, куз-қиш мавсумида юз териси қуруқлашади. Қуруқлашганда ажинлар кўпаяди. Кейин...юздаги ҳар хил доғлар ички органлардаги касалликларга ҳам боғлиқ. Мисол учун доғлар ўт пуфаги, жигар хасталиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Агар ана шу аъзолар соғлом бўлмаса, бу юзда акс этади. Соғлом одамда юз ранги чиройли бўлади. Шуни ҳисобга олиб камида олти ойда бир марта аёл киши албатта, тиббий кўрикдан ўтиб туриши керак. Ёғли таомларни кўп истеъмол қилиш ҳам юзга ўз таъсирини ўтказади, Аёлларимиз кўпроқ парҳез таомлар билан озиқланишни одат қилиши лозим.
- Уй шароитида юзларни парваришлаш мумкинми?
- Бизнинг ўлкамиз неъматлари витаминларга жуда бой, табиий иқлим шароитида ўсган. Бу неъматлардан уй шароитида ҳам юз парвариши учун турли ниқоблар қилиш мумкин. Ёки турли доривор гиёҳлардан дамлама тайёрлаб ичиш, компресс қилиш ҳам фойдали.
Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтмоқчиман, Аёлларнинг хунуги бўлмайди, фақат ўзига эътибор беришни билмайдиган аёллар бўлади холос. Аёл киши ўзига озгина вақт ажратиши, гўзал бўлиши учун қунт қилиши керак. Ахир айтишади-ку, "онангни отангга бепардоз кўрсатма", деб. Аёл киши пардозланиб, ороланиб, бенуқсон, гўзал чеҳрага эга бўлиб юрса, ўзининг ҳам кайфияти яхши бўлади, қолаверса оила аъзоларига, атрофидагиларга ҳам бу ижобий кайфият улашади.
Инсон камолотида ота-она ҳамда устознинг ўрни ва роли ниҳоятда катта. Уларнинг кўмаги ва тарбиясини олган бола ҳаёт синовларидан қоқилмай ўтади, эзгу мақсадларига қийналмай етишади.
Болаларга ўзининг бор меҳр-муҳаббатини бера олган кишигина ўқитувчи деган шарафли ҳамда масъулиятли касбни эгаллай олади. Ҳақиқий устозгина ўз меҳнатлари самарасини топади, яъни уни мактабда, кўча-кўйда ўқувчилар қучоқ очиб кутиб оладилар. Уни ўзларига яқин олиб, қалбидаги қувонч, ҳаётида дуч келган ташвишу муаммоларни айтиб, ундан маслаҳат олади. Касбини севган, ардоқлаган устоз ана шундай пайтларда ўз муаммоларини четга суриб, ўқувчи билан дилдан гаплашади, унинг муаммоларига ечим топишга интилади.
Тарбия, ўқувчи қалбига йўл топиш, унинг ишончини қозониш осон иш эмас. Ўқувчилар орасида шундайлари борки, уларга бир танбеҳ, бир қараш етарли бўлади. Аммо яна бошқа бир ўқувчилар ҳам борки, улар билан алоҳида суҳбат ўтказиш, шуғулланишга тўғри келади. Ҳар қандай ўқитувчи ўз ўқувчисини одобли, тарбияли, билимли бўлишини истайди. Ана шунга эришиш учун баъзида талабчан, қаттиққўл бўлишга тўғри келади. Бундай ҳолларда ўқувчи кўпинча ота-онасига шикоят қилиб боради.
Хўп, ўқувчи хали ёш, кўп нарсани англаб етмайди! Аммо ота-оналар-чи, нимага мана шу оддий нарсанинг моҳиятини англаб етмайди? Минг афсуски, бундай пайтларда аксарият ота-оналар дарров мактабга келиб ўқитувчининг ёқасидан олишга, уни тартибга чақириб қўйишга уринади. Бу ҳолатда ўша фарзандимиз бошқа синфдошлари ўртасида ўзини баланд тутар, лекин ўқувчилар орасида "тартибга чақирилган" ўқитувчининг обрўси йўқолмайдими? Шундан сўнг ўқувчилар унга қандай муносабатда бўлади, унинг гапига, ўтаётган дарсига қулоқ тутадими?
Минг афсуски, орамизда шундай ота-оналар ҳам борки, улар арзимаган гаплар учун устозларга таҳдид қиладилар, ҳатто уларни ҳақоратлаб обрўларига путур етказишга уринадилар. Бу нафақат ўша ота-онанинг фарзанди, балки бошқа болалар тарбиясига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Ёки фарзандимизга ўзининг қалб-қўри, меҳр нурини бахшида этаётган муаллимни ҳақоратлаган ўша инсон, бирор обрў топадими? Ундай кишилар бу ишидан эртага уялиб қолмайдими? Ота-она шу жиҳатларни яхшилаб ўйлаб кўриши лозим. Зотан, бизнинг ножўя хатти-ҳаракатларимиз эртага фарзанд тарбиясидаги бошқа нуқсонларга йўл очиб бермасин.
Ўқитувчи ҳеч қачон ўқувчини бекордан бекор уришмайди. Хато қилган ёки дарс тайёрламаган болага "Тўғри бўл, яхши ўқи" деб айтиши мумкин. Тўғри, ўқувчига қаттиққўллик қилиш мумкин эмас. Бироқ бугун айрим фарзандларимизнинг яхши гапга қулоқ тутмаётганлигидан ҳам кўз юммаслигимиз керак. Шу ўринда мен ўрни келганда болага қаттиққўл бўлиш керак, деб ҳисоблайман. Нима бўлганда ҳам ота-она ва ўқитувчининг мақсади бир, у ҳам бўлса, фарзандларимизга пухта билим, чиройли тарбия бериш.
Албатта, юқоридаги фикрлар менинг шахсий мулоҳазаларим, лекин бу масала бугунги кунда нафақат ўқитувчиларни, балки кенг жамоатчиликни қийнаётган масалалардан биридир. Шу боис, бу борада ҳар бир ота-она мулоҳаза билан иш юритса, мақсадга мувофиқ бўларди. Балки бу ҳақда ота-оналарнинг айтадиган гаплари бордир.
Вилоят ёшлар театрининг олий тоифали актрисаси Солияхон Бойхонбоева театр соҳасида кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган фидойи санъаткорлардан биридир. У фаолияти давомида ижро этган 80 дан ортиқ ранг-баранг роллари билан мутахассис ва мухлислар ҳурмат-эътиборини қозонган.
1979 йилда Андижон санъат билим юртинининг "Халқ рақси" мутахассислигини тамомлаган ёш Солияхон қарийб ўн йил вилоят мусиқали драма ва комедия театрида раққоса бўлиб меҳнат қилди. Шу билан бирга, тажрибали санъаткорлардан саҳна, актёрлик маҳоратини ҳам қунт билан ўрганиб борди.
С. Бойхонбоева 1990 йилдан вилоят ёшлар театрида фаолият юрита бошлади. Мазкур театрда унинг ижоди гуллаб-яшнади, янги-янги ижодий қирралари, актёрлик маҳорати, истеъдоди намоён бўлди.У вилоят ёшлар театри томонидан саҳналаштирилган Қобилжон Юнусовнинг "Қарғиш урган уй" асарида Нафиса, Тоҳир Маликнинг "Алвидо, болалик" асарида Она, Маннон Ҳамидовнинг "Меҳр қолур" асарида Турсунмомо, Олимжон Холдорнинг "Севги афсонаси" асаридаги Хушҳолбиби сингари жуда кўп ролларни маромига етказиб ижро этди.
Айни кунда Солияхон Бойхонбоева ёшлар театрида ижодий гуруҳ раҳбари вазифасида самарали меҳнат қилмоқда. Драматурглар Назиржон Раҳимовнинг "Ниқоб", Жўра Маҳмуднинг "Осмондан танга ёққан кун", Худойберди Тўхтабоевнинг "Сеҳрли қалпоқча", Рихсивой Муҳаммаджоновнинг "Мени кечир, азизам" номли 20 дан зиёд спектаклларнинг саҳна юзини кўриши, томошабинлар олқишига сазовор бўлишида унинг жонбозлигини алоҳида эътироф этиш жоиз.
Солияхон Бойхонбоева чин маънода серқирра ижодкор. У комик актёр сифатида кулгули ролларни ҳам, фожеали асарлардаги жиддий ролларни ҳам маҳорат билан ижро этиб, ҳақиқий истеъдод соҳибаси эканлигини кўрсата оладиган актрисадир. Бундан ташқари, у кўплаб теленовеллаларда ижро этган роллари орқали ҳам мухлислар эътиборига тушган.
Ўзининг муборак ёшини қарши олаётган қаҳрамонимиз айни кунда ҳам ижод билан ҳамнафас. Театр жамоаси томонидан саҳналаштирилаётган Маннон ҳамидовнинг "Замоннонг синган ойнаси" номли асарда София хола ролини яратиш борасида ижодий иш олиб бормоқда. У тажрибали мутахассис сифатида саҳна маҳорати, бой ижодий тажрибаларини ўргатиб, кўплаб ёшларга устозлик қилиб келмоқда.
С. Бойхонбоева 38 йиллик ижодий фаолияти, меҳнатсеварлиги, театр ишига фидойилиги, қатор инсоний фазилатлари билан нафақат жамоадошлари, балки мутахассислар, мухлислар, бутун андижонликлар ҳурмат-эътиборига сазовор бўлди.
- ҳаётимда театр соҳасини, актрисаликни танлаганимдан асло афсусланмайман, -дейди З Бойхонбоева. - Мен ижро этган роллар, қилган хизматларим элимизга манзур бўлган бўлса, бундан беҳад мамнунман.
Бугунги қувончли кунда устоз санъаткорни қутлуғ ёши билан бутун жамоамиз, минглаб мухлислари номидан муборакбод этиб, унга янада улкан ижодий ютуқлар, фарзандлари, набиралари камолини кўришлик бахти насиб этишини тилаб қоламиз.
"Тил - чаманнинг очилган лоласи бўлса, сўз дурлари унга қўнган шабнамдир".
А. Навоий
Азиз юртдош! Биз жаннатмонанд юрт - Ўзбекистон фарзанди эканлигимиздан ҳақли равишда фахрлансак арзийди. Негаки, бу юрт жаҳонга соҳибқирон Амир Темурни, сўз мулкининг султони Алишер Навоийни, Бобур Мирзодек шердил ўғлонни, шоира Нодираи давронни, исёнкор Дукчи Эшонни, ҳур фикрли шоир Чўлпонни, шоира Саидадек булбул-забонни, Муҳаммад Юсуфдек шоир ўғлонни туҳфа этган қутлуғ заминдир.
Хон Саидлар босган тупроқ,
Бунча ширин бўйинг сенинг.
Ҳасад билан боққанларга,
Кўзингга тош, дегим келур.
"Ватанни севмоқ иймондандир", дейилади ҳадиси шарифда. Ватан бу-қутлуғ сўз, дилларимизга доимо дармон бўлгувчи, йўлларимизни нурафшон этгувчи нур, зиёдир. Биз ўзимиз учун энг азиз бўлган калом - она сўзини доимо Ватан сўзи билан баробар қўллаб: "она-Ватан" дея ардоқлаймиз. Шунингдек, онамиз алласи билан жонимизга, вужудимизга сингган тилимизга ҳам она сўзини қўшиб, она тил деб улуғлаймиз:
Она тил бор экан, она эл яшар,
Шоҳларни ҳам шоир айлар бу забон.
Билимлар булоғи бағрингда қайнар,
Илм-ла, ижод-ла дил шод-у хандон.
Тил инсон учун Яратган инъом этган улуғ неъматлардан биридир. Йигирма тўққиз-ўттиз товушдангина иборат сўзлар, сўзлардан мисралар, мисралардан байтлар, байтлардан улкан асарлар ижод қилинади...
Бу борада ёзувчи шоирларни уста меъморларга ўхшатиш мумкин. Дарҳақиқат, инсоният ақлу тафаккури, кўнгил оламининг таржимони бўлган тилни замонларни-замонларга, кўнгилларни кўнгилларга боғловчи олам ва одам орасидаги олтин кўприкка қиёс қилсак арзийди. Тил - маънавият бешиги, илмлар нарвони, ақл таржимони, миллатнинг қалбидир.
Бизнинг она тилимиз дунёдаги уч мингга яқин тил орасида туркий тиллар оиласига мансуб бўлиб, жонли тил сифатида қипчоқ, қарлуқ, ўғиз лаҳжаларида намоён бўлади. Ўзбек адабий тили эса ана шу лаҳжалардаги сўзларнинг маълум бир меъёрига келтирилган шаклидир. У муттасил ўсиб, ривожланиб бормоқда. Унинг ривожида сўз мулкининг султони Алишер Навоийнинг хизматлари беқиёсдир. Ҳазрат Навоий тил хақида шундай ёзадилар: "Кўнгил хазинасининг қулфи тилдир. Ул хазинанинг калитидин сўз бил". Навоий "Хамса"нинг "Ҳайрат-ул аброр" достонида бутун бир бобни сўз таърифига бағиш-лайди:
Сўз гуҳарига эрур онча шараф,
Ким бўла олмас анга гавҳар садаф.
Тўрт садаф гавҳарининг дуржи-ул,
Етти фалак ахтарининг буржи -ул.
Донаи дур сўзини афсона бил,
Сўзни жаҳон баҳрида дурдона бил.
Миллатимизнинг жаҳонда борлигини, ўзига хос қадриятларини, олим-у, шоирлар томонидан яратилган маънавий меъросимизни авлодларга етказувчи тилимиз ХХI асрда ўзига хос жозиба билан яшамоқда. Бугун биз Алишер Навоий "Хамса"сини, Бобурнинг "Бобурнома"сини, Юсуф хос ҳожибнинг "Туркий шоҳнома"сини, Яссавий "Ҳикмат"ларини, Имом Ал Бухорий "Ҳадис"ларини, Хоразмий, Беруний ва Ибн Сино каби алломаларимизнинг илм-у ҳикматларини, шунингдек, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Fафур Fулом, Зулфияхоним сингари улуғ адибларимизнинг гўзал асарлари, ўтли сатрларини бизга етказиб келган она тилимиздан миннатдормиз.
Тонгдек оромбахш, қуёшдек нурли, она оғушидек иссиқ, баҳордек тароватли, ёздек ҳароратли, куздек саховатли, қиш қорларидек беғубор туйғуларимизнинг таржи-мони бўлган, миллатимиз руҳини ифода этувчи она тилимиз, бизни юксак маънавиятга, маърифатга, маданиятга, истиқлолу истиқболга етакловчи бебаҳо неъматдир. Шу боис ҳам ҳар биримиз она тилимизни асраб-авайлашимиз, эъзозлашимиз лозим. Зотан, тилимизга эътиборли бўлсак, миллатимиз қалби она тилимиз ҳеч қачон завол топмайди.
Сайёра СОЛИЕВА,
Избоскан туманидаги 31-умумтаълим мактабининг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.
(44-сон)2017 йил - Андижонда "Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили"
Жаҳон маданияти тарихида ёрқин из қолдирган, дунё тамаддуни, илм-фан, адабиёти ривожига салмоқли ҳисса қўшган буюк сиймолардан бири бу - Заҳириддин Муҳаммад Бобурдир. Биз Бобурни нафақат шоир, балки буюк адиб, таржимон, кашфиётчи, моҳир саркарда ва адолатпеша ҳукмдор сифатида ҳам яхши биламиз.
Шуни айтиш жоизки, Бобурнинг умри фақат жангу жадаллар билан ўтган эмас. У адабиёт, санъат, тарих ва илм-фаннинг турли соҳаларида ўзининг бетакрор асарларини яратган олим ва адиб эди. Биргина унинг "Бобурнома"асари бугунги кунда ҳам дунё халқлари томонидан беқиёс асар сифатида эътироф этилаётганлиги фикримизга ёрқин мисолдир. Ушбу асар Бобурнинг умри давомида кўрган-кечирганлари, хотираларидан иборат бўлиб қолмай, Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эрон халқларининг тили, нодир ёдгорликлари, тарихи, географияси, этнографияси ва бошқа соҳалари ҳақидаги кўплаб маълумотлар берувчи қимматли манба ҳамдир. Шунинг учун ҳам бу асар ғарб тарихчилари диққатини доимо ўзига тортиб келади.
Бобур шахси ҳақида Муҳаммад Юсуфнинг "Анвори ҳикмат", Зайниддин Восифийнинг "Бадое ул-вақое" асарларида яна кўплаб маълумотлар келтирилади. Бундан ташқари, Бобурнинг инсоний фазилатларини мадҳ этувчи ҳикоя, ривоятлари ҳозиргача Осиёнинг кўплаб халқлари орасида маълум ва машҳурдир. Ана шундай ривоятлардан бирида шундай дейилади:
Иттифоқо, Бобур Деҳли кўчаларидан ўтиб борар экан, шовқин-сурон билан қочаётган одамларга назари тушади. Қараса одамларни баҳайбат фил қувиб келаётган экан. Шунда Бобурнинг кўзи йўл ўртасида қолиб кетган ёш болага тушади ва жон ҳолатда болани фил ҳамласидан қутқариб қолади.
Фил ўтиб кетгандан сўнг бир ҳинд Бобурнинг қаршисига тиз чўкади ва ханжарни олиб унга узатади:
- Мана бу ханжар билан мени ўлдир! Мен сенинг жонингга қасд қилиб юрган гуноҳкорман ва сенинг олдингда қарздорман...
(44-сон)25 октябрь - Ички ишлар идоралари ходимлари куни
Мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда Ички ишлар идоралари ходимлари куни кенг нишонланди. Маълумки, кейинги йилларда ички ишлар тизимини ислоҳ қилиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, соҳада фаолият олиб бораётган ходимлар билим ва маклакасини ошириш, уларга қулай иш шароитлари яратишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2016 йилда Ўзбекистон Республикасининг "Ички ишлар тўғрисида"ги қонуни, жорий йилнинг 10 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони, 20 апрелда эса "Ички ишлар органлари таянч пунктларининг профилактика инспекторларини хизмат уй-жойи билан таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди. Ушбу ҳужжатлар бу борадаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.
Қуйида ички ишлар тизимида ибратли иш олиб бораётган бир гуруҳ опа-сингилларимиз фаолияти хусусида сўз юритилади.
Мақсадимиз: эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини сақлаш,
- дейди майор гулнорахон Абдувоҳидова
Кейинги йилларда ички ишлар тизимида фаолият олиб бораётган ходимлар орасида хотин-қизлар сафи анча кенгайди. Бу юртимизда қиз-аёлларга кўрсатилаётган эътибор, уларга берилаётган кенг имкониятлар самарасидир. Хусусан, вилоятимизда ҳам мазкур соҳада ибратли иш олиб бораётган опа-сингилларимиз талайгина. Улардан бири вилоят ички ишлар бошқармаси ҳуқуқбузарлик профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, майор Гулнорахон Абдувоҳидовадир.
Андижон давлат университетида ҳуқуқшунос мутахассислигини эгаллаган Гулнорахон ички ишлар тизимида 1996 йилдан буён меҳнат қилиб келади. Дастлаб қўриқлаш бўлимида милиционер бўлиб иш бошлаган. Сўнг Андижон шаҳар ИИБ вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўлими инспектори, катта инспектори лавозимларида ишлади.
Хизмати жараёнида у ўзининг билимдон, меҳнатсевар, зиммасига юклатилган ҳар қандай вазифани сидқидилдан, масъулият билан адо эта олишдек фазилатларини намоён этди. Гулнорахондаги интилувчанлик, ташаббускорликни кўрган раҳбарлар унинг зиммасига янада масъулиятлироқ вазифа юклади. 2010 йили у вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бошқармасига ишга ўтказилди. Ўтган давр мобайнида у ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг олдини олиш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Дарҳақиқат, ички ишлар тизимида меҳнат қилаётган опа-сингилларимизнинг ибратли ишлари ҳақида ҳар қанча илиқ гаплар айтсак арзийди.
Мақоламиз қаҳрамони Гулнорахон Абдувоҳидова бугун янада масъулиятли вазифа - ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида иш олиб бормоқда. У соҳада кўп йиллик тажрибага, юксак билим ва салоҳиятига эга мутахассис сифатида зиммасига юкланган ана шу вазифани юқори савияда адо этишга, ўзига билдирилган ишончни оқлашига асло шубҳа йўқ.
Гулнорахон нафақат ўз соҳасининг етук мутахассиси, балки ибратли оиланинг бекаси ҳамдир. Бугун қизи Гуласал ҳам ўзи сингари ички ишлар тизимида меҳнат қилмоқда. Гулнорахон оила даврасида бўлганида, айниқса, набиралари ҳасанбой, Хусанбойларни бағрига босганида бутун чарчоқларини унутади, юртнинг бахтли аёлларидан бири эканлигидан фахр-ифтихор туяди.
- Тизимимизда меҳнат қилаётган ҳар бир кишининг мақсади битта, у ҳам бўлса, эл-юрт тинчлиги, осойишталигини сақлашдир, - дейди Г. Абдувоҳидова. - Ана шундай эзгу мақсад йўлида иш олиб бораётган барча ҳамкасбларимни касб байрамлари билан муборакбод этаман. Оилалари тинч, ишларида муваффақиятлар ёр бўлсин.
Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ
КАСБИМ – ФАХРИМ
Марина Антонова қурилиш техникумини тамомлагач, ёнғин хавфсизлиги бошқармасига ишга киради. Дастлаб марказий алоқа маскани диспетчери, катта диспетчер вазифаларида меҳнат қилди. Айни дамда котибият катта иш юритувчиси вазифасида фаолият олиб бормоқда.
Устозлари Татьяна Жўраева, Барно Амановалардан касб сирларини қунт билан ўрганган Марина ўз устида тинимсиз ишлади, янгиликларни ўзлаштириб, танлаган соҳасига жорий этишга уринди. Жамоада ҳурмат ва эътиборга эришган Маринанинг фаолият бошлаганига ҳам 20 йилдан ортиб кетди.
- Мен бу соҳани танлаганимдан ва юртимиз тинчлиги, осойишталиги, фуқароларимизнинг осуда яшаши, хотиржам ишлаши учун жонини фидо қиладиган касбдошларим орасида эканлигимдан мамнунман,- дейди Марина. -Аслини олганда севган касбингда ишлаш инсонга завқ бағишлайди.
Ҳар бир соҳада бўлгани каби ёнғин ўчириш хизматида ҳам ўзига хос қийинчиликлар бор. Бир нафар фарзандини тарбиялаётган Марина гоҳида ишларнинг кўплигидан уйга кеч қайтишига тўғри келади. Шундай бўлса-да, у ўз касбига доимо содиқ қолишга аҳд қилган. Спорт соҳасида эришган ютуқлари учун бир неча маротаба тақдирланган.
- Тизимимиздаги аёл-қизларимиз орасида яхши натижаларга эришаётганлар кўпчиликни ташкил этади, - дейди ходимлар бўлими бошлиғи Дилшодбек Шокиров. - Меҳнаткаш, фаол ходимларимиздан, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Гулбаҳор Маткаримова "Содиқ хизматлари учун" медали билан тақдирланган. Моҳидил Қурбонова, Гулнозахон Исмоилова, Дилфузахон Мадраҳимова, Жаннатхон Назарова сингари ходимларимиз ҳам ҳар қанча мукофот ва тақдирлашга муносибдир.
Ўз касбини ардоқлаб келаётган соҳадаги аёл-қизлар доимо эл хизматида.
Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ
Бурч ва масъулиятни ҳис қилиб ишлайман
Мен болалигимдан милиционер бўлишни орзу қилганман. Ниятим холис экан, бугун ички ишлар тизимида иш олиб бораяпман.
Андижон шаҳридаги 11- мактабни, сўнг енгил саноат техникумини тамомлаб, дастлаб Булоқбоши туманидаги 25- мактабда меҳнат фани ўқитувчиси сифатида иш фаолиятимни бошлаганман. Сиртдан Андижон давлат педагогика институти (ҳозирги АДУ)да таҳсил олдим.
Белгиланган синовлардан муваффақиятли ўтиб, 1998 йилдан Андижон шаҳар ички ишлар бўлими канцелярияси мудири вазифасида иш бошладим. Орадан бир йил ўтиб Андижон шаҳридаги собиқ ип-газлама комбинатига қарашли пост-патруль хизматида милиционер вазифасида фаолиятимни давом эттирдим.
2002 йилда вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий хизмат кўрсатиш марказига тарбиячи бўлиб ишга ўтдим. 2011 йилдан эса Асака туманида иш олиб боряпман. Мен қаерда, қандай вазифада ишлашимдан қатъи назар ҳамиша зиммамдаги бурч ва масъулиятни ҳис этиб, сидқидилдан хизмат қилдим. Ўзимга топширилган ҳар қандай вазифани бекаму кўст бажаришга, раҳбарлар ишончини оқлашга интилдим. Шу боис ҳам масъул лавозим, юқори унвонларга эга бўлдим.
Туманимизда кейинги йилларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, профилактика, тарғибот ишлари самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда Бунинг самараси ўлароқ, кейинги йилларда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари камаймоқда.
Қарийб 20 йиллик фаолиятим мобайнида турли йилларда Андижон шаҳар, Асака тумани, вилоят ички ишлар бўлими ва бошқармасининг ташаккурнома, фахрий ёрлиқ, ички ишлар вазирининг эсдалик соатини олишга мушарраф бўлганман. Ана шу рағбат ва эътиборни сидқидилдан қилган меҳнатларимга берилган баҳо, деб биламан. Бу мени янада шижоат билан ишлашга ундайди.
Оиламдан кўнглим тўқ. Бугун ўғлим Раҳматулло Бухоро тиббиёт институти талабаси, қизим Мубинахон набирам тарбияси билан банд, кенжа қизим Муслимахон эса мактаб ўқувчиси. Оиламнинг, яқинларимнинг тинчлиги, ишончи менга ҳамиша куч беради.
Ички ишлар идоралари ходимлари куни муносабати билан барча ҳамкасбларимизни табриклайман, масъулиятли ишларида ҳамиша омад ёр бўлишини тилайман.
Азизахон КАРИМОВА,
Асака тумани ички ишлар бўлими ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори, майор.
Мамлакатимизда ёш авлодни ҳар томонлама етук ва баркамол униб-ўсишлари, ўз иқтидор ва салоҳиятларини тўлақонли намоён этишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Хусусан, Зулфия номидаги Давлат мукофоти танлови кўплаб ёш истеъдод ва иқтидор соҳибаларини юзага чиқаришда, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Айни кунларда юртимизнинг барча ҳудудларида мазкур танлов номзодларини саралаш туман ва шаҳар босқичлари бўлиб ўтмоқда. Жумладан, танловнинг Хўжаобод туман босқичида 14 ёшдан 22 ёшгача бўлган 77 нафар иқтидорли қизлар адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишларида белгиланган шартлар асосида ўз иқтидор, маҳорат ва салоҳиятларини намойиш этдилар. Саралашдан ўтган 11 нафар иқтидор соҳибалари эса яна бир бор ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказдилар.
- Танловда қатнашиш истагидаги қизларнинг сони йилдан-йилга ортиб бормоқда, - дейди Хўжаобод тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳидил Абдуллаева. - Қатнашчилар ўтган йилдагига нисбатан анча кўп бўлди. Энг муҳими, қизларнинг фаоллиги, танловда иштирок этишга бўлган иштиёқи ортиб бораётганлиги эътиборга молик.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, ҳар бир йўналиш бўйича энг яхши натижаларга эришган иштирокчилар танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
- Ўз билим ва маҳоратимни жиддий синовдан ўтказдим, - дейди танловнинг адабиёт йўналиши ғолибаларидан бири, Хўжабод педагогика ижтимоий-иқтисодиёт коллежи ўқувчиси Сарвиноз Султонова. - Ижодий ишларим, эришган натижаларим ҳакамлар томонидан юқори баҳоланганлигидан беҳад хурсандман. Энди танловнинг вилоят босқичида ҳам муваффақиятли иштирок этиш, улуғ шоирамиз номи билан юритиладиган мукофот соҳибаси бўлиш учун бор билим ва истеъдодимни ишга соламан.
Мазкур танлов ёшларнинг ўз салоҳиятларини тўлақонли юзага чиқаришларига кўмак бериш билан бирга, уларда шижоат, интилишни, қолаверса, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига ҳурмат, юрт равнақи учун фидойилик туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ферузахон Тусматова ўн йилдан буён Улуғнор туманидаги "Фазогир" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлаб келади. Фидойилиги, олиб бораётган ибратли ишлари билан маҳалладошлари ҳурмат-эътиборини қозонмоқда.
Мазкур фуқаролар йиғинида 2545 нафар ахоли истиқомат қилади. Улардан 1294 нафари хотин-қизлардир. Маслаҳатчи фаолияти давомида аёллар, ёшлар билан ишлаш масаласига алоҳида эътибор қаратади. Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда уларга имкон қадар кўмак беришга, мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этишга ҳаракат қилади.
- Ҳудудимизда 680 оила мавжуд, - дейди маслаҳатчи Ф. Тусматова. - Ҳар бир оила, ундаги муҳит менга яхши таниш, қайси оилада қандай муаммо борлигини ҳам яхши биламан. Муаммоли оилаларга имкон қадар ёрдам бераман. Шунингдек, оилаларни мустаҳкамлаш, аёллар, ёшлар бандлигини таъминлаш, қизларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, ёшларни турли диний экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолишларининг олдини олиш, маҳалладаги соғлом маънавий муҳитни асраш бўйича тизимли ишларни йўлга қўйганман. Шу боис ҳам маҳалла ҳудудида вояга етмаганлар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари деярли йўқ. Профилактика инспектори билан ҳамкорлигимиз яхши йўлга қўйилган.
Ферузахон Тусматова иш жараёнида туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Нигорахон Жабборова, бош отинойи Салимахон Қўчқарова, маҳалла фаоллари ва кўпни кўрган кексалар билан тез-тез маслаҳатлашиб туради. Улардан зарур тавсия ва маслаҳатлар олади.
Ана шундай ҳамкорлик, ҳамжиҳатлик барча йўналишлардаги ишлар самарадорлигини оширишга яқиндан ёрдам бермоқда. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллада биронта ҳам ажрим, жиноятчилик кузатилмади.
- Ажрашиш арафасида турган 4 оила яраштирилди. Тўй-ҳашамлар, турли маросимларни камчиқим, дабдабасиз ўтказиш борасидаги ишларимиз ҳам эътиборга молик, - дейди Ферузахон. - Отинойи, дастурхончи, имомдан иборат ишчи гуруҳ аъзолари билан биргаликда хонадонма-хонадон юриб, тарғибот-тушунтириш ишлари мунтазам олиб борилаётганлиги қўл келмоқда.
Маҳалла маслаҳатчиси бўлиб ишлаш кишининг дунёвий билимлари кенг бўлишини, амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини яхши билишни, шу билан бирга, диний илмдан ҳам хабардор бўлишни тақозо этади. Анга шундан келиб чиқиб, Ферузахон ҳам доимий равишда ўқиб, ўрганиб, ўз билимларини ошириб бормоқда. Қолаверса, у билими, одоб-аҳлоқи, кийиниши, муомала маданияти билан барчага ибрат бўлмоқда. Бу эса унинг сўзи ўткир, таъсирли, фаолияти эса самарали бўлишида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ферузахон нафақат ишда фаол, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган оиланинг соҳибасидир. Турмуш ўртоғи билан 3 нафар фарзандларини тарбиялаб, камолга етказмоқда. Бир сўз билан айтганда, изланиб, фидойилик кўрсатиб иш олиб бораётган Ферузахон каби маслаҳатчиларимиз олиб бораётган ишлар кўпчилик учун ибрат намунасидир.