+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

05 Сен 2019

Энг катта бахт бу - фарзанд камолини кўриш,

- дейди Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳинур Қосимова.

Моҳинур Қосимова - 1985 йилда Андижон шаҳрида туғилган. Маълумоти олий. Мутахассислиги - педагог. Андижон қурилиш ва транспорт касб-ҳунар коллежида ўқитувчиликдан директор лавозимигача кўтарилган. Жорий йилдан Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси вазифасида фаолият кўрсатмоқда. Оилали, 2 нафар фарзанди бор.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнларида хотин-қизларнинг алоҳида ўрни бор. Уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, оилаларини мустаҳкамлаш, бугун хотин-қизларимиз олдида турган долзарб муаммолар, умуман, юрт равнақи йўлидаги ишларда муҳтарама аёлларимизнинг фаол иштироки хусусида Андижон шаҳар ҳокимининг ўринбосари, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси раиси Моҳинур Қосимова билан суҳбатда бўлдик.

- Тизимда иш бошлаганингизга кўп вақт бўлгани йўқ. Айтингчи, фаолиятингиздан кўнглингиз тўлаяптими?

- Хотин-қизлар билан ишлаш жуда масъулиятли ва кенг қамровли вазифа. Қолаверса, бугунги кун ҳар қандай даражадаги раҳбардан фидойилик ва шижоат билан ишлашни, халқ кўнглига йўл топа билишни талаб этади. Бу борада менга айнан педагог бўлганлигим қўл келмоқда. Фаолиятим давомида соҳага чуқур кириб боришга, барча йўналишлардаги ишларни самарали юритишга ҳаракат қиляпман. Тўғри, ютуқларимиз бор, лекин ҳал этилиши зарур бўлган муаммоларимиз ҳам етарли.  Шу маънода айтишим мумкинки, ўтган фаолиятимдан кўнглим тўлаётгани йўқ. Чунки, шаҳримиз хотин-қизлари фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни аниқлаш ва ҳал этиш, айниқса, хотин-қизлар билан боғлиқ салбий кўрсаткичларни яхшилаш борасида қиладиган ишларимиз талайгина.

 - Бугунги кунда хотин-қизлар ўртасидаги энг долзарб муаммолар қайси, деб ҳисоблайсиз?

 -  Биласизми, аёлларимиз энг кўп мурожаат қилиб келаётган муаммолар асосан, ишсизлик ва уй-жой масалаларидир. Бу масалалар шу қадар долзарбки, мазкур муаммолар ҳатто оилалар бузилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Нега десангиз, уйсиз, ишсиз кишининг оиласида ҳар доим ғалва бўлади. Аммо, нима бўлганда ҳам шукр қилиб яшаш керак. Чунки, давлатимиз ҳеч бир оилани, ҳеч бир муҳтожни эътибордан четда қолдираётгани йўқ. Шукроналик кишига бахт-саодат келтиради. Ва аксинча, ношукрлик одамга ташвиш, омадсизлик, йўқчилик олиб келади. Шундай одамлар борки, яшашга уйи бор, шароитлари яхши, аммо, боқимандалик кайфиятида.  Уйини ҳам давлат таъмирлаб бериши керак, ўзи бирон жойда тайинли ўқимаган, ҳунар ўрганмаган, давлат уни қўллаб-қувватлаши керак. Ана шундай масала билан мурожаат қилиб келган аёллардан бириникига бордим. Уйига кириб кўргач, нафратим қўзиди. Уй-жойи дурустгина, машинаси бор. Эри вафот этган бўлса-да, 2 нафар норғул, балоғатга етган  ўғиллари бор экан. Уйини таъмирлатиб бердик. Шундаям норози. 5-6 та муаммосини айтиб, ёрдам сўраяпти. Ҳукуматимиз унга яна нима қилиб бериши керак, ҳайронман. 

Қурбон ҳайити арафаси бир ногирон аёлнинг хонадонига йўқлаб бордик. Эр-хотиннинг жасоратига тан бермай иложинг йўқ: эрнинг кўзи ожиз, аёл юрмайди, белдан пасти ишламайди унинг. Оёғини операция қилдириш учун яшаб турган уйларини сотишди. 3 хонали уй аввал 2 хонали, сўнг 1 хонали бўлди. Ва ниҳоят охирги операция учун ўша бир хонали уйни ҳам сотишди. Лекин, эр-хотин бирон жойга пул сўраб бормаган. Ваҳоланки, ўша аёл ҳам баъзи бировларга ўхшаб юз-кўзини юлиб, ёрдам сўраб келиши мумкин эди. "Аравача олиб бердинглар, етади", дея минг ҳижолат бўлди, йиғлади, дуо қилди. Уйсиз қолди бечора, аммо ҳаётидан хурсанд. Бу - уйли, тўкис эса ҳамма нарсани давлат қилиб беришга мажбурдек, талаб қилаяпти.  Кейинги пайтда, асл ёрдамга муҳтож кишилар қолиб, мана шунақа, боқимандалик кайфиятидаги фуқаролар кўпайиб бораётганлигидан очиғи, хафа бўлиб кетаман.

- Ажримлар масаласида ижобий ўзгаришлар борми? Умуман, оилаларни мустаҳкамлаш, ажралишларнинг олдини олиш борасида қандай ишлар амалга оширилмоқда?

- Ҳа, албатта. Жорий йилда ажримлар сони ўтган 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 39 тага камайди. Бу яхши, бу борада ҳам ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Вилоятимиз ҳокими мазкур масала бўйича неча маротаба сессиялар ўтказди. Булар аста-секин ўз мевасини  беряпти.

Оилани муқаддас деб билиш, ардоқлаш ўрнига ҳаётга енгил-елпи ёндошадиганлар, ўғил уйлаб, қиз чиқаришга беписанд қарайдиган оилалар орамизда оз эмас. Йигитларнинг беқарорлиги, қизларнинг бесабрлиги, ношукрлигига хафа бўлиб кетаман. Доим қизлар томон бўлишга ҳаракат қилиб келганман. Аммо, онасиникига гап ташиб келадиган қизларни оқлай олмайман. "Қизимнинг уйи уй бўпкетсин", деган аёл, иложи борича қизини гап ташиб келмаслигининг олдини олиши керак. Қизига панд-насиҳат қилиши, иложи борича қизини оиласига, янги уйига итариши керак. Шу ўринда, оналарнинг фарзандини ҳаддан ортиқ яхши кўришлариям бўлмас экан, деб ўйлайман. Оналарнинг меҳри фарзандининг оиласини бузиш учун эмас, бахт-саодати учун хизмат қилиши керак, назаримда.

- "Анзират бувилар" гуруҳи ҳақида ҳам тушунча бериб ўтсангиз! Бу қандай гуруҳ, нималар билан шуғулланади?

- "Суюнчи" фильмида Анзират буви образи бор, билсангиз. Бу образ қишлоқнинг виждони ва расмийлар эътиборсиз қолдираётган муаммоларни жамоатчилик кучи билан ечишга ҳаракат қиладиган аёл сифатида тасвирланади. Бошқа ҳудудларда бўлгани каби шаҳримиздаги маҳаллаларда ҳам "Анзират бувилар"дан иборат Тарғибот гуруҳи ташкил қилинди. Унга маҳаллалардаги 30 нафар энг фаол, намунали уй бекалари, кайвони онахонлар, ибратли қайноналар жалб этилган. Бу гуруҳимиз "Оилага кириш", "Саломатлик" "Таълим-тарбия", "Бандлик ва тадбиркорлик" ҳамда "Жиноятчилик профилактикаси" каби 5 гуруҳга бўлинади. Мавжуд 85 та маҳаллаларда шу гуруҳ фаолияти бўйича махсус семинар ўтказдик. Гуруҳ таркибига ибратли оила вакиллари, фаол аёллар билан бирга, жиноятчиликка мойил ёки жазони ижро этиш муассасасидан қайтган, келини билан муроса қилолмайдиган қайноналар, нотинч оиладаги аёллар ҳам қўшилган. Масалан, "Баркамол" маҳалласида 37 та кўп қаватли уй бор. Ҳар бир "Анзират буви" га 7 тадан уйни бўлиб олиб,  ҳар бир оилага ташриф буюриб, ундаги муаммоларни ўрганиб чиқади. Ҳар шанба куни уларнинг йиғиб келган маълумотлари таҳлил қилинади ва 5 та тоифа бўйича ажратилади. Ажрим ёқасидаги оилалар бўлса "Оилага кириш" гуруҳига қўйилади, бемори бор хонадонлар "Саломатлик"гуруҳига йўналтирилади. Йиғилишда гуруҳлар муаммолар бўйича хонадонларни бўлиб олиб, муаммоларни ҳал қиладилар. Энг аввало ўзлари, сўнгра маҳалла фуқаролар йиғини, шундаям ҳал бўлмаса қўмитамиз, қўмита ечолмаган масала вилоятга олиб чиқилади. Мақсад - фуқароларнинг муаммоларини  жойида, қуйидан туриб ҳал этиш, аҳолининг муаммоларини камайтириш.

Бугунги кунда Андижон шаҳрида 216 мингдан зиёд хотин-қизлар бор. Улардан 107 минг нафари 30 ёшгача бўлган қиз-жувонлардир. Аёл зоти барибир ўзгача ҳилқат. Улар билан ишлашнинг ҳам қийин, ҳам ўзига яраша завқли томони бор. Дардини эшитиб, муаммосини ҳал қилиб берсангиз, хурсанд бўлиб,  раҳмат айтиб кетса,    завқини туясиз. Оиласи нотинч бўлиб, фарзанд доғида куйиб, муаммоси ортиб, кўз ёш тўкиб турса ўз дардингиздай юк босади.

Энг катта бахт бу - фарзанд камолини кўриш. Барча хотин-қизларимизга ана шу бахт насиб этишини тилайман!

 - Суҳбатингиз учун раҳмат!

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

 

суҳбатлашди.