+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Мен сув ичган дарёлар

Дил туFёни

 

Ҳали жамалаксоч вақтимдаёқ, мактаб ёшига етиб-етмай ўқишга иштиёқ, ёзишга интилишим кучли эди. Дугонам Нигора билан мактабга тайёрлов синфида бир йил ўқидик. Биринчи устозим Норхон ая Умаровани оҳиста гапиришлари, камтарона кулишлари, ширинсўзлиги жуда ёқарди. Илк бор эшитган эртакларим таассуротида улғайдим.

Кейинги йил уйимиз ёнидаги мактабга устоз муаллим Муборакхон Қодированинг яхши кўрган ўқувчиларидан бўлиб қабул қилиндим.Талабчан устознинг ҳар бир ўқувчи билан ўз характерига қараб, индивидуал ёндашуви мени ром этган. Чиройли муомала санъатини мен илк бор шу устозимдан ўргандим. Муаллимларим менда ўша вақтдаёқ ижодга, бадиий адабиёт ва сўз санъатига меҳр уйғотганини бугун англаб етаяпман. Ахир, сабрли ва матонатли ўқитувчиларим мени ўша болалик онларимдан китобсеварликка ундаганди-да.

Марҳум устозим, халқ таълими аълочиси Муҳиддин Шахобиддиновни яхшиликлари эса унут бўлмайди. Нафақат синф раҳбари, балки инсон сифатида ҳам у талабчан, жонкуяр, ўз ўрнида меҳрибон устоз эди.  Бугун собиқ синфдошларнинг оқибатли, фикрдош, ҳамиша бир-биримизга яхшилик соғиниб яшашимизда у кишининг ўрни катта. Умуман, 30-умумтаълим мактабининг барча устозлари бизни ўз фарзандларидек кўриб, таълим-тарбия берганлар. Неъматжон Аҳмедов, Зуҳрахон Жамиловалар эса мендаги ижодкорлик қобилиятини кашф эта олганлар. Улар саҳнада ўзини тутиш, шеърни ифодали ўқиш, ижод машаққати-ю, шеърият оламининг сеҳри ҳақида англата олган жафокашларимдир. Уларнинг ютуқлари ўқувчиларни қобилиятига қараб тўғри йўналтира олганлигида эди.

Олтин узукка ёқут кўз каби мос турмушдошлар, фахрий устозларим Тўхтахон Абдулфаттаева ҳамда Абдухошим Ҳамроқуловлардан доим миннатдорман. Ҳавасларга лойиқ турмуш ўртоқларнинг умр йўли ҳалолликда, камтарликда ўтгани боис, бугун  қўша қаришлик неъматидан тотиниб, невара-чеваралар шодлигидан қувониб,  ютуқларидан завқланиб дуода яшамоқдалар.

Раҳматли дадам - Набижон Маматқуловнинг ёзганларимдан мамнун бўлган қиёфаларини эслайман. Ижодимнинг илк тингловчиси ҳам ҳамиша падари бузрукворим бўларди. Мақолаларимда  яхшиларни танитгим, уни ўқиганларга эса эзгулик борлигини англатгим келаверади. Зеро, мен сув ичган дарёлар зилол, тиниқ, мусаффолиги боис, эзгу ҳаёт-ижод олами мени ўзига чорлаган. Атроф-муҳит, яқинларим яхшилиги сабаб қаламим тебраниб ёзгиси келади. Газета саҳифаларида чиққан ҳар бир материалимни бебаҳо дурдонадек авайлаб сақлайман. Менга ижод бахтини, ёза олиш завқини берган Яратганга шукрона келтирган ҳолда, қалбимда, тилимда эзгу бир тилак айланади. Боболар фалсафаси, момолар диёнати, ёшлар камолоти жарангдор овозда ёзилаверсин. Гурунглар, билим бойликлари бардавом бўлсин.

 

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА, Жалақудуқ тумани.

She’riyat gulshani

Bolalikni soG`inib

O’sha tol tagida o’ynagan qizcha,

Tongdan to shomgacha tinim bilmagan.

Tosh otib birovning qiyshiq tomiga,

G`am-anduh neligin bilib bilmagan.

 

Ko’zining sandig’i quvonchga to’la,

Kemachalar yasab, suvga oqizar.

Bugun o’tiribdi suvning bo’yida,

Gul kipriklaridan yoshin tomizar.

 

Chang ko’chaga boqar, ko’rar ko’zlari,

Ko’chani changitar tanti qizaloq.

Momaqaymoqlardan gulchambar yasab,

G`amli yuragini to’zg’itar ko’proq.

 

Alam qilar unga o’smirligi ham,

Hayotda tashvishlar qitiqlar g’amni.

O’ylar: qaytib kelmas nahot bolalik,

Ey dunyo, qaytargin mening kemamni!

Oyshabonu ABDUHALILOVA,

Andijon mashinasozlik instituti qoshidagi

akademik litsey o`quvchisi.

 

Buvim qaribdi

Qarang, qaribdi-ya mehribonginam,

Sochiga oralab oqlar tushibdi.

Tilimda aytmagan shu bitta nolam,

Buvim qaribdi-ya, qaribdi buvim.

 

Ko’ziga ro’zg’orning g’amlari ingan,

Bolam-chaqam, deya bag’ri tilingan,

Arafa oshini doim ilingan,

Buvim qaribdi-ya, qaribdi buvim.

 

Duoga ochilar qadoq qo’llar dam,

Saksonda bo’lsa ham tetik va bardam,

Nuroniy chehrasi farishtaginam,

Buvim qaribdi-ya, qaribdi buvim.

 

Erta tong yuzimdan qochdi tabassum,

Men uni yo’qotdim, yuzlari ma’sum.

Unutib bo’larmi bir nafas, bir zum,

Buvim qaribdi-ya, qaribdi buvim.

 

Dilfuza SOIPOVA,

Qo’rg’ontepa tumanidagi

39-umumta’lim maktabi o’quvchisi.

 

Beshafqat dunyo

 

Nahot shuncha beshafqat dunyo,

Deya o’ylab qolaman goho.

Har narsa sen xohlagandekmas,

Orzularing bo’larkan ro’yo.

Yaxshi kishi tortarkan azob,

Yomonni deb hayoti sarob.

Yomon kishi o’ylamas ekan,

Oxiratda berishin javob.

Balki, hayot sinar yaxshini,

Ko’rib uning ezgu ishini.

Sinash uchun qiynamas balkim,

Yomonliklar qilgan kishini.

Dunyo ekan sinovlarga boy,

Shu sababli, ocharkan chiroy.

Yaxshi-yomon odamla birga,

O’tib borar kunlar hamda oy.

 

Mohidil YULDASHEVA,

Oltinko’l tumani.

 

QIZIM, DEYА ERKALAGIN VATAN MENI...

 

Beshigingda allalading ona bo’lib,

Baxtim tilab, duo qilding ota bo’lib,

Yukingni ber, ko’tarayin bola bo’lib,

Qizim, deya erkalagin Vatan meni.

 

Kerak emas mol-u dunyo, davlat menga,

Shoh Iskandar qismati chin ibrat menga,

Sodiq farzand bo’lay ikki dunyo senga,

Qizim, deya erkalagin Vatan meni.

 

Ko’z yosh to’kma, yurak bag’rim qon bo’ladi,

Kurtak yozgin bir mardingga jon bo’ladi,

Jahon ichra O’zbek sharaf-shon bo’ladi,

Qizim, deya erkalagin Vatan meni.

 

O’rganamiz ajdodlar umr yo’lini,

Birgalikda tutib  shu xalqning qo’lini,

Do’st-u dushman ko’rsin biz O’zbek elini,

Qizim, deya erkalagin Vatan meni.

 

Osmonlarda xilpiratib yurt bayrog’in,

Medallarga to’ldirib elning quchog’in,

Ajdodlarni yod aylab, yoqib chirog’in,

Qizim, deya erkalagin Vatan meni.

 

Minnat qilmay bajaray elning kamini,

Yuragimda ko’taray xalqning g’amini,

Yana bir bor quvontirib Muslimani,

Qizim, deya erkalagin Vatan meni.

Muslima MAMATOXUNOVA,

O’zbekiston Xalqaro Islom akademiyasi

1-kurs talabasi.

 

Yurak

Yig’la yurak, yig’la dil,

Alamlarga to’lmagin.

Sensan menga yaqin do’st,

Yashab turgin, o’lmagin.

Yig’la yurak, yig’la dil,

Ko’z-yoshlarga to’lmagin.

Olovlarda qolsam ham,

Sen ustimdan kulmagin.

Yig’la yurak, yig’la dil,

Beshafqatdir bu dunyo.

O’zi kulib boshqani,

Yig’latadi bu dunyo.

Yig’la yurak, yig’la dil,

Ko’rib qo’ysin odamlar.

Ko’z yoshingning sehrini,

Ko’rib qo’ysin nodonlar.

Yig’la yurak. yig’la dil,

Bu dunyodan o’taman.

Bizni eslab yod olgan,

Yaxshilarni kutaman.

Nodirbek MADAMINOV,

Andijon tumani.

 

Hur O’zbekiston

 

Mustaqil diyorim, hur O’zbekiston,

Dovrug’ing tan olgan butun bir jahon.

Farzandlik burchini oqlay, ber imkon,

Jannatday go’zalsan, tengi yo’q makon.

 

Sendan yiroq ketgan devona bo’ldi,

Shoh bo’lib, poyingga parvona bo’ldi.

Umrga senday kim g’amxona bo’ldi,

Sening bag’ringdaman, ko’nglim to’q, Vatan.

 

Har ketgan, qaytishni orzu qiladi,

Qaytadi, tuprog’ing ko’zga suradi.

Senday  yurt topolmas, ular biladi,

Mehri ummon bo’lgan, tengi yo’q vatan.

 

O’zbekiston biz uchun buyuk mukofot,

Vatanni asraylik kelajak avlod.

Birlashib shu yurtni qilaylik obod,

Seni hech kimsaga bergim yo’q, Vatan.

 

 

Dildora MAMARASULOVA,

Asaka tumanidagi

24-umumta’lim maktabi o’quvchisi.

 

Go’zal Vatanim

Ozod, obod ona yurtimiz,

Dunyodagi eng go’zal maskan.

Kamolga yetkazgan onamiz -

Jannatmonand O’zbekiston!

 

Baxtli bolaligimning.

Makoni ona shahrim.

Go’zallikda tenggi yo’q,

Andijon - mening faxrim.

 

Vatanim, quchog’ingdan,

Yiroq ketmasman aslo.

Senga ta’zim qilaman,

Sensan dunyoda tanho.

Inobatxon MAMATXOJIYEVA,

Ko’rg’ontepa tumanidagi

 

3-umumta’lim maktabi o’quvchisi.

Ёдгорлик ҳақидаги муҳим манба

Ўзбекистон Республикаси мустақиллиги йилларида Ватанимиз тарихини холисона ва ҳаққоний ўрганиш, тарихий-маданий меросимизни илмий жиҳатдан тадқиқ этиш борасида тамоман янги давр бошланди. Хусусан, ўзбек давлатчилиги тараққиётида муҳим ўрин тутган Марказий Осиё ҳудудидаги қадимги давлатларга тегишли археологик ёдгорликлар ёшини аниқлаш, қадимий шаҳарсозлик маданияти, унинг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиш борасида салмоқли ва диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда.

Мингтепа ёдгорлигини илмий тадқиқ этиш ўтган асрнинг 40-50-йилларидан бошланган бўлиб, бугунги кунда бу ёдгорликдаги изланишлар изчил давом эттирилмоқда. Айниқса, Ўзбек-Хитой қўшма археологик экспедицияси бир неча йиллардан буён таниқли археолог олим, профессор Б. Матбобоев бошчилигида Мингтепа ёдгорлигида илмий изланишлар олиб бориб, муҳим илмий натижаларни қўлга киритдилар.

Мингтепа археологик ёдгорлигида олиб борилган изланиш натижалари, илмий хулосалар бўйича матбуот ва илмий      нашрларда қатор мақолалар эълон қилинган. Бу мақолалар хулосаларига кўра, Мингтепа ёдгорлиги бўйича тарихчи-археологларнинг хулосалари якуний эмас, яъни, бу масала тўла ўз ечимини топгани йўқ. Бу Мингтепа ёдгорлигини илмий тадқиқ этиш келгусида яна давом этишини билдиради.

Бугунги кунда халқимизнинг, айниқса, ёш авлоднинг Ватан тарихига бўлган қизиқиши тобора ошиб бормоқда ва бу ҳол Ўзбекистон тарихига доир, айниқса, Марказий Осиёдаги қадимги давлатларга оид тарихий ёдгорликлар таҳлилига бағишланган илмий ва оммабоп нашрларни халқимизга етказиш заруратини келтириб чиқармоқда. Бу жиҳатдан қараганда Шаҳло Хусанова томонидан тайёрланган "Мингтепа" илмий-оммабоп тўплами ўзига хос ўрин тутади. Ушбу тўпламда Мингтепа номи билан боғлиқ бўлган қадимги Довон давлати, унинг пойтахти шаҳри Эрши масаласига бағишланган қадимги хитой манбалари, Мингтепа ёдгорлигида тадқиқот ишларини олиб борган таниқли рус ва ўзбек археолог олимларининг илмий хулосалари ўрин олган.    Шунингдек, турли нашрларда ва оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган илмий-оммабоп материаллар, ёш тадқиқотчиларнинг мавзу бўйича изланиш натижалари ҳам мазкур тўпламдан ўрин олган.

Тўплам билан танишган ҳар бир киши Мингтепа ёдгорлиги ва унинг тарихий аҳамияти хусусида тўла тасаввурга эга   бўлади.

 

Музробжон Абдуллаев, 

 

АДУ Ўзбекистон тарихи кафедраси доценти, тарих фанлари доктори.

Мингтепа - водий гавҳари

Дунёда буюк ва қадимий тарихга эга давлатлар бармоқ билан санарли. Қувонарлиси, Ўзбекистон ана шундай қутлуғ ва табаррук юрт сифатида доим эътироф этилади. Андижон вилоятида жойлашган Мингтепа археология ёдгорлиги эса она Ватанимиз тарихидан сўзловчи қадим маскан ва дунё тамаддуни бешикларидан биридир.

 

Довоннинг "самовий" отлари

Манбаларда ёзилишича, Мингтепа қадимий милоддан аввалги V-IV, милоднинг V асрларида Фарғона водийси ҳудудида зич яшовчи аҳолига эга бўлган Довон (Даван) давлатининг маркази, яъни бош шаҳри бўлган. Ушбу юрт тарихи ҳақидаги илк маълумотлар Хитой манбаларида учрайди. "Буюк ипак йўли"да жойлашган бу маҳобатли шаҳар   ҳунармандчилик, деҳқончилик ва "Самовий тулпорлари" билан дунёга машҳур бўлган.

Довон давлатига ташриф буюрган Хитой элчиси Чжан Цяннинг ўз императори  У-Дига ёзган ҳисоботларида Довоннинг қишлоқ ва шаҳарлари обод, суғорма деҳқончилик ва ҳунармандчилик хўжаликлари юксак даражада ривожланганлиги, кучли қўшинга эга мамлакат эканлигини таърифлайди. Аҳолиси хушмуомала, меҳмондўст, кўнгли очиқ эканлиги, халқи қишлоқ хўжалиги экинларидан арпа, буғдой, шоли, беда, момиқ (пахта) экиб, улардан юқори ҳосил олишини ёзади. Қолаверса, элчи Довоннинг тинч ва осойишта мамлакат экани, аҳолиси бой, турмуши фаровон, табиати гўзаллигига қойил қолади. Айниқса, у бақувват, баланд бўйли ва кучли Довон дулдул отларини кўриб, ҳайратга тушади.

 

Бундай иншоот водийнинг бирор антик давр ёдгорлигида учрамайди

Ўтган йиллар давомида Мингтепа шаҳар харобалари ўрнида кўплаб маҳаллий ва чет эллик археолог-олимлар қазишма ишларини олиб борган. Айниқса, 2012 йилдан буён тарих фанлари доктори, профессор Боқижон Матбобоев раҳбарлигида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Археологик тадқиқотлар институти ҳамда Хитой Халқ Республикаси Ижтимоий Фанлар академияси Археология институти олимлари ҳамкорликда олиб борилаётган илмий изланишлар натижалар берди.

Топилмалар, уларни ўрганиш орқали Мингтепа тарихига оид янги-янги маълумотлар аниқланди. 2017 йилнинг 11 январида Хитойнинг "Синхуа" ахборот агентлиги томонидан хабар тарқатилди. Унда топилган манбаларга кўра, Мингтепа 2000 йилдан зиёд вақт аввал Фарғона водийсидаги энг йирик қаср-шаҳар бўлганлиги, ўз навбатида Мингтепа археология ёдгорлиги жаҳоннинг аксарият манбаларида таъкидланганидек, Довон давлати пойтахти эканлиги, унинг жойлашган ўрни ҳақида аниқ маълумотлар келтирилди. Бу билан Мингтепа ёдгорлиги халқаро миқёсда эътироф этилди, жаҳон тарихчи олимлари ва кенг жамоатчилик эътиборига тушди.

Қолаверса, топилган осори-атиқалар, қурилиш иншоотлари қолдиқлари, кулолчилик идишлари, ҳайвон суяклари ва тошдан ясалган ёрғучоқ, палахмонлар Мингтепанинг ҳақиқатан ҳам ўз вақтида ривожланган шаҳар бўлганини тасдиқлайди.

Биламизки, сопол идишларга тирнаб безак бериш водийда эрамиз бошларида юксак даражада ривожланган. Мингтепада ана шундай тасвирлар туширилган сопол парчалари топилган. Бирида жангчи ва қуш, иккинчисида эса от тасвири акс этган. Мазкур нафис тасвирлар аждодларимизнинг юксак дид ва маҳоратидан дарак беради. Энг муҳими, шаҳарнинг ички ва ташқи деворлари жуда мураккаб ва ҳар қандай ҳужумга дош берадиган даражада мустаҳкам қилиб қурилган. Аммо ташқи шаҳар ва унинг деворлари бугунгача сақланмаган. Ички шаҳар майдони ҳам деярли тўла бузилиб, экин экиш учун ўзлаштирилиб юборилган. Фақат ички мудофаа девори миноралари ва буржлари билан сақланиб қолган. Мудофаа деворининг шимол ва жануб томонларида 12 тадан 24 та, шарқ ва ғарб томонларида 20 тадан 40 та жами 64 та кузатув ва қўриқлов миноралари бўлган. Ҳозиргача 52 та мудофаа деворларидаги миноралар қолдиқлари етиб келган. 12 та минора уй-жойлар қурилиши ва хўжалик ишларини амалга ошириш натижасида бузиб юборилган. Мудофаа деворининг умумий узунлиги 2600 метр, ташқи девор бундан-да узун бўлган. Демак, Мингтепа икки қатор мудофаа иншооти билан ўраб олинган қалъа-шаҳар бўлган.

 

Хитой императори саройига олиб келинган узум кўчатлари

Ҳудудда олиб борилган қазишма ишларида узунлиги 30 метрча, эни 140-170 см. тошйўлак аниқланди. Худди шундай майда тош тўшалган йўл Мингтепа жанубида ҳам топилди. Шунингдек, қазишмаларда йирик ҳажмдаги кўплаб идиш парчалари, хумлар топилди. Археологларнинг фикрларига кўра, булар тери ишлаш (кўнчилик) ёки тўқимачилик каби ишлаб чиқариш соҳалари билан боғлиқ бўлиши мумкин. Чунки мутахассислар текширганларида хумлар остки қисми ер остига ковлаб бир тизимда ўрнатилган ва атрофи махсус лой - қир (турпоқ, кул ва оҳак аралашмаси) билан ўралган (гидроизоляция қилинган). Мазкур топилмалар эҳтимол Хитой манбалари тилга олган узум шарбати ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлиши мумкин. Яъни, Хитой манбаларида таъкидланишича,  Фарғона водийсида узум етиштириш ривожланган ва бадавлат оилалар бир неча минг дань (литр) узум шарбатини юқоридаги каби катта хумларда сақлаганлар. Ҳатто, манбаларда тилга олинишича, Хитой императорининг "Путаогун" (узум саройи) деган машҳур саройида юқори мартабали меҳмонларни қабул қилган. Айнан мазкур саройда Фарғона водийсидан келтирилган узум кўчатлари парвариш этилганлиги айтилади.

 

Мингтепа - туризмни ривожлантириш учун қулай маскан

Ҳозирги кунда мамлакатимизда жадал ривожланаётган туризм соҳаси учун тарихий масканлар муҳим аҳамиятга эга. Шу ўринда таъкидлаш керакки, Мингтепа археология ёдгорлиги ҳам ўзининг қадимийлиги, бетакрорлиги, тарихий аҳамияти билан сайёҳлар эътиборини жалб қилиб, жаҳон туризмининг қайноқ нуқтасига айланди. Шунингдек, Марҳамат туманининг бетакрор табиати, табиий ландшафти, шифобахш ҳаво оқими, айниқса, бой тарихий меросидан фойдаланиб, ҳудудда туризмнинг агро, эко, зиёрат йўналишларини ташкил этиш мумкин.

Андижонда туризм соҳасини ривожлантириш учун, аввало, Мингтепадаги тарихий масканлар, зиёратгоҳлар ва ёдгорликларни сақлаш, ободонлаштириш,  бой маданий меросини тиклаш ва бу эзгу ишларда кенг жамоатчилик, фуқароларнинг фаоллигини ошириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Ана шу йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида "Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди томонидан   Мингтепа ёдгорлиги ва тумандаги мавжуд тарихий зиёратгоҳларнинг ўрни, роли ва тарихий аҳамиятини кенг оммага тушунтириш борасида кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.  Бу саъй-ҳаракатлар ёш авлодни юртга садоқат, она Ватанга муҳаббат руҳида тарбиялаш, бебаҳо меросни асраб-авайлаш, уни келажак авлодга бус-бутунлигича етказишга қаратилган ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ортиқали ҲУСАНОВ,

"Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди раҳбари.

 

 

ВАТАНПАРВАРЛИК САБОFИ

Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 16 май куни вилоятимизга ташрифи чоғида фондимизнинг "Мингтепа" лойиҳаси тақдимоти билан танишиб, лойиҳага юқори баҳо берди.  Қадимий ёдгорликни асраб-авайлаш, кенг тарғиб этиш ва шунинг замирида туризмни ривожлантириш бўйича қатор вазифа, топшириқ ва тавсиялар берди. 

Ўтган ана шу қисқа муддат ичида фондимиз томонидан тарихий манбалар асосида     Мингтепа тарихига бағишланган "Мингтепа" номли рисола тайёрланиб, "Наманган"        нашриётида чоп этилди.

Ушбу тўпламдан Довон давлати ва Мингтепа тарихига оид кўплаб қимматли маълумотлар ўрин олган. Қолаверса, тўпламга Мингтепа тарихий ёдгорлиги ҳақида илмий қарашлар, таҳлиллар, изоҳ ва хулосалар, шунингдек, мақола ва бадиий асарларнинг киритилганлиги ўқувчига ёдгорлик ҳақида кенг маълумот ва билимлар олиш имконини беради.   

Мустақил фикрлайдиган, тарихга ҳурмат билан қарайдиган, ватанпарвар инсонни тарбиялаш учун буюк тарихимизни ўргатмоғимиз, ўрганмоғимиз зарур. Бунда ёдгорликлар ва тарихий жойлар муҳим аҳамият касб этади. Мингтепа археология ёдгорлиги ҳам шулар жумласига киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг   бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти маблағлари асосида "Мингтепа - туризм гавҳари, янги иш ўринлари манбаи, чекка туман ҳудудида ижтимоий ва маиший инфратузилма яратишга, аҳолининг турмуш даражасини яхшилашга қодир ёдгорлик" лойиҳаси доирасида нашр этилган "Мингтепа" китоби тарихий, тарбиявий аҳамияти билан барча китобхонларга манзур, айниқса, ёшлар учун ватанпарварлик сабоғи бўлади, деб умид қиламиз.

Шаҳло ҲУСАНОВА,

 

Мингтепа - маданий мерос" жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси, китоб муаллифи.

ЗЎРАВОН ЭРКАКНИ ТАРБИЯЛАШ КИМНИНГ ЗИММАСИДА?

 Мулоҳаза

Аёл-оила чироғи, ҳаётнинг гултожидир. Аёлларга улуғ сифатлар, таърифлар бериб, уларни ардоқлаб, муқаддас аёл, дунёдаги энг буюк зот, деб атаймиз. Чунки, аёл бир қўли билан бешикни, бир қўли билан дунёни тебратади.

Аёл, она сўзининг тобора азиз, мукаррам бўлаётгани, Президентимизнинг бу мўътабар зотларга кўрсатаётган эҳтиромини нафақат биз, бутун дунё кўриб, кузатиб турибди. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш ўзбек халқига хос олийжаноб фазилатлардан бири. Бугунги жамиятимиз ҳаётида эса хотин-қизларнинг фаоллиги ортиб, ҳар соҳада ўз ўрнига эга бўлиб бораётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Аммо, баъзи оилаларда аёлларга нисбатан бўлаётган зўравонликлар кўнгилни хира қилмасдан қўймайди. Бундай пайтларда аёл ўз ҳуқуқини билмаслиги, бу борада билим даражасининг пастлиги муаммолар ечимсиз қолишига сабаб бўлмоқда.

Шариатда эркак ҳам, аёл ҳам ўз зиммасидаги мажбурият ва ҳуқуқларини билиши лозим. Эркак киши ишлаб пул топиб келиши, аёл эса уни расамади билан рўзғорга ишлатиши керак. Эркак киши иши юришмай, пул тополмай қолганда рўзғорда етишмовчиликлар бўлса, ёки ичкиликбозлик, рашк, хотиннинг гап қайтариши ва бошқа сабаблар туфайли аёлига қўл кўтаради. Аёл эридан калтак ейди, бировлардан яшириб, кўкарган кўзларига қора кўзойнак тақади, юзларига упа суриб, кўкарган жойларини яширади. Сўраганларга "йиқилиб тушдим", дея баҳона қилади. "Болалар билмасин, кўз ёшимни кўрмасин, отасини ёмон кўриб қолмасин", деб эрини айбламайди. Нима бўлганда ҳам оилани муқаддас санаб, шундай эрга кўниб яшайверади.

Эркакнинг овқати вақтида тайёр бўлмаса, кири ювилмаган бўлса, уй бесаранжом бўлса, камига тилига эрк бериб уришса, албатта, бундай аёлларни ҳам оқлаб бўлмайди. Зиммасидаги вазифасини, эрининг ўзидаги ҳақларини адо этмаган аёл қилмишига яраша жазосини олади.  Ахир айтишади-ку: "Аёлнинг тили узун бўлса, эркакнинг қўли узун бўлади" деб.

Аммо, жаҳли чиққанида ўзини боса билиш ҳам марднинг иши. Шундай     пайтларда ҳам ўзини босиб, аёлига яхшилик билан тушунтириш, муроса-ю мадора қилиш эркак кишининг яхши инсон эканлигини билдиради. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га шундай аёллар ҳақида гапирганларида: "Аёл киши     қовурғадан яратилган, қўполлик қилсанг синдирасан, яхшиси муроса қилу, яша" деган эканлар.

Тан олишимиз керак, баъзан қизлар ҳам, йигитлар ҳам оилавий ҳаётга тайёр бўлмай туриб оила қуришмоқда. Биз қизларга уй ишлари, рўзғор, оиладаги бекалик вазифаларини ўргатамиз-у, нега бундан йигитлар мустасно бўлиши керак? Уларда ҳам масъулият ҳисси бўлиши лозим. Уларга ҳам болалигидан оилада ўғиллик, оталик, эрлик масъулияти ҳақида билим беришимиз шарт.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: хотинини калтаклаган зўравон эркакни тарбиялаш кимнинг зиммасида? Хотин-қизлар қўмитаси, Оила марказлари аёлларни доимо ҳимоя қилиб келмоқда, ҳақ-ҳуқуқларини тушунтирмоқда. Диний уламоларимиз жоме масжидларда, айниқса, жума кунлари аёлларга қандай муносабатда бўлиш кераклиги ҳақида маърузалар қиляпти. Бироқ, зўравон, калтакчи эркаклар бундай машваратларда қатнашмаса, бунинг фойдаси борми? Мактабларда ота-оналар мажлиси бўлса, қатнашувчиларнинг 90-95 фоизи оналардир. Бозорларда савдо қилувчи сотувчиларнинг 80-85 фоизини ҳам аёллар ташкил этади. Аёлларини чет элга ишлагани юбориб, ўзи уйда фарзандлари билан қолаётган эркаклар ҳам бор. Баъзи эркаклар ўз вазифасидаги юмушларни ҳам аста-секин аёлларга юклаб қўяётгани сир эмас.

Жиноят содир этган эркакни аёл кечиради, уни жазодан қутилиб чиқишини йиллаб кутади. Аммо, аёл жиноят қилса, эркак аёлидан воз кечади, оила пароканда бўлиб, болалар бебош бўлади. Эркаклар оилани қониқарли даражада таъминламаса, аёл ҳуқуқи камситилмаса, ишсизлик, ажримлар, носоғлом оила муҳити вужудга келмайди. Аёллар ўртасида ўғирлик жиноятлари, ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кузатилмайди. Чунки, ўз жонига қасд қилиш иложсизликдан эмас, иродасизликдандир.  Маълумки, оилани моддий жиҳатдан таъминлашга ота масъул саналади.

Аёл - гул мисоли. Уни атрофидаги эркаклар, ота, ака-ука, эр эъзозласа, ардоқлаб, қўллаб-қувватласа у яшнайди. Афсуски, айрим эркаклар томонидан аёлларни қўллаб-қуватлаш камайиб кетаяптими, турмушдан  ажраган қизларнинг бугунги кунда уй-жой, фарзанд ташвиши учун турли идораларга мурожаат қилишлари кўпаймоқда. Аёллар ҳам ўз қадрини, оиладаги ўрнини билса, ширин тил, доно маслаҳатгўй бўлса, эркак кишига оталик масъулияти, эрлик бурчини ҳис қилдирса, ҳадеб эркакларни айблайвермасдан ўзлари ҳам ҳар қандай ишга югуриб кетавермаса, яхши бўлади.

Агар дунёда меҳрдан хайкал қўйилганда, у албатта аёл тимсолида бўлар эди. Азиз эркаклар, аёлингизни асранг, чунки аёл она, опа-сингил, севимли ёр, меҳрибон фарзанд, оила файзи, шу боис ҳам, юртимизда аёлга эҳтиром кўрсатиш, унинг саломатлиги, бахт-у саодати учун қайғуриш энг олий қадриятлардан саналади. Аёл мўъжизаси унинг қалбидаги меҳру-муҳаббати, сабру-садоқати, бағрикенглиги ва покизалигида, қолаверса, барча фарзандларнинг унда мужассам эканлигидадир.

Замирахон МЎЙДИНОВА,

 

Андижон шаҳридаги Обод  МФЙ фаоли.

Ҳунармандларимиз 13 йўналишда ўз маҳсулотларини намойиш этади

Тайёргарлик

Андижонлик ҳунармандлар шу йил сентябрь ойида Қўқон шаҳрида бўлиб ўтадиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалида иштирок этиш учун қизғин ҳозирлик кўрмоқда.

Андижон қадимдан ҳунармандчилик марказларидан бири саналган. Шаҳрихон пичоқлари, андижонлик усталар тайёрлаган бешиклар, ёғоч ва ганж ўймакорлик маҳсулотлари, Андижон дўппилари нафақат юртимизда балки, яқин ва узоқ хорижда ҳам шуҳрат қозонган.

Халқаро фестивалда муносиб иштирок этиш учун вилоятимиз ҳунармандлари қизғин ҳозирлик кўрмоқдалар. Халқаро анжуманда вакилларимиз 13 та йўналиш бўйича қатнашишлари кўзда тутилмоқда. Улар томонидан мингдан зиёд турдаги маҳсулотлар кўргазмалари намойиш этилади.

Мусиқа асбоблари тайёрлаш, пичоқчилик, хаттотлик, ёғоч ўймакорлиги йўналишларидаги маҳсулотларимиз кўргазмаларда асосий ўринни эгаллайди.

Сир эмаски, кейинги йилларда мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, ҳунарманд усталар фаолиятини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агар рақамларга эътибор қаратсак, вилоятимизда 2018 йилда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун банклар томонидан ажратилган 21,6 миллиард сўм имтиёзли кредитлар ҳисобига 805 та лойиҳа амалга оширилиб, 1 минг 852 та янги иш ўрни яратилди. Бундан ташқари, 6,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари хорижий давлатларга экспорт қилинди.

Ўтган йили вилоятда "Уста-шогирд" мактаби анъаналари асосида усталар томонидан 2 минг 147 нафар, жорий йилнинг ўтган даврида эса 600 нафардан зиёд шогирдлар тайёрланди. Уларга мустақил фаолият юритишлари, бизнес-режа тайёрлаш, кредитлар олиш бўйича амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Вилоятда ҳунармандчиликни ривожлантиришга қаратилган ишлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Жумладан, жорий йилнинг биринчи ярмида 200 дан зиёд лойиҳани амалга ошириш учун банклар томонидан 6,5 миллиард сўмдан ортиқ миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилди. Бундан ташқари, Давлатимиз раҳбарининг Андижон вилоятига ташриф давомидаги топшириқларидан келиб чиқиб, умумий қиймати 12,7 миллиард сўм бўлган 342 та қўшимча лойиҳаларнинг рўйхати шакллантирилиб, уларни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Вилоятда жами 7 та ҳунармандчилик объекти - Андижон шаҳридаги "Жоме" ёдгорлик мажмуасида, "Аҳмадбекхожи меҳмонхонаси" тарихий-архитектура биноси ҳамда Шаҳрихон туман марказида Ҳунармандчиликка кўмаклашиш марказлари, шунингдек, 4 та музей-устахона ташкил этиш белгиланган. Ўтган йили "Жоме" ёдгорлик мажмуасида Ҳунармандчиликка кўмаклашиш маркази ҳамда  Андижон шаҳрида мусиқа асбоблари устаси Абдумалик Мадраимов, мисгар уста Исмоилжон Қўчқоров, Олтинкўл туманида кулол Мирзабахром Абдуваҳобов, Шаҳрихон туманида пичоқчи уста Раҳматхўжа Алихўжаевнинг музей-устахоналари ишга туширилди. Ҳозирда уларда 150 нафардан зиёд  ҳунарманд фаолият кўрсатмоқда.

Қўқон шаҳрида ўтказиладиган Халқаро фестивалнинг асосий майдонидан ажратиладиган ҳудудга вилоятнинг диққатга сазовор жойлари, обидалари акс эттирилган декорациялар ўрнатилиши, дор ўйинлари, мусиқий-кўнгилочар дастурлар намойишини ташкил этиш бўйича тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда.

 

Шаҳлохон СОЛИЕВА,

"Ҳунарманд" уюшмаси вилоят бошқармаси

 

раҳбари.

Чувамалик фан доктори

   Орамиздаги аёллар

Нафисахон Жалолова Избоскан тумани Чувама қишлоғида, шифокорлар оиласида туғилиб ўсди. Дадаси Абдуманноб ака, онаси Муҳаббатхон аялар эл соғлиги, айниқса, болалар саломатлигини сақлаш йўлида   сидқидилдан хизмат қилиб келяптилар.

Бу оилада ўсган икки қиз, бир ўғил турли соҳаларда Ватанимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Нафисахон тумандаги 8-давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатини муваффақиятли тамомлаб, Андижон қишлоқ хўжалиги институтининг агрономия факультетига ўқишга кирди. Ўқишни тамомлаб, олийгоҳда талабаларга билим бериш билан бирга, аспирантурада таҳсилни давом эттирди.

Унинг илмий иши асосан Андижон вилоятининг оч тусли бўз тупроқлари шароитида янги навларни яратиш, сув ва ресурс тежовчи агротехнологияларни ишлаб чиқариш мавзусида эди. Мавзу бўйича Нафисахоннинг 20 га яқин илмий мақолалари маҳаллий ва хориж журналларида чоп этилди. Шу билан бирга, у дастур ҳам ишлаб чиқди. Тавсиянома асосан фермерлар учун бўлиб, дастур асосида пахтачилик соҳасида сувдан тежаб фойдаланиш ва уни 25 фоиз иқтисод қилиш усуллари, технологиялари ҳақида фикр юритилган.

Бу билан ёш олима сувдан кам фойдаланиб, мўл ҳосил олиш ғояларини илгари сурди. Олиб борилган ҳаракатлар, изланишлар ўз самарасини бериб, фалсафа фанлари доктори илмий даражасига сазовор бўлди.

Нафисахон ҳозирда Тошкент давлат аграр университети Андижон филиалининг ўсимликшунослик кафедрасида фаолият олиб бормоқда. Оилада 2 фарзанднинг меҳрибон онаси. Турмуш ўртоғи Отабек ҳам ўқитувчилик касбини эъзозлаб келмоқда. Нафисахонга ота-онасидек меҳрибон қайнота-қайнонаси Араббой ака ва Азизахон аялар келини эришган ютуқлардан фахрланмоқдалар. Бу нафақат ушбу оила, балки, чувамаликларнинг ҳам ютуғидир.

 

 

Маҳмуджон РУСТАМОВ

Бахт маҳалласининг бахтли аёли

Мутахассислар фаолиятидан

Маҳфузахон асли Наманганнинг Уйчи туманидан. Учқўрғон бухгалтерия техникумини тамомлаган ёш қиз узоқ йиллар ўз мутахассислиги бўйича турли идораларда меҳнат қилди. Тақдир тақозоси билан Андижоннинг Куйганёр шаҳарчасига келин бўлиб тушган Маҳфузахон шу ерда палак ёзди. Турмуш ўртоғи Муҳаммадхошим Хатамов билан ували-жували бўлиб, Бахт маҳалласида ҳаёт кечирмоқда. Энг асосийси, у маҳалла аҳлининг меҳрини, ишончини қозонди.

Бахт маҳалла фуқаролар йиғинида 4,5 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Фуқаролар йиғинидаги мавжуд 595 та хонадонда бугунги кунда 1190 та оила жамланган. Маҳфузахон Хатамова маҳалладаги бахтли оилалардан бирининг соҳибаси бўлиш билан бирга, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис ҳамдир.

- Маҳалла ишида 4 йилдан бери ишлаб келаман, - дейди Маҳфузахон. - Мутахассис одамлар  ишонган, ҳурмат қилган одам бўлиши керак. Одамлар сизга ишонса, келиб дардини айтади, суянади, ҳурмат қилса берган маслаҳатингизга кўнади, тавсияларингизга амал қилади, маҳалладаги ишларда ёрдам беришга уринади. Фаолиятим давомида ана шу ишонч, меҳрни қозонишга, авайлашга ҳаракат қиламан. Токи, маҳалладаги ҳар бир оила    бахтли яшасин.

Мутахассис маҳалладаги кам таъминланган оилаларга, боқувчисини йўқотганларга алоҳида эътибор қаратади. Ажримлар, ноқонуний никоҳларнинг олдини олишга, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, аҳоли бандлигини таъминлашга, бир сўз билан айтганда, маҳалла аҳлининг бахтли ва фаровон ҳаёт кечиришига ҳисса қўшишга ҳаракат қилади. Бу ишларда мутахассисга маҳалла раиси Элмуроджон Каримов, 3-сектор раҳбари, туман ички ишлар бўлими бошлиғи Жасурбек Худойбердиев, шунингдек, фаоллар, маҳалладаги жамоатчилик тузилмалари яқиндан ёрдам бериб келмоқда.

- Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 15 дан зиёд оилани тиклашга эришдик. Ўнга яқин ноқонуний яшаётган оилаларнинг никоҳи расмийлаштирилди, яна 3 нафар фуқаронинг никоҳи ўрганиляпти, кам таъминланган оилаларга ҳомийлик ёрдамлари кўрсатилмоқда. Соғлигида жиддий муаммоси бўлган бир фуқароимизни касалхонага бепул ётқизиб, операция қилдирдик. 2 нафар кам таъминланган фуқароларга туман ҳокимлиги, ички ишлар бўлими билан ҳамкорликда 2 хонали уй қуриб бермоқдамиз. Ногиронлиги бўлган икки аёлимиз  бепул дори-дармон ҳамда қўлтиқтаёқ билан таъминланди.

Маҳаллада хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш масаласи ҳам доимий назоратга олинган. Ҳудуддаги  "Равон транс" МЧЖ, "Андижон силк" қўшма корхонаси, шунингдек, тикув-трикотаж ишлаб чиқариш цехларида маҳалламизнинг ўнлаб ёшлари меҳнат қилишмоқда.

- Тадбиркор аёлларимиз сафи тобора кенгаяётганидан хурсандман, - дейди мутахассис. - Уларнинг шарофати билан маҳалламиз янада обод, одамлари эса ишли бўлмоқда. Тадбиркор Зулайҳо Саидова очган Соғломлаштириш марказида хотин-қизларимиз массаж, фитобар, фитнес, тренажёр залларидан фойдаланиб, ўз саломатликларини, руҳиятларини тикламоқда. Нигорахон Жўраева дўппидўзликни ривожлантириб 6 нафар қиз-жувонни ишли қилди.  Дилфуза Рўзиматова эса кўрпа-тўшак, ёстиқ  жилдлари тикиш орқали 4 оиланинг қозонини қайнатмоқда. Трикотаж цехлари очган тадбиркор фуқароларимиз 15-20 нафар аҳолининг бандлигини таъминламоқда.

Айни кунларда маҳалла ҳудудида жойлашган маданият ва истироҳат боғида  кенг кўламли қурилиш ва ободонлаштириш ишлари кетмоқда. Маҳфузахон Хатамованинг эътироф этишича, туман ҳокимлиги, ҳомий ташкилотлар биргаликда амалга ошираётган бунёдкорлик ишларидан сўнг боғ бутунлай янгича қиёфа касб этади. Туман аҳолиси бу ерга Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами тантаналарини нишонлаш учун ташриф буюрадилар. 

Хуллас, Маҳфузахон Хатамова ишидан ҳам, маҳалладошларидан ҳам, тақдиридан ҳам хурсанд. "Маҳалламиз номига яраша бахт маскани" дейди ғурур билан мутахассис.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

"Фаровон оила - саодат қасри"

Давра суҳбати

Миллий тикланиш демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан ўтказилган давра суҳбати шундай деб номланди.

Партия фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, маҳалла фуқаролар йиғини мутахассислари, отинойилар, Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш ҳудудий маркази мутахассислари, олима аёллар иштирок этган тадбирда оила мавзуси, уни  илмий, ҳуқуқий, маънавий ва диний томондан ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

"Меҳримиз сизга" хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари, ЎзМТДП вилоят Кенгаши раисининг хотин-қизлар масалалари бўйича ўринбосари Холидахон Мирзараҳимова ўз сўзида оила муқаддас қўрғон эканлиги, барча замонларда ҳам оила мавзуси ҳамиша долзарб аҳамият касб этгани, оилаларни мустаҳкамлаш, оила парокандалигига олиб келаётган сабаблар хусусида гапириб, бу борада қилинажак ишлар, олдимизда турган вазифаларга тўхталди. Миллий тикланиш демократик партияси оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тарафдори эканлиги ҳақида сўз юритди.

Тадбирга таклиф этилган вилоят бош отинойиси Шоирахон Қосимова шариатда никоҳ ва оилавий муносабатларнинг нечоғли муҳимлиги, оиладаги эрнинг, хотиннинг вазифалари, масъулияти борасида маълумот берди.

- Ҳозирги ёшларнинг аксарияти турмуш, оила, бахт деган тушунчаларни жуда юзаки тушунади, - дейди Ш. Қосимова. - Ҳаёт ҳамиша ўйин-кулгидан, кўнгилхушликлардан иборат, деб ўйлайди. Катталар эса фарзандларини бахтли қилишнинг қадим анъаналарини унутиб қўймоқда. Бу эса тарбия борасида хатоларни келтириб чиқармоқда. Биз токи, ахлоқ, одоб ва тарбияда азалий чашмаларидан сув ичмас, оиламизда чинакам муносабатларга - раҳм-шафқат, меҳр-оқибат, ҳурмат-иззат, муҳаббат-садоқат каби фазилатларга қайтмас эканмиз,  жанжал-можаролар давом этаверади.

Давра суҳбатида         шунингдек, олима аёлларнинг оиладаги муомала маданияти, оила фаровонлигининг психологик жиҳатлари, оиладаги қадриятлар хусусидаги фикр-мулоҳазалари иштирокчилар эътиборига ҳавола этилди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоблар олишди. Билдирилган фикр-мулоҳаза, таклифларни амалий ҳаёт билан боғлаб, шахс-оила-жамият тушунчалари мазмун-моҳиятини жойларда кенг тарғиб этишга келишиб олинди.

 

Мадина КАРИМОВА,

"Миллий тикланиш" демократик партияси

 

вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси.