+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Ҳожилик бахти

Дил туFёни

Мустақиллигимиздан кейин юртимизда диний ва миллий қадриятлар тикланди. Шулардан бири - диёримиз мусулмонлари Ҳаж ва Умра амалларини эмин-эркин бажармоқдалар. Ота-боболаримиз юртимиздаги бу диний қадриятларимизни, Ҳаж ва Умра қилишни интизор бўлиб кутишган.

Жорий йилги мавсумда вилоятимиздан мингга яқин юртдошларимиз ҳаж ибодатларини адо этдилар. Яратганга минг шукрлар бўлсинки, улар орасида мен ҳам бор эдим.

24 июль куни сафарга отландик. Дастлаб махсус аатомашиналарда Наманган шаҳрига, сўнг "Наманган-Мадина" рейси орқали муқаддас шаҳарга учиб кетдик. Давлатимиз томонидан ҳаж мавсуми давомида биз учун барча шарт-шароит муҳайё қилиб берилди.

Мадинаи Мунавварада меҳмонхонадан Пайғамбаримиз масжидларигача 40-50 қадам, Маккаи Мукаррамада Харамдан унча узоқ бўлмаган хашаматли янги меҳмонхона, биз учун кеча-ю кундуз давомида янги автобуслар бепул хизмат кўрсатди. Ўзбекистонлик ҳожилар учун Мадина шаҳрида Уҳуд тоғи, "Масжидул Қубо", "Масжидул қиблатайн" каби тарихий, муқаддас қадамжоларга зиёрат уюштирилиб, ҳар бир масканнинг тарихи, унинг ислом дини тарихидаги аҳамияти ҳақида қизиқарли маълумотлар берилди. Яна бир эътиборли жиҳати, ўтган йиллардагидан фарқли равишда, бу йил ўзбекистонлик ҳожилар қўним топадиган Арофат майдонидаги чодирларга замонавий кондиционерлар ўрнатилибди. Зиёратчиларимиз жойлашган меҳмонхоналарда тиббиёт марказлари юртдошларимизга туну-кун малакали тиббий хизмат кўрсатди.

2018 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун Ҳаж зиёратини амалга ошириш харажатлари 38 миллион сўмни ташкил этган эди. 2019 йилдан Саудия Арабистонида барча хизматларга 5 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Шунга кўра, бу йил ҳаж зиёрати сарф-харажатлари тахминан 42-43 миллион сўм бўлиши кутилаётган эди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан жорий йилда фуқаролар учун ҳаж сафари харажатлари 33,3 миллион сўмгача туширилди, яъни ҳаж ибодатини амалга ошириш 10 миллион сўмга арзонлаштирилди.

Дарҳақиқат, бу тараққиётимизнинг янги даврида давлатимиз раҳбари томонидан динимиз арконларини адо этиш учун улкан шарт-шароитлар яратиб берилаётгани ва халқимизга бўлган ғамхўрликнинг ёрқин намунасидир.

Зиёратдан қайтишда барчамиз биргаликда юртимиз тинчлиги,  халқимиз фаровонлиги, ватанимиз равнақи учун, Президентимиз хақларига, сафарга бош бўлиб турган мутасаддилар ҳақларига дуолар қилдик. Юртдошларимиз мана шундай юксак эътиборга мос равишда, Ватанимизга қайтгач, шахсий ҳаётда, ижтимоий фаолиятда бошқаларга ибрат ва намуна кўрсатишади, бор куч-ғайратларини эзгу, савобли ишларга сарфлашади, деган умиддаман.

Муқаддас динимиз арконларидан бири бўлмиш Ҳаж ва умра ибодатларини адо этишлик бахти барча юртдошларимизга насиб этсин!

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА

Шукрона

Ватан чизгилари

Ватан тушунчасини кўпчилик ўзича талқин этади. Чиндан ҳам Ватан бу  - қиблагоҳ! Ватан бу - саждлагоҳ! Ҳар биримиз ёруғ    дунёга келганимизда биринчи бўлиб кўз очиб кўрганимиз шу Ватаннинг тупроғи бўлади. Доя ҳаммамизни шу тупроқдан кўтариб олиб, сўнг шу заминда етиштирилган, пахта толасидан тайёрланган оппоқ матога ўраб, авайлаб онамизнинг кўксига ётқизиб қўяди. Шундан эмасмикин, Она ва Ватан сўзининг бир-бирига уйқашлиги, яқинлиги?..

Ватан тушунчаси бу - онамиз ҳозиргина тандирдан узиб ширинчой билан дастурхонга келтирган буғдой нонимизда эмасми?

Ватаннинг қадрини ундан айро тушганлар кўпроқ билишади. Яқинда телеканаллардан бирида билакларидан куч ёғилиб турган йигит эфирга чиқиб, Ватандан йироқда юриб қанчалик қийналгани ҳақида куюниб гапирди. Унинг сўзларини тинглаб ўтириб, кўзларимдан ёш сизиб чиқди:

"Болалигимда сой бўйига қўй боққани борганларимиз ҳамон ёдимда. Қабристоннинг ёнидаги тупроқ йўлдан ўтар эдик. Саратоннинг жазирамасида ялангоёқ тупроқ кечишнинг ажиб гашти бўлади. У пайтлар бунга унчалик аҳамият бермаган бўлсам-да, йиллар ўтиб, мусофир юрт машаққатларини кўргач, киндик қоним томган гўша қадрига етгандай бўлдим. Қишлоғимнинг ҳар бир бурчи, ҳар бир гўшаси, эрталабки сокин шамоли-ю, лой-тупроқ кўчаси кўзимдан ўтди", дерди йигит.

Киши ёши ўтган сари кўнгли бўшаб боради, дердилар бобом. Шу сабаб бўлса керак, ё асли мен Ватанимни бошқача севаманми, билмадим, она юртдан олис яшовчи инсонлар тақдирига гувоҳ бўлсам, кўзимдан ёш қуйилади. Ватанидан мосуво шахслар ҳаётини кўрсатишса, ўзимни йиғидан тўхтатолмайман. Ва шуни яхши биламанки, мен Ватанимсиз, туғилган гўшамдан йироқда умр кечиришим мумкин эмас. Мен ишқсиз, юраксиз яшашим мумкин, аммо Ватанимсиз яшай олмайман. Бойлигу мансабсиз яшашим мумкин, аммо шу ғарибгина кулбамсиз умр менга нораво. Шуни яхши биламанки, Ватан менинг танда жоним, томирларда оққан қоним ва мен бу билан фахрланаман.

Бизнинг заминни азал-азалдан бобокалонларимиз мақтаб, "Бу юртнинг тупроғига битта чўп суқсангиз, келгуси йили дарахт бўлиб ўсади", дейишган. Ҳар куни тонг чоғи уйимнинг остонасидан   ташқарига қадам қўярканман, тоза ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас оларканман, "Оллоҳга шукр! Шу уй, шу кўча, шу Ватан меники!", дея шукрона келтираман.

Чўққиларини қорлар босиб ётган, этакларида чучмомалар, ёввойи чечаклар ястаниб ётган тоғлар, зангори гиламни ёдга солувчи гўзал табиат, ҳамма-ҳаммаси меники, бизники, дея қалбимда шукроналик келтираман!

 

Феруза ШЕРАЛИЕВА,

 

Балиқчи туманидаги 12-ДИМИ ўқитувчиси.

Маҳалла - муқаддас маскан

Мутахассислар фаолиятидан

Хизмат юзасидан Олтинкўл туманидаги Ўрта маҳалла фуқаролар йиғинига боргандим. Айни тушлик вақти. Идорада бир аёл қоғозларга кўмилиб ўтирибди. Аёл мени хушмуомалалик билан кутиб олди: "Шерикларим тушликка чиқиб кетишди, ишим кўплигидан вақтимни қизғандим, шу ерда бир пиёла чой ичамиз, шерик бўлинг" дея чой узатди, қўярда-қўймай қўлимга чалпак тутқазди. Жуда сўзамол, киришимли аёл экан.

Мени танимаса-да, эски қадрдонлардай ҳол-аҳвол сўрашиб, у ёқ-бу ёқдан гапириб ўтирди. "Идорага кирган ҳар қандай одам сир босмай, бемалол гаплашади. Мутахассис бўлса шундай бўлсада...", дея кўнгилладим. Худди ўйлаганимдек, Турғуной опа маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси экан.

- Маҳаллага ишга ўтгунимга қадар коллежда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотининг раиси бўлиб ишлаганман, - дейди Турғуной Эргашева. - Қизлар тарбияси, уларни турмушга тайёрлаш, касбу ҳунарга жалб этиш, саломатликларини мустаҳкамлаш, турли кўнгилсиз ҳолатлар, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича маҳалла билан узвий ҳамкорликда ишлар эдик. Хотин-қизлар билан ишлаш борасида бирмунча тажриба тўпладим. Ҳарқалай мен танимаган оила, айниқса, қиз қолмади қишлоқда, - дейди кулиб Турғуной опа.

Гапимиз-гапимизга қовушди. Бугунги кунда юртимизда хотин-қизларга қаратилаётган эътибор, берилаётган имкониятлар, уларнинг ютуқлари,  муаммолари, қизлар одоби, тарбияси ва айниқса, ажримлар, тўлиқсиз оилада тарбия топаётган болалар ҳақида узоқ суҳбатлашдик.

- Газетангиз саҳифаларини мунтазам кузатиб бораман, - дейди Турғуной опа. - Менга кишини мулоҳаза, мушоҳадага чорловчи, тарбиявий аҳамиятга эга мақолаларингиз кўпроқ ёқади. Матбуот ахборот берибгина қолмай, эзгуликка чорловчи, тарбия воситаси бўлиб ҳам хизмат қилиши лозим, деб ўйлайман. Айниқса, бугунги шиддат билан ривожланаётган замонда ёшларни турли ёт ғоялар, ахборот хуружларидан ҳам эҳтиёт қилмоғимиз керак.

Турғуной Эргашева фаолияти давомида кўпроқ оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган аёллар оилаларига, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта ва ноқонуний никоҳларга йўл қўймаслик, ажримларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратишини айтиб ўтди. Турмуш қуриш ёшидаги қизлар билан мунтазам иш олиб бориш, доимий мулоқотлар ўтказиб, уларни касбу ҳунарга йўналтириш, турмушга тайёрлаш мустаҳкам оила қурилишида замин яратишини таъкидлади.

- Атоқли адибимиз Абдулла Қаҳҳорнинг "Қиз деган ном - чиройли муқова! Унинг ичида қиздан ҳам чиройли мазмун бўлиши, ёки аксинча, мутлақо мазмун бўлмаслиги ҳам мумкин", деган гаплари бор, - дея давом этади мутахассис. - Шундай экан, қизлар тарбиясига бор эътиборимизни қаратишимиз лозим. Маънавиятли, эсли, одобли, сабрли қизнинг қурган оиласи мустаҳкам, ўзи суюкли бўлади.

Ўрта маҳалла фуқаролар йиғинида 4655 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан қарийб ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Маҳалладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларни оилавий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларда мутахассис Турғуной Эргашеванинг муносиб ҳиссаси бор.

- Йил бошидан буён 30 дан зиёд ажрим ёқасидаги оила тикланди. Ота уйига аразлаб келиб олган қизларимизни, ёки аразлаб онасиникига кетган келинларни дарров яраштиришга уринамиз. Ҳеч қаерда ўқимайдиган, ишламайдиган қизларни қизиқтириб, "Қизларжон"клубига аъзо қилганмиз. Китобхонликка, турли тўгаракларга жалб этиш    орқали фаоллигини оширамиз, бандлигини таъминлашга ҳаракат қиляпмиз. Бу борада раисимиз, маҳалла фаоллари, отинойи, дастурхончи, имом-хатиб, кўчабошилар - барчамиз баҳамжиҳат иш олиб бормоқдамиз, - дейди мутахассис.

Маҳаллада тадбиркорлик фаолиятини юритиб, янги иш ўринлари очиш истагида бўлган аёллар қўллаб-қувватланмоқда, уларга банкдан кредит маблағлари олишда кўмаклашилмоқда. Яқинда фуқаро Дилором Убайдуллаева   80 млн. сўм кредит маблағи ҳисобига тикувчилик ва нон цехи очди. Ирода Турсунова эса паррандачилик ва балиқ хўжалиги ташкил этди.

Маҳалла - муқаддас маскан. Унинг қувончи ҳам, ташвиши ҳам ўзимизники. Маҳалламиз тинч ва обод бўлса, ҳаётимизга файзу барака инади. Жамиятимиздаги меҳр-оқибат, аҳиллик ва бағрикенглик мустаҳкамланади.

Муаззам ИБРОҲИМОВА

"Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик!"

Шу кунларда вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида "Таълимда ислоҳот: ўзгаришни ўзимиздан бошлайлик!" мавзусида халқ таълими тизими ходимларининг анъанавий август анжуманлари бўлиб ўтмоқда.

Ушбу саҳифада Марҳамат тумани педагогларининг август кенгаши ҳамда янги ўқув йилига тайёргарлик олдидан эришган ютуқлари, ўз олдиларига қўйган муҳим вазифалар хусусида сўз юритилади.

 

Мақсадимиз - етук ва баркамол авлодни тарбиялаш 

Бугун мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ 25 йиллик байрами ва "Билимлар куни" арафасида турибмиз. Мана шу қутлуғ кунлар арафасида муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барча соҳаларда бўлгани каби халқ таълими тизимида ҳам жуда катта хажмдаги ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлашни истар эдим.

Кейинги йилларда юртимиз ҳалқ таълими тизимини тубдан ислоҳ этиш, ёш авлодни ҳар томонлама етук инсонлар этиб тарбиялашга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Айни кунда тизим ходимлари ана шу ҳужжатларда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш борасида   сидқидилдан меҳнат қилмоқда.

Халқ таълими вазирлиги томонидан август кенгашларини ташкил этиш бўйича ўтказилган видеоселекторда ҳалқ таълими ходимлари олдига бир қатор вазифалар белгилаб берилди. Хусусан, Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов маърузасида таъкидланганидек, биз педагоглар аввало, ватанпарвар бўлишимиз, жаҳолатга қарши маърифат билан кураш олиб боришни ўз олдимизга дастуриламал қилган ҳолда  "Таълимдаги ислоҳатларни, яъни ўзгаришларни ўзимиздан бошлашимиз кераклиги" айтиб ўтилди.

Мамлакатимиз инновацион ривожланиш йўлида шиддат билан ривожланиб бораётган бир даврда келажагимиз давомчилари бўлмиш ёшларни, уларнинг билим ва кўникмаларини илғор таълим стандартлари асосида шакллантириш, замонавий, аниқ мезон ва талаблар асосида баҳолаш тизимини такомиллаштириш муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси" доирасида Ўзбекистонда таълим сифатини баҳолашда янгича мониторинг тизимини халқаро баҳолаш дастурлари ёрдамида аниқлаш ва қиёслашга асосланган тизим шакллантирилмоқда.  

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси  қарори билан Халқ таълими тизимида таълим сифатини баҳолаш соҳасидаги халқаро тадқиқотларни ташкил этиш, халқаро алоқаларни ўрнатиш, ўқувчи-ёшларнинг илмий-тадқиқот ва инновaция фаолиятини, энг аввало, ёш авлоднинг ижодий ғоялари ва ижодкорлигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш Миллий маркази ташкил этилди.

Миллий марказ Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси билан Халқаро ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ўртасида ўқувчилар саводхонлигини баҳолаш бўйича халқаро дастурда (Agreement for participation programme for international student assessment PISA 2021) иштирок этиш тўғрисидаги келишувга эришди. Бунга кўра, белгиланган муддатларда PISA дастури амалга ошириб борилади. Мазкур дастур таълим тизимининг ютуқ ва камчиликлари ҳақида ўз вақтида ахборот бериш, тегишли  дастурларнинг таъсирини таҳлил қилиш имконини беради.

Айни кунда туманимизда 44 та умумтаълим мактаби, 2 та давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва 1 та ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби, шунингдек, "Баркамол авлод маркази" фаолият кўрсатмоқда. Ана шу таълим муассасаларида 28 минг 636 нафар ўқувчи ёшлар таълим-тарбия олмоқда. Уларга 2 минг 890 нафар педагог-мураббийлар таълим-тарбия бериб келмоқда. Ўқитувчилармизнинг 2 минг 200 нафари  олий, 600 нафари олий ўқув юртларида сиртдан таълим олаётганлар, 90  нафари эса ўрта махсус маълумотга эга мутахассислардир. Улар фарзандларимизнинг мукаммал билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, ҳорижий тилларни пухта ўзлаштиришлари, бир сўз билан айтганда, етук ва баркамол инсонлар бўлиб камол топишлари учун астойдил меҳнат қилиб келмоқда.

Биз, таълим ходимлари шу кунларда ўтган ўқув йилида эришган ютуқларимиз, йўл қўйган хато ва камчиликларимизни таҳлил қилиб, янги ўқув йилидаги вазифаларимизни белгилаб олишимиз лозим. Шу ўринда фаолиятимиздан кўнгил тўладими, деган савол барчамизни қизиқтириши табиий.  Бу борада аниқ факт ва маълумотларга эътибор қаратамиз. Ўтган 2018-2019 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 11-синфини 3 минг 216 нафар ўқувчи тамомлади. Улар ўртасида сўровнома ўтказилганида уларнинг аксарияти, яъни 85 фоизи олий ўқув юртларига ўқишга кириш, 15 фоизи тадбиркорлик, ҳунармандчилик ва бошқа йўналишларда ишлаш истагини билдирган. Ўтган йили битирувчилармиздан 26 нафари имтиёз асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди. Жумладан, 26- умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчилари Бобуржон Тўланов Андижон давлат университетига, Авазбек Маъмиров Москва Нефть ва газ институтига, Элмурод Бўриқулов Тошкент давлат юридик университетига ўқишга қабул қилинди. Тумандаги 25- умумтаълим мактабининг 8 нафар ўқувчиси онлайн тест натижаларига кўра, Россиянинг турли шаҳарларидаги олий ўқув юртларига ўқишга кирди. Ўқувчиларимизнинг бундай ютуқларни қўлга киритишларида ўтказилаётган фан олимпиадалари ва билимлар беллашувлари муҳим роль ўйнамоқда. 

Хусусан, ўтган ўқув йилида 9-11-синф ўқувчилари ўртасида ўтказилган фан олимпиадаларининг вилоят босқичида 13 нафар ўқувчимиз фахрли ўринларни эгаллади. Улардан 8 нафари республика босқичида ҳам муносиб иштирок этди. Ўқувчиларимиз эришган натижаларга кўра, умумий самарадорлик бўйича вилоятда 1 ўринни  эгаллаганимиз барчамизнинг қалбимизда фахр уйғотади. Бу борада 3-, 31 -ДИМИлар, шунингдек 47-ИДУМ жамоаларининг самарали меҳнатлари алоҳида эътирофга муносиб.

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган "Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси"  кўрик-танловида ҳам ўқитувчиларимиз фаол иштирок этмоқда. Ўтган ўқув йилида  белгиланган фанлар бўйича 12 нафар ўқитувчиларимиз ана шу танловнинг вилоят босқичида фаол қатнашди. 47-ИДУМ она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гулғунча Мирзаева ўзининг инновацион ғоялари билан танловнинг вилоят босқичида фахрли 1-ўринни қўлга киритиб,  республика босқичида иштирок этиш учун тайёргарлик кўрмоқда.

Эришилган ютуқ ва муваффақиятларнинг барчаси туманимиз ўқитувчиларининг ўқувчиларга таълим-тарбия бериш борасида илғор педагогик технологиялардан, замонавий услублардан кенг фойдаланган ҳолда иш ташкил этаётганликларининг самарасидир. Шу боис ҳам, ўқувчиларимиз нафақат туман, вилоят, балки республика миқёсидаги  турли танлов, мусобақа ва фестивалларда ҳам совринли ўринларни соҳибига айланишмоқда. Бундан ташқари, ёш авлодни баркамол вояга етказиш, уларга пухта билим беришда таълим муассасаларида яратилган шарт-шароитлар ҳам муҳим ўрин тутмоқда. Ана шундан келиб чиқиб, талабга жавоб бермайдиган таълим масканларида зарур ишларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, "Обод  туман" ва "Обод қишлоқ" дастурлари доирасида туманимиздаги 25-, 26-, 27-, 39- ва 40- умумтаълим мактаблари,  47-ИДУМда кенг кўламли  қурилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.

Тумандаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил қилиш, турли тўгараклар ва спорт  секцияларига жалб этиш борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилди. Бунинг самараси ўлароқ, ўқувчиларнинг фанларни ўзлаштириши ўсди, улар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари кескин камайди.

Бир неча кундан сўнг янги ўқув йили бошланади. Олдимизда устувор ва долзарб вазифалар турибди. Жумладан, ҳар бир педагогнинг ўз устида тинмай ишлаши, билим ва кўникмасини мунтазам ошириб бориши, ўқувчиларга таълим беришда илғор тажриба, техника воситаларидан унумли фойдаланиши талаб этилади. Фурсатдан фойдаланиб, туманимизнинг барча педагогларини энг улуғ ва энг азиз байрам - мустақиллигимизнинг 28 йиллиги  ҳамда "Билимлар куни" билан табриклайман.

 

Алияхон АБДУВОҲИДОВА,

Марҳамат тумани халқ таълими бўлими мудири.

 

Янги мактаб байрамга муносиб туҳфа бўлади

Янги 2019-2020 ўқув йили нафақат туманимиз, балки бутун мамлакатимиз таълим тизими учун муваффақиятли бўлади. Чунки, юртимизда таълим соҳасига жуда катта эътибор қаратилмоқда. Буни мактабимиз мисолида ҳам кўриш мумкин.

Мактабимиз туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган бўлса-да,  қаратилаётган эътибор туфайли қурилиш ва ободонлаштириш борасида катта ишлар олиб борилмоқда. Мактабимиз қурилиши "Обод қишлоқ" дастури доирасида "Абдували транс" масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан шу йил март ойида бошланган эди. Мактаб қурилиши ва жиҳозланиши учун давлатимиз томонидан 4 миллиард 200 миллион сўм маблағ ажратилди.

Апрель-май ойларида ўқувчиларимиз қўшни 28- умумтаълим мактабида таҳсил олди. Бунинг учун уларга зарур барча шароитлар яратиб берилди.

Айни кунда мактабимиз қурилиши якунига етмоқда. Кириш қисмига чиройли брусчаткалар ётқизилди, ҳудуд ободонлаштирилмоқда. Кенг ва ёруғ синф хоналари дид билан жиҳозланмоқда, кузатув камералари ўрнатилмоқда. Эндиликда ҳар бир ота-она ёки мактаб раҳбари ташқаридан туриб дарс машғулотини кузатиш имконига эга бўлади.

 Насиб этса, ўқувчиларимиз янги ўқув йилини барча қулайликларга эга янги мактабда бошлайдилар. Шу боис ҳам ўқувчи ва ўқитувчиларимиз янги ўқув йилига пухта ҳозирлик кўришмоқда. Айниқса, бошланғич синф ўқитувчилари Марғуба Қаюмова, Назира Зокирова, она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Барчиной Аҳмедова, химия фани ўқитувчиси Фарида Чурановалар янги педагогик технологиялар асосида ишлаш бўйича етарли малака ва тажриба тўпладилар, ўқувчиларга PISA тест дастури асосида дарс беришни пухта ўзлаштириб олдилар. 

Янги мактаб жамоамиз, ўқувчиларимиз учун истиқлол байрамига муносиб туҳфа бўлади.

 

Моҳирахон ҚОДИРОВА,

 26- умумтаълим мактаби директори.

 

Коллеж ўрнида мактаб

 Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Касб-ҳунар коллежларининг бино ва иншоотларини тегишли ҳудуддаги, яъни янги ташкил қилинаётган мактабларга бериш тўғрисидаги топшириғига асосан  Марҳамат хизмат кўрсатиш ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўрнида янги мактаб ташкил этилди.

Мактабимиз ҳозирда янги ўқув йилига тахт ҳолга келтирилди. Ушбу мактабга туманимиздаги 23- ва 24- умумтаълим мактабларида ўқиётган 500 нафардан зиёд ўқувчи қабул қилинди. Шунингдек, мактабмиз ўқитувчи ва педагог ходимлар ҳам ана шу мактабларда меҳнат қилаётган мутахассислар билан тўлдирилди. Ҳар бир фан бўйича ишга қабул қилинган ўқитувчилар суҳбат асосида танлаб олинди.

Айни кунда матабимизда 15 та синф хонаси бўлиб, уларнинг барчаси давлат таълим стандартлари асосида жиҳозланди. Бир сўз билан айтганда, коллеж ўрнида ташкил қилинган мактабимиз жамоаси янги ўқув йилини муносиб кутиб олади ва келгусида юқори натижаларни қўлга киритади.

 

Фахриддин ЎРИНОВ,

 

36- умумтаълим мактаби директори.   

ОЛТИНКЎЛДА ОИЛАВИЙ АЖРИМЛАР КАМАЙДИ

Олтинкўл туманида "Фикр, сўз, таҳлил, амалий иш бирлиги - фаолиятнинг муҳим мезони" мавзусида кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ҳамда Олтинкўл тумани хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда туман, шаҳар ҳокимлари ўринбосарлари, хотин-қизлар қўмиталари раислари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман, шаҳар бўлимлари, Аёллар ижтимоий реабилитация марказлари раҳбарлари, хотин-қизлар қўмитаси    бошланғич ташкилотлари раислари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари иштирок этиб, хотин-қизлар ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, оилаларни мустаҳкамлаш, фаолиятга оид меъёрий ҳужжатларни юритиш борасидаги ишлар самарадорлигини янада ошириш масалалари хусусида атрофлича фикр алмашди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова мамлакатимизда хотин-қизларнинг самарали фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлади ҳамда айни кунда хотин-қизлар қўмиталари олдида турган муҳим вазифалар хусусида тўхталди.

Тадбир қатнашчилари  дастлаб хотин-қизлар қўмитаси кўмагида имтиёзли кредит олиб, турли йўналишларда тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизлар фаолияти, уларнинг ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш соҳасида олиб бораётган ишлари билан танишди.

Жорий йилнинг биринчи ярмида 6 нафар олтинкўллик аёл Хотин-қизлар қўмитаси жамоат фонди томонидан ажратилган кредит ҳисобига тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.

- Хотин-қизлар қўмитаси тавсияси билан 60 миллион сўм кредит олиб, ўз хонадонимда қолипли нон ва қандолат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим, - дейди "Топтиқ" маҳалласида яшовчи Зулфира Ҳолматова. - Айни кунда цехимизда тайёрланаётган қолипли нон ва бир неча турдаги қандолат маҳсулотлари харидорларга манзур бўлмоқда. Энг муҳими, маҳалламиз аҳли ана шу маҳсулотларни харид қилиш учун узоққа бориб юрмайди, қолаверса, 5 нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди.

Семинарда "Топтиқ" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси    бошланғич ташкилотининг 5 та йўналишдаги гуруҳлар фаолиятини тизимли ташкил этиш бўйича тақдимоти намойиш этилди.

Шундан сўнг "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази қошида ташкил этилган "Бўлғуси келин-куёвлар мактаби" ўқув курси фаолияти билан танишилди. Марказнинг навбатдаги машғулотида тўққиз нафар қизни тарбиялаб, вояга етказиб, турмушга чиқарган Саодатхон она Исроилованинг  бўлғувчи келин-куёвлар билан суҳбати барчада катта қизиқиш уйғотди. Онахон ёшларга ўзининг бой ҳаётий тажрибалари ҳақида гапириб, оилани мустаҳкамлаш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берди.

- Турмуш қуришимиздан аввал, "Оила" маркази туман бўлими қошида ташкил этилган "Бўлғуси келин-куёвлар мактаби"да таҳсил олдик, - дейди "Ўрта" маҳалласида яшовчи ёш оила соҳибаси Хуснида Сотволдиева. - Курс машғулотларида, шифокорлар билан суҳбатларда оилани мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи, оилада келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш, қайнона, қайнота, турмуш ўртоқ, умуман, оиланинг бошқа аъзолари билан бўладиган муносабатларни шакллантириш бўйича билимларимизни янада бойитдик. Оилавий ҳаётимимзнинг дастлабки даврлариданоқ ана шу билимларимиз бизга     асқотмоқда.

Туманда оилаларни мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган бу каби ишлар натижасида жорий йилнинг биринчи ярмида 186 оила яраштирилди, ажримлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25 тага камайган.

Семинар доирасида оғир ижтимоий шароитда яшаётган бир гуруҳ ногирон аёлларга Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг жамоат фонди томонидан ажратилган ногиронлик аравачалари ҳамда эшитиш мосламалари топширилди.

- Ёшим етмиш бешдан ошди, юришга жуда қийналар эдим, - дейди "Сарой-2" маҳалласида яшовчи 1-гуруҳ ногирони Меҳринисо Аҳмедова. - Ногиронлик аравачаси берилганидан кўнглим тоғдай кўтарилди. Мендай кекса, ногирон инсонга кўрсатилган бундай эътибор учун ҳукуматимизга, Президентимизга раҳмат.

Тадбирда мавзу доирасида видеоролик, шунингдек, маҳалла мутахассисларининг саҳна кўринишлари, ижодкор ўқувчилар ҳамда ижодий жамоалар томонидан бадиий дастур намойиш этилди. 

Семинар қатнашчилари "Оила" илмий-амалай тадқиқот маркази фаолиятига оид меъёрий ҳужжатларнинг юритилиши, оилани мустаҳкамлаш бўйича тумандаги илғор иш тажрибалари билан яқиндан танишди. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

 

Зилола ТОШТЕМИРОВА,

Олтинкўл тумани ҳокими ўринбосари,

 

хотин-қизлар қўмитаси раиси.

АСАКАНИНГ ИШБИЛАРМОН АЁЛИ

Фаол аёлларимиз

Маҳфузахон Аҳмедова асл деҳқон қизи.  Ерга бўлган меҳр, меҳнатга иштиёқ унга отасидан ўтган. Ҳали жамалаксоч қизчалигиданоқ кун келиб машҳур инсон, ишбилармон аёл, ўзига тўқ тадбиркор, халқнинг суюкли фарзанди бўлишни орзу қиларди. Осон даромад эвазига, тезда бойиб кетишни эмас, отасидай меҳнати билан ҳалол ризқ, инсонийлиги билан ҳурмат-эътибор топишни ўйлади у.

2006 йилда Маҳфузахон "Кужган олтин даласи" кўп тармоқли фермер хўжалигини ташкил этди. Чорва, ғалла, сабзавотчилик билан бирга чоғроққина қилиб боғ яратди.

- Вилоятимиз ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов хўжалигимизга ташриф буюриб, фаолиятимизни кўздан кечирганда интенсив боғ яратиш таклифини берган эди, - дейди Маҳфузахон Аҳмедова. - Боғдорчиликни ривожлантириш мақсадида Самарқанддаги интенсив кўчат етиштириш билан шуғулланувчи "Fалла Осиё" фирмаси билан шартнома туздик. Олманинг "Чемпион", "Голден" ҳамда "Карликовий" навларидан олиб келиб ўтқаздик. Қилинган яхши ният, тинимсиз меҳнатларимиз ўз самарасини берди. Боғимиз ҳосилини бера бошлади. 6 гектар ерда боғ ташкил қилиб иш бошлаган бўлсам, 2016 йилда қўшимча яна 8 гектар ер олдим. 11 минг туп интенсив олма кўчати обкелиб ўтқаздик. Ҳозир 68 гектар ер майдоним бор. Унинг 15 гектарини мевали боғ ташкил этади. Бу боғдан ҳар йили 60 - 70 млн сўмлик даромад олаяпмиз.

Айни пайтда Маҳфузахоннинг мевазорларида иш қизғин. Олманинг "чемпион", "редгел", "голден" навларидан яхши ҳосил олиниб, 30 тоннаси захира учун музлатгичга қўйилди. Шафтолию олма пешма-пеш бозор расталарига чиқарилмоқда.

Жорий йилда Маҳфузахон Аҳмедова Ўзбекистон Либерал демократик партияси "Аёллар қаноти" томонидан ўтказилган  "Ишбилармон аёл" республика кўрик-танловининг вилоят босқичида муваффақиятли иштирок этиб, танловнинг мамлакат босқичига йўлланмани қўлга киритди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 28 йиллигига бағишлаб "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида ўтказилган танловнинг республика босқичида фермер, меҳнаткаш деҳқон, ишбилармон аёл Маҳфузахон Аҳмедова ҳакамлар хайъати томонидан 2-ўринга муносиб, деб топилди.

- Очиғи, меҳнатим бунчалик юксак қадрланади, деб ўйламаган эдим, - дейди ишбилармон аёл. - Зеро, бундай рағбатдан сўнг жуда руҳландим, ўзимга бўлган ишонч янада ортди. Келгусида 10 гектар ерда томчилатиб суғориш тизими  орқали гилосбоғ яратиб, экспортни йўлга қўйиш режаларим бор.

Аёл кишининг қадами теккан саҳро бўстонга айланади, аёл қўли теккан тикон гулга, дея бежиз айтилмаган. Зеро, тежамкорлик, ишбилармонлик, фаросату фасоҳати ила аёл меҳнатга кўрк беради, рўзғорга барака келтиради. Ўз меҳнати, самарали фаолияти билан юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган Маҳфузахондай ишбилармон аёллар сафи кенгаяверсин.

Умидахон ИСАЕВА,

O`zLiDep  «Аёллар қаноти» раиси.

Муҳтож хотин-қизларга ногиронлик аравачалари берилди

Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами олдидан Андижон тумани хотин-қизлар қўмитаси, қўмитанинг  ташкилот, корхона, муассасалардаги хотин-қизлар қўмитасининг бошланғич ташкилотлари, "Оила" илмий-амалий  тадқиқот маркази туман бўлими, маҳалла мутахассислари ҳамкор ҳамда ҳомий ташкилотлар билан биргаликда хайрия тадбирларини амалга оширди.

Тумандаги якка-ёлғиз, ногиронлиги бўлган, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар ҳолидан хабар олиниб, уларга байрам туҳфалари тарқатилди. Жумладан, 7 нафар ногиронлиги бўлган хотин-қизларга ногиронлик аравачалари, 10 нафар оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди.

 

Ферузахон УМАРОВА,

 

туман хотин-қизлар қўмитаси бош мутахассиси.

Вилоятимизнинг энг маҳоратли спортчи оилалари

Андижон шаҳридаги Алоқа ва ахборотлаштириш касб-ҳунар коллежида "Отам, онам ва мен - спортчи оила" оилавий жамоалар  ҳамда вилоят ҳокими кубоги учун хотин-қизлар ўртасида волейбол мусобақалари бўлиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси ҳамда қатор ташкилотлар ҳамкорлигида Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрами олдидан "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида ўтказилган мусобақаларда мамлакатимизда болалар ва оилавий спортни ривожлантириш, хотин-қизлар ва ёшлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш,   соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлиги, шунингдек, ўтказилаётган мазкур мусобақалар спорт билан мунтазам шуғулланувчи оилалар, хотин-қизлар сафини кенгайтириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

 "Отам, онам ва мен - спортчи оила" оилавий жамоалар спорт мусобақаси вилоятдаги 880 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилиб, уларда 4 мингдан зиёд оилавий жамоалар иштирок этди. Мусобақанинг вилоят босқичида ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган жамоалар ўзаро баҳс олиб борди.

Якуний натижаларга кўра, Шаҳрихон туманидаги Қўрғонча маҳалласидан Шамсиддин Жалолов оиласи фахрли биринчи ўринни қўлга киритди. Пахтаобод тумани Сой маҳалласида яшовчи Насибжон Темиров оиласига иккинчи, Асака тумани Мирзаобод маҳалласидан Хусниддин Пардадинов оиласига учинчи ўрин насиб этди.

* * *

Хотин-қизлар жамоалари ўртасида вилоят ҳокими кубоги учун ўтказилган волейбол мусобақасида Бўз тумани жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, вилоят ҳокими кубоги соҳибига айланди. Марҳамат тумани жамоаси иккинчи, Асака тумани жамоаси учинчи ўринга  сазовор бўлди.

Вилоят ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон Юнусова ҳар икки мусобақа ғолиб ва совриндорларини муборакбод этиб, уларга диплом ва эсдалик совғалар топширди.

Муҳайё ИСМОИЛОВА

Оила мустаҳкамлигига сабр-қаноат билан эришилади

2019 йил - Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили

Аёл  - оила меҳвари, жамиятимиз кўзгуси! Аёлсиз уй гиёҳсиз саҳро кабидир, жамият эса аёл фаоллиги билан равнақ топади. Соғлом келажак бунёдкорлари бўлган муҳтарама аёлларимизнинг мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишларидаги ўрни ва роли ниҳоятда катта. Юртимизда бўлгани каби туманимизда ҳам уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатликларини сақлаш, ижтимоий ҳаётдаги фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Туманимизда 70 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилса, уларнинг деярли ярмини хотин-қизлар ташкил этади. Таъкидлаш жоизки, бўзлик опа-сингилларимиз туман ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида фаол иштирок этиб, самарали меҳнатлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили деб номланган жорий йилда, қолаверса, Ватанимиз мустақиллигининг 28 йиллик байрамини нишонлаш арафасида уларнинг ютуқларини ҳар қанча эътироф этсак, улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Оилалар фаровонлиги, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшиб келаётган  таълим фидойиси Галина Цой "Мўътабар аёл"кўкрак нишони билан тақдирланди. Етти нафар қизларимиз Зулфия номидаги Давлат мукофоти вилоят босқичида фаол иштирок этдилар. Вилоят тадбиркор аёл уюшмасининг "Анор" кўрик-танловида Юлдузхон Хатамова ҳамда Турсуной Умрзоқовалар фахрли ўринларни эгаллаб, вилоят хотин-қизлар қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

"Пиллакор" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Ойдиной Бакирова "Китобхонлик" кўрик-танловида фаол қатнашиб, фахрли ўринни эгаллади. Вилоят ҳокими кубоги учун хотин-қизлар ўртасида ўтказилган волейбол мусобақасида туманимиз жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, вилоят ҳокими кубогига сазовор бўлди ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Кибриёхон Имомова "Ўқувчи қизлар саммити "нинг республика босқичида фахрли ўринни эгаллаб, республика хотин-қизлар қўмитасининг сертификати  билан тақдирланди.

Хотин-қизларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож ва оғир  ижтимоий вазиятга тушиб қолган опа-сингилларимизни, шу жумладан ногиронлиги бўлган аёлларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, уларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик  ва моддий ёрдам кўрсатиш мақсадида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Маҳалла мутахассислари томонидан уйма-уй юриш орқали 118 нафар ана шундай хотин-қизларнинг манзилли рўйҳати шакллантирилди. Уй-жойга муҳтож аёлларнинг 12 нафари сентябрь ойида уй билан таъминланади. Оғир турмуш шароитида яшаётган, ногиронлиги бўлган хотин-кизларнинг 9 нафарига ногиронлик аравачаси ва реабилитация  воситалари  топширилди. 50 га яқин оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар тумандаги турли корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди.

 Хотин-қизлар  бандлигини таъминлаш, уларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш, айниқса, қишлоқ жойлардаги ёш қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка  кенг жалб этиш, уларни  ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида  туман бандликка кўмаклашиш маркази, банклар билан ҳамкорликда 14 маротаба бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркалари ўтказилди. Мазкур ярмаркаларга 700 дан ошиқ қиз-жувонлар жалб этилди. Тиббиёт бирлашмасига 37 нафар, мактабгача таълим муассасаларига 34 нафар  ишсиз хотин-қизлар тарбиячи ва ҳамшира вазифаларига ишга жойлаштирилди. Шунингдек, туманда иш олиб бораётган катта-кичик тикув цехларида 223 нафар хотин-қиз тикувчи бўлиб иш олиб бормоқда.

Ишсизлик кўп, иш ўринлари кам бўлган маҳаллаларда тадбиркор аёлларимиз иш ўринлари яратиб, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жумладан, "Сарижўга" маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Турсуной Умрзоқова томонидан юнгдан рўмол тўқиш цехи ишга туширилди, 15 га яқин аёлларнинг бандлиги таъминланди. "Янгиобод" маҳалла фуқаролар йиғинида тадбиркор Сафурахон Абдухолиқова ташкил этган "Имкон сари люкс" тикувчилик цехида 12 нафар хотин-қиз томонидан  юмшоқ жиҳозлар  ва аёллар халати тикилмокда. "Гузар", "Маориф" маҳалла фуқаролар йиғинларида ҳам тикувчилик цехлари ташкил этилиб, ишсиз хотин-қизлар бандлиги таъминланди. "Гулистон" маҳалла фуқаролар йиғинида эса ширинликлар, қандолат маҳсулотлари тайёрлаш цехи ишга туширилди.

Оилавий ажримлар масаласи айни кунда қўмитамиз олдида турган энг долзарб ва оғриқли масалалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу борада фаолларимиз, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари томонидан мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур барча ишлар олиб борилмоқда. Ажримлар ўрганилиб, таҳлил қилинганда энг аввало, ёшларимизнинг оилавий ҳаётга руҳан тайёр эмаслиги, бесабрлиги, борига шукр қилмасликлари, оила аъзолари, айниқса, қайнота-қайнонага бўладиган муомала-муносабат ҳақида етарли тушунчага эга эмасликлари сабаб бўлаётганлиги аён бўлмоқда.

Оиланинг мустаҳкам оила бўлишига сабр-қаноат билан эришилади. Тилни тия олмаслик, қайнонага гап қайтариш, эрни ўзига бўйсундиришга уриниш ҳолатлари учраётганлиги барчамизни ташвишга солади. Бу каби ҳолатлар бутун оилани парокандаликка юз тутишига олиб келаётир. Энг аввало, қизларимиз тарбиясига, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратишимиз керак.

 "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилоик тузилмаси, маҳалла мутахассислари, бошланғич ташкилотларимиз етакчилари, отинойилар, имом-хатиблар, маҳалла фаоллари  иштирокида "Оилавий ажримларнинг олдини олиш - ҳар биримизнинг бурчимиз" мавзусида, шунингдек, ҳуқуқбузарлик, жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан йиғилишлар ўтказилди. Тумандаги ажрим ёқасига келиб қолган 42 нафар оилани яраштиришга эришилди.

Муҳтарам юртбошимиз "Аёлларимизнинг бахти халқимиз, жамиятимизнинг бахтидир" деб эътироф этганлар. Дарҳақиқат, аёл  оиласидан кўнгли тўқ бўлса, турмуш даражаси яхшиланса, фарзандлари соғлом бўлса, иш билан таъминланса, ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Биз опа-сингилларимизнинг ҳаётидан рози бўлиб яшашлари учун астойдил меҳнат қиламиз.

Раънохон СОДИҚОВА,

Бўз тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Вилоятимизда байрамолди савдо ярмаркалари ташкил этилди

Мамлакатимиз мустақиллигининг қутлуғ йигирма саккиз йиллик байрами арафасида вилоят ҳокими ташаббуси билан Андижон шаҳри ҳамда вилоятнинг барча туман ва шаҳарлари марказларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдо ярмаркалари ташкил этилди.

Андижон шаҳар марказида, шунингдек, 12 та маҳалла гузарида иш бошлаган ана шундай савдо ярмаркалари расталаридан "Андижон вилоят бозорлари ва савдо мажмуалари" уюшмаси, "Андижонгўштсутсавдо", "Андижонбалиқ" масъулияти чекланган жамиятлари, вилоятдаги агрофирмалар, паррандачилик корхоналари, савдо ташкилотлари маҳсулотлари, шунингдек, фермер хўжаликлари ҳамда деҳқонлар томонидан етиштирилган, ишлаб чиқарилган мева-сабзавотлар, озиқ-овқат ва полиз маҳсулотлари ўрин олган.

- Маҳалламиз гузарида ташкил этилган ярмаркада "Шаҳрихон агроҳамкор" агрофирмаси томонидан 50 га яқин турдаги қишлоқ хўжалиги, полиз, озиқ-овқат маҳсулотлари ва сабзавотлар сотилмоқда, - дейди Андижон шаҳридаги "Иқбол" МФЙ раиси Нафисахон Жўрабоева. -Айниқса, гўшт, парранда гўшти, балиқ ҳамда тухум бозорга нисбатан арзон нархларда  сотилаётганлигидан беҳад хурсандмиз.

Ҳамюртларимизнинг байрам дастурхонлари тўкин бўлишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган ушбу савдо ярмаркалари шаҳар аҳолиси учун катта қулайлик яратмоқда. Қолаверса, савдога қўйилган маҳсулотлар нархи бозордагига нисбатан арзон. Бундан ташқари, намунали хизмат кўрсатилиши, пластик карталар орқали ҳам савдоларнинг йўлга қўйилганлиги юртдошларимизга манзур бўлмоқда. 

Савдо ярмаркаларида 1 килограмм мол гўшти 35 минг сўм, балиқ 8-15 минг сўм, тухум 350 сўм, пиёз 1 минг 200 сўм, картошка 1,5 минг  сўм, гуруч 7-7,5 минг сўм сотилмоқда. Яратилган ушбу қулайликдан аҳоли беҳад мамнун бўлмоқда.

Халқимизнинг энг азиз,  энг улуғ айёми -  Истиқлол байрами муносабати билан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга, халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Савдо ярмаркаларининг очилишида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди.

 

 Зуҳриддин Умрзоқов.