Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
"ЭНГ УЛУF, ЭНГ АЗИЗ" ТАНЛОВИ FОЛИБЛАРИ ТАҚДИРЛАНДИ
Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида халқимизнинг энг улуғ байрами - Мустақиллик байрамини чиройли ва мазмунли ўтказиш мақсадида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Андижон шаҳридаги вилоят Қўғирчоқ театрида ана шу улуғ санага тайёргарлик, қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 июлдаги "Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида "Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!" шиори остида бўлиб ўтган "Энг улуғ, энг азиз" танловининг вилоят босқичи ана шундай тадбирлардан бири бўлди.
Танлов ғолибларини тақдирлашга бағишланган тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокимининг ўринбосари Ўткирбек Шукуров мамлакатимизда истиқлол йилларида эришилган улкан ютуқлар, бунёдкорлик ишлари, халқимиз маънавиятини юксалтиришга ижод аҳлининг қўшаётган беқиёс ҳиссаси, юртимизда ижодкорларнинг самарали ижод қилишлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги, уларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришда мазкур танлов муҳим аҳамият касб этаётганлигини алоҳида таъкидлади.
Танловда шоир ва ёзувчиларнинг, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг, шунингдек, мусаввир, халқ амалий санъати вакиллари ҳамда фотограф ва дизайнерларнинг 800 дан зиёд ижодий ишлари кўриб чиқилди.
- Танлов кўргазмаларида намойиш этилган ижодий ишларнинг ўзига хослиги, мазмунан бойлигини, ранг-баранглигини алоҳида эътироф этиш жоиз, - дейди Андижон вилояти Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи А. Султонов. - Ана шу асарларда истиқлол ғоялари, халқимиз маънавияти, онг ва тафаккуридаги ўзгаришлар ўзига хос талқин этилганлиги янада аҳамиятлидир.
Танлов иштирокчилари истиқлол халқимиз учун улуғ неъмат эканлигини, мустақиллик йилларида юртимизда, хусусан, Андижонда қўлга киритилаётган улкан ютуқларнинг мазмун-моҳиятини, бунёдкорлик ишларини, бой тарихимиз, халқимизнинг урф-одатлари, миллий қадриятларини бадиий асарлар, босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг журналистик ижод намуналари, фотография, дизайнерлик ишлари ҳамда тасвирий санъат асарлари орқали кўрсатиб берди.
Танловнинг якуний натижаларига кўра, адабиёт йўналиши бўйича шоира Хуршида Ваҳобжон қизи "Янги тонг" шеърий китоби учун 1-ўринга сазовор бўлди. Иккинчи ўрин "Заршода" китоби учун шоир Баҳодир Андижонийга, учинчи ўрин "Балки яна..." шеърий тўплами учун Умида Исмоиловага насиб этди.
Телерадио йўналиши бўйича Андижон вилояти телерадиокомпанияси муҳаррири Матлубахон Юсупова 1-ўринга, "Ўзбекистон" телерадио каналининг вилоят мухбири Иброҳимжолн Зуфаров иккинчи ўринга, "Ёшлар" телерадиоканали вилоят мухбири Наргиза Эшонова учинчи ўринга сазовор бўлди.
Босма оммавий ахборот воситалари таҳририятлари ва ижодкорларининг журналистик ишлари йўналиши бўйича Балиқчи тумани "Fалаба" газетаси таҳририятига 1- ўрин, Андижоннома" газетаси масъул котиби Халимжон Тоҳировга иккинчи ўрин, Хўжаобод тумани "Ҳақиқат" газетасига учинчи ўрин насиб этди.
Тасвирий санъат, фото ва дизайн йўналиши бўйича Жалақудуқ туманидаги 13-сон мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси, мусаввир Рустамжон Ўрозов тақдим этган асар ва ижодий ишлари билан биринчи ўринни қўлга киритди. Ижодкор Мавлудахон Абдуллажонова иккинчи, "Иқбол" газетаси фотомухбири Зухриддин Умрзоқов учинчи ўринга сазовор бўлди.
- Танловда мамлакатимиз мустақиллигини, юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини тараннум этувчи ижодий ишларим билан қатнашдим, - дейди танлов ғолибларидан бири Рустамжон Ўрозов. - Ижодий ишларим эътироф этилиб, ғолиб бўлганлигимдан беҳад хурсандман. Бу менга куч ва илҳом бағишлайди, келгусида ижодимни янада юксалтиришга, юртимиз ҳаётидаги ўзгаришларни ўзига хос, рангин бўёқларда тасвирлашга ҳаракат қиламан.
Якунда барча йўналиш бўйича ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалар топширилди. Бир гуруҳ ижодкорлар раҳбатлантирувчи мукофотлар билан тақдирланди.
Машҳур ёзувчи Лев Николаевич Толстой барча бахтли инсонлар бир-бирларига ўхшашлигини таъкидлаган. Хўш, уларнинг умумий томонлари айнан нималарда экан? Замонавий руҳшунослар буни қуйидагича тавсифлашади:
Ўз ҳаётингиз учун масъулиятни ҳис қилинг! Бахтли бўлиш учун биринчи навбатда эркин бўлиш лозим. Вазият қандай бўлмасин, унга қандай ёндашиш ўз қўлингизда. Бунинг учун фақат ўзингиз жавобгар бўласиз. Ўз муваффақиятсизлигингизда бировларни айбламанг.
Атрофдагилар билан яхши муносабат ўрнатинг! Бу сизга бахт ато этувчи энг ёрқин йўлдир. Феъл-атворида муҳаббат устунлик қилиши кишини бахтга етаклайди.
Ўз қизиқишларингизга эга бўлинг! Ишқибозлик бизга майда хурсандчиликлар беради ва улар бирлашиб, бахтга айланади. Шунинг учун қизиқишлар доирасини кенгайтириб боринг. Бу билан сиз бахтга элтувчи йўлларингизни кўпайтирасиз. Атрофда шунча қизиқарли нарсалар бўла туриб, киши бахтсиз бўлиши мумкинми?
Ҳаётий мақсадга эга бўлинг! Бахтга эришиш учун сизга бу жуда зарур. Ўзингизни бир чўққига йўналтирмасангиз, фикрларингиз тарқалиб кетиши мумкин. Мақсадингиз - ҳаётнинг ўзаги.
Ўзингизда борини қадрланг! Агар ношукур бўлмасангиз, бахтга етиш унча қийинмас. Ўзимизда бор бўлган нарсаларга қараш эса қўлимизда йўқ нарсага қарашдан кўра завқлироқ. Атрофингизга қаранг, бахтли эканингизни пайқаш учун шунча кўп асосингиз борки…
Ўзингизда боридан бошланг! Тушунган одам бахтли бўлиш учун бутун умри давомида муайян миқдордаги маошни ёки юқори мансабни кутиб яшамайди. Ўзингизда бори билан ҳам бахтли бўлиш мумкин. Ахмоқлар бахтни тоғлар ортидан, ақллилар эса - оёқлари остидан излайди.
Ўзингизни яратинг! Ўзингиз учун ўз ҳаётий тамойилларингизни яратинг ва уларга амал қилинг. Ўзингизга бўлган садоқат ҳам бахт йўлидаги муҳим омиллардандир. Сиз кимсиз? Бошқалар ҳаёти билан яшаманг, кимнингдир умиди, сиздан нимадир кутаётгани учун эмас, ўзингиз учун яшанг. Қўйиб берса, одамлар сиздан кўп нарса кутишлари мумкин, лекин ўзингизчалик сизни биров севармикан?
Ўз истеъдодингиздан фойдаланинг! Сиз, аввало, бу истеъдодингизни кашф этишингиз, қолаверса, кундалик фаолиятингизда намоён қилишингиз лозим. Бахтга олиб борувчи энг тўғри йўл - ўз истеъдодингизни кенгроқ намоён этишингизга кўмаклашувчи даромад манбаини топишдир.
Майда-чуйдаларга эътибор берманг! Кўпинча майда гаплар катта бахтга завол етказиши мумкин.
Нафсингизни жиловлаб олинг! Тўғри, кишида турли истаклар бўлиши ёмон эмас, аммо уларнинг соғлом ақл устидан ҳукмронлик қилишларига йўл қўймаслик керак. Акс ҳолда, ўзингизга ортиқча баҳо бериб, бу билан кулгига қолишингиз мумкин.
Бошқаларни бахтли қилинг! Бу бахтга эришишнинг энг ишончли усулидир. Ўз бахтингиз йўлида одамларга яхшилик қилинг - ана шунда бунинг ўзи бахт эканлигига амин бўласиз. Кишиларга ҳамдард бўлинг. Бу фидокорликнинг олий кўринишидир. Бахтга худбинлик орқали эмас, балки фидойилик туфайли эришилади.
Либос аёлнинг кўрки, шу билан бирга, аёлларимизнинг чиройига чирой қўшиб турадиган нарса бу - зебу-зийнат ва турли тақинчоқлардир.
Тақинчоқ аёлларнинг ички дунёси, характери ва дунё- қарашини ҳам кўрсатиб беради. Тақинчоқ танлаш борасида қуйидаги тавсияларимиз сизга асқотади, деб умид қиламиз.
Тақинчоқ танлаганда либосингизнинг рангига эътибор қаратинг. Агар либосингиз қора рангда бўлса, атрофи оқ кумуш қора тошли зирак танлаганингиз маъқул. Қизил рангдаги либослар билан эса қора тошли ёки кулранг тошли тақинчоқлар танланг.
Осилиб турадиган ингичка зиракларга сиз ҳеч иккиланмай пушти либосингизни кийишингиз мумкин. Яшил рангдаги либосларга катта, думалоқ тўртбурчак тошли зираклар ярашади. Кўк мовий рангдаги либосларга унча катта бўлмаган шу рангдаги тақинчоқ сизни янада жозибали кўрсатади. Оқ рангли либосларни қора ёки қизил тошли тақинчоқлар билан кийиш сизни янада чиройли кўрсатади.
Сариқ, оловранг тошлар билан безалган бежирим зирак ва тақинчоқлар кўпроқ оқ либослар билан уйғунлашиб туради.
Агар либосингиз зангори бўлса, бу либос билан оқ тошли зиракларингизни таққанингиз маъқул. Балдоқ ёки айлана шаклдаги зиракларни турли тўй-тантаналарга рангли, кўзга ташланиб турадиган кўйлаклар билан тақиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Либосингиз ялтироқ бўлса, улар билан майда ялтироқ ва оқ тошлар билан уйғунлашган тақинчоқларни тақинг.
Либосингиз сариқ рангда бўлса, у билан асло тилла тақинчоқлар тақманг. Сариқ либосга оқ кумуш ёки бриллиант тақинчоқлар ўзгача чирой қўшиб, сизни янада мафтункор кўрсатади.
Шу ўринда нозик аёллар катта тошли тақинчоқлардан фойдаланишлари мақсадга мувофиқ, чунки бу тақинчоқлар кўзга ташланиб туради.
Яккаю ягона қизимни турмушга узатдим. Жоним бироз ором олди. Кўнглим таскин топгандай бўлди. "Ҳамма ташвишлардан қутулдим", деган фикр хаёлимдан ўтди. Яна "Ташвиш деганнинг ўзи бўлмайди" дея хаёлладим. Тушуниб етсам, ҳаммаси энди бошланаётган экан...
Ота кўрдию, қиз чақирдилардан сўнг қизим бир куни уйимга ёлғиз кириб келди. Жонимни ҳовучлаб кутиб олдим, жовдираб кўзларига тикилдим. Шошилиб сўрадим:
Бошқа бир куни қизим уйимизга ғамгин кириб келди. Эътибор билан унга разм солдим. Кўзлари қизарган, лаблари титроқ... Тушундим ва унга ҳам тушунтиришга ҳаракат қилдим:
- Қизим, қарс икки қўлдан чиқади. Турмушда сен пастроқ бўласан, мулойим бўласан. Эрнинг нонини емоқ учун темирдан тиш керак. Эринг билан яхши бўлсанг, қолгани ҳеч гап эмас. Қизим, хўп дегину, уйингга бор...
Бир куни тушлик маҳали қизим арз билан кириб келди. Ҳар нима деди, кўзёш қилди. Ўзи ҳақу, қолганлар ноҳақлигини айтди. Бир сўз демадим. Дастурхон тузаб, чой бердим. Кечагидан қолган ошни иситиб тургандим, ундан едирдим. Аврадим:
- Қизим, энди уйим сенга тор, - дедим яна бир сафар. - Пешонангга ёзилгани шу. Оила бозор савдоси эмас. Кеча телефонда айтдим-ку, тушимга кириб қолибсан. Оқ гулзор ичида кезиб юрибсан. Оилавий ишларинг юришиб кетади. Мана мени айтди дерсан. Қизим, йўқ демагин, уйингга бор...
Яқинда қизим неварамни кўтариб кириб келди. Икковини ҳам бағримга босдим.
- Қизим, сен жуда бахтлисан. Ширингина фарзандинг бор. Уйинг уй бўлсин, фақат битта билан ўт. Турмуш ғавғосининг калити - сабр. Қиз туққанимнинг жазоси шу менга. Қўшнилар эшитмасин, укаларинг сезмасин. Қизим-қизгинам хўп дегин, тезроқ уйингга борақол, борақол...
Инсон ниманингдир қадрига етиш учун олдин уни йўқотиши керак экан. Бир вақтлар менинг қадримга етмаган, алоқамизни узган инсон бугун азоб ила, соғинганини ва алоқамизни тиклагиси келганини айтди. Бу сўзларни эшитдим-у, телефонни ўчирдим. Шу дам бутун танам музлаб, титроқ босган лабларим, нега-нега?, дея савол отар эди. Ўз-ўзимга берилган бу саволга кўз ёшларим жавоб бергандай бўларди.
Хотиралар эса мени ўз домига тортиб, тиниқ, мусаффо, беғубор, пок муҳаббатим томон етаклар эди. Ҳа эсимда, бир неча йиллар аввал мен шундай севгининг асираси эдим. Fунча мисол, ҳали очилиб улгурмаган атиргул каби, гўзал бир қиз эдим. Гард юқмаган бу бастимга кимлар харидор бўлмаган дейсиз, босган қадамимга гуллар отишар, бир бор суҳбат қурмоқ учун қанча оввора-ю саргардонлар бўлишарди. Буларни бетайин туйғулар, дея эътибор бермай юрган бу мағрур қиз, оддийгина, кўримсиз, камтар, соддагина бир йигит қаршисида ожиз бўлиб, нафақат юрагини, балки, орзу-умидлари, ўйчан хаёлларини, қалб тубида асраб келган, ҳамма-ҳаммадан яширган сирларини, ишончу, садоқатини, барча-барчасини унга топширди.
Унинг қаршисида шунчалар ожиз эдимки, ҳатто ўзимни ҳам ўйламай, у билан ёниб турган ўтга ҳам бирга киришга рози эдим. Мен биринчи бор учрашувдаёқ унга нисбатан бефарқ эмаслигимни билдирдим. Кунлар ўтган сайин туйғуларимиз жиддийлаша бошлади, мен эса унга ўрганиб бўлган эдим.
Тамом, энди усиз менга гўё ҳаёт йўқ, у бўлмаса кунларим маъносиз, зерикарли туюлаверар эди, у бўлмаса кундузлар ҳам қоронғу-ю, зулматда танҳо қолгандай ўксинар эдим. Шунинг учун ҳар суҳбат қурганимизда "мени ҳеч қачон ташлаб кетманг", дея қайта-қайта таъкидлар эдим. У ҳам мени ёлғиз қолдириб кетмаслигига ишонтирар эди.
Кунлар ўтган сайин, у мендан узоқлаша бошлади. Мендан тинмай нолир, камчиликларимни айтиб, мендан безигандай ўзидан узоқлаштиришга уринарди. Мен эса тобора унга яқинлашар, тинмай унинг кўнглини олиш учун оввора эдим. Аммо бефойда, тамом, у аниқ бошқа бир қизга ошиқ бўлган. Мен тақдир қаршисида ожиз эдим, ахир ўзи хоҳламаса мажбурлаб ёнимда олиб қололмайман-ку.
Сўнгги сўзни мен айтишим керак эди, сабаби у ё кетмади, ё қолмади. Ўртада менинг беғубор туйғуларим азобланар эди. Ва мен сўнгги сўзни айтдим. «Бас, мен севгимдан кечдим, сиз ҳам бахтли бўлинг!»
Кетдим, у ҳатто мени олиб қолишга ҳам уринмади, қўлимдан тутиб, бир сўз айтишни ўзига жоиз кўрмади. Мен эса ортимга боқмадим, қўлимда турган соябонни маҳкам қучдиму кетдим. Шу кетганча узоқ йўл юрдим, аммо манзилим тайин эмас эди, мен ўзимда эмасдим. Ана энди бу юракнинг азоб беришини-чи, дод деб фарёд урсанг, бутун коинот фарёдимдан ларзага келса, деб ўйладим. Қалбим оғриди, бу оғриқ азоб берар руҳимга, чарчаган нигоҳлар хоҳламасди ортиқ бу ҳаётга боқишни, нафас олиш ҳам малол келарди, юришдан чарчади оёқлар, танам бир қаттиқ чарчади-ю ерга йиқилдим!
-Хайрият, ўзингга келдинг қизим, хавотирдан ўлдим-ку, дўхтир айтди кучли чарчоқдан экан, бўлди, уйга кетамиз, бошқа ишламайсан, қишлоққа олиб кетаман жоним болам, мени росса қўрқитдинг, эрталаб бўлсин, йўлга чиқамиз...
Мана, неча уйқусиз соатлардан сўнг тонг ҳам отди, мен тайёрландим ва онам иккимиз уйимизга кетдик. Менинг якунланмаган севгим шу ерда, шаҳарда қолади, токи, бу севги қиссаси якунланмас экан, ҳаётимнинг янги муҳаббат саҳифаси очилмайди. Сўнгги сўз - мен кетдим.
Аёл уй ичида безовталик билан кезарди. Гоҳ уй анжомларининг ўрнини алмаштирар, гоҳ стол-стулларни тўғрилар, гоҳ ошхонага ўтиб печда пишаётган пишириқ, қозондаги овқатидан хабар олиб, яна меҳмонхонага ўтиб тузалган дастурхон устидаги ноз-неъматларни кўздан кечирарди.
Кўчадан қадам товуши эшитилса, деразага яқинлашар, қулоғига эшик қўнғироғи чалингани эшитилса, эшикка чопар, қўшнилари эканлигини билиб, ҳафсаласизлик билан ортига қайтарди. Узоқ шаҳарга иш излаб кетган ўғли ҳам йўл узоқлиги ва ишхонасидан рухсат ололмаётгани учун икки ойдан бери келолмаётганди. Аёл қаттиқ соғинч билан ўғлининг келишига умид қилар, оёқ товуши ва қўнғироқнинг жиринглашига безовталик билан қулоқ тутиши шундан эди. Ҳар йили туғилган кунида ўғли:
- Онажоним, туғилган кунингиз муборак бўлсин, - деб уни бағрига босиб, ўпиб қутларди. Олдинги йиллардаги ўғлининг табригини кўз олдига келтирган она худди ҳозир эшикдан ўғли кириб, бағрига отилаётгандек ҳаяжонланиб кетди. Гарчанд ўғли қўнғироқ қилиб, келишини айтмаган бўлса-да, она унинг келишини астойдил истагани учунми, дилбанди хуш кўрадиган таомларни тайёрлади. Аммо, ўғлидан ҳануз дарак йўқ эди.
- Нега бунча безовтасан? Бу тайёргарликлар ким учун?
Аммо аёл эрига тайинли бир жавоб беролмади.
Ҳадеб саволга тутаверганди, аёл эрига: Бугун уйда ишим кўпроқ эди. Сиз кўчага чиқиб бироз айланиб қайтинг. Кўча кезиб, дўстларингиз билан учрашинг, - деди. "Бу тайёргарлигим нимага эканини отаси билсаю, ўғлим келмаса, менга қўшилиб отасининг ҳам кўнгли ўксийди", деган хаёл кечганди кўнглидан. "Келолмаса" деган ўй миясидан ўтган заҳоти, юраги бир қалқиб кетарди.
Бир неча соатлар ўтиб, баттар кўнглига изтироб чўкди: "Келолмасанг ҳам бир марта қўнғироқ қилиб, "Онажоним, десанг, нима қиларкин-а?!"
Охири ичидан қиринди ўтиб, ўзи қўнғироқ қилишга тушди. "Туғилган куним билан қутлаш учун ҳатто қўнғироқ ҳам қилмасми бу бола, ажабо? Ҳа, мен бу тарзда соғиниб кутяпман, у балки эсламагандир ҳам. Кўздан йироқ бўлган, кўнгилдан ҳам йироқ бўлар, деган гап оналар учун ҳам айтилган эканми? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас. Ҳеч бўлмаганда бир қўнғироқ қилади. Жуда соғиндим-а, соғиндим полвонимни, қора кўзим, эркатойимни... "Эркатойим" деганимни эшитса, "мени ёш боладек эркаламанг" дейди. Гўдакдек беғубор болажонимни ёш боладек эркалаб-суяманда...
Ўғлини ўйлаб, у билан сўзлашаётганларини тасаввур қилиб юз-кўзида табассум ўйнар, ўзи тушунмаган ҳолатда завқланарди. Девордаги соатга кўзи тушиб, ўзига келди. Сўнг "Келолмайди, қўнғироқ қилса-чи? - деди истамайгина ўрнидан туриб, - овозини эшитардим-а..." Шу хаёлларда оғриниб ўтирганида мобил телефонининг қўнғироғидан хаёллари тўзғиб кетди. Ҳорғинлик ва умидсизлик билан телефонни қўлига олиб, экранга қаради; қўнғироқ қилган ўғли эди. Севиниши керакмиди? Аммо у севинмади. "... Ажабо... Э, воҳ, келолмаслигини айтиш учун қўнғироқ қиляптими? Шунчаки телефонда қутлаб қўя қоладими? Ахир, ҳар йили онасининг туғилган кунини қанчалик илҳақ кутарди ўғли?.." Қўнғироққа ғамгин оҳангда жавоб берди:
- Хўп бўлади, онажон. Отамга салом айтинг. Мен олтин каби ҳамманинг кўзини қамаштирадиган, дунёдаги энг бебаҳо, қадрлилар орасида қиймати баланд дунё гўзалининг эшиги ортидаман.
Ўғли: - Онажоним, сизни хурсанд қилиш учун бир сюрприз қилай дегандим, илтимос, йиғламанг, - деса-да, она кўзларидан томаётган севинч ва шукроналик ёшларини тўхтатолмасди...
Элимизнинг ардоқли фарзанди, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг сайланма китобидаги "Шукр дейсан сен қачон?" сарлавҳали шеърини такрор ва такрор ўқигим келаверади. Бизнинг феълу атворимиздан келиб чиқадиган ношукрчиликдан зада бўлган шоирнинг аламли сатрлари бежиз битилмаганлигига ўзим ҳам ҳаётда кўп бора гувоҳ бўлганман. Ахир:
Таъмагирни тортқилаб,
Нафси қўймас дейдилар.
Нокас ўзи тўйса ҳам,
Кўзи тўймас дейдилар.
Боқ бир ёруғ оламга,
Кимлар зўрға кун кўрар.
Одамлар бор, боғдаги,
Булбулдан ҳам пул сўрар.
каби ҳар қадамда ўзининг тўймас нафсини ўйлайдиган, бировга салом-алик қилишдан ҳам манфаат кўзлайдиганлар орамизда йўқ деб, ўйлайсизми?...
Бу ёруғ оламда турфа дунёқарашга, феълга эга бўлган инсонлар бор. Хизмат юзасидан улар билан деярли ҳар куни юзма-юз бўламан, суҳбатларини оламан. Ҳузуримга бирор юмуш билан келган одам ўзини қийнаётган муаммоларини тўкиб солади. Маҳалла фуқаролар йиғини раиси сифатида мендан ёрдам беришимни илтимос қилишади. Албатта, уларга ўз ўрнида ёрдам беришга, имкон қадар идорамиздан кўнгилларидаги ғубор тарқаган ҳолда чиқиб кетишларига ҳаракат қиламан. Очиғи, шу сингари одамлар билан ишлаш жараёнида турмушимиздан нолийдиган, ҳаётда яшаш оғирлашиб боришидан шикоят қилувчилар кўпайиб бораётганидан ташвишга тушаман. Тўрт мучаси соғ бўла туриб, билагидаги кучини енгил-елпи ишларга сарфлаб, ҳалол меҳнат қилишни хоҳламайдиган оталарнинг болалари қандай бахтли яшасин? Фарзанд тарбияси билан шуғулланиб, уларни оқ-ювиб, оқ-тарайдиган она шўрлик не қилсин, бундай шароитда?
Мен бир оилани биламан. Бундан йигирма йил аввал институтда сиртдан ўқир, аммо иш жойининг тайини йўқ эди. Бирор бир жиддий иш билан шуғулланиш ўрнига отаси берган пулга ароқ олиб ичиб, кун ўтказар эди. Уни бу йўлдан қайтаришга ота-она, ака-ука кўп уринишди, аммо ичкилик йўлидан қайтариша олишмади. Ахири ўйлай-ўйлай ота-она бир тўхтамга келишди. "Уйлаб қўйиш керак!" Енгил ҳаёт кўчасига кириб бўлган йигитга 24 ёшида гулдай бир қизни келин қилиб олиб беришди. Узоқ қариндошлик ҳурматидан тузукроқ сўраб-суриштирмасдан узатилган қизнинг келинлик ҳаёти илк куниданоқ бахтсизлик билан бошланган эди. Йигит турмуш қуриш не эканлигини ҳис қилиш туйғусидан маҳрум эди. Келинчак мактабда ишлар, иш ҳаққини тийин-тийинигача, қайнона-қайнотанинг қўлига тутқазар эди. Куёв бола эса келинчакнинг пулидан ароқ олиб ичиш учун отасидан пул сўрашни канда қилмас эди. Орадан йиллар ўтди, оилада бирин-кетин тўрт фарзанд туғилди. Бироқ, оилада ҳеч қандай ўзгариш бўлмади. Йигит ичкиликка пул топа олмаган чоғида уйдаги жиҳозларни, телевизор, музлатгич ва ҳатто кўрпа-тўшакларни ҳам сотиш даражасига етди. Охир- оқибат тўрт фарзанднинг онаси болалари билан ота-она уйига қайтиб келди. Ўша аёл ҳозир ҳам ота, ҳам она бўлиб болалари тарбияси билан шуғулланаяпти, мактабларнинг бирида ҳурмат ва эътибор билан ишлаб келмоқда...
Оилада ғурур ва орини унутган оталар кўпайиб кетаётгани учун бугун аёлларимиз бозорларга чиқиб кетишди, юртма-юрт кезиб, камёб матоларни олди-сотдиси билан шуғулланиш ҳолатлари ҳар қадамда учрайди. Энг ёмони, келажагимиз ворислари бўлмиш болалар тарбияси ўз ҳолига ташлаб қўйилаётгани ачинарлидир.
Юқорида сўзимни шукр қилмоқликдан бошлаган эдим. Тўғриси, биз ҳар тонг субҳи содиқни, қуёшнинг уфқдан бош кўтаришини равшан кўзларимиз билан кўриб, атроф гўзаллигини ҳис этаётганимиздан, қулоқларимиз ёқимли куйни тинглаётганидан, қўл-оёқларимиз оғриқсиз ҳаракатга келаётганидан шукр қилишни ҳам ҳаёлимизга келтирмаймиз. Турмушдаги учрайдиган, ўзимизнинг интилишимиз билан бартараф қилиш мумкин бўлган қийинчиликларни рўкач қилиб, оҳ-воҳ чекишга тушамиз. Зеро, бугунгидек тадбиркорликка кенг йўл очиб берилган шароитда ҳар ким ўз иқтидорини, имкониятини ишга солишга ҳеч ким тўсқинлик қилмайди-ку! Қўлида гулдек ҳунари бўлганлар, меҳнатдан қочмайдиганлар тўкинликда яшаб келишаяпти. Шундай ҳамюртларимизнинг фарзандлари ҳам эмин-эркин улғайиб, оталарининг ҳунарларини эгаллашмоқда, олий ўқув юртларида таҳсил олишмоқда. Аниқ биламанки, мамлакатимизнинг келажаги ана шу иқтидорли, билимли, зукко ёшлар қўлида. Ана шуларни ўйлаганимда, дилим таскин топади.
Яна ношукрлигимиз шунда кўринадики, биз яқин ўтмишдаги маиший ҳаётимизни унутиб қўйдик. Ўчоққа тезак, ўтин-чўп ёқиб, уйимизни қорайтириб, кўзимизнинг ёшини оқизиб овқат пиширардик. Кўчадан сув ташиб, тунда фонар ёки шам ёқиб тонг отишини кутар эдик. Ҳозир ҳар бир хонадонда табиий газ, тоза ичимлик суви оқиб турибди. Электр нуридан уйимиз чароғонлигига кўникканмиз. Ҳеч бир машаққатсиз уйимиз исийди, овқатимиз тайёр, чанқоғимизни машаққатсиз қондирамиз. Бироқ, ана шундай истеъмол қилаётганимиз газ, сув ва электр ҳаққини тўлаб қўйишни пайсалга соламиз. Эгнимизга қимматбаҳо либослар ҳарид қилишга пул топамиз, ким ўзарга тўй қилишга ҳафсала қиламиз-у, шундай фаровон турмушимиз учун асқотаётган газ, сув ва электр тўловларига маблағ топа олмаймиз. Бундай кимсаларни ҳам мен бир сўз билан ношукрлар дегим келади. Агар уч кун сув бўлмасинчи, 24 соат электр ва табиий газсиз яшангчи, ҳолингиз нима кечар экан? Олмоқнинг бермоғи бор, деб бежиз айтилмаган, ўз вақтида қарзни тўлаш ҳар бир инсоннинг одатига айланмоғи зарур.
Яна шунга шукр қилишимиз керакки, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо. Ҳатто, тунда кўчада юрсангиз ҳам биров мушугингизни "пишт" демайди. Кўчаларимиз ёруғ, чароғон, ҳатто кечаси ҳам манзилингизга бир зумда, эсон-омон етказиб қўювчи транспортлар хизматда.
ВУЖУДИМИЗДАГИ БОЙЛИК ёхуд уни ўз вақтида асрай оляпмизми?
Муносабат
Хизмат юзасидан тиббиёт муассасаси раҳбари ҳузурида бўлган чоғимда бугунги кунда қайси касалликлар кўпроқ учраётгани ҳақида савол бердим. Суҳбатдошим кўп йиллик тажрибага эга бўлган шифокор аёл эди. У бир зум ўйлангач, шундай жавоб берди:
-Энг биринчи галда кишилар ўзларининг тани-сиҳатларига беэътибор эканликларига гувоҳман. Келинг, яхшиси ҳозирнинг ўзида буни ўз кўзингиз билан кўринг...
Шундай дея бош шифокор котибасини чақириб, қабулга келганлардан бирини киритиш ҳақида топшириқ берди. (Дарҳақиқат қабулхонада уч тўрт эркак ва аёл бош шифокор ҳузурига кириш учун навбат кутишаётган эди). Бироз ўтиб, хонага тўладан келган, оппоқ, юзида ранг сезилмаётган, кўринишидан ёши анча улуғроқ бир аёл кириб келди.
- Келинг синглим, ўтиринг, - деди бош шифокор мулойимлик билан.
Аёл менга бир қараб қўйди-ю, арзи ҳолини баён этди:
- Ёшим 31 да, уч ўғил ва икки қизим бор. Шу пайтгача икки марта операция қилишди. Лекин, барибир соғлигим яхши эмас... Менда "грижа" бор экан, яна "миома" бўлибсан, дейишди. Бу ёқда эрим ногирон, отам ўтиб кетган, ўзим ҳеч бир ишга ярамайман. Яна операция қилдиришим керак экан. Бунга эса менинг пулим йўқ, ёрдам беринг...
Ҳасратлари бир дунё бўлган бу аёлнинг гапларини тинглар эканман, унинг эндигина ўттиз бир ёшдаман, деганлиги учун бошдан-оёқ разм солдим. Ҳайрон қоларлиси, бемор аёл кўринишидан элликка яқинлашиб қолгандек эди.
Суҳбатдошим умид билан нажот излаб келган беморга зарур ёрдам беришини тушунтирди. Кейин жарроҳлик бўлими мудирини чақиртириб аёлнинг ҳолатини баён қилиб, зарур чора-тадбир кўриши лозимлигини айтиб, уларга рухсат берди.
- Мана кўрдингизми?, - деди бош шифокор. - Бу аёлда барча касаллик бирданига пайдо бўлган эмас. Аввало, турмуш қураётганида унинг саломатлиги яхши бўлмаган. Кейинчалик кетма-кет фарзанд кўриб, ўз соғлигига эътибор бермаган, ҳам руҳий, ҳам жисмоний зўриқишлар оқибатида қатор касалликлар келиб чиққан. Аёлларимиз рўзғор, бола-чақадан ортиниб, ўзи учун вақт ажратмайдилар, саломатлигида жиддий ўзгаришлар юз бергандан кейингина касалхонага югурадилар. Агар иложи бўлса, ана шу мавзуни ўрганиб кўрсангиз...
Мана шу туртки баҳона, у ёки бу касалликка чалинган кўплаб аёлларни кузатдим. Ёши эндигина ўттизга етган, аллақачон ногиронликка чиққан аёлларнинг қай бирлари камқон, бошқа бири бўқоқ билан хасталанган. Касалликларнинг тури кўп бўлганидек, қатор касаликларга чалинган кўп болали оналарнинг руҳиятларни ўргангим келди.
Хасталикка чалинган аёл энг биринчи галда ўзининг оиладаги тарбиячилик ўрнини йўқотади. Эрининг уддасидан чиқиши ҳам ҳаминқадар... Илгарилари хотин-қизларнинг ёшлари элликка борганида ҳам икки юзлари қип-қизил, ҳаракатлари енгил бўлганлигини катталардан эшитган эдим. Аммо, бугунга келиб, одамлар камқувват, турли касалликларга чалинувчан бўлиб қолишаётганини инкор этиб бўлмайди. Бунинг сабаби нимада? Умуман, бунинг олдини олиш мумкинми? Шу каби саволлар билан мутахассисларга мурожаат қилганимда, бизда энг биринчи галда тиббий маданият етишмаётганлигини қайта-қайта тилга оладилар.
Очиғи, ўша оддийгина тиббий маданият тушунчасини соддагина деҳқон тугул, ҳатто дурустгина ўқиган, қўлида олий маълумотлиги ҳақида ҳужжати билан зиёлилар ҳам аллақачон унутиб қўйишганига нима дейсиз? Ҳар куни ақалли бир неча дақиқа жисмоний машқ қилишга вақт топишни хоҳламайдиган опахон гоҳи-гоҳида парҳез тутиш ҳам соғлиқнинг гарови эканлигини инобатга олмайди. Ёки айтайлик, болани 2-3 яшарлигидан Оллоҳ берган садафдек тишларини барвақт асрай билишга ўргатиш ҳақида қайғурмайди. Йиллар ўтгач эса, тиш оғриғидан шикоят қилаётган ўғил ёки қизни тиш докторига олиб борганда, "даволаш пули шунча қиммат бўладими?", дея айюҳаннос соладиганлар йўқ эмас. Ваҳоланки, инсоннинг тўғри овқатланишида муҳим омил бўлган 32 та тиш ўз вақтида асраб-авайланса, ҳазм қилиш тизими ўзгармай, ошқозон-ичак касалликларининг олдини олишини ёдда тутсак қанийди...
Ёки айтайлик, сизни бирон-бир касаллик безовта қилмайди. Ўзингизни доимо яхши ҳис этасиз. Шундай ҳолатда бир савол: "Шифокор ҳузурига бир йилда бир маротаба бориб кўрикдан ўтиб турасизми?" Ана шу савол билан бир бошқарманинг масъул ходимига мурожаат этдим.
-Қизиқмисиз, соғ одам ҳам докторга учрайдими? - ҳайрон бўлиб жавоб қилди суҳбатдошим. - Қолаверса, ишдаги одам бўлсам, бекорчи вақтим йўқ...
Олий маълумотли одам шундай фикрда экан, даладаги деҳқон ёки корхонадаги оддий меҳнаткашнинг тушунчаси қай даражада бўлар эди? Тиббий маданият деган тушунча уларга аллақандай хорижий атамадек туюлса керак, эҳтимол?..
Ҳолбуки, касалликдан безовта бўлаётган жисмимизни ўз вақтида текширувдан ўтказиб турсак, фаолиятимизни, ишчанлигимизни сақлаш учун нималарга эътибор беришимиз зарурлигини билсак, ўзимиз учун фойдали эмасми?
Тўрт мучаси соғ туғилган гўдакка Яратганнинг энг бебаҳо бойлиги қўшиб берилади. У ҳам бўлса соғлиқдир. Уни ҳеч бир бойлик ёки пул билан ўлчаб бўлмайди. Агар у жисмимизни тарк этса, шифокорга ўз вақтида дардимизни билдирмасак, кейин ҳар қанча уринишлар бесамар кетади. Айниқса, одамларнинг покизалик, орасталик, умуман санитария-гигиена қоидаларига аҳамият бермасликлари эвазига юқумли касалликлар ҳисобланган сил, тери-таносил, ич кетиши, қизамиқ, гепатит каби хасталиклар туфайли сиҳатларини бой берганларни саноқ билан келтиришнинг ҳожати йўқ. Зеро, ана шундай касалликларга чалинганлар камаймаганлиги туфайли, шифохоналар ҳамон гавжумлигини айтиб ўтиришнинг ўзи кифоя.
Ота-оналардан бири донишманднинг олдига келиб дебди:
- Мен фарзандимни етук ва комил этиб тарбияламоқчиман. Уни қайси муаллимга берсам, мақсадимга тезроқ етаман?
Донишманд бир оз ўйлаб, шундай жавоб берибди:
- Бу ҳаётда муаллимлар жуда кўп. Улардан энг яхшиси меҳнат, кейин эса илмдир. Ҳар икковидан қай бирига болангни шогирдликка берсанг ҳам ютқазмайсан. Лекин шуни бир билки, илмга ҳам меҳнат орқали эришилади.
- Тушундим, устоз, - дебди ота. - Ўғлимни аввал меҳнатга, кейин эса илмга ўргатаман...
Қиссадан ҳисса шуки, ҳар қандай муваффақият меҳнат туфайли келади. Ҳатто машҳур "Қутадғу билиг"да ҳам "Бахт-саодат калити меҳнатдир", дейилади. Демак, фарзандларимизни болалигидан ишлашга ўргатишимиз лозим. Уларга меҳнатнинг нони ширин эканлиги, обрў-эътибор, бойлик ҳам пешона тери эвазига келишини тушунтиришимиз керак.
...Девор-дармиён қўшнимизнинг ягона ўғли бор эди. У боласини эркалатганини деярли ҳеч ким кўрмаган. 10 ёшидан ишга солди. Керак бўлса-бўлмаса, ғишт-гувалак қуйдирди. Хуллас, бекор қўймади. Қўни-қўшни, қавм-қариндошлар "унинг болалигини ўғирламанг, ўз ҳолига қўйинг", деб кўп гапиришди. У эса ўз билганидан қолмади ва уларга "мен қариганимда қанд емоқчиман", дея жавоб берарди.
Кунларнинг бирида отанинг бу гапини эшитган оқсоқоллардан бири шундай деди:
- Катталарнинг сўзи бор: ким боласини бўш қўйибди, кейин панд ейди, ким банд этибди, қанд ейди! Унинг ишиям, йўлиям тўғри...
Мана, ҳозир ўша йигит ўзи фарзандли бўлди. Ҳеч меҳнатдан қочмайди. Ҳатто уйланиш олдидан икки хонали уйни ўз қўли билан битказди. Бу орада олий ўқув юртини битириб, мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаяпти.
Яна бир қўшнимизнинг эса уч ўғли бор. Уччаласининг бўйи отаси билан тенглашиб қолса ҳам меҳнатга бўйни ёр бермади. Чунки отаси уларни ўргатмади. Ишонасизми, ҳалигача кун ёйилганда уйқудан туриб, тун яримлаганда уйга кириб келишади. Ё бирор ишни қойиллатишмайди ва ё бирорта касб-ҳунар ўрганишмади. Ота иш буюрса, дангаса томири тортиб қолади.
Кўрдингизми, шу икки мисолнинг ўзиёқ меҳнатнинг инсон ҳаётидаги аҳамияти нақадар улканлигидан далолат беради. Шунинг учун болангизни унинг қўлига беринг. Ўшанда у ҳам меҳнатсевар, ҳам тарбияли, етук инсон бўлиб улғаяди.