+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ИНСОН ХОТИРАСИ АЗИЗ

Аллоҳ таоло яратган барча маҳлуқотлар ичида энг азизу мукаррами шубҳасиз, инсондир. Қуръони каримда: "Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик..." ("Исро" сураси, 70-оят) деб марҳамат қилинади. Шу боис ҳам, динимиз аҳкомлари, муқаддас китобларимизда ибодат, имон масалалари билан бир қаторда инсонни улуғлаш, инсоний муносабатларнинг олий даражада бўлиши назарда тутилади.

Ҳаётда ота-онамиз, яқинларимиз, умуман, атрофимиздаги инсонларнинг қадрига етиш билан бирга, ўтганларни эслаш, хотирлаш ҳам ҳар бир банда учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Фоний дунёдан ўтиб кетган ўз яқинларимиз - марҳумларни доимо яхши сифатлар билан эслаш инсоний бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак. Банда ҳар доим ўтмишга назар ташлаб, ундан тегишли хулосалар чиқариши ва шунга мувофиқ иш тутиши, турмуш кечириши хайрлидир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: "Айтинг: "Ерда сайр қилинглар, бас, олдингилар оқибати не бўлганини кўринглар!" ("Рум" сураси, 42-оят) деб марҳамат қилади. Ушбу ояти каримадан кўринадики, ўтмишда ўтган кишилар ҳаётини, қилган эзгу амалларини ўрганиб, яхшиликларидан ибрат олиб, хатолардан хулоса чиқариб, уларни такрорламасликка ҳаракат қилиш келажакнинг салоҳиятли бўлишида муҳим роль ўйнайди. 

Бу хусусда жуда кўп оят ва ҳадислар ворид бўлган.     Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Дунёдан ўтганларнинг яхши сифатларини         эсланглар, уларнинг ёмон сифатларини айтишдан сақланинглар" деганлар (Термизий ривояти). Демак, инсон вафот этгандан сўнг одамлар уни яхши сифатларини эслаши учун энг аввало, ҳар бир банда тириклигида Аллоҳ рози бўладиган амалларда бардавом бўлиши, эзгу ва хайрли ишларни бошидан тутиши лозим бўлади.

Кимки, ҳаётлик даврида ҳалол ва харомга эътибор бермаса, инсонларга турли зиён-заҳматлар етказса, кишилар орасида ҳар хил ихтилоф ва фитналар чиқарса, албатта, бундай инсонни ҳеч бир кимса яхшилик билан эсламайди. Бу эса ўша каби  инсонларни номаи амолига ёзилиши мумкин бўлган савоблардан, унинг   хайрли ишлари, ибратли амалларини эслаб, қилинадиган дуолардан бебаҳра қолишни англатади.

Шариатимиз кўрсатмаларига кўра, ўтганларнинг қабрларини зиёрат қилиш суннат амаллардандир. Пайғамбаримиз Муҳамад алайҳиссалом: "Сизларга қабрларни зиёратини тақиқлаган эдим. Мана энди      қабрларни зиёрат этаверинг, зеро, у сизларга охиратни эслатади", дедилар (Термизий ривояти). Қабристонга бориш, ўтганларни зиёрат қилишнинг ҳам ўзига яраша одоблари бор. Мангу оромгоҳда ётган марҳумларни ўйлаб, улардан ўгит ва ибрат олишимиз лозим. Зеро, улар ҳам бизлардек яшаган, турли амалларни адо этган. Бугун эса орамизда йўқ. Бу ҳар бир инсонни шубҳасиз, тафаккурга, мулоҳазага ундайди. Шу боис ҳам, қабристонга қадам ранжида қилганимизда руҳимизда, жисмимизда ўзгача туйғулар жўш уради. Зотан, Расули акрам саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ўлим насиҳат олиш учун етарли ҳодисадир" дедилар (Табароний ривояти).

Қабристонни зиёрат қилиш чоғида қуйидагиларга алоҳида эътибор бериш лозим. Аввало, қабристонга кирганда: "Сизга салом, эй қабристон аҳллари" дея салом бериб, хокисорлик билан кириш лозим, қабрлар оёқ билан босилмайди. Сўнгра марҳумлар руҳига бағишлаб, Қуръон тиловати ҳамда дуойи хайрлар қилинади. Бу маййит учун ҳам, банда учун ҳам хайрлидир.

Унутмайлик, бу дунё қайтар дунёдир. Биз аждодларимиз руҳини шод этиб, уларни қанчалик кўп хотирласак,     фарзандларимиз ҳам бундан ибрат олади, қалбида яхшилик уруғлари ниш уради. Вақтлар келиб, ўтиб кетганимизда улар ҳам бизларни хотирлаб, дуойи    хайрда бўлади, иншааллоҳ.    Пайғамбаримиз алайҳиссалом ҳадиси муборакларида: "Агар бир инсон вафот қилса, унинг амали тўхтайди (савоб ҳам, гуноҳ ҳам ёзилмайди). Фақатгина учта нарсадан унга фойда етиб туради: (қолдириб кетган) садақаи жория ёки фойдали илм ёхуд хақига дуо қилиб турадиган солиҳ фарзандларидан", дедилар (Муслим ривояти).

Шу ўринда қабристонларни обод қилиш ҳам ҳар биримизнинг муқаддас  бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз зарур. Яқинлашиб келаётган Хотира ва Қадрлаш куни олдидан карантин қоидаларига амал қилган ҳолда аждодларимиз мангу ором топган қабристонларни тозалаб, обод қилайлик. Бугунги муборак рамазон кунларда Аллоҳ таоло барча ўтганларни раҳматига олиб, уларнинг хақларига қилаётган дуоларимизни, хайрли амалларимизни ижобат қилсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, халқимизни турли офату балолардан асрасин.

 

Абдуқаҳҳор ҚАНОАТОВ,

Олтинкўл туманидаги "Далварзин" жомеъ

 

масжиди имом ноиби.

АФFОНИСТОН АМИРИДАН ОЛТИН ХАНЖАР ОЛГАН ЎЗБЕК ТАРЖИМОНИ ҲАҚИДА ЭШИТГАНМИСИЗ?

Билиб қўйган яхши

Бу инсон 1911 йилда жаҳонга машҳур "Робинзон Крузо" асарини оригинал сюжетини қисқартириб, мазмунини ўзбек тилига илк бор таржима қилган ижодкор Муҳаммад Фозилбек Отабек қози ўғли эди.

Муҳаммад Фозилбек Отабек қози ўғли 1879 йилда Андижоннинг Девонабой даҳасида туғилган.1886 йилда Андижонда очилган рус-тузем мактабида ўқиб, биринчилардан бўлиб рус тилини мукаммал ўрганган. Кейинчалик у яна араб, форс, турк, умуман, бир неча тилни ўрганиб, ана шу тилларда ўқиш ва ёзишни мукаммал ўзлаштирган. Рус ва жаҳон адабиётидан қатор асарларни ўзбек тилига таржима қилган.

Муҳаммад Фозилбек Отабек қози ўғли  нафақат таржимон балки шоир, адиб, тарихчи, журналист, хаттот, рассом, фотограф, агроном, селекционер олим, дутор ва танбур чалишни жуда яхши билган созанда ҳам бўлган. У "Дукчи Эшон воқеаси" (1927), "Мукаммали тарихи Фарғона" (1916) асарлари орқали тарихимизга оид жуда кўп маълумотларни ёзиб қолдирган. 1921 йилдан "Роста" - Россия телеграф   агентлигида ишлаган.

Россия Қишлоқ хўжалик академиясида ўқиётган пайтда, 1924 йилда собиқ Совет Иттифоқи доҳийси Владимир Ленин вафоти муносабати билан   Москвага ташриф буюрган Афғонистон амири Амонуллохонга, афғон делегациясига таржимонлик қилган.

Тарихчиларнинг маълумот беришича, Афғонистон амири миннатдорчилик сифатида унга олтин ханжар совға қилган экан.

 

 

Фахриддин  ИБАЙДУЛЛАЕВ

Номаълум аскар хотирасига

Муштарий ижодидан

     Бу не дарддир, не алам, бошланди уруш,

Не балолиғ кун эди, дилда ҳаяжон.

Неъмат борми дунёда, тинчликдай азиз,

Қай манзилга кетдилар қаҳрамон бобом.

 

Оналар йиғлайди бешигин қучиб,

Урушдан қайтарми ёри соғ-омон.

Шартмиди қурбонлар, жувонмарг жонлар,

Қай манзилга кетдилар қаҳрамон бобом.

 

Бугун юртда тинчлик, чекинган уруш,

Бугун кўзларда йўқ зарра қайғу, нам.

Ўйланаман фақат, битта армоним,

Қай манзилга кетдилар қаҳрамон бобом.

 

Қон кечиб, жанг қилган озод юрт учун.

Жонидан кечгандир балки беомон.

Балки, шу кунларнинг келиши учун,

Қай манзилга кетдилар қаҳрамон бобом.

 

Сойларда сувлар тинмай оқади,

Кўзим ҳалигача маъюс боқади.

Юракка битта сўз оғир ботади,

Қай манзилга кетдилар қаҳрамон бобом.

 

Ойдиной АСРАНОВА,

 

Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

БОБОМНИНГ БОFИ

Болажонлар ижодидан

Май - баҳорнинг тўлишган чоғи,

Куч - ғайратга тўлган қучоғи.

Катта - кичик жамулжам бўлсак,

Яшнаб кетар бобомнинг боғи.

Бобом Абобакир Мақсудовнинг ёши саксондан ошди. Бобом умр бўйи деҳқончилик билан шуғулланиб келади. Қорадарё қирғоғида жойлашган ерларида тутзор, олма боғлари бор. Боғ ораларидан ҳам унумли фойдаланиш учун бобом у ерларга картошка, маккажўхори, сабзавот ва полиз экинларини экади.

Бобомнинг тинимсиз меҳнат қилганини кўриб, "Бобожон бир оз дам олсангизчи?", дейман. Бобом эса: "Болам кўп меҳнат қилган инсон соғ-саломат бўлади, узоқ яшайди. Мен узоқ яшаб сени тўйингни, болаларингни кўришни истайман", деб жавоб беради.

Бобомнинг ҳар қарич ердан унумли фойдаланиши, ер билан тиллаша олиши, тажрибасини ўрганишга кўпчилик қизиқади.  Бир куни уйимизга бир одам келиб, бобомни сўради. «Шогирдингиз сўраяпти денг», деганида беихтиёр бобом билан фахрланиб кетдим. Бобомнинг ишларига ёрдам бериш, доимо ёнида бўлиш менга қувонч бағишлайди. Шунинг учун ҳар йили биз - набиралари олма боғида меваларни йиғиб олишда кўмаклашамиз.

Айни пайтда бобомнинг боғида ишлар қизғин авж олган. Бобомнинг ишларида дадам, амакиларим, аммаларим - барчамиз оилавий кўмакдошмиз.

Ўзининг қадоқ қўли билан эл-юртга ризқ-рўз яратаётган бобомнинг набираси эканлигимдан фахрланаман. Юртимизда бобом каби инсонларнинг кўпайишини жуда-жуда хоҳлайман.

 

Мумтозбегим АБДУВАҲОБОВА,

 

Олтинкўл туманидаги 21- умумтаълим мактаби 6- синф ўқувчиси.

Масофавий ишлаганда ойлик миқдорида ўзгариш бўладими?

Савол-жавоб

Бу саволга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги инспектори Гулруҳ Ниёзметова қуйидагича жавоб берди:

 

- Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири тасдиқлаган, Адлия вазирлигидан жорий йилнинг 28 мартида рўйхатдан ўтган низомда карантин даврида иш берувчилар ходимларнинг розилиги билан меҳнат шартномага тегишли ўзгартириш киритиши, уларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш жадвалида ёки уйда ишлашига рухсат бериши мумкин.

Бунда вазиятга кўра ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш қуйидагича амалга оширилади.

Меҳнатга ҳақ тўлашдаги соатбай асосида - ходимнинг масофавий ишга ўтказилгунга қадар белгиланган тариф ставкаси (лавозим оклади)дан келиб чиққан ҳолда, меҳнатга ҳақ тўлашдаги ўрнатилган нархлардан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Демак, ходимнинг ойлик иш ҳақлари у иш берувчи билан тузган меҳнат шартномасида назарда тутилган тартибда тўлиқ тўлаб берилади.

Агар ходим карантин чора-тадбирлари белгиланган вақтда ўз ҳисобидан таътил олган бўлса, таътил муддатидан    қатъий назар ана шу давр  ходимнинг иш стажига киради.

Шунингдек, ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ходим ўзининг асосий ишини бажаришидан ташқари асосий ишидан бўш вақтида меҳнат шартномаси асосида бошқа ҳақ тўланадиган ишни бажариши мумкин. Ходимнинг илтимосига кўра, ўриндошлик асосидаги иш унинг меҳнат дафтарчасига киритилади ҳамда ишлаган даври меҳнат стажига ҳисобланади.

 

Карантин зонасида бўлган шахсларга ҳақ тўлаш тартиби қандай?

- Мен банкда ишлайман. Февраль ойида ўз ҳисобимдан таътил олиб оилам билан Россияга бордик. Март ойида эса карантин сабабли йўллар ёпилди. Чартер рейс орқали қайтиб келганимизда бизни 14 кун муддатга карантинга олишди. Изоляция бўлимида ҳам яна 14 кун бўлдик. Ҳозир қўлимда 28 кун карантинда бўлганим ҳақида маълумотнома бор. Менга ушбу маълумотнома билан ҳақ тўланадими? Кадрлар бўлимидагилар мендан касаллик варақаси олиб келишимни талаб қилишди? Бу тўғрими?

 

Ушбу саволга Адлия вазирлиги мутахассислари     қуйидагича жавоб берди:

- Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги "Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи    навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонида карантинда бўлган шахсларга ҳақ тўлаш масаласи акс этган.

Фармонга кўра, коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади.

Коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган,    шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади.

 

ЎзАдан олинди. >Андижон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси.

 

Коррупцияга қарши самарали курашилмоқда

Статистика тизими органларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 майдаги "Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5729-сонли Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ҳамда тизим раҳбарлари ва ходимлари томонидан мансаб ваколатларини суистеъмол қилишга йўл қўймаслик, коррупция ҳолатларини олдини олиш, амалдаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида, Андижон вилояти статистика бошқармасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоравий комиссия фаолият олиб бормоқда. Мазкур комиссия томонидан соҳада йўл қўйилиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олиш ҳамда тизимда фаолият олиб бораётган раҳбар ходимларнинг ўз касбига ҳалол ва виждонан ёндашишини таъминлаш мақсадида улар ўртасида доимий тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан статистика соҳасида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ва коррупциянинг олдини олиш мақсадида вилоят статистика бошқармасининг (74) 228-30-07 рақамли ишонч телефони узлуксиз ишлаб турибди.

 

Вилоят статистика

 

бошқармаси

ИНГЛИЗ ТИЛИ ДАРСЛАРИДА МАСОФАВИЙ ТАЪЛИМ ТИЗИМИНИ ҚЎЛЛАШ: НАТИЖА ВА САМАРАЛАР ҚАНДАЙ БЎЛМОҚДА?

педагог фикри

Мамлакатимизда инглиз тили фанини ўқитишда энг янги инновацион технологиялар қўлланган ҳолда масофавий таълим тизими йилдан-йилга такомиллашиб бормоқда. Онлайн таълимнинг турли шакл ва усуллари пайдо бўлмоқда. Уларни таълим жараёнида амалиётда қўллаш нафақат алоҳида техник воситалар ёки ахборот узатиш ва алмашиш тизимларинигина эмас, балки ўқувчиларнинг коммуникатив компетенцияларини, нутқ кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган ўқитиш методларининг яхлит тизимини ҳам ўз ичига олади.

Инглиз тилини билиш талаб қилинадиган фаолият соҳаларининг ортиб бориши, ижтимоий, иқтисодий ва бошқа қатор соҳалардаги интеграциялашув ва байналмилаллашув инглиз тилини ўргатишга масъул бўлмаган муассасаларда ҳам ушбу тилни ўзлаштириш, билиш сифатига бўлган талабни оширмоқда. 

Айниқса, республикамиздаги таълим муассасаларида коронавирус пандемияси туфайли масофавий таълимнинг йўлга қўйилиши мазкур йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириб юборди. Бу эса ўқувчиларга тил ўрганишда кўплаб қулайлик ва афзалликлардан кенг фойдаланиш имконини берди.

Мен ҳам карантин давридаги фаолиятим жараёнида масофавий таълим тизимининг қулай ва афзаллигига тўла ишонч ҳосил қилдим. Ўзим дарс берадиган  9-10- синф ўқувчилари билан телеграмм канали орқали онлайн мулоқот ўрнатиб, ўтилаётган телевизион дарслар хусусида фикрлашиб, мавзуга оид тушунчалар бериб бормоқдаман. Ушбу жараёнда инглиз тилини ўқитишда масофавий таълим тизими орқали ортиқча вақт, куч ва ҳаражат сарфламасдан ҳам самарали натижаларга эришиш мумкинлигига амалда бевосита гувоҳ бўлдик.

Бундан ташқари, телевидение орқали намойиш этилаётган дарсларнинг ранг-баранглиги ўқувчилар қизиқишини янада оширди.  Мультимедиа иловаларидан, электрон таълим ресурсларидан фойдаланиш орқали ўқувчилар ўзлаштириши лозим бўлган мавзуларни тушунтириш яхши натижалар бермоқда. Ўқувчилар ҳам дарслардан ортда қолмаётганлиги, қолаверса, дарс ўтишнинг ушбу янги услуби уларда катта қизиқиш уйғотаётганлиги учун ҳам ўқувчилар онлайн мулоқотларда жуда фаол қатнашмоқда. 

Маълумки, инглиз тилини ўқитиш - инглиз тилида ўқиш, ёзиш, тинглаб, тушуниш ва гапиришга ўргатишдан иборат. Масофавий тарзда ўқувчиларнинг инглиз тилини ўзлаштиришларида видеодарслардан фойдаланиш пухта ўрганиш, мавзулар юзасидан савол-жавоб, муҳокама қилишга кенг имкон беради. Бу ўз навбатида ўқувчиларнинг нутқ кўникмаларини ривожланиши, умуман, тилни мукаммал ўзлаштиришларига ёрдам беради.

Масофавий ўқитиш тизимининг яна бир қулайлиги таълим олиш истагидагиларга ўз билимини узлуксиз ошириш имконини беради. Бундай ўқитиш жараёнида ўқувчи дарс материалларни интерактив тартибда  мустақил ўзлаштиради, назоратдан ўтади, ўқитувчининг бевосита раҳбарлигида назорат ишларини бажаради ва синфдаги бошқа "вертикал ўқув гуруҳи" ўқувчилари билан мулоқотда бўлади.

Инглиз тилини ўрганишнинг асосий омили оғзаки мулоқотдан бошлаб, матн билан ишлашда ахборот олиш қобилиятини ривожлантириш ҳамда шу ахборот асосида фикрларни шакллантириш ва ривожлантиришдан иборат. Ана шундан келиб чиқиб,  ўқувчиларга қизиқарли онлайн дарсларни ташкил этиш, аввалдан тайёрлаб, қайта кўриб чиқиб, камчиликларни тўлдириб, сўнг тақдим этиш имконининг мавжудлиги, турли аудиовизуал воситалардан кенг фойдаланиш мумкинлиги билан ҳам масофавий   таълимнинг афзаллиги юқори.

Карантин давридаги фаолиятимизда ўқувчиларнинг бўш вақтларини тўғри ташкил этиш, дарсларга мунтазам қатнашишларига эришиш борасида олиб бораётган онлайн мулоқотларимиз ҳам бесамар кетаётгани йўқ. Умуман, таълим муассасаларида кейинчалик инглиз тили фанини ўқитишда масофавий таълим тизимини жорий этиш ҳар томонлама фойда келтиради. Ушбу таълим тизими умумий ўрта таълим муассасалари олдига қўйилган қатор вазифаларни, шу билан бирга, айрим  муаммоларни ижобий ҳал этишга ёрдам беради.

 

Нодирабегим ЖАЛИЛОВА,

 

Андижон шаҳридаги 11-умумтаълим мактаби инглиз тили ўқитувчиси.

ҚАДАМЛАР...

Қатра

Ҳар кимнинг қадами ҳар хил шаклда. Кичкина, катта, улкан, баҳайбат. Ён-атрофдагиларни синчиклаб кузатсангиз, одамларни қадамларига қараб, мақсади нима эканлигини билиб оласиз.

Қаранг, жуссаси улкан бўлишига қарамай, бу одамнинг қадами жуда майда экан. Ёнидагиси умуман бошқача, кичик боши билан катта йўлга отланган. Буниси дунёда топгани бойлик бўлгани учунгина, гўёки осмонда қадам ташламоқда. Ёнимдаги хушчақчақ киши енгилгина ҳавода юриб кетаяпти. Манови қовоғи уюлган амакининг қадами ер остидан кўринаяпти. Шунчаки йўлларни чангитиб, ўзи гангиб бораётган, одамови бу киши, умуман, ҳаёт учун қадам ташламаётганини     пайқаш мумкин. Ўзининг атрофида гирдикапалак бўлиб юрган одамлар ҳам бор бу дунёда. Яна бир йўловчи манзили йўқ йўлда кетаяпти. Хув ановиси ёмғир ёғмаса-да, жазирама бўлмаса-да, негадир бошига соябон тутиб олган. Унинг ёнидагиси эса, шу кетишда ўзини йўқотгани кетаяпти. Ақлини таниганлар ўзини топгани юриб бормоқда.

Сизчи... Сиз қайси йўлдан кетаяпсиз?

 

 

МЕҲРНИГОР

Бобом билан фахрланаман

Хотира

Инсон  хотираси  муқаддас, ўтганларни хотирлаш эса улуғ фазилат. Баъзан онам билан боболарим ҳақида суҳбатлашиб қоламан, уларнинг қандай инсон бўлганликлари ҳақида сўрайман. Шунда онам чуқур ўйга толганча, бобом ҳақида билган, эшитган дилидаги  ўчмас  хотираларни  сўзлаб  беради.

Бобом Нўъмонжон Хайитматов 1924 йилда туғилган экан. У айни  навқирон  ёшида - 1942 йилда Иккинчи жаҳон урушига жўнаб кетган. Сталинград остоналаридаги жангларда қатнашиб, то Венгрия давлатигача немис-фашистларига қарши курашиб, Fалабадан сўнг Япон урушида ҳам жанг қилган экан. Урушда кўрсатган жасур ва мардлиги учун кўплаб орден ва медаллар билан тақдирланган.  Икки урушдан омон қолган бобожоним 1947 йилда она юртига қайтганлар.

Урушдан  сўнг халқ хўжалигини тиклаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда фидойилик билан меҳнат қилган экан. Аввалига жамоа хўжалигида агроном, кейин раис вазифасида ишлаб, одамларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш,  қишлоғимизни ободонлаштириш борасидаги кўплаб ишларга бош-қош бўлган экан.

Бобомнинг саъй-ҳаракати билан Ўқчи деб аталувчи гўзал қишлоғимизда ёзги кинотеатр, кутубхона,  болалар  боғчаси, ҳатто ҳозир мен таҳсил олаётган мактаб қурилган экан.

Мактабдан қайтаётиб кекса ёшдаги одамларга салом бериб ёнларидан ўтаётганимда "Нўъмонжон  раиснинг  набираси",  дея бобомни ҳурмат билан ёдга олишлари қалбимни тўлқинлантиради.

Гарчи мен бобомни кўрмаган бўлсам-да, ана шундай ҳалол, камтар, эл-юрт иши учун фидойи инсоннинг набираси эканлигимдан фахрланаман.

 

Василахон КАРИМОВА,

 

Марҳамат туманидаги 29- умумтаълим мактаби 5-синф ўқувчиси.

БУ УРУШДА ЎҚ ҚАЙСИ ТОМОНДАН КЕЛИБ КЎКСИНГГА УРИЛИШИНИ БИЛМАЙСАН

 

Замонамиз қаҳрамонлари

Холисхон ая муаззиннинг бомдод намози учун айтаётган азонидан уйғониб кетди. Ёнида ётган набираларининг устини енгил кўрпа билан ёпди-да, аста ўрнидан турди.

Намозини ўқиб бўлгач, жойнамозда узоқ қолиб кетди. Қадоқли қўллари кўкка чўзилган, таъзимла ерга қадалган кўзларидан оқаётган ёш ажинли юзларини ювиб тушарди. Яратгандан дунё тинчлигини сўраб дуо қиларди.

Ўлатга ўхшаш вирус келгандан бери кўплар қатори аянинг ҳам тинчи бузилди. Ички ишлар ходими бўлган ўғли Алишер ва шифокор келини Моҳичеҳра неча кундир-ки эл хизматида. Тўнғич ўғли Фарҳод тадбиркор. Уй-жойи алоҳида. Қизлари ўзидан тинчиган. Турмуш ўртоғи Абдусаттор аканинг оламдан ўтганига яқинда икки йил бўлади. Эллик йиллик турмуш ўртоғига суяниб қолган аянинг қадди анча букилиб қолди. Ярми бўшаб қолган уйининг тўриси каби бутун кўнгли ҳам бўшаб қолди.

Холисхон ая ҳовлига чиққанида, қуёш ҳусну жамолидан таралаётган нурларини заминга тортиқ қилаётган эди. Қўлига тешани олиб яқинда набиралари билан эккан помидор кўчатлари атрофини чопа бошлади. Чарчади шекилли, ҳовлисидан оқиб ўтаётган анҳор бўйларига эккан райҳонлар олдига бориб ўтирди. Райҳоннинг ширин ифори тонг ҳавоси билан     уйғунлашиб, юрагига ҳузур бағишласа-да, кўнглининг бир четига ўрнашиб олган ғашлик онаизорга тинчлик бермасди. Туну кун хаёли ўғли ва келинида. Инсоннинг қандай экани эл бошига ташвиш келганда билинар экан. Яратганга шукр, бугунги синовли кунларда фарзандлари халқнинг ташвиши билан ҳамнафас юрибди. Тунов куни тадбиркор ўғли ҳам ёрдамга муҳтож хонадонларни озиқ-овқат билан таъминлабди. Холисхон ая ўғлининг бу савобли ишидан хурсанд бўлганидан боши осмонга етди. Чунки, уруш йилларининг азоб-уқубатли кунларини онасидан эшитган эди. Ўшанда фронт ортидаги хотин-қизларнинг, ёши улуғ кексаларнинг меҳнати, матонату жасорати ғалаба қозонилишига катта туртки бўлганди. Қиш-қировли кунларда кимнинг хонадонида чақалоқ дунёга келса, ўчоғи иссиқ бўлиши учун ўтин олиб кирганлар. Мақсад миллатни сақлаб қолиш эди. "Битта майизни қирқ бўлакка бўлган халқмиз, саховатли бўл қизим", - дея онаси ҳам кўп     таъкидлар эди. Бугун эса онасидан эшитганларини ўз кўзи билан кўриб турибди. Фақат бу урушнинг душмани кўзга кўринмайди. Уларга қарши курашишнинг биргина йўли уйда қолиб, истиғфор айтиш. Биз учун курашаётган инсонларнинг қадрига етиш.

Хаёллар ичра ўзи билан сўзлашар экан, сув бетида оқиб келаётган, вирусдан ҳимояланиш учун юзга тутилиб, сўнг ташлаб юборилган ниқобга кўзи тушди. Дарҳол қўлидаги теша билан ниқобни сувдан илиб олди.Ҳовли четидаги ахлат қутига солди. Фаҳмсиз одамлардан кўнгли оғриди. Озодалик ашаддий душмани бўлган вирусга қарши курашда соғлом турмуш муҳимлигини бутун дунё бонг ураётган бир пайтда табиатни менсимаслик жоҳиллик эмасми? Кимдир жон бериб курашар, кимдир эса вирус ташир.

Бир воқеа ҳеч ёдидан чиқмайди. Қўшнисининг эҳсон учун ёзган дастурхонида бир уй хотин-халаж йиғилган эди. Ҳовли саҳнида майитни эслаб яқинлари йиғи-сиғи қилар, ичкарида ғийбат авж олган эди. Бу ҳолатдан норози бўлган Холисхон ая аёлларга юзланиб шундай деган эди.

- Яхшилар, ҳеч бўлмаса хонадон эгалари ҳурматини     жойига қўяйлик. Fийбат ўрнига ҳикматлардан гапирайлик. Айтишларича, ғийбат бўлган жойга фаришталар кирмас экан. Fала-ғовурга айланган давра сув сепгандай тинчиди. Аммо, бир аёлнинг шеригига айтаётган шивир-шивири қулоғига чалинди. Юрагига ўқдай санчилган фитна қилгувчининг сўзлари кечагидай ёдида.

- Ўғли ички ишларда "оқ"ни "қора", "қора"ни "оқ" дегани учун пул олса, келини беморларнинг касалига эмас, қўлига қараб даволайди. Уйидагиларга қилсин насиҳатини!

Ўшанда аянинг қалби қаттиқ оғриди. Лекин, ёзилган дастурхон ҳурмати лом-мим демади. Фарзандларига бўлган ишончи туфайли фитна қурбонига айланмади. Эл оғзига элак тутиб бўларканми? Бугун эса  фарзандлари ўша ишончни оқламоқдалар.

- Ассалому алайкум, бувижон, яхши ётиб турдингизми? - Беш ёшли кенжа набираси бўйнидан қучоқлаб юзидан ўпар экан деди: - Бувижон, тушимда дадам билан аямни кўрдим. Дадам бобомнинг қиличи билан вирусларни қириб ташлабди. Аям эса "биз ғолиб бўлдик"- дея ҳаммага гул улашяпти.

- Тушларинг ўнгидан келсин, болам, бу кунлар ҳам ўтиб кетади. Ҳали ҳаммамиз яна  дастурхон атрофида жамулжам бўлиб йиғиламиз. Даданг ва аянгга ўхшаган фидойи инсонлар туну кун осойишта ва бахтли ҳаётимиз учун курашмоқда. Улар миллатимиз қаҳрамонлари. Бизнинг эса бирдан-бир ёрдамимиз уйда қолишимиздир, - деди Холисхон ая набираларининг ҳар бирини бошини силаркан.

- Дадам, аям ҳам қаҳрамонми? Уларга медаль беришадими? - дея маъсум қалби фахр-ифтихорга тўлиб-тошган яна бир набираси саволга кўмиб ташлади.

- Ҳа, болаларим, улар ҳам қаҳрамон. Миллат учун оиласидан, оромидан мосуво, туну кун шу балога қарши курашаётган барча фидойи инсонлар буюк қаҳрамондирлар. Fалаба эса улар учун энг олий мукофотдир, - деди кайвони онахон набираларини бағрига босаркан.

- Бувижон, яхши ҳам сиз борсиз. Бизга бор меҳрингизни беряпсиз. Дадам ва аямнинг уйда йўқлигини билдирмаяпсиз, - деди оқни қорадан ажратадиган ёшдаги тўнғич набираси.

Набирасининг бу гаплари ёшликдаги бир хатосини эслатди. Ўшанда шу хонадоннинг янги келини эди. Катта ҳовли бўлгани учун келди-кетди ҳам шунга яраша эди. Қайнона-қайнота, момо қайнона, яна бир турмушдан қайтган аммаси шу ҳовлида турарди. Ёшлик қилдими?, хуллас бир куни онасига арзу дод қилди.

- Аяжон, суриштириб ҳам узатмабсиз. Шунақа хонадонга тушаман деб ҳеч ўйламаган эдим. Ҳамманинг битта қайнонаси бўлса, менда иккита, амма билан учта. Уларнинг хизматини қилиб умрим ўтадими энди? - деди норози оҳангда.

Онасидан "Вой қизим, қийин бўлибди-ку. Сени ўтга ташлаб қараб турмаймиз, дейишини кутганди. Аммо, у кутганча бўлмади. Аксинча, онаси унга бошқача гап гапирди:

-      Қизим, ёшлик қилиб калта ўйлама. Кексаларнинг хизматини қилиб дуосини олсанг, икки дунё саодатига эришасан. Агар билсанг, улар - давлатинг. Бу хазиналарни асраб-авайласанг, ўзинг учун жаннат эшикларига йўл очган бўласан!

 Ҳа, дарҳақиқат фарзандлари шу кекса мунис онахон тарбиясида улғайдилар. Бугун жанг майдонида кўринмас ёв билан курашаётган фарзандларининг шижоат, жасоратида ана шу ҳазрати инсонларнинг меҳнатлари беқиёс. Кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жанг бу. Чунки, жанг майдонида душман билан юзма-юз келасан. Очиқ майдонда ғолиб бўлиш учун курашасан. Бу қандай уруш бўлдики, ўқ кимдан ва қайси томондан келиб кўксингга урилади, билмайсан. Аммо, шуни билса-да фидойи инсонлар ўз жонини хатарга қўйиб миллат учун курашмоқдалар.

Холисхон ая фарзанд тарбиясида кекса боболар, бувиларнинг ҳам ўрни муҳим эканлигига яна бир бор амин бўлди. Келажакда набираларини ҳам эл корига ярайдиган комил инсонлар бўлиб вояга етиши учун донишманд халқимизнинг одоб-ахлоқ дурдоналаридан иборат бебаҳо хазинасини аста очди. Унга термулиб турган маъсум қалбларни бу бебаҳо чашмалардан баҳраманд эта бошлади.

 

Ёқутхон ОБИДОВА