+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"Бармоқларим пиллага текканида унинг нафислигини ҳис этаман!"

Ибрат соҳибалари

 

 

- дейди тажрибали пиллакор Халимахон ая Комилова.

Шаҳрихон туманидаги Дориломон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Халимахон  ая Комилова 36 йилдан буён ипак қурти боқади. Қишлоқ шароитида ўсиб, болалигидан меҳнатда суяги қотган Онахон етти мўъжизадан бири ҳисобланган пиллачиликнинг ҳадисини олди. Ипак қуртини парваришлаш, пилладан юқори ҳосил олиш сир-асрорларини обдон ўрганган.

Болалик пайтларидан бошлаб, хонадонида, қўни-қўшнилари ипак қурти боқарди. Шу сабаб, у бу ишларни  осон ўзлаштирган. Бугун ҳатто, кўзининг ожизлиги ҳам Халимахон аяга пилла етиштиришда халал беролмайди. 

- Бу жонивор меҳрни, эътиборни ёқтиради, - дейди Халимахон ая. - Вақтида баргини солиб, вақтида тагини тозалаб, хонани тез-тез шамоллатиб, ҳароратини бир хилда ушлаб турсанг, кечаси уйқунгни қизғонмасанг, кўзлаган ҳосилингни албатта, оласан. Муҳими, парваришда эътиборсизликка йўл қўймаслик керак.

Ипак қурти парваришининг гашти ўзгача. Шу сабаб, қурт боқувчилар бир ойлик машаққатли меҳнатга кўз юмиб, ипак қурти парваришлайдилар.

- "Бўлди, бу йил қурт тутмайман", дейману, мавсум яқинлашганда юрагим гупиллай бошлайди, - дейди Халимахон ая. - Фарзандларимни олдимга чақириб, қурт боқсак яхши бўлади, ҳам меҳнат, ҳам даромад бўлади, дейман. Шундай қилиб, ҳар йили қурт боқишни канда қилмаймиз. Бармоқларим пиллага текканида унинг нафислигини, мўъжизавий хусусиятларини ҳис этаман. Шунда, барча машаққатларим унут бўлиб кетади.

Дориломон маҳалласида ипак қурти парваришлайдиган онахонлар кўп. Улар ҳар йили  мавсум олдидан Халимахон аянинг уйида йиғилишиб, ўзаро маслаҳатлашадилар, ипак қурти боқиш учун алоҳида тайёргарлик кўрадилар. Мутасаддилар уларга етарлича шарт-шароитларни яратиб беришга ҳаракат қилади. Бу йил мавсум олдидан қурт боқувчиларга ёғ, ун, картошка, макарон маҳсулотлари, шунингдек, бўнак пули тарқатилди.

- Оила аъзоларим - фарзанд ва келинларим кўмаги, пилла бригадиримизнинг маслаҳатлари билан ҳар йили пилладан юқори ҳосил олиб келаман, - дейди ғурур билан Халимахон ая Комилова. - Муҳими, шу меҳнатимиз билан хонадонимизга даромад, қут-барака киради, қолаверса, оз бўлса-да юртимга фойдам тегади. Бундан хурсанд бўламан, қалбим ғурурга тўлади.

Ҳалимахон аядаги ғайрат, ҳаётга, меҳнатга бўлган иштиёқни кўриб ҳавас қиласан. Меҳнат инсонни улуғлаши, камол топтиришига яна бир бор амин бўласан.

Бу йилги ҳосил ҳам жуда мўл бўлибди. Онахонни йўқлаб борганимизда, у пилласини териб топшириб ҳам бўлган, елкасидан тоғ ағдарилгандек хушнуд ўтирган экан. Халимахон ая хонадонида 2 қути ипак қурти уруғидан 150 кило пилла териб, топширганини хурсанд бўлиб гапирди.

Айни кунларда вилоятимизда пилла йиғим-терими қизғин давом этмоқда. Пилла хирмонининг юксалишида эса Халимахон ая каби фидойи, меҳнаткаш онахонларимизнинг муносиб ҳиссаси бор.

 

Озодбек

ШАРОБИДДИНОВ,

 

жамоатчи мухбир.

ТОМОРҚА - ДАРОМАД МАНБАИ

Кўмакайда бир қарич ер ҳам бекор турмайди

Маҳалламиздаги мавжуд 720 та хонадонда 4450 нафар аҳоли истиқомат қилади. Аҳолимизнинг аксарият даромади  деҳқончилик орқасидан. Ўз хонадонида иссиқхона барпо этиб, ўзидан ортганини аҳоли дастурхонига тортиқ этаётган тадбиркор деҳқонларимиз сафи йилдан-йилга кенгаймоқда.

Кўмакайликлар қайси соҳада ишламасин, қўшимчасига деҳқончилик билан шуғулланади. Деҳқончилик кўмакайликларнинг қон-қонига сингиб кетган. Бизда бир қарич ер ҳам бекор турмайди.

Тўғри, авваллари томорқа иссиқхонасидан фойдаланишга қўрқардик.  Ҳали газ, ҳали электр энергияси билан боғлиқ можаролар иссиқхона бизнесини ривожлантириш учун катта тўсиқ эди.

Ҳозир вазият бошқача. Президентимиз Шавкат Мирзиёев томорқадан фойдаланиш ҳақида бот-бот сўз юритаяпти. Аввало, сизу бизни бугунгидан-да тўқ ҳамда фаровон яшашимизни истаяпти. Озиқ-овқат  хавфсизлигини таъминлаб, хориж маҳсулотларига кўз тикмасдан, балки экспортни кўпайтириш, даромадни оширишни, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришини хоҳлаяпти. Шундай экан, ушбу эзгу мақсадга эришиш учун нима қилиш керак? Енг шимариб, ақл билан иш юритиш, бебаҳо бойлик саналган томорқадан унумли фойдаланиш лозим. Зеро, бугун "олма пиш - оғзимга туш", деб ўтирадиган замон эмас.

Мана, бу ерга келин бўлиб тушганимга ҳам 20 йил бўляпти. Шундан буён оила аъзоларим билан деҳқончилик қилиб келамиз. Ҳар йили 2 минг тупдан зиёд помидор-бодринг кўчатлари етиштириб, 15-20 млн. сўм даромад топамиз. Томорқадан 3 маротаба ҳосил оламиз.

Маҳалла фуқаролар йиғинига ишга кирганимга 6 йил бўляпти. Томорқадан самарали фойдаланаётган хонадонлар тажрибасини оммалаштириш, аҳолини тадбиркорликка жалб этиш, томорқачилар ташвишини енгиллаштириш маҳалла фуқаролар йиғини диққат-эътиборида. Бу масалага жорий йилда янада кўпроқ эътибор қаратмоқдамиз. Маҳалламиздаги икки нафар эҳтиёжманд оилага Олтинкўл туман ҳокимлиги томонидан бепул иссиқхона қуриб берилди. Тадбиркоримиз Шавкат Мирзаолимов эса сабзавот кўчатлари билан таъминлади. Халқимиз бошига тушган синовли кунларда ҳам тадбиркорларимиз қараб турганлари йўқ. Кам таъминланган, карантин пайтида қийналиб қолган оилаларга озиқ-овқат, пул маблағларидан ёрдам кўрсатиб туришибди.

Маҳалламизда ишсиз аёллар деярли йўқ. Қиз-жувонларимизнинг барчаси оиласи билан бирга томорқасида, фойдали меҳнат билан банд. Энг муҳими, бировга муҳтож бўлмаймиз, ўзимиздан ортиниб, қишнинг аёзи, баҳорнинг иликузилди пайтлари ҳам аҳоли дастурхонига янги узилган сабзавотларни тақдим эта оламиз.

Барчиной ЮНУСОВА,

Олтинкўл туманидаги Кўмакай МФЙ раисининг

Оила, хотин-қизлар ва  ижтимоий-маънавий

 

 масалалар бўйича ўринбосари.

БЕМАЛОЛ БЎЛИШИМИЗГА ҲАЛИ ЭРТА

Мулоҳаза

"Бошга тушганни - кўз кўради", деган нақл бежиз айтилмаган экан. Мана, карантин эълон қилинганига ҳам икки ойдан ошибди. Синовли кунларни бошдан кечирдик. Ҳукуматимизнинг тезкорлик билан қабул қилган қарорлари, чора-тадбирлари натижасида бугун коронавирусдан қутулиш арафасида турибмиз.  

Маҳалламиз аҳли ҳам бу синовли кунларни ҳамжиҳатликда, карантин қонун-қоидаларига риоя қилган ҳолда ўтказяпти. Карантин қоидаларини бузган фуқаролар йўқ.  Кунда-кунора хонадонларни айланаман. Хонадонлар тинчлиги, оила аъзоларининг саломатлиги, карантин пайтида тирикчилиги қандай ўтаётганлиги тўғрисида суриштираман.

Аҳолимиз орасида ижтимоий соҳада ишлайдиган, ёки хорижда ишлаб даромад топадиган фуқаролар ҳам кўпчиликни ташкил этарди. Карантин пайтида шундай оилаларга қийин бўлди. Уларнинг ҳолидан хабар олиб, ишсиз қолганларни вақтинча бўлса ҳам иш билан таъминладик. Шукрки, ҳудудимизда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб, ўзини тиклаб олган, маҳалла-кўйга фойдаси тегадиган тадбиркорлар кўп. Улар карантин пайтида қийналиб қолган оилаларга  озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, нақд пулдан ёрдам кўрсатдилар.

Шукр, маҳалламизда коронавирусга чалинган бемор ҳам, карантинга олинган хонадон ҳам йўқ.

Бугунги кунга келиб, эълон қилинган карантин чоралари ҳам енгиллашди.  Баъзи бир одамларнинг кўча-кўйда ниқобсиз юраётганини ҳам кўраман. Шунда мен уларга "Йўқ, бемалолчиликка ҳали эрта" деб, белгиланган тартибларга амал қилишга чақираман.  Шуни унутмаслигимиз керакки, коронавирус батамом бартараф этилгани йўқ. У бутун дунёни забт этиб улгурган. Шундай экан, беэътибор бўлмаслигимиз, ҳимояланиш чораларини унутмаслигимиз керак. Ҳимоя ниқоблари таққан ҳолда, масофа сақлаб юрсак, санитария-гигиена қоидаларига амал қилсак, тез орада коронавирус балосидан қутуламиз.

 

Манзурахон

САРИМСОҚОВА,

 

Бўстон туманидаги  "Маориф" МФЙ раиси.

Улуғнорлик пиллакорларнинг шашти баланд

"Пилла - 2020"

Жорий йилда Улуғнор туманида 1 минг 190 қути ипак қурти парваришланиб, 65 тонна пилла тайёрлаш режалаштирилган. Шу кунларда  етиштирилган  "кумуш тола"ни йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган.

Туманда 193 та пахта-ғалла фермер хўжаликлари билан 801,7 қути, "Бунёдкор магистраль" масъулияти чекланган жамияти билан 167,3 қути,  шунингдек, 200 нафардан ортиқ касаначилар билан 221 қути ипак қурти парваришлаш бўйича контрактация  ва ижара   шартномалари тузилган.

Туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қууватлаш бўлими томонидан ипак қурти парваришлаш борасидаги ишлар белгиланган режа асосида ташкил этилди. "Улуғнор Агропилла" масъулияти чекланган жамияти мутахассислари эса парвариш жараёнидаги агротехник тадбирларни рисоладагидек олиб борилишини назорат қилиб, пиллакорларга зарур кўмак, тавсия ва маслаҳатлар бериб борди. Натижада, бугунги кунга келиб, хўжаликлар ва касаначилар томонидан мўл ҳосил етиштирилди.

- Пиллакорларнинг бир ойлик меҳнати йилга татийди, - дейди Улуғнор тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раисининг биринчи ўринбосари Нигорахон Жабборова. - Шундай бўлса-да, кўплаб оилалар "Бир оилага - бир қути" шиори остида пилла етиштириш ташаббусига "лаббай" деб жавоб берди. Тумандаги 21 та маҳалла фуқаролар йиғинида 200 дан ортиқ тажрибали пиллакорлар касаначилик асосида ипак қурти парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Уларнинг шати баланд, айниқса, "Оқ олтин", Мирзааҳмедов массивларининг заҳматкаш пиллакорлари илғорлар сафида бўлишди.

Туманда биринчилардан бўлиб "Оқ олтин" массивидаги "Имрон" фермер хўжалиги касаначиси Камолахон Хамрақулова 1,4 қутидан 85 кило, Насибахон Умрзоқова 1 қутидан 58,5 кило, Мирзааҳмедов массивидаги "Умидли Юлдуз" фермер хўжалиги касаначиси Донохон Сайфиддинова 1 қутидан 80 кило пилла топшириб,  барчага намуна бўлди.

Илғор пиллакорлар Маҳалла ва оилани қўллаб-қууватлаш туман бўлими томонидан рағбатлантириб борилмоқда.

 Улуғнорда етиштирилган пиллани териб олиш давом этмоқда.

 

Сожида САИДОВА

Саховатпеша юртдошларимиз ҳамиша соғ ва омон бўлишсин!

жараён

"Яхшилик қил, сувга от, балиқ  билар, балиқ билмаса Холиқ билар", деган эзгу ғоялар билан яшаб келган саховатпеша халқимиз коронавирус пандемияси, қолаверса, муборак Моҳи Рамазон кунларида муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракатини қўллаб-қувватлаб, кўплаб хайрли ишларни амалга ошириб, синовли кунларда аҳил ва бирдамлигини яна бир бор намоён этди.

Эҳтиёжманд инсонларга ёрдам ва кўмак бериш бизга аждодлардан мерос қадриятдир. Шу қадриятларга монанд равишда мамлакатимиз Президентининг хайрли ташаббуси билан халқимизнинг тарихий анъана ва қадриятларини, меҳр-саховат, оқибат каби юксак фазилатларини инобатга олган ҳолда кўмакка муҳтож, имконияти чекланган, бугунги синовли кунларда вақтинча даромад манбаидан узилиб қолган инсонларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш масаласига эътибор қаратилганлиги алоҳида эътирофга сазовор.

Бутун дунёни таҳликага    солган бу синовли кунлар кимларнидир ёрдамга муҳтож қилиб қўйди. Лекин, бировдан ёрдам сўраш ҳам осон иш эмас. Шу жиҳатларни инобатга олган саховатпеша инсонларнинг эҳтиёжмандлар ўзи сўраб келишидан илгарироқ ёрдамга шошаётганликлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир.

"Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати вилоятимизнинг барча ҳудудларида  оммалашаётганини кўриб, эшитиб қалбимиз беихтиёр ғурур ва ифтихорга тўлади. Шундай қалби дарё, меҳри дунё инсонлари бор  юртда яшаётганимизга шукрлар келтирамиз. Зеро, биз катта бир оиламиз, бу азиз Ватан эса барчамизникидир.

 - Маҳалламиздаги 100 дан ортиқ оилага "Саховат ва кўмак" жамғармаси томонидан беминнат ёрдам кўрсатилди ва бу каби хайрли ишлар давом этмоқда, - дейди Андижон шаҳридаги "Бўстон" маҳалла фуқаролар йиғини раисининг хотин-қизлар ва маънавий -маърифий ишлар бўйича ўринбосари Дилфузахон Жўраева. - Пандемия даврида  вақтинча ишсиз бўлиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ўз вақтида етиб боришга ҳаракат қилаяпмиз. Уларга имкон қадар кўмаклашилмоқда.

Қўли очиқ ва мурувватли ватандошларимизнинг карантин чекловлари сабабли вақтинча ишсиз қолган ва эҳтиёжманд юртдошларимизга кундалик эҳтиёжлари учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларни хайрия тариқасида тарқатиб, уларни моддий қўллаб-қувватлашда кўрсатаётган жонбозликларини кўриб беихтиёр қўлларимиз ва тилларимиз дуога чоғланади: Илоҳим, саховатпеша юртдошларимиз ҳамиша соғ ва омон бўлсин! 

Ҳабибахон ЖЎРАБЕКОВА,

 

Андижон машинасозлик институти МПП кафедраси мудири.

ОНАЛАР БОР - ДУНЁ ЎЛМАЙДИ

      Муштипарим, қайғурманг, тамом,

Вирус бизни енга олмайди.

Сиз борсизки - ҳаёт бардавом,

Оналар бор - дунё ўлмайди.

 

Сиз борсизки, яшнайди борлиқ,

Сизсиз ёруғ олам бўлмайди,

Ўткинчидир, касаллик, оғриқ,

Оналар бор - дунё ўлмайди.

 

Ушалади орзуларимиз,

Яратганнинг ўзи қўллайди.

Мен қўрқмайман, ахир бор-ку Сиз,

Оналар бор - дунё ўлмайди.

 

Қон керакми, қонини берар,

Ҳатто ширин жонини берар.

Умрининг ҳар онини берар,

Оналар бор - дунё ўлмайди.

 

Карантинда уйдаман беғам,

Онам меҳри жонимга малҳам.

Бу бало ҳам топгайдир барҳам,

Оналар бор - дунё ўлмайди.

 

 Ҳадятилло СОБИРХЎЖАЕВ,

 

Андижон шаҳри.

БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!

Эъзозли отахон ва онахонлар, мухтарама опа-сингиллар, қадрли ака-укалар, азиз андижонликлар!

Сизларни Ийд Рамазон байрами билан муборакбод этамиз. Шоду ҳуррамлик, Яратганнинг улуғ ажрлари насиб этадиган ушбу муборак айём қалбларимизга эзгу ва хайрли ниятларни ўчмас қилиб муҳрласин. Ҳамиша бир-биримизга меҳр-оқибатли, муҳаббатли, саховатли бўлайлик. 

Оиламиз, маҳалламиз, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин, қилаётган ишларимиздан, ҳаётимиздан, дастурхонимиздан ҳеч қачон файзу барака аримасин.

 

Андижон вилояти Маҳалла ва оилани

 

қўллаб-қувватлаш бошқармаси.

Диққат, қидирув!

Андижон тумани Отчопар МФЙ, Боғи Эрам кўчасида яшовчи, 1977 йилда туғилган Турғунов Азизбек Маҳмудович шу йилнинг 14 март куни уйидан чиқиб кетиб бедарак йўқолган.

Унинг белгилари: бўйи 175-180 см, буғдойранг, сочлари қора, 2-3 см. узунликда, оқ аралашган, қошлари қора, ёйсимон, бурни ўртача катталикда, лаблари ўртача қалинликда, юзи чўзинчоқ.

Алоҳида белгилари: пешона қисмида 10-12 см. узунликдаги кесилгандан қолган ҳамда қорин қисмида жарроҳликдан қолган чандиқлар, ўнг қулоғининг пастида ортиғи бор.

Уйдан чиқиб кетган куни эгнида қора куртка, қора шим, қора чарм туфли бўлган.

 

Азизбекни кўрган ёки у ҳақда маълумот билганлардан яқин атрофдаги милиция бўлинмаси ёки қуйидаги телефон рақамига хабар беришлари сўралади.  + 998 90 525-00-12.

ХОЛИС НИЯТЛИЛАР...

Ривоятда ёзилишича, бир савдогар тижорат мақсадида сафар қилмоқчи бўлибди. Лекин унинг сармояси етарли эмас экан. Ўйлай-ўйлай, яқин биродарининг ёнига борибди ва ундан минг динор қарз бериб туришини сўрабди.

Бироз мулоҳаза қилиб турган киши савдогарни ваъдасида туриш шарти билан унинг сўровини қабул қилиб, сўралган қарзни берибди. Сўнг, икки томон қайтариш кунини ва манзилини белгилаб, соҳил бўйида кўришишга келишиб олишибди. Чунки, қарз берган шу соҳилда қайиғи билан одамларни ташиб тирикчилик ўтказар экан.

... Савдогар турли шаҳарларда юриб савдодан жуда кўп миқдорда фойда кўрибди. Олган қарзини қайтариш учун белгиланган муддати яқинлашган кунларнинг бирида унинг шаҳардан чикиб кетиши зарур бўлиб қолибди. Савдогар соҳил бўйига борибди. Бироқ у ерда  қарз берган одамни топа олмабди. Анча кутибди, бир пайт узоқдан оқиб келаётган ёғочга кўзи тушибди. Яқинлашгач, уни олиб, сув ўтмас халтага минг динорни мактуб билан бирга солиб, уни ёғочга маҳкам боғлабди. "Мана шу қарз ўз эгасига етиб бориб, елкамдаги ушбу омонатдан ўз вақтида ҳалос бўлишимда Ўзинг мадад бер", - дея чин ихлос билан Аллоҳга дуо қилиб, ёғочни сувга отибди.

Бир зумда тўлқинлар ёғоч бўлагини кўздан узоқлаштирибди.

Қарзни қабул қилиб олиш пайти келганда қарз берган киши келишилган манзил - соҳил бўйига борибди. Лекин савдогардан дарак бўлмабди. Бир пайт сувда оқиб келаётган ёғочга боғланган халтага кўзи тушибди. Ҳақдор қандай халта эканлиги билан қизиқиб, уни ушлаб очиб кўрибди. Бирортасининг қўлидан тушиб кетгандир, дея ён-атрофга қарабди, лекин атрофда ҳеч ким йўқ эди. Халтани очиб, ичида пул ва мактубни кўриб, ҳайратда қолибди. Мактубни ўқиб, бу пуллар ўзига тегишли эканлигини англаб, Яратганнинг қудратига, мўъжизасига яна бир бор имон келтирибди.

Орадан бироз вақт ўтгач, савдогар шаҳрига қайтиб келибоқ, қарз соҳибини қидиришга тушибди. Уни топибди ва пулни вақтида қайтармаганидан афсусда эканини айтиб, ҳақдорнинг қўлига минг динор узатибди. Лекин, у одам пулни олмабди. Савдогарга юзланиб: "Аллоҳ таоло сен юборган омонат молни сақлаб уни менга рўбарў қилди. Мен сен юборган динорни ва мактубни олдим. Ва холис ниятлиларга Яратганнинг ўзи мададкор бўлишига яна бир бора иқрор бўлиб, оламларни яратган Зотга шукроналар айтдим" - деган экан.

Ҳа, инсон бир зайлда ҳаёт кечирмайди: гоҳ қўли баланд келади, гоҳида эҳтиёжманд бўлади. Лекин мўмин-мусулмон киши ҳамиша ниятда тўғри, меҳнатда ҳалол бўлса, Аллоҳ шаксиз, банданинг эзгу ниятига, мурод-мақсадига осонлик билан етказади.

 

Улуғбек ШОКИРОВ,

Андижон шаҳридаги "Саййид  Мухйиддин

 

махдум" ўрта махсус ислом билим юрти талабаси.

ҚАДР КЕЧАСИ ФАЗИЛАТЛАРИ

Маълумки, муборак рамазон ойида Ислом таълимотининг асосий манбаи - Қуръони карим нозил бўлган. Аллоҳ таоло: "Рамазон ойи - одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир", - деб марҳамат қилган (Бақара сураси).

Ояти карима баёнида Имом Хозин ўз тафсирида қуйидаги ривоятни Абдуллоҳ Ибн Аббосдан нақл қилади: "Қуръони карим тўлалигича Рамазон ойида, Қадр кечасида Лавхул-Махфуздан нозил қилиниб, дунё осмонидаги Байтул-иззага қўйилди. Сўнгра Жаброил (а.с.) Муҳаммадга (с.а.в.) оятларини муқтазои ҳол тақозосига мувофиқ бўлак-бўлак қилиб олиб келди", дедилар.

Демак, муборак Қуръони каримнинг пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)га нозил бўлиши Рамазон ойида бошланган. Яна бу кунларнинг улуғлигига сабаб шуки, унинг ичида Қуръон оятлари нозил қилинган кеча - Қадр кечаси яширинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: "Албатта, Биз у (Қуръон)ни қадр кечасида нозил қилдик. (Эй Муҳаммад), Қадр кечаси нима эканини Сизга не ҳам англатур?! Қадр кечаси минг ойдан яхшироқдир. У (кеча)да фаришталар ва Руҳ (Жаброил) Парвардигорнинг изни билан (йил давомида қилинадиган) барча ишлар (режаси) билан (осмондан ерга) тушарлар. У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир", деб марҳамат қилган (Қадр сураси, 1-, 5- оятлар).

Оятдаги улуғ кеча Рамазон ойининг 27- кечаси эканлигига далолат қиладиган ҳадислар кўпдир. Қадр кечаси Рамазон ойининг қайси кечасида эканлиги Аллоҳ ва Расули томонидан сир тутилган эди. Лекин саҳобалар Пайғамбаримиз (с.а.в)дан уни аниқлаб беришларини кўп сўрашганидан кейин дастлаб ойнинг учинчи ўн кунлигидан, кейинроқ эса учинчи ўн кунликни тоқ кечаларидан излаш кераклигини айтганлар. Охири у кечанинг аломатларини айтганларидан сўнг Рамазон ойининг 27- кечаси экани маълум бўлган. Ибн Умар (р.а.) ривоят қиладилар: "Пайғамбаримизнинг (с.а.в.) бир қанча саҳобалари Лайлат-ул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида бўлишини тушларида кўришган экан. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Сизларнинг тушларингиз Лайлат-ул Қадр Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида эканига мувофиқ келади, деб ўйлайман. Ким Лайлат-ул Қадрни кутмоқчи бўлса, Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг еттисида кутсин!"-дедилар".

Ойша (р.а.) ривоят қилган бошқа бир ҳадисда: "Расулуллоҳ (с.а.в.) Лайлат-ул Қадрни Рамазоннинг охирги ўн кунлигининг тоқ кунларида кутинглар, деб айтдилар", - дедилар. Демак, Рамазон ойининг ҳар бир кунини ғанимат билиш, уни тоат-ибодат, кишиларга яхшилик қилиш, мурувватли бўлиш, хайрли ва савобли амалларни кўпроқ амалга ошириш, рўзадорларга ифторликлар қилиб бериш каби яхши амаллар билан бирга, унинг охирги ўн кунлигида тоат-ибодат қилишга қаттиқ киришиш ҳам мақсадга мувофиқ бўлади. "Лайлат-ул Қадр" сўзи "белгилаш кечаси", яъни йил давомида турли амал, ҳукм, ризқ, тақдир белгиланадиган кеча деган маънони билдиради. Сизу бизларни олдимизда турган муборак Қадр кечасида бизга ушбу оятлардан кўриниб турган уч хил фазилатни англашимиз мумкин.

1. Лайлат-ул Қадр кечасининг минг ойга баробарлиги ва ундан ҳам ортиқлиги.

2. Бу кечада осмон фаришталари Жаброил (а.с.) билан бирга ер юзига тушиб, мўмин-мусулмонларга салом айтиб, дуоларига омин деб туришлари.

3. То субҳи тонгигача аҳли имон бандаларига Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғилиб туриши.

Мана шу сабабдан ҳам ҳадиси муборакларда: "Ҳар ким Лайлат-ул Қадр кечасида чин ихлос ва имон билан Аллоҳ учун бедор бўлса, жамики гуноҳлари мағфират қилинур,"-деб баён қилганлар. Демак, барчамиз бу кечани ғанимат билиб эзгу мақсадларимизни сўраб, дуолар қилишимиз зарур.

Оиша онамиз (р.а.) дедилар: "Ё Расулуллоҳ (с.а.в.) агар Қадр кечаси қачон бўлишини билсам, у кечада қандай дуо қиламан?" Расулуллоҳ (с.а.в.) жавоб бердилар: "Эй Аллоҳ, сен авф этгувчи зотсан ва авф қилишни яхши кўрасан. Менинг гуноҳларимни авф қилгин", деб дуо қилгин", дедилар.

Аллоҳим, барчамизнинг Рамазон ойида ниятлар билан тутаётган рўзаларимизни, кечалари қоим туриб адо этаётган ибодатларимизни ва холис қилаётган дуоларимизни ўзининг лутфи карами ила қабул қилсин. Юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айлаб, билиб-билмасдан қилган гуноҳларимизни ўзи мағфират айласин. Зеро, фақат Аллоҳнинг Ўзигина дуоларни ижобат қилувчи ва гуноҳларни кечиргувчи зотдир.

Шаробиддин МУСАБОЕВ,

 

Андижон шаҳридаги "Абу Ҳурайра" жомеъ масжиди имоми.