+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Закот мол-мулкимизнинг ҳимоячисидир

Муборак ҳадисларда Рамазон ойида қилинган барча яхши амалларга бошқа ойлардагига қараганда, кўпроқ савоблар берилиши айтиб ўтилган. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с. а. в.)  марҳамат қилиб: "Кимда ким Рамазон ойида бирор бир нафл амални бажарса, у бошқа ойда бир фарз амални адо қилган билан тенг бўлади. Кимда ким бу ойда бир фарз амални бажарса, бошқа ойдаги етмишта фарз амални адо қилган билан тенг бўлади" - дедилар.

Албатта, Ислом арконидан бири бўлган Рўза тан закотидир. Аллоҳ таоло бизларга берган мол-мулкимизнинг ҳам закотини адо этишимиз динимизнинг мукаммаллигидандир. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: "Холбуки, улар фақат ягона Аллоҳга, унинг учун динни (ширкдан холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолларида ибодат қилишга ва намозни мукаммал адо этишга ҳамда закот беришга буюрилган эдилар. Мана шу тўғри (ҳаққоний) диндир" - деб марҳамат қилган ( "Баййина" сураси, 5-оят).

Закот молиявий ибодат бўлиб, "Закот" сўзи луғатда     "поклик" ва "ўсиш" маъноларини билдиради. Закот Қуръони каримда йигирма етти жойда намоз билан бирга қайд этилган. Бу эса ўз навбатида, намоз билан закот бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканлигини кўрсатади.

Ислом дини имон келтирмак, намоз, рўза, закот ва ҳаждан иборатдир. Зеро, Фирдавс жаннатининг ворислари бўлган нажот топувчи мўминларнинг сифатларидан бири ҳам закотни адо этишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло марҳамат қилади: "Улар закотни адо этувчилардир" ("Мўъминун" сураси, 4-оят). Бунинг акси яъни, закот беришга қодир бўла туриб юз ўгиришлик бу мушрикларнинг сифати эканлиги қуйидаги оятда баён қилинган: "Мушрикларга ҳалокат бўлгай. Улар закот бермайдиган ва ўзлари охиратга ишонмайдиган кимсалардир" ("Фуссилат" сураси, 6-7 оят).

Закотнинг дунё ва охиратга тегишли кўплаб ҳикмат ва фойдалари бор. Энг аввало, жамиятда инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабатларни мустаҳкамлайди. Сабаби, иқтисодий томондан турли хил ҳолатда ҳаёт кечирувчи кишилар ўртасида номаълум тўсиқ бор эди. Ушбу тўсиқни кетказиб, уларни бир-бирларига яқинлаштирувчи восита албатта, бу закотдир. Ҳадисларда: "Закот исломнинг кўпригидир" - дейилган.

Аллоҳ таоло: "Садақаларингизни агар ошкора берсангиз, жуда яхши, борди-ю каммбағалларга пинҳона берсангиз - ўзингиз учун янада яхшироқдир ва (У) гуноҳларингиздан ўтар. Аллоҳ қилаётган (барча) ишларингиздан хабардордир" ("Бақара" сураси, 271-оят) деб марҳамат қилган. Ушбу оятнинг тафсирида уламолар закот, ушр каби фарз садақаларни ошкора бериш яхши деганлар. Сабаби ундан бошқа инсонлар ҳам ибрат олиб, закотини берадилар. Лекин нафл ва ихтиёрий садақалар махфий тарзда берилгани яхшироқдир. Шунда риё ва миннатдан узоқроқ бўлади. Мол-дунёсидан закот, ушр ва бошқа садақаларни қалбида иймони ва саховати бўлган яхши кишиларгина адо қиладилар. Бунинг акси, бахил, қизғанчиқ кишилар эса, ҳеч қачон   бошқаларга яхшилик қилишни хоҳламайдилар. Шунинг учун ҳам ҳазрати Умар (р.а) доимо шундай дуо қилар эканлар: "Эй, Аллоҳ! Ортиқча мол-давлатни ичимиздаги яхши кишиларга бергин. Шояд, улар орамиздаги ҳожатмандлардан хабар олиб турсалар".

Ҳа, Аллоҳ таоло мол-мулкимизга беҳисоб барака берсин, ҳар биримизга саховатли бандалар қаторида бўлишлик насиб этсин.

 

Абдураҳмон АРТИҚОВ,

 

Андижон шаҳридаги "Уйғур"  масжиди имоми.

ИЙД РАМАЗОН - ЭЗГУ АМАЛЛАР ҚАЛБ ЭҲТИЁЖИГА АЙЛАНАДИГАН КУН

Яратган Роббимизга беҳад ҳамду сано ва шукурлар бўлсинким, барчамиз Рамазон ойи рўзасини тутиб, Аллоҳ таоло ваъда қилган улкан мукофотни қабул қилиш куни бўлган Рамазон ҳайити шодиёнаси арафасида турибмиз.

Рамазон ойи оғир синовли кунларга тўғри келганига қарамай, юртдошларимиз мурувват, хайр-эҳсон, яхшилик қилиш, ўзаро иттифоқлик каби хислат ва сифатларни намоён этиб, Аллоҳнинг катта ажр-савобларига сазовор бўлиш ҳаракатида бўлдилар. Расули акрам (с.а.в.) ҳайит кунининг кечасини Аллоҳдан катта мукофот олиш вақти, деб атаганлар. Кечагина барча мўмин-мусулмонлар емак ва ичмакдан ўзларини  тийиб, фақат тоат ва ибодат билан машғул бўлган бўлсалар, бугун Аллоҳ таолонинг неъматларидан, ажр-савобларидан баҳрамандлик, хурсандчилик ва шод-хуррамлик айёмига етишдилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: "Бева ва мискинга      ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир", - дедилар. Ушбу ҳадиси шарифдан етимларга, бева-бечораларга, боқувчисини йўқотганларга ва ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш ва уларнинг дуоларини олиш нақадар катта савоб амал эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз.

Рамазон ҳайити кунида мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга рушди ҳидоят тилашади. Қариндош-уруғларини, ёру биродарларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда мана шундай яхши амаллар ҳар бир эзгу ниятли инсонларнинг қалб эҳтиёжига айланади. Бирор бир сабабга кўра аразлашган таниш-билишлар ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар, ўзаро узр сўрашадилар. Чунки, кечиримли ва меҳр оқибатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Абдуллоҳ ибни Масъуд (р.а) Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) дан ривоят қиладилар: "Мўмин бандалар Рамазон   ойининг рўзасини бутун тутиб, ҳайит куни намозгоҳга йўл олганда, Аллоҳ таоло фаришталарига: "Эй фаришталар, бировнинг хизматини адо этган киши хизмат ҳаққини талаб этади. Бандаларим менинг рўзамнинг хизматини адо этиб, ҳақларини олиш учун намозгоҳга бормоқдалар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, уларни мағфират қилдим", - дейди. Шунда фаришталар: "Ё Муҳаммад (с.а.в.) умматлари, энди уйларингизга боринглар, Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирди", - деб нидо қиладилар".

Анас ибни Молик (р.а.) ривоят қиладилар Расулуллоҳ (с.а.в.): "Кимки фитр садақасини ҳайитдан илгари адо этмаса, унинг рўзаси ер билан осмон ўртасида муаллақ ҳолда қолади. Фитр садақаси берилганидан сўнг, Аллоҳ таоло унинг рўзасига иккита яшил қанот ато этади ва рўзаси парвоз қилиб, еттинчи осмонгача боради ва аршдаги қандилга қўниб, ўз эгасига розилигини изҳор этади" - деб марҳамат қилдилар.

Ривоят қиладиларки: "Ҳазрати Усмон ибни Аффон (р.а.) бир маротаба Фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутиб қўйган эканлар. Ҳайит намозидан сўнг эсларига тушиб, Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдилар, сўнг Пай-ғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига бориб: "Ё Расулуллоҳ, фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутган эканман. Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдим", - дедилар. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.): "Ё Усмон, юзта қулни озод этганнинг савоби фитр садақасини ҳайитдан илгари берганликнинг савобига тенг бўлмайди", - деб марҳамат қилдилар. Демак, фитр садақасини ўз эгаларига ўз вақтида беришлик жуда фазилатли амал ҳисобланади.

"Фитр садақасини ҳайитдан олдин адо этганга Аллоҳ таоло ўнта яхшилик ато қилади: 1. Уни гуноҳлардан пок этади. 2. Дўзах оташидан сақлайди. 3. Тутган рўзасини қабул қилади. 4. Ана шу бандасига Беҳиштни вожиб қилади. 5. Қабрдан соғ-саломат турғизади. 6. Ана шу йилда қилган яхши амалларини қабул қилади. 7. У бандасига шафоъатул Мустафони вожиб қилади. 8. Сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтказади. 9. Мезон тарозусида унинг савобларини оғир қилади. 10. Унинг исмини бадбахтлар, бахтсизлар қаторидан чиқариб ташлайди", - деб  марҳамат қилдилар.

Ватанимиз истиқболи порлоқ, юртимиз тинчлиги ва осо-йишталиги бардавом, халқимиз фаровонлиги янада зиёда бўлишини Яратгандан сўраб қоламиз. Яна бир бор Рамазон     ҳайитингиз муборак бўлсин!

Сарварбек ЙЎЛДОШЕВ,

Асака туманидаги

 

"Мирзо Шариф" жомеъ масжиди имоми.

Тун

Тун, нималарнидир эслаш учун берилаётган имкониятларга ўхшайсан. Кўз ёшларимизни яшириш учун борлиқни қора либосга буркагансан. Бир сўз билан айтганда, иқрорлар юртидирсан... Инсон зоти борки, унинг қалб тубида яшириб келаётган, ҳеч ким билмайдиган сирларидан ҳам фақат ва фақат сен хабардорсан. Лекин сендан шуни ўтиниб сўрардимки, инсонлар қалбини сенга очганларида, меҳрибончилик қиламан деб, ўзингнинг рангинг-ни юқтириб қўйма. Зеро, ҳамманинг ранги ўзигагина хосдир.

 

Матлуба МЎМИНОВА

Айрилиқ осонми?

Кечинма

Айрилиқ, яна қайтиб келяпсан. Қайтишнинг елкаси толиб кетган, оғир юкнинг ўйида дарахтларнинг барглари соғинч сатрларини қаватлаб, кўкка юз тутмоқчи. Кўзларим айрилиқнинг тубига чўкаётгандай. Кўз ёшларим булоқ янглиғ қайнаб чиқиб, интизор юзларимнинг соғинчига қўшилиб томчиларга айланади. Гўё бу томчиларда чўмилаётган аламларим ҳам хастадай ингранади.

Сенинг қадамларинг гуноҳкор ерга оғриқ бераётгандай, товушлари сукунатни ютаётгандай бот-бот кўнглимга ботиб, сингиб кетади. Кўнгилнинг бу пароканда туйғулари дастидан қайга қочай, эй фалак? Кўнгил ҳам ҳар не кўйга тушмасин, яшашдан бир маъно топишга уринаётганга ўхшайди. Шу умид ҳарорати қалб қуёшига зиё улашаётгандай.

Тун ўзига сиғолмагандай ойнинг нурида юлдузлар билан рақс тушади. Унинг бу телбалиги дилга ажиб орзуларни бахш этади. Уларнинг орасидан ўзимнинг юлдузимни излайман. Ўзим ҳам телбага айланиб, куннинг ёруғидан, туннинг хаёлларидан сизни сўроқлайман. Яна айрилиқ бостириб келади-ю, соғинч кўприкларида саргардон ўйларимни йиғиштириб кетолмай тентирайман...

 Гулбаҳор ЙЎЛДОШЕВА,

 

   Андижон тумани.

 

УСТОЗИМГА МАКТУБ

дил номаси

Ассалому алайкум, қадрли устоз! Соғликларингиз яхшими? Карантинда зерикмай, сиқилмай, уй ишлари билан чарчамай юрибсизми? Бизларни соғингандирсиз-а? Айниқса, мени. Кўп гапириб, кў-ў-ўп жавратиб қулоқларингизни оғритиб ташлардим.

Мендан сўрасангиз, яхшиман. Хавотирланманг, кўчага умуман чиқмаяпман. Аям, дадам, акам билан жи-и-имгина ўтирибман. Аввалига уйга ўргана олмадим. Кўчага чиқаман, деб аямга роса хархаша қилдим. Кейин дадам мени ёнига ўтиргизволиб, коронавирус деган махлуқ пайдо бўлганини, у кўчада юрган, тозаликка риоя қилмайдиган болаларни олиб кетишини тушунтириб бердилар. Энди уйдан чиқмаяпман.

Тунов куни аям шу касалликдан ўлган бир бувини деб йиғладилар. Бечора кампир, бекордан-бекорга, қизидан касаллик юқиб ўли-и-иб қопти. Мениям-чи устоз, саксонга кирган иккита бувим бор. Мана шу вирусни деб, бувимларни кўргани боролмаяпмиз. Бўлмаса уйлари унча узоқ эмас. Аям "бувингларни ёши катта, иммунитети паст, шунга уларни ҳар қандай вируслардан ҳимоя қилишимиз керак", деб айтди. Лекин, ўзи бувимларни жуда соғинган. Шундан кегин мен коронавирусни жуда ёмон кўриб қолдим. Дадам туғилган кунимга совға қилган автоматим билан пешонасидан отсам эди. Шундай десам, акам, "унинг пешонаси йўқ-ку жиннивой, қолаверса у жуда митти, кўзга кўринмайди" деб кулдилар.

Устоз, онлайн дарсларни қолдирмаяпман. Аммо, телевизордаги муаллимлар рости, менга ёқмади. Сиз тушунмаганимизни қайта-қайта тушунтирардингиз. Биз билан савол-жавоб қилардингиз. Улар бўлса роботларга ўхшашади. Гапириб-гапириб, кириб кетишади. Савол берсам эшитишмайди. Мен секин ёзардим-ку. Уларга бунинг фарқи йўқ. Ярмини ёзганим бўйича қолавераман. Яна сиз жонимизга оро кирасиз. Дарсларни телефондан жўнатиб турасиз. Қийналсамда, биронтаям мавзуларни қолдирмадим. 

Уйда ўтириб кўп нарсани тушундим, устоз. Биз кўўўп неъматларнинг қадрига етмаган эканмиз. Менимча Аллоҳ шу миттигина махлуқчани бизга бекорга юбормаган. "Бу-ҳаммамизга сабоқ бўлиши керак", дейди дадам.

Мен ҳам шукр келтиряпман. Ахир, неча болалар уйсиз, оч-наҳор, ота-она меҳридан бенасиб. Менинг эса меҳрибон дадажоним, аяжоним, бир бутун оилам бор.

Хуллас, мен вақтимни мазмунли ўтказаяпман. Аммо,     дарсларингизни, мулойим чеҳрангизни қўмсаяпман. Уйда менга дарсларни аям ва акам қилдиришаяпти. Улар ҳам яхши тушунтиришади-ю, сизга ўхшаб мулойим эмас. Хато ёзиб қўйсам, бирпасда жаҳллари чиқиб кетади.

Илгари дам олиш кунини орзиқиб кутардим. Таътиллар менинг жону дилим эди. Ҳозир эса негадир мактаб бошланишини орзиқиб кутяпман. Уйдаги мактаб менга унча ёқмади. Синфдошларимни, ошпаз холанинг пирожкисини соғиняпман.

Ҳеч бўлмаса охирги қўнғироқни мактабда нишонласак эди. Ойим билан гултувакка ўтқазган атиргулларимиз  барқ уриб очилди. Гулғунчаларга ҳеч кимни яқинлаштирмаяпман. Охирги қўнғироқда устозимга олиб бораман деб, ният қилганман.

Мактаб бошланса, биринчи бўлиб бағрингизга отиламан. Мени яна биринчи партага ўтқазасиз-а устоз?!

Ҳамиша соғ бўлинг бахтимизга! Тез орада кўришайлик!

 

 Абдуллоҳ ТОЖИДДИНОВ,

Андижон шаҳридаги

 

5-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Ўқишдан, ўрганишдан тўхтамайман

Ўқувчи фикр айтади

     Бугун юртимиздаги умумтаълим мактаблари ўқувчилари жорий ўқув йилини якунлаш арафасида турибди. Коронавирус пандемияси сабаб икки ойдан буён телевизион дарсларни томоша қилиб, онлайн машғулотларда қатнашяпмиз.

Мана шундай оғир синов даврида ҳам юртимиз, Президентимиз биз ўқувчиларни ўз ҳолига ташлаб қўймади. Чиройли дарслар, онлайн ўқув   машғулотлари, турли-туман танловлар ташкил этилди. Биз ёшларга кўрсатилаётган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун албатта, юртбошимиздан чексиз миннатдормиз. Президентимизга ташаккурларимни қуйидаги сатрларим орқали ифода этганман:

 

Ёшлар илм олсин деган,

Ўқиб уйда қолсин деган,

"Онлайн дарслар" ташкил этган

Президентимга раҳмат!..

 

Ўзимдан мисол қилиб айтишим мумкинки, барча ўқувчилар ана шу машғулотларда катта қизиқиш билан иштирок этди, ўз билимларини янада бойитди.

Карантин қоидаларига амал қилиб, уйда қолдик. Устозларимиз билан телефон орқали мулоқотда бўлиб, ўтилган телевизион дарслар юзасидан уй вазифаларини бажариб, тушунмаганларимизни сўраб, ўргандик. Бўш вақтларимизни ҳам мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратдик. Бадиий китоб ўқишни жуда яхши кўраман. Шунинг учун бўш вақтимнинг асосий қисмини китоб мутолааси билан ўтказдим, ўндан ортиқ бадиий китоблар ўқидим. Бундан ташқари, онамга уй ишларини бажаришда ёрдамлашдим, турли таомлар, пишириқлар тайёрлашни ўргандим.

Онлайн тарзда вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф ҳаёти ва ижоди бўйича ҳамда "Ким бўлсам экан?" мавзуларида ўтказилган иншолар танловига ижодий иш ёзиб юбордим.  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими томонидан ўтказилган шеър ўқиш танловида ўзим ёзган ва Муҳаммад Юсуф     шеърларини ўқиб қатнашдим. Шеърлар ўқиб, фейсбук ва телеграмм каналларига жойладим.

Тўғри, онлайн машғулотлар барибир, мактабдаги таҳсилга етмайди. Лекин, шароит тақозоси билан  жорий этилган бу тартиб ҳам қайсидир маънода кўп нарсаларни билишга, ўрганишга ёрдам берди. Бир сўз билан айтганда, карантин даврида ўқишдан, ўрганишдан тўхтаб қолмадим. Бошланадиган таътил давомида ўқиш, ўрганишни давом эттираман. Устозларим ишончини оқлаш, юртимга муносиб фарзанд бўлиш учун астойдил ҳаракат қиламан.

Инобатхон МАМАДХОЖИЕВА,

       Қўрғонтепа туманидаги

 

3-умумтаълим мактабининг 8-синф ўқувчиси.

Бахтингизга кўз тегмасин

Фидойи аёлларимиз

Маликахон Ваҳобова қарийб ўн йилдирки, Андижон туманидаги  "ВЕК инвентекс" масъулияти чекланган жамияти тикувчилик цехида меҳнат қилиб келади. Меҳнатсеварлиги, ҳар бир ишга масъулият билан ёндашиши, айниқса, ўз ишининг малакали мутахассиси эканлиги билан жамоаси, ҳамкасблари орасида ҳурмат-эътибор қозонган.

Маликахон асли Найман маҳалласида туғилиб ўсган. Оилада яхши тарбия олган ёш қиз тикувчилик ҳунарини ўрганишга астойдил ҳаракат қилди. Ота-онаси ҳам унинг қизиқиш ва интилишини қўллаб-қувватлади. У ўрта мактабни тамомлаб, тикувчилик йўналиши бўйича таҳсил олди, устозларидан тикувчиликнинг нозик сирларини пухта ўрганди.  Ана шу йўналишда ишлади.

Мана ўн йилдирки, ушбу корхонада самарали фаолият юритиб келмоқда.

- Корхонамизда бир неча турдаги бежирим трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади, - дейди Маликахон Ваҳобова. -  Маҳсулотларимиз сифатига алоҳида эътибор қаратилади. Шу боис ҳам маҳсулотларимиз  ички бозорда  анча харидоргир.

Жамоамизнинг аксарияти хотин-қизлардан иборат, аҳил ва ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз. Карантин шароитида ҳам белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда ишимизни тўхтатмадик. Корхонамиз раҳбарлари самарали ишлашимиз учун зарур барча шароитларни  яратиб берди.

Маликахон нафақат ўз ишининг етук билимдони, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг соҳибаси ҳамдир. Қайнота, қайнонасининг хизматини қилиб дуоларини олди. Турмуш ўртоғи Абдурашид ака билан икки ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказди, эл қаторига қўшди. Бугун улар 4 нафар набиранинг суюкли бувиси ва бобосидир.

- Фарзандларим камоли, оилам тинчлиги менга ҳамиша куч беради, - дейди Маликахон. - Қачонки аёл кишининг оиласи тинч бўлсагина, у бошқа ишларга вақт топади, қилаётган ишларида унум, барака бўлади. Шукр қиламан, оилам тинч, севимли ишим, яхши-ёмон кунларда елкадош бўладиган қадрдон жамоам, қўни-қўшниларим, дугоналарим бор.

Бугун қаҳрамонимиз ўзининг муборак ёшини нишонламоқда. Албатта, унинг ҳаётида қанча-қанча қувончли, ташвишли кунлар бўлиб ўтган. Лекин, ҳозир ҳаётидан мамнун эканлигини юз-кўзларидан, нигоҳларидан кўриш мумкин. Мана шундай қувончли кунда унга: "Бахтингизга, аҳил оилангиз тинчлигига, ардоқли аёл сифатидаги  тахтингизга асло кўз тегмасин" деймиз.

Оиласини муқаддас билиб, эл-юрт равнақи йўлида меҳнат қилаётган Маликахон сингари фидойи аёлларимиз бор экан, ҳаётимиз янада фаровон ва гўзал бўлиб бораверади.

 

Умидахон УМРЗАҚОВА.

Олтинга тенг хазина

Қатра

Гулҳаёнинг бувиси жуда меҳрибон. Доимо лабида табассум билан юради. Қайси невараси нима сўраса, эринмай жавоб беради.

Бир куни Гулҳаё бувисининг ёнига келиб сўради:

- Шунча нарсани қаердан ўргангансиз, бувижон?

- Саволингнинг жавоби - олтинга тенг хазинамда, - деди бувиси.

- Қани ўша олтинга тенг хазина, менга ҳам кўрсатинг!

- Хазинамни кўп маротаба кўргансан, фақат эътибор бермагансан. Мана улар, - деб ўз китобларини кўрсатди бувиси. - Бу китобларнинг ичида қанчадан-қанча билимлар яширинган. Мен бу китобларни сендек вақтимдан бошлаб ўқиб, ўрганиб келаман. Ҳар ўқиганимда янги маъно топаман, мазмун-моҳиятини англаб бораман. Кўп нарсаларни билишим ҳам шундан она қизим. Мана, сен айтчи, нечта китоб ўқигансан?

- Ахир, мен ёш боламан-ку. Мен китоб ўқий олмайман, - деди қизча лабларини чўччайтириб.

- Агар хоҳласанг ўқий оласан. Кейин ўқиб    ўрганганларингни ўртоқларингга, укаларингга айтиб берасан.

- Шундай денг, бувижон. Лекин, менинг китобларим йўқ-да. Энди нима қилсам бўлади?

- Сен ҳечам ўйланма. Даданг ишдан келса, айтамиз. Сенга китоб олиб беради.

Гулҳаё тезроқ кеч киришини ва дадаси ишдан тезроқ қайтишини сабрсизлик билан кутарди. Ҳар гал дадаси ишдан қайтганида, "Менга шоколад олиб келдингизми, дадажон" деб сўрар эди. Бугун эса одатдагидан бошқача бўлди. Дадаси келганида унинг қучоғига отилиб, "Дадажон,  менга китоб  совға қилинг. Мен ҳам бувимга ўхшаб кўп нарсани билмоқчиман", - деди.

Дадаси ҳайратланиб бувисига қаради. Бувиси эса маъноли кулиб қўя қолди.

 

Нодирахон МАТҲОЛИҚОВА,

 

Бўстон тумани.

АЛЛОМАЛАР МЕРОСИ - МАЪНАВИЯТ АСОСИ

Улуғ алломалар ёшликдан уч нарсани қадрлаганлар: вақт, ўқиш, меҳнат. Ўқувчиларни вақтнинг қадрига етиш, мақсад сари интилишга, ўзининг хулқи, одоби, ютуқлари билан тенгдошларига ўрнак бўлишга ўргатиш болалик давридан шакллантирилади.

 

Бу эса бадиий адабиётларни кўп мутолаа қилишга ҳам боғлиқ. Китобга ошнолик - кишининг сўз бойлигини ўстиради. Алишер Навоийнинг сўз қудрати ҳақидаги мисраларини қайта-қайта ўқиш олам-олам завқ беради. Жаҳон адабиёти дурдоналаридан баҳраманд бўлиш эса - билимга билим қўшади.

Кўпинча дарсларда ўқувчиларга мавзуларни тушунтиришда буюк аждодларимизнинг асарларидан фойдаланаман. Ўқувчилар гўё дур гавҳардек тизилиб, саф тортган сўзлар қатига муҳрланган маъноларнинг мағзини чақишга ҳаракат қиладилар.

Маънавият дақиқаларида сўзлашиш одоби, шарқона тарбия, муомала маданияти ҳақидаги ривоятлардан намуналар ўқиймиз.

Зеро, улуғ алломаларнинг ҳикматлари ажойиб бир чашма каби, ундан қайта-қайта баҳра олгинг келади. Инсонни инсон қилиб турган гўзал фазилатлар - унинг ҳаётига мазмун баҳш этадиган туйғулари, инсоний мулоқот ва муносабатлари ҳамда бир-бирига бўлган меҳр ва муҳаббатдир. Шу туйғулар орқали оламда ҳаёт давом этади, эзгулик тантана қилади. Буюк шарқ мутафаккирларининг дурдона асарлари ҳамда халқимизнинг бой маънавий-маданий меросига қайта-қайта мурожаат қилиш - инсоннинг камол топишида беқиёс аҳамиятга эга.

Буюк шарқ мутафаккирлари асарларида илгари сурилган инсонпарварлик, ватанпарварлик, мардлик, жасурлик, камтарлик, меҳнатсеварлик, меҳр - оқибат, одоб ва ахлоқ, хушмуомалалик каби умуминсоний қадриятлар бугунги кунга қадар ўз қадр-қимматини йўқотгани йўқ. Шарқнинг буюк мутафаккирлари асарларига мурожаат этар эканмиз, улардаги панд-насиҳат, таълим-тарбия, одоб-ахлоқ, кишиларнинг бир-бирлари билан бўлган муомала муносабатлари ҳамда нутқ маданиятига оид қимматли фикрлардан, кишини маънавий ва руҳий гўзалликка ундовчи дурдоналардан, ҳаёт тажрибалари замирида бунёд бўлган ҳикмат мактабидан баҳраманд бўламиз.

Ўқувчилар донишмандлар бисотини ўрганиш орқали илм ва маърифат, билим ва заковат, ақл ва идрок, бахт ва саодат, поклик, иффат, сабр-матонат ҳақида ажойиб фикрларга эга бўлиш билан бирга, онг ва шуурида шу каби ҳислатлар шаклланиб боради. Айниқса, нутқ одоби инсоннинг умумий ахлоқини белгиловчи асосий мезондир. Буюк мутафаккир Юсуф Хос Ҳожибнинг "Қутадғу билиг" асарида комиллик шартлари, ахлоқий мезонлар, одоб-ахлоқ қоидалари, сўз қудрати, давлатчилик мезонларини тараннум этган байтларга воқиф бўлиш билан бирга, шу орқали таълим-тарбияга оид ўзига хос услуб яратганига амин бўламиз.

Бошдан охиригача донолар сўзи,

Гўёки тузилган маржоннинг ўзи.

Алишер Навоий нутқ одоби талаблари ҳақида шундай дейди: "Инсоннинг одобу ахлоқини белгилайдиган омиллардан бири унинг сўз нутқидир. Сўзлаганда ўйлаб сўзла, тушуниб, билиб гапир, сўзни кўнглингда пиширмагунча тилга келтирма, ҳарнеким, кўнглингда бўлса, тилга сурма", "сўзлаганда шароитни, суҳбатдошингни ҳисобга ол, беўрин сўз айтма"...

Юртбошимиз томонидан 2020 йил - Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили" деб эълон қилинган экан, маърифат ва маънавиятнинг асл манбалари ҳисобланган буюк алломаларнинг асарларини ўрганиб бориш, уларнинг ноёб мазмунидан баҳраманд бўлиш ўқувчиларда юксак маънавиятли бўлиш, билимдонликни оширишига ёрдам беради.

 

Малоҳат ЮЛДАШЕВА,

Жалақудуқ туманидаги

 

1-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Мутахассис замон билан ҳамнафас бўлиши лозим

фикр

2018 йил 19-20 май кунлари Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев вилоятимизга ташрифи чоғида шундай деган эди: "Мамлакатимизда Андижоннинг ўз ўрни бор. Менинг энг каттта мақсадим, Андижон ҳар сафаргидек ҳамма соҳа бўйича юқори ва биринчи ўринда бўлмоғи керак".

Дарҳақиқат, барча соҳаларда бўлгани каби юртимизда таълим-тарбия соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2018 йил 7 июлда қабул қилинган "Илк қадам" мактабгача таълим ташкилотининг Давлат ўқув дастури соҳа фаолиятини янада юқори  босқичга кўтариш учун муҳим дастуриламал бўлди.

Маълумки, мактабгача таълим узлуксиз таълимнинг биринчи бўғини бўлиб, бу даврда боланинг ақлий ривожланиши ва жисмоний ўсиши, айниқса, унинг сиҳат-саломатлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади. "Илк қадам" Давлат дастурида бола тарбияси Ватанга муҳаббат, иймон-эътиқод, меҳр-мурувват, ростгўйлик, адолатпарварлик, самимийлик, меҳнатсевар ва билимдонлик каби ғоялар асосида амалга оширилади.

Инновацион усуллар, айниқса, турли ўйинлар орқали болаларда шахслараро муносабатлар юзага келади, ўйинлар ёрдамида хотираси мустаҳкамланади, меҳнатсеварлик, юртга муҳаббат ва бошқа инсоний фазилатлар шаклланиб боради. Бу эса болаларда масъулият, вазиятни тушуниш ва тўғри муносабат билдириш, жавобгарлик, қатъийлик, сабр-тоқат, чидамлилик, ўзининг ва дўстларинг меғнатини, интилишларини холис баҳолаш сингари ҳис-туйғулар асосида тарбияланади.

Мазкур йўналишдаги ишлар юртбошимиз томонидан илгари сурилган беш муҳим ташаббус доирасида амалга оширилиши эса болаларни янада билимдон, ижодкор ва соғлом бўлишларини  таъминлайди. Асака тумани Мактабгача таълим бўлими қошида ташкил этилган қисқа муддатли тайёрлов гуруҳида олиб борилаётган ишлар ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.  

Карантин давригача 50 нафар тарбияланувчи билан олиб борилган машғулотларда болажонлар нутқни ўстириш, ҳарфларни ўрганиш, ёзиш, расм чизиш қобилиятларини, турли  машқларни бажариш орқали эса жисмоний имкониятларини ўстирдилар.

Болажонлар билан ишлашда педагог ва тарбиячиларнинг билим, малака ва тажрибаси муҳим роль ўйнайди. Ишларнинг қанчалик самарали бўлиши кўп жиҳатдан ана шунга боғлиқ. Шу боис, бу борада фаолият юритаётган мутахассислар замон билан ҳамнафас бўлиб, доимий равишда билим ва малакаларини ошириб боришлари лозим.

 

Насибахон

 АБДУРАЗЗОҚОВА,

Асака педагогик коллежи ўқитувчиси.