+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Мурғак қалблар ила боқинг дунёга

Ҳаёт - ибрат мактаби

Нигоҳларинг ўқдир болажон,

Кулгуларинг шўхдир болажон.

Дунё неъматларин ичинда,

Сенинг тенгинг йўқдир, болажон.

Беғубор нигоҳлари ила    дунёнинг жамики мўъжизаларидан устун тургувчи, Яратганнинг улуғ неъмати, тирикликнинг ҳақиқий мўъжизаси бу  шубҳасиз, қалби беғубор болажонлардир.

Ҳар қандай инсон уларнинг кулгичларида ўйнаган биргина табассуми, нигоҳу, ҳаракатларини кузатиб ҳис этадиган завқ, туйғуни дунёнинг етти мўъжизаси ҳам бера олмайди, назаримда. Авлодлар давомчиси -  мурғак болажон олдида дунё гўзалликлари ҳам хира тортиб қолади.

Эндигина қадам босишга чоғланаётган фарзанднинг тетапоя ила ташлаган ҳар бир қадами ота-она қалбига унутилмас қувонч, дунёдаги энг ширин, энг тотли туйғулар инъом этишининг ўзи улуғликдан далолат эмасми? Болажон мунчоқ кўзлари, узун киприкларини пирпиратиб дунёни кузатаётган беғубор нигоҳлари ила биз англаб етмаган, ўзга дунёларни идрок этади, эҳтимол. Унинг тилидан отилиб чиққан илк сўз курраи заминни, мислсиз коинотни гўё қайтадан яратадигандай.

Жажжи болажонларнинг ҳайрат ила қарашларида эртанги кунга бўлган умид ва қизиқувчанлик учқунлари акс этиб туради. Бу эса келажагимизнинг янги саҳифалари пайдо бўлаётганининг нишонасидир.  Улар билан эртамиз, ҳаётимиз янада гўзал бўлишига асло шубҳа йўқ.

 

Мубина ОРТИҚБОЕВА,

 

Андижон давлат университети академик лицейи ўқувчиси.

Синглим билан суҳбат

Кўнгил кечинмаси

...Ака, авваллари сизни соғинсам, у ер - бу ерда ўтириб йиғлаб олар эдим. Энди болаларим катта бўлгани учунми ёки дийдам қотдими, ҳартугул, аввалгидай кўп йиғламайдиган бўлдим. Болалигимизда сиз билан қилган орзуларим эсимдан чиққан. Қўлим дуторга бир марта ҳам тегмай қадоқ бўлди. Ҳали пахта деймиз, ҳали пилла... Умр ўтаяпти. Даланинг ишлари кўнглимни ҳам қотириб ташладими, деб ўйлаб қоламан гоҳида. Лекин, шу бугун қуртларимга қараб, бир аҳвол бўлдим. Бостираман деяпман, ҳозир камида тўрт-беш марта барг солишим керак. Кеча ҳам қаровим яхши бўлмаган эди, оч қолди ҳисоб. Катта-катта бўлиб, ўрамга кирган. Тўкилганларини тера-тера йиғладим. Болалар барг қидириб, қўшни туманнинг биқинигача бориб келишди. Барг йўқ. Шу атрофда борини олиб бермаяпти бу фермер.

Қурт беришда ялинган янгибой барг топишга келганида қорасини ҳам кўрсатмайди. Кеча йўлда кўриб қолдим. Машинадан тушмайди ҳам. Ҳа-аа-а, дейди ўтирган жойида. Бой-да. Отасидан кўп пул қолган. Лекин барибир, энам айтган гап - гап: ҳеч бир ота-она болаларига яхши тарбиядан ортиқ мерос қолдиролмас экан.

Майли, ака, буни ўйламанг. Пилламни бир амаллаб бостириб оламан. Ёнидаги фермердан илтимос қилдим: опа, фақат битта тутни уриб олсин, болалар тутпояга кирганини кўриб қолишса, жанжал кўтарилади, ўзимизга ҳам керак, деди... Шу кунларда хурсандман. Президентнинг қарори чиқибди-ку, энди ўн йил пилла боққанларни ҳам пенсияга чиқарар экан. Йигирма йилга яқин пахта чопиб, пилла боқдим, шулар ҳам ўтсайди. Майли, шунисигаям минг раҳмат. Яна ўн йил бемалол боқиб бераман. Болалар ёнимга кириб қолди (секин пичирлайди: куёвингиз ҳам ичишни ташлаган, кўз тегмасин).

Синглим гапираркан, хаёлимда азалий манзаралар жонланади:

Уни пахтазор ичида, қуёшдан юзини тўсиб ўраган рўмолда тасаввур қиламан. У пахта чопиқ қилаяпти.

Кун заволга келган пайт, дала ўртасида қандайдир қора кўринади: у сомон йиғаяпти.

Тонгми ёки талош маҳалими - англаш қийин, мис пақирга сутнинг жизиллаб уриши эшитилади: у сигир соғаяпти.

Яшайдиган уйининг деярли ҳамма хонасида пилла бор. Кирсангиз, айниқса, пилла бостирар маҳалдаги таниш хушбўй ҳид димоғингизга гупиллаб урилади. Ўша хоналарнинг бирида икки ўспирин полнинг у ер, бу ерига тўкилган катта-катта қуртларни тераяпти. Синглим эса дераза рахида йиғлаб ўтирибди.

Осмон булутлардан халос бўлган қуёшли кун. Чошгоҳ. У қўшниларини йиғиб, пилла тераяпти...

Мен тиниб-тинчимайдиган меҳнаткаш, покдомон синглимнинг тимсолида шу юртнинг жафокаш аёлларини кўраман.

Хаёлимда Миртемирнинг ўзбек аёли ҳақида айтган шоҳ сатри айланади:

"Сенсиз Ўзбекистон  Ўзбекистонмас, Тош бу!"

 

 

Нурулла НАРЗУЛЛАЕВ

ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАР ПРОФИЛАКТИКАСИДА ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИНИНГ ЎРНИ ВА РОЛИ

Талаба тадқиқоти

Бугунги кунда сиёсий-иқтисодий, илм-фан, техника,   қўйингки, барча соҳалар тобора ривожланиб бормоқда. Бунинг энг асосий сабаби ахборотга бўлган талабнинг юқорилиги, унинг дунё бўйлаб жуда тез ва кенг кўламда тарқалаётганлигидир. Шу сабаб ҳам ХХI аср  "ахборот асри" , "глобаллашув асри"  деб аталмоқда.

Ана шундай бир даврда инсоният терроризм, экстремизм, диний фундаментализм, миссионерлик, одам савдоси, наркомания, фоҳишабозлик сингари қатор муаммоларга дуч келмоқда. Энг ачинарлиси, ана шу жиноятлар билан боғлиқ ҳолатларга тушиб қолаётганлар сафи  тобора ортиб бормоқда. Аслида бу каби ҳолатлар юзага келишининг таг замирида инсоният маънавияти, маърифати, миллий қадриятлари, урф-одат ва анъаналарнинг таназзулга юз тутаётганлиги ётади. Бу эса оммавий ахборот воситалари орқали кенг тарқатилаётган фахш ва зўравонликка ундовчи турли ахборотлар узатилиши, "оммавий маданият" кўринишлари таъсирига етарлича эътибор берилмаётганлигидир. Бу ёшларнинг онгида маънавий бўшлиқ юзага келишига, уни миллийликка ёт бўлган вайронкор ғоялар билан тўлишига олиб келмоқда.

Маълумки, бугунги кунда анъанавий оммавий ахборот воситалари билан бирга, интернет, ижтимоий тармоқлар, блогерлар фаолияти юксалди. Улар ҳам жамоатчилик фикрини шакллантиришда катта роль ўйнамоқда. Шу боис ҳам, ана шу улкан имкониятдан кенг фойдаланиб, ёшларимиз онгида юзага келаётган бўшлиқни, салбий иллатлар таъсирига тушиб қолиш ҳолатларини бартараф этишимиз, уларнинг онг-шуурини эзгулик, бунёдкорлик ғоялари билан тўлдиришимиз лозим. Ана шундагина ёшларимиз рисоладагидек камол топади, юзага келиши мумкин бўлган турли ёвузликларнинг олди олинади. Бунда шубҳасиз, оммавий ахборот воситаларининг "тарғиботчи қурол" сифатидаги роли ниҳоятда катта.

Оммавий ахборот воситалари ўз ваколатлари доирасида:

- ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга ошириш, ҳуқуқбузарликларнинг содир этилиш сабаблари ва унга имкон бераётган шарт-шароитларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш;

- аҳолининг ҳуқуқий билим ва  саводхонлигини ошириш, шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар, уларнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш;

- фуқароларда қонунларга итоаткор бўлиш ҳулқ-атворини шакллантириш, жамиятда жиноятчиликка қарши курашда фуқароларнинг фаол иштирокини тарғиб қилиш;

- ҳуқуқбузарликлар профилактикаси самарадорлигини ошириш учун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси субъектларининг жамоатчилик билан ҳамкорлигини мустаҳкамлаш бўйича тизимли ишлар олиб бориш самарали натижалар беради.

Оммавий ахборот воситаларида тарқатилаётган ахборотдан ҳар ким ўзининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда фойдаланмоқда.   Шунингдек, ҳар ким ўз манфаатидан келиб чиқиб турли ахборот тарқатмоқда. Натижада, аксарият ҳолларда ҳақиқат ёлғонга, ёлғон ҳақиқатга айланмоқда. Миш-миш, бўҳтон, уйдирмалар тарқатиш авж олмоқда. Бу эса ахборот маконида глобал муаммоларни юзага келтирмоқда. 

Қабиҳ ниятли шахслар интернет саҳифаларидаги турли сайтлар орқали ўзларининг жирканч ғояларини тарғиб этмоқда. Минг афсуски, уларнинг ёлғонларига ишонаётган айрим ёшларимиз билиб-билмай диний-экстремистик ва террорчилик ташкилотлари ғоялари таъсирига тушиб қолмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун ички ишлар органлари оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда зарур тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Ўзбекистонда ички ишлар идоралари томонидан аҳоли ўртасида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда ҳар йили 30 мингга яқин ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ўтказилиб келинади. Бундан ташқари, давра суҳбатлари, семинарлар, илмий-амалий конференциялар, ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил қилиняпти.

Одам савдоси, ичкиликбозлик, гиёҳвандлик, фоҳишабозлик, фирибгарлик билан боғлиқ жиноятларнинг мудҳиш оқибатларига оид кўрсатув ва мақолалар тайёрланиб, аҳолига етказилмоқда. Қонунчиликни тарғиб этиш, жиноятга жазо муқаррарлигига оид ана шу материаллар аҳолининг ҳуқуқий онги, билим ва тушунчасини янада бойитишга хизмат қилмоқда.

 

Диёрбек ҲОШИМОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Академияси 3-босқич курсанти.

Алла - ҳаёт қўшиғи

Ўлмас қадриятларимиз

Мусиқа - инсон руҳиятининг озиғи, инсоннинг қалб тубига етиб борувчи, унга ўз таъсир кучини кўрсата оладиган омиллардан биридир. Ривоятларга кўра, инсон танасига руҳ най созининг сеҳрли овози билан кирар эмиш. Шу боис ҳам ҳар бир инсон қалбида мусиқага, қўшиққа мойиллик, унинг мафтункор жозибасига ошуфталик бор. Қолаверса, ушбу мойиллик гўдаклик чоғимизда тинглаганимиз - она алласи орқали ўчмас бўлиб муҳрланади. Айнан она алласи билан қалбимизда ўзгача мусиқий ҳиссиёт пайдо бўлади.

Алла - халқимизнинг қадим қўшиғи. Қатор Шарқ халқларида алла ва бешик ҳамоҳанг юради. Алла - болани ухлатиш жараёнида айтиладиган ёқимли қўшиқ. Алла ўзбек,    уйғур, тожик халқлари орасида кенг тарқалган. У одатда оддий куйлар билан бешик ёки беланчакнинг тебраниш суръатига мос равишда ижро этилади. Алла матни асосан тўртлик тарзида бўлади, эркин усулда ижро этилади.

Она алласи билан фарзанд шуурига, қонига нафақат волидасига нисбатан, балки туғилиб ўсган муқаддас заминга, Ватанга меҳр сингиб боради. Бу меҳр боланинг ўзи билан каттайиб, улкан муҳаббатга айланади. Алла тинглаб вояга етган боладан ёмонлик чиқмайди. Она алласи билан шаклланган меҳр бир кун улғайиб, ўлмас қадриятлар, анъаналар, маънавиятга бўлган муҳаббатга айланади.

Ватанга, юртга, халққа, миллатга бўлган садоқат илдизлари алла орқали мурғак қалбимизга ташланган уруғдан униб чиқади. Алла - чинакам маънавий куч. Унда онанинг орзулари, армонлари яширин. Шунинг учун аллада меҳр бор, дуо бор, тилак-истак, саодатли кунлар соғинчи бор. Онанинг меҳридан унган сўзлар қўшиққа айланиб, боланинг юрагига ўрнашади.

Ойни олиб берайми,

Гуллар териб берайми,

Атрофингда айланиб,

Шамол каби елайми...

Ухла, қўзим аллаё

Ухла, юлдузим алла...

Алла ҳақида тиббиёт илмининг даҳоси, буюк аллома Абу Али Ибн Сино: "Боланинг мижозини кўчайтирмоқ учун икки нарсани қўлламоқ керак. Бири болани секин-секин тебратиш, иккинчиси болани ухлатишда одатга айланган мусиқа ва алладан фойдаланиш. Иккинчисини қабул қилиш миқдорига қараб боланинг танаси билан бадан тарбияга, руҳи билан мусиқага бўлган истеъдоди шаклланади."  деган эди.  Улуғ аллома бу билан алла ва бешик ҳамоҳанглиги муҳим аҳамият касб этишини таъкидлаб ўтган.

Она дилидаги эзгу ниятларини аллага қўшиб кўйлайди. Табиийки, барча оналар аллани ўз имкониятидан, иқтидоридан келиб чиқиб, ижро этади. Аммо, барчага бирдек ёқадиган ва катталарни ҳам қалб торини чертадиган аллани эшитган инсон дунёнинг барча ташвишларини унутиб, ором олади, қалби таскин топади.

Алла қўшиғига инсонпарварлик, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, ота-онани қадрлаш, она юртга муҳаббат каби туйғулар сингдирилган. Бир сўз билан айтганда, алла ҳаёт қўшиғидир.

Исмигул ХОМИДОВА,

 

Ўзбекистан Давлат консерваторияси бакалавриат йўналиши битирувчиси.

НИЗОСИЗ ИШЛАРНИ СУД БУЙРУFИ ТАРТИБИДА КЎРИШ

Суд ислоҳотлари

Мазкур жараён тадбиркорлик субъектлари учун қатор афзалликлар беради.

Юртимизда иқтисодиёт ривожланиб, иқтисодий муносабатлар ўсиб боргани сари, иқтисодий судларга келиб тушаётган аризаларнинг сони ортиб, уларда кўтарилаётган масалалар кўлами ҳам кенгайиб бормоқда.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг бузилган ҳуқуқ ва манфаатларини суд томонидан ҳимоя килиш, тадбиркорларни сарсон бўлишларига йўл қўймаслик учун суд ишларини ҳал этишнинг соддалаштирилган тартибини амалиётга жорий этиш юртимизда амалга оширилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Низосиз ишларни суд буйруғи тартибида кўриш ишларни тез ва қулай ҳал этишнинг бир тури ҳисобланади.

Иқтисодий судларда суд буйруғи тартибида иш юритиш иш юкламаларининг камайишига ва судларда ишларни тез ва қисқа муддатларда ҳал этилишига имконият яратади. Суд буйруғи низосиз талаблар бўйича суд муҳокамаси ўтказмасдан бериладиган суд ҳужжати бўлиб, ўз навбатида суд буйруғи низосиз ишларни ҳал қилишнинг энг қулай ва арзон усули ҳамдир.

Суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилади. Ариза кредитор ёки унинг вакили томонидан албатта имзоланган бўлиши шарт. Шунингдек, кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида аризани судга берганида қарздорга ҳам шу аризанинг нусхасини топширган бўлиши талаб этилади. Ўз навбатида қарздор ариза нусхасини олганлигини ўзининг мухр(штамп) ёки имзоси билан тасдиқлаши керак. Ушбу тартибга риоя этмаслик суд томонидан суд буйруғи бериш тўғрисидаги аризани қайтаришга асос бўлади.  Қарздор тараф суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза нусхаси ўзига кредитор томонидан топширилган пайтдан бошлаб, ўн кунлик муддатда судга кредитор талабига қарши эътирози бўлса, ўз эътирозларини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда шу судга эътирознома тақдим этишга ҳақли. Агар белгиланган ўн кунлик муддатда қарздор судга эътирознома тақдим этмаса, суд томонидан бу ҳолат қарздорнинг билдирилган талабга рози, деб тушунилади ва суд буйруғини беришга асос бўлади.

Шунинг учун ҳам суд буйруғи кредитор томонидан аризанинг нусхаси қарздорга топширилган кундан сўнг ўн кун ўтгач берилади. Ўн кунлик муддат суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг нусхаси қарздорга топширилган кундан бошлаб ҳисобланади. Агар аризанинг нусхаси қарздорга топширилганлигини тасдиқловчи ҳужжатда сана кўрсатилмаган бўлса, ўн кунлик муддат ушбу ариза судга келиб тушган кундан бошлаб ҳисобланади. Шу сабабли ҳам суд буйруғи бериш тўғрисидаги ариза нусхасини қарздорга топшириш талаб этилади.

Агар қарздор тарафда кредиторнинг суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризасига нисбатан эътирози бўлса-ю, лекин қарздор эътирозини узрли сабабга кўра судга ўз вақтида билдира олмаган бўлса,   қарздор суд буйруғини олган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида шу судга суд буйруғини бекор қилиш тўғрисида ариза тақдим этиши мумкин. Бундай ҳолатда суд ўтказиб юборилган муддатни узрли деб топса, чиқарилган суд буйруғини бекор қилади. Чиқарилган суд буйруғи бекор қилинган холатда кредиторнинг талаби даъво тартибида кўриб чиқилиши мумкин.   

Юқорида  иқтисодий судлар томонидан суд буйруғи тартибида иш юритиш низосиз ишларни ҳал қилишнинг энг қулай ва арзон усули эканлиги айтиб ўтилди. Сабаби, тадбиркорлик субъектлари томонидан иқтисодий судларга мурожаат қилинганида, талаб қилинаётган даъво баҳосидан келиб чиқиб, судга давлат божи тўлаш талаб этилади. Низосиз ишларни иқтисодий судларда суд буйруғи тартибида кўриб чиқилиши тадбиркорлик субъектларига қимматли вақти ва маблағини тежаш имконини беради. 

 

Хулкарой ИСАҚОВА,

Судьялар Олий Кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактаби тингловчиси. 

Фарзанд отасига бегона бўлмасин

ижро ва самара

Оила - инсон учун энг муқаддас даргоҳ ҳисобланади. Кимники оиласи тинч-хотиржам бўлса, у жамиятда ўз ўрнини топади, ўша оилада улғайган фарзандлар ҳам яхши инсонлар бўлиб камол топади.

 Минг афсуски, бугунги кунда жамиятимизда пароканда бўлган оилалар, ажрашиб фарзандларини тирик етим қилаётган ота-оналар ҳам йўқ эмас.

Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан ажрашган оталардан алимент қарздорлигини ундириш, шу билан бирга, ажрашиш ёқасида турган  оилаларни яраштириш борасида  эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Бюронинг Қўрғонтепа туман бўлим бошлиғи Ш. Умаралиев фуқаролик ишлари бўйича Қўрғонтепа туманлараро судининг Худойберди Мелихўжаевдан бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжатига асосан, мавжуд     қарздорликнинг тўланишини таъминлаш билан бирга  Х. Мелихўжаев ва қарз олувчи, унинг турмуш ўртоғи билан ўтказилган суҳбатлар, тушунтириш ишлари натижасида улар ўртасидаги келишмовчиликка чек қўйилди, ушбу оила яраштирилди.

Шунингдек, бир нафар фарзанди учун алимент тўлаши белгиланган, ўзаро жанжаллашиб юрган ёш оила соҳиблари Хусниддин Ураимов ва Гулмира Орзиева ҳам тушунтириш ишлари натижасида ярашиб олди. Умуман, коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин даврида Қўрғонтепа туманида мажбурий ижро бюроси ходимларининг саъй-ҳаракати билан ажрашиш ёқасида турган 112 оила яраштирилди. Эр-хотин муносабатларининг тикланганлиги, оилалар ярашганлиги муносабати билан қарз ундирувчиларнинг аризасига асосан, алимент унидириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари бекор қилинди. 

Жамиятнинг асоси бўлган оилалар ҳеч қачон завол топмасин. Ҳеч бир фарзанд отасига бегона бўлиб, ундан алимент тўловини олмасин.

 

Ойиста АБДУРАҲМОНОВА,

 

МИБ вилоят бошқармаси катта инспектори.

КИТОБ - ЙЎЛИМИЗНИ ЁРИТУВЧИ НУР

ёшлар фикри

Ҳаётда кишини ҳайратлантирадиган, завқ бағишлайдиган турли-туман воситалар мавжуд. Аммо, китобнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Зеро, китоб дардли кишилар дардига даво, беминнат дўст, маслаҳатгўйдир.

Китоб инсонни маънавий жиҳатдан етук, ақлан баркамол бўлишида кўмаклашади, сўз бойлигини янада оширади. Афсуски, айрим тенгдошларимиз китобни ўзларига дўст деб билмайдилар. Бўш вақти бўлди дегунча, телефон, интернет билан андармон бўлиб, олтинга тенг ёшлик дамларини елга совурадилар. Уларнинг ота-оналари ҳам фарзандларининг нималар билан машғуллигига қизиқмайдилар. Бу бефарқлик, лоқайдлик кейинчалик ёмон оқибатларга, сўзсиз пушаймонликка олиб келиши мумкин.

Менинг ота-онам телефонни кўп ишлатишимга рухсат бермайдилар. Мен бундан хафа бўлмайман. Телефон билан банд бўлиш ўрнига янги бир китоб ўқийман. Тафаккуримни бойитаман. Баъзан, ўзимга ёққан китоб таъсирида ўзим ҳам ҳикоя ҳамда мақолалар ёзаман. Келажакда албатта, ана шундай ўқимишли, қизиқарли китоблар ёзаман, деб ният қиламан.

Бир шоир "жаҳонда китобдан яхши ёр бўлмас", дея бежиз ёзмаган. Ҳақиқатдан ҳам китоб инсонга, айниқса, биз ёшларга энг яхши дўстдир. У туфайли маънавий дунёимиз янада бойийди. Мустақил ва  танқидий фикрлаш кўникмаларимиз шаклланади. Қалбимизда ватанпарварлик, эзгулик, инсонпарварлик сингари юксак фазилатлар, меҳр-муҳаббат туйғулари уйғонади. Шу маънода ҳам китоб бебаҳо бойлик, йўлимизни ёритувчи нурдир.

Бизни нурли келажак, яхши амаллар, хайрли ва савоб ишларга етакловчи китобни ҳар биримиз ўзимизга энг яқин ва энг яхши дўст деб билиб, аввало ота-онамиз, устозларимиз, юртбошимизнинг ишончини оқлай оладиган комил инсонлар бўлиб етишайлик.

 

Раънохон АҲМАДЖОНОВА,

 

Хўжаобод тумани.

Қиёссиз мўъжиза

Кўнгил туFёни

Аёл тимсолини тасвирламоқчи бўлдим.

Сўз чексиз қудратга эга: у ишонтиради, ундайди, мажбур этади. Мен ҳам шу қудратдан фойдалансам-чи?! Аввалига шеър ёзиб кўрдим. Қофияларим сийқа, ташбеҳларим нурсиз. Кейинроқ эса эссе ёзмоққа уриндим.

Негадир "илҳом" келмайди. Яхшиси, расм чизсам-чи? Ахир мусаввирлар ўз мўйқаламларида аёл тимсоли орқали дунёнинг дурдона асарларини яратишган-ку. Масалан, "Мона Лиза" портрети. Мен ҳам бир портрет яратсам-чи? Аввал жуда ўйландим, кимнинг портретини яратсам экан? Шунда садоқатли, фидойи, меҳнаткаш, меҳрибон, ўзбек аёли тимсоли кўз олдимга келди. Унинг барча хислатлари: макридан қаҳригача,севгисидан нафратигача, кулгусидан кўз ёшигача, ҳатто тоғлардан-да улкан ва юксак сабри, ҳамма-ҳаммаси жуда ажойиб.

Бир қизни биламан. Унинг ёшига хос бўлмаган сабру-бардоши, иродасига қойил қолганман. Қалбида чексиз дард бўлса-да, юзида доим   табассум. Отаси уни тан олмас экан. Қизалоқ шу ҳолатида ҳам отасини яхши кўради. "Сизнинг сабрингизга қойилман", десам, "Сиз аямнинг бардошига қаранг. Не-не кунларни кўрса-да, чекинмайди. Биз - уч фарзандни якка ўзи тарбиялаб вояга етказмоқда. Биз учун бор кучи билан ишламоқда" деди. Орадан вақт ўтиб, унинг онаси билан танишдим. Гаплари жуда самимий, ўзи эса меҳрибон эди. Бир зум тин олиб, бир кун дам олмасди у. Чунки, учта болани боқиши керак . "Сиз шунча кучни қаердан оласиз?", десам, "Фарзанд-ларимдан" дея жавоб берди.

Мен яна бир аёлни кўрдим, у билан суҳбатлашдим. У менга ўнта фарзанд кўргани ва улардан тўрттаси вафот этганини сўзлаб берди. Ўз фарзандларининг тобутини кўриш, қанчалик азоб. Бу азобларга қарамай, аёл бошқа фарзандлари учун яшаяпти. Меҳр кўрсатяпти, ҳаққига дуо қиляпти. Мен аёлнинг сабру бардоши ва чексиз меҳри олдида сўзсиз қолдим.

Учинчи аёл ҳали ўн гулидан бир гули очилмасдан тул қолган. Эри автоҳалокатда ўлгач, не-не эркаклар унга оғиз солишмади. У ҳеч кимни умр йўлдошликка танламади. Ёлғиз фарзандига ўгай отани раво кўрмади. Қайнона-қайнотасининг хизматини қилиб, дунёдан тоқ ўтмоқда.

Ҳа, аёл фарзанди учун ўз ҳаётини, бахтини-да қурбон қилишга қодир.

Портрет ҳам ярата олмадим. Ўхшамади. Тан олиш керак, бунга салоҳиятим кучсизлик қилди. Менинг фикримча, ҳеч ким аёл портретини аслидек қилиб ярата олмайди. Ҳатто, у "Мона Лиза" асари бўлганида ҳам.

Мендан аёл сўзининг маъносини сўраганларида, "қиёссиз мўъжиза", деб таърифлаган бўлар эдим. Ва бир нарсани барчадан сўрайман: "қиёссиз мўъжиза"нгизни асранг! У опангиз ёки синглингиз, аёлингиз, онангиз, жажжи қизингиз бўлса ҳам, бу - аҳамиятсиз. Уларнинг ҳар бири бир мўъжизадир.

 

Ўғилой МАЪМУРОВА,

Марҳамат тумани.

ОЛИЙ ТАЪЛИМ ФИДОЙИСИ

Тўйхат ўрнида

Андижон давлат университети математика кафедраси доценти, педагогика фанлари номзоди Аҳмаджон Аҳлимирзаев узоқ йиллардан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келаётган тажрибали педагоглардан бири.

Аҳмаджон Аҳлимирзаев 1966 йилда Булоқбоши туманидаги 6-мактабни тамомлаб, шу йили Фарғона давлат педагогика институтининг математика факультетига ўқишга кирди.  Институтни 1970 йили  имтиёзли диплом билан битиради. Меҳнат фаолиятини Булоқбошидаги 16- мактабда ўқитувчи сифатида  бошлади.

Устоз 1975 йили профессор Ж.Каримовнинг тавсияси билан Андижон педагогика институтининг математик анализ кафедрасига ишга келди. У олий таълим даргоҳидаги фаолияти давомида математик анализ ва мактаб математикаси курслари бўйича қизиқарли дарс машғулотлари билан соҳанинг етук мутахассиси эканлигини кўрсата олди.

Ўз ишига талабчан, интилувчан ёш мутахассис 1977 йилда физика факультети қошида ташкил қилинган Олий математика ва чизмачилик кафедрасига ишга ўтказилди ва у ерда 1980 йилгача фаолият юритди.

Аҳмаджон Аҳлимирзаев 1980-1982 йилларда Москва давлат педагогика университетида илмий тадқиқотчи сифатида сабоқ олди. У ерда ўз даврининг кўзга кўринган услубчи олимларидан  математикани ўқитиш назарияси ва услубияти бўйича чуқур билим эгаллади, тажриба ва малака оширди. Мазкур университет ихтисослашган илмий кенгашида педагогика фанлари доктори, профессор В.Гусев раҳбарлигида номзодлик диссертациясини ёқлади.

А. Аҳлимирзаев 1982 йили Москвадан қайтгач, фаолиятини яна ўзи ишлаган кафедрада давом эттирди. Домла 1985 йилдан бошлаб Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижон филиалида дастлаб ўқитувчи, катта ўқитувчи ва кейинчалик доцент лавозимларида ишлади.

1987-1995 йилларда филиал декани ўринбосари, декани вазифаларида, 1995 йилдан Тошкент халқ хўжалиги ва Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтининг Андижондаги филиаллари негизида ташкил этилган Андижон муҳандислик-иқтисодиёт институтининг Назарий ва амалий математика кафедрасида доцент лавозимида фаолият олиб борди.

Устоз 2000 йилдан Андижон давлат тиллар педагогика      институтига ишга ўтди. 2006-2009 йилларда Умумий тилшунослик ва ахборот технологиялари кафедрасида доцент лавозимида ишлади. 2001 йили унинг ташаббуси билан институт қошида "Бизнес мактаби" ташкил қилинди ва у мазкур мактабга раҳбарлик қилди. 2009 йилдан эса Педагогика, психология ва янги педагогик технологиялар кафедраси мудири вазифасида ишлади.Шунингдек,  2001-2008 йилларда институт илмий кенгаши котиби вазифасини ҳам бажарди.

2010 йилдан ҳозирга қадар домла Андижон давлат университети математика кафедрасида доцент лавозимида ишлаб келмоқда. Устоз педагогик фаолиятини     илмий-тадқиқот ишлари билан биргаликда олиб бормоқда. Ҳозирга қадар унинг 170 дан ортиқ илмий мақола, тезис, услубий ва ўқув қўлланмалари чоп этилди. Унинг муаллифлигидаги нашр қилинган "Математика", "Олий математика (I) ва Олий математика (II) номли ўқув қўлланмалар талабалар учун муҳим манбага айланган. 

Айни кунда А. Аҳлимирзаев раҳбарлигида университетда битта таянч докторант ва учта мустақил тадқиқотчи ҳамда учта магистр илмий-тадқиқот ишларини олиб бормоқда. Домла нафақат илмий-педагогик фаолияти билан, балки намунали оила бошлиғи сифатида ҳам барча ҳамкасблари, шогирдларига ибрат ҳисобланади. У турмуш ўртоғи билан тўрт   фарзандни тарбиялаб, эл қаторига қўшди.

Устоз улуғ ёшда бўлишига қарамай, илмий-педагог кадрлар тайёрлаш, фанга оид янги адабиётлар яратиш борасида доимо илғорлар сафида. Фан сирларини пухта ўрганишда ҳамкасблари, айниқса, ёш мутахассисларга яқиндан ёрдам бериб келади. Биз - домланинг ҳамкасб ва шогирдлари олий таълим фидойиси, моҳир ва тажрибали устозимиз билан ҳамиша фахрланамиз.

 

Мадаминжон МАҲКАМОВ,

АДУ физика-математика факультети декани.

Тўланбой ИБАЙДУЛЛАЕВ,

 

АДУ математика кафедраси доценти.

Аҳолини рўйхатга олиш нима мақсадда ўтказилади?

Мутахассис минбари

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига вилоятимиз аҳолиси сони 3 миллион 139 минг кишидан ортган. Шундан 1 миллион  640 минг нафари шаҳар, 1 миллион 499 минг нафари эса қишлоқ жойларида истиқомат қилади. Жумладан, эркаклар сони 1 миллион 590 минг нафар бўлса, хотин-қизлар сони 1 миллион 550 минг нафарни ташкил этади.

Эътиборингизни вилоятга хос демографик хусусиятларидан бирига қаратмоқчиман. Яъни, ҳозирда Улуғнор тумани аҳолиси 59,5 минг кишини ташкил этади, сўнгги бир йил давомида вилоятимиз аҳолиси 62 минг 637 нафарга кўпайган. Бу дегани, ҳар йили  Андижон аҳолиси сафига деярли  битта туман аҳолиси  қўшилиб бормоқда.

Маълумки, Собиқ иттифоқ даврида "Бутуниттифоқ аҳолини умумий рўйхатдан ўтказиш" дастури доирасида дастлаб 1926 йили аҳолини рўйхатга олиш ўтказилган. Ўшанда Ўзбекистон ҳудудида 4,6 миллион киши истиқомат қилиши аниқланган. Охирги рўйхатга олиш эса 1989 йили амалга оширилган ва ўша йили мамлакатимиз аҳолиси  19,0 миллион нафарни ташкил этган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда аҳолини  рўйхатга олиш ўтказилмаган. Бу эса ўз навбатида, аҳоли сонига, ёш-жинс таркиби, аҳоли жойлашуви хусусиятларига оид маълумотлар билан боғлиқ жараёнларни ўрганиш, таҳлил этишда қатор қийинчиликларни юзага келтирмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2015 йил 10 июндаги "2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар" резолюциясига асосан, ташкилотга аъзо давлатларда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва худудий тавсияларни инобатга олган ҳолда 2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш ўтказилиши белгиланган.

Президентимизнинг 2019 йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармонида Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказиш белгиланган.  Аҳолини рўйхатга олиш мамлакатда яшовчи аҳолига доир демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, баҳолаш, таҳлил ва эълон қилиш жараёнини ўз ичига олади ва келгуси ривожланиш прогноз кўрсаткичларини ҳисоблаш учун ишончли маълумотларни яратади, шунингдек, ҳудудларни ривожлантириш ва жамиятнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига ёрдам кўрсатиш бўйича зарур маьлумотлар олиш имконини беради.

Мамлакатимизда аҳолини рўйхатга олиш хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан холда   босқичма-босқич ўтказилиши мўлжалланмоқда. Биринчи босқичда  тарғибот-тушунтириш ишларини ташкил этиш, бино, транспорт, алоқа воситалари билан таъминлаш ва бошқа тайёргарлик ишлари ўтказиш, иккинчи босқичда бевосита аҳолини рўйхатга олиш амалга оширилади. Учинчи босқич материалларни автоматлаштириш, кодлаш, натижаларни эълон қилиш ва тарқатишни ўз ичига олади. 

Давлатимиз раҳбари Фармонига кўра, 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш республика комиссияси тузилди ва Давлат статистика қўмитаси Республика комиссиясининг ишчи органи деб белгиланди. Айни    пайтда зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган бўлиб, тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда. Бундан ташқари, 2020 йил 16 март куни "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда аҳолини рўйхатга олишнинг ҳуқуқий  асослари,  мақсади, тартиби, принциплари ва бошқа муҳим жиҳатлари белгиланган.

Илҳомжон АБДУЛАЗИЗОВ,

вилоят статистика бошқармаси бўлим бошлиғи,

 

халқ депутатлари Андижон шаҳар кенгаши депутати.