+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

СОFЛОМ БЎЛИШНИНГ ОДДИЙ СИРЛАРИ

Шифокор тавсиялари

1. Илиқ кўк чой асал билан ичилганда мияга кўп фойда беради.

2. Ётишдан олдин сабзи истеъмол қилиш соғлиққа фойдали.

3. Сувни узоқ қайнатиш ёки қайнатилган сувни яна қайнатиб чой дамлаш жуда зарарли.

4. Жигар хасталигини беҳи суви даволайди. Беҳи шарбатини кунига 1 - 2 коса ичиш тавсия этилади.

5. Ҳар қандай касалликни даволаш ошқозонни қатиқ зардоби билан ювишдан бошланади.

6. Оёғингиз доим тоза, қуруқ, иссиқ бўлсин.

7. Кўк чой буйракни ювади, ундаги яллиғланишни даволайди.

8. Одатда соат 22 дан эрталаб 6 гача ухлаш керак.

9. Уйқудан олдин қуйидагиларни истеъмол қилиш мумкин: олма, бир қошиқ асал, бир стакан кефир ёки асал қўшилган бир стакан илиқ сут.

10. Уйқуси қочган одам асал яласин.

11. Тез-тез қатиқ зардобини ичиб туриш қонни ифлосланишдан, яъни уремия касаллигидан асрайди.

12. Чумчуқ ва бедана шўрва одамни ҳар томонлама бақувват қилади.

13. Инсон жигари тўрт нарсани : хом карам, творог, қаттиқ нон, асални яхши кўради.

14. Ёзда тез - тез совуқ сувда ювиниб турсангиз, юрагингиз, жигарингиз иш фаолияти яхшиланади.

15. Ширгуруч инсон умрини узайтиради.

16. Ҳаммомдан кейин тиш ювсангиз, тез оқаради.

17. Мунтазам ўтириб ишлайдиган одам ҳар соатда ўрнидан туриб юрсин.

18. Олма инсон организмига барча зарур калорияларни етказиб беради. Ҳар куни икки дона олма ейиш етарли.

19. Ошқозон оғриганда наҳорда ҳамда ётиш олдида бир қошиқ доғланган зайтун мойи ичиш тавсия этилади.

20. Кези келганда меъёрида йиғлаб туриш соғликка фойдали.

21. Сабзавот, кўкатлардан унумли фойдаланиш умрни узайтиради.

22. Доим кўк чой ичиб, сариқ сабзи еб юрган одам рак касалига чалинмайди.

23. Спорт турларининг ичида энг фойдалиси югуришдир.

 

 

Шифокор Минурахон БОЗОРОВА тайёрлади.

Қалъа меъморий ёдгорлиги -вилоятимиз тарихининг кўзгуси

Билиб қўйган яхши

Андижон шаҳрининг Дукчи Эшон маҳалласида жойлашган, халқ орасида  "Қалъа" деб аталувчи - Қалъа меъморий ёдгорлиги 19-асрнинг 90-йилларида юртимизни босиб олган рус империяси ҳарбий қўшинлари учун мудофаа қўрғони сифатида бунёд этилган.

Қалъа шаҳарнинг нисбатан юқори қисмида барпо этилган, қолаверса, 10 метрдан ортиқ баландликдаги деворларидан Андижон шаҳрининг аксарият маҳалла ва кўчалари кафтдек кўриниб турган. Шу боис, ҳарбийлар томонидан шаҳардаги ҳолат кузатиб турилган, келиб чиқиши мумкин бўлган исёнларнинг олди олинган.

Ўша даврда Қалъа ичида ҳарбийлар яшайдиган бир    нечта казарма, қурол-аслаҳа омборхоналари, ошхона, тўпхоналар мавжуд бўлган. Бу ерда Чор Россияси армияси Туркистондаги мунтазам ҳаракатдаги батальонининг 4- ва 5-роталари турган. Ушбу роталар таркибида 250 дан ортиқ аскар ва офицерлар бўлган.

Қалъа 130 йил давомида жуда кўп тарихий воқеаларни хусусан, 1898 йили Дукчи Эшон бошчилигидаги Андижон қўзғолонининг гувоҳи бўлган.  Маълумки, қўзғолон аёвсиз бостирилиб, 19 нафар қўзғолончи Қалъа майдонида осиб ўлдирилган.

Қалъадан турли даврларда турли мақсадларда фойдаланилган. Масалан, Иккинчи жаҳон уруши йилларида бу ер ҳарбий хизматга юборилаётганлар учун дастлабки ҳарбий таёргарликдан ўтадиган маскан бўлган бўлса, кейинчалик ҳайдовчилар тайёрлаш курси жойлашган. Ўтган асрнинг 80-йилларида Қалъа таъмирланиб, музейга айлантирилган. Вилоят ўлкашунослик, кейинчалик Адабиёт ва санъат музейлари бўлими сифатида иш юритган.

Қалъа меъморий ёдгорлиги маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.

Юртдошларимиз ва хориждан ташриф буюрадиганлар учун сайёҳлик масканлардан бирига айланган Қалъа меъморий ёдгорлиги айни пайтда Андижон давлат тарихи ва маданияти музейининг бўлими сифатида фаолият кўрсатади.

 

 

Раҳимжон ХЎЖАМБЕРДИЕВ

Янги иншоотлар ёнғин хавфсизлиги талаблари асосида барпо этилиши лозим

"101" огоҳлантиради!

Янги қурилишларда объектнинг      лойиҳага асосан барпо этилиши, меъёрий-техник талабларнинг бажарилиши, техник мустаҳкамлиги ҳамда биноларда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг бажарилиши алоҳида аҳамиятга эга. Иншоот битганидан сўнг, давлат қабул қилиш комиссиялари томонидан қабул қилиб олинаётганда, ана шу ва бошқа бир қатор талабларнинг бажарилганлиги ҳисобга олиниши керак.

Айниқса, ўқув юртлари, инсонлар тунаб қоладиган масканларда электр таъминоти ва газлаштириш билан боғлиқ ишлар белгиланган лойиҳавий талабларга тўлиқ амал қилган ҳолда бажарилиши, мутасадди ташкилотлар томонидан қабул қилишда меъёрий талабларнинг бузилмаганлиги, ёнғин ўчириш жанговар машиналари учун ҳаракатланиш йўлакларининг мавжудлиги, ички ёнғин ўчириш сув манбаларининг мавжудлиги, сув сиғимларининг кўрсаткичлар билан белгиланганлиги, шунингдек, захира сув билан тўлиқ таъминланганлиги, объектларнинг ёғоч конструкцияларига кимёвий усул билан ишлов берилганлиги эътиборга олинади. Агар, лойиҳада кўрсатилган бўлса, янги иншоотни ёнғиндан хабар берувчи қурилма ва мосламалар билан жиҳозлаш тавсия этилади.

Агар бу талабларнинг бирортаси бажарилмаса, иншоот ёнғин хавфсизлиги қонун-қоидаларига мувофиқ шароитлар билан таъминланмаса, топширилган объектларда фавқулодда портлаш ёки ёнғин ходисаларининг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

 

Абдусамад РАҲМОНОВ,

Андижон тумани ФВБ

 

норматив-техник бўлинмаси бошлиғи, лейтенант.

АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ - МУҲИМ МАСАЛА

Мутахассис минбари

Маълумки, жорий йил 16 мартда Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни қабул қилинди. Қонунда аҳолини рўйхатга олиш Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисидаги ишончли маълумотларни шакллантириш, узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастури, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун муҳим пойдевор бўлиши қайд этилган.

Шунингдек, қонунда БМТнинг 2015 йил 10 июндаги "2020 йилда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш борасидаги принциплар ва тавсиялар" резолюциясига таяниб, аъзо-давлатларни 2020 йилда Бутунжаҳон аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш дастури доирасида аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олишга тааллуқли халқаро ва ҳудудий тавсияларни инобатга олган ҳолда аҳоли ва уй-жой фондини рўйхатга олиш  ўтказилиши ҳам белгиланган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан буён аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Бу аҳоли сонига, ёш-жинс таркибига кескин таъсир кўрсатган ўзгаришлар, республика ҳудудидаги аҳоли жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ўзига хосликларга оид маълумотларни қўллашни маълум даражада чекламокда.

Ана шундан келиб чиқиб, қолаверса, халқаро нормаларда белгиланган тартибларга асосан, қабул қилинган қонун ҳужжатида мамлакатимиз аҳолиси сони аниқ ҳисоблаб чиқилишини таъминлаш, белгилаб қўйилган ягона ҳисобга олиш даврида аҳолининг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, ҳаёт даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда      бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича якка тартибда ҳисобга олиш ва батафсил тавсифлаш  бўйича вазифалар белгиланган.

Ушбу қонун мазмун-моҳияти, аҳамиятига кўра, халқимиз ва давлатимиз манфаатларига хизмат қиладиган муҳим ҳужжатдир. Қонуннинг тўла матни билан  Lex.UZ сайти орқали танишиш мумкин. Бу борада қўшимча маълумот олишни истаган хўжалик субъектлари раҳбарлари, шунингдек, фуқаролар туман статистика бўлимига 0(374) 761-11-42; 0(371) 230-82-92 рақамли телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин.

 

Хусанбой РАҲИМОВ,

Улуғнор тумани статистика бўлими бошлиғи.

 

 

Тузалиб кетасан, уялганингдан...

Ташаккурнома

Неча йилдирки, дард билан курашаман. Тинимсиз даволанишлар натижасида оёққа турдим. Бироқ, кўриш қобилиятим жуда паст. Юқори даражадаги миопиядан азият чекаман. 4 та умуртқам йўқ, бу - таянч ҳаракат аъзоларимга, шунингдек, буйракларим фаолиятига сезиларли таъсир кўрсатяпти. Ҳамиша юқори қон босимида юраман. Яқинда даволаниш мақсадида Избоскан тумани тиббиёт бирлашмаси ички касалликлар бўлимига ётдим. Даволовчи врач Махфузахон Юлдашеванинг саъй-ҳаракатлари натижасида ўзимни анча яхши ҳис қилмоқдаман. Махфуза опа ўз касбининг ҳақиқий устаси, оқ халатига муносиб фидойи инсон экан. Соғлигимни тиклашимда, ҳаётга бўлган қизиқишимнинг ошишида ширин сўзини, давои малҳамини аямади. Шундай шифокорларнинг борлиги биз -беморларга яшаш учун куч беради. Ҳаёт ширин, яхши инсонлар кўплигини эслатади. Шу ўринда севимли шоиримиз Муҳаммад Юсуфнинг бир шеъри ёдимга тушди.

"Шундай беморлар борки,

Тўшакда михланиб ётар бенажот.

Уялиб кетасан тузалганингдан.

Шундай шифокорлар борки,

Туғишган акангдай қарайди сенга.

Тузалиб кетасан уялганингдан.

 

Марҳум шоиримизнинг бу сатрлари ўз ишига содиқ, халқ учун меҳнат қилувчи фидойи шифокорлар учун ёзилган. 

Севимли газетамиз орқали малакали шифокор, фидойи инсон, терапевт Махфузахон Юлдашевага чуқур миннатдорчилик билдираман.

Махфуза опа! Ҳамиша мартабангиз улуғ, юзингиз ёруғ бўлсин. Соғлик-саломатлик, тинчлик-хотиржамлик доимо йўлдошингиз бўлсин! Биз каби беморларингиз бахтига омон бўлинг!

 

Нодира

МАМАЖОНОВА,

 

Избоскан тумани.

Мана, ўша шеър:

Севги - муҳаббат деб, қайларга кетдинг,

Киндик қонинг тўкилган жойни тарк этдинг.

Аммо-лекин барибир орзунгга етдинг,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

 

Ота-онанг ноилож дуолар қилди,

Синфдошлар, қадрдонлар ўрнингни билди.

Тушунмаган инсонлар устингдан кулди,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

 

Балким, эсга тушар ёшлик онларинг,

Тез-тез тушга кирар меҳрибонларинг.

Кўз олдингдан ўтар қадрдонларинг,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

 

Сурхоннинг ҳам боғлари хўб чаман экан,

Қишлоғингни қўмсаганинг армон экан.

Соғинч ўртар, айрилиғи ёмон экан,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

 

Барнохоним, омон бўлсин тани жонинг,

Дуо қилиб чарчамайди онажонинг.

Сени қўмсаб йиғлаб қолди Андижонинг,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

 

Ҳар жойда ҳам қиз болага куёв тайёр,

Тақдир ўзи тулкидайин экан айёр.

Қаршини ҳам дейишади обод диёр,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

 

Дуру гавҳар тиллодан ҳам севги афзал,

Оздир билсанг Минаварга шеъру ғазал.

Йироқларга қиз бермасди Қўқон азал,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

 

Не қилардинг, қиз боладир  "палахмон тоши",

Тилагим шу, оқмасин кўзингнинг ёши.

Доим омон бўлсин фарзандлар боши,

Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл.

Исмонали ХОЖИМАТОВ,

 

Балиқчи тумани.

ДУНЁНИ МЕҲРГА ТЎЛДИРАЙЛИК

Қалб туFёни

 

Узоқ йиллар кўркам ва савлатли, кенг шох-шаббалари ила жазирама иссиқни тўсиб, одамларга соя-салқин улашган, йиллар зарбига, шиддатли шамолу ёмғирларга, изғирин ва бўронларга дош берган азим чинорни бугун кесиб ташлашди. Балки, шундай бўлиши ҳам керакдир... Ахир ҳар бир нарсанинг ибтидоси ва интиҳоси бўлади. Асосийси, ўша чинор дарахтининг умри беҳуда ўтмади, соя-салқини билан одамларга хизмат қилди.

Энг муҳими, маълум вақт ўтиб, кесилган чинор ўрнида янги ниҳоллар ўсиб чиқди. Кекса чинор ўз ўрнини ниҳолларга бўшатиб берди...

Одамларнинг ҳаёти ҳам ҳудди шу тарзда кечади. Улар ҳам чинор каби яқинларини ўз соясида асрашни истайди. Имкон қадар яхшилик қилишга, эзгу мақсадлар сари интилишга, ўзидан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилади.

Ҳаётда ҳеч бир инсон камчиликлардан ҳоли бўлмаганидек баъзилар гоҳида ёру-дўстларига, ён-атрофидагиларга меҳр улашишни ёдидан чиқариб қўяди. Унутмайликки, ана шу меҳр деб аталмиш туйғу кўнгилларнинг малҳами, дунёнинг устунидир.

Инсон ҳар нарсага қаноат қилиши мумкин, фақат меҳрсизликка чидамайди. Яқинларнинг меҳрисиз ўтган кун мазмунсиздек туюлади.

Дунё меҳр, ишонч, садоқат, севги ва дўстлик каби туйғуларга тўла бўлса қанчалар яхши-я?! Инсонлар ҳам бир-бирларини ана шу гўзал туйғулар-ла баҳраманд этса. Нигоҳлар меҳрдан шодланса, берилган озгина эътибордан кўнгиллар нурга тўлса?!

Азиз замондош! Келинг,   дунёни меҳрга тўлдирайлик, зеро, қалбларни қувонтиргувчи, бахтиёр қилгувчи меҳр туйғусидир.

 

Муштарий  АКБАРОВА,

 

Хонобод шаҳри.

Поездда ёзилган шеър

ҳикоя

Ўтган йили ноябрь ойида Самарқанддан Андижонга қайтаётган эдим. Чой дамлаб турганимда бир аёл келиб, қуруқ чой сўради.

- Сиз ҳам Самарқанддан чиқдингизми? - деб сўрадим.

- Йўқ, мен Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан келаяпман, - деб жавоб берди аёл.

- Шевангиздан водийликка ўхшайсиз-ку. Асли қаердансиз?, - деб сўрадим.

- Жалақудуқданман, Деновга келин бўлиб тушганман!

Ўзини "Барнохон" деб таништирган суҳбатдошимнинг айтишича, ота-оналарнинг розилиги билан узоқ қариндошлари Одилжон Шариповга турмушга чиққан экан.

Аёл кетгач, дарров менга "илҳом" келди. Купега кириб, "Ўзга юртга келин бўлган мусофир аёл", сарлавҳаси билан шеър ёздим.

Барнохон қизи ва ҳамхоналари билан кетаётган купега "Суҳбатларингизга қўшилсам майлими?",  дея рухсат сўраб кирдим.

- Марҳамат, бемалол кираверинг! - кутиб олишди улар.

- Барнохон, мен ҳаваскор шоирман. Кўнглингизга келмаса, сизга атаб бир шеър ёзиб қўйдим. Аниқроғи, олисларга келин бўлиб тушган қизларга аталган шеър. Агар поччамизнинг рашки келмаса,        шеърни қайта ишлаб сизларга жўнатиб юбораман, - дедим.

- Э-э, ака, мен ҳам Барнохон билан ҳамдардман. Мен Қўқондан Қаршига келин бўлиб тушганман, - деди ўзини Минавархон деб таништирган аёл. - Шеърни иккаламизга атаб ёзибсиз. Менга ҳам юборасиз энди, - деб манзилини берди.

Ота-боболаримиз "Қиз бола - палахмоннинг тоши", деб бежиз айтишмаган экан. Тақдир қаерга улоқтирса, ўша ер қиз боланинг ватани, гўшаси бўлади. Кўниб яшашга мажбур. Суҳбатдошларимнинг айтишларича, улар бахтли ҳаётларидан мамнун. Бироқ, ҳар дам кўнгилни соғинч, истаган пайти ота уйига боролмаслик алами ўртайди. Майли, масофа узоқ бўлгани билан кўнгил яқин бўлсин.

 

Мен ҳам уларнинг келажакдаги ҳаётлари янада мазмунли, бахтли давом этишини тилаб, хайрлашдим. Шеърни қайтадан таҳрир қилиб, ҳар иккаласига ҳам жўнатиб юбордим.

УРУШ ДАВРИДА ЎЗБЕК ТИЛИДА ЧОП ЭТИЛГАН ФРОНТ ГАЗЕТАЛАРИ

Матбуотимиз тарихидан

"Ўзбекистон матбуоти тарихи" (1925-1952 йиллар) китоби муаллифлари Иккинчи жаҳон уруши фронтларида ўзбек тилида 13 та фронт ва 3 та дивизия газеталари чоп этилганлигини таъкидлайди.

Жумладан, 1-Болтиқбўйи фронтида "Душманга қарши олға", 2-Болтиқбўйи фронтида "Суворовчи", 3-Болтиқбўйи фронтида "Ватан учун", 1-Белоруссия фронтида "Фронт ҳақиқати",  3-Белоруссия фронтида "Қизил аскар ҳақиқати", 1-Украина фронтида "Ватан шарафи учун", "2-Украина фронтида "Суворов натиски", 3-Украина фронтида "Совет жангчиси", Брянск фронтида "Fалаба сари олға", Узоқ Шарқ фронтида "Бонг" сингари газеталар чоп этилган.

Уруш йилларида Шуҳрат, Мирзакалон Исмоилий, Илёс Муслим, Назармат, Адҳам Раҳмат, Назир Сафаров, Иброҳим Раҳим, Зийнат Фатхуллин,   Адҳам Ҳамдам, Султон Жўра, Абдунаби Алимуҳамедов, Маҳмуд Муродов сингари ўзбек халқининг кўплаб таниқли ёзувчи, шоир ва журналистлари ҳарбий хизматга сафарбар этилиб, фронт газеталарида фаолият юритди. Улар юртдошларимизнинг жанггоҳлардаги жасоратларини ўз кўзлари билан кўриб, улар ҳақида мақола, шеър ва очерклар ёзди. Умуман, ўзбек тилида чоп этилган фронт газеталари ўзбекистонлик жангчиларни руҳлантириб, Fалабага бўлган ишончини мустаҳкамлашга, жангларда мардона курашишга ундаган.

- Тарихчиларимиз томонидан Иккинчи жаҳон уруши даврида чоп этилган ўзбек тилидаги газеталар етарли даражада ўрганилиб, тадқиқ этилмаган, - дейди Андижон давлат университети профессори Рустамбек Шамсутдинов. - Тўғри, бу борада ўтган асрнинг 50-70-йилларида муайян ишлар қилинган. Бироқ, улар етарли даражада эмас эди. Ана шундан келиб чиқиб, бу борада бир неча йил шогирдларим билан тадқиқотлар олиб бордик.  Москва ва собиқ Иттифоқнинг бошқа шаҳарларидаги архивлар, музейларда бўлиб, Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган  ўзбекистонликлар ва ўзбек тилида чоп этилган фронт газеталари ҳақида кўп маълумотлар, манбалар тўпладик.

Ана шу ўрганишлар, тадқиқотлар бўйича йиғилган манбалар асосида 2017 йилда "Академнашр" нашриётида менинг муаллифлигимда "Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари" деб номланган уч жилдлик китоб нашр этилди.

Тарихчи олим, профессор Р. Шамсутдинов раҳбарлигида "Мерос" халқаро илмий-амалий экспедиция жамоат фонди ташаббуси билан Россия Федерацияси давлат кутубхонасида сақланаётган "Ватан учун", "Совет жангчиси", "Суворовчи", "Фронт ҳақиқати", "Қизил аскар ҳақиқати", "Бонг" , "Ватан шарафи учун", "Душманга қарши олға", "Қизил Армия" газеталарининг электрон нусхалари олиб келиниб, ўрганиб чиқилган. Сараланиб, тартибга солинди. Қўшимча манба ва материаллар билан тўлдирилиб, тайёрланган материаллар "Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари" (Биринчи китоб) китобидан ўрин олди.

Маълумки, уруш йилларида чоп этилган ўзбек тилидаги фронт газеталари эски ўзбек имлосида чоп этилган. Муаллиф газета мақолаларини кирилл имлосига ўзгартириб, ўша давр руҳи, мафкура ва ғояси аниқ, равшан бўлишини таъминлаш нуқтаи назаридан ҳар бир мақолани асл ҳолича беришга ҳаракат қилди.

- Китобда ўша даврни улуғловчи сўз, ибора ва атамаларни, ўша давр руҳини акс эттирувчи  ғоя ва мазмунни аслича қолдиришни лозим тодик, - дейди профессор Р. Шамсутдинов. - Чунки, уларни тузатиш ёки ўзгартириш тарихий давр руҳини бузилишига олиб келиши мумкинлиги ҳисобга олинди. Уларни қандайлигича эътироф этиш тарихийлик тамойилларига тўла мос келади.

Уруш йилларида ўзбек тилида чиққан газеталар фронт ва фронт ортидаги Ўзбекистон  халқининг Fалабага қўшган улкан ҳиссасини тўлақонли ёритишда муҳим манбадир. Умуман, фронт газеталари чоп этилган ҳар бир мақола, очерк, хабар, суҳбат, ахборот, фронтга йўлланган мактублар, жангчиларнинг ота-онасига, турмуш ўртоғига, фарзанди, қавму қариндошига ёзган хатлари, ҳарбий қўмондонлик ва бўлимлар томонидан ўзбекистонлик жангчиларга берилган турли фахрий ёрлиқ, мукофотлар, фотосуратлар Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихини, юртдошларимизнинг урушдаги иштироки ва Fалабага қўшган ҳиссасини тўлақонли билишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.

 Ўзбек тилида чоп этилган фронт газеталарининг ҳар бир сони, ҳар бир саҳифасида ўзбек ўғлонларини мардлик, жасоратга чорловчи юқоридаги каби шеъру мақолалар, очерклар ўрин олган. 

Иккинчи жаҳон уруши даври халқимиз тарихининг ўчмас саҳифасидир. Биз бугунги авлод ўша давр манбаларини чуқур ўрганиш, ўқиш орқали   миллатимизнинг шонли тарихини қалбимизга муҳрлаб боришимиз лозим.  Бу тарихимизга, бугунги тинч-фаровон ҳаётимизга тамал тоши қўйган авлодларимиз хотирасига ҳурматимиз намунаси бўлади.

Фахриддин

 

ИБАЙДУЛЛАЕВ

Дуогўй кексаларимиз ибрат бўлсин

Муносабат

Жорий йилнинг ўтган даври давомида халқимиз кўп синовларни бошидан ўтказяпти. Бутун дунёни таҳликага солган коронавирус балоси бизни ҳам анча ташвишга солди. Президентимизга, ҳукуматимизга раҳмат. Бу балонинг олдини олиш бўйича зарур чораларни кўрди. Уюшган ҳолда хориждан минглаб юртдошларимиз олиб келинди. Касалланган, карантинга олинган фуқаролар давлатимиз томонидан муҳофазага олиниб, даволанди. Ҳеч бир киши эътибордан четда қолмади. Шу боис ҳам юртимизда дунёнинг кўплаб давлатларида бўлганидек, вирусдан касалланганлар, қурбон бўлганлар у қадар кўп бўлмади.

Вақтинча ишсиз қолган, даромади йўқ оилаларнинг зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланганлиги эса инсонпарварликнинг юксак намунасидир. Жумладан, биргина Қорасув шаҳрининг ўзида шаҳар ҳокими О. Холматов, Қўрғонтепа тумани прокурори С. Режаббоев раҳбарлигида 800 дан ортиқ ана шундай оилаларга ёрдам кўрсатилди, 146 та оилага деҳқончилик учун ер ажратиб берилди.

Коронавирус таҳликаси бир бўлган бўлса, Бухорода содир бўлган кучли шамол, Сардоба сув омборидаги сув тошқини халқимиз бирдамлиги, ҳамжиҳатлигини яна бир бор синовдан ўтказди. Минг афсуски, табиат инжикликлари шу кунларда ҳам тўхтамаяпти. Бир неча кун аввал Жалақудуқ тумани Тешиктош маҳалласига сел келгани, куни кеча эса вилоятимизнинг қатор ҳудудларида юз берган кучли шамол экинларимизга, меваларга маълум даражада зарар   етказгани бор гап.

Худо хоҳласа, бу кунлар албатта ўтиб кетади, ҳаётимиз секин-аста изга тушади. Фақат, бу кунларни ҳамжиҳатлик, аҳиллик, сабр-қаноат билан енгиб ўтишимиз керак. Биз кексалар фарзандларимизга, ёшларга бой ҳаётий тажрибаларимиз асосида панд-насихат қилайлик, тўғри йўл кўрсатайлик. Ҳар қандай қийинчиликни меҳнат, сабр ва ҳамжиҳатлик, дуо билан енгиб ўтиш мумкинлигини уқтирайлик.

Ер - бойлик, ер одамларни боқади, эл-юртга ризқ-рўз беради. Шукр, унумдор ерларимиз бор. Шу боис, маҳалладошларимизга ўз томорқаларидан унумли фойдаланиш, экилган экинлардан мўл ҳосил олиш ҳаракатида бўлишлари кераклигини бот-бот такрорлайлик. Соғлигимиз кўтариб, қурбимиз етса, ўзимиз ибрат бўлиб, томорқамиз, боғимиздаги ишларни бажаришга бош-қош бўлайлик, набираларимизни меҳнатга ўргатайлик.

Ибратли ва мазмунли ҳаёт йўллари билан эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топган нуроний отахон-онахонлар ҳар бир маҳалланинг кўрки, хонадоннинг файзи ҳисобланади. Шундай экан, фарзандларимиз, маҳалладошларимизни эзгу ва хайрли ишларга сафарбар этайлик.

Дуо қилайлик, Аллоҳ барчамизга сабр берсин, ташвишли кунларни тезроқ бошимиздан кўтарсин. Хонадонимиз, маҳалла-кўйимиз, бутун юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин.

Қирғизбой ЭРМАТОВ,

меҳнат фахрийси, "Меҳнат шуҳрати" ордени соҳиби.

 

Қорсаув шаҳри.