Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Бутун дунёни ларзага солган тожсимон вирус юртимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ. Мана шундай синовли кунларда барчадан уйда қолиш талаб этилмоқда. Барча таълим муассасалари қатори мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти ҳам вақтинча тўхтатилиб, тарбияланувчилар ота-оналари бағрида, уйларида қолмоқда.
Уйларида қолаётган болажонларнинг зерикмаслиги, таълимнинг илк босқичига оид билимларни олишида узилиш бўлмаслиги учун мактабгача таълим ташкилотлари томонидан ҳам таълим-тарбия ишларини масофадан олиб борилиши йўлга қўйилди. Бу борада бизнинг 34- мактабгача таълим ташкилоти томонидан ҳам эътиборга лойиқ ишлар олиб борилмоқда.
Муассасамиз 1972 йилда ташкил топган бўлиб, ҳозирда 56 нафар ходим ишлайди. Улардан 24 нафари педагог ҳодимлар бўлиб, 9 гуруҳдаги 230 нафар тарбияланувчининг таълим-тарбияси билан шуғулланишади. Ташкилот мудираси Обидахон Ҳакимованинг ўз ишига бўлган масъулияти, талабчанлиги, болаларга бўлган меҳри барчани сидқидилдан ишлашга ундайди. Ташкилотда олиб борилаётган таълим, тарбиявий ишлар Президентимиз томонидан илгари сурилган "Бешта муҳим ташаббусига" чамбарчас боғланган ҳолда олиб борилмоқда. Шу билан бирга, мактабгача таълим ташкилотимизда "Илк қадам" давлат дастурига тўлиқ амал қилинаётгани ҳам кўплаб ютуқларимизда муҳим омил бўлмоқда.
Бу борадаги ишларни ҳозирги карантин даврида ҳам давом эттирилаётгани нафақат болажонларимизни, балки уларнинг ота-оналарини ҳам қувонтирмоқда. Ташкилотимиз ходимлари ота-оналар орқали болажонлар билан онлайн мулоқотни йўлга қўйиб, кичкинтойларга таълим-тарбия беришда давом этмоқда. Хусусан, "9 апрель - Соҳибқирон Амир Темур таваллуд топган кун", "12 апрель - Космонавтлар куни , "26 апрель - шоир Муҳаммад Юсуф таваллуд айёми" каби мавзуларда онлайн мулоқот тарзида машғулотлар ўтказилди. Телефон орқали болажонлар билан қизиқарли савол-жавоблар ўтказилди, мавзуларга оид видеороликлар, маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, телевидение орқали болажонлар учун бериб борилаётган дастурларни кузатишлари, у ерда ўргатилаётган соғломлаштириш машқлари, ёзиш, ўқишни ўргатиш бўйича кўрсатувларни мунтазам кўриб боришлари айтилди. Аксарият тарбияланувчиларимиз онлайн мулоқотларга қизиқиш билан қараб, машғулотларда фаол иштирок этди. Бу билан фарзандларимиз таълим-тарбиясида узилиш бўлишига асло йўл қўйилмаяпти. Ташкилотимиз тарбиячилари томонидан карантин муддати тугагунга қадар онлайн машғулотлар давом эттирилади.
Институтда ўқиб юрган йилларим АҚШ, Хитой, Корея ва бошқа, мамлакатлардаги талабаларнинг уйидан чиқмай дарс машғулотларида қатнашишларини эшитиб, ҳавас қилганман. Юртимизга кириб келган коронавирус пандемияси туфайли эълон қилинган карантин таълим тизимига онлайн, масофавий таълим шаклларини тўла олиб кирди.
Ушбу жараёнларда бевосита иштирок этиб, интернет орқали уйидан чиқмай, онлайн дарс қилиш анча қулай ва қизиқарли эканининг гувоҳи бўлдим. Шу кунларда юртимиздаги барча ўқувчилар айнан шу тизим орқали таълим олмоқда.
Онлайн дарслар орқали интернетдан самарали фойдаланишни ўрганяпмиз. Фақат дўстлар билан суҳбатлашиш ёки танишувлар эмас, балки, билим олишда ҳам интернетнинг имкониятлари юқори эканлигини, айниқса, юқори синф ўқувчилари тушуниб етмоқда. Уйга вазифаларни тайёрлашда ўқувчиларим ёрдам сўрайди. Мавзуни аудио, видео шаклда тушунтираман. Улар ҳам ёд олган шеърлари ва ҳикояларини шу тарзда менга юборишмоқда. Бу дегани, ўқувчиларимиз камера олдида гапиришни ўрганяпти, нутқ эстетикасига амал қилишни бошлаяпти.
Уйга вазифалар билан бир қаторда уй юмушларида қай даражада фаол қатнашаётганини назорат қилиб боряпман. Ўқувчи қизлар карантин кунлари турли ширинликлар ва таомлар пиширишни онажонлари билан ўрганишмоқда. Йигитлар эса томорқа ишларини бажаришда оталарига яқиндан ёрдам бермоқда. Бу орқали уларда меҳнат кўникмаси мустаҳкамланмоқда.
Юртбошимизнинг томорқадан унумли фойдаланиш борасидаги фикрларига амал қилган ўқувчи йигитлар ўз томорқаларига турли сабзавотлар кўчатларини экиб, мевали дарахтларни парваришлашмоқда. Яна ўқувчиларимиз телевизон дарсларда, онлайн мулоқотларда фаол қатнашиш билан бирга, спорт билан ҳам шуғулланиб, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилишмоқда.
Умуман, карантин таълим тизимимизда бошлай олмай турган қадамимизни бошлаб берди. Бундан буён онлайн машғулотларни янада такомиллаштириш, самарадорлигини ошириш бўйича ишлар қилишимиз керак. Ўқувчи ёшларимиз интернетдан мақсадсиз фойдаланиш ўрнига кунини онлайн дарслар тайёрлаш, билимни оширадиган маълумотларни олиш, ўқиш орқали билимларини янада мустаҳкамлаб боришлари керак.
Хулкарой АБДУРАҲИМОВА,
Марҳамат туманидаги 18-умумтаълим мактабининг инглиз тили
Избосканнинг Қораянтоқ қишлоғида юзи нурли, тили ширин, шеваси ўзига ярашган, дуогўй Энабиби момо Тўрабоева истиқомат қилади. Ўзининг айтишича, момо бу ерларга Иккинчи жаҳон уруши йиллари келиб қолган. Энабиби момо туғилиб ўсган шаҳри, оғир кечган болалиги ҳақида хотирлар экан, тақдир чархпалаги сабаб кўрган-кечирганлари ёзишга арзигулик китоб бўлишини, ёшлар бугунги саодатли кунлар қадрига етиб яшашлари лозимлигини таъкидлайди.
- Ота-онам ўша пайтда тарқалган вабо касаллиги туфайли оламдан ўтишгач, мени Абдулло тоғам уйига, Қашқадарёга олиб кетди, - дея ҳикоя қилади Энабиби момо. -Ўша машъум Иккинчи жаҳон уруши воқеалари ҳамон кўз олдимда гавдаланаверади. Қанча дўстларим, дугоналаримнинг фронтга кетган оталаридан "қора хат" келарди.Уни ўқиган дугоналарим уввос солиб йиғлардилар.Оталаридан эрта айрилган дугоналаримга раҳмим келар, уларга таскин беришга уринардим. У вақтларда ҳаёт кечириш, илм олиш ҳозиргидек осон эмасди. Ҳали бола бўлсак-да, фронт учун катталар билан тенгма-тенг ишлардик. Нонни навбат билан, карточка орқали беришарди. Бир буханка нон учун кечаси чиқиб навбатга турилар, гоҳида нон олгунимизча тонг отиб бўларди.
Уруш йиллари ёш қизалоқ бўлган Энабиби биргина муаллим дарс берадиган қишлоқ мактабида савод чиқарди. Кўп муаллимларни урушга олиб кетиб қолишган. Мактабда ҳар-хил ёшдаги бир неча бола ўқир, кўп болалар оёқ кийимлари йўқ бўлганлиги учун дарсга келолмасдилар. Энабиби момо ўша пайтлар мактабга келолмаган болаларга қандай ёрдам бергани, уйма-уй юриб, ўрганган дарсларини ўртоқлари билан баҳам кўрганини эслайди.
- Урушдан кейинги тикланиш даврлари ҳам осон кечмади, - хотирлайди онахон. -Уруш оқибатларини бартараф этиш, иқтисодиётни тиклаш, ҳаётни бир маромга солиш учун тинимсиз меҳнат қилиш, изланиш талаб этиларди. Эҳ-ҳе, турмуш ўртоғим билан не-не қийинчиликларни кўрмадик. Бирин-кетин туғилган болаларимни бирини етаклаб, бирини опичлаб, бирини бешикка солиб, далада ҳам меҳнат қилдим, ҳам ўқишимни давом эттирдим.
Энабиби болалигида эришолмаган орзулари ушалиши учун астойдил ҳаракат қилди. Машаққат билан олган билимини бойитди, илм олишни давом эттирди. Ва ниҳоят орзуларига эришди. 40 йилдан зиёд мактабда муаллима бўлиб ишлади.
Бу йил Энабиби момо Тўрабоева 91 баҳорни қарши олмоқда. Ўғли Холдоржон Ички ишлар ходими, Рустамжон ва Равшанбек -тадбиркор. Келинлари - Омадхон ўқитувчи, Шоҳидахон ҳамшира, Шоирахон эса тарбиячи. Набира келинлар ҳамиша онахоннинг хизматида.
- Ҳар гал Хоразм лазгисини эшитганимда, кўнглимда алланечук ҳислар пайдо бўлади. Болалигим, қаҳатчилик, армонларим, уруш таҳликалари, ҳамма-ҳаммаси ёдимга тушади. Буни оддий сўз билан ифодалаб беролмайман. Бу рақсни набираларимга ўргатганман. Гоҳи-гоҳида уларни ёнимга чақириб, лазгига ўйнатаман. Улар билан ўзим ҳам ҳиром айлайман, - дейди Энабиби момо.
Хотира инсоннинг борлиғидир. Хотира уйғонса, инсоннинг ўзлиги уйғонади. Хотира уйғонса, инсон ўтмишни хотирлайди, кечмишидан сўзлайди, тарих ёзилади. Энабиби момодек пиру бадавлатларимизнинг хотиралари бизга янги тарих саҳифаларини ўқишга ёрдам берса, ажаб эмас.
Бугунги дориломон кунларимизга етишимизда жон олиб, жон бериб курашган инсонлар ҳақида гап кетганда Балиқчи туманидаги Ифтихор маҳалласи, Алвон кўчасида яшовчи Болтабой ота Аҳмедовнинг номи ҳам алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан тилга олинади. Табаррук отахон бу йил 99 баҳорини қарши олди. Унинг кўзларида кўрган-кечирган кунларига шукроналик, ўз ҳаётидан мамнунлик акс этиб туради.
Болтабой Аҳмедов айни 20 ёшга тўлганида юртимиз бошига қора кунлар келди. Иккинчи жаҳон уруши бошланди. Кўплар қатори у ҳам Ватан озодлиги учун гулдек оиласини ташлаб, фронтга кетди.
Россиянинг Ленинград, Ростов-Дон шаҳарларини немис босқинчиларидан озод қилиш учун бўлган қонли жангларда қатнашди. Жанглардаги мардлиги, жасорати учун қатор медаллар билан тақдирланди.
Урушдаги аёвсиз жанглардан омон қолган Болтабой ота қишлоғига қайтиб яна қайноқ меҳнат қучоғига шўнғиди. Узоқ йиллар туман матлубот жамиятида уста бўлиб ишлади. Турмуш ўртоғи Рўзихон ая билан 4 ўғил, 2 қизни ўстириб эл қаторига қўшди. Бугун фарзандлари, невара-чеваралари ардоғида кексалик гаштини суришдек бахтга эришган бобо тинчлик деган неъматни нақадар улуғлигини, унинг қадрига етиш кераклигини, Президентимиз ва Ҳукуматимиз кўрсатаётган эъзоз ва ғамхўрликдан боши кўкка етаётганини айтишдан чарчамайди.
Ҳа, инсон шаъни, унинг қадр-қиммати ва манфаатлари энг олий қадрият ҳисобланган Ўзбекистонда ҳалол меҳнат қилган, эл-юрт бахт-саодати учун курашган инсонлар ҳамиша эъзоз ва эҳтиромда. Бугунги тинч, фаровон ҳаётимиз йўлида курашган, меҳнат қилган Болтабой ота сингари табаррук инсонларнинг умр йўллари биз учун ҳамиша ибратдир.
Бугун бутун халқимизнинг асосий эътибори "Сардоба" сув омборида юз берган тошқин асоратларини бартараф этишга, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатишга, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.
O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши ҳам ана шу хайрли ҳаракатдан четда қолмади. Партия вилоят кенгаши ташаббуси билан табиий офатдан жабрланган фуқаролар учун "Сирдарёни ёлғизлатмаймиз!" шиори остида инсонпарварлик ёрдами юборилди.
"Инсонпарварлик карвони" доирасида жўнатилган озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ҳудуддаги фавқулодда ҳолатни бартараф этиш, синовли кунларда аҳолининг оғирини енгил қилиш учун ёрдам беради. Бу хайрли ишга партия вилоят, туман, шаҳар Кенгашлари ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги O'zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари баҳоли қудрат ҳисса қўшди.
Сирдарё вилоятида юз берган сув тошқинидан жабрланган аҳолига кўмак сифатида ушбу ҳудудга Андижондан хайрия карвонлари юборилиши давом этмоқда.
Бутун юртимизда сардобаликлар учун саховат ва кўмак кўрсатиш тадбирлари давом этаётган шу кунларда Андижон машинасозлик институти жамоаси ҳам ушбу хайрли ишга ўз ҳиссасини қўшди. "Сирдарёликларга ёрдам қўлини чўзайлик!" шиор остида институт жамоаси томонидан ҳам хайрия карвони юборилди.
Институт жамоасининг офатдан жабрланган ҳамюртларимиз учун аталган кўмак қутиларида болалар ва катталарга мўлжалланган кийим-кечак, маиший техника воситалари, бадиий адабиётлар, ўқув-қуроллари ҳамда кундалик ҳаёт тарзи учун зарур буюмлар ўрин олган.
Осмон яна кўз ёш тўкмоқда... Ҳамиша ризқ-барака, мусаффолик тимсоли бўлиб кўнгилларга умидворлик ҳиссини сочувчи роҳатбахш томчилар бугун минглаб юртдошларимиз қалбидаги хавотирга, маҳзунликка ҳамоҳангдек...
Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида содир бўлган тошқин туфайли кўрилган талофат кўп сонли юртдошларимизни чуқур ташвишга солди, ёшу қари кўнглида қандайдир тарзда ёрдам, кўмак бериш тараддудини пайдо қилди.
Имкони бор юртдошларимиз, саховатпеша инсонлар эса шундай синовли кунларда бошига яна бир фалокат тушиб, уйсизлик, бесаранжомлик, сарсонлик исканжасида қолган юртдошларимизни тезроқ қўллаб-қувватлашга ошиқди.
Бежиз халқимиз сув балосидан, ўт балосидан асра, деб дуо қилмайди, бежиз "қушнинг ҳам уйи бузилмасин", деган сўзлар бот-бот такрорланмайди. Тошқин офати туфайли фақатгина уйларнинг шифти кўриниб турган видеотасвирни кўрарканман, сув остида қолган қишлоқларнинг аввалги манзараси кўз олдимда гавдаланди: кўчаларни тўлдириб, ўйнаб, чопқиллаб юрган бахтиёр болажонлар, дарахтлар соясида дилбар суҳбатлари қизиган дуогўй отахонлар, далаларда ўтлаб юрган қўй-қўзилар, говмишларини соғаётган аёллар, боласининг қорнини тўқлаётган ёш оналар, даласига сув тараётган деҳқонлар ватани бўлган сўлим қишлоқлар... Бехос келган офат эса бир кунда барча-барчасини барбод қилди, қўйди... Минглаб инсонларнинг уйлари, бино-иншоотлари, мол-қўйлари, экинларига, турли жамоат жойлари, мактаблар, боғчалар, маиший хизмат бинолари, дўконлар, бозорлару мозорларга зиён етди.
Республикамизда Президентимиз бошчилигида коронавирус туфайли касалланган юртдошларимизга, ҳатто карантин туфайли Ўзбекистонда қолишига тўғри келган бошқа давлатлар фуқароларига ҳам беминнат ғамхўрликлар қилинаётганидан таъсирланиб, кейинги кунларда касалланганлар сонидан кўра соғайганлар сони кескин ортиб бораётганидан бироз таскин топаётган, айни вақтда эса бошқа юртларда ушбу касаллик туфайли ҳалокатга учраб ёки минг машаққатлар билан балога қарши ўз имкони билан курашаётган юртдошларимиз тақдирига қайғураётган қалблар сардобаликлар бошига тушган фалокатдан қаттиқ ларзага тушди.
Президентимиз жабрланган юртдошларимиз ҳузурида улар билан ёнма-ён эканини айтиб, "Сизлар тинчимагунча, хонадонларингизни саранжом қилиб бермагунимизча, кўпларингизни янги уйларга кўчирмагунимизча мен асло тинчимайман, бу кўргуликни биргаликда енгамиз, тез кунлар ичида аввалгидан ҳам яхши шароитларга эга янги шаҳар, янги туман, янги кўча, янги маҳалла, янги қишлоқлар қурамиз", деб таскин берди. Сардобаликлар ташвиши умумхалқ ташвишига айлангани, иссиқ уй-жойларига жабрланганларни чин дилдан қабул этаётгани уруш йилларида минглаб эвакуация қилинган бошқа халқлар вакилларини бағрига олган халқимизнинг олий фазилатларини ёдга солди. Ҳа, биз ана шундай оқибатли, жўмард халқнинг фарзандимиз. Бу кунлар ортда қолади, аммо саховатли, фидойи инсонларнинг беминнат ёрдамлари унутилмайди, икки дунё саодати уларга ёрдир, иншааллоҳ.
Бало, ёғма халқим бошига,
Қучоғида гўдаклари бор!
Ал Бухорий, Термизийларнинг
Авлодларин асрамоқ даркор!
Халқим менинг меҳнаткаш, ҳалол,
Юрагида шиддат, шижоат!
Тунларини тонгга улайди,
Яратганга айлаб ибодат.
Катта-кичик гуноҳимизни
Ювмоқ учун келган бўлсанг, қайт!
Минг истиғфор дилларимизда,
Халқ ғамига бўлмасмиз лоқайд.
Сардобажон, кўз ёшларингни,
Сув балоси тўкди дафъатан...
Эл бирлашса, чекинар ғамлар,
Қара, ёлғиз қўймайди Ватан!
Ҳалок бўлган мард ўғлонларинг
Хотираси ҳаққи-ҳурмати,
Аллоҳимнинг марҳамати кенг,
Асрар Росулуллоҳ (с.а.в) умматин.
Саховатли зотлар бор экан,
Ортда қолар барча кўргулик,
Зикр этилмиш Хадис - шарифда
Эзгуликнинг ажри - эзгулик!
Кўз ёшларинг арт, Сардобажон,
Менинг ҳам лим тўлди паймонам!
Fаминг бутун халқнинг ғамидир,
Ахир Ватан яхлит, ягона!
Хуршида Ваҳобжон қизи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира.
Сардоба сув омбори билан боғлиқ воқеалар ҳеч бир ўзбекистонликни бефарқ қолдирмади. Тошқиндан зарар кўрган одамларнинг мушкул аҳволини кўриб қалблар ларзага келди. Сув босган маҳаллалардан эвакуация қилинган аҳоли вақтинча ётоқ жойи, озиқ-овқат маҳсулотлари, антисептик воситалар билан таъминланди. Аҳоли вақтинча жойлашган ҳудудларда ички ишлар бўлими ходимлари, шифокорлар, ошпазлар, кўнгиллилар хизмат қилмоқда.
Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг фалокат содир бўлиши билан Сирдарёга етиб боргани, тошқин оқибатларини бартараф этиш ишларига шахсан бош-қош бўлгани давлатимиз раҳбарининг ўз халқи тақдирига бефарқ эмаслиги, эътибор ва ғамхўрлигидан далолатдир.
Президентимиз уйлари қулаб тушган сардобаликлар билан учрашиб, "уйни ҳам қуриб берамиз, молни ҳам топиб берамиз. Жонларинг соғ бўлсин", деганида кўзларимизга беихтиёр ёш келди.
Халқимизда "шохига урсанг, туёғи зирқирайди" деган нақл бор. Бу офат нафақат сирдарёликларнинг, балки, барчамизнинг бошимизга келган офатдир. Буни ҳис қилган ҳар бир юртдошимиз ёрдамга шошилмоқда. Саховатпеша инсонларимиз Сирдарё халқига ўз хайрияларини жўнатаяпти.
Андижонликлар азалдан мард, танти халқ. Борини ҳамиша дўстлари билан баҳам кўрган. Буни шунча йил шу халқ, шу бағрикенг одамлар орасида ишлаганим, шу эл фарзандлари фазилатларини яқиндан билганим учун айтяпман. Андижон аҳли ўз юртдоши, дўсту биродари тугул, бегонанинг қайғусига ҳам бефарқ қараб турган эмас. Шу боис, андижонликлар синовли кунларда фалокатдан азият чеккан сирдарёлик юртдошларимизга мадад бўлиш, кулфатда асло ёлғиз эмасликларини ҳис этишлари учун биринчилардан бўлиб ёрдам карвони жўнатди. Бугунги кунга қадар вилоятимиз ҳокими раҳбарлигида кундалик рўзғор учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари, иссиқ кийим-бош, рўзғор буюмлари, гигиеник воситалар ҳамда қурилиш молларидан иборат хайрия карвони Сирдарёга бир неча бор юборилди.
Усиз ҳам синовли кунларни бошдан кечираётган халқимиз бугун сув балосидай офатга рўбарў келди. Бироқ, бунда ҳам бир ҳикмат, бу синовнинг ҳам ажри бор. Биз сабр-қаноатли, эътиқодли халқмиз. Бошимизга тушган ғам-кулфатларда ўзимизни йўқотмасдан, босиқлик билан, янада жипслашиб, ҳамжиҳатлик билан иш кўрсак, бу синовларни биргаликда енгамиз, албатта.
Сардобаликларнинг давлатимиз ва саховатпеша халқимиз кўмагида тез орада ўз ҳаётларини изга тушириб олишига ишонамиз.
Ҳали бу кунларни кўрмагандай бўлиб кетамиз. Аммо, унгача сабрли, оқибатли, мурувватли бўлайлик, шундай фазилатли ойда инсонларга имкон қадар яхшилик қилишга интилайлик.
Манзурахон ЭГАМОВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими, меҳнат фахрийси,
"Fалабани Берлинда нишонлаб, японларга қарши урушга жўнаб кетгандик"
Буюк Fалабанинг 75 йиллигига
Вилоятимизда айни кунда 38 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эл-юрт ардоғида ҳаёт кечирмоқда. Улардан бири Олтинкўл тумани Олтинкўл қишлоғида яшовчи Хўжамберди ота Турғуновдир.
Кўксини турли ордену медаллар безаб турган Хўжамберди ота Турғунов Иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳам немис-фашист босқинчиларига, ҳам япон милитаристларига қарши жангларда қатнашиб, мардлик, жасорат намуналарини кўрсатган ўзбек ўғлонларидан бири бўлган.
Хўжамберди ота учун 9 май санаси қўшалоқ байрам. Шу куни у Fалаба байрами билан бирга таваллуд кунини ҳам нишонлайди. Суронли уруш йиллари отанинг нафақат қалбида, балки жисмида ҳам ўчмас изларини қолдирган. Уруш ҳаракатларида 11 бор яраланиб, яна жангларда қатнашиб, Берлинда ғалабани нишонлаш, сўнг япон урушида қатнашиб, узоқ Шарқдан зафар билан она юртга қайтиш мўъжизадан ўзга нарса эмас.
- 1942 йилнинг декабрида урушга "повястка" келган, - дейди ота ўша йилларни хотирлаб. - Дастлаб Россиянинг Саратов вилоятидаги Пугачев шаҳрида бир ойлик тайёргарликдан ўтдик. У ерларнинг қиши совуқ бўлар экан, анча қийналдик.
Бир неча сафдошларим билан снайперлар ротасига қўшилдик. Ротамиз аскарларни бўлиб юборарди, турли қисм аскарлари билан бирга юриб, уларга снайпер сифатида кўмак берар эдик. Сталинград шаҳрида илк бор жангга кирдик. Урушда ҳаловат ва тинчлик деган сўзларга ўрин йўқ эди. Бу - Ватан озодлиги учун ор-номус жанги эканлигини англадим.
Айни кучга тўлган, моҳир снайпер Хўжамберди Турғунов жангларда мардлик, жасорат намуналарини кўрсатиб, кўплаб душманни ер тишлатди. У Россия, Украина, Белорусь, Польша, Эстония давлатларининг қишлоқ ва шаҳарларини душмандан озод этишда иштирок этди.
- Уруш даврида жуда кўп даҳшатли воқеаларнинг гувоҳи бўлдим, - дейди ота. - Фашист босқинчиларининг шафқатсизлигини сўз билан таърифлаш қийин. Эсимда, Сталинград яқинидаги "Мамаев курган" деган жой муҳим стратегик ҳудуд ҳисобланган. Шу ерни эгаллаганимизда осилган одамларнинг, куйдирилган болалар, аёлларнинг жасадларини кўриб, душманга бўлган нафратим юз чандон ошган.
Хўжамберди ота фашистларнинг қурол-яроғ, озиқ-овқат базасига айлантирилган Тула шаҳри темир йўл вокзали учун бўлган жангларни, ўша жангда снайперчи сифатида душманнинг бир неча пулемётчисини йўқ қилганлиги, умуман, уруш хотираларини дард, изтироб билан гапириб берди.
- Fалабани Берлинда кутиб олганмиз, дейди отахон. - Бир неча кун дам олганимиздан сўнг қисмимиз темир йўл орқали Узоқ Шарққа юборилди. У ерда бир неча ой японларга қарши курашдик. Яратганга беадад шукрлар бўлсин, йиллар давомидаги жангу жадаллардан омон чиқиб, она юртга қайтиш насиб этди.
Жангларда кўрсатган жасорати учун Хўжамберди Турғунов кўплаб орден ва медаллар билан мукофотланган. Ота урушдан кейин узоқ йиллар юртимиз равнақи йўлида самарали меҳнат қилди, ўғил-қизларни тарбиялаб камолга етказди.
Бугун фарзанд ва набиралари, эл-юрт ардоғида бўлиб, юртимиз тинчлиги, тўкин ва фаровон ҳаётимиз учун дуо қилиб яшаётган, умр йўллари ёш авлод учун ибрат намунаси бўлган Хўжамберди ота сингари пиру бадавлат отахонларимиз омон бўлсин.
Камола АБДУВАЛИЕВА,
"Миллий тикланиш" партияси вилоят кенгаши матбуот котиби.
КАРАНТИН ШАРОИТИДА ҲАМ КОРХОНАМИЗ ТЎЛА ҚУВВАТ БИЛАН ИШЛАМОҚДА
Корхоналар фаолиятидан
Коронавирус пандемияси туфайли бутун мамлакатимизда бўлгани каби вилоятимиздаги аксарият ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти тўла ёки қисман тўхтаб қолган эди. Иқтисодий барқарорликни таъминлаш учун уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида бугунги кунга келиб, кўплаб корхоналар фаолияти тўла тикланди. Ана шундай корхоналардан бири Марҳамат тумани Полвонтош шаҳарчасида жойлашган "Forall Textile" масъулияти чекланган жамиятидир.
"Forall Textile" масъулияти чекланган жамияти 2009 йилдан буён фаолият юритиб келади. Корхонада калава ип ҳамда болалар ва аёллар учун бир неча турдаги тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
- Бугунги карантин шароитида ҳам корхонамиз тўла қувват билан ишламоқда, - дейди "Forall Textile" МЧЖ раҳбари Ойбек Жамолов. - Ишни карантин ва коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган барча тартибларга амал қилган ҳолда ташкил этганмиз. Ишчи-хизматчиларимизни уйига бориб-келиши уюшган ҳолда ташкил этилган, улар ҳимоя ниқоблари, антисептик воситалар билан таъминланган, саломатликлари тиббиёт ходимлари назоратида. Барча цехларимизда дезинфекция ишлари мунтазам ўтказилмоқда.
Корхонанинг сифатли, бежирим маҳсулотлари нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларига эга. Шу боис, маҳсулотларнинг аксарият қисми Россия, Белорусь ва Қирғизистон давлатларига экспорт қилинади.
Корхонада йилига 3,8 миллон АҚШ доллардан зиёд миқдордаги маҳсулот экспорт қилиниши кўзда тутилган бўлиб, экспорт йўналишидаги ишлар изчил олиб борилмоқда.
Корхонанинг йигирув ва тикув цехларида айни кунда 250 нафар киши меҳнат қилмоқда. Уларнинг аксарияти хотин-қизлардир. Ишчи-хизматчиларнинг саломатлиги доимий шифокорлар назоратида. Бундан ташқари, уларнинг самарали иш юритишлари учун барча шароитлар яратилган. Тушлик учун иссиқ овқат, ишга бориб-келиш учун транспорт ҳамда дам олиш хоналари ташкил этилган.
- Мен 4 йилдан буён ушбу корхонада ишлаб келаман, - дейди тикув цехи ишчиси Гулбаҳор Ботирова. - Маъмурият томонидан коронавирус туфайли юзага келган карантин даврда ҳам ишлаётганимиз, соғлигимиз доимий назорат қилинаётганидан хурсандмиз. Чунки, бу билан оиламизга даромад киритиш имконига эга бўляпмиз.
Карантин туфайли корхонада ҳам ҳимоя ниқоблари тайёрлаш йўлга қўйилди. Маъмурият ташаббуси билан нафақат ишчи-хизматчилар, балки тумандаги қатор маҳаллаларда яшовчи кам таъминланган оилалар, ногирон фуқаролар ҳам бепул ҳимоя ниқоблари билан таъминланди.