+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

РАМАЗОН ДЎЗАХДАН НАЖОТ ОЙИДИР

Яратганга беадад шукрлар бўлсинки, дунёга коронавирус деган офат тарқалган, ушбу офат туфайли карантин тартиби жорий этилган бугунги кунда ҳам рамазон рўзасини тинчлик-осойишталик, хотиржамлик билан адо этиб келмоқдамиз. Бу ойда иймон-эътиқод билан қилинадиган дуолар мустажоб бўлади. Чунки, бу муқаддас ойда Аллоҳ Таоло бандаларига осмон эшикларини очиб, ҳар бир дуо қилгувчининг дуоларини ижобат қилади.

Дарҳақиқат, Рамазон ойининг рўзасини тутиш биз мўминларга Аллоҳ фарз қилган ибодат ҳисобланади. Бу ойнинг фазилати ниҳоятда улуғдир. Аллоҳ таоло ўзининг каломида: "Эй мўминлар, тақволи кишилар бўлишингиз учун сизлардан илгари ўтганларга фарз қилингани каби сизларга ҳам саноқли кунларда рўза тутиш фарз қилинди" ("Бақара" сураси, 183- оят). Пайғамбаримиз Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганларидек, бу ойнинг аввали, яъни биринчи ўн кунлиги раҳмат, иккинчи ўн кунлиги мағфират ва учинчи ўн кунлиги эса дўзаҳдан нажотдир.

Раҳмат - Аллоҳнинг раҳмати тушган қалб эгаси ҳақдан адашмайди, дунёнинг зеб-зийнатларию хою ҳавасларига алданмайди, ҳақиқатга хиёнат қилмайди. Албатта, бундай бўлиш осон эмас, лекин Аллоҳнинг раҳмати ёғилган қалбларга мушкулот йўқ.

Мағфират - фазилатли улуғ ойнинг иккинчи ўн кунида гуноҳлар кечирилади, хатолар авф этилади, тавбалар қабул қилинади, қалблар покланади, инсонлар гўё онадан янги туғилгандек масъум ҳолга келадилар.

Дўзаҳдан нажот - Яратганнинг раҳматига ноил бўлган, гуноҳлари кечирилган бандалар, албатта, дўзахдан нажот топадилар. Охирги ўн кунлик бизларга мана шундай омонликни беради.

Шу муборак кунларда, буюк имкониятлар ойида чин имон ва ихлос билан Аллоҳга ва охират кунига имон келтириб, сидқидилдан рўза тутсак, ибодатимизга риё, таъма ва ихлосга путур етказадиган бошқа ҳолатларни аралаштирмасдан, келажак учун катта бир зоди роҳила тайёрлаган бўламиз.

Ҳар бир ибодат ва амалларда бўлгани каби рўзанинг ҳам шартлари, фарзлари, қоидалари бор. Тонгдан шомгача рўза тутиш нияти билан ейиш, ичиш ва жинсий яқинлик қилишдан сақланиш - рўзанинг фиқхий шартларидир. Аммо салафи солихинлар булардан ташқари яна олти нарсани алоҳида таъкидлайдилар:

1. Кўзни юммоқлик, яъни кўзни гуноҳга олиб борувчи (номашруъ) нарсаларга қарашдан сақлаш. Бу иш, аввало, одамлар ўртасида амалга оширилади. Эркаклар бегона аёлларга, аёллар бегона эркакларга қарашдан сақланишлари лозим. Нафақат бу ойда, балки бошқа ойларда ҳам доимо кўзни эҳтиёт қилиш даркор. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида: "(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар" ("Нур" сураси, 30- оят), "Мўминаларга ҳам айтинг, кўзларини (номаҳрам эркаклардан) қуйи тутсинлар" ("Нур" сураси, 31- оят) дея марҳамат қилганлар. Бу хусусда ҳадиси шарифда ҳам қуйидагича баён қилинган: "Номаҳрамга ташланган назар шайтоннинг бир ўқидир. Кимки Мендан қўрқиб, ушбу назарни тарк этса, унинг ўрнига шундай имонни алмаштириб бераманки, қалбида унинг ҳаловатини ҳис қилади".

2. Тилни асрашлик, яъни беҳуда, ёлғон, ғийбат ва бошқа гуноҳга олиб борувчи сўзларни гапирмаслик. Зеро, тилни бемаъни, бефойда гаплардан тиймаслик рўзанинг мукаммаллигига путур етказади. Ҳадиси шарифда айтилишича, "Кимки (ўзи рўзадор бўла туриб) ёлғон гапиришни ва у билан амал қилишни тарк этмаса, унинг таом ва ичимликни тарк қилишига Аллоҳ муҳтож эмасдир". Яна бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қиладилар: "Қачон бирортангизнинг рўза тутган кунингиз бўлса, бемаъни сўзларни гапирмасин ва овозини баланд қилмасин. Агар бир киши у билан сўкишиб ёки уришиб қолса, "Мен рўзадорман" десин, дедилар".

3. Қулоқни асрашлик, яъни беҳуда ва бемаъни сўзлардан қулоқни эҳтиёт қилишлик. Зеро, гапириш ҳаром қилинган сўзларни эшитиш ва қулоқ солиш ҳам ҳаромдир. Ҳадисларда: "Fийбат қилувчи билан унга қулоқ солиб ўтирган киши гуноҳда шерикдирлар", деб баён қилинган.

4. Бошқа барча тана аъзоларини гуноҳдан асраш. Масалан, қўл билан бировга озор бермаслик, оёқ билан ёмон жойларга бормаслик, ифторда ҳам, саҳарликда ҳам доимо халқумни покиза, ҳалол тутишлик.

5. Ифторда кўп овқат емаслик ва кундузи кўп ухламаслик. Албатта, бунинг ҳам ҳикмати бор. Чунки, рўза инсонларга очлик аламини ҳис қилдириш учун машруъ қилинган. Кундузи бироз оч юриб, ифтордан кейин кўп овқат ейиш солихлар одатига ҳам хилофдир. Бундан ташқари, очлик нафс тарбиясида ва инсон маънавий камолотида ҳам муҳим ўрин тутади.

6. Ифтордан кейин хавф (қўрқинч) ва ражо (умид) ўртасида бўлишлик. Ушбу шарт ҳам рўзанинг қабул бўлишида муҳим ўрин тутади. Инсон қилган амалидан ғурурланиб, тутган рўзасидан фахрланса, ажр-савобдан маҳрум бўлиб қолади. Шунинг учун ҳар биримиз доимо қилган ибодатимизда, тутган рўзларимизда йўл қўйган хато ва камчиликларимизга истиғфор айтиб, Аллоҳ таолога ёлвориб, уни қабул қилишини сўрашимиз зарур.

Юқорида санаб ўтилган шартларга амал қилган ҳолда адо этилган рўза мукаммал рўзадир.

Яратган, аввало юртимизни тинч ва осмонимизни мусаффо қилсин. Халқимизни, инсониятни турли балолардан асрасин. Барчамизни Рамазоннинг раҳмат ва баракотидан баҳраманд этсин.

 

Валижон СИДДИҚБОЕВ,

 

Андижон шаҳри бош имоми.

Санъат бу - мўъжиза

Касбининг фидойилари

Муборакхон Ўрозова фаолиятида юқори натижаларга эришиб келаётган мутахассислардан бири. Айниқса, 2019 йил унинг учун анча омадли келди. У Болалар мусиқа ва санъат мактаблари орасида ўтказилган "Йилнинг энг яхши ўқитувчиси" республика танловининг тасвирий санъат йўналиши бўйича III даражали диплом билан тақдирланди. Бу муваффақият муаллиманинг узоқ йиллик самарали меҳнатлари маҳсулидир.

Муборакхон Жалақудуқ тумани Жанубий Оламушук шаҳарчасида Иккинчи жаҳон уруши ногирони Латибжон Шокиров оиласида дунёга келди. Бувиси Қориябуви ва онаси Мунаввархон аялар маҳалланинг қўли гул чеварлари бўлиб, тўй маросимлар учун либослар ва нақшинкор кашталар тикиши билан эл оғзига тушган эди. Муборакдаги халқ амалий санъатига, хусусан, каштачиликка бўлган қизиқишни аввало,  бувиси ва онаси уйғотган. Улар каштачиликнинг сир-асрорларини фарзандларига меҳр билан ўргатди. 

Муборакхон мактабни битиргач, 1978-1983 йилларда Низомий номли Тошкент педогогика олийгоҳининг расм ва чизмачилик  йўналиши бўйича таҳсил олди. Дастлаб Андижон шаҳридаги 3- ўрта мактабда, кейинчалик Жалақудуқ туманидаги 22- мактабда ишлади. 2011 йилдан эса Жалақудуқ туманидаги 13- болалар мусиқа ва санъат мактабида тасвирий санъат, чизмачилик ва меҳнат фанларидан ёш авлодга сабоқ бериб келади.

Ўқувчиларга таълим-тарбия бериш билан бирга, амалий санъат йўналишида ижод қилиб келади. Ўзи тайёрлаган Алишер Навоий, Бобур Мирзо, Нодира, Увайсий каби буюкларимиз тимсолидаги миллий қўғирчоқлар орқали мурғак қалбларга алломаларимизга, амалий санъатимизга бўлган қизиқиш ва ҳурматни муҳрлайди. Шунингдек, "Лайли ва Мажнун", "Фарҳод ва Ширин" каби асарлар қаҳрамонларининг қовоқларга миниатюра ва наққошлик услубида сайқал берилган тимсоллари, қутичалар, кичик хажмли "Карвон", "Ипак йўли" деб номланган ҳайкалчалари, алоҳида дид билан ясалган гуллар, миллий кашталар орқали у аллақачон амалий санъатимизнинг моҳир усталаридан бири сифатида шаклланган. Қолаверса, униг ижод намуналари турли ярмаркаларда намойиш этилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар эътиборига тушган.

Айни пайтда Муборакхон сайёҳлар учун совғабоп миллий буюмлар тайёрлаш бўйича ўқув қўлланма тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Мақсади халқ амалий санъати, миллий ҳунармандчилигимиз анъаналарини келажак авлодга қолдириш.

- Мен касбимни севаман. Айниқса, миллий ҳунармандчилик  ҳаётимнинг мазмунига айланган, - дейди Муборакхон Ўрозова. - Санъат бу - мўъжиза. Шунинг учун ишдан, уй юмушларидан бўшаганимда ижод қиламан. Турмуш ўртоғим Рустамжон ака таниқли рассом, ўғлим Азизбек ҳам шу соҳада олийгоҳни битирган, набирамиз Бобурмирзо институтда таҳсил олмоқда.

"Қўли гул аёл" деб Муборакхон сингари жонсарак, ўз қўллари билан мўъжизалар яратаётган аёллар эътироф этилади. Токи бундай устозлар, ҳунармандлик ишининг моҳир усталари бор экан, бизнинг миллий, амалий санъатимиз умрбоқийдир. Унинг ўлмас анъаналари ёшларга мерос бўлиб қолаверади. Бу эса Ўзбекистонни    дунёга танитишга хизмат қилади. 

 

Дилшодбек Юсупов, санъатшунос.

ОНЛАЙН ТАЪЛИМ: ФАРЗАНДЛАРИМИЗНИНГ СОҒЛИГИ, ТАРБИЯСИ ВА РУҲИЯТИ БИЛАН БОҒЛИҚ МАСАЛАЛАР

Мулоҳаза

Коронавирус пандемияси туфайли жорий этилган карантин шароитида коллеж, умумтаълим мактаблари ўқувчилари масофавий таълим тизимида сабоқ олмоқда. Ўқувчи ва педагоглар ушбу мажбурий чорага кўникиб ҳам қолди. Аслида ўқувчилар билан бевосита ишлаш, бевосита дарс ўтиш уларнинг билим ва тарбиясини мустаҳкамлашда энг самарали йўл ҳисобланади. Бироқ, вазият тақозоси билан мазкур жараён мобил телефон, компьютер ва интернет орқали олиб борилмоқда.

Шу ўринда ота-оналар фарзандларининг компьютер билан ишлашда хавфсизлик қоидаларига амал қилиши, ундан тўғри ва оқилона фойдаланишини мунтазам назорат қилиб боряптими, деган савол туғилади. Бу энг аввало, фарзандларимизнинг соғлиги, тарбияси ва руҳияти билан боғлиқ жиддий масалалардир. Айниқса, вояга етмаган болаларининг қоидаларга риоя қилишларини ота-оналар кузатиб бориши керак. Ўқувчи дарс қиляпман, деб турли компьютер ўйинлари билан банд бўлмаслигига, интернетдан фойдаланишда тарбияга зид, бола онги ва тафаккурини бузадиган маълумотлар билан танишмаслиги, интернет маълумотларидан тўғри ва ўринли фойдаланишига алоҳида эътибор қаратишимиз муҳимдир. 

 Карантин туфайли  фарзандларимиз таълим олишдан узилиб қолмаслиги лозим. Шу боис, улар билан биргаликда телевизион дарсларни кузатиб боришимиз, боланинг эътибори дарсда бўлишини таъминлашимиз керак. Фарзандимиз "Дарс машғулотларини кузатмасам ҳам бўлаверади", "мени ҳеч ким назорат килмайди" деган тушунчага бориб қолмаслиги зарур.

Онлайн машғулотлар жараёнида болалар соғлиги билан боғлиқ муҳим жиҳатлар бор. Энг муҳим қоида бола компьютер экранидан 50-60 см. узоқда, телеэкрандан эса 2-3 метр узоқликда ишлаши керак. Компьютер ва телеэкран олдида кўп ишлаш, кўп ўтириш инсоннинг кўзи, қон айланиш тизими, бош мия фаолиятига зарар етказиши мумкин. Шунинг учун ҳам теледарслар 15 минутдан 4 фан кетма-кетлигида маълум танаффус билан жами 60 минут бўлаётганлиги ниҳоятда тўғри. Дарсларни қолган қисмини ўқувчи ота-оналар ёрдами ва кузатувида мустаҳкамлаб олади.

Фарзандимиз компьютерда ишлаганда унинг тўғри ўтиришига ҳам аҳамият каратайлик. Шунда боланинг қадди-қоматига шикаст етмайди. Телевизор қандай ўрнатилган? Болаларга қулайми? Хона зах бўлмаслиги, ҳарорати 20-25 градус илиқ, ўқувчининг дарс жойига тушаётган ёруғлик тепадан    пастга ва чапдан тушиши, монитор экрани кўзни қамаштирмайдиган бўлишига ҳам алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Санитар меъёр ва қоидаларга кўра, 1-4 синф ўқувчилари 20 минут, 5-9 синф ўқувчилари 25-30, юқори синфлар 30-40 минут бир ўтиришда, бир кун давомида жами 180 минутдан ортиқ компьютер қаршисида ўтирмаслиги керак. Болалар компьютерда ишлаш жараёнларида кўзларида зўриқиш ҳосил қилмасликлари учун вақти-вақти билан 2-3 минут дам бериш лозим. Шу лаҳзаларда ўқувчиларга куй эшитиш, қўл ва бўйин мускулларини толиқмаслиги учун енгил жисмоний машқлар бажариш фойдали. Уй деразаси ёки балкондан узоқларга, айниқса, яшил манзара ва дарахтларга тикилиш кўз чарчоқларини олиб, машғулотларни тетик давом эттиришга ёрдам беради.

Бизга арзимас, оддий бўлиб кўринадиган юқоридаги жиҳатларга асло эътиборсиз қарамаслигимиз лозим. Педагоглар масофадан таълим бериш давомида имкон қадар ҳар бир ўқувчи, унинг ота-онаси билан мулоқотни йўлга қўйса, ўқувчининг мустақил тайёрланишига йўналтириб турса, бу борада ота-она ва ўқитувчи ҳамкорлиги йўлга қўйилса, шубҳасиз, фарзандларимиз масъулиятни ҳис этиб, янада кўпроқ билим олишга интилади.

Тарбиянинг муҳим учта қоидаси бор. Психологларнинг фикрига кўра, болалар ўз-ўзини юқори даражада намоён этишларида ота-оналар одоб-тарбиянинг ана шу уч тамойилига риоя этишлари муҳимдир. Яъни:

-      болаларга меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлиш;

-      тартибли, талабчан ва журъатли бўлиш;

-      болани мустақилликка ўргатиш, ишонч ҳосил қилгачгина назоратни аста-секин ўзига қўйиб бериш.

Демак, юқоридаги тавсияларимизга амал қилинса, масофавий таълим жараёнида фарзандларимизнинг билим олиши, тарбияси борасида муаммолар юзага келмайди. Ишонч билан айта оламанки, педагоглар, ота-оналар биргаликда мазкур йўналишдаги ишларни тўғри ташкил этиб, бугунги синовли кунларни албатта, енгиб ўтади.

Дилрабо ЎРАЗАЛИЕВА,

 

Қўрғонтепа қурилиш коллежи психологи. 

УНУТИЛМАС МУҲАММАДДЕК АСЛ ШОИРЛАР...

Хотира

Инсоният яралибдики, ўзидан эзгу ном қолдиришга ҳаракат қилади. Ҳаётда кимдир узоқ умр кечирадию, ўтганидан      кейин тезда унутилади. Яна кимдир эса қисқа умри давомида ўз номини абадиятга муҳрлайди.

Қисқа, лекин мазмунли ҳаёти билан ўзидан яхши ном қолдирган инсонлардан бири ўзбек элининг ардоқли шоири Муҳаммад Юсуфдир. У бугун орамизда йўқ. Лекин унинг бетакрор мисралари, ҳеч бир шоирга ўхшамас ва такрорланмас ижоди инсонлар қалбида яшаб келмоқда. Шоирнинг шеърларида шундай таърифу ташбеҳлар учрайдики, у мисраларни ўқиган китобхон беихтиёр уни ҳиргойи қилиб юборади. Шоирнинг гоҳ райхонни, гоҳ жайронни, гоҳида эса ялпизни ўзига энг яқин дўст сифатида эрка кийиклару лолақизғалдоқларни тараннум этгувчи мисралари ҳар қандай ўқувчини беихтиёр     сеҳрлаб қўяди.

Шоирнинг китобини варақлар эканман, унинг шеърларидаги ҳар бир мисра қалбимнинг туб-тубидан ўрин олаверади, уларни такрор ва такрор ўқийвераман. Сатрлар шу қадар жозибадорки, шууримга ўрнашиб қолади. Жумладан, "Қизғалдоқ" шеъридаги ушбу мисраларга эътибор беринга:

Қизғалдоғим, қирдан бўлак кошонанг йўқ,

Кокил ёйсанг ердан бўлак тошойнанг йўқ.

Ўксиб-ўксиб турганингда ўзим бориб,

Пешонангдан ўпай десам пешонанг йўқ...

Шоирнинг шеърлари халқона тилда яратилганлиги боис, у ҳар қандай инсоннинг эътиборини қозона олади. Унинг қанчадан-қанча шеърлари қўшиққа айланиб, халқимиз юрагидан чуқур жой эгаллаган. Муҳаммад Юсуф сингари табиат билан, қушлар билан,   қўйингки, оламдаги жамики жонзотлар билан тиллаша оладиган, сирлашадиган шоир бўлмаган.

Шоирнинг она Ватанга бағишлаб ёзган шеърларида шундай мисралар учрайди-ки, ундай ташбеҳлар, ўхшатишларни бошқа бир ижодкорнинг шеърларида учратиш мушкул. Оддийгина сўзлардан жозибадор ва маънодор шеърларни ярата олган:

Кўҳна толбешикдан

Бошланган олам.

Сенга иддаолар

Қилмай севаман.

Бир куни синглим, деб,

Бир куни онам

Ватан,

Кимлигингни

Билмай севаман!..

Шоир ижодидаги Ватанга бўлган муҳаббат, унинг тараннум этиш мавзуси эса алоҳида бир дунё. Муҳаммад Юсуф қалбидаги Ватанни севиш, англаш, унга бўлган муҳаббат ҳақидаги пурмаъно сатрлар унинг нақадар юксак истеъдод соҳиби эканлигини кўрсатади. Шоирнинг ана шу ноёб истеъдоди  халқимиз хотирасида порлоқ юлдуз мисоли нур таратиб туради.

Муҳаммаддек асл шоирлар асло ўлмайди, улар халқ қалбида мангу барҳаётдир.

 

Гавҳарой ЮЛДАШЕВА,

Пахтаобод туманидаги

 

23-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Шундайлар бўлмаса агар дунёда...

Орамиздаги аёллар

Шундайлар бўлмаса агар дунёда,

Бу қадар мухтарам бўлмасди аёл.

Халқимизнинг севимли шоири, марҳум Абдулла Ориповнинг "Аёл" шеърини ўқиган инсонларнинг аксарияти мазкур шеърни аёлнинг вафодорлиги, сабру қаноати, улуғлиги ҳақидаги энг гўзал битиклар сифатида эътироф этади.

Ушбу шеърни бежиз эсламадим. Куни кеча Қўрғонтепа туманидаги "Олтин водий" маҳалла фуқаролар йиғини раиси Одилжон Аҳмадалиев билан телефон орқали мулоқотда бўлгандим. У маҳалласидаги бир аёл ҳақида гапириб қолди. Айтишича, аёлнинг турмуш ўртоғи автоҳалокат туфайли оламдан ўтган, бугун икки нафар фарзандини ёлғиз ўзи тарбиялаётган экан. Халқимиз, айниқса, фарзанд ўстираётган ёлғиз аёллар учун оғир синов даври бўлган бугунги кунда маҳалла фаоллари ўша аёлга кўмак сифатида хайрия ёрдами бериш учун уни рўйхатга киритган экан. Лекин у биздан-да ночор яшаётган оилалар бор, кўмакни ўшаларга беринглар, дея бериладиган хайрия маҳсулотларини олишдан воз кечибди.

Очиғи, бу хабарни эшитиб, ор-номуси баланд, ўзи қийналса ҳам ўзгаларни ўйлайдиган, кўнгли пок, мард, саховатли мана шундай аёлларимиз борлигидан ғурурландим. У аёлнинг кимлигини сўраб-суриштирдим.  

Ўзининг ўттиз етти ёшини қаршилаётган Дилафрўз Мирзааҳмедова Қўрғонтепа тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонасида хизмат қилар экан. Турмуш ўртоғи икки йил аввал бахтсиз ҳодиса - автоҳалокат туфайли вафот этган, бугун бир ўзи икки ўғлини оқ ювиб, оқ тараб тарбиялаётган экан.

- Бу каби айрилиқ ҳеч кимнинг бошига тушмасин, - дейди  Дилафрўз. - Фарзандимнинг каттаси тўртинчи синфда ўқийди, кичиги бу йил мактабга боради, Шукр, фарзандларим соғ-саломат, тирикчилигимиз ўтяпти. Боқувчисини йўқотган оила сифатида давлатимиз нафақа пули ажратади. Мобода қийналиб қолсак, ота-онам, қайнота-қайнонам кўмак беради. Улар бизни ёлғизлатиб қўяётгани йўқ.

Маҳалладошларимга раҳмат, оғир кунларда мени ўйлаганлари учун. Худога шукр ишим бор, қийналсам кўмак берадиган яқинларим бор. Шунинг учун ёрдам пулини қийналаётган бошқа оилалар олгани яхши. Ҳадисларда борига шукр қилиб, сабрли бўлишнинг мукофоти бор, дейилган экан. Борига шукр қиламан, ёрдамни эса ҳақиқатда ночор оилалар олсин.

Суҳбатимиз сўнгида Дилафруз бугунги синовли кунлар   ортда қолишини айтиб, унинг ёрдам пулини олмаганлиги ҳақида қаергадир ёзиш шарт эмаслигини сўради. Бироқ, миллатимизнинг Дилафрўздай камтар, мард, сабр-бардошли вакилалари ҳақида ёзмаслик мумкин эмас, деган фикр хаёлимдан ўтди.

Чунки, у қадар муҳтож бўлмаса-да, қийналяпман, деб турли идоралар эшигини қоқишдан чарчамайдиган, бирор иш берилса, бу иш менга тўғри келмайди, дея кунни ғийбату, гап сотиш билан ўтказадиган, бир неча ой ёрдам пули олиб, орада бир марта қолиб кетса, менга ёрдам берасан, нафақа пули беришинг шарт, деб туриб оладиган инсонлар бу аёлдан ибрат олсин.

Халқимиз учун синовли ушбу кунларда сабрли бўлайлик, меҳр-оқибатни асло унутмайлик.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

АВЛОДЛАРИМИЗ АСЛО УРУШ КЎРМАСИН

Буюк Fалабанинг 75 йиллиги олдидан

Fофуржон Мирзаев 18 ёшга тўлган куннинг эртасигаёқ ҳарбий хизматга чақирилди. Бир ой сержантлар тайёрлаш курсида тайёргарликдан ўтди. Ўшанда 1944 йилнинг ёзи эди, совет армияси бирин-кетин душман қўшинларини тор-мор этиб, олдинга  интиларди.

Ёш аскар 4-Украина фронти қўшинлари таркибидаги ўқчи қисм аскарлари сафида Украина сарҳадларида илк бора   жангга киради. Ўзини йўқотиб қўймади, шиддатли жангларда тобланди, бора-бора уруш    даҳшатларига кўникди.

У Россиянинг Калининград, Польшанинг Люблин, Краков, Врослав, Германиянинг Дрезден, Берлин шаҳарларини, шунингдек, Чехия пойтахти Прагани фашист босқинчиларидан озод этишдаги жангларда иштирок этиб, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди. Қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.

- Фашистлар Германияси тор-мор этилиб, уруш тугагани, урушда тирик қолганимиздан қувончимиз чексиз эди, - дейди Fофуржон ота Мирзаев. - Ўшанда Берлинда эдик. Лекин хурсандчилигимиз узоққа чўзилмади. Бизга янги топшириқ берилди. Чехия пойтахти Прагани   фашистлардан озод этиш учун юбориладиган бўлдик. Жангларда шахсий таркибимизнинг ярмидан кўп жангчиси ҳалок бўлганди. Қисмимиз янги аскарлар билан тўлдирилиб, навбатдаги жангга жўнадик.

Прагани озод этиш учун бўлган жангларда ҳам жуда кўп сафдошларимиздан айрилдик. Аллоҳга шукр, тирик қолдим. Пешонамга яшаш ёзилган экан.

Fофуржон Мирзаев урушдан кейин ҳарбий хизматда қолди. Лекин уруш асоратлари унинг саломатлигига жиддий таъсир кўрсатди. Саломатлиги ёмонлашгани боис, 1952 йилда лейтенант унвони билан истеъфога чиқарилди.

Ҳарбий хизматдан қайтгач, Fофуржон Мирзаев Марҳамат тумани ижроия қўмитасига ишга кирди. Сиртдан Тошкент давлат юридика институтида таҳсил олди. Эл-юрт равнақи йўлида 40 йилдан ортиқ меҳнат қилди. У 1953-1996 йилларда туман ижроия қўмитасида бўлим мудири, масъул котиб, раис ўринбосари вазифаларида самарали фаолият юритди.

Fофуржон отани билганлар унга фидойи инсон, деган таърифни беришади. Чунки, ота меҳнатсевар, ҳалол-пок, ўз ишининг фидойиси, топширилган ҳар қандай вазифани бекаму кўст бажарадиган инсон эди. У каттаю кичик билан тезда тил топиша олар, ташкилотчи, ташаббускорлиги, ёрдам сўраб келган кишиларга имкон қадар кўмак берадиган инсон сифатида кўпларнинг ҳурмат ва эътиборини қозона олган.

Fофуржон Мирзаевнинг хизматлари муносиб баҳоланиб, у турли йилларда кўплаб фахрий ёрлиқлар, орден ва медаллар билан тақдирланган.

Урушдан соғ-омон қайтиб, узоқ йиллар эл-юрт равнақи йўлида фидойилик билан меҳнат қилган Fофуржон ота бугун фарзандлари, набира ва чеваралари, маҳалладошлари ардоғида умр кечирмоқда.

 

- Бугунги тинч-дориломон кунларга етказганига шукр, - дейди Fофуржон ота. - Уруш фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатаётган Президентимизга, халқимизга раҳмат. Ҳар йили пул мукофотлари бериляпти, шифокорлар саломатлигимиздан доимий хабар олади. Бундан кўнглимиз тоғдай кўтарилади. Илоҳим, авлодларимиз асло уруш кўрмасин, юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин. 

КИТОБ - КАРАНТИН ШАРОИТИДА ЯҚИН ДЎСТИМИЗГА АЙЛАНСИН

мулоҳаза

Қарийб бир асрдан кўпроқ тарихга эга Бобур номидаги вилоят ахборот кутубхона маркази томонидан кутубхона хизмати кўрсатиш, китобхонлик, китоб ўқишни кенг тарғиб этиш, мутолаа маданиятини юксалтириш, халқимизга зиё тарқатиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

Сир эмас, маълум вақт  китобдан, китоб ўқишдан бироз узоқлашдик. Бироқ кейинги йилларда кутубхоналардан эркин фойдаланиш, сақланаётган миллий-маданий меросни асраб-авайлаш, китоб жамғармасини бойитиш борасидаги самарали ишлар юртдошларимизнинг китобхонликка муносабатини тубдан ўзгартирди.    Бошқача қилиб айтганда, китобнинг "обрў"си ошди. Китоб - бебаҳо бойлик эканини, мутолаа жараёнида инсон қалби, онги ва тафаккурида юз берадиган ўзгаришларни бошқа бирор машғулот бера олмаслигини  кўпчилик англаб етмоқда.

Вилоятимиз аҳолисига зиё-маърифат улашиб келётган масканимиз 1907 йилда 389 нусха китоб билан ташкил этилган. Бугунги кунга келиб, фондимизда 855 минг нусхадан ортиқ китоб, шунингдек, 28 минг нафардан зиёд мунтазам фойдаланувчи  китобхонимиз бор.

Йил давомида Марказимизга ўртача 112 мингдан ортиқ китобхон ташриф буюриб, 1 миллионга яқин китоб, газета ва журналлардан фойдаланади. Уларнинг китоб ўқиб, билим олиши, вақтини мазмунли ўтказиши учун  ўқув заллари, электрон кутубхона бўлими, ёшлар билан ишлаш, ўлкага оид, хуқуқий адабиётлар секторлари, хорижий тилларни ўрганиш залларида  барча шароитлар яратилган.

Китобхонларга масофадан хизмат кўрсатиш учун китобларни рақамлаштириш, электрон каталогни шакллантириш,  электрон ва тўлиқ  матнли маълумотлар базаларини  яратиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

 Коронавирус пандемияси туфайли мамлакатимизда жорий этилган карантин шароитида китоб юртдошларимизнинг яқин дўстига, ҳамроҳига айланиши керак. Бугун касаллик юқиши ва тарқалишининг олдини олиш чоралари доирасида таълим муассасалари, кўплаб корхона ва ташкилотларга таътил берилган. Барчадан имкон қадар уйда қолиш, карантин тартибларига амал қилиш сўралмоқда.  Шу кунларда аксарият юртдошларимиз, ўқувчи ва талабалар шубҳасиз, кўп  вақтларини китоб ўқиш билан ўтказмоқда.

Марказимиз жамоаси мана шу синовли кунларда китобхонларимизнинг зерикиб қолмасликлари, уларга қулай бўлишини таъминлаш учун масофадан туриб хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Хусусан, Марказимиз томонидан ижтимоий тармоқларда: электрон китоблар ўқиш учун https://t.me/qrcode_kitoblar, аудио эртаклар учун https://t.me/audio_ertaklar, онлайн ўйинлар ўйнаш учун https://t.me/akmkvest, буюк алломалар ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумотлар олиш учун https://t.me/buyuklar_azizdir_har_on, янгиликлар билан танишиш учун https://t.me/AndijonAKM, аудио шеърлар учун https://t.me/audio_sherlaruz, аудио ривоят ва ҳикоялар эшитиш учун http://t.me/akm_rivoyatlar, китобга буюртма бериш учун http://t.me/kitoboling  сингари каналлар очилди.

 Мен бугунги синовли кунларда юртдошларимизга мурожаат қилмоқчиман. Халқимиз азалдан турли синовларни сабр-қаноат, ирода билан енгиб ўтган. Ушбу синовдан ҳам албатта, эсон-омон ўтамиз. Фақат ваҳима қилмасдан, белгиланган тартибларга қатъий амал қилишимиз керак. Шу ўринда буюк бобокалонимиз Абу Али ибн Синонинг "Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир, хотиржамлик ярим соғликдир, сабр эса шифонинг бошланишидир" деган сўзларини эсламоқ жоиз. Демак, хотиржамлик, аҳиллик билан иш тутсак, дунёни таҳликага солиб турган офат устидан ғолиб бўламиз.

Қадрли юртдошлар, бугун уйда қолиб, фарзандларимизни ёнимизга олиб ўзимиз ёқтирган, бизга сабоқ берадиган китобларни ўқийлик. Китоб яқин дўстимизга айлансин. Зеро, китоб ўқиш, илм-маърифат инсонни юксакликка етаклайди.

 

Гулнорахон ИСМОИЛОВА,

 

 Бобур номидаги Андижон вилояти ахборот кутубхона маркази директори.

ШАҲРИХОНДА ЭКИН ЭКИЛМАГАН ТОМОРҚА ҚОЛМАДИ

Аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг асосий манбаи бўлган томорқачиликка алоҳида эътибор қаратилаётгани бежиз эмас. Чунки деҳқон хўжаликлари, томорқа ер участкаларидан самарали  фойдаланиш, шу орқали юртдошларимизнинг реал даромадини ошириш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омиллардан ҳисобланади.

Ана шундан келиб чиқиб, мазкур йўналишда Шаҳрихон туманида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда.

 Шаҳрихон туманидаги 76 маҳаллада 45 минг 930 та хонадон бўлиб, уларга тегишли 2 минг 857 гектар томорқа ер майдони мавжуд. Тумандаги    томорқаларнинг 396 гектарига ўтган йили август-сентябрь ойларида саримсоқпиёз, қолган майдонга баҳорда тўқсонбосди экинлар, шунингдек, помидор, булғор қалмпири, карам, калампир, бақлажон кўчатларини экиш ишлари тўла якунига етказилган. Тумандаги ҳеч бир маҳаллада экин экилмаган томорқа қолгани йўқ.

Умуман, тумандаги аксарият хўжаликлар соҳиблари   томорқадан унумли фойдаланиш ҳадисини олган. Айниқса, Юзлаб, Қўрғонча, Найман, Сегаза, Қумкўча, Сўзоқ сингари маҳаллаларда бу борадаги ишлар намунали йўлга қўйилган.

Айни кунда туманимизда оилавий тадбиркорликни ташкил этиш, томорқадан унумли фойдаланиш ҳисобига катта даромад олаётган оилалар талайгина. Энг муҳими, томорқаларда етиштирилаётган маҳсулотлар, айниқса, бугунги пандемия шароитида  халқимиз дастурхонининг мўл-кўллигини таъминламоқда.

Жорий йилнинг ўзида аҳоли хонадонларида 1-1,5 сотихли 350 та иссиқхона барпо этилди. Бундан ташқари, туман ҳокимлиги, мутасадди ташкилотлар томонидан 344 та эҳтиёжманд оила 4 минг тубдан зиёд мевали дарахт кўчати, шунингдек, 41 минг тупдан ортиқ помидор,   булғор қалампири, карам,  бодринг, бақлажон кўчатлари билан таъминланди.

Бир сўз билан айтганда, бугун туманда томорқадан унумли фойдаланиш борасида юқоридаги каби кенг кўламли ибратли ишлар олиб борилмоқда. Ана шу саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, бугунги пандемия шароитида ҳам халқимиз дастурхони тўкинлиги таъминланмоқда, аҳолининг турмуш фаровонлиги юксалмоқда.

Нигорахон ЮЛДАШЕВА,

 

Шаҳрихон тумани Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими раҳбари.

Депутатларимиз эҳтиёжманд оилаларга кўмак бермоқда

Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалиги тармоқларини янада ривожлантириш, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишда мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада ошириш бўйича қатор вазифалар белгилаб берилган эди.

Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш, жумладан, экин экиш,    томорқадан самарали фойдаланиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун хонадонларда деҳқончилик ишларини самарали йўлга қўйиш бўйича "Миллий тикланиш" партияси вилоят кенгаши, партиядан сайланган депутатлар томонидан кенг кўламли амалий ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Чўп суқсак ҳам униб чиқадиган унумдор ерларимиз, меҳнатсевар халқимиз бор. Коронавирус пандемияси сабаб жорий этилган карантин шароитида ана шу ерларимизнинг бирор бир қисми экин экилмасдан қолиб кетмаслиги керак. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотига муҳтож бўлмаслигимиз ёки хориждан олиб келишга эҳтиёж қолдирмаслик, фаровон яшашимиз учун Президентимиз таъкидлаганидек, бугун пойдевор қўйишимиз лозим. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолининг  қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган талабини қондириш, даромадларини ошириш, одамларимизнинг бугунидан рози бўлиб ҳаёт кечиришлари учун деҳқончилик ишларини янада юқори даражага кўтаришимиз, айниқса, бугунги кунда ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

"Миллий тикланиш" партиясидан халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят кенгашларига сайланган депутатлар айни кунларда карантин ҳамда коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича белгиланган тартибларга амал қилган ҳолда ўз сайлов округларида аҳоли томорқаларига экиш учун керакли кўчатларни еткизиб берди.

Туман, шаҳар ҳокимликлари, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда деҳқонларимизга, томорқа ер эгаларига қандай ёрдам керак бўлса, имкон қадар ёрдам кўрсатиб келмоқда. Бундан ташқари, аҳоли ўртасида томорқадан унумли фойдаланиш, карантин шароитида фойдали меҳнат билан шуғулланиш, шахсий гигиена қоидаларига амал қилиш бўйича ҳам тарғибот-тушунтиришлар олиб борилмоқда.

Депутатларимиз Ҳ. Омонов, С. Мамитова, Қ. Отахонов, А.Абдуллаев, Г. Ашурова,    М. Халилов томонидан вилоятдаги Тошховуз, Қўштепа, Сарбон, Сариқжўга, Ортиш, Сегаза, Чекёр, Оқ олтин, Иттифоқ маҳаллаларида яшовчи эҳтиёжманд оилаларга помидор, булғор қалампири, карам, бақлажон, бодринг кўчатлари етказиб берилди. 

Бугун вилоятимизнинг деярли барча ҳудудларида экин экиш ишлари якунига етказилмоқда. Унутмаслигимиз керакки, бирор экин экмасдан ернинг умрини зое кетказиш дастурхонимиз тўкинлигига салбий таъсир кўрсатади, қолаверса, бу масъулиятсизлик, юрт тақдирига бефарқликдир. Шу боис, ҳар биримиз ўз хонадонимизда истеъмолимиз учун зарур бўладиган мева-сабзавотлар етиштирсак, дастурхонимиз тўкин, қолаверса, бозорларимизда ҳам арзончилик бўлади.

 

Камола АБДУВАЛИЕВА,

Ўзбекистон "Миллий тикланиш"  демократик партияси вилоят

 

Кенгаши матбуот котиби.

Қўшнинг тинч - сен тинч!

маҳаллада нима гап

Маҳалламиз аҳолисининг аксарияти деҳқончилик орқасидан тирикчилик ўтказади. Шу боис, карантин шароитида одамлар ваҳимага тушгани, беўрин кўчада юргани йўқ. Томорқасида, даласида баҳорги юмушлар билан банд.

Биз, маҳалла фуқаролар йиғини мутасаддилари эса ҳар бир хонадоннинг шароитидан хабар олиб турибмиз. Хонадонларга кириб, ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланиш, керакли сабзавот ва резаворлар экилишини назоратга олганмиз. Айрим хонадонлар биринчи ҳосилни йиғиштириб бўлди. Қолганлари ҳам тез орада саримсоқ пиёз ҳосилини йиғиштириб, ўрнига такрорий экин экади.

Туманимизда ташкил этилган кўчма автодўконлар кунора маҳалламизга ташриф буюряпти. Маҳалладошларимиз ўзларига керакли барча озиқ-овқат маҳсулотларни харид қилмоқда.

Қайси хонадонга помидор, карам, булғор қалампири ва  бошқа турдаги кўчатлар зарур бўлса, мутасадди ташкилотлар орқали етказиб бердик. Маҳалладаги 650 та хонадонга энг керакли озиқ-овқат маҳсулотларини бепул тарқатиб чиқдик. Бундан  ташқари, кам таъминланган, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, хомийлик марказлари орқали уларга ёрдам кўрсатилмоқда.

 Халқимизда "қўшнинг тинч-сен тинч!" деган мақол бор. Девор-дармиён қўшнисиникида беҳаловатлик бўлса, иймон-инсофли одам бефарқ қараб тура олмайди,  албатта. Маҳалламиздан ҳам 8 та оила карантинга олинган эди. Шукрки, 14 кун давомида уларнинг  ҳеч қайсисида коронавирус касаллиги аниқланмади.

Ойнаи жаҳон ва интернетдаги хабарларда коронавирус ҳақида гапирилаверганидан одам зада бўлади. Аммо, маҳалламиз ҳаётини кўрган одам бу балойи офат борлигини ҳам унутади. Кимдир томорқасида экинларни чопаётган, суғораётган, узумларини хомток қилаётган, мол-ҳолга қараётган, бир сўз билан айтганда, қишлоқда шу тахлит ҳаёт қайнаяпти. Тинимсиз меҳнат билан банд бўлган, соғлом турмуш тарзини олиб борган одамга эса касаллик яқин йўламайди. Насиб этса, меҳнатларимиз, ҳамжиҳатлигимиз, бир-биримизга бўлган меҳр-оқибатимиз билан вирус балосини албатта, енгиб ўтамиз.

 

Одинахон ИСРОИЛОВА,

 

Булоқбоши туманидаги Зарғалдоқ МФЙ мутахассиси.