+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

САХОВАТ АКЦИЯСИ СИЗ ЁЛFИЗ ЭМАССИЗ

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлудахон Адҳамжонованинг ташаббуси билан Андижон туманида "Меҳримиз сизга" деб номланган акция ўтказилди.

Ушбу тадбир доирасида ҳудуддаги ёлғиз яшовчи ва имконияти чекланган фуқароларнинг хонадонларига кирилди, уларга моддий-маънавий кўмак кўрсатилди, саломатлиги шифокорлар томонидан кўрикдан ўтказилди. 

 Андижон тумани, Куйганёр шаҳарчасида яшовчи Фаридахон Мирзаева ҳаётда қандай оғир кунларни кўрмади. Уч фарзанди ва оиласидан айрилди. Оналик кучи ва аёллик иродаси билан барчасини енгиб ўтди. Ҳозирда бир ўзи яшайди. Депутат бошчилигида Ўзбекистон "Адолат" СДП  фаоллари унинг хонадонига кириб борганида қувончдан кўзлари ёшланди.

- Сиз сира ёлғиз эмассиз, - деди Олий мажлис депутати М. Адҳамжонова. - Президентимиз сизнинг ғамхўрингиз, атрофингиздагилар суянчингиз. Биз - барчамиз бир оиламиз.

Шу куни шифокорлар Ф.Мирзаевани тиббий кўрикдан ўтказди, унга керакли дори-дармонлар берилди.

Бунёдкор маҳалласида яшовчи меҳнат фахрийси Марҳабо Маҳмудова ҳам эҳтиёжманд оилада яшайди. Онахон    қандли диабет касаллигидан қийналмоқда, даволанишга имконияти йўқ. Шу боис, депутат онахоннинг саломатлигини ўз назоратига олди. Даволаш ишлари бошланди. Унга ёрдам тариқасида озиқ-овқат маҳсулотлари берилганида кўзларида ёш қалқиди. Юртимиз, халқимиз, яхши одамлар кўпайишини тилаб, узоқ дуо қилди.

Акция давомида 10 дан ортиқ эҳтиёжманд оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари    тарқатилди.

Малоҳатхон МУСАЕВА,

 

"Адолат" СДП раисининг  ўринбосари.

Олтинкўллик пиллакорлар режани илғорлар қаторида бажарди

 "Пилла - 2020"

Жорий йилда олтинкўллик пиллакорлар томонидан 3 минг 80 қути ипак қурти парваришланди. Якунда 169,4 тонна юқори сифатли пилла етиштирилиб, белгиланган шартнома режаси ортиғи билан бажарилди.

- Туман пиллакорлари учун бу йил муваффақиятли келди, - дейди туман ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Зилола Тоштемирова. - Фермер ва пиллакорларимизнинг самарали меҳнатлари туфайли пилладан кутилганидан юқори ҳосил олинди.

Жорий мавсумда тумандаги 2 минг 260 та аҳоли хонадонида ипак қурти парваришланди. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида, белгиланган тартиблар асосида олиб борилди.  Натижада кўплаб тажрибали пиллакорлар ҳар бир қутидан режадаги 55 кило ўрнига 60-70 килодан "кумуш тола" етиштирди.

 Пиллачилик кластерлари - "Олтинкўлнинг олтин ипаги",  "Асака силк ворм",  "Андижон Гуанг Тонг"  масъулияти чекланган жамиятлари умумий хирмонга муносиб ҳисса қўшди.

Мавсумда Андижон, Оқтепа, С. Ашуров номли массивлар пиллакорлари пешқадам бўлди.

Муҳайё Исмоилова,

 

жамоатчи мухбир.

"Фермерлик - менга ота мерос", - дейди Халима Бекмуродова.

Фермер аёлларимиз

Халима болалигидан    деҳқончиликнинг нонини еб катта бўлди. Дадаси Назиржон Орипов ер билан тиллашган фермер, умри далада ўтган деҳқон эди. Дадасига тушлик олиб келганида, Назиржон ака шундоқ уватнинг бошига қизалоққа тўшак солиб берар, Халима кечгача капалаклар тутар, беда гулларидан гулчамбарлар ясаб ўйнарди. Катта бўлгач, Халима бошқа соҳанинг бошини тутишни хоҳламади, дадасининг ёнига кирди. Назиржон ака фермер хўжалиги ташкил қилди. Уйлари ёнидаги сой бўйларига айлантириб терак экдилар, салкам 4 гектар ернинг ярмига тутзор барпо этдилар. Шоли, картошка-пиёз, чорва ҳайвонлари учун озуқа етиштира бошладилар.

-Уч йил бўлди, дадам оламдан ўтганига, -  дейди Халима Бекмуродова. - Шундан буён дадам ташкил қилган "Зулфиқор зийнати" фермер хўжалигини мустақил бошқаряпман. Албатта, осон эмас. Чунки, аёлман, оилам, 5 та болам бор. Ўзимга яраша масъулиятим, вазифаларим бисёр. Аммо, фермерлик - менга ота мерос. Шунча меҳнат, машаққат эвазига бунёд этилган хўжаликни ташлаб қўёлмайман. Қийналсам-да, аста-секин ўрганяпман. Бу ерларда дадамнинг излари бор. Экилган ҳар бир дарахт дадамни эслатиб туради.

Фермер хўжалиги Андижон тумани Чўлпон массивидаги Оқ-ёр қишлоғи ҳудудида жойлашган. Ер майдони ҳам унча катта эмас. Асосан, сабзавотчилик, пиллачиликка ихтисослашган. Ҳар йили хўжалик аъзолари уч мавсум ипак қурти парваришлаб, давлатга қимматбаҳо хом ашё-кумуш тола етиштириб бермоқдалар.

Ўтган йили хўжаликнинг бир чеккасида иссиқхона барпо этилиб, лимон кўчатлари ўтқазилган эди. Халима Бекмуродова 3 йилда ҳосилга киради, деб ўйлаган лимонлари жорий йилдаёқ мева тукканидан хурсанд.

- Чорва моллари боқиб кўпайтириш ниятим бор. Аммо, бунга етарлича маблағим йўқ. Давлатимиз томонидан тадбиркорлик билан шуғулланаётган хотин-қизларга имтиёзли кредитлар ажратиляпти. Мен ҳам кредит олсам, ишчи ўринларини кўпайтирсам, хўжалигимни ривожлантирсам, деб турибман.

Меҳнат машаққатли бўлса-да, меваси ширин бўлади. Халима фермер ҳам қилган меҳнатлари самарасини кўриб, орзуларига етса, ажаб эмас.  Чунки, ҳалол меҳнат кишини фақат бахту саодатга, фаровонликка етаклайди.

 

 

Муаззам СОБИРЖОН қизи

Қишлоқ аҳолисининг кўп йиллик орзуси ушалди

Тентаксой дарёси устига Избоскан ва Пахтаобод туманларининг қатор аҳоли пунктларини боғловчи янги кўприк барпо этилиб, фойдаланишга топширилди.

Маълумки, Тентаксой сел хавфи юқори бўлган сув тармоқларидан бири ҳисобланади. Дарё турли йилларда ўзанидан чиқиб, аҳоли хонадонлари, экин майдонларига кўп бор зарар етказган. Избоскан ва Пахтаобод туманларини боғлаб турувчи мазкур кўприк сел ва      тошқинлар натижасида кейинги йилларда яроқсиз ҳолга келиб қолган эди.

Юк ташишда ҳам муҳим аҳамият касб этадиган, қолаверса, 500 минг нафарга яқин аҳолининг узоғини яқин қиладиган ушбу кўприк вилоят ҳокими ташаббуси билан замонавий кўринишда, янада мустаҳкам қилиб қайта қурилди.

-      Кўприк кўп бор таъмирланган, лекин, кутилганидек   мустаҳкам эмас эди, - дейди меҳнат фахрийси Хусанбой ота Орифжонов. - Шу боис ҳам    кейинги йилларда яроқсиз ҳолга келиб қолганди. Икки қишлоқ аҳолисининг Президентимиз Халқ қабулхонасига мурожаати, вилоят ҳокимининг амалий кўмаги билан кўприкни янгитдан барпо этиш масаласи ижобий ечим топди.

Қурилиш ишлари Андижон кўприклардан фойдаланиш унитар корхонаси қурувчи ва мутахассислари томонидан олиб борилди. Дарё ичига 20 метрлик темир-бетон устунлар ўрнатилди, кўплаб мустаҳкам блоклар ётқизилди. Умуман, қурилиш ишлари учун 6 миллиард 734 миллион сўм маблағ сарфланди.

Узунлиги 73 метр, эни 10 метр бўлган кўприк замонавий кўприксозлик талаблари асосида янгитдан барпо этилди.

Кўприкни фойдаланишга топшириш маросимида вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов иштирок этди ва сўзга чиқди.

 

 

Сожида САИДОВА

Шукроналик - ризқимизни зиёда қилади

Маҳаллада нима гап?

Юртимизда кам таъминланган, етарли даромад манбаига эга бўлмаган аҳоли қатламлари мавжуд. Президентимиз бу ҳақда гапирганида беихтиёр кўзларимга ёш келган эди. Чунки, йиллар давомида айтилмаган, эътироф этилмаган бу масала ҳақидаги фикрлар аксарият юртдошларимиз кўнглидаги гап эди. 

"Юртимизда, айниқса, қишлоқларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмаслиги бор гап. Турли ҳисоб-китоб-ларга кўра, улар умумий аҳоли сонининг 12-15 фоизини ташкил этади. Бу ўринда гап кичкина рақамлар эмас, балки аҳолимизнинг 4-5 миллионлик вакиллари ҳақида бормоқда", - деган эди юртбоши.

Бу сўзларни эшитган, ўзини юртга даҳлдор ҳисоблаган инсон борки, виждони қийналади, ҳаловати йўқолади. Назаримда фақат давлат раҳбаригина эмас, бошқа амалдорлар, имконияти кенг тадбиркорлар камбағалликни камайтириш борасидаги ишларга  ўз ҳиссасини қўшиши лозим.

Маҳалла тизимига ишга ўтганимга 3 йил бўляпти. Шу вақт мобайнида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлиб, ўзим ҳам мана шу жараёнларда фаол иштирок этаяпман.

Маҳалламизда 3 минг 170 нафар аҳоли истиқомат қилади. Шундан 1 минг 800 нафарга яқини хотин-қизлардир. Ҳудудимиздаги ижтимоий муаммоларни ҳал этишга, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратилмоқда. Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз фуқаролар билан тизимли иш олиб борилиб, муносиб иш жойи билан таъминлашга эътибор берилмоқда. Бу йил айниқса, томорқа бизнесига қизиқиш кучайди. Маҳалламизда 20 дан зиёд хонадонда иссиқхона ташкил этилган. Улар етиштирган, янги узилган сифатли сабзавотлар қишин-ёзин аҳолимиз дастурхонидан узилгани йўқ. Янги иш бошламоқчи, оилавий тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган хотин-қизларимиздан 12 нафарига банкдан имтиёзли кредит олишларини таъминладик.

Аёлларимиз олган кредитларидан мақсадли фойдаланиб, ўз хонадонларида тадбиркорликни бошлаб, даромад топиш имкониятларини кенгайтириб олдилар. Масалан, Ёрқиной Каримова, Феруза Исаева 17 миллион сўмдан кредит олиб, чеварлик йўналиши бўйича тадбиркорликни бошладилар. Ёрқиной    "устоз-шогирд"анъанаси асосида қизларга бичув-тикув сирларини ўргатиб, аёллар либосларини тикиш билан  шуғулланяпти. Феруза маҳалла гузарида цех очиб, буюртма асосида ҳарбийлар учун либослар тикиб сотаяпти. Ёқутхон Мирзамаҳмудова қўй олиб боқяпти, Барнохон қуёнчилик билан шуғулланмоқда.  Хуллас, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш орқали  уларнинг барқарор ва қўшимча даромад манбаига эга бўлишлари таъминланмоқда.

Шукр, юртимиз тинч, бироқ орамизда камбағалликда, оғир шароитда яшаётган инсонлар ҳам бор. Президентимиз, ҳукуматимиз бошчилигида уларни қўллаб-қувватлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун бор имкониятларимизни ишга солиб меҳнат қиламиз. Сабр-тоқат, шукроналик билан мақсадларимизга албатта, етишамиз. Қолаверса, шукроналик - ризқимизни зиёда қилишини асло унутмайлик.

 

Зуҳрахон МИРЗАРАҲИМОВА,

 

Пахтаобод тумани Қорақўрғон МФЙ раисининг Оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари.  

Вилоятимизда аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича ишлар олиб борилмоқда

Жараён

Президентимиз жорий йил 21-22 май кунлари Андижон вилоятига қилган ташрифи давомида вилоятда қийин шароитда яшаётган 40 мингдан зиёд оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини, яъни доимий даромад манбаи билан таъминлаш орқали камбағалликдан чиқариш бўйича топшириқлар берган эди.

Айни пайтда давлатимиз раҳбарининг топшириғи бўйича вилоятимиз туман ва шаҳарларида муайян ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, эчкичилик, паррандачилик ва қуёнчилик йўналишида вилоятда 62 та кластер корхоналари ташкил этилди. Уларга тижорат банклари томонидан кредитлар берилиши, кластер корхоналар эса ана шу кредит ҳисобидан имконияти ва хоҳишидан келиб чиқиб, эҳтиёжманд хонадонларга жўжа, қуён, эчки ҳамда уларни боқиш учун зарур ем-озуқа тарқатиши кўзда тутилган.

Асака туманидаги Бахрин ва Ниёзботир маҳаллаларидаги 80 та хонадонга 20 мингта бройлер жўжалари ва улар учун озуқа тарқатилди.

- Оила бошлиғиман, - дейди Бахрин маҳалласи Хуррият кўчасида яшовчи Баҳромжон Муҳаммадиев. - Асосан, мавсумий ишларни бажариш орқали даромад топардим. Афсуски, коронавирус туфайли жорий этилган карантин даврида мавсумий ишлар ҳам у қадар кўп бўлмаяпти. Оилани боқиш, тирикчилик ўтказишга анча қийналиб қолгандим. Президентимизга раҳмат, у кишининг ташаббуси билан мен каби инсонларга уйда иш билан банд бўлиш, даромад топиш имкони берилди.

Кластер корхона томонидан 250 та бройлер жўжа, озуқаси берилди. Оиламиз билан боқаяпмиз. Маълум вақт ўтиб, жўжалар катта бўлгач, уларни кластернинг ўзи сотиб оладиган бўлди.

Бахрин маҳалла фуқаролар йиғини раиси Умиджон Назаровнинг айтишича, маҳалладаги 20 дан зиёд оила бройлер жўжаларини парваришламоқда.

  Режага кўра, вилоятдаги чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган  кластер корхоналар томонидан 10 минг хонадонга 20 мингта эчки, 20 минг хонадонга 5 миллион дона жўжа, 7 минг хонадонга 70 мингта қуён берилиши мўлжалланган.

Юқорида таъкидланганидек, жўжа, эчки ва қуён эҳтиёжманд оилаларга мутлақо бепул берилади. Масалан, бройлер жўжалар 1,5-2 ойда етилади. Етилган жўжаларни кластер бозор нархларида қайта сотиб олади. Бунда жўжа ва ем нархи чегириб ташланади. Эчкичилик йўналишида эса кластер корхона унинг сутини сотиб олади. Бир кунда битта эчкидан 3 литр сут соғиб олинса, 2 бош эчкидан бир ойда 180 литр сут олинади. Бир литр сутнинг ўртача нархини 8 минг сўм десак, бир ойда 1 миллион 440 минг сўм бўлади. Бу даромаддан эчки нархининг маълум қисми ва озуқа нархи чегириб ташланади. Қуёнчилик йўналишида ҳам ана шундай тартиб асосида иш олиб борилади.

Заруратга қараб жўжа ва қуён боқувчилар учун махсус катаклар ҳам тақдим этилади. Албатта, бундай содда усул ўз самарасини беради. Энг асосийси, берилаётган парранда ва чорва ҳайвонлари учун бирор ҳужжат ёки кафолат талаб этилмайди.

Қийин шароитларда яшаётган аҳолини камбағалликдан чиқариш учун берилаётган маҳсулотлар, биринчи навбатда шу тоифадаги оилалар, ишсизларга тақдим этилади. Маҳсулот олувчиларнинг рўйхати маҳалла фуқаролар йиғини ва ҳокимликлар томонидан шакллантирилади.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Элмира БОСИТХОНОВА: Ҳар бир маҳалланинг ўз "Анзират буви"лари бўлиши лозим

Жараён

Бугун мамлакатимиз хотин-қизларини қийнаётган муаммолар нималардан иборат? Уларни ҳал этиш юзасидан жойларда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигида ўтказилган видеосеминарда ана шу саволларга атрофлича жавоб берилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова бу борадаги ўз фикрларини билдириб ўтар экан, жамиятнинг ажралмас бўлаги ҳисобланувчи оила ва хотин-қизлар масаласи бугунги кунда давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги, бу борада жойларда фаолият юритаётган вазирлик тузилмасидаги хотин-қизлар билан иш олиб борувчи мутасадди вакилларнинг ўрни ва аҳамияти катта эканлигини алоҳида эътироф этди ҳамда масъуллар олдидаги келажакда амалга ошириш зарур бўлган истиқболдаги муҳим вазифаларни белгилаб берди.

Айтиш лозимки, маҳалла турли ижтимоий қатлам вакилларини бир жамоага бирлаштирувчи, умумий манфаат, мажбуриятларни таъминловчи, ҳар бир фуқарога ижтимоий масъулият юклай оладиган ягона тузилмадир. Шундай экан, фуқаролар йиғини раисининг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосарлари зиммасига янада муҳим масъулият юкланадики, ўз ҳудудидаги ҳар бир оила, ҳар бир хотин-қиз билан индивидуал иш олиб бориш, уларнинг дарду ташвишлари, орзу-умидларини тўла англаган ҳолда, уларга ўз вақтида кўмак кўрсата олиши энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.

- Мазкур вазифалар ижросини тўла таъминлаш учун ҳам, сизу биз янада самаралироқ меҳнат қилишимиз, янада ташаббускор бўлишимиз лозим, - дейди Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Элмира Боситхонова. - Юртбошимиз ўзининг ҳар бир нутқида оила ва хотин-қизлар масаласига алоҳида урғу бериб ўтиши бежиз эмас. Сабаби Давлат раҳбари сифатида бизнинг ҳар бир муаммомиз, орзу-ўйларимиз, келажак мақсадларимиз билан доимо қизиқиб келади. Биз эса ана шу юксак эътиборга муносиб равишда жавоб қайтаришимиз учун ўз ҳудудимиздаги хотин-қизлар билан боғлиқ масалаларга имкон қадар индивидуал ёндашишимиз, муаммонинг туб илдизига кириб боришимиз шарт.

Видеосеминарда маҳаллаларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш тўғрисида тизимли ишларни ташкил этиш борасида туман (шаҳар) Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғининг биринчи ўринбосари вазифаларини тизимли равишда ташкил этиш зарурати ҳақида сўз борди.

Э.Боситхонова томонидан глобализациянинг миллий қадриятларимиз, оилалар мустаҳкамлиги, фарзандлар тарбиясига, мамлакат фуқаролари, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигига ҳамда уларнинг маънавий бойлигига нисбатан салбий таъсирини бартараф этишга тўсқинлик қилаётган асосий омиллар санаб ўтилиб, уларни ҳал этиш бўйича жойлардаги масъулларнинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

Видеосеминарда яна бир муҳим қадам - Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги барча умумтаълим муассасалари қошида "Оrasta qizlar", барча фуқаролар йиғинлари қошида эса "Мahallaning orasta qizlari" тўгараклари фаолиятини йўлга қўйиш ҳақида фикр юритилди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш, Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Республика Маънавият ва Маърифат маркази, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан "Ёш авлодни, хусусан қизларни миллий, тарихий, маънавий-ахлоқий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, оила ва маҳалла муқаддаслигини уларнинг онгига сингдириш юзасидан тизимли ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида"ги Қўшма қарорда кўзда тутилган турли масалалар ҳам семинар давомида қизғин баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

- Аёл ўзини қачон бахтли ҳисоблайди? Қачонки, унга бўлаётган эътиборни юракдан ҳис қилса, ўзининг оиласига, жамиятга керак эканлигини доимо ҳис қилиб яшаса, - дейди Элмира Боситхонова. - Шундай экан, мамлакатимиз хотин-қизлари томонидан бизга юборилаётган мурожаатларга ўз вақтида муносабат билдиришимиз, ундаги масалаларга оқилона ёндашиб, ижобий ечим топишимиз зарур. Бу борада ҳар бир маҳалланинг ўз "Анзират буви"лари, айтиш лозим бўлса, ҳар бир ҳудуднинг виждонига айланган куюнчак инсонлари бўлиши керак, деб ўйлайман.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш

 

вазирлиги Матбуот хизмати

БУНДАЙ ЭЛНИ ҚАЙДАН ТОПАСАН?

Мунаввара УСМОНОВА

Эй қалдирғоч, қайга шошасан,

Чуғурлайсан, недан хафасан?

Айвонига ин солган қушни

Кутган элни қайдан топасан?  

    

Бу бир элки, бағри кенг - ҳотам,

Етти ўлчаб ташлайди қадам,

Бўйласа ҳам дил уйига ғам,

Кулган элни қайдан топасан?

 

Келмай қолса уйига меҳмон,

Жони ҳалак, югурар ҳар ён,

Қуш сайраса, тунда туриб нон

Ёпган элни қайдан топасан?

 

Ўнта  бўлса - ўрни бўлак, деб,

Бир кун бўлар менга тиргак, деб,

Эл тинчига ўғлон керак, деб

Туққан элни қайдан топасан?

 

Ҳол  сўрасанг, нон тутар деҳқон,

Сўзламаган умрида ёлғон.

Ер киндигин узарга имкон

Топган элни қайдан топасан?

           

Эй қалдирғоч, шошқалоқ санам,

Кетма, қорлар  ёғса нима  ғам,

Қуш инига тунда ёқиб шам

Тутган элни қайдан топасан? 

 

 

Бундай элни қайдан топасан...

Марҳаматлик эҳтиёжманд хотин-қизларга тикув машиналари ва бошқа жиҳозлар топширилди

Мамлакатимизда Президентимиз топшириғига асосан хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи тузилиб, фаолият олиб бормоқда.

Республика ишчи гуруҳи жорий йилнинг март ойида вилоятимизда иш олиб борди. Барча туман ва шаҳарларда хонадонма-хонадон юриб, хотин-қизларни қийнаётган муаммоларни ўрганиб чиқди. Аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида ҳар бир худуд бўйича манзилли чора-тадбирлар дастурлари ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати,  Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси раислари ҳамда вилоят ҳокими томонидан тасдиқланди ва ижрога йўналтирилди.

Дастурлар ижроси доирасида Марҳамат тумани Маданият марказида вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи М.Юнусова, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Ш.Балтабаев,  Марҳамат тумани ҳокими Б.Юлдашев ҳамда масъул ташкилотлар вакиллари, хотин-қизлар иштирокида тадбир ташкил этилди. Тадбирда хотин-қизлар муаммоларини бартараф этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлаш масаласи ҳукуматимизнинг алоҳида эътиборида эканлиги таъкидланди. Уларнинг эҳтиёж ва имкониятидан келиб чиқиб, 80 нафар аёлга тикув, кир ювиш машиналари, электро печ, музлатгич, газ плитаси, компьютер жамланмаси, шунингдек, уй-жойларни таъмирлаш учун қурилиш материаллари, соғлиқларини тиклаш мақсадида дори-дармон олиш учун сертифиқатлар ҳамда сиҳатгоҳларга йўлланмалар топширилди.

Вилоятимизда эҳтиёжманд оилалар, қийин шароитларда яшаётган аёлларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бу каби ишлар давом этмоқда.

 

Сожида САИДОВА

7 МЎЖИЗАВИЙ РАҚАМ...МИ?

Синоат

Қатор ёзма манбаларда етти сонига мўъжизавий рақам, деб таъриф берилади. Унда қандайдир илоҳий ишоралар бор, деган фикрлар айтилади. У дунёдаги айрим халқлар назарида бахт-саодат келтирувчи сирли сон ҳисобланади.

Халқимизда етти сони билан боғлиқ қатор ибора ва мақоллар мавжуд. Хусусан, "Етти хислат эгаси", "Етти ўлчаб бир кес", "Ердан айрилган етти йил йиғлар", "Бир болага етти маҳалла ота-она" ва ҳоказо. Бундан ташқари, оламнинг етти мўъжизаси, етти қават осмон, етти сайёра, етти иқлим, етти хазинанинг бири каби иборалар ҳам гўё етти рақамининг ўзига хос хосияти борлигини англатадигандек.

Ушбу рақам номи лотин тилидаги "Септанна" сўзидан олинган бўлиб, луғавий "етти йиллик муддат" деган маънони билдиради.

Ривоятларга кўра, муқаддас Макка шаҳридаги "Зам-зам" сувининг пайдо бўлиши ҳам етти рақами билан боғлиқ экан. Ҳаж сафарига борганлар Сафо ва Марва деган тепаликлар ўртасида етти марта саъи (югуриш) қиладилар. Битикларда ёзилишича, Иброҳим (а.с.) биринчи хотини Сора рашкидан биби Ҳожарни гўдаги Исмоил билан одам яшамас жойларга ташлаб келишни ихтиёр этади. Иброҳим (а.с.) уларни олиб саҳронинг ўртасига борганда биби Ҳожарга "Сизлар шу ерда яшаб туринглар", дейди.

Биби Ҳожар: - Бу Сизнинг амрингизми ёки Аллоҳнингми? - деди.

Иброҳим (а.с.): - Аллоҳнинг амри, - дедилар. Биби ҳожар онамиз:

- Ундай бўлса сиз кетаверинг, бизни Аллоҳнинг ўзи асраб олади, - деб жавоб беради.

Кун иссиқ. Егани на овқат, на сув бор. Гўдак йиғлай бошлади. Биби Ҳожар Сафо-Марва орасида сув излаб, етти марта у ёқдан бу ёққа югурди. Еттинчи марта югурганида гўдакнинг товони остидан сув чиқиб, бола оқиб борарди. Биби Ҳожар сувга "Зам-зам" деб қўлини урган эди, сув тўхтади, ўша ерда булоқ пайдо бўлди. Она-бола тўйиб сувдан ичдилар. Шу-шу ўша булоқ оқиб туради. Ҳожиларнинг Сафо-Марва орасида етти марта югуриши ўшандан қолган.

Ҳафтанинг етти кундан иборат эканлиги, ер юзи ҳудудининг етти иқлимга бўлиниши бизга қадимдан маълум. Миср пирамидалари ҳам етти мўъжизанинг биридир. Нотамиз ҳам еттита. Шу етти нота ёрдамида юзага келадиган куй инсонни ларзага солиши мумкин. Камалак ранглари жилоси ҳам асосан кўринадиган етти хил рангдан иборат бўлади. Ана шу ҳолатлар етти рақамининг сир-синоати ҳақида одамларга ниманидир ангатишга белги бўлиши ҳам мумкин.

Кимё фанида ҳам модданинг етти қиёфаси, Менделеевнинг даврий системасида ҳам еттита давр мавжуд. Бизнинг бўйин қисмимиз ҳам еттита бўйин сегментларидан ташкил топган, нафақат инсонларники, ҳатто турли ҳайвонларнинг бўйин қисми ҳам еттита    сегментдан ташкил топган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, етти рақамида инсон ҳали англаб етмаган қандайдир сир-синоат бор бўлиши мумкин деган фикр туғилиши табиий. Буни ҳақиқатдан ҳам шундай ёки шунчаки тасодиф эканлигига балки йиллар ўтиб аниқ жавоб айтилар. Нима бўлганда ҳам, ушбу жумбоқ сирини      англаш иштиёқи инсонни ҳеч қачон тарк этмайди.

 

Сурмахон ИСМОИЛОВА,

Андижон давлат

 

университети ўқитувчиси.