Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Бугунги кунда таълим-тарбия сифатини замон талаблари даражасига кўтариш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Таълим-тарбия тизимининг асосий вазифаси - ўқувчиларни Ватанни севадиган, ўз билими ва истеъдодига суянадиган ҳамда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан эркин фойдалана оладиган қилиб тарбиялашдан иборат. Бу ўқитувчилар зиммасига улкан вазифаларни юклайди. Ўқитувчининг ижодий изланишлари орқали таълим самарадорлигини оширишга ёрдам берадиган омиллардан бири бу таълим муассасаларида фан ойликлари, очиқ ва кўргазмали дарслар, турли тадбирлар ўтказилишидир.
Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида илғор ўқитувчиларнинг иш тажрибаларини ўрганиш, таҳлил қилиш орқали педагоглар билимини кенгайтириш мақсадида информатика фани бўйича "Билимдонлар" кўрик танлови ўтказилди. Андижон шаҳридаги 5-, Балиқчи туманидаги 10-умумтаълим мактабларида таълим олаётган ўқувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган кеча қизғин беллашувлар ва таассуротларга бой кечди.
Беллашувда 5-мактаб шарафини 9-синф ўқувчиларидан тузилган жамоа муносиб ҳимоя қилди. Билимдон устозлар ва уларнинг шогирдлари етти шарт бўйича ўзаро беллашдилар. Айниқса, ўқитувчилар баҳси жуда қизиқарли кечди. Жамоаларнинг ҳар бир шарт бўйича иштироки баҳолаб борилди. Дўстона рақобат руҳида ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, 5-умумтаълим мактаби жамоаси ғолиб чиқди.
Кечанинг бадиий қисмида иштирокчи жамоалар томонидан тайёрланган дастур-ижро этилган қўшиқ ва рақслар, айтилган шеърлар, шунингдек, қизиқарли саҳна кўринишлари тадбир иштирокчиларига хуш кайфият улашди.
Тадбир сўнггида танловда фаол иштирок этган ўқитувчи ва ўқувчилар вилоят халқ таълими бошқармасининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Замонавий журналистика фақат шов-шувлардан иборатми..?
муносабат
Назаримда шаҳар бедарвоза бўлиб қолгандай. Йўқса, журналистика деб аталмиш муқаддас даргоҳга ит ҳам, бит ҳам қўлида телефон, диктофон, микрофон ва ҳатто соябон кўтариб кириб келаверармиди?!
Ижтимоий тармоқлар кенг тарқалганидан бери ўқиса-ўқимаса ўзини журналист, блогер деб таништирувчи ва ҳамма нарсага бурун суқиб, асабга тегувчи шахслар кўпайди. Обуначи йиғиш учун хоҳлаган давлат идорасини ойнасини синдириб, ҳатто ўзининг аммаю-холасининг оилавий жанжалларини ҳам оний сонияларда тасвирга олиб, бутун оламга тарқатаётган бундай кимсалар кўпайса кўпайяптики, асти қўяверасиз. Телеграм ёки Ютубда ўзича канал очволиб, унга рўпара келган бемазагарчиликни жойлаётган ҳар кимни журналист деб аташ мумкинми?
Нохолис, пардасиз, асоссиз тарқатилаётган маълумотлар кишилик жамиятининг илдизига болта уриб, фуқаролар ва давлат идоралари ўртасидаги муносабатларни кескинлашувига олиб келаяпти.
Битта оиланинг бузилиши, кимнидир бошига мусибат тушиши ва эътибор марказида бўлган сиёсий арбоб, таниқли шахс ёки санъаткорларнинг "қовун тушди"си ўзларини "блогер" деб атаётган айрим чаласаводлар учун тирикчилик манбаи бўлиб бормоқда.
Воқеага фақат жабрланувчи ёки мурожаатчининг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилиш ниқоби остида кириб олиб, рўй берган ҳодисанинг ижтимоий ва сиёсий аҳамиятига фақат бир томонлама қоралаб, нохолис ва саёз материал тарқатаётган кимсаларга ачинаман. Прокуратура ва суд тизими ходимларини, ИИБ, ЙПХ, соғлиқни сақлаш, вилоят, туман ҳокимиятидаги масъуллар ва энг кўп газ-электр таъминоти ходимларини аямасдан пўстагини қоқиб, ўзича шаффоф ва тўғри материал тайёрлаб кенг оммага намойиш этаётган қўштирноқ ичидаги айрим блогерларнинг асосий мақсади аслида "подписчик" (обуначи) йиғиб, "просмотр" орқали пул топиш!
Ҳаттоки, ёзган сарлавҳасида ҳам имло хатоларига йўл қўяётган, ролик орасида жойланган рекламалардан пул ишлаб топаётган бу жаноблар, топаётган даромадидан давлат бюджетига солиқ тўлашармикан? Менимча, бу замонавий, янги "журналист"ларни махсус журналистика курсларида ўқитиб, ҳар бир тайёрлаган материалининг келтириб чиқарадиган оқибатларини тушунтириб, қайта тарбиялаш керакмикан, деб ўйлаб қоламан. Масалан, бир аёл хиёнат устида қўлга тушяпти ва уни блогер яшин тезлигида интернетда тарқатаяпти. Турган гапки, бундай видеодан кейин шарманда бўлган аёл учун ҳаёт светофори қизил чироғини ёқади. Балким, адашгандир, хато қилгандир. Бу шармандаликдан сўнг бадном бўлиб чет элга чиқиб кетади. У-ку маломатдан қочиб қутулар, лекин ўша аёлнинг ота-онаси нима бўлади? Фарзанди бўлса, унинг келажакдаги ҳаёти нима бўлади?
Фоҳиша бўладими, қотил бўладими, бандасининг ҳисоби фақат Аллоҳга. Юртимизда уларни айбдор деб топадиган идоралар бор. Уч-тўрт сўм пулни деб бировни бутун дунёга шармисор қилишнинг нима кераги бор? Ёки замонавий журналистика деганлари шуми?
Кимнингдир азаси, кимнингдир хатоси, кимнингдир бахтсизлигидан фойдаланиш, шунинг орқасидан тирикчилик ўтказиш тубанликдан бошқа нарса эмас. Асл журналистика бундай нарсаларни ўргатмайди. Журналистика холислик ва ҳаққонийлик, адолат принципларига асосланган бўлиши, журналист эса жамиятни бўлиб ўтган воқеа-ҳодисалардан хабардор этибгина қолмай, кишиларни эзгу ишларга эргаштирувчи, жамият ҳаётига ижобий таъсир кўрсатувчи шахс бўлиб қолмоғи керак.
Маълумки, кейинги йилларда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, соҳа ишини юқори босқичга кўтариш, болаларни мактабгача таълимга қамраб олиш даражасини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Тизимдаги ислоҳотлар натижасида мактабгача таълим ташкилотлари фаолиятида янгича, илғор ва инновацион иш услублари жорий этилмоқда, болажонларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол вояга етказишга қаратилган ишлар янада юқори босқичга кўтарилмоқда. Бу борадаги ўзгаришларни Избоскан туманидаги 24- ва 42- сонли мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.
Шоирахон Қодирова раҳбарлик қилаётган 24- сонли боғчада мавжуд олтита гуруҳда 180 нафар болажонлар тарбияланади. 2019 йилда капитал таъмирланган мазкур муассасада болажонлар учун зарур барча шароитлар яратилган.
Боғчада турли байрам ва саналар муносабати билан байрам тадбирлари ўтказилиши яхши анъанага айланган. Хусусан, февраль ойида улуғ бобокалонларимиз Навоий ва Бобур таваллуди муносабати билан тадбирлар ўтказилган бўлса, ушбу ойда 8 март ва Наврўз байрамларига бағишланган байрам тадбирлари ташкил этилди. Тадбирларда болажонлар фаол иштирок этиш билан бирга, унутилмас таассуротлар олдилар.
Ана шу тадбирларда иштирок этган туман мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Назирахон Қобулова болажонларнинг чиқишларига юқори баҳо берди.
Мазкур боғчада инглиз тили тўгараги фаолияти йўлга қўйилганлиги эса болажонларнинг инглиз тилини ўрганишларига яқиндан ёрдам бермоқда.
Наргизахон Обидова раҳбарлик қилаётган 42- сонли мактабгача таълим ташкилотида ҳам ёш авлод таълим-тарбияси борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда 270 нафарга яқин тарбияланувчининг ҳар жиҳатдан етук ва баркамол ўсишлари, бошланғич таълим сабоқларини олишларида "Шуҳрат" медали соҳибаси Табассум Валиева, Шоҳидахон Деҳқонова, Ёқутхон Тўрабоева, Муаззамхон Ҳамидова, Оминахон Деҳқонова сингари тарбиячилар, шунингдек, тўгараклар раҳбарларининг меҳнатлари алоҳида эътирофга муносиб.
Умуман, ҳар иккала муассасада болажонлар учун барча шароитлар яратилган. Тажрибали мутахассислар болаларга бугунги кун талаби даражасида билим ва тарбия бераётган бўлса, қўлигул ошпазлар томонидан болажонларга мазали таомлар тайёрлаб берилмоқда, малакали ҳамширалар эса уларнинг соғлиги ва сифатли овқатланишини доимий назорат килиб боради.
Мухтасар айтганда, туманимиздаги аксарият мактабгача таълим ташкилотлари қатори биз сўз юритган боғчаларда таълим-тарбия ишлари намунали тарзда олиб борилмоқда.
Аёл - нозик ҳилқат, кўнгли эса унданда нозик бўлса-да, унинг иродаси, сабр-бардошига таҳсин айтмасликнинг иложи йўқ. Аёл истаса, меҳри, ширин сўзи билан дунёларни обод қилиши, тошдан санъат асари яратиши мумкин.
Инсон ҳаётда меҳнати, олиб бораётган хайрли ва эзгу ишлари билан қадр топади. Яна орамизда шундай инсонлар борки, улар ўз зиммасидаги вазифани адо этишга нафақат билими, салоҳияти, балки қалб қўрини, меҳрини баҳшида этади.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси Тиббиёт бўлими поликлиникасида қарийб 20 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келаётган Муҳайёхон Дадахўжаевани ана шундай аёллардан бири десак, асло муболаға бўлмайди.
Ширинсўз, касбига фидойи, меҳнатсевар, қалби пок, барча инсонларга яхшилик илинадиган, ҳеч кимдан ўз ёрдамини аямайдиган Муҳайёхон опа ҳақида фақат илиқ гаплар айтиш мумкин.
Муҳайё Дадахўжаева самарали фаолияти, қолаверса, қатор юксак инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, балки кенг жамоатчилик ўртасида алоҳида ҳурмат-эътибор қозонган.
Олий даргоҳни муваффақиятли тамомлагач, Муҳайёхон опа дастлаб вилоят Перинатал марказида иш бошлаган. Йиллар давомида тажриба орттирди, устозларидан касб сирларини пухта эгаллашга ҳаракат қилди. Кейинчалик у вилоят Ички ишлар бошқармаси тиббиёт бўлими поликлиникасига ишга ўтди. Айни пайтда у ультратовуш диагностика шифокори вазифасида сидқидилдан меҳнат қилмоқда.
Фаолияти давомида опа ҳар бир ишга масъулият билан ёндашади, айниқса, жонкуяр, очиқкўнгил ва самимийлиги билан шифо излаб келувчиларга хушнудлик улашади.
Муҳайёхон опа ўз касбининг фидойи ва етук мутахассиси бўлиш билан бирга, оилада меҳрибон она, севикли рафиқа, оқила уй бекаси, набираларининг меҳрибон бувиси сифатида ҳам кўпларга ибрат бўла олади. Оиласининг тинчлиги, фарзанд ва набираларининг камоли унга ҳамиша куч ва шижоат бағишлади.
Ўзининг ибратли ишлари билан бутун жамоага намуна бўлиб келаётган Муҳайёхон опани шогирдлари, вилоятимиз Ички ишлар тизимидаги барча опа-сингилларимиз номидан Наврўзи олам билан муборакбод этаман. Оиласи, фарзандлари бахтига омон бўлсин, эл-юрт равнақи йўлида олиб бораётган ишларида ҳамиша омад ёр бўлсин.
Ўқувчи ёшларни маънавий баркамол инсонлар бўлиб етишишлари, ижодий ва мантиқий фикрлаш кўникмаларини таркиб топтиришда, том маънодаги саводли шахс қилиб тарбиялашда ҳар бир фаннинг ўрни беқиёсдир. Бу борада математика фани муҳим аҳамият касб этади.
Математика фани сирларини пухта эгаллаш кўп жиҳатдан таълим жараёнида қўлланиладиган услуб ва воситаларга боғлиқ. Мазкур жараёнда фанга оид турли мисол, масала, тенглама, бошқотирма ва ребуслар ечиш асносида ўқувчида қизиқиш ва изланишни шакллантириш янада муҳим омиллар ҳисобланади.
Математика ва информатика фанлари аниқлик, ҳисоблаш ва мантиқий фикрлашга асосланган.
Математика, информатика фанлари ойлиги доирасида ўтказилган тадбирлар, очиқ ва кўргазмали дарслар орқали ўқувчиларнинг фанлардан олаётган билим кўникмалари янада бойитилади. Шу боис ҳам мактабимизда ойлик давомида қатор ишлар амалга оширилди. Дастлаб фан ойлигини ўтказиш юзасидан режа ишлаб чиқилди. Ой давомида ўқувчилар билимларини назорат қилиш мақсадида ўтказилган тест топшириқлари, турли тадбир ва танловлар ижобий самаралар берди. Бундан ташқари, мактабимизда "Хоразмий", "Алгоритм", "Ёш математиклар" тўгаракларининг фаолият юритаётганлиги ҳам мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширмоқда.
Инсоният тараққиётининг дастлабки босқичларида предметларни санаш арифметиканинг энг содда тушунчаларини вужудга келтирди. Оғзаки саноқ системаси асосида ёзма саноқ системаси пайдо бўлади ва аста-секин натурал сонлар устида тўрт арифметик амални бажариш такомиллаша борди. Турли ўлчашлар (масалан, ғалла миқдори, йўл узунлиги)га бўлган эҳтиёж натижасида каср сонлар, энг содда тенгламалар қўллана бошланди, юза ва ҳажмлар ўлчаш, қурилиш техникасининг мураккаблашиши, энг содда геометрик тушунчаларнинг вужудга келишига сабаб бўлганлиги ҳақидаги қизиқарли маълумотлар "Математика ва ҳаёт" деб номланган кечада "Ёш математиклар" тўгараги аъзолари томонидан йиғилганлар эътиборига ҳавола қилинди. "Алгоритм" тўгараги аъзолари математика фани тарихи, алгебра асосчиси Ал-Хоразмий ҳақида муҳим маълумотларни айтиб ўтдилар.
Кечага куй ва қўшиқ, рақслар янада файз киритди. Фан ойлиги давомида синфларда очиқ дарслар ташкил қилинди.
Ўқувчиларнинг математика ва информатика фанига бўлган қизиқишларини янада ошириш мақсадида мактабда "Билимдонлар" интеллектуал шоуси, "Заковат", "Менинг ғоям" мавзуларида мусобақа, танловларни ўтказиш анъанага айланган. 11-синф ўқувчиларини олий ўқув юртларига тайёрлаш мақсадида қўшимча машғулотлар олиб борилмоқда.
Математика ўқувчини зийрак ва топқир бўлишга ўргатиб, диққатни бир жойга жамлашни, кўп сонли фактларни бир-бири билан солиштириб, улардан кераклигини ажратиб олиш каби фазилатларни ривожлантиришга ёрдам беради.
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, самарали ишлаши, ҳаётидан рози бўлиб яшаши учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар, қўйингки, биз аёлларга кўрсатилаётган эътибор ва эҳтиромдан шу юрт аёлларининг бир вакиласи сифатида бошим кўкка етади.
Чунки, юртимизда аёлларга яратиб берилган кенг имкониятлар туфайли мен ҳам ҳаётда, спортда юксак марраларга эришдим. Айниқса, спортдаги фаолиятим давомида кўплаб республика, халқаро мусобақаларда муваффақият қозондим. Каратэ бўйича олти карра Ўзбекистон, икки карра Марказий Осиё чемпионлигини қўлга киритдим, 2008 йилда Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Бу албатта, юртимизда спортга, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг самарасидир.
Севимли касбим, машғулотим, мақтансам арзийдиган жамоадошларим, дўстларим бор. Оилам тинч, турмушим фаровон, фарзандим чиройли шароитларда камолга етмоқда. Аёл киши учун бундан ортиқ бахт бўлмайди. Бугун интернет тармоғи, ойнаи жаҳон янгиликлари орқали дунёнинг жуда кўп давлатларида миллионлаб аёллар қийналиб яшаётганлиги, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол этилаётганлигини кузатиб, шундай тинч, обод юрт фуқароси эканлигимиздан фахрланмаслигимиз мумкин эмас.
Президентимизнинг байрам нутқидаги: "Бундан буён Ўзбекистонда биронта ҳам аёл давлат ва жамиятнинг эътиборидан четда қолмайди.
...Айниқса, китобхонлик, адабиёт, санъат ва спортга меҳр ёшларимиз ҳаётининг ажралмас қисмига айланиши лозим. Хабарингиз бор, кейинги пайтда жамиятимиз ҳаётида маънавий-маърифий ишларни кучайтириш бўйича янги қарор ва дастурлар қабул қилдик. Уларни тўлиқ амалга оширишда биз биринчи навбатда сиз, ҳурматли хотин-қизларимизнинг фаоллигингиз, юксак интеллектуал салоҳиятингиз, билим ва тажрибангизга таянамиз", деган сўзларини тинглаб, очиғи, қалбим фахрга тўлди.
Юртбошимизнинг биз аёлларга қарата айтган сўзлари менга куч, шижоат бағишлайди. Президентимиз таъкидлаганидек, мамлакатимиз тараққиётини янада юксалиши учун бор билим ва тажрибамни ишга солишга, юртимиз равнақи йўлида фидойи бўлиб меҳнат қилишга астойдил ҳаракат қиламан.
Вилоят ҳокими ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 100 нафар шаҳрихонлик аёлга 5 миллион сўмдан пул топширди
Жараён
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Шаҳрихон туманида ҳунарманд, шунингдек, "Аёллар дафтари"га киритилган хотин-қизлар билан мулоқот ўтказди.
Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, айниқса, муҳтарама опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий ҳимоясини мустаҳкамлаш, бандлигини таъминлаш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этиш, хотин-қизларни тадбиркорликка жалб этиш орқали даромадларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади.
Айни кунда Шаҳрихон туманида 249 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг ярмидан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. Мулоқотда аҳоли, хусусан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, лекин бу борада туманда ҳали қатор муаммолар мавжудлиги алоҳида қайд этилди.
Маълумки, Шаҳрихонда ҳунармандчилик анча ривожланган. Пичоқчилик, дўппидўзлик, каштачилик, миллий тўн тикиш сингари қатор ҳунармандлик йўналишларида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Ана шундан келиб чиқиб, вилоят ҳокими опа-сингилларимиз бандлигини таъминлаш, уларнинг доимий даромад манбаини шакллантиришда ана шу йўналишдаги ишлар кўламини кенгайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирди.
Жорий йилда маҳаллаларда ўтказилган ўрганишлар натижасида туманидаги 3 минг 476 нафар хотин-қиз "Аёллар дафтари"га киритилди. Уларнинг 1 минг 852 нафари ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш учун банкдан кредит олиш истагини билдирган.
Мулоқотда вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, АТ Халқ банки вилоят ҳудудий филиали, Шаҳрихон туман ҳокимлиги мутахассислари томонидан туманда кредит олиш истагидаги 528 нафар ҳунарманд хотин-қизга 2 миллиард 640 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли кредитлар ажратилиши таъкидланди. Шунингдек, мазкур маблағлар босқичма-босқич берилиши, уни мақсадли сафлаш ва қайтариш юзасидан маълумот ва тушунчалар берилди.
Учрашув давомида вилоят ҳокими ўз тадбиркорлигини бошлаш ва кенгайтириш арафасида турган 100 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит ҳисобидан 5 миллион сўмдан нақд пул топширди.
- Мен ўз хонадонимда тикувчилик билан шуғулланаман, - дейди Шаҳрихон маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Мадинахон Оталиқова. - Икки нафар шогирдим билан иш юритаман, асосан аёллар либосларини тикиб сотамиз.
Фаолиятимни кенгайтириш мақсадида кредит олиш учун мурожаат қилган эдим. Менга кредит ажратиладиган бўлди. Вилоят ҳокими бериладиган кредит ҳисобидан 5 миллион сўм нақд пул бергани эса менга шижоат бахш этди. Энг муҳими, мен маҳалламиздаги ишсиз ёшлардан яна икки нафарини шогирд қилиб ёнимга оламан. Уларга ҳунар ўргатаман, тикувчилик билан мустақил шуғулланишларига ёрдам бераман.
Мулоқот давомида хотин-қизларнинг турли масалалар юзасидан мурожаатлари ҳам шу ернинг ўзида ҳал этилди. Жумладан, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 15 нафар аёлга соғлигини тиклаши учун имтиёзли йўлланма берилди. Шаҳрихон туман ҳокимлиги эса қийин шароитда яшаётган 4 нафар аёлнинг уй-жойини ҳомийлик асосида таъмирлаб берадиган бўлди.
Баҳор - янгиланиш фасли. Табиатнинг уйғониши, деҳқончилик ишларининг бошланиши дунёдаги жуда кўп халқлар қатори, бизнинг юртимизда ҳам катта тантана билан нишонланади. Шамсий йил ҳисобида йилнинг биринчи куни Наврўз (янги кун) деб аталади. Наврўз деҳқончилик ишларининг, янги мавсумнинг бошланиши саналади. Наврўзда оммавий халқ сайиллари уюштирилади, янги униб чиққан кўкатлардан сомса, чучвара, шунингдек, сумалак, ҳалим каби тансиқ таомлар пиширилади.
Наврўз мамлакатимизда умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланади. Шаҳар ва қишлоқларимизда байрам сайиллари, томошалар, турли тадбирлар ўтказилиши, етимлар, якка-ёлғиз кексалар, ногиронлар, муҳтож кишилар ҳолидан хабар олишдек эзгу ишлар амалга оширилиши анъанага айланган.
Ислом таълимотида ҳаётимизнинг барча томонлари тўла қамраб олинган. Хусусан, деҳқончилик, ризқ-рўз яратиш борасида ҳам жуда кўп гапирилади. Қуръони Карим ва ҳадисларда Ҳазрати Расули Акрам (с.а.в.) умматларни деҳқончилик қилишга алоҳида чақирганлар. Зеро, деҳқончилик ҳаёт таянчи ва устунидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат этиб бундай деганлар: "Бирон-бир мусулмон киши бир дарахт ўтқазса ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилган савобига эришади".
Бу Ҳадиси шарифдан кўчат ёки экиндан фойда келиб турса, ўша инсон вафот этиб кетган бўлса ҳам унга қиёматгача савоб бориб туришлиги билдирилади. Шу ўринда юртимизнинг барча гўшаларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари айни қизиган бугунги кунда ҳар биримиз ўз ҳовлимизга, маҳалламизга турли дарахт кўчатларини экиб обод қилсак, бундан нафақат инсонлар, балки ҳайвонлар ва қушлар ҳам манфаат топади, биз ана шу савобли ишимиз билан Яратганнинг ажру мукофотига сазовор бўламиз.
Демак, барчамиз янгиланиш фаслининг илк кунларини ғанимат билиб, турли мевали ва манзарали дарахтлар экиб, боғлар яратайлик, юртимизни янада гўзал ва обод бўлишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.
Вилоятимизда умумхалқ хайрия ҳашари уюшқоқлик билан ўтди
ободлик
Наврўз байрами олдидан юртимизда ўтказилган "Обод ва кўркам маҳаллам" ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш умумхалқ хайрия ҳашари вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида уюшқоқлик билан бўлиб ўтди.
Умумхалқ хайрия ҳашарида андижонликлар фаол иштирок этиб, ўзлари яшаётган, меҳнат қилаётган, таълим олаётган ҳудудларни, ариқлар, кўчалар, ҳиёбонларни, қабристонларни тозалаш, умуман, катта ҳажмдаги ободонлаштириш ишларини амалга оширди.
Хайрия ҳашари вилоятнинг ҳар бир гўшасини озода ва орасталигини, покиза ва ободлигини таъминлаш, халқимизнинг кексалар, етим-есирлар ва ногиронларга меҳр-мурувват кўрсатишдек азалий қадриятлари давомийлигининг ёрқин намунаси бўлди.
Ҳашар доирасидаги ободонлаштириш ишларида 1 миллион нафардан зиёд киши қатнашган бўлса, улардан 650 минг нафардан ортиғини ёшлар ташкил этди.
- Наврўз байрами олдидан маҳаллалар, шаҳар ва қишлоқларда кенг кўламдаги ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашари вилоятимизда уюшқоқлик билан ўтди, - дейди вилоят ҳокимининг ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғи Муҳаммаджон Нишонов. - Ҳашар доирасида кенг кўламли ободонлаштиририш ишлари амалга оширилди, зиёратгоҳ ва қабристонлар тозаланди, вилоятдаги эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. Шунингдек, ногирон, ёлғиз яшовчи кексаларга моддий ёрдамлар кўрсатилди.
Ҳашарда вилоятимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳар бир кўча ва маҳалласини, қўйингки, ҳар бир хонадонни обод қилишдек эзгу ҳаракатда юртдошларимиз фаол иштирок этди.
- Ҳашар халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларидан биридир, - дейди Андижон шаҳридаги Садоқат маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳодиржон Чинохунов. - Шу боис ҳам ушбу тадбирда каттаю кичик бирдек фаол иштирок этди. Хайрия ҳашарида байрам тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу саъй-ҳаракатлар ўз ифодасини топди.
Вилоят Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, ҳашар давомида қарийб 1 минг 528 гектардан зиёд ер майдони ободонлаштирилди, 467 километрга яқин ариқ ва лотоклар тозаланди, 1 минг 200 тоннага яқин чиқинди чиқариб ташланди, бу ишларни бажариш учун 400 дан зиёд техника воситалари жалб этилди. Бундан ташқари, 477 зиёратгоҳ ва қабристон тозаланди, 254 минг 200 дан ортиқ дарахтга шакл берилиб, 332 минг туп мевали ва манзарали дарахтлар, 120 мингдан зиёд гул кўчатлари экилди. Вилоят бўйича 437 оиланинг 7 минг 190 квадрат метр ҳажмдаги уй-жойлари ҳашар йўли билан таъмирлаб берилди.
Бир сўз билан айтганда, ҳашар юртдошларимизни Ватан равнақи учун фидойи бўлишга, уни янада обод этиш иштиёқи билан яшашга, шу билан бирга, халқимиз руҳиятини кўтариш, миллий қадриятларимизни улуғлашга, юртимиздаги ахиллик, меҳр-оқибат, тинчлик учун шукроналик туйғуларини мустаҳкамлашга ва Наврўз байрамини муносиб кутиб олишга хизмат қилди.
Андижон шаҳридаги "Тошкент премиум" тантаналар саройида 8 март - Халқаро хотин-қизлар кунига бағишланган тантанали байрам тадбири бўлиб ўтди.
Тантаналар саройига кириб келаётган нуроний онахонлар, турли жабҳаларда фидойилик билан меҳнат қилаётган латофатли опа-сингилларимиз гуллар билан кутиб олинди.
Вилоятдаги барча туман ва шаҳарларнинг илғор вакилалари иштирокидаги байрам тадбирида мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида хотин-қизларнинг ўрни, роли ва нуфузи тобора ортиб бораётганлиги, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш, турмуш фаровонлигини юксалтириш, муаммоларини ҳал этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги алоҳида таъкидланди.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов тадбир иштирокчилари, улар орқали Андижоннинг барча хотин-қизларини баҳорнинг илк гўзал айёми билан муборакбод этди.
Байрам арафасида Давлатимиз раҳбарининг фармони билан турли давлат мукофотлари билан тақдирланган аёлларга мукофотлар топширилди. Шунингдек, яна бир гуруҳ опа-сингилларимиз мамлакатимизда хотин-қизларга юксак ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, уларнинг самарали меҳнатини рағбатлантириш мақсадида таъсис этилган "Мўътабар аёл" кўкрак нишони ҳамда вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиғи билан тақдирланди.