+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Тоифаланган объектларда ёнғинлар келиб чиқишига қарши зарур чоралар кўрилмоқда

Ўзбекистон Республикасининг "Ёнғин хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунида белгиланган вазифалар ижросини ўта муҳим ва тоифаланган объектларда таъминлаш борасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, вилоят ФВБнинг "Uz-Koram Co", "Uz-Tong Hong Co", "Uz-Dong Yang Co", "Uz-Dong Von Co" қўшма корхоналаридаги бўлинмалари томонидан мазкур корхоналар раҳбарияти билан биргаликда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғинга қарши кураш бўйича талабларни белгиланган тартиблар асосида амалга ошириш бўйича зарур ишлар амалга оширилмоқда.

Объектларда ўтказилган ўрганишлар жараёнида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилмай келаётган ва ёнғинга олиб келувчи ҳолатларга йўл қўяётган масъул шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилиб, йўл қўйилган камчилик ва носозликларни бартараф этиш бўйича тавсия ва амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Бундан ташқари, ишчи-хизматчилар ўртасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш бўйича суҳбат ва мулоқотлар ўтказилмоқда.

Амалдаги қонун доирасида корхоналарда тузилган "Кўнгилли ўт ўчириш гуруҳлари" аъзолари билан юзага келиши мумкин бўлган ёнғинларни бартараф этиш бўйича амалий-тактик  машғулотлар ўтказилаётганлиги мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширмоқда.

 

Г.  ИСМОИЛОВА,

қўшма корхоналарнинг БЁХТТЭБ профилактика ва  ёнғин назорати бўйича катта инспектори, лейтенант.

 

 

Қўшма корхоналарда тарғибот тадбирлари

Вилоятимизда фаолият олиб бораётган "Uz-Koram Co", "Uz-Tong Hong Co", "Uz-Dong Yang Co", "Uz-Dong Von Co" қўшма корхоналари БЁХТТЭБ профилактика ва ёнғин назорати бўйича инспектор ва мутахассислари томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида мазкур қўшма корхоналарда ёнғин хавфсизлигини таъминлашга қаратилган қатор тадбирлар  ўтказилди.

 Ёнғиндан муҳофаза қилинаётган қўшма корхоналарнинг цехлари ва бўлимлари, участка ва омборларида ишчи-хизматчилар билан тилсиз ёвга қарши кураш, ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва уларнинг олдини олиш борасида профилактик учрашувлар ўтказилди. Тадбирлар мобайнида  ишчи-хизматчиларга ёнғин хавфсизлиги қоидалари бўйича ҳуқуқий сабоқ соатлари ўтказилиб, кўнгилли ёнғиндан сақлаш гуруҳлари ва ишчи-хизматчилари иштирокида амалий машғулотлар ташкил этилди. Аниқланган камчиликлар юзасидан маскан раҳбарларига тақдимномалар киритилди.

"Фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва ёнғинлар профилактикаси куни" тадбири мобайнида ёнғин содир бўлиши мумкин бўлган бино-иншоотларнинг иш фаолияти вақтинча тўхтатилиб, ёнғинга сабаб бўлиши мумкин бўлган носоз электр ускуна ва агрегатлардан фойдаланиш таъқиқланди. Ёнғин    хавфсизлиги қоидаларини тарғиб этувчи эслатма ва плакатлар тарқатилди.

 

Муҳаррамхон МЎЙДИНОВА,

 

қўшма корхоналарнинг БЁХТТЭБ профилактика ва  ёнғин назорати бўйича мутахассиси, оддий аскар.

ҲУШЁРЛИКНИ УНУТМАНГ

"101" огоҳлантиради!

Айрим фуқароларимизнинг ёнғин хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликлари, электр ва иситиш тармоқларидан нотўғри фойдаланишлари, эътиборсизликлари сабаб ёнғин билан боғлиқ турли хил кўнгилсиз ҳолатлар юзага келмоқда. Агарда сиз ҳам уйингизда газ ҳидини сезсангиз дарҳол эшик ва деразаларни очиб қўйинг, хонани шамоллатинг ва зудлик билан "101" ёки "1050" телефон рақамлари орқали ёнғин хавфсизлиги, фавқулодда вазиятлар хизматларига хабар беринг!

Ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида   фавқулодда вазиятлар тизими, газ идоралари ходимлари томонидан шаҳар ва туманларда, маҳаллалар, умумтаълим мактаблари, шунингдек, ташкилот ва корхоналарда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда, иштирокчиларга тегишли тушунча ва  йўриқномалар берилмоқда.

Азиз ҳамюртлар, иш жойингиз ва хонадонингизда қўлбола усулда ясалган электр асбобларидан, газга мослаштирилган иситиш воситаларидан асло фойдаланманг, шунингдек, табиий газни резина шланг орқали улаб ишлатманг, электр тармоғига бир вақтнинг ўзида бир нечта электр асбобларини улаб ишлатманг, ёш болаларни асло назоратсиз қолдирманг, ҳушёрликни асло унутманг. Бу билан сиз ўзингиз, оила аъзоларингиз ва яқинларингиз ҳаётини, мол-мулкингизни ёнғин хавфидан асраган бўласиз.

 

Дилшодбек СУЛТОНОВ,

 

Андижон вилоти ФВБ ОЁХТТЭБ инспектори, катта лейтенант.

Жийда гули

Қатра

Баҳорда жийда дарахти қийғос гуллайди, жуда чиройли гуллайди. Жийда гулининг муаттар ҳиди борлиқни тутади…

Жийда кўпроқ сувлари шарқираб оқиб турган ариқ бўйларида ўсади, ҳовлиларда бўй кўрсатади. Жуфт-жуфт бўлиб, бир-бирларига ҳамдард бўлиб ўсишади. Жийда дарахтини аёлга ўхшатишади. Ҳамиша бошида ҳарир рўмоли. Бегонага тик боқишни уят деб билади. Доимо боши қуйи туради. Ҳуснини ҳеч қачон, ҳеч кимга кўз-кўз қилмаган. Кўрганлар эса ошиқ, харидор унга.

Гуллаганда ҳусни янада гўзал кўринади. Майда яшил барглари майин эсган шамолда аста-аста тебранади. Узоқ, кўринмас жойда бўлса ҳам, жийда гулининг муаттар ифори узоқ-узоқларга таралади. Юракни қитиқлайди. Кўнгилларни сархуш қилади…

Чаккаларига жийда гулини тақиб олган қизларни кўрган йигитлар сеҳрланиб қолишади. Қизларнинг лоларанг юзлари, жийда гули ҳиди ром этади уларни. Хуморлари босилмайди, кўнгиллари ёзилмайди. Тик туриб лол қолишади, бош эгишади бу гўзалликка…

Жийда - жаннатдан туҳфа, унинг муаттар ҳиди жаннатники. Жийда ўсган жойлар жаннат жойлардир.

 

 

Абдураҳим БОЗОРБОЕВ.

Хуш келибсан, баҳорим!

Дил туFёни

Соғинч. Мен бу туйғуни тафтингда туриб сезяпман, яқинингда бўлсам-да, янада сен томон ошиқиб боряпман. Гавҳаршода сўзлар ичра сени алқаш учун энг чиройли иборалар қидираман. Она табиатнинг сулув келинчаги Баҳорим! Бунчалар осуда ва гўзалсан! Сенинг мусаффо осмонингга боқиб тўймайман. Қуёш ўзининг заррин нурлари ила ҳаёт давомийлигини акс эттираётгандек, жилваларга кўзларимни қадайман. Ўзимда янги ҳис - куч топаман.

Ҳур ўлкамдаги баҳорим, момоларим сингари мунис, дониш чеҳранг дилимга ошуфта. Гўё қалбларга меҳрибонлик уруғини сочувчи, неъмат улашувчи ўзинг. Онажонимнинг очиқ юзли чеҳрасида, кумуш сочларида, ҳатто кафтларидаги ёриқларда ажиб сеҳрингни топаман. Меҳнаткаш, заҳматкаш деҳқоним сенда ўз қадрини топади.

Ҳар кўклам отам кенг ҳовлимизга мевали кўчатлар ўтқазади. Биз    фарзандлар эса кўмаклашиб, биримиз новдани ушлаймиз, биримиз сув қуямиз. Бу такрорий одат бугунга келиб невараларга кўчган.

- Энди ўлмаймиз... - деб қўярди жонкуяр отамиз, - баҳорга ҳам етиб келдик...

Дарҳақиқат, эзгулик, яхши амаллар шу фаслда янада кўпаяди.

Хуш келибсан, Баҳорим!

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА,

 

Жалақудуқ тумани.

РАЪНО ЯРАШЕВА: «КИНОАКТРИСА БЎЛИШНИ ОРЗУ ҚИЛМАГАНМАН!»

Бизнинг суҳбат

Яқинда Ўзбек Миллий академик драма театри ижодий жамоасининг вилоятимизда ижодий сафари бўлиб ўтди. Ўзбекистон Халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Теша Мўминов, Ёқуб Аҳмедов, таниқли театр ва кино ижодкорлари Муқаддас Холиқова, Гулчеҳра Иброҳимова, Меҳриддин Раҳматов сингари саъаткорлар сафида эл суйган санъаткор, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Раъно Ярашева ҳам Андижонда бўлди.

Мухбиримиз актриса билан учрашиб, унинг фаолияти, ҳаёти ва қизиқишлари хусусида суҳбатлашди. Қуйида ана шу суҳбатни Сизнинг эътиборингизга ҳавола этамиз.

Ўзбек Миллий академик драма театри актрисаси Раъно Ярашева 1961 йили Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида таваллуд топган. Актриса 1991 йили Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвонига сазовор бўлган. Тошкент театр ва рассомчилик олийгоҳини тамомлаган суҳбатдошимиз театр масканида пардозчи сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган.

 

Театрда саҳналаштирилган спектакллар, хусусан, "Ҳаёт эшик ортида"да Табассум, "Жиноят устида ушлансин"да Манзура, "Кулойим"да Анна, "Жодугар канизак"да канизак, "Энага"да аёл "Қаллиқ ўйин"да Хамрогул "Чимилдиқ"да янга, "Шайтон ва фаришта"да Ўғилой,    шунингдек, "Соҳибқирон"да вазирнинг қизи, "Меҳробдан чаён"да Нозик, "Ўтган кунлар"да Офтобойим каби ролларни маҳорат билан ижро этган. Бундан ташқари, қатор кинофильмларда ижро этган роллари орқали   халққа танилган.

 -     Театр ва киноларда оғир-вазмин, мулоҳазали аёл қиёфасида гавдаланасиз. Бироқ комик роллар ҳам сизга ярашади. Раъно Ярашева ҳаётда аслида қандай қиёфада гавдаланади?

-      Ҳаёт бу роль ижро этиш эмас. Турмуш, инсонлар билан муносабат, зиммамиздаги бурч ва вазифалар, буларнинг бари ўта мураккаб жараёнлар. Ҳаётда мен самимий, тўғрисўз, ўз ишига масъулият билан ёндашадиган, касбини, оиласини яхши кўрадиган инсонман. Кези келса қаттиққўлман, баъзан ҳазилкаш ҳам бўлиб тураман, энг муҳими, тартиб-қоидани яхши кўраман. Ўзимнинг оиламда меҳрибон она ва буви, дўстларимга садоқатлиман, очиқкўнгил инсонман, деб ҳисоблайман.

-      Бирор спектакль ёки сериалда роль ижро этябсиз. Ишнинг ўртасига келганда режиссёр томонидан сизга эътирозлар билдириляпти. Режиссёрнинг инжиқликлари ортиб бормоқда. Шунда ўйнаган ролингиздан воз кечиб, бошлаган ишни якунламай кетасизми ёки аксинча?

-      Ҳаётимда бундай ҳолатга дуч келмаганман. Аммо ҳар қандай қийинчиликка бардош бериб, ишимни охирига етказаман. Режиссёр талаб қилган нарсани, характерни ўхшата олмасам ёки бошқа камчилиги бўлса, ўрганаман, изланаман, одамларни кузатаман, ҳамкасбларимдан маслаҳат сўраб, керакли талабга жавоб беришга ҳаракат қиламан. Нима бўлган тақдирда ҳам ишимни охирига етказаман.

-      Ҳаётда кўпроқ юракка бўйсунасизми ёки ақлга?

Ижодкор бўлганим билан мен кўпроқ ҳаётда ақл билан иш юритаман. Шундай инсонлар борки, жаҳли чиққан пайти ўзини йўқотиб қўяди ва вазиятни кескинлаштириб бораверади. Мен эса ҳар қандай вазиятда мулоҳаза билан иш юритаман, етти ўлчаб бир кесаман.

-      Шогирдларингиз ҳақида гапириб берсангиз?

-      Актриса Мукаррам Бекмуродова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Мияссар Бердиқулова,  Лола Элтоева, ёшлардан Дилноза Кубаевалар мени ўзларига устоз деб биладилар.

-      Шогирдларингиз кўнглингизни оғритган пайтлари бўлганми?

-      Албатта, шундай вазиятлар ҳам бўлган. Ўшанда гастроль сафарида эдик, шогирдларимдан бири арзимаган гапим учун менга юзини ўгириб қўполлик қилганди. Бу кўнглимга оғир ботган ва унга бу ҳақида бир оғиз ҳам сўз очмадим. Аммо орадан анча вақт ўтиб, ўзини айбини тан олиб, мендан кечирим сўраган.

- Сир бўлмаса бу қайси шогирдингиз?

- Дилноза Кубаева.

-      Дилингизни оғритган инсонлардан ўч оласизми?

Мени бувам катта қилган, унинг тарбиясини олганман. Улар ҳеч қачон бировнинг эшигини қаттиқ ёпма. Чунки кун келиб, ўша эшикни қайта очишингга тўғри келиши мумкин, деб тарбия берганлар. Кимдир дилимни оғритса, қанчадир муддат хафа бўлиб юраман, кейин умуман эсимдан чиқараман.

-      Фарзандингиз билан чиқиша олмаган пайтларингиз бўлганми?

- Бу каби ҳолатлар ҳам бўлиб туради. Қизим Мадина Мумтоз айниқса, турмушга чиқишидан олдин эркатой бўлган ва унга кўп танбеҳ берардим. Аммо ҳечам аразлашиб юрмаганмиз. Келишмовчиликдан сўнг бироз вақт ўтиб, яна одатдагидек гаплашиб кетамиз.

- Тушкунликка тушиб қолган пайтларингизда, бу ҳолатдан қандай чиқиб кетасиз?

- Гоҳида ишонган одамларингиз сизга панд бериши мумкин ёки бошқа кимдир атайлаб сизга чоҳ қазийди, ёхуд биронта муаммога дуч келиб қоласиз. Ҳаёт фақат чиройли кунлардан иборат эмас, ҳаётда ҳамма нарса бўлиши мумкин.

Тушкунликка тушиб қолган пайтларимда ижодкорлигим қўл келиб, йиғлаб-йиғлаб, дилимдаги борини қоғозга тўкаман.  Шеърни ёзиб бўлганимдан кейин анча енгил тортаман, хафагарчилик, дилхиралик либосини ечиб, қатъиятлилик ва сабрлилик либосини кийиб, яшашда давом этаман.

-      Ижро этган ролларингиз ичида қай бири кўнглингизга энг яқини?

- Миллий театрда саҳналаштирилган  "Увайсий"да Нодирабегим ролини мароқ билан, шунақанги берилиб ижро этганман. Шунингдек, режиссёр Мунаввара Абдуллаева томонидан саҳналаштирилган "Бевалар" номли комедик спектакль  мен учун ёзилган. Унда турмушнинг турли қийинчиликларини кўрган, бефарзанд, бева аёл ҳаёти  намойиш этилади. Ушбу роль орқали қаҳрамоннинг руҳий кечинмалари таъсирига тушиб қолганман.

- Театр ёки кино танлашга тўғри келиб қолса қай бирини танлайсиз?

- Албатта, театрни танлайман. Театр даргоҳи мен учун жудаям қадрлидир. Ҳаётимни театрсиз тасаввур қила олмайман. Мен ҳеч қачон кино актрисаси бўламан, деб орзу ҳам қилмаганман. Лекин бу кино менга ёқмайди, дегани эмас албатта. Кинофильмларда роль ўйнагани таклиф қилишса, жон деб рози бўламан.

-      Юртдошларимизга,  газетамиз муштарийларига тилакларингиз.

- Энг аввало, юртимиз тинч бўлсин. Ҳаётимиздаги турли муаммолар, қийинчиликлар бари ўткинчи. Инсон ҳамиша улардан устун туришга интилмоғи зарур. Бунинг учун киши ёши улуғлар, билимли, маданиятли, маънавиятли инсонлар билан кўпроқ мулоқот қилиб туриши, янада муҳими, имкон қадар китоб, газета ўқиши керак.

Китоб, газета бизга билим беради, мулоҳазали бўлишга ўргатади, қалбимизга эзгу фазилатларни муҳрлайди. Шундай экан, барча юртдошларимни, газета муштарийларини китобга дўст тутинишини истар эдим. Қолаверса, уларнинг барчаларига тани сиҳатлик, оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилайман.

-      Самимий суҳбатингиз учун ташаккур!

 

Хосият АБДУРАҲМОНОВА

 

суҳбатлашди.

Беҳурматлик одобсизликдир

Исломдан савол-жавоб

- Дуо қилинаётганда дастурхонда пичоқ туриши     нотўғрими?

Холисхон,

Андижон тумани.

 

- Одоб юзасидан пичоқни олиб қўйишлик яхши, лекин дуони пичоқ кесади, деган гап нотўғри.

 

- Аёл ишдан чарчаб келса, фарзанди хархашаларини кўтаролмай унга бақириб берса гуноҳ саналадими?

Ўғилой, Асака тумани.

 

- Аёл фарзандига бақирса гуноҳкор бўлмайди, лекин асло қарғамаслиги керак.

 

- Эрталабда, шом пайтида, тирноқ олса бўладими?

Фароғатой,

Марҳамат тумани.

 

- Зарурат юзасидан тирноқ олса бўлади, аммо пайшанба куни аср намозидан кейин олиш суннат ҳисобланади.

 

- Эшитишимизча, пайшанба куни уйга ўтган кишиларимизнинг арвоҳи келаркан, шу куни кир кийимларни ювиш шаръан маън этилганми?

Одинахон,

Избоскан тумани.

 

- Аёл киши доим озода, сарамжом сариштали бўлиши керак. Пайшанба куни кир ювмаслик керак, деган фикр шариатда баён қилинмаган.

 

- Гулноза, Дилноза, Дилафруз, Дилфуза, Наргиза ва шунга ўхшаш исмлар дўзахнинг гуллари маъносини билдирадими?

 Дилфуза,

Марғилон шаҳри.

 

- Бу исмлар дўзахнинг гуллари маъносини билдирмайди. Бу нотўғри тушунча.

 

- Динимизда келинларнинг қайнона-қайнотасига хизмат қилишлари ҳақида буюрилмаган экан. Аммо, уларнинг хизматини қилиш катта ажр ҳисобланаркан. Шундай келинлар борки, юқоридаги ақидага кўра, эрининг қариндош уруғларини ҳурмат қилмайди, бу гуноҳ саналмайдими?

Зулфияхон

Хўжаобод тумани.

 

- Эрни рози қилишлик вожиб амал, хизматини қилмаса гуноҳкор бўлади. Эрни қариндошларини ҳам эъзозлаш лозим, уларнинг хизматини қилиш эрни рози қилишдек гап. Эрнинг қариндошларига беҳурматлик одобсизликдир.

 

Саволларга Андижон шаҳридаги "Уйғур" жоме масжиди имоми

 

Абдураҳмон АРТИҚОВ жавоб берди.

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Баҳор келди

Эшикни аста чертиб,

Юзин хиёл беркитиб,

Ийманиб ҳам энтикиб,

Уйимга келди баҳор.

 

Хуш ҳаё ибо билан,

Кўнглида даво билан,

Хушҳаво наво билан,

Куйимга келди баҳор.

 

Соғинган, зор-зор бўлиб,

Шўх ўлан, ёр-ёр бўлиб,

Ёримга  алёр бўлиб,

Тўйимга келди баҳор.

 

Шошилган, жони ҳалак,

Фаришта, хушрўй малак,

Дошқозонда сумалак,

Ўйимга келди баҳор.

 

Бодом гулга кўмилиб,

Анҳорларда чўмилиб,

Қах-қахлаб, хандон кулиб,

Юртимга келди баҳор.

 

Ўсма қошли қиз дейман,

Қирлардаги из дейман,

Қирғоқда ялпиз дейман,

Юртимга келди баҳор.

Абдурашид ЭРГАШЕВ,

Асака тумани, 26-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

 

Аёлни эъзозланг

Аёл у онадир, севимли ёрдир,

Митти жуссасида минг ташвиш бордир.

Аёлни эъзозланг, ўкситманг уни,

Аёлсиз ҳеч кимнинг шод ўтмас куни.

 

Аёлсиз чақалоқ йиғламас уйда,

Жозиба бўлмайди қўшиқ ва куйда.

Аёл-ку фарзандин ардоқлаб суйган,

Ёстиқдоши учун юракдан куйган.

 

Бири олимадир, бири шифокор,

Кучлидир диёнат, номус ила ор.

Ложувард осмонга қўли етмоқда,

Бугун ўзлигини кўз-кўз этмоқда.

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

 Булоқбоши тумани.

ОНАЖОНИМ,

СИЗНИ СОFИНДИМ

Юрагимни бир ҳис ўртайди,

Қани йўлим яқин бўлсайди.

Кўнглим ҳар он сизни қўмсайди,

Онажоним, сизни соғиндим.

 

Кўзларимга келмайди уйқу,

Мени қийнар ажиб бир туйғу.

Билмадим, севинчми ё қайғу,

Онажоним, сизни соғиндим.

 

Келинг онам, меҳмоним бўлинг,

Бошим узра посбоним бўлинг.

Юрагимга дармоним бўлинг,

Онажоним, сизни соғиндим.

 

Ёлвораман ҳар тонг Аллоҳга,

Олиб турсин сизни паноҳга.

Боролмасам йўйманг гуноҳга,

Онажоним, сизни соғиндим.

 

Тонглар қўлим очиб дуога,

Илтижолар қилдим Худога.

Умрингизни этсин зиёда,

Онажоним, сизни соғиндим.

Рухшона ЖЎРАЕВА,

Асака тумани.

 

ОНАМ

Оҳ, менинг фариштам, ягонам онам,

Меҳрингиздан куч оламиз ҳар дам.

Ёнимда бўлсангиз яқин келмас ғам,

Бахтимга соғ бўлинг, меҳрибон онам.

 

Тунларингиз бедор ўтган биз учун,

Раҳмат айтай сизга сабрингиз учун.

Юрагимдан жўш урар бу сўз сиз учун -

Бахтимга соғ бўлинг, беғубор онам.

 

Бизни ўйлаб доим хавотир олган,

Бироз кечга қолсак қидириб қолган.

Тинчимизни ўйлаб ўзин унутган,

Бахтимга соғ бўлинг, жонажон онам.

 

Касал бўлиб қолсак бошда парвона,

Дардимизни кўриб қийналар яна.

Бундай зот дунёда бордур ягона -

Бахтимизга соғ бўлинг, мунисам онам.

Одилжон ОБИДОВ,

Ўш давлат тиббиёт институти талабаси.

 

ОНА ВАТАНИМ

Ўзбекистон гўзал юрт,

Номи дунёга достон.

Тинчликнинг тимсолидир,

Доим мусаффо осмон.

 

Она Ватан тупроғи,

Доим муқаддас бўлгай.

Ватаннинг қучоғида,

Кўнглинг қувончга тўлгай.

 

Бобур-у Навоийлар,

Машраб-у Яссавийлар.

Туғилган шу заминда,

Огаҳий, Фузулийлар.

 

Шу сабабдан дўстларим,

Ватанни асрайлик биз.

Аъло ўқиб ҳамиша,

Изланайлик ўғил-қиз.

 

Сайфиддин РАҲИМЖОНОВ,

Пахтаобод туманидаги

42-умумтаълим

мактаби 4"б"-синф ўқувчиси.

 

ВАТАН

Ватан менинг - онамсан,

Суянгувчим - отамсан.

Бағринг кенг, меҳринг тенгсиз,

Яшолмайман мен сенсиз.

 

Ёшлигим ўтар шодон,

Қимматлидир ҳар бир он.

Улғайиб бўлай посбон,

Асрай сени ҳар қачон.

 

Мен сенга қалқон бўлай,

Ёвларга қарши чиқай.

Куч-қувватга тўламан,

Содиқ ўғлон бўламан.

 

Ўзбекистон ҳур диёр,

Жуда гўзал, бетакрор.

Юртим доим тинч бўлсин,

Қалблар қувончга тўлсин.

Абубакр РАҲИМЖОНОВ,

Андижон шаҳридаги

11-умумтаълим мактаби

4-синф ўқувчиси.

 

Ой тўлган оқшом

Сен ҳам эслайсанми,ой тўлган оқшом,

Бедор хаёлларинг кетарми олис?

Тунлари тўлғониб, тополмай ором,

Суҳбат қурасанми, ой билан ёлғиз.

 

Мен каби дардингни тингларми осмон,

Юлдузлар кўзингга бахш этарми нур?

Сени олисдан жим соғиниб ҳамон,

Ёшларим тўкилар мисоли бир дур.

 

Унута олдингми, мени бир лаҳза,

Юрагинг уришдан тиндими бир зум?

Мен сени ўйладим ҳар он, ҳар лаҳза,

Хотиралар дея юрагим маҳзун.

 

Кўзларинг сеҳрини соғинди кўнглим,

Сўзларинг эшитсам, азобим битса.

Дийдорингга етсам, учрашсак бир бор,

Дилимдаги ғамлар мени тарк этса.

 

Қисматнинг қиссаси шу экан энди,

Тақдирда айрилиқ дейилган битик.

Лек сенсиз ҳаётим бўлмайди тугал,

Сенсиз ҳатто менинг юрагим кемтик.

 

Унутмоқ мен учун имконсиз буткул,

Сенга интизорман бўлсанг ҳам ёмон.

Ишқингда ёниб мен, бўлдим бир кафт кул,

Сен-чи,эслайсанми ой тўлган оқшом?

Муҳаррамой КОМИЛОВА,

Пахтаобод тумани.

 

РОССИЯГА КЕТМАНГ ОНА...

Бирдан оз кийинай, бирдан яшай кам,

Розиман барига, қолай майли оч.

Она, ўзга юртда мендан еманг ғам,

Қаранг, оқарибди бошингизда соч.

 

Етимдек кўзларим боқар мўлтираб,

Ахир ифорингиз ҳидлолмам кунда.

Келмайсиз, биламан, аммо йўл қараб,

Соғинчдан ухлолмай чиқаман тунда.

 

Ҳар йил йилларимни кутаман сизсиз,

Туғилган кунимда ўрнингиздир бўш.

Дуога қўл очиб, жуфтлайман оғиз,

Дейман, онагинам сафимизга қўш.

 

Қўшнилар номингиз булғади ёмон,

Юрагимни тешиб ўтар ҳар сўзи.

Fийбатидан ўзим сақлай деб омон,

Наридан ўтаман, тушмасин кўзи.

 

Ўн саккизга етар ёшим ҳам мана,

Совчилар қоқмоқда оҳиста эшик.

Баъзилардан бувим эшитиб таъна,

Дарвозани ёпар бошлари эгик.

 

Шунда ҳам индамай унутишга шай,

Турибман барига тополдим илож.

Фарзанд эканман-да, айтинг на қилай?,

Она, меҳрингизга сезсам эҳтиёж.

Мумтозбегим САЙФУТДИНОВА,

Булоқбоши тумани.

 

ТИНЧЛИК ЮРТИ

 

Олам рангларида баҳор жилоси,

Шоир қаламида ҳурлик имлоси.

Мусаввир ижоди - бахтнинг сиймоси,

Юртбошим дастхати - тинчлик имзоси.

Ҳар гўшаси чаман, боғу бўстоним,

Тенгсиз юртим, янги Ўзбекистоним.

 

Замоннинг залворли юкин орқалаб,

Нотинч ўлкалардан ўтди карвонинг.

Бардош билан халқнинг ҳолини сўраб,

Карвонинг бошида зукко сарбонинг.

Шоҳ сатрлар узра дардли достоним,

Матонатли янги Ўзбекистоним.

 

Сенга ҳасад қилган қолди доғларда,

Бошингда мусаффо доим осмонинг.

Чиройинг юз очган дала боғларда,

Саховатга тўлган замин маконинг.

Алломалар юрти, нурли маконим,

Саодатли янги Ўзбекистоним.

 

Ойша АБДУМАЖИДОВА,

Қўрғонтепа тумани.

 

НОН АЗИЗ

 

Ойим ёпса ширмой нон,

Ҳидлари тутар ҳар ён.

Увол қилма, болам, деб,

Қўлимга тутар шу он.

 

Нон азиз - улуғ неьмат,

Болам, ардоқла ҳар вақт.

Бир бурда нонга зор халқ,

Кутиб яшаган илҳақ.

 

Ўтган шундай замонлар,

Қолган дилда армонлар.

Бир майизни қирқ бўлиб,

Баҳам кўрган инсонлар.

Гулжаҳон УСМОНОВА,

 

Пахтаобод тумани.

ТАЪЛИМДАГИ ИСЛОҲОТЛАР - ЮРТ ТАРАҚҚИЁТИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ

Фаол ёшларимиз

Мен таълим тизимида фаолият юритаётган ёш мутахассислардан бириман. 2018 йилда Андижон давлат университетининг филология факультетини тамомлаб, Андижон туманидаги 33-умумтаълим мактабида иш бошлаганман. Тажрибали устозлардан касб сирларини ўрганиб, изланиб иш олиб боришга, ўқувчиларга пухта билим беришга ҳаракат қиляпман. Билим ва малакамни ошириш мақсадида таълим ва фанга оид қатор онлайн танлов ва анжуманларда қатнашиб, ташаккурнома ҳамда кўплаб сертификатларга сазовор бўлдим. 

Ватанимизнинг ҳар бир фарзанди билимли ва албатта,   бахтли бўлмоғи керак. Бунинг учун энг аввало, педагоглар, устозлар ўз зиммасидаги вазифани сидқидилдан бажариши, ёш авлодга пухта таълим-тарбия бериши муҳимдир.

Бугунги ўқувчи барча фанларни пухта ўзлаштириши, ахборот технологияларидан фойдаланишни яхши билиши, сиёсий, иқтисодий, умуман, ҳаётимизнинг барча жабҳалардаги муҳим ўзгариш ва янгиликлардан хабардор бўлиши, жамиятдаги жараёнларга дахлдорлик ҳисси билан яшаши, энг муҳими, вазиятни тезда баҳолай оладиган, ҳар қандай ҳолатда ҳам тўғри ва оқилона қарор қабул қиладиган даражада камол топиши керак. Мен фаолиятимда, ўтаётган дарсларимда ана шу жиҳатларга алоҳида эътибор қаратаман. Айниқса, она тилимизни ардоқлаш, халқимизнинг улуғ адиблари ҳаёти ва ижодини ўрганиш орқали ўқувчиларда адабиётга, миллий қадриятларимизга ҳурмат  туйғуларини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламан. Дарсларни тушунарли, қизиқарли, интерфаол усуллардан кенг фойдаланган ҳолда ўтаман. Ушбу саъй-ҳаракатларим албатта, ижобий натижалар бермоқда.

Умуман, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатимиз тараққиётини янада юқори босқичга кўтаришга, юрт равнақи учун хизмат қиладиган билимдон, фидойи, ватанпарвар ёшларни табиялашга хизмат қилиши шубҳасиз.

Мавлудахон РАҲМОНОВА,

Шаҳрихон туманидаги

 

 4- умумтаълим мактаби она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси.

Сифатли таълим-тарбия - ютуқларга йўл очади

Мутахассис минбари

Ўқитувчи - ўргатувчи, тарбияловчи, келажакни бунёд этувчи. У юрт ишига камарбаста, фидойи инсонларни етиштириш масъулиятини ҳис қилиб яшайди.

Мактабда узоқ йиллардан буён ёшларга таълим-тарбия бериб келаман. Нафақа ёшида бўлсам-да, ҳамон мактаб бағридаман, ўқувчилар таълим-тарбияси билан машғулман. Қанчадан-қанча ўқувчилар мактабни битириб, аллақачон ҳаётда ўз ўринларини топишган, турли касб-ҳунар эгаллаб, айни чоғда юрт хизматидалар.

Ҳозирда бошланғич, 2-А синфига дарс бераман.    Бошланғич синф ўқитувчисининг меҳнати қанчалик залворли, машаққатли эканлигини яхши биламан.

Биз яшаб турган ҳудуд туманнинг олис қишлоғидан бирига жойлашган. Мактабимизда 500 нафардан зиёд ўқувчи таҳсил олади. Бошланғич синфларда 278 нафар, 1-синфларда эса 65 нафар ўқувчи ўқийди.

Кичик ёшдаги ўқувчилар катталарга қараганда, эътиборни кўпроқ тортишга ҳаракат қилишади. 1-синфга илк бор қадам қўяётган болаларнинг кўпчилиги боғча тарбиясини олмаган, уларга савод ўргатиш бироз қийин кечади. Шунинг учун ҳам улар билан машғулотлар сонини кўпайтираман, якка ҳолда кўпроқ шуғулланишга ҳаракат қиламан.

Ота-она ўқитувчини танлайди. "Болани шу устоз ўқитсин!" деган танлов мактаб ўқитувчиси учун нолойиқ гап. Менимча, ўқитувчининг таълим-тарбияга  лоқайдлиги уни "ёмон"га ажратиб қўяди.  "Яхши синф", "ёмон синф"га айланиши ҳам кўпроқ бошланғич даврда оладиган сабоққа боғлиқ эканлигини тажрибамда кўп бор кузатдим.

Ўқувчиларни 4-синфдан 5-синфга кузатар чоғимда уларни бошланғич даврдаги каби      дарсларни сергаклик билан ўзлаштиришларини, мутолаа вақтларини кўпайтиришларини тайинлайман.

Бошланғич синфларда олинадиган билим ўқувчининг келгусида билим олишига қўйилган тамал тоши бўлади. Синфни "яхши синф"га айлантириш, синф жамоасини бир оила каби бирлаштириш, бир-бирига кўмакдош, сирдош, аҳил қилиб тарбиялаш энг аввало, ўқитувчининг билим, маҳорат ва тажрибасига боғлиқ.

Тарбиявий соатларда инсонга хос фазилатлар, билим, эзгу хислатлар инсон кўрки эканлиги ҳақидаги пандларни қизиқарли ҳикоя, эртаклар асосида тушунтираман.

Қатор айланиб шеърларни ёддан, ифодали ўқийман. Мени кузатаётган ўқувчиларнинг нигоҳларида бундан таъсирланиш, қувониш ифодасини кўраман. Натижада мактаб рейтингида синфнинг олдинги ўринларда бўлиши учун қайғурадиган, фаол, ўқийдиганлар сафи кўпаяди.

Мадина Абдумухторова, Шоҳжахон Набиев, Шоҳжахон Абдумухторов, Рўзимуҳаммад Ёқубов, Муҳаммадали Набиев, Жўрабек Fаффуров, Алмазбек Ўсмонов, Ҳадичабону Тожибоева, Нуридийда Мадаминова каби қатор ўқувчилар нафақат синфимдаги, балки мактабдаги аълочи ўқувчилардан ҳисобланади.

Ўқувчиларим "Ёш китобхон", "Ёш мусаввир", "Жажжи юлдузлар" каби қатор танловларда фаол қатнашади.

Ота-оналар ўқитувчи таълим-тарбиясида энг яқин кўмакчилардир. Зилола Жўраева, Мавжуда Жумабоева, Улуғбек Бобоев, Муниса Оловиддинова сингари ота-оналар дарсларда иштирок этиб, ўқув тарбия ишларини яқиндан кузатишда, ўқувчига ёрдам беришда жуда фаол. "Мутолаа дарс"ларида иштирок этган ота-оналар томонидан ўқувчиларга китоблар совға қилиш анъанага айланган.

Бошланғич ёки юқори синфда ўқиётган ҳар бир бола бутун бир мактаб жамоасининг аъзоси. Ўқитувчиларнинг барчаси ўқувчига дилдош, дўст, ҳамкор бўлиб, меҳр билан унга керакли билимни бера олса, таълим-тарбияда муаммолар бўлмайди, аксинча, эътибор билан берилган билим ютуқлар сари йўл очади.

 

Замира FАЙНАЗАРОВА,

Булоқбоши туманидаги

9-умумтаълим мактабининг бошланғич синф

 

ўқитувчиси.