+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

“Пазанда ходима аёл” кўрик-танлови бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Ишчи гуруҳи ҳамда вилоят ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан Андижон вилояти ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходима аёллар ўртасида “Пазанда ходима аёл” кўрик-танлови ўтказилди.

 

Андижоннинг гўзал ва сўлим “Боғи Бобур” боғида ўтказилган танловда Андижон вилояти ички ишлар органларида эркаклар билан елкама-елка хизмат қилиб келаётган ходима аёллари ўртасида танловда вилоят ички ишлар бошқармаси аппарати ходималаридан ташкил топган “Тўмарислар”, вилоят ички ишлар органлари Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходималаридан ташкил топган “Ташаббускор аёллар”,  вилоят ички ишлар органлари Канцелярия ходималаридан ташкил топган “Нафосат маликалари” ҳамда вилоят ички ишлар органлари тизимидаги спортчи аёллардан ташкил топган “Спортчи қизлар” жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб борди.

 

Уч босқичда бўлиб ўтган танловда ходима аёлларнинг пазандалик маҳоратлари синовдан ўтказилди. Дастлаб иштирокчи жамоалар миллий таом – палов тайёрлаш, сўнг салат тайёрлаш ва стол устини безаш каби шартлар бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

 

Қизиқарли ва юқори кўтаринкилик билан ўтган танловнинг якуний натижаларига кўра, Андижон вилояти ички ишлар органлари ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходималаридан ташкил топган “Ташаббускор аёллар” жамоаси фахрли 1-ўринни эгаллади.

 

Якунда ғолиб ва иштирокчи жамоалар вилоят ички ишлар бошқармаси томонидан диплом, ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

 

Куй-қўшиқлар, бадиий чиқишлар асосида ўтган мазкур танлов тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг фаоллигини ошириш, рағбатлантириш билан бирга, ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилди.

 

Зулхумор АКБАРОВА,

 Андижон вилояти Асака тумани

 Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими

 профилактика инспектори,

 лейтенант.

“ЮРАККА КЎМИЛАР АСЛ ШОИРЛАР”

Андижон туманидаги 41-умумтаълим мактабида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 67 йиллигига бағишланиб, “Юракка кўмилар асл шоирлар” деб номланган адабий тадбир бўлиб ўтди.

Мактаб ўқитувчи, ўқувчилари, ота-оналар иштирок этган тадбирда мактабнинг юқори синф ўқувчилари томонидан тайёрланган бадиий дастур намойиш этилди.

Тадбирда шоирнинг она Ватан,  юртнинг гўзал манзаралари тараннум этилган шеърлари ўқилди, шоир шеърлари билан айтиладиган қўшиқлар куйланди.

Мактаб директори Дилфузахон Ғиясова, маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари  Қундузхон Юлдашева ҳамда она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулхаё Салоҳиддинова ташаббуси билан ташкил этилган ушбу тадбир иштирокчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

Тадбир ўқувчиларнинг адабиётга бўлган қизиқишларини ошириш билан бирга, уларнинг  қалбида юртга муҳаббат туйғуларини янада мустаҳкамлади.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

КЎКЛАМ НЕЪМАТЛАРИ

Тавсия

Баҳор бошланиши билан исмалоқ, ялпиз, отқулоқ, жағ-жағ, момақаймоқ, чучмома каби доривор ўсимликлардан таом ҳамда салатлар тайёрлаб истеъмол қилинса, организм керакли витаминлар билан тўйинади. Айниқса, кўклам кўкатлари "илик узилди" кезларида танани кучга тўлдиради.

 

ЯЛПИЗ - ҲОЛСИЗЛИККА ДАВО

Ялпиз таркибида эфир мойлари, органик кислоталар, флавоноидлар, каротин, С дармон дориси, минерал маъданлари мавжуд. Янги униб чиққан ялпиз барги дамламаси оғриқ қолдиришда, асабни тинчлантиришда ва юрак фаолиятини яхшилашда қўл келади. Ушбу дамламани тайёрлаш учун 200 мл. қайноқ сувга 1 ош қошиқ майдаланган ялпиз баргларини солиб, ярим соат турилади. Сўнг докада сузиб олиниб, дамлама кунига 1 ош қошиқдан ичилади.

Айни шу кунларда ялпиздан сомса, манти чучвара тайёрлаб, истеъмол қилинса, саломатликни мустаҳкамлайди.

 

ЖАF-ЖАF ШИФОБАХШДИР

Жағ-жағ халқ табобатида гастрит, меъда яраси, ичбуруғ, бўғим оғриқлари ҳамда юрак ва таносил касалликларида даво учун ишлатилади. Жағ-жағнинг ширасини кунига 50 томчидан сувга қўшиб ичиш жуда фойдали.

Дамламаси ва экстрактида қон босимини тушириш хусусияти мавжуд бўлиб, дамламани тайёрлаш учун 2-3 қошиқ янги қуритилган жағ-жағ устига 200 мл. қайноқ сув қуйилади. 1 соат мобайнида шу ҳолда турилади. Кунига 3-4 марта 30-40 мл.дан ичилади.

Саида НАЗИРОВА, шифокор.

 

Шаҳрихон тумани.

БАҲОРДА ТУFИЛГАНЛАР ҚАНДАЙ ФЕЪЛ-АТВОРЛИ БЎЛИШИНИ БИЛАСИЗМИ?

Эшитганмисиз?

Психологлар томонидан инсонларнинг қандай феъл-атворга эга эканликларини аниқлаш бўйича жуда кўп тадқиқотлар ўтказилганлигини барчамиз яхши биламиз. Уларнинг таъкидлашича, ҳатто, қайси фаслда туғилганлиги ҳам киши феъл-атворининг шаклланишида муҳим аҳамият касб этар экан.

Хўш, баҳор фаслида туғилган инсонлар қандай характер, феъл-атворга эга бўлади? Бу хусусда психологлар қуйидаги фикрларни баён этади.

Баҳор фаслида туғилган инсонлар жисмоний ва руҳий жиҳатдан нозикроқ, тез касал бўладиган, салга ранжийдиган бўлишади. Бу инсонлар табиатан жиззаки, қатъиятсиз, кўпинча ўзларинигина ўйлайдиганлар тоифасидан. Уларнинг кўпчилиги жудаям иқтидорли, билимли ва мулоҳазали бўладилар, аммо камтар ва ўзларига ишонмаганликлари туфайли бирон бир соҳада лаёқатларини юзага чиқаришда қийналадилар. Ҳазилни яхши тушунади, хотиралари эса мустаҳкам бўлади.

Айниқса, март ойида туғилганлар ташқи кўринишларига алоҳида аҳамият беришади. Улардан яхши дипломат ва нотиқ чиқади. Яна турли жойларда баҳорда туғилган болаларга ўзларидаги руҳий ва жисмоний нозикликни енга олишлари учун оғирроқ исм қўйиш кераклиги ҳақида иримлар ҳам бор.

 

Нигорахон тайёрлади.

Ҳикматлар - тарбиянинг муҳим воситаси

                Мулоҳаза

Қоронғу жойга чироқ, қақраган ерга сув қуйиш зарурати бўлгани каби ёшларни турли ёт ғоялар, "оммавий маданият" кўринишлари таъсиридан асраш учун уларга илм- маърифат, маънавият зиёсини кўпроқ тарқатиш нақадар муҳим эканлигига яқин тарихимизда содир бўлган айрим машъум воқеалар мисол бўлади.

Сир эмаски, бўлиб ўтган ана шу машъум воқеаларга сабаб айрим ёшларимизнинг жаҳолат йўлига кириб  қолганлиги эди. Ана шу ёшлар йўл қўйган хатолар уларнинг ота-оналари, маҳалласи, қўйингки, бутун    халқимиз қалбига доғ бўлиб ўрнашиб қолган.

Жаҳолатга қарши маърифат билан жавоб қайтаришдек ҳукуматимизнинг одил сиёсати туфайли нохушликларга барҳам берилди. Ёшларимизнинг билим ва маънавиятини юксалтириш, уларнинг тўғри йўлдан адашмасликлари учун жуда кўп ишлар амалга оширилди ва оширилмоқда.

Маълумки, ҳар бир халқнинг маънавияти, маърифатини юксалишида ўша юртда яшаб ўтган улуғ алломалар, бугунги кунда фаолият олиб бораётган олимлар,  адиблар туради. Улар яратган бой маънавий ва ижодий меросни ўрганмасдан миллат маънавияти тараққиётини тасаввур этиб бўлмайди. Шу маънода Муҳаммад Юсуф ижод мактабидаги таълим-тарбия жараёнида улуғларимиз, олиму адибларимиз томонидан қолдирилган ҳамда замондош ижодкорларнинг ҳикматлари,  бой ижодий меросидан кенг фойдаланган ва асосланган ҳолда ўқувчиларни оқни қорадан, тўғрини эгридан, яхшини ёмондан, ҳақни ноҳақдан ажратишга ўргатишга, уларни ҳикматли асарлар билан тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу ўринда мен  мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, ёт ғояларга алданмаслик, халққа, ватанга садоқат, сабр ва шукрда яшаш ғоялари тарғиб этилган ёзувчи Равшанбек Қосимжон ўғли ҳикматларидан, ижод намуналаридан кенг фойдаланиб келаман. Масалан, ёзувчи ижодидан олинган "Огоҳ бўл" асари фикримга яққол мисол бўла олади.

Огоҳ бўл 

Ватанга хизмат қил ишончин оқлаб,

Қалбингда доимо имонинг сақлаб.

У она мисоли муқаддас эрур,

Ҳаётинг, вафотинг ватанда бўлур.

Она юртим, дея қанчалар ўтган,

Мустақил бўлишин сабрла кутган.

Бизлар буни кўрдик, минг қатла шукур,

Қодир худойимга таъзим, ташаккур.

        ...

Машъум воқеалар ибратдир, билсанг.

Юртинг ва халқингга содиқ хизмат қил.

Тинчлигу омонлик қадрин юксак бил.

У бўлмаса  инсон ҳоли бўлар танг,

Ҳаётнинг ҳар иши ибратдир, билсанг.

 

Назокат Фазлиддин қизи,

 

Муҳаммад Юсуф ижод мактаби ўқитувчиси.

Мақсадимизга албатта эришамиз

Намунали таълим муассасалари

Асака туманидаги 24- давлат ихтисослаштирилган мактаб-интернатида физика, математика фанлари чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилади. Мактабимизда кейинги йилларда 11-синф битирувчиларини олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичини ошириш бўйича эътиборга молик ишлар амалга оширилмоқда.

Ана шу ишлар самараси ўлароқ, 2018-2019 ўқув йилида мактаб-интернат битирувчиларининг 50 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирган, улардан 4 нафари грант асосида талабаликка қабул қилинган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида 31 нафар битирувчининг 27 нафари олий ўқув юртига ўқишга кирди, улардан 7 нафари грант асосида талабаликка қабул қилинди. Мактабимизда битирувчиларнинг олий ўқув юртига кириш кўрсаткичи  87 фоизни  ташкил этди.

Ана шундай юқори натижаларга албатта, ўз-ўзидан эришилгани йўқ. Бу энг аввало, мактаб-интернатнинг тажрибали ва фидоий устозлари меҳнатининг самарасидир. Айниқса, Абдурауф Тўйчиев, Давронбек Қодиров, Абдувосил Абдуллаев, Муқаддамхон Абдуманнопова,  Муаззамхон Эрматова, Саида Атабоева сингари физика, математика, она тили ва адабиёти, инглиз тили фанлари бўйича олий тоифали ўқитувчиларимиз бераётган билимлар 11-синф битирувчиларининг олий таълим муассасаларига талабаликка қабул қилинишида муҳим роль ўйнамоқда.

Жорий ўқув йилида 29 нафар битирувчи таҳсил олмоқда. Улар иштирокида Давлат тест марказининг Олий таълим муассасаси йўналишлари бўйича бешта фан бўйича  11 марта репитицион тест синовлари ўтказилди. Битирувчиларимизнинг 14 нафари  математика-физика, 12 нафари математика-инглиз тили, 3 нафари математика - она тили йўналишини танлаганлар. Айни кунда битирувчи ўқувчиларнинг барчаси мактаб-интернатнинг фидойи устозларига бириктирилган.

Ушбу ўқув йилида 11- синф битирувчиларни олий таълим муассасаларига тайёрлаш "Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан  бошланади"  шиори остида олиб борилмоқда. Мазкур жараёнда давлатимизнинг ўқитувчиларга бўлган эътибори уларга куч-ғайрат бермоқда, янада шижоат билан меҳнат қилишга ундамоқда. Биз ўз олдимизга янада юқори натижаларга эришишни мақсад қилганмиз. Ишонаманки, аҳил ва ҳамжиҳат жамоамиз ўз олдига қўйган мақсадларга албатта етишади.

  Музаффархон МИРЗАЕВА,

Асака туманидаги 24-ДИМИ ўқув тарбиявий ишлар бўйича директор

 

ўринбосари.  

Мусобақа тарзида ўтилган дарсларда ўқувчи зерикмайди

беш муҳим ташаббус

Бошланғич таълим - умумий ўрта таълимнинг пойдевори ҳисобланади. Болаларда бирор иқтидорни сезиш, унга имконият яратиб бериш орқали бу иқтидорни ўстириш биз-устозлар олдида турган асосий вазифадир.

Муҳтарам Президентимиз томонидан илгари сурилган "Ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 та муҳим ташаббус" ўқувчиларнинг  иқтидор ва салоҳиятинини юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда..

Беш муҳим ташаббус ижроси доирасида мактабимизда турли танлов, тадбир ва очиқ дарслар ўтказилиши анъанага айланган. Жумладан,  бошланғич синфларда ҳам ана шундай тадбирлар тез-тез ташкил этилмоқда. Мен раҳбарлик қилаётган ва дарс бераётган 4 "К"синфида "Математика фанлар ичра шоҳ, унинг сирларидан бўлингиз огоҳ" шиори остида ўтказилган очиқ дарс ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

Синфимда 31 нафар ўқувчи таҳсил олади. Машғулотлар жараёнида ҳар бир ўқувчининг ўзига хос қайсидир қобилиятини кашф қилиб бораман. Ўқувчиларим орасида алоҳида қобилиятга эга ўқувчилар талайгина. Масалан, Абубакр Раҳимжонов барча фанлардан аъло баҳоларга ўқиш билан бирга, адабиёт фанига қизиқади, ҳатто,   шеърлар ёзади. Умуман, барча ўқувчиларнинг қизиқиш ва интилишидан келиб чиқиб, уларга кўмаклашаман, рағбатлантираман.

Кўпчилик математикани қийин фан деб ҳисоблайди, бу фанга қизиқмайди. Бу фикрни ўзгартириш, болаларни фанга қизиқтириш учун кундалик ҳаётимизда математиканинг нақадар зарурлигини, фаннинг ўзига хос, қизиқ томонларини кўрсатиб беришга ҳаракат қиламан. Айниқса, гуруҳларга бўлиниб, мусобақа тарзида ўтилган дарсларда ўқувчилар асло зерикмайди. Бундан ташқари,  машғулотларнинг қизиқарли бўлиши учун эртаклар, саёҳатлар, ранг-баранг  ўйинлардан фойдаланиш ҳам яхши самара беради.

 

Дилшода ШАМСИДДИНОВА,

 Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактаби бошланғич синф ўқитувчиси.

МУСИҚА ИНСОН ҚАЛБИНИ ЧАҚМОҚ КАБИ ЁРИТМОFИ ЛОЗИМ

мусиқий тарбия

Бола тарбияси она қорниданоқ бошланади, деб бежиз айтишмаган.

Аёллар ҳомиладорлик вақтидаёқ вужудида фарзанди яшаётганлигини ҳис қилишлари ва унга эътиборлироқ бўлишлари лозим. Эр-хотин сокин ҳаёт тарзини юритиши, фарзандлари олдида жанжаллашмаслиги, ўзаро тинч-тотувликда ҳаёт кечириши зарур.

Онанинг туғилажак фарзанди учун мусиқа қўйиб эшитиши катта аҳамиятга эга. Фарзанд она қорнидаёқ сокин ва шўх мусиқани ажрата олади. Она жўшқин мусиқа тинглаганида бола ҳам она қорнида тез ҳаракатлана бошлайди, аксинча, сокин мусиқада тинчланади.

Янги туғилган чақалоқ онаси айтган алла оҳангига қулоқ тутади, тинчланади. Рақсбоп шўх қўшиқ ёки мусиқа эшитса қўл-оёқлари ҳаракатланади,  завқланади. Демак, бола мусиқий ритмларни она қорнидаёқ ўзлаштиради.

Мактабгача таълим муассасаларида болалардаги мусиқий билим кўникмаларини ривожлантириш учун уларнинг ёш хусусиятлари эътиборга олинади. Мусиқа машғулотлари режа асосида гуруҳларга бўлиниб ўтилади. Ритмик ҳаракатлар, мусиқа тинглаш, куйлаш жараёнлари бунга мисолдир. Болаларнинг мусиқага қизиқишларини ҳисобга олиб, ритмларни ҳис қилишлари учун улар билан урма мусиқа асбобларида пианино жўрлигида кичик куйлар чалиб ўргатилади. Бу билан болаларнинг мусиқага бўлган қизиқишлари кучаяди.

Умумтаълим мактабларида мусиқа дарсларини ўқитиш сифат самарадорлигини ошириш Давлат таълим стандарти режаси асосида олиб борилади. Ўқувчиларнинг ёш хусусиятлари ҳисобга олиниб, синфларга ажратилади. "Мусиқа тинглаш", "мусиқа саводи", "жамоа бўлиб куйлаш" учун қўшиқлар берилади. Тинглаш учун куйлар, мусиқий саводхонлигини ошириш учун ноталар танланиб, уларнинг жойлашуви, товушларнинг паст-баландлиги, бастакор-композиторлар ижод намуналаридан ўргатиб борилади.

1-7 синф ўқувчиларига "Мусиқа маданияти" дарслари режа асосида ўргатиб борилади. Ҳар бир синфда мусиқий саводхонлик йўлга қўйилиб, ўқувчилар етти йиллик мусиқий билимларга эга бўлиб, ноталарни бемалол куйлаб бериш даражасига етадилар. Ўқитувчилар "Мусиқа маданияти" дарсларида илғор педагогик технологияларни қўллашлари керак.Ўқувчиларнинг қобилиятига қараб мусиқа тўгаракларига жалб қилиш, улар билан мунтазам шуғулланиб бориш лозим. Ўқувчиларда мусиқага бўлган ҳис-туйғуни    шакллантириш орқали Ватанга бўлган муҳаббат туйғуларини ривожлантириш лозим.

Албатта, бу натижаларга эришиш, ўқувчиларга мусиқий билимларни бериш учун, мактабларда алоҳида мусиқа хоналари ташкил қилиш ва мусиқий билими бор мутахассисларга дарсни бериш мақсадга мувофиқ бўлади.

 

Мавжудахон УМУРЗАҚОВА,

Андижон шаҳридаги

 

13-умумтаълим мактаби мусиқа фани ўқитувчиси.

Аҳолини рўйхатга олиш - муҳим сиёсий жараён

Мутахассис минбари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 16  мартдаги Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11  ноябрдаги 710-сонли қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказилиши белгиланди.

Аҳолини рўйхатга олишдан асосий мақсад, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва унинг фаровонлиги тўғрисида,  шунингдек,  узоқ муддатли прогнозлар ва давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадли дастурларини, янги иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқиш, барқарор ривожланиш Миллий мақсадлари индикаторларини шакллантириш, меҳнат ресурслари жойлашуви ва улардан фойдаланиш жараёнларини ўрганиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш учун маълумотлар базасини яратиш, кўзда тутилган.

Аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг алоҳида босқичларини, унинг материалларини қайта ишлаш ва натижаларини эълон қилишнинг тўлиқ даврини автоматлаштириш мақсадида, зарур бўлганда, ташқи пудратчини жалб этган ҳолда, миллий ва хорижий тажрибани инобатга олиб, энг янги технологик ечимлар базасида комплекс автоматлаштирилган ахборот тизими яратилади.

Аҳолини рўйхатга олиш варақларидаги аҳоли тўғрисидаги шахсий маълумотлар фойдаланилиши чекланган махфий ахборот хисобланади, тарқатишга йўл қўйилмайди ва фақат статистик мақсадларда қайта ишланади.

Автоматлаштирилган ахборот тизими:

- рўйхатга олиш варақларидаги маълумотларни киритиш, тўплаш ва сақлашни;

- маълумотларни қайта ишлаш, алмашиш жараёнларини ва ушбу жараённи услубий қўллаб-қувватлашни мониторинг қилиш;

- манзиллар, маълумотлар ва таснифлагичлар реестрида мавжуд бўлган маълумотларни актуал ҳолатда сақлашни;

- регистраторлар учун картографик материалларни     шакллантиришни;

- аҳолини рўйхатга олиш бўйича ташкилий режа тузишни автоматлаштиришни;

- аҳолини рўйхатга олишни ўтказишнинг шахсий маълумотларини автоматик қайта ишлашни;

- шахсий маълумотларни рухсатсиз кириш, ўғирлаш, бузиш ёки йўқотишлардан химоя қилишни;

- аҳолини рўйхатга олишнинг якуний маълумотларидан фойдаланишни бошқаришни таъминлайди.

Ўзбекистон Республикасининг "Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида"ги Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 710-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги маълумотлар базаси ахборот-қидирув тизимининг расмий веб сайти "Lex.UZ"  орқали тўлиқ танишиш мумкин. 

 

Дилмуроджон ЯНГИЕВ,

 

Булоқбоши тумани статистика бўлими бошлиғи.

Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш - муҳим вазифа

Тадбир

Бугун аҳоли ўртасида, айниқса, ёшлар орасида учраётган турли кўринишдаги жиноятлар, ҳуқуқбузарликлар барчани ташвишга солади.

Ёшларнинг ҳали тўлиқ шаклланмаган онг ва тафаккурига қатор хориж давлатларида содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар, интернет орқали тарқалаётган, миллий маънавиятимизга ёт ғоялар, ваҳшийлик ва зўравонликни тарғиб қилувчи видео тасмалар уларнинг онгига салбий таъсир этмоқда. Мана шундай бир вазиятда юқоридаги каби ҳолатларнинг олдини олиш асло кечиктириб бўлмайдиган муҳим вазифалардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш,  мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида Андижон вилояти Божхона бошқармаси "Маданият" чегара божхона пости  ходимлари томонидан Пахтаобод туманидаги Чорсу маҳалласида жойлашган 26- умумтаълим мактабида ўқувчи ва ўқитувчилар иштирокида "Ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш - муҳим вазифа" мавзусида тадбир ўтказилди.

Тадбирда ўқувчи ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, турли салбий ҳолатлар келиб чиқишига йўл қўймаслик, бу борада тарғибот-тушунтириш ишларини кучайтириш, ёшларнинг ҳуқуқий билимларини бойитиш, шунингдек, божхона қонунчилиги  хусусида атрофлича сўз юритилди.

Тадбир иштирокчилари, ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга божхона ходимларидан батафсил жавоблар олди.

 

Азизбек МАДАМИНОВ,

 

"Маданият" божхона пости ходими.