+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҲАСАД МИСОЛИ ОЛОВДИР

Инсонни гуноҳга, жазога етакловчи амаллардан бири - ҳасаддир. Аллоҳ таоло ҳам, пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) ҳам бандаларни хасад қилишликдан қайтарганлар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Аллоҳ бирон неъмат билан бирингизни бирингиздан ортиқ қилиб қўйган бўлса, сизлар уни (ҳасад билан) орзу қилманглар» («Нисо» сураси, 32-оят). Мусулмон киши бировга берилган неъматни ҳасад билан ўзига ҳам берилишини исташи керак эмас. Кишига лозим бўладики, бу неъматни Аллоҳдан сўраб, нафсини ҳасаддан сақламоқлиги зарур. Чунки, ҳасад қилувчи Аллоҳнинг ҳукмига қарши чиққан бўлади. Бу катта гуноҳдир.

Ҳасад шундай катта жиноят ва гуноҳни келтириб чиқаришлигининг ўзи ҳам, унинг нақадар ёмон ва хатарли иллат эканини кўрсатади. Ҳасад инсонни ҳидоятдан ҳам тўсиб қўяди.

Ҳасад - Аллоҳ таолонинг бандаларига қилган тақсимотига рози бўлмаслик, унга эътироз билдиришликдир. Аллоҳ таоло бандаларини турли синовлар билан имтиҳон қилади. Яъни, Яратганнинг кимгадир кўп, яна кимгадир оз неъмат беришлиги ҳам бир синовдир. Шу сабаб банда қандайдир неъмат ўзида йўқлигига ҳасад қилмай, ҳавас қилиши, ўша неъматни ўзи учун Аллоҳдан сўрашлиги керак.

Ҳасад ўз ортидан бошқа гуноҳларни ҳам чорлайди. Ҳасадгўй биродарига ёмон гумонда бўлади. Бунинг натижасида бошқа гуноҳлар келиб чиқади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қилиб: «Ҳасаддан сақланинглар! Чунки, олов ўтинни егани каби, ҳасад ҳам яхши амалларни еб тугатади», деб айтганлар. Бундан кўринадики, ҳасад мисоли оловга ўхшашдир. Олов ёнар экан, у ўз атрофидаги нарсаларни ҳам ёндириб юбориши мумкин. Ҳасад инсонни гуноҳга бошлайди.

Аллоҳ таоло барчаларимизни хасадгўй бандалар қаторида бўлишликдан асрасин. Бизларга ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшашдек улуғ неъматни берсин. Ана шу неъмат ортидан Яратганнинг ажру савобларига етишишлик барчаларимизга насиб этсин.

 

Абдухалим ҲАМРАҚУЛОВ,

Андижон шаҳридаги «Оқгўр» жомеъ масжиди имоми.

Энг аълочи ўқувчилар муносиб рағбатлантирилди

Сўнгги қўнFироқ

25 май куни вилоятимиздаги барча умумтаълим мактабларида бўлгани каби Избоскан туманидаги 34-умумтаълим мактабида ҳам сўнгги қўнғироқ тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда сўз олганлар  ўқувчилар ва битирувчиларни ўқув йилини муваффақиятли якунлаганликлари билан табриклаб, мамлакатимизда ёшларнинг пухта билим олишлари,  маънавиятини юксалтириш, таълим сифатини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги ҳақида гапирдилар.

Президентимиз томонидан ёшларга пухта билим бериш, улар маънавиятини юксалтиришга оид илгари сурилган бешта ташаббус мазкур мактабда ҳам ўзининг амалий ифодасини топмоқда.

Тадбирда йил давомида фаоллик кўрсатган, самарали меҳнат қилган педагоглар, тўгарак раҳбарлари, шунингдек, турли танловлар, мусобақалар, ўқишда, жамоат ишларида фаол иштирок этган ўқувчиларга фахрий ёрлиқлар, эсдалик совғалар топширилди.

Маълумки, мазкур мактабда «Уста Ҳабибуллоҳ ота»  жамғармаси ташкил этилган бўлиб, жамғарма томонидан ўқув йили давомида энг аълочи ўқувчиларга ойлик стипендия бериб келинади, йил якуни бўйича эса энг юқори натижага эришган ўқувчиларга гран при соврини берилиши йўлга қўйилган.

Тадбирда  май ойида аъло баҳоларга ўқиб, энг юқори натижа қайд этган 17 нафар ўқувчига ойлик стипендиялар топширилди. Шунингдек, «Хотира ва қадрлаш куни» муносабати билан ўтказилган «Аждодларим - фахрим» иншолар танловида ғолиб бўлган Моҳинур Хожимаматова, Жавоҳир  Тўлқинбоев, Озодбек Мирзакаримов, Диёрахон Эркинова ҳамда Бокс бўйича ўсмирлар ўртасида Доҳа шаҳрида ўтказилган Осиё чемпионати совриндори, мазкур мактабнинг 10- синф ўқувчиси Темурбек Абдувахобов жамғарманинг қимматбаҳо совғалари билан мукофотланди.

Тўрт йилдан буён анъанага айланган «Уста Ҳабибуллоҳ ота» жамғармаси томонидан топшириб келинаётган бош  соврин ноутбук  жорий ўқув йили якуни бўйича энг кўп стипендия соҳибига айланган ўқувчилар Моҳинур Ҳожимаматова ва Мубинабону Хабибуллаевага топширилди.

Сўнгги қўнғироқ тадбири иштирокчилар, айниқса, битирувчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди.

 

Маъмурахон  АБИДОВА,

мазкур мактаб ўқитувчиси.

Болалар оромгоҳлари мавсумга шайми?

Вилоятимиздаги мавжуд 19 та болалар оромгоҳи, шунингдек, мактабларда ташкил этиладиган 67 та кундузги оромгоҳда жорий мавсумда 18 минг 400 нафар бола дам олиши белгиланган.

Вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси,      соғлиқни сақлаш, халқ таълими, ички ишлар, маданият бошқармалари, санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамкорлигида жорий йил ёз мавсумида фаолият кўрсатувчи болалар оромгоҳлари раҳбарлари, ҳисобчилари, спорт йўриқчилари, етакчи тарбиячилар, мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирокида ўтказилган ўқув-семинарда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар, мавсумни юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Семинарда сўз олганлар томонидан  мамлакатимизда ёш авлоднинг ҳар жиҳатдан етук, баркамол вояга етишларини таъминлаш, хусусан, болаларини соғломлаштириш, ёзги таътилни мазмунли ўтишини ташкил этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди. Ободонлаштириш, зарур инвентарлар, турли жиҳозлар, спорт буюмлари, маърифий-бадиий адабиётлар, дори-дармонлар билан таъминланиши, оромгоҳларда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, санитария-гигена талабларига қатъий амал қилиниши юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Оромгоҳларда иш олиб бориш учун етарли тажриба ва малакага эга педагоглар, тарбиячилар, тиббиёт ходимларини жалб этилиши, оромгоҳларни сифатли озиқ-овқат, қишлоқ хўжалик, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар билан таъминлаш борасида фермер хўжаликлари, мутасадди ташкилотлар билан шартномалар тузиш, маҳсулотларнинг сифатли сақланишини таъминлаш борасида ҳам мутасаддиларга зарур тавсиялар берилди.

Мутахассислар томонидан оромгоҳларда иштирокчиларга санитария-гигиена талабларига қатъий амал қилиш, оромгоҳлар қошида ташкил этилган тиббий пунктлар ишини намунали юритиш, биринчи ва режали ёрдам кўрсатиш учун зарур дори-дармонлар заҳирасини яратиш, масъул шахсларнинг билим ва малакаларини бойитиш, самарали иш олиб боришлари бўйича  маълумотлар берилди.

Оромгоҳлардаги покизалик, санитария-гигена қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олиниши, шу билан бирга, озиқ-овқатлар сифатига, болаларга бериладиган овқатларнинг меъёрига алоҳида эътибор қаратилиши қатъий белгиланган.

Семинарда оромгоҳларда жамоат тартибини сақлаш, маданий-маърифий тадбирлар ташкил этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланиб, мутасаддиларга фестиваллар, спорт тадбирлари, санъаткорлар, спортчилар билан учрашувлар, турли кўнгилочар кечалар, шунингдек, оромгоҳларда ижодиёт марказлари фаолиятини йўлга қўйиш, спорт ва фанлар бўйича тўгараклар ташкил этиш, қизиқарли машғулотлар, китобхонлик кечалари ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди. 

 

Шахноза ҲАКИМОВА,

 вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бўлим мудири.

Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси: янги тамойил асосида иш олиб борилмоқда

Вилоят ҳокимлиги, ички ишлар бошқармаси томонидан 2022 йил давомида хотин-қизлар билан янгича ишлаш бўйича қўшма дастур имзоланиб, мазкур дастур доирасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Хотин-қизлар билан янгича ишлаш, опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш, уларни жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш, оилалардаги ижтимоий-маънавий, руҳий муҳит барқарорлигини мустаҳкамлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка сабаб бўлаётган омилларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш бўйича ишлаб чиқилган қўшма дастурда белгиланган вазифалар ижроси доирасида туман ва шаҳарларда кенг кўламли тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.

Шаҳрихон туманидаги маҳаллаларда вилоят ички ишлар бошқармаси, туман ҳокимлиги, Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими ҳамкорлигида мутасаддилар, қўшма дастур асосида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг ўринбосарлари, ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик профилактикаси бўйича ишлар «хондонбай», «оилабай» ва «фуқаробай» тамойили асосида ташкил этилмоқда.

Мутасаддилар ҳар бир оилага кириб, оиланинг ҳар бир аъзоси билан бевосита суҳбатлар ўтказмоқда, ҳуқуқбузарлик соҳасида юзага келиши мумкин бўлган  муаммоларни олдинда аниқлашга ҳаракат қилмоқда. Мазкур жараёнда ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор фуқаролар, нотинч ва муаммоли  оилалар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

-      Мақсадимиз опа-сингилларимизни қийнаётган муаммоларни бартараф этиш, уларни турли тайзиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш, оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги, маҳалладаги маънавий муҳит   барқарорлигини таъминлашга қаратилган ишларни кучайтириш  - дейди Шаҳрихон тумани ҳокимининг ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Зиёдахон Бозорбоева. - Қолаверса, хотин-қизлар, хусусан, аҳолининг муаммоли қатлами вакилларининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш, умуман, ана шу йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш, ижобий натижаларга эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шаҳрихон туманида «хонадонбай», «оилабай» ва «фуқаробай» ишлаш тамойили асосида келгусида хотин-қизлар иштирокидаги, шунингдек, оила-турмуш доирасидаги жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг сабаб ва омилларини эрта аниқлаш, олдини олиш мақсадида тумандаги 76 та маҳаллада шакллантирилган Ишчи гуруҳлар аъзолари уйма-уй юриб, тарғибот-тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Зарур адабиётлар, тарғибот материаллари билан таъминланган Ишчи гуруҳлар хотин-қизлар, умуман, аҳоли барча қатлами вакилларининг ҳуқуқий билим ва саводхонлигини юксалтириш бўйича суҳбатлар ўтказмоқда.

 

Фаҳриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Болалигим - подшолигим

Ифтихор

Болалик. Инсоннинг энг беғубор даври! Ҳар бир инсон болалик чоғларини завқу-шавқ билан ўтказади. Болаликнинг ширин хотиралари билан ҳамроҳ бўлади. Бу гўзал фаслни бошдан кечирмаган инсон йўқ оламда. Бу давр шу қадар ажойибки, кўз очиб юмгунча ўтиб кетади. Уни қандай ўтказиб юборганимизни хатто сезмай ҳам қоламиз.

Бекорга халқимиз «Болалигим подшолигим» демайди. Ушбу гап заминида чуқур маъно ётади. Болаликни бир сўз билан подшоликка қиёслаш мумкин.

Шу сабабли ҳам болалик қайтиб келмайдиган, умримиз давомида фақатгина бир марта бериладиган неъматдир. Болалик - ўрганиш даври. «Қуш инида кўрганини қилар» деганларидек айнан ман шу пайтда биз ота-онамиздан, бобо ва бувиларимиздан, катталардан ҳаётга муносабатни, одоб-аҳлоқни, китоб ўқишни ўрганамиз, эзгу ишларни қалбимизга жо қиламиз. 

Бугун озод ва обод юртимизда биз ёшларнинг ўқиб, пухта билим олишимиз, бўш вақтларимизни мазмунли ўтказиш учун зарур барча шароитлар яратилган. Ана шу имкониятлардан самарали фойдаланиш эса бизнинг бурчимиз. Дунёнинг ҳамма давлатларида ҳам бундай имкониятлар мавжуд эмас. Бир қатор давлатларда нотинчлик, қурғоқчилик, очарчилик ҳукм сурмоқда, уруш олови ёнмоқда. Ўша юртлар болалари мактабга бориш, болаликнинг такрорланмас онларини шоду хуррамлик билан ўтказиш имконига эга эмас.

Она Ватанимиз - тинч, осмонимиз мусаффо. Биз бугун дунёдаги энг бахтли болалармиз. Шахсан мен Ўзбекистондек жаннатмакон ўлкада туғилганимдан, шу гўзал юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман.

 

Севарахон ИКРОМОВА,

Асака туманидаги  34-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

«Баркамол авлод» маркази «Ёш журналист ва нотиқ» тўгараги аъзоси.

Ахборот-кутубхона марказлари фаолияти юқори босқичга кўтарилади

Халқаро анжуман

Вилоятимизда 25-27 май кунлари  «Central Asia: фан, таълим маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» XV Халқаро конференцияси бўлиб ўтди.

Андижон шаҳридаги «Ёшлар маркази»да конференция очилишига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммунимкациялар агентлиги директори Асаджон Ходжаев, Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Азизхон Мақсумов, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси директори Умида Тешабоева сўз олиб, конференциянинг мақсад ва вазифалари, аҳамияти ҳақида гапирди, анжуман иштирокчиларини муборакбод этди.

Фан, таълим, маданият ва бизнес соҳаларида электрон ахборот ресурсларини ривожлантириш ва қўллашда ахборот-кутубхона муассасалари, ўқув юртлари, архивлар, музей ва бошқа ташкилотларнинг ҳамкорликдаги фаолиятини кенгайтириш, кутубхона ишини янада юқори босқичга кўтариш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, ютуқ ва илғор тажрибаларни оммалаштириш,  халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ўтказилаётган халқаро конференцияда Қорақолпоғистон Республикаси ҳамда республикамизнинг барча вилоятлари ахборот-кутубхона марказлари раҳбарлари, умуман, соҳанинг 400 нафардан ортиқ мутахассислари, шунингдек, ўнга яқин хорижий мамлакатлардан 30 нафар эксперт иштирок этди.

Айни кунда замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси тасарруфида 14 та вилоят, 186 та туман, шаҳар ахборот-кутубхона марказлари фаолият олиб бормоқда. Бундан ташқари, турли вазирлик ва идоралар тизимида қарийб 90 мимллион нусхага яқин китоб фондига эга 14 мингдан зиёд ахборот-кутубхона муассасалари мавжуд. Умуман, мазкур йўналишда 25 минг нафарга яқин кутубхоначи мутахассислар китобхонларга хизмат кўрсатиб келади.   

Икки кун давом этган анжуманда З.М.Бобур номли вилоят ҳамда Марҳамат тумани ахборот-кутубхона марказларида ялпи мажлис, шўъбалар доирасида семинар-тренинг ҳамда маҳорат дарслари ўтказилди.

Конференция иш жараёнида Ўзбекистонда кутубхона фаолиятининг бугунги ҳолати, Туркиянинг маданий дипломатия ва Президент халқ кутубхонаси тажрибалари, Қирғизистон кутубхона-ахборот конссорсиуми уюшмаси фаолияти, Тожикистон Миллий кутубхонаси электрон ресурсларни ривожлантириш шартлари ва тенденциялари, Марказий Осиё ахборот-кутубхона инфратузилмасини яратиш муаммолари ва истиқболлари, кутубхонани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва Россия Давлат кутубхонасининг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлиги масалалари ва бошқа соҳага оид қатор мавзуларда мутахассисларнинг маърузалари тингланди.

- Эксперт ва мутахассисларнинг маърузаларидан фаолиятимизга оид жуда кўп нарсаларни ўргандик, - дейди З.М.Бобур номли Андижон вилояти ахборот-кутубхона маркази илмий методика хизмати раҳбари Замирахон Шахобитдинова. - Айниқса, илмий-методик хизматни ташкил этиш бўйича хорижий тажрибалар, илғор иш услублари ҳақидаги маълумотлар бизда катта қизиқиш уйғотди.

 Маърузалар юзасидан савол-жавоблар бўлди, иштирокчилар томонидан мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтариш бўйча таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.

Халқаро конференция доирасида Ўзбекистон кутубхоналар ассоциацияси ташкил этилди.

Маҳалла тизими ходимлари беллашди

Спорт - саломатлик гарови

Андижон шаҳридаги Олипия ва паралимпия заҳиралари коллежида «Спорт - саломатлик гарови» шиори остида маҳалла тизими ходимлари ўртасида спорт мусобақаларининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Маҳалла тизими ходимлари, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама соғлом бўлишини таъминлаш, қолаверса, «Ташкилот, маҳалла ва оила ҳамкорлиги»ни янада мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган спорт беллашувларининг туман, шаҳар босқичларида 7 минг нафардан зиёд киши иштирок этди.

Спортнинг  «Моҳир хужумчи», арқон тортиш, «Ким эпчил» ўйини, дартс, шахмат-шашка, стол тенниси, бадминтон ва волейбол турлари бўйича ўтказилган беллашувларида мусобақанинг туман, шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 16 жамоа иштирок этди.

- Жисмоний соғлом кишининг руҳи тетик, ишининг ҳам унуми юқори бўлади, - дейди "Маҳалла" хайрия жамоат фонди Андижон вилоят бўлими бошқаруви раиси Баҳтиёржон Турсунов. - Шу маънода тизим ходимлари саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ва уларнинг оила аъзолари ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантириш мақсадида ўтказилган мусобақаларнинг маҳалла, туман, шаҳар ҳамда вилоят босқичлари жуда қизиқарли тарзда ўтди. Айниқса, тизим ходимлари мусобақаларда фаол иштирок этди.

Беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, «Моҳир хужумчи» мусобақасида Марҳамат тумани, арқон тортиш бўйича Жалақудуқ тумани, «Ким эпчил» ўйинида Қўрғонтепа тумани, дартс бўйича Шаҳрихон тумани, шахмат-шашка мусобақасида Бўстон тумани, стол тенниси мусобақасида Андижон тумани, бадминтон мусобақасида Андижон шаҳар, волейбол мусобақасида Жалақудуқ тумани жамоалари ғолибликни қўлга киритди.

 Умумжамоа ҳисобида эса Жалақудуқ тумани жамоаси 1-ўринга сазовор бўлди. Марҳамат, Избоскан туманлари жамоаларига иккинчи ва учинчи ўрин насиб этди.

Спорт беллашувларининг ғолиб ва совриндорлари «Маҳалла» хайрия жамоат фонди вилоят бўлими томонидан фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик    совғалар билан тақдирланди.

Умидахон ИСАқОВА,

спорт  тарғиботчиси.

Номинг куйга солгим келади, Ватан!

Бугун қаламимни тебратиб аста,

Сен ҳақингда ёзгим келади, Ватан.

Сенга айтилажак сўзларим даста,

Номинг куйга солгим келади, Ватан.

 

Бағрингда унади ёш ўғил-қизлар,

Бир-биридан доно ул ширин сўзлар.

Ўқиб, изланар, олий мақсадни кўзлар,

Улар халқ ишончин оқлагай Ватан.

 

Ҳар бир қарич еринг азиз, мўътабар,

Бўлса ҳамки чиққан тиконлар агар.

Бу олтин заминда улар ҳам гуллар,

Шу гуллар очилган чаманим, Ватан.

 

Осмон ҳам мусаффо, тинчлик ҳукмрон,

Бағрикенг қалблар тинч, хотиржам ҳар он.

Ёвнинг ҳужумига жон қилгай қалқон,

Минглаб Алпомишлар қўрғони, Ватан.

 Ҳилола МАМАЖОНОВА,

Қўрғонтепа тумани.

Андижонлик ёшлар халқаро танлов ғолиби

Санъатимиз ёш юлдузлари

Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтказилган «Нива истиқболлари» («Невские перспектив») халқаро санъат фестивалида андижонлик бир гуруҳ ёшлар ғолиб ва совриндорлар қаторидан жой олди.

Болалар ва ўсмирларнинг ижодий иқтидорларини ривожлантириш халқаро лойиҳаси доирасида жаҳондаги қатор мамлакатлардан келган ёш иқтидорлар иштирок этган халқаро фестивалда юртимиз ёшларининг эришган ютуқлари мамлакатимизда, хусусан, вилоятимизда ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини намоён этишлари учун  яратиб берилган кенг имкониятлар самарасидир.

Танловда Андижон ихтисослаштирилган санъат мактаби «Эстрада» йўналиши ўқувчиси Муҳаммадали Тўлқинов, «Халқ чолғулари ижрочиси» йўналиши дутор мутахассислиги ўқувчиси Дилбарой Қўчқорова, Андижон шаҳридаги 3-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби қашқар рубоби мутахассислиги ўқувчиси Сардорбек Ўлмасбоев, Асака шаҳридаги 11-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби доира мутахассислиги ўқувчиси Шохаббос Ўлмасбоев фахрли 1- ўринга, Андижон ихтисослаштирилган  санъат мактаби «Хор дирижёрлиги» йўналиши ўқувчиси Меҳриноз Шукириллаева ҳамда Андижон шаҳридаги 3-сон Болалар мусиқа ва санъат мактаби фортепиано йўналиши ўқувчиси Шоҳжаҳон Ўлмасбоев 3- ўринга сазовор бўлди.

Шаҳзод АБДУЛЛАЕВ,

Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқувчиси.

 

"ЎЗБЕКИСТОН-ҚИРҒИЗИСТОН ЁШЛАР ФОРУМИ": ДЎСТЛИК РИШТАЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАДИ

ХалҚаро форум

Вилоятимизда "Марказий Осиё ёшлар форуми" доирасидаги «Ўзбекистон-Қирғизистон» ёшлар форуми бўлиб ўтди.

Қирғизистондан ташриф буюрган ёшлар темирйўл вокзалида тантанали равишда кутиб олинди. Икки қўшни халқ миллий куй ва қўшиқлари янраган кутиб олиш тадбири ҳақиқий ёшлар байрамига айланиб кетди. 

Ўзбек ва қирғиз ёшлари ўртасидаги мулоқотда икки қўшни халқ, умуман, Марказий Осиё давлатлари ёшлари ўртасидаги дўстлик, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, халқаро ёшлар форумининг мақсади, аҳамияти хусусида сўз юритилди. Шундан сўнг қирғизистонлик ёшлар Андижон шаҳридаги «Ёшлар технопарки»да бўлди. Бу ерда ташкил этилган  «Ишга марҳамат» мономаркази фаолияти билан яқиндан танишди. Марказда ёшлар учун яратилган шарт-шароитлар, уларни замонавий касбларга ўқитиш, тадбиркор ёшларни қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилган «Ўзбекистон-Қирғизистон» ёшлари форуми қатнашчилари юртимиздаги маҳаллабай ишлаш тизими, маҳаллаларда жорий этилган ёшлар етакчиси лавозими ва улар томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиш мақсадида Андижон шаҳридаги «Баркамол» маҳалла фуқаролар   йиғинида бўлди. Ёшлар етакчиси томонидан олиб борилаётган ишлар билан танишилди.

Андижон шаҳридаги «Эко парк»да ташкил этилган маданий кўнгилочар тадбир форум қатнашчиларида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Форумнинг иккинчи кунида меҳмонлар Шаҳрихон туманидаги «Ҳунармандлар маркази»да бўлиб, бу ерда ҳунармандлар учун яратилган шароитлар, ҳунармандчиликни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар, ёш ҳунармандлар томонидан тайёрланган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазмасини кўздан кечирди.

Шу куни форум қатнашчилари Марҳамат туманидаги «Келажак нури» халқ кутубхонаси бўлиб, кутубхона фаолияти билан танишди.

Форум қатнашчиларининг Асака шаҳридаги «УзАвтоМоторс» автомобиль заводига саёҳати унутилмас   таассуротларга бой бўлди. Иштирокчилар Марказий Осиёдаги энг йирик автомобиль заводи ишлаб чиқариш жараёнларини бевосита кузатиш имконига эга бўлдилар.

Форум доирасидаги тадбирлар, мулоқот ва суҳбатлар икки халқ ёшларини янада яқинлаштирди, дўстлик ришталарини мустаҳкамлади.

Зуҳриддин УМРЗОҚОВ