+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Бир дарёнинг икки ирмоғи

Ибратли оилаларимиз

Мустақиллик байрамининг ўттиз бир йиллик тўйи арафасида мамлакатимизда тинчлик-тотувлик ҳукм сурмоқда. Одамларнинг кайфияти чоғ, қалбларида кўтаринкилик шукуҳи жўш урмоқда. Юртбошимиз ташаббуси билан мамлакатимизда «Инсон қадри учун» деган эзгу ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.

Ана шундай улуғвор ишлар олиб борилаётган бир пайтда яқинда Қорақолпоғистон Республикасида бўлиб ўтган нохуш воқелар бутун халқимизни ташвишга солди. Юртимиз тинчлиги, равнақини кўра олмаётган бир гуруҳ ғаламислар томонидан уюштирилган ғалаёнлар айниқса, Қорақолпоқ халқи вакиллари томонидан жиддий қораланди.

-      Очиғи, бўлиб ўтган нохуш воқеаларни тасаввуримга сиғдира олмаяпман, - дейди Андижон давлат тиббиёт институтининг доценти, тиббиёт фанлари номзоди, таниқли кардиолог Бахтияр Даулетбаев. - қардош қорақолпоқ ва ўзбек халқи ўртасида низо келтириб чиқаришга уринган кимсаларнинг ниятлари қора. Улар унутмасинки, ҳеч қачон бу икки миллатни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Ўзбек ва қорақолпоқ бир дарёнинг икки ирмоғидир.

Дарҳақиқат, икки халқ вакилларининг аҳил-иноқлиги, ҳеч қачон бир-биридан ажралмаслигини, ҳамиша бир-бирига елкадош бўлиб яшашларини қаҳрамонимиз Бахтияр Даулетбаев оиласи мисолида ҳам яққол кўришимиз мумкин.

Шифокор Бахтияр Даулетбаев асли қорақолпоқ миллати вакили. Унинг оиласи шифокорлар оиласи ҳисобланади. Турмуш ўртоғи Светлана Ильясова ҳам қарийб ўттиз йилдан буён Андижон вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида фолият олиб боради, олий тоифали шифокор-аллергиолог. Ушбу шифокорлар оиласини нафақат вилоятимиз, ҳатто қўшни Фарғона ва Наманган вилоятларида ҳам кўпчилик яхши билишади. Чунки улар фаолиятлари давомида   Фарғона водийсидаги кўплаб болаларга сиҳат-саломатлик улашиб келмоқда.

Ўз касбининг етук ва маҳоратли мутахассиси Светлана Ильясова 1988 йилда Қорақалпоғистон Республикасининг Чинбой туманидан Андижон давлат тиббиёт институтига ўқишга келади. Институтнинг педиатрия факультетига ўқишга киради. Талабалик йилларида юртдоши, Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот шаҳридан ўқишга келиб, АДТИ даволаш факультетининг юқори курсида таълим олаётган Бахтияр Даулетбаев билан дўстлашади. Қорақалпоғистонлик талабалар талабалик қийинчиликларини енгиб ўтишда бир-бирларига кўмакдош бўлишди. Ҳар иккиси ҳам институтни "қизил диплом" билан тамомлашди.

Ўқиш давомида яқин дўстга айланган бу икки ёшнинг муносабатлари кейинчали севги-муҳаббат ришталари билан мустаҳкамланди, оила қурадилар. Шу шу улар Андижонда қолиб, палак отди. Туғилиб ўсган юртларидан олисда бўлсалар-да, меҳнат фаолиятларида юксак натижаларга эришдилар, баҳтиёр ҳаёт кечирдилар. Фарзандларини тарбиялаб, юртга хизмат қиладиган инсонлар қилиб вояга етказдилар.

-      Каттамиз қиз, кичигимиз ўғил, - дейди фарзандлари камолидан қувонган Светлана Ильясова. - қизим Наргизахон бизнинг йўлимизни тутиб, шифокор бўлди. Ўғлимиз Шерзодбек эса Андижон машинасозлик институтида таҳсил олмоқда. Дадаси уларга ҳар жиҳатдан намуна.

Йиллар давомида Бахтияр Даулетбаев ва Светлана Ильясовалар касбиниг моҳир устаси, фидойиси, қолаверса, ўзларининг қатор инсоний фазилатлари билан нафақат ҳамкасблари, балки дўстлари, қўни-қўшни, маҳалла-кўй орасида ҳам катта ҳурмат-эътибор қозона олдилар.

-      Ҳаётим давомида қандай унутилмас, ажойиб кунларни бошимдан ўтказган, қандай ютуқларга эришган бўлсам, бунда албатта, турмуш ўртоғимнинг хизматлари катта,- дейди Бахтияр Даулетбаев. - Оиламиздаги тинчлик-тотувлик, фарзандларимиз камолидан келиб чиқиб айтадиган бўлсам, хаётимиздан розимиз. Ўзбекистондай жаннатмоннанд юртда, хусусан, гўзал Андижонда  яшаётганлигимиздан жуда ҳам хурсандмиз.

Бахтияр Даулетбаев АДТИ профессори, таниқли шифокор Сайфиддин Турсуновни ўзининг энг яқин устози деб билади. Унинг мураббийлигида кордиология соҳасининг сир-асрорларини пухта ўрганди, номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди, тиббиёт фанлари номзоди илмий унвонини олди.

Гўзал оилавий муҳит қарор топган, аҳиллик, тотувлик асосида қурилган бу оилага кўплар ҳавас қилади. Чунки бу оила чинакам бахт қўрғонига айланган. Уларни ҳеч қачон, ҳеч ким ўзга миллат вакилисан, деб камситмаган, ўзбеклар билан бир оиланинг  бўлиб аҳилликда яшаб келмоқда. Ўзбекнинг қорақалпоғи, қорақалпоқнинг ўзбегига айланган бу оиланиг бахтига асло кўз тегмасин. Юртимиз тинч, осмонимиз ҳамиша мусаффо бўлсин.

Сафарали АБДУРАҲИМОВ

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН: АЁЛЛАРГА ЭЪТИБОР ЮКСАЛМОҚДА

Муносабат

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеини юксалтириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Уларнинг юртимиз сиёсий-ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётида фаол иштирокини таъминлаш, маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан этиб белгиланди.

Аёлнинг оиладаги, оилани мустаҳкамлаш, фарзанд  тарбиясидаги ўрни ва роли эса янада залворлироқ.  Одамзот  онгли ҳаёт бошлагандан буён аёлни севиб, ардоқлаб келади. У ўзининг латофати, ибо-ҳаёси, меҳр-муҳаббати, меҳнати, садоқати билан ҳар қанча эъзозу шарафларга муносибдир. Айниқса, ўзбек аёлининг бардоши, садоқати, меҳру муҳаббати ҳақида гапириб ўтириш шарт эмас. Не-не азоб-у уқубатларга бардош берган Кумушбиби, Барчиной каби буюк сиймолар асрлар давомида ўзбек аёлининг тимсоли бўлиб келади.

Халқимиз тарихида буюк алломалар, жаҳонгир боболаримизни  дунёга келтириб, тарбиялаган, улуғвор ишларга руҳлантирган фозила аёллар жуда кўп бўлган. Бугун ҳам хотин-қизларимиз фарзанд тарбиясида, турли соҳаларда, маҳаллаларда фидойилик намуналарини кўрсатиб меҳнат қилмоқда.

Юртимизда опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш мақсадида сўнги йилларда қатор қонунлар, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Биргина 2021 йилда аёллар тадбиркорлиги дастурлари доирасида 200 мингдан зиёд лойиҳаларга 2 триллион сўм кредит ва субсидиялар ажратилиб, 320 минг нафар хотин-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди, 190 минг нафар аёл касб-ҳунарга ўқитилди, 4 минг нафардан зиёд хотин-қизга уй-жой тўловининг маълум қисми тўлаб берилди.

Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш дастурларини самарали амалга ошириш ҳамда уларнинг тадбиркорлик фаолияти учун микрокредитлар ажратиш борасидаги қарори билан тадбиркорлик қилиш истагидаги фуқаролар, хусусан, ёшлар ва хотин-қизларга микрокредитлар ажратиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасаларига қўшимча давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари доирасида хотин-қизларга танловда иштирок этиш учун тавсиянома бериш ва уларни ўқишга қабул қилишни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. Унга кўра, ижтимоий ҳимояга муҳтож кўплаб хотин-қизлар талаба бўлиш имконига эга бўлди.

Фаол ва ташаббускор хотин-қизларни рағбатлантириш учун эса "Мўътабар аёл" кўкрак нишони жорий этилди. Бундан ташқари, қонунчиликда  12 ёшга тўлмаган фарзанди бор аёлларга қўшимча таътил бериш ва 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни енгилроқ ишга ўтказиш тартиблари белгиланган. Ҳомиладор аёллар, 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни ишга қабул қилишда дастлабки синов қўлланилмайдиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, юртимизда опа-сингилларимизнинг оғирини енгил қилиш, муаммоларини ҳал этиш, ҳаётларидан рози бўлиб яшашларини таъминлаш учун зарур барча ишлар амалга оширилмоқда.

 

Иноятхон МАДАМИНОВА,

Андижон машинасозлик институти Автомобилсозлик факультети талабаси.

Кўзимга тўтиё тупроғинг, Ватан!

Бағрингда ўсяпман шодон ҳар куним,

Чароғон ўтмоқда ойдиндир йўлим,

Оташ муҳаббатга тўлгандир кўнглим,

Кўзимга тўтиё тупроғинг, Ватан.

 

Тинчлик тамал тошин қўйган ҳур диёр,

Қуёшли масканим ўзинг нур диёр,

Очилган гулларга тўлган гул диёр,

Боғимда кўкарган япроғим - Ватан.

 

Орзулар бўй чўзиб осмонга етар,

Қалбларда ёруғлик, зулмат тарк этар,

Бағрингда яшамоқ қувонч бахш этар,

Юракда ҳаяжон, титроғим - Ватан.

 

Онам каби қучоғи қайноғим, ўзинг,

Яшилликка бурканар баҳор, ёз, кузинг,

Сенга, ашъор битар эркин, ҳур қизинг,

Меҳрга лиммо-лим офтобим - Ватан.

 

Нозима ЎЛМАСОВА

"ТУРФА ХИЛ САВДОЛАР"

Янги китоб

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир ва ёзувчи  Олимжон Раҳимовнинг "Турфа хил савдолар" деб номланган янги китоби нашрдан чиқди.

Восит Аҳмад муҳаррирлигида "Андижон нашриёт-матбаа" МЧЖда чоп этилган ушбу китобга ижодкорнинг турли йилларда ёзилган ҳикоя, қисса, мақолалари, шунингдек, бир қатор шеърлари киритилган.

Ҳар бир инсон умри давомида яхши-ёмон кунларни кўради, турфа феъл-атворли инсонлар билан учрашади, бўҳтонларга, туҳматларга, ҳасадларга дуч келади. Киши қандай ҳолат, шароитга тушмасин, энг аввало, ўзини йўқотмаслиги, Аллоҳга  итоатда, ибодатда бўлиши, яхши одамлардан маслаҳат олиши, хуллас, сабр ва қаноатни ўзига дўст тутиши керак. Ушбу китобни ўқиб чиққан ҳар бир китобхон шуурида шубҳасиз, ана шундай  фикрлар жунбушга келади.

Китобга киритилган асарлар қаҳрамонларининг қизиқарли, ўзига хос ҳаёти, тақдири орқали юқоридаги фикрлар ижобати намоён бўлади. Ҳаётдаги қийинчиликлардан қоқилмай, адашмай тўғри йўлдан борган инсон шубҳасиз  иродали бўлади, қолаверса, эл-юрт орасида обрў-эътибор топади.

Ана шундай иродали инсонлардан ибрат олишни истасангиз, ушбу китобни ўқиб чиқинг. қисса, ҳикоялар қаҳрамонлари билан ғойибона суҳбатлашинг, уларнинг ҳаёти, тақдири билан танишиб, ўзингизга зарур хулосалар олинг.

 

Шаҳло ҲАМИДОВА,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Муҳаммад Юсуф номидаги ижод мактаби ўқитувчиси.

ИШСИЗ ЁШЛАР ВА ХОТИН-ҚИЗЛАР ТАДБИРКОРЛИККА ЎҚИТИЛМОҚДА

Ижтимоий лойиҲа

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан Жаҳон банкининг молиявий кўмаги асосида «Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш» лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Мазкур лойиҳа доирасида "SABR Mikrokredit Tashkiloti" LLC томонидан "Тадбиркорлик кўникмаларини ривожлантириш" бўйича 2022-2024 йиллар давомида республикамизнинг қатор ҳудудларида 15 минг 183 нафар аҳолини тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш кўзда тутилган. 

ТоТ (Training of Trainers) тренинги 2 гуруҳга бўлинган ҳолда, яъни 1-гуруҳ Андижон, Бухоро, Наманган, Тошкент, Самарқанд, Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳри, 2-гуруҳ эса Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Сирдарё ва Хоразм вилоятлари  тренерлари учун ўтказилди.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳа доирасида семинар-тренинг машғулотлари ўтказиш учун 64 соатлик махсус модуллар асосида тайёрланган ўқув дастурларига кўра, тренерлар тайёрлаш бўйича машғулотлар ташкил этилади. Тренерлар тайёрлаш курслари учун  иқтисод, молия, маркетинг, педагогика, психология, ҳуқуқшунослик йўналишлари бўйича иш тажрибаси, дарс бера олиш қобилияти, тил билиши, сертификатларга эга эканлиги ҳамда тренерлик маҳоратлари ҳисобга олинган ҳолда экспертлар томонидан мутахассислар саралаб олинди.

Махсус курсни тамомлаган тренерлар эса аҳолининг кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари вакилларида замонавий бизнес кўникмаларини ривожлантириш, уларнинг бизнес юритиш борасидаги билимларини бойитиш, шунингдек, тадбиркорлик фаолиятларини бошлашларига кўмаклашиш, молиявий саводхонлик, бухгалтерия ҳисоби ва маркетинг асосларини ўргатиш, бозорга кириш, тажрибали тадбиркорлар фаолияти билан таништириш ва улар билан алоқаларни йўлга қўйиш бўйича 35 соатлик ўқув машғулотлари ўтказадилар.

Тренинглар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги қошидаги "Ишга марҳамат" мономарказлари, туман, шаҳар Касб-ҳунар мактабларида ташкил этилади.

Лойиҳа асосида Андижон вилоятида 14 та семинар-тренинг ўтказилиши, машғулотларга 420 нафар ишсиз ёшлар ва аёллар жалб этилиши режалаштирилган. Айни кунларда мазкур лойиҳанинг 2-тренинг иштирокчилари сертификат олиш арафасида турибди.

Лойиҳа асосида тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги хотин-қизлар ва ёшлар  белгиланган дастур бўйича тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиш, бизнесни юритиш, умуман, тадбиркорлик кўникмаларини бойитиш билан боғлиқ зарур билимларни оладилар ва тренингдан кейин ўзларининг тадбиркорлик фаолиятларини бошлайдилар.

Лойиҳа Андижон  вилоятидаги  хотин-қизлар ва ёшларнинг муаммоларини ҳал этиш, бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорлликка жалб этишга яқиндан ёрдам бермоқда.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

     ИЛМ

 

Илм изловчининг бўлса ғояси,

Вақтида ёзилса бўлар фойдаси.

Ўйлама, илмга ошно бўлмайди,

Кимнинг дарди бўлса, бойлик ғалваси.

 

Билимдан насибам бор бўлсинг десанг,

Астойдил изласанг, топасан нурин.

Ҳалоллик йўлини тутгин доимо,

Аллоҳнинг нуридир, сочар зиёсин.

 

Оқибатхон МАДАМИНЖОН қизи,

Булоқбоши тумани.

 

 

БИТИРУВЧИЛАРГА  ТИЛАК...

Эгнингизга ярашган  либос,

Оппоқ тонгдан олган андоза.

Ниятларим оқ тонгларга мос,

Тилакларим чашмадан тоза.

 

Қалбимдаги сиз унган чечак,

Чўққиларни,  самони кўзлар.

Дилимдаги сиз маржон, безак,

Айрилиқдан энтикиб сўзлар.

 

Оппоқ тонгда оқ тилак айтсам,

Фақат, фақат омад ёр бўлсин.

Йиллар ўтиб бир ортга қайтсам,

Уйларингиз совринга тўлсин.

 

Юртнинг порлоқ истиқболини,

Яратасиз, ишончим комил.

Дунё бўйлаб ном-иқболини

Таратасиз, сиз бўлиб олим.

 

Ҳар жабҳада ёшлар юксакда,

Баланд марра, албат, бўлажак.

Янги Ўзбекистон кутмоқда,

Сиз қурасиз ёрқин келажак!

Абдурашид ЭРГАШЕВ,

    Асака туманидаги 26- умумтаълим мактаби ўқитувчиси. 

 

 

УНУТГАНИМ ЙЎҚ

 

Кўзларим соғинчга тўлгани ҳаққи,

Орзулар ҳар куни ўлгани ҳаққи,

Азоблар устимдан кулгани ҳаққи,

Ишонинг, сизни ҳеч унутганим йўқ.

 

Йиллар тўзонида қолди кунларим,

Тугади сиз томон юрар йўлларим,

Ишқнинг маконида севгим, дил ярим,

Ишонинг, сизни ҳеч унутганим йўқ.

 

Мен мағлуб, ҳижрон келмоқда ғолиб,

Қанча кунлар ўтди сизни соғиниб,

Ҳамон яшаябман кутиб-овуниб,

Бир лаҳза мен сизни, унутганим йўқ.

 

Зарнигор КАРИМОВА,

Андижон туманидаги 12-умумтаълим мактаби тарғиботчиси.

 

 

Яхши инсон бўлинг...

Ҳаётда сиз бўлинг, оқилу одоб,

Кўпларга доимо ўрнакда бўлинг.

Ҳамиша бўлинг, сиз ибо-ҳаёли,

Катта-кичикни ҳурматин билинг.

 

Ҳамиша тўғрисўз, ҳалол бўлинг,

Ошно бўлсин  ширинсуханлик.

Истараси иссиқ, очиқ юз бўлинг,

Сизни йўқлар мартаба-ю юксалик.

 

Ота-онангиз ҳурматин қилинг.

Уларни авайлаб, қадрига етинг.

Ҳар инсонга кўрсатиб эъзоз,

Эл-юртдан раҳматлар олинг.

 

Чеҳрангизда кулсин баҳорлар,

Четга олинг йўлда ётса, гар хас.

Эзгуликка бўлинг хамқадам,

Хулқингизга барча қилсин ҳавас.

 

Бахриниса ЮЛДАШЕВА,

Олтинкўл тумани.

 

ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ

 

Темур бобом мерос қилган,

Қадим кўҳна байроғим,

Кубро бобом эъзоз қилган,

Сен гўё кўз қароғим.

 

Сенда софлик мужассамдир,

Сендадир миллат шаъни.

Ҳилпирасанг само узра

Шудир асли ватан шони.

 

Фахр тўлар дилларга,

Кўрсак сени ҳар замон.

Кўтаради кўкларга

Ғолиб қиз-у, ҳар ўғлон.

 

Озод юрт, обод ватан,

Бўлгай тилларда достон.

Сен юксакка бўй чўзсанг,

Яшнагай Ўзекистон.

 

Мустақиллик рамзисан,

Сен ҳурликнинг маёғи.

Ҳилпирайвер тоабад

Ўзбекистон байроғи.

Марҳабо МИРХодЖАЕВА,

Асака туманидаги 11-умумтаълим мактаби тарғиботчиси.

БАҲОДИР АНДИЖОНИЙ 70 ЁШДА

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Баҳодир Андижоний ўзининг қутлуғ 70 ёшини нишонлади. Ана шу сана муносабати билан жойларда ижодкор билан учрашувлар, адабий кечалар бўлиб ўтмоқда.

   Таъкидлаш керакки, Баҳодир Андижоний самарали фаолият юритаётган вилоятимизнинг илғор ва фаол ижодкорларидан биридир. Турли йилларда унинг «Ишқ гулшани» (2014), «Умр зарварақлари» (2014), "»Табассум кошонаси» (2018), «Саодат давони» (2018), «Туйғулар чашмаси» (2018), «Заршода» (2019), «Аллома» (2020) номли китоблари чоп этилган.

«Иқбол» газетаси таҳририяти жамоаси устоз ижодкорни қутлуғ сана муносабати билан муборакбод этади, унга сиҳат-саломатлик, ижодий ютуқлар тилаб, ижодидан қуйидаги намуналарни эътиборингизга тақдим этади. 

 

ЖОН АНДИЖОНГА

Кўрмоқчи бўлсангиз жаннат висолин,

Ёки истасангиз кўкнинг хилолин,

Мурод айласангиз сувнинг зилолин,

Ташриф этиб бизнинг қутлуғ маконга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Барқ уриб яшнаган гулистонлари,

Самимий, тоза дил қадрдонлари,

Ер тилин тушунган қаҳрамонлари,

Узукдек ярашган янги замонга,

 Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Тотмоқчи бўлсангиз тотли мевасин,

Эшитмоқ бўлсангиз ўтли шевасин,

Сайр этинг Хонобод Қўрғонтепасин,

Довруғи таралган еру осмонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Хуснига ярашган кўркам уйлари,

Йўлларнинг лабидан ўпар гуллари,

Дилингиз яйратар шўх-шўх куйлари,

Таърифи сиғмайди минг бир достонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Бойчибордек чопар автоларимиз,

Товланар хон атлас матоларимиз,

Дуода анолар атоларимиз,

Қолмайин десангиз андух-армонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

Сўзим тасдиғини кўрмоқ бўлсангиз,

Шох Бобур изидан юрмоқ бўлсангиз,

Андижонийга дўст бўлмоқ бўлсангиз,

Тезроқ келиб чиқинг бизнинг карвонга,

Азиз меҳмон бўлинг, жон Андижонга.

 

ЎЗИНГ ОР-НОМУСИМ...

Ҳур ўлкам, диёрим, кўркам барносан,

Ўзинг ор-номусим, ўктам Хумосан,

Файзиёб туморим, тенгсиз аълосан,

Бағрингда қолайин токи ўлгунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

                          

Ҳатто Боғи Эрам сендан андоза,

Булоғинг сувлари замзамдек тоза,

Тароватинг еру кўкда овоза,

Олам гулдастадир, сен сўлмас ғунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Боболарнинг боқий изи ўзингда,

Янграр Соҳибқирон панди сўзингда,

Улуғбек нигоҳи ҳар юлдузингда,

Ҳатто гўдакларинг юзлари кунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Боғларинг қошида бош эгар боғлар,

Тоғларинг қошида тиз букар тоғлар,

Бахт шуъласин сочиб, яшнар қароғлар,

Ўзингни суймишдир Яратган бунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Не-не оғир кунлар, йиллар кўрмадинг,

Заҳардан занглаган тиллар кўрмадинг,

Озмунча оғули диллар кўрмадинг,

Заҳмат чекдинг йўлни бахтга бургунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Хайрият, қучоғинг гулларга тўлди,

Юқори марралар сеники бўлди,

Армон тиканлари абадий сўлди,

Орзу рўёбин кўр дунё тургунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Олға бормоқдасан, нурафшон йўлинг,

Узатсанг, қуёшга тегади қўлинг,

Бўстонга айланар тоғ-у тош, чўлинг,

Кўп синовдан ўтдинг, эркка етгунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

 

Андижоний суйган мавзу ўзингсан,

Тонгдек тароватли туйғу ўзингсан,

Шараф чўққисида оҳу ўзингсан,

Онгимда мунаввар, эзгу тушунча,

Жаннат дегани ҳам бўлар-да шунча!

Ибратли умр соҳибаси

Тўйхат ўрнида

Бу йил ўзининг муборк ёшини қарши олаётган устоз Раънохон опа Жуманиёзова касбига фидойи ижодкорлардан бири. У узоқ йиллар матбуот, маънавият соҳасида самарали фаолият олиб борди, ўзининг ташкилотчилиги, ташаббускор ва касбига  фидойилиги билан эл-юрт орасида катта ҳурмат-эътибор топди.

Опанинг ҳаёт йўли кўплар учун ибратдир. Хўжаобод тумани газетаси муҳаррири, туман партия қўмитаси масъул ходими, нафақага чиққанидан кейин эса маънавият фидойиси сифатида олиб борган ибратли фаолияти ҳар қанча таҳсинга муносибдир. Опа ҳамиша   хайрли ишларга бош-қош бўлган, одамларга яхшилик илиниб яшаган.

Устознинг қатор шеърий, насрий китоблари эса шеърият ихлосмандлари, кенг жамоатчилик эътибор ва эътирофига сазовор бўлган.

Раънохон опа нафақат касбининг фидойиси, тажрибали журналист, эл-юрт ишига камарбаста инсон, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган ибратли оиланинг бахтли бекаси ҳамдир. Опа раҳматли турмуш ўртоғи билан солиҳ фарзандларни тарбиялаб, эл қаторига қўшди. Бугун улар жамиятимизнинг турли жабҳаларида меҳнат қилиб, юрт ранақига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.

Раънохон опа Жуманиёзованинг қутлуғ ёшга тўлиши муносабати билан ташкил этилган мўъжаз тадбирда уни «Нуроний» уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Ўктамжон Охунов, фарзандлари ва шогирдалари муборакбод этди.

Биз ҳам устозни ана шу шодиёна билан табриклаб, тинчлик-хотиржамлик, соғлик-саломатлик, узоқ умр, яна кўп йиллар фарзандлари, набира ва  шогирдлари ардоғида яшаб, уларга дуогўй  бўлиб юришликни тилаймиз.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

РИЗҚ-РЎЗИМИЗНИ ЁНFИНДАН АСРАЙЛИК

Азиз ҳамюртлар! «Ғалла-2022» мавсумини кўнгилдагидек ўтиши, ғалла ўрим-йиғими даврида дон йиғиладиган ёки ғалла майдонларида ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш ҳар бир фуқаронинг, айниқса, мазкур ишга жалб этилган мудасадининг бурчи ва муҳим вазифасидир.

Шу ўринда ғалла ўрим-йиғими даврида ғалла майдонларида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш тартибларини яна бир бор эслатиб қўйишни лозим топдик. Чунки ғалла халқимизнинг ризқ-рўзи, унинг бирор мисқолини исроф бўлишига, айниқса, ёниб кетишига асло йўл қўйиб бўлмайди. Мавсум даврида: 

- энг аввало, буғдойзорларни тасодифий ёнғин хавфидан сақлаш учун назорат жойларини ташкил этиш зарур;

- буғдойзорнинг ҳар 50 гектари орасида 8 метрдан кенгликда ер шудгорланиб, ажратиб қўйилиши шарт;

- ёш болаларни ғаллазорларга келишига, теварак-атрофда мол-қўй боқишига йўл қўймаслик лозим;

- ғалла ўрилаётган майдонлар бирламчи ёнғин ўчириш воситалари билан таъминланган бўлиши керак;

- комбайн ва бошқа техника воситаларига ёнилғи қуйиш учун буғдойзордан камида 150 метр узоқликда очиқ майдонда махсус жой тайёрлаб қўйлиши керак;

- ўрим-йиғим ишлари олиб борилаётган далаларда, умуман буғдойзорларда очиқ оловдан фойдаланиш, сигарета чекиш катъиян ман этилади.

- ўрим-йиғимда қатнашаётган транспорт воситалари ёнғин ўчириш жиҳозлари билан таъминланган бўлиши лозим;

   - ғалла ўрими тугалланган майдонларга хамда қолдиқ сомонларга ўт қўйиш катъиян тақиқланади.

Азиз юртдошлар! Дон ризқ-рўзимиз. Уни исроф қилинишига йўл қуймаслик, уни ёнғин балосидан асраш бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак.

Миролимжон ТУРҒУНОВ,

Марҳамат тумани ФВБ НТБ  бошлиғи, лейтенант.

ЁНFИН ВАҚТИДА ҲАРАКАТЛАНИШ ТАРТИБИНИ БИЛИБ ОЛИНГ!

"101" огоҳлантиради!

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан аҳолини фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилишга ва фуқаро муҳофазаси соҳасида тайёрлаш тартибини такомиллаштириш мақсадида ҳафтанинг ҳар чоршанба куни юртимизда, хусусан, вилоятимизда «Аҳолининг фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва ёнғинлар профилактикаси бўйича тайёргарлигини ошириш ҳамда фаол иштирокини таъминлаш» профилактик тадбирлари ўтказилиб, аҳоли ўртасида кенг қамровли тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Шунга қарамасдан айрим фуқароларнинг  ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмасликлари оқибатида аҳоли турар жойларида ёнғинлар юзага келмоқда. Фуқароларимиз томонидан содир бўлган ёнғинларни тезлик билан бартараф этиш ва ёнғин қутқарув қисмига ўз вақтида хабар бериш тартибини билмаслик эса кўп миқдорда моддий зарарлар кўрилишига, инсонларнинг куйиб, тан жароҳати олиши ёки ҳалок бўлишга сабаб бўлмоқда.

Ҳамюртларимиздан ўзлари, яқинларининг ҳаётини, уй-жой, мол-мулкларини ёнғинлардан асраш учун қуйидаги қоидаларига риоя этишларини сўраймиз:

Хонадонингизда ёки қўшниларнинг уйида ёнғин содир бўлганда зудлик билан "101" рақами орқали Фавқулодда вазиятлар бўлимининг Ёнғин қутқарув қисмига хабар беринг. Ёнғин қутқарув қисми ходимлари етиб келгунларига қадар қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш керак:    

-      уй ичида қолган одамларни олиб чиқиш чораларини кўриш;

-      шахсий ҳужжатлар ва қимматбаҳо буюмларни олиб чиқиш;

-      ёнғинни ўчириш чораларини кўриш;

-      гаражда ёнғин содир бўлса, автомобильни ичкаридан ташқарига чиқариш;

- тез аланга олувчи ёқилғилар (бензин) ташқарига олиб чиқиш чораларини кўриш;

- уйда газ ҳиди сезилса, гугурт чақиш ва электр чироғини ёқиш чақнаш ёки портлаш содир бўлишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун бундай вазиятларда эшик ва деразаларни очиб, хонани шамоллатиш ва бу ҳақда зудлик билан газ идораларига хабар бериш керак;

-      телевизор ёки бошқа электр асбобларида ёнғин содир бўлса, биринчи навбатда уларни электр манбаидан узиш керак.

Қабуллар уйи ёнғин хавфсизлигини таъминлашни ташкил этиш бўлинмаси фуқароларимизни огоҳликка чақириб, содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин ва бошқа фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида юқорида келтирилган ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилишингизни сўрайди.

 

Н. СИДДИҚОВ,

«Қабуллар уйи» ЁХТТЕБ инспектори, катта лейтенант.