+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 30 Нояб 2023
    Банк коррупциядан холи соҳага айланадими?
    Тадбир “Ўзмиллийбанк” АЖ Андижон вилояти бошқармасида бўлиб ўтган “Очиқ эшиклар куни” тадбирида ана шу савол ва коррупцияга қарши курашиш билан боғлиқ қатор масалалар хусусида атрофлича…
  • 12 Июль 2023
    Тарғибот ишлари кучайтирилмоқда
    Ўзбекистоннинг янги конституциясида инсоннинг ҳуқуқи, шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида белгилаб қўйилди. Ҳар кандай жамият бахтли келажакка интилгани каби Ўзбекистон ҳам ўзининг тарихий тажриба…
  • 14 Июль 2023
    Фаол аёллар беллашишди
    Танлов Марҳамат тумани Ўқчи маҳалласидаги 29- умумтаълим мактабида фаол қизлар иштирокида "Балли, қизлар!" кўрик-танлови ўтказилди. Тумандаги 2- секторга қарашли маҳаллалардан қатнашган етти нафар қиз пазандалик,…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Китобим - қуёшим

Ёзгу таътил арафасида Булоқбоши туманидаги 2-умумтаълим мактабида "Китобим - қуёшим" деб номланган тадбир бўлиб ўтди.

Мактабнинг 3-"А" синфи раҳбари Жамилахон Омонова ташаббуси билан ўтказилган тадбирда синф ўқувчилари, ота-оналар, ўқув маскани устозлари иштирок этишди. Ўқувчилар томонидан китоб ҳақидаги шеърлар, ҳикматли иборалар айтилди. Китоб мутолааси, билимсизликнинг нохуш оқибатларига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Мактабда умуман, якунланган ўқув йили давомида адабий учрашувлар, қизиқарли мушоиралар, давра суҳбатлри мунтазаб ўтказиб борилди. Тадбирларнинг қизиқарли ўтишида мактабнинг "Ниҳол" раққосалар дастасининг ҳиссаси катта бўлмоқда. Зиннура Нуриллаева, Хосиятхон Исмоналиева, Ойдиной Камолдинова, Муслима Жўрабекова, Ойша Эсонбоева, Камола Мадаминова, Муниса Рустамова каби раққосаларнинг чиқишлари ҳар бир тадбирга юқори кўтаринкилик бағишлади.

Мактабда ташкил қилинган "Истеъдод" тўгараги аъзолари Муҳаммадазиз Солижонов (шеърият), Ҳадятилло Расулов (рассомчилик), Гулҳаё Фозилова (сухандонлик), Сарвиноз Камолдинова (ифодали ўқиш)лар турли танловларда муваффақиятли қатнашиб, тенгдошларига намуна бўлишди. Улар эришган ютуқларда мактабнинг мусиқа маданияти ўқитувчиси Шаҳноза Аҳмадбекованинг ҳиссаси катта бўлмоқда.

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА, 

Булоқбоши туманидаги 2-умумтаълим мактабининг ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчиси.

Билимлар сарҳисоби

Таълим даргоҳларида

Жорий ўқув йилининг сўнгги кунларида Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактабида"Билимлар мамлакатида" деб номланган тадбир ўтказилди.

Ўзим раҳбарлик қилаётган  1- "Б" синф ўқувчилари, уларнинг ота-оналари, мактаб директори О. Чен, бошланғич синфлар ҳамда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарлари М. Дадабоева, М. Муталибова ва бошқа бир гуруҳ  ўқитувчилар иштирок этган мазкур тадбир ўқув йили якуни бўйича ҳисобот тарзида ташкил этилди.

Ўқувчиларим йил давомида олган билимларини намойиш этишди. Хусусан, алифбе,  она тили ва ўқиш саводхонлиги, математика, инглиз тили, мусиқа маданияяти ва бошқа фанларга оид шеър, қўшиклар айтишиб, рақслар ижро этдилар. Бундан ташқари, ўқувчилар томонидан улуғ аждодларимизнинг ҳаёти ва фаолиятига оид саҳна кўринишлари намойиш этилди. Шунингдек, чиройли ёзув, технология, тасвирий санъат, табиий фан бўйича ўқувчиларнинг ўзлари ясаган буюмлари, чизган расмлари кўргазмаси барчада катта қизиқиш уйғотди.

Мактаб директори Ольга Чен синф ўқувчиларини биринчи синфни муваффақиятли якунлаганликлари, эришган ютуқлари билан табриклади. Келажакда улуғ аждодларимизнинг муносиб издошлари ва давомчилари бўлиб, ватанига содиқ фарзандлар  бўлишларини тилади. Ўқув йилини муваффақиятли тамомлаганлиги учун ўқувчиларга мақтов ёрлиқлари топширди.

Тадбир нафақат ўқувчиларда, балки меҳмонларда ҳам катта таассурот колдирди.

Моҳидилхон ҲОЗИРОВА,

 Андижон шаҳридаги 11- умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

ОЛТИНКЎЛЛИК «КУМУШ ТОЛА» МИРИШКОРЛАРИ

ПИЛЛА - 2023

Пиллачилик мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири, пилла эса  енгил саноат учун муҳим хом ашёлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам юртимизда пиллачиликни ривожлантириш, сифатли пилла етиштириш масалаларига  алоҳида эътибор қаратилади.

Айни кунларда  вилоятиимиз туманларида ушбу мавсумда етиштирилган пилла ҳосилини йиғиб-териб олиш ишлари қизғин паллага кирган. Жумладан, Олтинкўл тумани пиллакорлари томонидан етиштирилган "кумуш тола" ҳосили омборларга топширилмоқда.

Ипак қурти боқиш, пиллачилик соҳасида ўзига хос тажриба мактаби шаклланган Олтинкўл туманида жорий йилда 3 минг 578 қути ипак қурти парваришланиб, 207,5 тонна пилла хом ашёси етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

- Мавсум бошида туманда фаолият олиб бораётган "Гуантуан" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон - Хитой уруғчилик корхонаси мутахассислари томонидан мавжуд  11 та инкубаторияда 3 минг 578 қути сифатли уруғ тайёрланиб, тумандаги 495 нафар касаначи ҳамда 142 та фермер хўжаликларига етказиб берилди, - дейди "Олтинкўл агропилла" корхонаси раҳбари Ҳусниддин Қодиров. - Касаначилар томонидан 60 тонна, фермер хўжаликлари томонидан 139 тоннадан зиёд, "Гуантуан" МЧЖ шаклидаги Ўзбекистон - Хитой уруғчилик корхонаси томонидан 8 тоннага яқин пилла ҳосили етиштириш белгиланган.

Таъкидлаш керакки, пиллакорнинг бир ойлик меҳнати йилга татийди. Ипак қурти парвариши ўта нозик иш. Хона ҳароратини бир хилда ушлаб туриш, қуртларга ўз вақтида озуқа бериш, буларнинг бари айтишга осон холос. Эрта тонг тутзорга бориб барг кесиб келиш, ярим тун демасдан қурт­ларга барг солиш ўзига яраша меҳнат, машаққатни талаб этади. Бу ишларнинг ҳадисини олган пиллакорлар эса ҳақиқий миришкорлардир.

Туманнинг Ижтимоият маҳалласида яшовчи, касаначи Гулчеҳрахон ва Бахтиёржон Назировлар йигирма йилдирки, ипак қурти боқиб келади. 70 сотих тутзорлари бор. Жорий мавсумда улар 2 қути ипак қурти парваришлаб, 118 килограм пилла топширди.

- Пилла етиштириш билан шуғулланиб, кам бўлмадик, - дейди Бахтиёржон Назиров. - Бутун оиламиз билан бир ой шу иш билан астойдил шуғулланамиз. Даромади ҳам ёмон эмас. Бу йил ҳам етиштирилган сифатли пиллани кластер корхона омборига биринчилардан бўлиб топширдик, шу куниёқ пулини олдик. Энг асосийси, туман агропилла корхонаси томонидан биз - касаначиларга иш стажи ёзиб борилмоқда.

Авваллари пиллакорлар топширган пилласи учун йиллар давомида пулини ололмасдан сарсон бўлар эди. Эндиликда кўплаб туманларда бундай муаммо тўла бартараф этилган. Жумладан, "Олтинкўл зар ипаги" кластер корхонаси томонидан топширилган пилла учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш йўлга қўйилган, ортиқча оворагарчиликка йўл қўйилмайди.

Жорий йилда тумандаги "Туркис­тон" массивида 12 нафар касаначи ҳамда 16 та фермер хўжалиги томонидан 323 қути ипак қурти парвариш қилинди.

- Касаначиларимиз ўз ишининг ҳақиқий миришкорлари, - дейди "Олтинкўл агропилла" корхонасининг мазкур ҳудуддаги агрономи Зулайҳо Аҳмаджонова. - Шарифахон Эсонова, Марҳабохон Исмоилова, Одинахон Сатимова, Ҳамиджон Собиров сингари илғор касаначиларимиз ҳар йили белгиланган режани ортиғи билан бажариб, барчага намуна бўлди.

Мазкур массивда яшовчи Марҳабохон Исмоилова бу йил ўз хонадонида тўрт қути ипак қурти парвариш қилиб, юқори ҳосил олишга эришган касаначилардан биридир.  

- Бир неча йилдан буён оиламиз билан ипак қурти парваришлаб келамиз, - дейди М. Исмоилова. - Аввало, қуртга меҳр куйиш керак. У хам тирик жон. Айниқса, қурт боқилаётган хоналар озода, шинам, доимий ҳаво айланиб туриши лозим. Хатто, баргни ҳам ювиб бериш керак. Ҳар бир квадрат метрга 1 грамм қурт уруғи ёяман. Улар қанча сийраклаштирилса, ҳосил шунча мўл ва йирик бўлади.

Умуман, Олтинкўлда ўз ишининг ҳақиқий устасига айланган пиллакорлар талайгина. Шу боис ҳам, туман ҳар йили вилоятда биринчилар қатори йиллик режани бажаради.

Айни кунда нафақат аксарият касаначилар, балки фермер хўжаликлари ҳам белгиланган режани ортиғи билан адо этдилар. Жумладан, "Оқтепа" массивидаги "Турсинбой ота", "Машъал" массивидаги "Машъал меҳргиёси", "Намуна" массивидаги "Қосимжон обод ерлари", Ф. Қўчқоров массивидаги "Хуршидбек равнақ мақсад" сингари фермер хўжаликлари илғорлар сафида барчага намуна бўлмоқда.

Шу кунларда вилоятимизнинг барча туманларида пилла ҳосилини йиғиб-териш ишлари якунига етмоқда.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Президент қарори амалда: ота-она қарамоғидан марҳум бўлган фуқароларга уй-жой берилди

Жараён

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда "Инсон қадри учун" деган устувор тамойил асосида давлат томонидан фуқароларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини бартараф этиш, турмуш фаровонлигини юксалтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 9 августдаги "Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида ана шу тоифадаги кўплаб болалар янги уй-жойлар билан таъминланмоқда.

Ушбу ҳужжат ижроси доирасида ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган, турар-жойга муҳтож сифатида рўйхатга олинган, 18 ёшга тўлган андижонлик Муҳаббатхон Исмоилова ҳамда Азизбек Усмонов ҳам уй-жой билан таъминланди.

Кенг жамоатчилик вакиллари, нуронийлар иштирокида уларга Андижон тумани, Саддатаги маҳалласи ҳудудида барпо этилган янги уйларнинг калити ва сертификатлари топширилди.

-      Бундай эътибор ва ғамхўрликдан бошим кўкка етди, - дейди қувонч ёшларини яшира олмаган, янги уй соҳибаси Муҳаббатхон Исмоилова. - Инсон қадри улуғланаётган шу юрт фарзанди эканлигимдан фахрланаман. Насиб этса, келгусида ўзим танлаган соҳанинг малакали мутахассиси бўлиб, ушбу эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлишга, Ўзбекистонимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлиги йўлида астойдил меҳнат қиламан.

Вилоятимизнинг барча туман ва шаҳарларида мазкур йўналишдаги ишлар режа асосида, тизимли давом эттирилмоқда.

 

Восит АХМАТХОНОВ

АЖРИМ ЁҚАСИДАГИ ОИЛАЛАР ЯРАШТИРИЛМОҚДА

Оила - муљаддас маскан

Оила - жамиятнинг муҳим бўғини, қолаверса, ҳар бир инсон учун энг муқаддас гўша ҳисобланади. Шу боис ҳам мамлакатимизда оилаларни мус­таҳкамлаш, айниқса, ажрим ёқасида турган оилаларни яраштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мазкур йўналишда вилоят ҳокими ташаббуси билан "Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум этма!" шиори остида "Оилаларни мустаҳкамлаш" ойлиги доирасида ўтказилаётган тушунтириш-тарғибот тадбирлари, суҳбат ва мулоқотлар давомида кўплаб оилалар тикланмоқда.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Гулнорахон Абдулла­ева иштирокида Андижон туманида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда оила муқаддас даргоҳ экани, унинг мустаҳкамлигини таъминлашга ҳар бир инсон масъул эканлиги алоҳида таъкидланди.

Йигирмадан ортиқ ажрим ёқасидаги оила вакиллари, туман оила ва хотин-қизлар бўлими мутасаддилари, имомлар, отинойилар, маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоллари,  катта ҳаётий тажрибага эга нуронийлар иштирок этган мулоқот давомида вилоят ишчи гуруҳи томонидан оилаларнинг муаммолари, ажрим сабаблари ўрганилиб, уларни яраштириш чоралари кўрилди. Натижада 10 дан ортиқ ажрим ёқасидаги оила яраштирилди, уларнинг муаммолари ҳал этилди, 16 нафар болажоннинг бахти бутун бўлди. Энди улар ўз ота-оналари бағрида улғаяди.

"Фарзандингни ота-она меҳридан маҳрум қилма!" шиори остида "Оилаларни мустаҳкамлаш" ойлиги доирасида Андижон тумани ишчи гуруҳи томонидан тумандаги Полосон ва Экин-тикин маҳаллаларида ўтказилган тадбирларда ҳам ажрим ёқасига келиб қолган 8 та оила яраштирилди.

Мазкур йўналишда Андижон тумани ишчи гуруҳи томонидан туманнинг бошқа маҳаллаларида ҳам кенг кўламли, амалий ишлар олиб борилмоқда. Мақсад ҳар бир оилани ҳақиқий бахт қўрғонига айлантиришдир.

Туманимизда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ажримларнинг олдини олиш борасида олиб борилаётган юқоридаги каби ишлар, албатта ўзининг ижобий самараларини беради, келгусида оилавий ажримлар янада камайишига эришилади.

 

Тўхтахон ТЎРАЕВА,

Андижон туманидаги "Баҳор" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар фаоли.

Ватаним, мен сени севаман жондай!

Юртда тинчлик экан, қалбларда зиё,

Сендан олис кетсам, дил бўлар сиёҳ,

Ўпаман тупроғинг, кўзга тўтиё,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

 

Фидолар қилмоққа жонимни тутай,

Мадҳинг куйламоққа шеърлар битай,

Сенинг қучоғингда бахтларга етай,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

 

Гулларда момомнинг ислари қолган,

Кўксингда бобомнинг излари қолган,

Меҳр-оқибатни кўнглимга солган,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

 

Мудом порлаб турсин нурли қуёшинг,

Она-тупроғимда омондур бошим,

Одил йўл кўрсатар ҳар дам Юртбошим,

Ватаним, мен сени севаман жондай!

РАҚҚОСАЛАР ТАНЛОВИ

Танлов

Андижон шаҳридаги 8-умумтаълим мактабида ижодий-маданий масалалар бўйича тарғиботчи Восит Аҳматхонов ташаббуси ва мусиқа маданияти ўқитувчиси Моҳинбону Қосимова саъй-ҳаракати билан 8-синф ўқувчилари ўртасида раққосалар танлови бўлиб ўтди. Мукаррампошша Умарова ва Иродахон Умаровалар раҳбарлигидаги 8-А ҳамда 8-Г синфларининг ўн икки нафар ўқувчи қизи турли куйларга рақслар ижро этишиб ғолиблик учун беллашдилар.

Танлов шартларидан муваффақиятли ўтган Моҳларой Сирожиддинова, Моҳинур Ваҳобжонова ва Райёна Насриддиновалар фахрли ўринларни эгалладилар. Ғолибларга тарғиботчи соврини -пул мукофотлари топширилди. Танловнинг барча иштирокчиларига китоблар туҳфа этилди.

Одинахон ҲАЙДАРОВА,

мактаб кутубхонаси мудираси.

БУЛОҚБОШИЛИК ЁШ КИТОБХОНЛАР ЖАМОАСИ FОЛИБ БЎЛДИ

Андижон шаҳридаги Ёшлар саройида "Зукко китобхон" танловининг вилоят босқичи баҳслари бўлиб ўтди.

Аҳоли, хусусан, ёшларнинг маънавиятини, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини, китобхонлик ва мутолаа маданиятини ошириш орқали уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интеллектуал салоҳиятини юксалтириш мақсадида ўтказилган танловнинг вилоят босқичида 74 нафар зукко китобхон иштирок этди.

- Вилоят миқёсида онлайн тест тартибида ёш китобхонлар ўртасида ўтказилган танловнинг қуйи босқичларида 625 нафар йигит-қиз қатнашди, - дейди Ёшлар ишлари агентлиги Андижон вилояти бош­қармаси бўлим бошлиғи Назирахон Убайдуллаева. - Энг юқори натижага эришган 74 нафар иштирокчи танловнинг вилоят босқичида туман, шаҳар жамоалари таркибида ўзларининг билим, иқтидор ва салоҳиятларини намойиш этишди. 

Қизғин ва муросасиз баҳслар, савол-жавоблар асосида ўтган танловнинг вилоят босқичи якуний натижаларига кўра, Булоқбоши тумани жамоаси 1- ўринни қўлга киритди. Иккинчи ўрин Пахтаобод тумани, учинчи ўрин эса Қўрғонтепа тумани ёш китобхонларига насиб этди.

Ташкилотчилар томонидан танловда ғолиб бўлган жамоа 6 миллион сўм, иккинчи ўринни олган жамоа 4,2 миллион сўм, учинчи ўринни олган жамоа 3 миллион сўм, шунингдек, барча иштирокчи жамоа­лар 300 минг сўм миқдоридаги пул мукофоти билан тақдирландилар.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!

Жараён

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинларининг Андижон шаҳридаги ҳарбий қисмида "Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!" шиори остида "Уч авлод учрашуви" тадбири бўлиб ўтди.

Ички ишлар вазирлиги тизимида "Ватанга ва халққа сидқидилдан хизмат қилиш - олий бурчимиз!" шиори остида ўтказилган "Маънавият ойлиги" доирасида ташкил этилган тадбирда Андижон шаҳар педагогика коллежи ўқувчилари, ўқитувчилари, ҳарбийлар, ички ишлар тизими фахрийлари иштирок этдилар.

 Тадбирда сўз олган ИИВ Қоровул қўшинлари қўмондонининг тарбиявий ва мафкуравий ишлар бўйича ўринбосари, полковник Даврон Ашуров, ИИВ Фахрийлар кенгаши аъзоси, истеъфодаги генерал-майор Ҳабибулло Ҳожиматов ва бош­қалар томонидан Ватанимиз тинчлиги йўлида хизмат бурчини масъулият ва садоқат билан адо этаётган ҳарбийларнинг фаолияти, фахрийларнинг мазмунли ҳаёт йўллари ёш авлод учун ибрат эканлиги алоҳида таъкидланди. 

Тадбирда юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида сид­қидилдан хизмат қилган ва қилаётган авлод вакиллари ёшларга соҳанинг ўзига хос машаққатлари, хизмат билан боғлиқ хотиралари ҳақида гапириб бердилар.

Ёшларнинг кекса авлод вакиллари билан дилдан суҳбати, айниқса, ўқувчиларда унутилмас таассуротлар қолдирди. Тадбирда ўқувчи ёшлар ўзларининг қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоблар олдилар.

Якунда бир гуруҳ фахрийлар, шунингдек, Андижон шаҳар педагогика коллежи хотин-қизлар кенгаши раиси Маҳбубахон Исроилова тадбир ташкилотчилари томонидан фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

 

Сожида САИДОВА

She`riyat gulshani

“Nihol” o‘quvchilarni ijod bo‘stoniga chorlamoqda

Andijon shahridagi 8-umumtalim maktabida faoliyat korsatayotganYosh kitobxonvaNiholtogaraklari mashgulotlari iqtidorli oquvchilarnining ijodiy bilim va salohiyatiini yuksaltirishga, ular ortasida kitobxonlik madaniyatini oshirish, adabiyotga muhabbat uygotishga yaqindan yordam bermoqda. Oquvchilarni ijod bostoniga chorlamoqda. Shu bois, maktabda ijodkor yoshlar safi tobora kengayib bormoqda. Quyida e’tiboringizga adabiy to‘garak a’zolaridan bir guruhining she’rlaridan namunalar havola etamiz.

Vosit AНmad,

Andijon shashridagi 8-umumta’lim maktabining ijodiy-madaniy masalalar bo`yicha targibotchisi

 

MO‘JIZALI KITOB

Orzu-umid, ishonch va iymon,

Faqat undan topadi inson,

Taratadi saxovat nurin,

Yoritadi inson shuurin.

 

Meni nurga yetkazgan nima?

Jaholatdan qutqargan nima?

Sevib o‘qir kishi bobma-bob,

Shudir ilm kemasi-kitob.

 

Inson uchun kerakmi boylik,

Olmos, gavharu toshlar,

Shunday qilib o‘tadi yoshlik,

O‘shanda ishlaydi boshlar.

 

Chindan topasan boylikni shunda,

Agar kitob o‘qisang kun-u tunda,

Lek yurmagin vaqtni ketkazib,

Kitob boylikdir, bilsang unda.

 

Sevara BOQIYEVA,

11-sinf o‘quvchisi.

 

ESKI MASKA

Unda bahor edi,

Bitta maskam bor edi,

Bugun u menga qarab,

Yangisin ol,dedi.

 

ONAMNI QIDIRIB

She’r yozdim o‘tirib,

Oq qog‘ozni to‘ldirib,

She’rim ketdi yugurib,

Onajonimni qidirib.

Mushtariybegim HALIMOVA,

6- sinf o‘quvchisi.

 

QIZG‘ANCHIQ

- Koptogingni berib tur,

Ukam bilan o‘ynayman,

-Ho, o‘zim-chi, o‘zim ham,

O‘ynayman, deydi Aziz.

 

-Qizg‘anchiq ekansan-ku,

O‘rtog‘iga der G‘ani.

-Uka, uydan olib chiq,

O‘zimizning koptokni.

 

Kumushoy NURDINOVA,

5- sinf o‘quvchisi.

 

ONAMGA

Quvonchlari armon bo‘lmasin,

Lobar yuzi aslo so‘lmasin,

Tashvishlarga to‘lib qolmasin,

Sen onamni yig‘latma, hayot.

 

Sochlariga oqlar tushmasin,

Ko‘zlariga yoshlar to‘lmasin,

Hayotidan ma’no ketmasin,

Sen onamni yig‘latma, hayot.

 

Qancha dard bo‘lsa menga bo‘lsin,

Qancha azob bo‘lsa menga bo‘lsin,

Oy yuzi doim gulgun bo‘lsin,

Sen onamni yig‘latma , hayot.

Mohichehra HABIBULLAYEVA,

5- sinf o‘quvchisi.