+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ОЙЛИК ДОИРАСИДА ЗАРУР ТАДБИРЛАР ЎТКАЗИЛАДИ

"101" огоҳлантиради!

Юртимизда жорий йилнинг 15 мартидан 15 апрелига қадар "Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Андижон ва Хўжаобод туманларида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда ҳодисаларнинг олдини олишга, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишга қаратилган қатор тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

 Жумладан, ойлик доирасида Андижон, Хўжаобод туманларида Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича туман комиссияси ҳамда туман Фавқулодда вазиятлар бўлимининг ойликни ўтказиш режасига асосан:

- баҳор-ёз ойларида ер кўчкилари, сув тошқинлари ва сел оқимлари хавфи мавжуд ҳудудларда амалий махсус-тактик ўқув машқларини ўтказиш;

- ис газидан заҳарланиш, газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг олдини олиш бўйича "маҳаллабай" ва "хонадонбай" тизимида профилактика тадбирлари ўтказиш;

- "Крим-Конго" геморрагик иситмаси касаллиги билан боғлиқ эпидемик ва эпизоотик вазиятнинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида аҳоли орасида кенг қамровли профилактик, тушунтириш тадбирларини амалга ошириш;

- таълим муассасалари, ташкилотлар, маҳаллалар, бозорлар, савдо мажмуалари ва бошқа объектларда белгиланган тартибда ўрганишлар олиб борган ҳолда истеъмолга яроқсиз  озиқ-овқат маҳсулотларини сотувдан ва истеъмолдан чиқариш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган кенг қамровли профилактика тадбирларини амалга ошириш;

- "Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги" давомида тизим ташкилотларида "Очиқ эшиклар куни" тадбирларини ўтказиш бўйича ишлар олиб борилади. Бу борадаги ишлар туманлар Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича комиссиялари ишчи органлари,   Фавқулодда вазиятлар бўлими шахсий таркиби, туман ФВДҚТ хизматлари, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалар ҳамкорлигида амалга оширилади.

 

Нодирбек СИДДИҚОВ,

Андижон тумани ФВБ инспектори.

Умиджон УСМАНАЛИЕВ,

 Хўжаобод тумани ФВБ инспектори.

FОЛИБЛАР ВИЛОЯТ БОСҚИЧИГА ЙЎЛЛАНМА ОЛДИЛАР

ТАнлов

Андижон шаҳрида "Ёш қутқарувчи - 2025" республика мусобақасининг шаҳар босқичи бўлиб ўтди.

Ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзи кўникмаларини    шакллантириш, уларни қутқарувчи касбига қизиқтириш, фуқаро муҳофазаси ва ёнғин хавфсизлигига оид билим ва малакаларини бойитиш, фавқулодда вазиятлар юз берганда тўғри ҳаракатланишга ўргатиш мақсадида умумтаълим ва профессионал таълим мактаблари жамоалари ўртасида ўтказилган танловда сектор босқичларида ғолиб бўлган 8 та жамоа иштирок этди.

Танлов доирасида иштирокчилар ўзлари таҳсил олаётган таълим муассасаларида фавқулодда вазиятлар юзага келганида ҳаракатланиш, ёнғинларнинг олдини олиш борасидаги тарғибот ишларига оид фотосуратлар, альбомлар кўргазмаси ташкил этилди.

Белгиланган бешта шарт асосида ўтказилган мусобақанинг якуний натижаларига кўра, профессионал таълим мактаблари жамоалари ўртасида Андижон шаҳар 1- сон ҳарбий лицейи, умумтаълим мактаблари ўртасида Андижон шаҳар 3- умумтаълим мактаби жамоаси биринчи ўринни қўлга киритиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик  совғалари билан тақдирландилар.

Абдулбосит РЕЖЖАББОЕВ,

жамоатчи мухбир.

 

ЎҚУВЧИЛАР ҲАРБИЙЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ЎТКАЗИШДИ

ТАдбир

Халқимизнинг қадимий ва навқирон байрами - Наврўзи олам муносабати билан Марҳамат туманидаги 2- сон политехникумида "Мен юртимнинг посбониман!" шиори остида "Очиқ эшиклар куни" тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ДХХ чегара қўшинларига қарашли тумандаги ҳарбий қисм билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари, касб-ҳунар мактаби ўқувчилари иштирок этдилар.

 Тадбирда сўз олганлар мамлакатимизда ҳарбий соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Қуролли Кучларимиз салоҳияти тобора юксалиб бораётганлиги, ҳарбий касб масъулияти, машаққати ҳамда Ватан ҳимояси муқаддас бурч эканлиги ҳақида гапирдилар.

Тадбир давомида қурол-аслаҳа, ҳарбий техникалар намойиши, ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, ёшлар билан ўтказган мулоқот ва суҳбатлари ёшларнинг  ҳарбий касбга қизиқишини, шунингдек, она Ватанга муҳаббат ва садоқат туйғуларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Ҳарбий қурол-аслаҳалар билан яқиндан танишиш, ҳарбийлар билан мулоқотлар ўқувчи ёшлар қалбида унутилмас таассуротлар қолдирди.

Асадбек САЙФУЛЛАЕВ,

лейтенант.

 

ФУҚАРОНИНГ МУАЙЯН ЖОЙДА ЭКАНЛИГИ ФАКТИНИ ТАСДИҚЛАШ

ҲуҚуҚшунос минбари

Нотариуслар Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги қонунига мувофиқ фуқаронинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди. Шунингдек, ушбу қонуннинг 70- моддасига  мувофиқ Нотариус фуқаронинг илтимосига кўра унинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди.

Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уни ўз ҳомийлигига олган муассаса ва ташкилотларнинг илтимосига кўра амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2019 йил 4 январда 3113 рақами билан рўйхатдан ўтказилган, "Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома"да ана шу ҳаракатларни амалга ошириш тартиблари белгиланган. Хусусан, Низомнинг қуйидаги бандларига мувофиқ:

165. Нотариус фуқаронинг илтимосига кўра, унинг нотариусга мурожаат қилган вақтда муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлайди. Бундай нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун фуқаронинг ёзма аризаси олинади. Вояга етмаган шахснинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш унинг қонуний вакиллари (ота-онаси, фарзандликка олганлар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, васийлик ва ҳомийлик органларининг илтимосига кўра амалга оширилади.

166. Нотариус мурожаат қилган шахсларга фуқаронинг муайян жойда эканлик ҳолатини тасдиқловчи гувоҳнома беради, деб белгиланган.

Демак, фуқароларимиз шахс (фуқаро)нинг муайян жойда эканлиги фактини тасдиқлаш учун юқорида келтирилган тартиблар асосида нотариал идораларга мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

 

Оятиллохон МАДАМИНОВ,

Андижон шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус.

Институтимиз Франция олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик қилади

ХалҚаро ҳамкорлик

Шу ойнинг бошида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Франция Республикасига ташрифи доирасида Париж шаҳрида "Илм-фан ва таълим: Ўзбекистон-Франция кўприги" мавзусида халқаро анжуман бўлиб ўтди.

Анжуманда Ўзбекистон ва Франциянинг 30 дан ортиқ олий таълим муассасаси қатори институтимиз ректори, профессор Дилшодбек Рустамов раҳбарлигида олийгоҳимиз вакиллари ҳам иштирок этдилар.

Ана шу анжуман доирасида институтимиз Франциянинг қатор  олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувларга эришганлиги институмиз жамоаси учун қувонарли воқеалардан бири бўлди, десам асло муболаға  бўлмайди.

Жумладан, институтимиз ва Франциянинг  Пуате университети ўртасида академик мобиллик тўғрисидаги битим ҳамда  Франкофония ташкилоти билан ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.

Битимга кўра, Андижон давлат чет тиллари институти ва Франкофония ташкилоти ўртасида масофавий таълим шакли асосида вебинар ва маърузалар ташкил этилади. Бундан ташқари, 2025-2026-ўқув йилида Франкофония ташкилоти гранти асосида институтимиз профессор-ўқитувчилари ва талабалари учун сертификатлаш имтиҳонига тайёрлаш махсус курслари ташкил этилиши белгиланган.

Шунингдек, грант доирасида Франкофония ташкилоти томонидан ташкил этиладиган ёзги мактабда ўқиш учун институтимизнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари юборилиши кўзда тутилган.

Ректоримиз бошчилигидаги институтимиз вакиллари тилларни ўқитиш йўналишида етакчи университетлардан бири бўлган Сорбонна Шимолий Париж университети вакиллари билан ҳам учрашув ўтказди. Ушбу муассаса ТҲE университетларнинг халқаро рейтингида ТОП-1000 талик рўйхатдан ўрин олган бўлиб, катта академик ва илмий салоҳиятга эга олий таълим муассасаси ҳисобланади.

Сорбонна Шимолий Париж университети вакиллари билан учрашувда профессор-ўқитувчилар ва тадқиқотчиларнинг илмий стажировкаси ва малака ошириши, қўшма таълим ва академик алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма докторантура ташкил этиш бўйича музокаралар ўтказилиб, таълим, тил ўрганиш соҳасидаги илғор тажрибаларни ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, институтимиз тадқиқотчилари учун Сорбонна Шимолий Париж университетидан илмий раҳбарлар тайинлаш, қўшма тадқиқот лойиҳалари ва қўшма академик нашрлар бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишиб олинди. Шу билан бирга, ҳамкорликда тилшунослик ва тилларни ўрганиш бўйича халқаро конференциялар ташкил этиш режаси ҳам қабул қилинди.

Бир сўз билан айтганда, Франция олий таълим муассасалари билан ҳамкорликнинг йўлга қўйилиши биз - талабалар учун янада кенг имкониятлар эшигини очиб беради.

 

Хуршидахон АБДУХАЛИЛОВА,

Андижон давлат чет тиллар институти талабаси.

Ойликни беталафот ўтказайлик

"101" огоҳлантиради!

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йилнинг 10 апрелидаги "Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Фармонида белгиланган вазифалар ижроси доирасида ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида ички хизмат ва меҳнат тартиби қоидаларига риоя этиш, шахсий таркибнинг тайёргарлигини таъминлаш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирининг жорий йил 1 январдаги тегишли буйруғи билан ўтказилаётган "Фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш ва фуқаро муҳофазаси ойлиги", шунингдек, "Наврўз" ва Рамазон ҳайити байрам тадбирларини ўтказишда содир бўлиши мумкин бўлган фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан Андижон туманида зарур чоралар кўрилди.

Жумладан, Андижон тумани ҳокими - фуқаро муҳофазаси бошлиғининг буйруғига асосан, туман ҳудудида фуқароларни табиий ва техноген ҳолатлардан муҳофаза қилиш тадбирлари белгиланди. Шу билан бирга, "Фуқаро муҳофазаси ишларини механизациялаш йиғма командасининг шайлигини таминлаш мақсадида кўриклар ўтказилди.

Раҳбар ва мутасаддиларга корхона, ташкилотлар, айниқса, байрамлар муносабати билан оммавий тадбирлар ўтказиладиган ҳудуд ва масканларни муҳандислик теникалари ва керакли асбоб-анжомлар, маҳсулотлар билан таъминланиши  ҳамда таркибнинг жанговар ҳолатда бўлиши кераклиги юзасидан  йўриқномалар берилди.

Тайёргарлик тадбирлари доирасида ташкил этилган саф кўригида 14 та техника воситаси  ва 72 нафар кишидан иборат шахсий таркиб тўла қатнашди. Бундан кўзланган асосий мақсад, ойлик ва байрам тадбирларини уюшқоқлик билан ўтказишдир.

 

Шуҳрат СОЛИЕВ,

Андижон вилояти ФВБ Қабуллар уйи БЁ ХТТЕБ бошлиғи, капитан.

Абдусамад РАҲМОНОВ,

Андижон тумани ФВБ бошлиғи ўринбосари,

капитан.

Алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун қандай жавобгарлик белгиланган?

ҲуҚуҚшунос минбари

Алимент тўламаганлик - суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаганлик учун қонунчиликда маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 474- моддасига асосан Моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаганлик учун ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки бир юз йигирма соатгача ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этишга ёхуд ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий жазоларнинг мазкур турлари қўлланилиши мумкин бўлмаган  шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга       сабаб бўлади.

Агар ушбу ҳуқуқбузарлик бир йил ичида такроран содир этилса, ҳуқуқбузарга нисбатан жиноий жавобгарлик белгиланади.

Жиноят кодексига асосан, ҳақорат қилган шахс икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан билан жазоланади.

Ушбу қилмиш хавфли рецидист томонидан содир этилса, ҳаракат учун айбдор: икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Муроджон МАМАДИЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Бўстон тумани судининг тергов судъяси.

ҚУТЛУF АЙЁМ МУБОРАК!

Яратганга беҳад шукрлар бўлсинким, бир ой давомида барчаларимиз Рамазон ойи рўзасини имкон қадар тутиб, Аллоҳ таоло ваъда қилган улкан мукофотни қабул қилиш куни - муборак Рамазон ҳайити остонасида турибмиз.

Муборак ойнинг улуғлиги, яхшилик қилиш, эзгу амалларни адо этиш хусусида муқаддас китобларда жуда кўп гапирилади. Хусусан, Пайғамбаримиз Расули Акрам (с.а.в.) бир ҳадиси муборакларида: "Бева ва мискинга ғамхўрлик қилувчи киши Аллоҳ таоло йўлида саъй-ҳаракат қилувчи ёки кечалари тоат-ибодат қилиб, кундузлари рўза тутувчи киши кабидир", - дедилар. Азизлар, ушбу ҳадиси шариф мазмуни ҳақида кенгроқ фикр юритсак, етимларга, бева-бечораларга, боқувчисини йўқотганлар, ёрдамга муҳтожларга кўмак бериш, айниқса, Рамазон кунларида уларнинг дуоларини олиш, ҳолларидан хабар олиш катта савоб келтирувчи амаллар эканига ишонч ҳосил қиламиз.

Рамазон ҳайити кунида барча мусулмонлар бир-бирларини муборакбод этиб, табаррук отахон-онахонларга узоқ умр, имон, ёшларга рушди хидоят тилашади. қариндош-уруғларини, ёру биродарларни, бева-бечораларни зиёрат қиладилар, ўз яқинлари ва беморларнинг ҳолидан хабар оладилар. Бу кунда мана шундай яхши амаллар ҳар бир эзгу ниятли инсоннинг қалб эҳтиёжига айланади. Бирор бир сабабга кўра аразлашган таниш-билишлар ҳайит кунларида бир-бирларига қучоқ очадилар, бир-бирларидан узр сўрайдилар. Чунки кечиримли ва меҳр оқибатли бўлиш ҳар бир мусулмон учун ҳам қарз, ҳам фарздир. Рамазон ҳайитининг арафа куни жуда фазилатли ҳисобланади.

Абдуллоҳ ибни Масъуд (р.а) Пайғамбаримиз (с.а.в.)дан ривоят қиладилар: "Мўмин бандалар Рамазон ойининг рўзасини бутун тутиб, ҳайит куни намозгоҳга йўл олганда, Аллоҳ таоло фаришталарига: "Эй фаришталар, бировнинг хизматини адо этган киши хизмат ҳаққини талаб этади. Бандаларим менинг рўзамнинг хизматини адо этиб, ҳақларини олиш учун намозгоҳга бормоқдалар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, уларни мағфират қилдим", - дейди. Шунда фаришталар: "Ё Муҳаммад (с.а.в.) умматлари, энди уйларингизга боринглар, Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирди", - деб нидо қиладилар".

Шунингдек, Анас ибни Молик (р.а.)дан шундай ривоят келтирилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): Кимки фитр садақасини ҳайитдан илгари адо этмаса, унинг рўзаси ер билан осмон ўртасида муаллақ ҳолда қолади. Фитр садақаси берилганидан сўнг, Аллоҳ таоло унинг рўзасига иккита яшил қанот ато этади ва рўзаси парвоз қилиб, еттинчи осмонгача боради ва аршдаги қандилга қўниб, ўз эгасига розилигини изҳор этади" - деб марҳамат қилдилар.

Ривоят қиладиларки: Хазрати Усмон ибни Аффон (р.а.) бир маротаба Фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутиб қўйган эканлар. Ҳайит намозидан сўнг эсларига тушиб, Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдилар, сўнг Пайғамбаримиз (с.а.в.) ҳузурларига бориб: "Ё Расулуллох, фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутган эканман. Фитр садақасининг ўрнига бир қул озод қилдим", - дедилар. Шунда Расулуллох (с.а.в.): "Ё Усмон, юзта қулни озод этганнинг савоби фитр садақасини ҳайитдан илгари берганликнинг савобига тенг бўлмайди" - деб марҳамат қилдилар. Демак, фитр садақасини ўз эгаларига ўз вақтида беришлик бандага улкан савоб келтирувчи фазилатли амал ҳисобланади.

Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) "Фитр садақасини ҳайитдан олдин адо этганга Аллоҳ таоло қуйидаги ўнта яхшиликни ато этади. Яъни (1) уни гуноҳлардан пок этади, (2) дўзах оташидан сақлайди, (3) тутган рўзасини қабул қилади, (4) ана шу бандасига Беҳиштни вожиб қилади, (5) қабрдан соғ-саломат турғизади, (6) ана шу йилда қилган яхши амалларини қабул қилади, (7) у бандасига шафоъатул Мустафони вожиб қилади, (8) сирот кўпригидан яшин тезлигида ўтказади, (9) мезон тарозусида унинг савобларини оғир қилади, (10) унинг исмини  бадбахтлар, бахтсизлар қаторидан чиқариб ташлайди", - деб марҳамат қилдилар.

Бугунги муборак кунда биз бандаларга берилаётган улуғ неъматлар, ҳаётимизнинг тўкинлиги, тинч ва осойишталиги учун шукроналар келтириб, кун сайин юксалиб, тараққий этаётган озод ва обод юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини янада зиёда бўлишлигини тилаб, Яратганга дуолар қиламиз. Мана шундай қутлуғ кунда дуоларимиз ижобатини берсин, барчаларимизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин!

Баҳодиржон Рўзибоев,

Олтинкўл туманидаги "Миробод ҳожи" жоме масжиди имоми.

ЮРАКНИНГ СОҒИНЧИ - НАВРЎЗ

Соғиниб-соғиниб титради тонглар,

Пурвиқор чўққилар тўкди ёшини.

Кўнгил кўклам истаб, ҳориган онлар,

Оҳиста кўтарди майса бошини.

 

Дарахтлар эгнида ярашиқ либос,

Сойларнинг юзида тиниқ табассум.

Бу, ахир, гўзаллик, эзгуликка хос,

Бир тўйиб нафас ол, кўзларингни юм!

 

Ожиз майсаларми матонат рамзи?

Яшамоқ сирини ўргатиб қўйди.

Наврўз - аждодларнинг абадий қарзи,

У бизни, биз уни қанчалар суйдик!

 

Ҳар битта қадамда саодат сочиб,

Югурдинг. Шошилдинг. Билмадинг тиним.

Табиат қўйнидан кетсанг-да кўчиб,

Йил бўйи диллардан тополдинг қўним.

 

Кетасан... Ва қайтиб келасан такрор,

Зулфингга гул мисол тақилди бир сўз:

Минг битта малакнинг ҳуснисан, баҳор,

Бир дунё юракнинг соғинчи - Наврўз!

 

Шоҳсанам КАРИМОВА

"ЁШ КИТОБХОН" ТАНЛОВИ: ҒОЛИБЛАРГА ПРЕЗИДЕНТ СОВҒАЛАРИ ТОПШИРИЛДИ

Танлов

Марҳамат туманидаги Ёшлар кутубхонасида "Ёш китобхон" танловининг республика финал босқичи бўлиб ўтмоқда.

Мамлакатимизда юртдошларимиз, айниқса, ёшларнинг маънавияти, дунёқараши ҳамда интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, тарихимиз, миллий қадриятларимизни улуғлаш, китобхонлик даражаси ва маданиятини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Президентимиз ташаббуси билан бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказилаётган "Ёш китобхон" танлови мазкур йўналишдаги ишларни янги, янада юқори босқичга кўтаришга хизмат қилмоқда.

 Белгиланган 10-14, 15-19 ҳамда 20-30 ёш тоифасида танловнинг Қорақолпоғистон Республикаси ва вилоят босқичларида ғолибликни қўлган киритган ёш китобхонлар қатнашаётган танловда 10-14 ва 15-19 ёшли иштирокчилар ўртасидаги баҳслар якунига етиб, ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди.

Бешта шарт бўйича ўз билим ва салоҳиятларини синовдан ўтказган юқоридаги ёш тоифасидаги ғолиб ва совриндорларни тақдирлашга бағишланган тадбирда қатнашчиларнинг фаоллиги, китобхонлик борасидаги билим ва салоҳияти, уларнинг ҳар бири танловда муносиб иштирок этганликлари  алоҳида эътироф этилди.

Танловнинг якуний натижаларига кўра, 10-14 ва 15-19 ёшли ёшли иштирокчилар ўртасида Тошкент шаҳри вакиллари Дилбархон Ҳайдарова ва Огулжерен Халдурдиева энг юқори  балл жамғариб, ғолиб деб топилдилар. Уларга Президент совғаси - BYD "Chazor" электромобили тантанали равишда топширилди.

Танловда 10-14 ёшли иштирокчилар ўртасида Самарқанд вилояти вакили Гулмира Норпўлатова, 15-19 ёшли иштирокчилар ўртасида Сирдарё вилояти вакили Шаҳнозабону Муродова иккинчи ўринни эгаллаб,  75 миллион сўмдан, юқоридаги ёш тоифаларида учинчи ўринни эгаллаган Навоий вилояти вакили Настарин Иброҳимова ва  Самарқанд вилояти вакили Муҳинур Мухторовалар 50 миллион сўмдан, қолган барча иштирокчилар эса 10 миллион сўмдан пул мукофоти билан тақдирландилар.

Танловнинг 20-30 ёшли иштирокчилари ўртасидаги баҳслар давом этмоқда. "Ёш китобхон" танловининг республика финал босқичи 31 мартга қадар давом этади.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ