Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Маълумки, жорий 2017 йил вилоятимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур йили деб эълон қилинган. Шу муносабат билан вилоятимиздаги таълим муассасаларида улуғ ватандошимиз хотирасига бағишланган турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Андижон давлат тиббиёт институти қошидаги 2- сон академик лицейда бўлиб ўтди. "Халқ қалбидан жой олган сиймо" деб номланган адабий-мусиқий кечада лицейнинг ўқитувчи ва ўқувчилари иштирок этди.
Тадбирда улуғ шоирнинг ҳаёти, ижоди, яратган асарлари ҳақида иштирокчиларга инглиз ва рус тилларида маълумотлар берилди. Шунингдек, "Юлдузли тунлар" асари асосида тайёрланган саҳна кўриниши намойиш этилди. Лицейнинг иқтидорли ўқувчилари ҳазрат Бобур ғазал ва рубоийларидан, шунингдек, ўз ижодларидан намуналар ўқидилар.
Якунда тадбирда фаол қатнашган бир гуруҳ ўқувчиларга Олтинкўл тумани тиббиёт бирлашмаси касаба уюшмасининг эсдалик совғалари топширилди.
Ҳар куни тонгда радиодан қўшиқ тинглашга одатланганман. Бугун ҳам эрта тонг радионинг қулоғини бурадим. Хаёлимни қўшиқнинг ажиб оҳангги қамраб олди:
Она, сен меҳрибонсан,
Она, сен жонажонсан.
Жисмимизга жон берган,
Жондан азиз инсонсан...
Қўшиқ мени сеҳрлаб қўйди. Она! Бу муқаддас зот ҳаммамиз учун азиз ва мўътабардир. Инсон дунёга келибоқ, биринчи бор онасини кўради. Она сутидан қувват, меҳр олади. Онадан инсоф, диёнат, ҳалоллик, эзгулик каби инсоний фазилатларни қалбига жо қилади. Одам боласининг ёруғ дунёга келиб, жамиятда ўз ўрнини топишида ҳам оналарнинг ўрни бениҳоят катта. Ўзингиз ўйлаб кўринг! Ахир она бир парча этни ўстириб, улғайтириб, вояга етказгунча қанчадан-қанча қийинчиликларни бошидан кечиради, не-не тунларни бедор ўтказади, оромидан кечади?!
Оналик меҳр-муҳаббатини эса ҳеч нарса билан тенглаштириб бўлмайди. Оламнинг ободлиги тинч-тотув, иттифоқ оилалар биландир. Оиланинг ободлиги эса, мунис ва меҳрибон, азиз ва мўътабар оналаримиз билан. Оналарни қуёшга ўхшатишади. Қуёш бўлмаса, ер юзида ёруғлик ҳам, иссиқлик ҳам бўлмаганидек, Оналар бўлмаса, ҳаёт бўлмайди.
Улуғ шоир Расул Ҳамзатов "Оналар ҳар хил миллатдан бўлиши мумкин, лекин уларнинг меҳри бир хилдир" деган фикрни жуда ўринли айтган. Дарҳақиқат, оналар дунёнинг қайси бурчагидан бўлмасин, уларнинг меҳри жуда-жуда ўхшаш. Негаки, дунёдаги ҳамма оналар фарзандига чексиз меҳр-муҳаббат билан яшайдилар. Агарда она бўлмаса, дунё ҳам, борлиқ ҳам бўлмас эди.
Бугун Наврўз. Кўклам байрами билан волидаларимизни ҳар қанча муборакбод этсак арзийди. Чунки, дунёда оналар, аёллар бор экан, ҳаётимиз ҳамиша нурли ва чароғон. Улар кулса, дунё кулади. Шунинг учун муҳтарама оналаримиз, мунис опа-сингилларимиздан меҳримизни асло дариғ тутмайлик.
Ватан - ғуруримиз, оримиз. Ватан деб аталмиш муқаддас замин қалбимиздаги жаъмийки туйғуларга сув бергувчи чашмадир.
Менимча, Ватан сурати ва сийратини кўнгилдан изламоқ керак. У ҳар биримизнинг қалбимизда. Балки шу боис, Ватанни муқаддас гўша, саждагоҳ деб биламиз. У қувончли кунларимизда ҳам, қайғули дамларимизда ҳам яқинларимиз, қондошларимиз бўлиб бизни қўллайди.
Минг шукроналар бўлсинки,Ўзбекистон бугун дунё тоқида сўнмас нур таратиб турибди. Таърифини ҳеч бир сўзга сиғдириб бўлмайдиган Ватанимиз кундан кунга чирой очиб, юксалиб бормоқда. Озод ва обод юртимизнинг нечоғлик улуғлигини, айниқса, биз устозлар ёшлар онг-шуурига, қалбига мустаҳкам жойлашимиз даркор. Токи ёш авлод Ватан меҳридан асло узоқлашмасин, унинг иссиқ тафтидан ҳамиша баҳра олишсин.
Яна шуни алоҳида таъкидлашимиз керакки, ёшларимиз Ватанпарвар бўлишлари шарт. Чунки Ватан дея жонини фидо қилган, миллий ғурурини ҳеч қачон йўқотмаган улуғ ва буюк аждодларнинг авлодлари эканлигимизни асло унутмаслигимиз керак. Довруғи дунёга достон боболари, момолари бор, қалби уйғоқ халқимиз ўзининг кимлигини жаҳонга намойиш қилаверади. Улуғ аждодларимиз, буюк Ватанимиздан фахр-ифтихор, ғурур туйғуларидан қуйидаги мисралар туғилади:
Дунёга санашни ўргатган халқмиз,
Бизда ўлчаб берган қадимда Нилни.
Золим Кирни енгган биздан чиққан қиз,
Бобомиз арабга ўргатган тилни.
Тибда шогирд тушган олам Синога,
Беруний кашф этган янги қитъани.
Навоийдек зотни берган дунёга,
Бундай миллат қайда бор, қани?!
Бизнинг удни чертар турку ажам.
Форобийдек даҳо мусиқада кам.
Ҳар кимдан устунсан билиб қўй болам,
Ўзлигинг унутма тургунча олам.
Наргиза АБДУЛЛАЕВА,
Балиқчи индустриал-педагогика коллежи педагогика кафедраси мудири.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 15 майдаги "Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони бу борадаги ишларни юқори босқичга кўтаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бугунги кунда мазкур фармон ижросини таъминлаш борасида "Andijon mulk markazi" масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик субъектларига устав фондидаги улушлар, автотранспорт воситалари, асбоб-ускуналар ҳамда кўчмас мулк хисобланмайдиган бошқа мулкларнинг аукцион савдоларини ташкиллаштириш, ахборот ва маслахат хизматлари кўрсатилмоқда. Бу ишларни ташкил этишда вилоятдаги қатор корхона ва ташкилотлар, банкрот корхоналарнинг тугатиш бошқарувчилари, суд ижрочилари томонидан хатланган мол-мулклар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, аукцион савдолар хажмини ошириш, тадбиркорларга қулай шарт-шароитлар яратиб бериш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Айниқса, мутахассисларимиз томонидан тадбиркорлик субъектлари ва турли ташкилотлар масъул ходимларига зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.
Аукцион савдоларга қўйилган мулкларнинг ҳужжатлар тўплами белгиланган тартиблар асосида бўлиши ва расмийлаштирилганлиги, ҳар ой якуни бўйича инвентаризация ҳамда ахборот-маслаҳат хизмати кўрсатиш ишларини сифатли ва белгиланган тартибда ташкил қилиш борасида ҳам самарали ишлар олиб борилаётганлиги мижозларга қулайликлар яратмоқда.
Бир сўз билан айтганда, жамиятимиз ўз фаолиятида белгиланган ишларни қонун талаблари асосида амалга ошириш, аҳолининг барча қатламларига юқори савияда хизмат кўрсатиш орқали вилоятимиз иқтисодиётини ҳамда тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш учун бор имкониятларини ишга солади.
Иш юзасидан Андижон шаҳридаги Саховат уйига боришга тўғри келиб қолди. У ердаги нуроний онахон ва отахонларни, уларга яратиб берилган шарт-шароитларни кўриб, кўнглим яйради.
Бироқ ана шу инсонларнинг яқинлари меҳрига интиқ нигоҳларига боқиб, кўнглим алланечук бўлиб кетди.
Бу ердаги яшаётган кишиларнинг тақдирлари, бу ерга келиб қолишлари тарихи турлича кечган. Уларнинг аксарияти бу ҳақда гапиришни асло хоҳлашмайди. Кимдир чиндан ҳам якка-ёлғизликдан шу масканда яшаётган бўлса, яна кимдир яқинларининг бемеҳрлиги туфайли бу ердан қўним топган. Кўнгиллари ўксик, қалбларида ўзгаларга айта олмайдиган дард бўлса-да, улар бу ерда бахтиёр яшамоқдалар. Чунки, давлатимиз, халқимиз бу инсонларни асло ёлғизлатиб қўйган эмас.
Айни кунда 80 нафардан зиёд инсонлар яшаётган Саҳоват уйида уларнинг турмуш кечиришлари учун барча шароитлар яратиб берилган. Чор-атрофдаги манзарали дарахтлар, тартиб билан экилган, бир-биридан чиройли гуллар, озода йўлакчалар бу ерга ташриф буюрган ҳар қандай кишининг ҳавасини келтиради. Ошхона ва ётоқхона, ювиниш хоналарининг тоза, саранжом-саришталигини кўриб, дилингиз яйрайди. Шу боис ҳам ушбу маскан бу ерда яшовчилар учун қадрдон бўлиб қолган.
Саховат уйининг меҳридарё ходимлари, мутахассислари, ширинсўз ҳамширалари, ошпазу фаррошлар қўйингки, бу ерда хизмат қилаётган ҳар бир киши ўз ишига масъулият билан ёндашадилар. Уларнинг меҳрибон ва самимийлигидан онахон ва отахонларнинг кўнгли хузурланади.
Ушбу масканда чиройли тартиб шаклланиши, гуллаб-яшнаши, файзли гўшалардан бирига айланишида жонкуяр ва ишбилармон раҳбар Отабек Исмоиловнинг хизматлари беқиёс.
Дарҳақиқат, Саховат уйида яшовчилар бу ерда меҳнат қилаётган ходимларнинг муомаласидан, яратилган шароитлардан кўнгиллари тўқлигини уларнинг кулиб турган юзларидан, мамнун чеҳраларидан уқиб олиш қийин эмас. Яна бу масканда айрим онахон ва отахонлар оила қуриб яшаётганликлари, улар учун ҳам барча шароитлар яратиб берилганлиги очиғи мени ҳайратга солди.
Нурзия опа Валиева шу ерда истиқомат қилувчи аёллардан бири. Аёл айрим сабабларга кўра, турмушга чиқмаган ва болалари бўлмаган, шу сабабли ушбу маскан бундан ўн йиллар илгари унинг қадрдон уйига айланган. Онахон билан дилдан суҳбатлашдик.
- Бу ернинг ходимлари шифокорлари жуда меҳрибон, соғлигимизга алоҳида эътибор қаратишади, ошпазларнинг қўли ширин, тўрт маҳал улар тайёрлаган ширин таомларидан бахраманд бўламиз, айниқса, спорт залида танамиз яйрайди, ётоқхона, ювиниш хоналарида ҳам барча шароитлар мужассам, - дейди Нурзия опа. - Мен ҳукуматимизга, масканимизнинг раҳбарларига, барча ишчи-ходимларига катта миннатдорчилик билдираман. Улар сабаб биз бахтиёр ва бахтли умр ўтказмоқдамиз.
Нурзия опа сингари ёши кекса, нуроний онахон ва отахонларимиз яратилган шароитлардан миннатдор, мана шундай юртда ардоқда, ҳурмат ва иззатда яшаб келаётганликларига шукрона айтишади, қўлларини дуога очиб, юртимиз тинч ва осойишта бўлишини тилайдилар.
Боқувчисини йўқотган ёки бошқа сабабларга кўра, яқинларидан узоқда яшаётган бундай кишилар асло бахтсиз эмас. Юрт бошида одил сарбонимиз борлиги, киндик қонимиз тўкилган тупроқда яшаётганлигимизнинг ўзи бахтимиз эмасми!? Асосийси, бу юртда ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда эмас. Ўзбекистонимиз том маънода меҳр-мурувват ва оқибат юртидир. Буни Саховат уйида умргузаронлик қилаётган отахону онахонлар ҳаёти мисолида ҳам кўришимиз мумкин.
(12- сон) 15 март - Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни
Бугун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётининг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бунинг замирида энг аввало, инсон манфаатларини улуғлаш, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш, эркин фуқаролик жамиятини шакллантириш кўзда тутилади. Мазкур жараёнда барча хатти-ҳаракатлар, фаолиятлар қонунлар асосида тартибга солинади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояланади.
Жумладан, истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қандай тартибга солинади, бу борада вилоятимизда қандай ишлар олиб борилмоқда? Шу ва бошқа қатор саволлар доирасида Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Андижон вилояти бирлашмаси раиси Эргашбой Қурбонов билан суҳбатда бўлдик.
- Бугунги кунда фуқароларимиз истеъмолчи сифатида ўз ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида етарли билим ва тушунчага эгами?
- Маълумки, Ўзбекистонда шаклланиб бораётган бозор иқтисодиётининг муҳим хусусиятларидан бири кучли ижтимоий ҳимоя саналади. Яъни, барча ислоҳотлар инсон, унинг манфаатлари учун эканлиги қонунларимизда қатъий белгилаб қўйилган. Жумладан, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳам қонунлар билан муҳофаза қилинади. 1996 йил 26 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонуни бу борадаги муҳим ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Ушбу қонун қабул қилинганлигига кўп йиллар бўлган бўлса-да, фуқароларимиз унинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ҳақида тўлақонли тушунчага эга деб айта олмайман.
Ҳақиқатдан ҳам айрим юртдошларимиз истеъмолчининг ҳуқуқ ва бурчлари ҳақида етарли билимларга эга эмас. Тўғри, кейинги йилларда бу борада кенг кўламли тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, аҳолининг бу борадаги тушунчалари юксалиб бормоқда. Лекин кундалик ҳаётимиздаги истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари бу борадаги ишларимизни янада кучайтиришни тақазо этади. Қачонки аҳолининг истеъмолчи сифатида билимлари тўлақонли бўлса, ўз манфаатини кўзловчи тадбиркорлар фаолиятига чек қўйилади, оддий фуқаролар жабр кўрмайди.
- Юртдошларимиз истеъмолчи сифатида ҳақ-ҳуқуқлари бузилган тақдирда кимга, қандай мурожаат қилиш кераклигини қай даражада билади?
- Афсуски, айрим фуқароларимиз истеъмолчи сифатида ҳақ-ҳуқуқлари бузилганда кимга, қай тартибда мурожаат қилиш ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Бу борада яна бир жиҳат борки, миллатимизга хос менталитет, одамларимизда андишанинг устунлигидир. Маҳалла-кўй дейилади, кўз-кўзга тушади, шу арзимаган нарсага тортишиб юраманми, деймиз-да, кўп нарсалардан кўз юмиб кетаверамиз. Бунда биз ўз ҳуқуқимизни ўзимиз поймол этаётганлигимизни анг-лаб етмаймиз.
Биргина 2016 йил давомида Ўзбекистон истеъмолчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси Андижон вилояти бирлашмаси ҳамда унинг туман ва шаҳар жамиятларига 690 нафар истеъмолчи ариза ва шикоятлар билан мурожаат қилган. Ушбу мурожаатлар қонун доирасида ўрганилиб, жами 319 миллион 388,5 минг сўм етказилган моддий зарар истеъмолчиларга қайтарилди. Бизга қилинган ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолдирилгани йўқ.
- Шу ўринда бирлашма фаолияти ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтсангиз?
- Ўзбекистон Республикасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунида истеъмолчилар ўз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ихтиёрий равишда истеъмолчилар бирлашмалари тузишлари мумкинлиги баён этилган. Шунга кўра, вилоятмизда бу каби жамият нодавлат нотижорат ташкилот сифатида 1998 йилда фаолиятини бошлаган. 2002 йилда эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси, унинг тизимида вилоятларда Бирлашмалар, туман ва шаҳарларда эса уларнинг жамиятлари ташкил этилди. Айни кунда вилоят бирлашмамиз таркибида 2 та шаҳар ва 14 та туман жамиятлари фаолият юритмоқда. Улар томонидан корхона, ташкилот, муассаса ва ўзини-ўзи бошқариш органларида 545 та таянч гуруҳлари ташкил этилган бўлиб, уларнинг сафига 29789 нафар аъзо бирлашган.
- Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида Бирлашма ва жамиятларнинг мақсади, фаолиятининг асосий йўналишлари нималардан иборат?
- Етарли даражада билим ва тушунчага эга эмаслигимиз сабаб истеъмолчи сифатидаги ҳуқуқларимиз поймол этилиши мумкин. Шу боис, истеъмолчилар ҳуқуқлари, уларнинг бурч ва масъулиятлари хусусида омма орасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш, социологик сўровлар ўтказиш ҳамда ички истеъмол бозорига сифатсиз, истеъмолга яроқсиз, инсон саломатлигига зиён келтирувчи маҳсулотлар кириб келишининг олдини олиш борасида мониторинглар ўтказиш каби муҳим тадбирларни амалга ошириш фаолиятимизнинг асосий йўналишлари ҳисобланади. Шунингдек, жамиятимиз аъзолари - кўнгиллилар аҳолининг фаол кишилари бўлганлиги учун халқнинг дардини яқиндан ҳис этадиган муҳим бўғин саналади. Мухтасар қилиб айтганда, Жамиятимизнинг асосий мақсади, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш орқали халқ манфаатлари устуворлигини таъминлашдир.
Хонобод ахборот технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежида "Мен ўқиган китоб" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Коллежнинг Ахборот-ресурс маркази ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 январдаги "Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тар-қатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тар-ғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида"ги фармойиши ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган тадбирда шаҳардаги коллежлар ўқитувчи ва ўқувчилари, "Фаол китобхон" клуби аъзолари қатнашиб, китобнинг ҳаётимиздаги, айниқса, ёшлар камолотидаги ўрни ва роли хусусида атрофлича сўз юритдилар.
Давра суҳбатида китобнинг жамиятдаги, ёшлар тарбияси, уларнинг қалбида Ватан, юртга садоқат, меҳр-оқибат сингари инсоний туйғуларни шаклланишидаги ўрни ҳақида маъруза ва баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Ижодкор ўқувчилар томонидан турли мавзулардаги шеърлар ўқилди. Тадбир доирасида бадиий адабиётлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир сўнгида фаол иштирок этган ўқувчиларга "Андижонкабель" Ўзбекистон-Россия қўшма корхонаси касаба уюшма қўмитасининг эсдалик совғалари топширилди.
Н. НУРИЛЛАЕВА,
Хонобод ахборот технологиялари ва саноат касб-ҳунар коллежи етакчи мутахассиси.
Миллий ўзликни англаш инсоннинг қайси халқ вакили эканлигини, улуғ авлод-аждодлари, уларнинг инсоният тараққиётига қўшган ҳиссасини англаши, қолаверса, ўз ота-боболари, аждодлари шажараси, насл-насабини билишни англатади.
Миллий ўзликни англаш - ўз миллати, халқининг урф-одатлари, анъаналарини билиш ва ундан фахрланиш демакдир. Миллатнинг ўз-ўзини англаши эса ўз эрки ва озодлигига эга бўлган, ўзгаларга қарам бўлмаган миллат сифатида жаҳон ҳамжамияти орасида обрў-эьтиборга эга эканлиги, халқаро муносабатларда ўз манфаатларини ҳимоя қила олиш салоҳияти билан белгиланади.
Ўзлигини англаган халқ ўз ҳаётини ўзи белгилай олади, келгуси авлодлар олдидаги масъулиятни ҳис этади, мамлакати мустақиллиги ва тараққиётини таъминлай олади. Ўзликни англаш жараёни энг аввало, кишиларнинг ўзлигини англашидан бошланади. Яъни, юқорида таъкидланганидек, киши ўз насли, аждодлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлсагина уларга муносиб авлод бўлишга ҳаракат қилади. Оиласининг ҳурматини сақлаш учун ўзини ҳар хил номақбул ишлардан тияди. Оиладаги ҳар бир шахс ана шу жиҳатларга эътибор қаратар экан, жамиятда ҳам маънавий ҳаёт жонланади. Жамиятнинг маънавий тараққиёти даражаси ижтимоий ҳаётнинг барча соҳалари ривожида муҳим аҳамият касб этади.
Оилада шаклланган ўзликни англаш туйғуси мактабда, кейинчалик лицей ва коллежда, олий ўқув юртида олинган билим ва тушунчалар асосида мустаҳкамланиб боради. Бу кишиларда бурчга масъулият, ватанпарварлик, юртга садоқат сингари қатор инсоний фазилатларнинг тўлақонли шаклланишига имкон беради.
Бугунги кунда мамлакатимизда, хусусан, таълим муассасаларида ёшлар маънавиятини юксалтириш, миллий ўзликни англаш туйғусини мустаҳкамлаш, миллий истиқлол ғоясини кенг тарғиб этиш борасида кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу борада айниқса, тарих, миллий истиқлол ғояси, президент асарлари каби фанлар орқали ўқувчиларга кенг билим ва тушунчалар бериб келинмоқда.
Инсон ҳаётдан жуда кўп нарсаларни ўрганади. Хусусан, одоб-аҳлоқ, маънавият, миллий ўзликни англаш баробарида ҳам ҳаёт бизга кўп жиҳатдан сабоқ беради. Ёшларга ҳаётдан ибрат олишни, биз катталар, айниқса, педагоглар бу борада ёш авлодга ибрат намунаси бўлишлари лозим. Келажагимиз эгалари ўзлигина англай оладиган, ҳар жиҳатдан етук ва баркамол бўлса, юртимиз эртаси янада порлоқ бўлишига асло шубҳа йўқ.
ОДАМЛАР БИЛАН ИШЛАШ МЕНГА ЗАВҚ БЕРАДИ - дейди маслаҳатчи Азизахон опа Ҳамдамова.
(12- сон) Маслаҳатчилар фаолиятидан
Шаҳрихон туманидаги Сегаза маҳалла фуқаролар йиғини маслаҳатчиси Азизахон Ҳамдамова ўз ишига масъулият билан ёндашадиган, эл ташвиши билан яшаётган, ҳаёти, ибратли фаолияти билан маҳалладошларига намуна бўлаётган фаол аёллардан биридир.
Айни кунда Сегаза маҳалласида 1150 оила мавжуд бўлиб, 5 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 3 минг нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил этади.
- Маҳалламиздаги оилалар тинч-тотув ҳаёт кечириб келмоқда, - дейди маслаҳатчи Азиза опа Ҳамдамова. - Маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш биз фаолларнинг асосий вазифасига айланган.
Дарҳақиқат, ушбу масканда оилалардаги тотувлик, ҳамжиҳатлик масаласи доимий диққат-эътиборда туради. Негаки оилалар тинч ва барқарор бўлса, маҳалла обод бўлади, янада юксалади. Ана шу қараш нафақат фаолларнинг, балки маҳаллада яшовчи ҳар бир кишининг онг-шуурига сингиб кетган, десак асло муболаға бўлмайди. Шу боис ҳам маҳалладаги ҳар бир иш, тўй- маъракалар, турли тадбирлар бамаслаҳат, ҳамжиҳатликда ўтказилади. Ана шундай тартибнинг шаклланишида кўп йиллардан буён самарали фаолият юритиб келаётган маслаҳатчи Азиза опанинг алоҳида хизматлари бор.
Маҳаллада тиббиёт ходимлари билан ҳамкорликда аёллар ва болалар соғлиғини сақлаш, турли касалликлар келиб чиқишининг олдини олиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Ногиронлар, кексалар ҳолидан хабар олинмоқда, хомиладор аёллар саломатлиги доимий назоратга олинган. Уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар, тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Сегаза маҳалласида 26- мактабгача таълим муассасаси, 28- умумтаълим мактаби фаолият юритади. "Оила - маҳалла - таълим муассасаси" ҳамкорлиги доирасида кўплаб тадбирлар ўтказилаётганлиги ўқувчиларнинг маънавиятини юксалтиришга, давоматни барқарор бўлишига ёрдам бермоқда. Ёшларни касб-ҳунарга йўналтириш, бандлигини таъминлаш ҳам маҳалла фаоллари эътиборидан четда қолмаган. Маҳалла ҳудудидаги Шаҳрихон енгил саноат касб-ҳунар коллежида 1500 нафарга яқин ўқувчи таҳсил олади. Маҳалла фаоллари ташаббуси билан ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари, шифокорлар иштирокида ўқувчи ёшларнинг турли иллатлар таъсирига тушиб қолишларининг, олдини олиш, уларнинг қалбида миллий қадрият, анъана ва урф-одатларимизга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга қаратилган давра суҳбатлари, мулоқот ва учрашувлар ўтказилмоқда. Айниқса, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш, оилавий ҳаётга тайёрлаш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларга йўл қўймаслик масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Маҳалла раиси Маннобжон Ёқубов, Гулчеҳрахон Раҳимова, Дилдорахон Шарофиддинова каби маҳалланинг кўплаб фаол аёллари томонидан тўй ва маросимларда исрофгарчилик, дабдабабозликка йўл қўймаслик борасида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Тўй комиссияси, умуман, фуқаролар йиғини қошидаги барча комиссиялар фаолияти самарали йўлга қўйилган.
- Одамлар билан ишлаш менга куч ва завқ беради, - дейди Азизахон опа. - Айниқса, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, имкон қадар ёрдам кўрсатиш, одамларнинг ишончини оқлаш кишидан катта масъулият талаб этади. Бу борадаги ишларни олиб боришда менга яқинларим, маҳалла фаоллари ёрдам беради. Энг муҳими, юртимиз тинч, ҳаётимиз фаровон. Ҳар бир юртдошимиз ана шу улуғ неъматларнинг қадрига етиши керак. Шундагина ҳаётимиз янада файзли бўлади.
Ҳа, ана шундай эзгу мақсадлар, юрт равнақи, халқ фаровонлиги йўлида меҳнат қилаётган Азизахон опа сингари фидойи аёлларимиз сафи кенгаяверсин.
2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили
Жорий йил Президентимиз томонидан "Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили" деб эълон қилингач, мамлакатимизда аҳоли мурожаатлари билан ишлашнинг янгича тизимини шакллантириш бўйича кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимда давлатимиз раҳбари Ш. Мирзиёев йилнинг айнан ана шундай номланишидан кўзланган мақсад ва вазифаларга тўхталиб, "...давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро муносабатлари юзасидан ёндашувни тубдан қайта кўриб чиқиш зарур. Бу борада аҳоли билан доимий мулоқот қилиш, уларни қийнаётган муаммоларни ҳал этишнинг янги механизмлари ва самарали усулларини жорий этишимиз даркор", дея таъкидладилар. Шунингдек, ҳар бир туман ва шаҳарда "Халқ қабулхоналари"ни ташкил этиш ва уларнинг тўлақонли фаолият кўрсатишини таъминлаш вазифасини қўйдилар. Халқ билан мулоқотдан кўзланган мақсад халқ ичига кириш, уларнинг муаммоларини тинглаш, манфаатларини ишончли ҳимоя қилишдир.
Халқ билан мулоқотнинг самарали йўлга қўйилиши жамиятимиз ҳаётидаги турли муаммоларни бартараф этиш, аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, қонун, фармон ва қарорлар мазмун-моҳиятини аҳолининг кенг қатламига етказиш, уларнинг ижросини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини янада оширади. Қолаверса, бу борадаги ишлар инсон манфаатларини таъминлашга, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган давлатлар қаторига чиқиши, халқимиз ҳаётининг сифати ва даражасини янада оширишга хизмат қилиши билан ҳам аҳамиятлидир.
Президентимизнинг 2017 йилдан бошлаб барча даражадаги ҳокимлар, прокуратура ва ички ишлар органлари раҳбарларининг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини жорий этиш борасида билдирган таклифи давлат бошқаруви органлари, назорат этувчи ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тузилмалар фаолиятида қонунчиликка амал қилиниши устидан назоратни кучайтириш, амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилишга доир устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим роль ўйнаши шубҳасиз. Зеро, бундай тартиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчиликка ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шарти ҳисобланади.
Шу маънода айни кунда халқ билан мулоқот тизимининг жорий этилганлиги давлат, нодавлат идоралари, умуман, барча тоифадаги раҳбарларни аҳолининг кенг қатлами билан янада яқинлаштиришнинг самарали механизмига айланмоқда.
Бу борада вилоят адлия бошқармаси тизимидаги муассаса ва ташкилотларда ҳам фуқаролар қабул кунлари ҳамда ишонч телефонлари ташкил этлган бўлиб, улар орқали аҳоли мурожаатлари қабул қилинмоқда, яъни халқ билан мулоқот тизими йўлга қўйилди.
Мурожаатлар мутахассилар томонидан ўрганилиб, фуқароларни қийнаётган, уларнинг турли соҳалардаги фаолиятларига тўсқинлик қилаётган муаммоларнинг айримлари шу вақтнинг ўзида ечимини топмоқда, айримлари эса қонунлар доирасида кўриб чиқилмоқда. Бу ўз навбатида аҳолининг давлатимизга бўлган ишончини ортишига хизмат қилмоқда. Қолаверса, ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати, унинг тақдири ётади. Ана шундан келиб чиқиб, ҳеч бир мурожаат эътибордан четда қолаётгани йўқ. Бундан ташқари, нотариал идорамиз мутахассислари мурожаат қилувчилар билан суҳбатларда, турли ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилаётган тадбирларда фаол иштирок этиб, аҳолининг ҳуқуқий билимларини ошириш, ҳуқуқ ва бурчларини тушунтириш бўйича тарғибот ишларини олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, йўлга қўйилган халқ билан мулоқот тизими жамиятимизда қонун устиворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг энг самарали усулларидан бири сифатида шаклланмоқда.
Шаходат ҚОДИРОВА,
Андижон шаҳар 12-сон давлат нотариал идораси нотариуси.