+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

«СПОРТ - САЛОМАТЛИК ГАРОВИ»

(12- сон)

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг ташаббуси билан республика миқёсида "Спорт - саломатлик гарови" шиори остида спорт мусобақалари ўтказилди.

Касаба уюшмалари тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, ходимларни касб касалликларидан муҳофаза қилиш, соғликларини мустаҳкамлаш мақсадида ўтказилган ушбу мусобақалар Андижон туманида ҳам юқори савияда ташкил этилди. Спортнинг шахмат, шашка, стол тенниси, бадминтон, сузиш ва волейбол турлари бўйича ўтказилган мусобақаларида тармоқлар касаба уюшмалари жамоалари ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар.

Мусобақаларда Андижон тумани Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси жамоаси ҳам фаол иштирок этди. Жамоа аъзоси Муҳаббатхон Назирова стол тенниси, Шохсанам Йўлдошева бадминтон, Ханифахон Казиева шашка тури бўйича 1-ўринни қўлга киритиб, мусобақанинг вилоят босқичига йўлланма олдилар.

Улар мусобақаларнинг вилоят босқичида ҳам фаол иштирок этиб, "Энг маҳоратли ҳаваскор спортчи", "Fалабага бўлган интилиши учун", "Энг ёш иштирокчи" номинациялари бўйича ғолиб деб топилиб,  эсдалик совғалар ва диплом билан мукофотландилар.

Мавлудахон АЪЗАМЖОНОВА,

Давлат муассасалари касаба уюшмаси

 

Андижон туман кенгаши раиси.

АЁЛЛАРИ ҚАДР ТОПГАН ЮРТ

(12- сон)

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши томонидан  Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланиб, "Касаба уюшмалари - хотин-қизларга" акцияси доирасида "Аёллари қадр топган юрт" деб номланган  маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда мактабгача таълим муассасалари, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида, шунингдек, маданият муассасаларида самарали фаолият кўрсатаётган, оилалар мустаҳкамлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшаётган фаол хотин-қизлар вакиллари ҳамда  ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтган меҳнат фахрийларига юксак эҳтиром кўрсатилди.

Байрам тадбирида сўз олганлар мамалакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, аёлларга кўрсатилаётган эътибор ҳақида гапириб, барчани байрам билан муборакбод этдилар. Санъаткорлар томонидан ижро этилган аёлни, онани улуғловчи, Ватанни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлар тадбир қатнашчиларига хуш кайфият улашди.

Насибахон ТЎРАҚУЛОВА,

таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши раиси.

ЖАЖЖИ ЧЕМПИОН

(11- сон)

Зиёдахон Аҳмаджонова Шаҳрихон тумандаги 64- умумтаълим мактабининг 4- синфида ўқийди. Ёшлигидан рақс, гимнас-тика тўгаракларига қатнади. Мана бир неча йилдирки,  у таэкван-до тўгараги машғулотларида иштирок этмоқда.

Спортнинг ушбу турига бўлган қизиқиш, ўрганишга бўлган кучли иштиёқ туфайли машғулотларда астойдил қатнашиб, устози Иззатбек Вахобов  кўмагида унинг ўзига ҳос техникаси ва сир-асрорларини ўрганишга астойдил ҳаракат қилди. Кўп ўтмай тиришқоқлиги билан устозлари эътиборига тушди, турли мусобақаларда қатнаша бошлади.

Зиёда қатор мусобақаларда совринли ўринларни эгаллаб, устозлари ишончини оқлади. Ёш бўлишига қарамай, кўплаб ютуқларни қўлга киритди. Зиёда ўз вазн тоифасида болалар ўртасида вилоят чемпиони, республика чемпионати ва қатор турнирлар совриндори бўлди. Айни кунда унинг кўксини кўплаб медаллар безаб турибди. Бундан ташқари, у мактабда аъло баҳоларга ўқиб, фанларни қунт билан ўрганиб, тенгдошларига ўрнак бўлиб келмоқда.

Йилдан-йилга спортдаги ютуқ ва натижаларини мустаҳкамлаб бораётган Зиёданинг орзулари осмон қадар юксак. У таэкван-до сирларини мукаммал эгаллаб, келгусида халқаро ареналардаги ғалабалари билан юртимиз шуҳратини янада оширишни ният қилган.

Зиёда албатта ўз ниятларига эриша олади. Чунки унда шижоат, интилиш, ғолиб бўлишга ишонч бор, қолаверса, уни ҳамиша қўллаб тургувчи она Ватани бор. Биз ҳам ёш спортчи қизга улкан муваффақиятлар ҳамда орзулари рўёбини тилаб қоламиз.

 

Элмурод АБДУЛЛАЕВ

Суратда: ёш чемпион

З. Аҳмаджонова.

Р. Араббоев олган сурат.

 

 

БИЗНИНГ СЕВАРА ОПА

(11- сон)

Аёл борки, гўзаллик бор, сеҳр бор,

Аёл борки, муҳаббат бор, меҳр бор.

Аёл борки, олам нурга тўлажак,

     Аёл борки, ёрқин эрур келажак.

Давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Андижон шаҳар кенгаши раиси Севара Хошимовага қараб, шу сатрлар ёдимга тушди. Сабаби ширин калом, ҳар ишда лаббай деб турувчи бу аёл ўзининг ташаббускорлиги, фидойилиги, ҳар қандай масалага алоҳида ёндашуви билан ҳамкасблари орасида хурмат-эътибор топа олган.

Уюшма томонидан меҳнат муносабатларини тартибга солиш, фуқароларнинг ижтимоий ҳақ-ҳуқуқларини муҳофаза қилиш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Айни кунда мазкур жамоада меҳнат қилаётган Севара Ҳошимова Андижон давлат университетининг ҳуқуқ-иқтисод факультетинитамомлаб, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасида йўриқчи вазифасида иш бошлаган. Бу ердаги икки йиллик фаолиятдан сўнг, "Камолот" ЁИҲ вилоят кенгашида бўлим мудири сифатида самарали фаолият юритди.  Севара опа нафақат ишда фаол, ўз соҳасининг малакали мутахассиси, балки кўплар ҳавас қилса арзийдиган оиланинг соҳибаси ҳамдир. Ўзининг ширинсўзлиги, меҳрибон, пазанда ва саришталиги билан  яқинлар орасида ҳам ардоқ топган.

Халқимизда: "Аёл киши ишонч ва меҳрдан сув ичади" деган гап бежиз айтилмаган.  Чиндан ҳам аёлга имконият берилса, ишонч билдирилса, чўлларга гул экиб, боғ яратади, оламга гўзаллик ҳадя этади. Бугун озод ва обод юртимизда опа-сингилларимизга кўрсатилаётган эътибор туфайли  улар улкан ютуқларини қўлга киритмоқда. Ўзларининг самарали меҳнатлари билан юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқдалар.

Азиз аёлларнинг қутлуғ байрами арафасида Севарахон Хошимова сингари  гўзал ва фидойи опа-сингилларимизга оилавий бахт, сиҳат-саломатлик ва ишларида омадлар тилаймиз. Байрамона кайфият асло сизларни тарк этмасин.

Хосият СИДДИҚОВА

 

Дил номалари

(11- сон)

Равзахон КАРИМОВА,

Хонобод шаҳридаги 5- мактабгача таълим муассасаси мудираси. Халқ таълими аълочиси, шаҳар кенгаши депутати.

Масканимизда 45 нафар хотин-қиз меҳнат қилади. Уларнинг самарали ишлашлари учун барча шароитлар яратилган. Бундан ташқари, ходимларимизнинг касбий малакаси ва маънавий билимларини ошириш,  саломатлигини мустаҳкамлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади. 

Муассасамизда 300 нафар болажон тарбияланади. Болажонларимизни соғлом ва баркамол вояга етказиш учун ёруғ ва шинам хоналар, ўқув машғулоти хоналари, ўйин майдончаси ҳамда барча шароитга эга ошхона мавжуд бўлиб, таълим-тарбия ишлари намунали йўлга қўйилган. Айниқса, "Зумрадойлар давраси", шунингдек, тил ўргатиш, спорт, рақс тўгараклари машғулотлари  болажонларимиз дунёқараштини кенгайишига, жисмонан соғлом бўлишларига яқиндан ёрдам бермоқда.

Шу ўринда, масканимизда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти томонидан кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказилиши йўлга қўйилган. Бунда  бошланғич ташкилот раиси Холидахон Сабированинг алоҳида хизматлари бор. У ўзининг фаоллиги билан барча ҳамкасбларига намуна бўлиб келмоқда. Жумладан, у  ўтган йил "Энг намунали бошланғич хотин-қизлар ташкилоти" кўрик-танловининг вилоят босқичида ғолиб деб топилди. Ушбу муваффақият бутун жамоамизни янада фаол меҳнат қилишга ундади.

Мен Халқаро хотин-қизлар куни билан юртимизнинг барча аёлларига бахт ва омад, оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилайман.

 

 

Матлубахон ТЎЙЧИЕВА,

Ўзбекистон халқ демократик партияси Бўз туман кенгаши раиси.

Бугун юртимизда хотин-қизларнинг жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишлари учун кенг имкониятлар яратилган. Шу боис ҳам опа-сингилларимиз жамиятимиздаги сиёсий жараёнларда фаол қатнашмоқда. Буни партиямиз фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Туманимизда партияга аъзо бўлганларнинг минг нафарга яқинини хотин-қизлар ташкил этади. Патиямиз, партиянинг фаол аёллари томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Аёл соғлом бўлсагина оила мустаҳкам, жамият барқарор бўлади. Шуни инобатга олган ҳолда ўтган йил "Соғлом авлод учун" ҳайрия жамғармаси вилоят филиали, туман тиббиёт бирлашмаси билан  ҳамкорликда "Соғлом аёл - соғлом жамият" деб номланган тадбир ўтказдик. Тадбир доирасида 1500 нафар уй бекалари, ўсмир қизлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Кам таъминланган оилалар вакилаларига тиббий-ижтимоий ёрдамлар кўрсатилди.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб аталган жорий йилда аёлларининг ҳаётий муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш, турмуш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш фаолиятимизнинг асосий йўналишига айланди. Мазкур йўналишдаги ишлар кўлами ошириш учун давлат идоралари мутасаддилари, маслаҳатчилар, отин аёллар иштирокида турли тадбирлар ўтказилмоқда. Бу жараёнларда партиядош аёлларимиз ҳам фаол қатнашмоқда. Яқинда бўлиб ўтган "Йилнинг энг фаол аёли" кўрик-танловинининг вилоят босқичида Бўз хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси Дилнозахон Ҳошимова ғолиб чиққанлиги бизни беҳад хурсанд этди.

Озод ва обод юртимизнинг барча аёлларини Халқаро хотин-қизлар куни билан табриклайман. Уларнинг барча ишларида ҳамиша омад ёр бўлсин.

 

 

Муборакхон ИСРОИЛОВА,

Булоқбоши туманидаги  "Ширмонбулоқ фахри" фермер хўжалиги раҳбари.

- Деҳқон учун ердан қадрли ва бебаҳо неъмат йўқ. Унинг калити эса ҳақиқий ер эгасининг қўлида. Менинг назаримда бугун ер соҳиби шундай бўлиши керакки, ундан ўзи ҳам, жамият ҳам манфаат кўрсин. Шу маънода хўжалигимиз халқимиз дастурхони тўкинлигини, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари мўл-қўлчилигини таъминлаш учун астойдил меҳнат қилмоқда. Жумладан ўтган йилни хўжалигимиз муносиб ютуқлар билан якунлади. Давлатга пахта, ғалла топшириш шартнома режалари ортиғи билан уддаланди.

Жорий йилда ҳам мўл ҳосил олиш учун зарур агротехник тадбирларни сифатли ва ўз вақтида ўтказишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Бу борада хўжалигимиз аъзоларининг самарали меҳнатларини алоҳида эътироф этишим жоиз.

Ҳаётимни сарҳисоб қилиб, фермер, оддий бир деҳқон аёл сифатида қалбим ғурурга тўлади. Чунки озод ва обод юртимиз, мустақиллигимиз биз аёлларга эмин-эркин ишлаш, ўз салоҳиятимизни юзага чиқариш учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди.  Энг муҳими, юртимизда  меҳнат қилган инсон албатта, ҳурмат ва қадр топишига фаолиятим мисолида амин бўлдим.

Бугунги байрам кунида   фемер опа-сингилларимизни, барча аёлларимизни табриклайман, Эл-юрт равнақи йўлида олиб бораётган ишларида омадлар тилайман.

 

 

«ОТУШ» - ДЎСТЛИК ТАРFИБОТЧИСИ

(11- сон) Ўзбекистон - умумий уйимиз

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Уларнинг ўз тиллари, миллий урф-одат, анаъана ва маросимларини асраб-авайлаш, ривожлантиришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилган. Жумладан, биргина вилоятимизда Рус, Корейс, Қирғиз, Уйғур ва Арман миллий маданий марказлари самарали фаолият юритмоқда.

Ана шу марказлар, қолаверса, уларнинг қошида ташкил этилган бадиий жамоалар миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни, маданий алоқаларни мустаҳкамлаш, тинчлик-тотувлик ва барқарорликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Хусусан, Уйғур миллий-маданий маркази қошидаги "Отуш" ашула ва рақс ансамбли ҳам ранг-баранг дастурлари билан кенг жамоатчилик эътирофини қозониб келаётган жамоалардан биридир.

Ўзбекистон Халқ артисти Мукаррама Турғунбоева, Юнус қори Юсупов, Обобаҳри Назаров, Аъзамжон Суюнов сингари санъат ва маданият дарғалари ансамблнинг ривожига катта ҳисса қўшганлар.

Ҳозирда Омадилло Жўраев раҳбарлик қилаётган ансамблда 33 нафар турли миллат вакиллари фаолият юритмоқда.

Адолатхон Раҳмонова, Адаҳамжон Юнусов, Fуломжон Шамсиев, Баҳодиржон Одилов, Илғоржон ва Иқроржон Юнусов, Саломатхон Юсупова, Лобархон Ризаева каби санъаткорлар устозлар қолдирган бой маданий мерос ва ижодий анъаналарни давом эттириб келмоқда.

Жамоа кўп йиллардан буён миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни ўзида мужассамлаштирган "Ўзбекистон-умумий уйимиз", "Биз бир замин, бир замон фарзандларимиз", "Ўзбекистон-бағрикенг диёр" сингари қатор  фестиваль ва тадбирларда ўзининг бой бадиий дастурлари билан фаол қатнашиб келмоқда. Ансамбль репертуаридан ўрин олган ўзбекча, уйғурча, тожикча, қирғизча куй, қўшиқ ва рақслар кишилар қалбида миллатлар ўртасидаги  аҳиллик, бир маслак йўлида жипслашишдек қадриятларни мустаҳкамлашга ёрдам беради.

Жамоа 2014 йилда Бухоро шаҳрида ўтказилган "Ипак ва зираворлар", шунингдек, пойитахтимизда ўтказилган Халқаро туризм ярмаркаларидаги чиқишлари билан ўзбек ва уйғур халқларининг азалий одат ва анъаналарини намойиш этиб, кўпчиликнинг олқишига сазовор бўлди.

- Юртимизда Уйғур миллий анъаналари, санъати ва маданиятини кенг тарғиб этишда, ансамблимизнинг хизмати ниҳоятда катта, - дейди жамоанинг бадиий раҳбари, "Дўстлик" ордени соҳибаси Адолатхон Раҳмонова. - Қолаверса, икки қардош ҳалқ ўртасидаги дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётганлигимиз қалбимизга чексиз фахр туйғуларини солади. Фарзандларим Омадилло ва Озодилло, келинларим Мавлудахон, Хуснидахонлар бу борадаги ишларимиз давомчилари эканлигидан янада қувонаман.

Тинч, озод ва обод юртимизга фақат байрамлар ярашади. Жумладан, бугунги халқаро хотин-қизлар байрами кунида юртимизнинг барча аёлларини Уйғур миллий-маданий маркази,  ансамблимиз номидан муборакбод этаман. Илоҳим тинчлигимиз барқарор, дўстлигимиз бардавом бўлсин.

Нафисахон ЮСУПОВА,

Пахтаобод тумани.

 

Суратда: "Отуш" ансамбли аъзолари.

ҲАЛОЛ, ТЎFРИСЎЗ ИНСОННИНГ НИЯТЛАРИ ИЖОБАТ БЎЛАДИ,

(11- сон) Юз билан юзлашганлар

- дейди Кароматхон момо СОДИҚОВА.

Марҳамат туманидаги Хўжаариқ маҳалласида ўзининг табаррук ёшини қарши олган Кароматхон момо исмли онахон истиқомат қилади.

Нафақат, фарзанд ва набиралари, маҳалладошлари эъзозида умргузаронлик қилаётган онахон билан суҳбатлашиш, дуоларини олиш ниятида унинг файзли хонадонига келувчилар жуда кўп. Юз-кўзларидан нур ёғилиб турадиган онахон меҳмонларни дуо қилишдан чарчамайди. Биз ҳам хотин-қизлар байрами билан момони муборакбод этиб, у кишининг суҳбатида бўлдик. Суҳбат давомида онахон ўзининг ҳаёт  хотираларидан гапириб берди.

- Ҳаётда не-не яхши-ёмон кунларни кўрмадим, - дейди Кароматхон момо Содиқова. - Болалик даврларимни қаҳатчилик йилларида қийинчиликлар билан ўтказдим. Бола бўлсакда онамиз билан далада меҳнат қилардик, лекин тўйиб овқат емасдик.  Ўттизинчи йиллардаги очарчилик, уруш йилларида халқимиз бошига тушган қийинчиликларни эсласам, юрагим орқага тортиб кетади. Қанча-қанча оилалар отасидан, акасидан, турмуш ўртоғидан айрилди. Илоҳим, ундай кунлар ҳеч кимнинг бошига тушмасин.

Урушнинг охирларида момо Омонжон исмли маҳалладоши билан ҳаётини боғлади. Биргаликда бахтли, саодатли умр кечирдилар. Икки ўғил, тўрт нафар қизларини бировдан кам қилмай вояга етказдилар. Ҳамиша тўғрисиз, ҳалол бўлдилар, меҳнатдан ўзларини олиб қочмадилар. Фарзандлари ҳам ота-онасидан ибрат олиб, ҳаётда ўзларининг муносиб ўринларини топдилар.

Ҳозирда 6 нафар фарзанд, 22 набира, 35 чеваранинг эъзозида умргузоронлик қилаётган Кароматхон момо фарзанд ва набиралари бахти,  юртимиз тинчлиги, тўкин ҳаётимиз учун шукрона қилиб яшамоқда.

- Инсон ҳалол, тўғрисўз, меҳнаткаш бўлса, ҳаётда  албатта ўз ўрнини, эл-юрт орасида эъзоз топади, - дейди. - Қолаверса Яратган ҳам унинг барча эзгу ниятларини ижобот қилади. 

Халқимизда  "Қариси бор уйнинг-париси бор" деган нақл бежиз айтилмаган. Кароматхон момо сабаб оиладаги, қариндош-уруғлар ўртасидаги ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, борди-келдига ҳавасингиз келади. Ўзларининг ҳаёт йўллари, доно насиҳатлари билан бизга ибрат бўлиб яшаётган Кароматхон момодай оналаримиз бор бўлсин. Улар бор экан, ҳаётимиз ҳамиша файзли ва чароғондир.

 

Шаҳло ХУСАНОВА, Марҳамат тумани.

ЙИЛЛАР МАРЖОНИДА ЯНА БИР ГАВҲАР

(11- сон) Кўнгил битиклари

Мунаввара УСМОНОВА 1965 йилда Марҳамат туманида туғилган. Ҳозирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият юритмоқда. «Дийдор», «Сизга ўхшасин», «Соғинч манзили», «Юрагимдасан Ватан», «Бундай элни қайдан топасан?» номли    китоблари чоп этилган.

Мустақиллик халқимизга озодлик бахтини берди, тинчлик ато этди. Заҳмат ва машаққатларга тўла зафар йўлининг нурафшон тонги сари дадил одимладик, ғурур ва ифтихор билан юксалдик, дунёларга тенглашдик. 

Истиқлол даврида ҳар бир йилнинг алоҳида номланишида ҳам катта ҳикмат мавжуд. 2017 йилнинг "Халқ билан молоқот ва инсон манфаатлари йили", деб аталиши замирида халқимизнинг бахт саодати, фаровонлиги билан боғлиқ улкан ниятлар мужассам. Зотан, одамийлик, ҳалоллик, олийжаноблик, меҳр-оқибат, ғамхўрлик сингари асл инсоний фазилатлар тинч ва фаровон юртдагина шаклланади. Демак, халқимиз орасида яшаб келаётган ана шундай фазилатларга умр бериш баробарида, оила ва жамиятнинг ўзига хос хусусиятлари ва унда юзага келаётган ўзгаришларни ўрганиш, муаммоларга биргалашиб ечим излаш - бугунимизнинг асосий вазифасига айланди, десак хато қилмаган бўламиз. Бу вазифа ҳар бир йилда ўзига хос йўсинда ҳал этилади. Ҳар бир хонадон соғлом муҳитни, тинч - осойишта ҳаётни, тўкинликни орзу қилади. Лекин бундай ҳаётга эришиш фақат орзу қилиш билан амалга ошмайди. Ёши улуғ инсонлар аввало, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашига, жамиятда ўз ўрнини топишига ёрдам бериши зарур. Бунда маҳалла ва жамоатчиликнинг тутган ўрни ҳам муҳим.

 Мен бир оилани биламан. Ўша пайтларда туман ҳокимлигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўлимида фаолият юритар эдим. Чекка қишлоқларнинг бирида вояга етмаган тўрт нафар бола ота-онасиз қолганини эшитиб, дарҳол йўлга отландик. Бизни маҳалла оқсоқоли қарши олди.

Қиш - қировли кунлар,   ҳайҳотдай ҳовли бурчагига солинган омонатгина кулба. Хона ичи нимқоронғи... Танча атрофида ўтирган болалар бизни кўриб акасининг пинжига суқилишди. 11-12 ёшлар чамасидаги болакай бизга салом бергач:

- Овора бўлиб кебсизлар, барибир, "детдомга" бормаймиз. Укаларимга ўзим қарайман! - деди вужуди титраб, кўзларида ёш билан.

- Биз сизларни олиб кетгани эмас, хабар олгани келдик, ўғлим! - дедим болаларнинг аҳволига юрагим ачиб. Ўтириб суҳбатлашдик. Муҳаммаджон худди катта одамлардай фикрларди:

 - Аяжоним охирги кунларда дарди кучайиб жуда қийналди. Бизни эшитмасин деб юзини ёстиққа босиб инграб ётарди. Барибир, кўзимни юмиб ётганим билан ухлолмасдим. Ўша куни тунда аямни азоб чекаётганига чидаб туролмай қўшни маҳаллада яшайдиган дўхтир холани уйигача югуриб бордим. Дарвозаси олдида анча туриб қолдим. "Совуқ ўтиб кетади-ку, ярим тунда нега қор босиб оёқ яланг келдинг, болам", - деганида оёғимга пойабзал киймаганимни билдим. Муолажадан сўнг бироз жони тинчигач аям, менга шундай гапларни айтди:

- "Муҳаммаджон! Сени худога, укаларингни сенга омонат топшираман, болажоним! Катта бола бўлиб қолдинг, сенга ишонаман. Адабиётдан яхши ўқийсанку-а? Эслагин, Бобур Мирзо сенинг ёшингда юртга пошшо бўлган. Ўшанда отаси қўққисдан оламдан ўтганди-а? Оила деган мамлакатни энди сен бошқарасан. Пошшо болам мени...

... Биз холанг иккимиз умр бўйи армон билан яшадик. Отам урушдан қайтмади, онам ёш оламдан ўтиб кетгач, бировларнинг эшигида хизмат қилиб юриб улғайдик. Бир тишлам нонни миннатсиз емадик. Кўп қийинчиликларни кўрдик. Бировнинг қасрида яшагандан кўра, ўзингнинг хароба кулбанг бўлгани яхши. Очин-тўқин,    меҳрга зор юрган пайтларнинг асорати мана энди таъсирини ўтказиб, ётиб қолдим. Яхши замон, яхши одамлар орасида қаддимизни тиклаб, ҳузур қилиб яшаймиз, деганда... Болам, сизлар учун Худо умр бериб юзга кирсайдим... Барча орзу-умидларимни сенга қолдираман.

Уйнинг тўртта бурчаги, тўрт томонимдаги қўрғонларим, деб ярим жоним билан тўртовингни дунёга келтирдим. Укаларингнинг тўрт тарафга тарқаб кетишига йўл қўйма, болам! Қийналсанг ҳам бировга берма,   белингни маҳкам бойла. Пахса девор бўлсаям, меҳнат қилиб тикланган шу кўримсиз уй - даданг ва мендан мерос. Ҳар қандай кунда ҳам ўз уйингни сотма". Охирги сўзлари шу бўлди. Мен ўзим оиламизни онам айтганидек, бутунича ушлаб қоламан...

Олтинчи синфда ўқийдиган боланинг гаплари юрагимизни ларзага солди.

 Хавотир олманглар, - деди оқсоқол.

 Биз маърака куни маҳалла аҳли билан кенгашиб олдик. Қассоб укамиз гўшт-ёғидан, нонвой Олимжон нондан хабардор бўлади. Ҳар куни маҳалладан бир аёл навбати билан болаларнинг ош-овқатини пишириб, бирга тунаб қолади. Маҳалламиз катта: шу мурғакларни оқ ювиб, оқ тараб, тарбия қилиб улғайтириш қўлимиздан келади!

Бу гаплардан кейин мен ҳам: унда мени ҳам навбатга ёзиб қўйинглар, - дейишдан ўзимни тиёлмадим. Болалардан тез-тез хабар олиб турганим учун уларга қадрдон бўлиб қолдим. Муҳаммаджондан кичиклари тўққиз, етти, уч ёшда эди. Айниқса болаларнинг кенжаси - қўнғироқ сочли Маликага ўз боламдай меҳрим тушганди. Бир гал Муҳаммаджондан орзулари ҳақида сўрадим.

- Мени энг биринчи ниятим, катта бўлиб пул топсам, сигир сотиб оламан!- деди катталардай вазминлик билан.

- Сут-қатиқни яхши кўрасанми?

- Аяжоним касал бўлганида дўхтирлар ҳар куни сут-қатиқ ичиб турсангиз, дардингиз енгиллашади деганди. Мен ҳали у, ҳали бу қўшнининг уйига сут- қатиқ сўраб борардим. Ўша  пайтларда аям бошимни силаб; "Ҳовлимиз катта, сен ёнимга кириб қолдинг, терак кўчатларимиз етилса, янги уй соламиз, томорқага деҳқончилик қилиб пул йиғиб, ўзимиз сигир сотиб оламиз. Тўйиб-тўйиб қаймоқ еймиз"- дерди.

Титраб-титраб йиғлаётган болакайни нима деб юпатишни билмасдим...

- Мурувватли кишилар кўп ўғлим, қолаверса, раис бува сизларга ўз боласидай меҳр кўрсатяпти. Сигирни-ку, оламиз, аммо уни ёғингарчиликда қаерда сақлайсан, нима едириб боқасан, ким соғади? - дедим.

- Ўртоқларим билан гишт қуяман. Тераклар катта бўб қолди. Баҳорга чиқиб молхона қурамиз, сингилларим катта бўлгунча ўзим соғавераман - деди болакай кўзлари чақнаб.

Кунлар илигач, синфдош дўстларини дарсдан кейин ёнига олиб лой қориб ҳаракатга тушиб қолган болани кўриб, маҳалла аҳли ҳам ҳашарга бел боғлади. Қозиққа сигир бойланган куни эса хонадонда байрам бўлиб кетди. Муҳаммаджон онасига берган ваъдасининг устидан чиқди. Укаларига ҳам оталик, ҳам оналик вазифасини бажарди. Сағирликда юзларини сарғайтирмади. Болаликдан ҳалол меҳнатдан нон топишни ўрганди. Укаси Муроджонни нонвойга, Мухлисани тикувчи аёлга шогирдликка берди. Ука ва сингилларини ҳам касб-ҳунарга йўналтирди. Нураган уйлар ўрнига янги иморат тикланди. Аҳил маҳалланинг асл фарзандига айланиб, эл орасида обрў топди. У мурғак ёшиданоқ оиласи учун мустаҳкам қўрғон бўлди. Узилмас арқон, бузилмас онт бўлди. Бир оиланинг мустаҳкамлиги учун эътиқоди собит болакайдан тортиб, бутун қишлоқ, маҳалла ҳаракат қилди. Оқибатда бир хонадон тўзимади.

Ҳа, илмли бўлиш, ҳунарли бўлиш оилани мустаҳкамловчи асосий омил. Бу кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам эскирмайдиган ҳақиқат.

 Инсон йилма-йил ҳар лаҳзада улғайганини ҳис қилади. Ҳаётнинг баланд-пастидан ўтиб, ўзим ҳам қайнона бўлганимдан яратганга шукроналар айтдим. Байрам дастурхонимизда ўтириб дуолар қиладиган, ҳамиша меҳри билан ҳар қандай мушкулимизга ечим топиб берадиган кайвони инсон -  қайнонам раҳматли ёдимга тушди, хотиралар жонланди.

 Катта хонадонга бош келин бўлиб тушдим. Қайнонам тўққиз нафар фарзанд кўриб вояга етказган, мулоҳазали, босиқ аёл экан. Тонг саҳарда кўча, ҳовлини супуриб бўлгунимча қайнисингилларим нонушта тайёр-лашади. Қўлимни ювиб энди қаторга қўшилиб ўтирсам, қайнонам имо қилиб, мени четга чақирди.

Қизим, бу ҳовли-эшик менгача, сиз келгунча ҳам супириб-сидирилган. Укаларингиз, сингилларингизнинг кўзи сизда. Ҳеч қаерда ёш келин-куёвни ҳаётга тайёрлайдиган мактаб йўқ. Улар учун биринчи ибрат бўласиз. Янги келинчаксиз, қора гулли кўйлак кийганингиз яхшимас.

Сепингиздаги энг чиройли кийимларингизни кийинг. Дастурхон бошида чиройли либосларингизни кийиб ўтирсангиз, ҳаммамизнинг баҳри-дилимиз очилади. Уй юмушини ҳеч ким тугатолмайди. Келинчаклик даврингиз эса ғанимат. Пардоз-андоз қилишга эринманг. Фарзандлик бўлгач, кўп нарсага улгурмай қоласиз. "Қуш инида кўрганини қилади", -деган нақл бежизмас. Мен ўқимаган,бир оми аёлман. Болаларимни ҳаётга тайёрлашда сиз менга кўмакчи бўлишингиз керак. Ҳар сўзингиз, кийиниш, юриш, туришингиз - бир мактаб экани эсингиздан чиқмасин, - деди.

Шундан кейин оилада ўзимни эркинроқ тута бошладим. Меҳмондай қимтиниб эмас, энг фаол мезбонга айланишга ҳаракат қилдим.

Уйимизга жуда кўп меҳмон келарди. Водийликлар удумига кўра, дастурхон ёзишдан олдин қўлга сув қуйилади. Чилопчин билан обдаста қайнонамнинг уйида елим халта билан ўраб қўйилар эди. Бир гал олиб чиқиб келган меҳмонларнинг қўлига сув тутдим. Уларни кузатгач, офтобга қўйиб қуритилган ўша анжомларни ўз жойига қўйишим талаб этилди. Бу ҳолат менга унча хуш келмаётганини юз-кўзимдан сезган онам менга уқтира бошлади:

 - Болам, қайнонам бунча инжиқ экан, деб дилингиз хижил бўлмасин. Бирорта сандиқ ёки жавонимда қулф йўқ. Болаларимдан бошқа ҳеч нарсанинг ҳисобини билмайман. Аммо тўртта нарсага ҳушёр бўлишингизни талаб қиламан. Дастурхон солишдан олдин меҳмоннинг кўзи тушадиган биринчи нарса - шу чилопчин бўлади. Баъзи хонадонларга меҳмонга борсангиз, кирланиб қорайиб кетган идишга қўл ювасиз. Кўнглингиз хира тортади. Хонадонимизга келган кишининг кўнгли хира бўлмасин десангиз, уйни, жиҳозларни эски бўлсаям, покиза тутинг.

Қайнонамнинг  панд-насиҳатлари, ўргатганлари менга ҳаётимда жуда кўп асқотди. У кишининг кўмаги билан қилган ишларим, юриш-туришимни кўриб ўсган қайнисингилларим ҳам тушган жойларида тиниб-тинчиб кетишди. Энди хотира сандиғимни титкилаб кўрсам, қайнонамнинг ҳар бир гапи, ҳар ишининг ўзи - бир маънавият дарси экан.

- Мен момоқайнонанинг қўлига келин бўлиб тушганман. Энам юролмай бир жойда ўтирардилар. Хизматини қилганим учун кўп дуо олганман. "Тупроқ олсанг - олтин бўлсин болам. Бошқоронғилик пайтингда кўнглинг нима тусаса, энамга эримга, боламга деб илиниб ўтирма. Бу нозик палла саноқли кунларда ўтиб кетади. Юрагингнинг остидагини эҳтиёт қилсанг, ҳеч нарсадан сиқилмасанг, шу бир донагина сағиримнинг аторофи тўла паҳлавон бўлади", - дея елкамни силаб қўярдилар. Бу қайтар дунё мендан сизга, сиздан келинингизга қайтим бўлаверади, деб ўз тарихидан ҳам гапириб қўярдилар. Рўзғоримиз тўкис, еб-ичиш, кийишдан ҳеч камимиз бўлмаса-да, ҳаммамиз тенг меҳнат қилардик. Ипак қурти боқардик, гўдакларимизни онамизга қолдириб, ғўза чопиққа чиқиб кетардик. "Оила - катта салтанат, эрнинг вазири- аёл, ижрочи сизлар-да, болам", - деб, бизларни эркалатиб қўярдилар.

Қайнотамнинг ишдан қайтишига алоҳида тайёргарлик кўрардик. Ҳовлилар супурилиб, сувлар сепиларди. Ўзи учун ажратилган кўрпача ёзиларди. Онам қаерга тўй-маъракага боришларидан қатъи назар, дадам ишдан келганларида уйда бўлардилар. Ҳовлимиз жаннатнинг ўзи эди. Уларнинг бирор марта дадамга гап қайтарганини, ёки буюрган ишларини малол олганини эшитмаганман. Бир куни қайнотамдан ноҳақдан койиш эшитган онамга раҳмим келиб: "Мен бундай иш қилганим йўқ, десангиз бўлмайдими, буви, индамай кетаверасизми?",-десам: "Рўзғор тарозисида бири баланд келса, бири паст келиши керак. Агар эр-хотин тенг келаман деб, аравани икки тарафга тортса, оила бут бўлармиди. Бири қаҳр қилганда, бири меҳр билан қараса, ўртадаги илоҳий ришта мустаҳкам бўлади",- дердилар.

Қишин-ёзин қошидан ўсма узилмайдиган қайнонам ҳаммамизга ўсма қўйдирарди: "Бу   дунёга ҳаммамиз меҳмонмиз. Меҳмонга бораётган одам покиза, чиройли бўлиб боради. Уйда худди меҳмондай ораста бўлинглар. Токи эрларингиз менинг хотиним оламда энг саришта, гўзал аёл, деб қувониб юрсин," - дерди. Бир даста садарайҳон солинган гулдон доим хонтахта устида турарди.

 Бир куни қўшиқ хиргойи қилиб бешик тебратиб ўтирганимни кўриб, қизим, алла айтинг, қўшиқ бошқа, алла бошқа. Она сути болага озиқ бўлса, алла унинг кўнглини тарбия қилади, дегандилар.

Юқорида ёзилганлар биргина менинг қайнонамнинг дарсхонасида ўқиганларимдир. Биз катта халқмиз. Онамизга ўхшаш оиланинг олималари, академиклари озми? Улар ҳар бир хонадонда бор. Улар маҳаллаларнинг кўрки, хонадонлар таянчи. Шундай кўпни кўрган инсонлар билан  кўп-кўп мулоқотлар қилсак, уларнинг турмуш тарзидан ибрат ва андоза олсак, нур устига нур бўлади. Ҳар бир оиланинг яхши анъаналари, келин, набиралар тарихидан ёзилса, битта ибрат китоби бўлади. Жамият ичида яшар экансан, ҳеч бир одам алоҳида бахтли бўлмаганидай, ҳар бир инсоннинг саодати ён-атрофдаги қўшнилар бахтиёрлиги билан тўкис.

 

Халқимизнинг бебаҳо қадриятлари асло йўқолмайди. Ана шу қадрият ва анъаналар давлатимизнинг оилаларга, аёл ва болаларга, уларнинг саломатлигини сақлашга қаратаётган эътибори билан уйғунлашиб, мустаҳкам оила қасри бунёд этилаётир. Шу ўринда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили оилаларни мустаҳкамлаш, қолаверса, Ватан     ободлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини юксалтириш баробарида тарих, йиллар маржонидаги бир гавҳар бўлади. Истагим, энг аввало, юртимиз тинч бўлсин. Муҳтарама опа-сингиларимизни бугунгидай байрамона кайфият асло тарк этмасин. Андижонимизнинг, юртимизнинг ҳар бир аёлига мустаҳкам оиланинг бекаси бўлишлик, фарзандлар камолини кўришлик бахти насиб этсин.

ОЛТИНКЎЛНИНГ УКРАИНАЛИК КЕЛИНИ

(11- сон)

Бундан анча йиллар бурун  йигит аскарликдан     қайтганидан сўнг уни уйлантириш тараддудига тушириларди. Эътиборхон хола ҳам кенжатойининг бошини иккита қилмоқчи бўлиб кўз остига олиб қўйган қизларнинг хонадонларига совчиликка борарди. Ўғилнинг хаёли эса бошқада эди.

Ҳарбий хизматни Украинада ўтаётган Бахтиёржон бир гал оқ сариқдан келган, мовий кўзли қиз билан учрашиб, гаплашиб қолди. Биринчи учрашувдаёқ қизнинг самимийлиги аскар йигитнинг кўнглини ром этади. Вақтлар ўтиб, уларнинг муносабатлари севги риштаси билан боғланди. Хизматдан қайтгандан сўнг ҳам  қизни хаёлидан чиқара олмасди.

 Онаси келин қидираётган вақтда катта акаси ва келинаясига бу ҳақда гапиради. Буни эшитган онаси "бир камим ўрис келин олиш қолувди" дея ўғлини уришди. Бироқ ўғли сўзида катъий туриб олади. Катта акаси билан  Бахтиёржон келинчакка ўзбекона саруполарни олишиб, Украинага йўл олишади. У ерда катта тўй-томоша қилинганидан кейин янги келин-куёвлар она қишлоғига келишади. Қўни-қўшнилар украин келинни кўргани  чиқишади. Эгнига атлас кўйлак, бошига оқпар дўппи кийган келинчакка ўзбек миллий кийимлари жуда ярашиб турарди.

Орадан неча-неча йиллар ўтди. Олтинкўл қишлоғининг Катта Оқтепа маҳалласида истиқомат қилувчи Аслоновлар оиласи маҳалланинг энг ибратли оилаларидан бирига айланди.

-Ўзбекистондай жаннатмакон юртда яшаётганимга ҳам 28 йил бўлди, - дейди биз билан суҳбатда Светлана Аслонова (одамлар уни Цветахон деб чақиришади).  - Сахийқалб, меҳрибон одамлар ичида яшаб, ўзбекона урф-одатларни, ўзбек тилини ўргандим.

Суҳбатимиз давомида у янги келин бўлиб тушган пайтларини хотирлаб шундай деди:

- Янги келинлик пайтларимда кўпчиликка фикримни имо-ишоралар билан тушунтирардим. Ҳар куни раҳматли қайнонам иккаламиз уйда қоламиз. Мен ўзбекчани билмайман, қайнонам эса русчани тушунмайди. У кишига бирор нарсани тушунтирмоқчи бўлсам имо-ишоралар қилардим. "Мама, печкадаги чойнакни кўрсатиб, вақ-вақ қиляпти" - дер эдим. Қайнонам ҳам кенг феълли аёл эди. Қайнонам ва овсинларимдан ўзбекча гаплашишни ўргана бошладим. Қайнонамнинг ёнига кириб, тандирда нон ёпишдан тортиб, сигир соғишу томорқада кетмон чопишни ҳам ўргандим. Инсон астойдил ҳаракат қилса, унинг қўлидан келмайдиган иш йўқ экан. Энг муҳими, оиладаги бор-йўқликка кўникиб, сабр-тоқат қилсангиз, ҳамма нарсага эришар экансиз.

 Украиналик келин катта эшикда қолиб, кексайиб қолган қайнота ва қайнонасининг хизматини қилди, уларнинг дуосини олди. Шу билан бирга, катта ўғли Рустамжон туғулгунга қадар Олтинкўл трикотаж фабрикасида тикувчи бўлиб ишлади. Кейин бирин-кетин Севарахон, Самидахон  қизлари дунёга келди. У яшаган хонадон катта эшик эмасми, келди-кетди кўп бўлади. Юмушлар ҳам шунга яраша. Цветахон елиб югуриб хонадонга келганларнинг кўнглини олишнинг пайида бўлди.

Бири-бирини қувлаб йиллар ҳам ўтди. Бу орада қайнота ва қайнонаси ҳам ёруғ дунёни тарк этишди. Бугун Светлана уларнинг ҳаққига қуръон тиловат қилади. Турмуш ўртоғи билан болаларни ҳам улғайтириб, элга қўшишди. Украин қизи Цветанинг исмини айтиб чақирмаса, уни билмаган киши ўзбек аёли деб ўйлаши аниқ. Ўзбеклар билан қуда-анда бўлган, қудалариникига борса ҳам  саватга патир ва сомса ёпиб олади.

- Аёл киши келин бўлиб тушган жойга меҳр бериши керак, - дейди Светлана Аслонова. - Ўзбекистон  менинг уйим, мен узоқ украина ўлкасидан келиб бахтимни шу ерда топдим, бола-чақалик бўлдим, одамлар орасида ҳурмат-эътибор топдим. Ўзбекистондай жаннатмакон диёрда бахтли ҳаёт кечираётганимга шукрона келтираман. Мана шундай юртимизга, тинчлигимизга, одамларнинг ахил-иноқлигига асло кўз тегмасин.

 

Гулноз АБДУЛЛАЕВА

 

Суратда: С.Аслонова.

Дил номалари

Мадинахон МИРЗАКАРИМОВА,

Андижон шаҳар ИИБ тергов бўлими терговчиси, лейтенант.

- Минг афсуски, кейинги йилларда хотин-қизлар томонидан турли ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилмоқда. Муҳтарама аёлларимизнинг бу каби хатти-ҳаракатлари шубҳасиз, барчамизни жиддий ташвишга солади. Ана шундай ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш мақсадида ички ишлар тизими ходимлари томонидан кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тушунтириш ва тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Биламизки, аёл - энг аввало она. Шубҳасиз, она барчамиз учун муқаддас зот. Мақсадимиз опа-сингилларимиз жиноят кўчасига кириб, аёл, она деган муқаддас номга доғ туширмасин.

Қиз-аёлларимизга ибо-ҳаёли, андишали, меҳр-оқибатли бўлиш ярашади. Яна опа-сингилларимиз ўз оилалари мустаҳкамлигини таъминлашлари, фарзандлари тарбияси билан жиддий шуғулланишлари мақсадга мувофиқдир. Тўғри, ҳаёт ҳамиша ҳам бир текисда ўтавермайди. Турли муаммолар юзага келиши мумкин. Нима бўлганда ҳам, аёл аёллигини унутмаслиги, сабр-тоқатли, мулоҳазали бўлиши лозим.

Бугунги байрам кунида барча қиз-аёлларимизга меҳрли бўлишларини тилайман. Чунки меҳр-муҳаббат, ҳалол-поклик билан улар ўзларини ва яқинларининг ҳаётларини чароғон эта оладилар. Бахт ва омад азиз аёлларимизни асло тарк этмасин.

 

Муҳаббатхон ПИРЗАЛИЕВА,

Қорасув шаҳридаги Мирзо Улуғбек МФЙнинг диний маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси.

Қарийб 17 йилдан буён маслаҳатчи вазифасида ишлаб келаман.

Маҳалламизда айни пайтда 3815 нафар аҳоли яшайди, уларнинг 2 минг нафарга яқини хотин-қизлардир. Ҳудудимиздаги қишлоқ хўжалик коллежи, иккита мактаб, иккита мактабгача таълим муассасаси билан "Оила-маҳалла-таълим муассасаси" ҳамкорлигида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. 

Бундан ташқари, маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда оилаларнинг тинч, фаровон ҳаёт кечиришлари, маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, вояга етмаганлар ва хотин-қизлар ўртасида салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, тўй, маърака ва бошқа маросимларни ихчам ва дабдабасиз ўтказиш, умуман, фаолиятимга оид барча йўналишлар бўйича кенг кўламли тушунтириш ишларини олиб боришга алоҳида эътибор қаратяпман. Бунинг самараси ўлароқ, маҳалламизда барча йўналишларда ижобий натижаларга эришилмоқда. 2010 йили республика хотин-қизлар қўмитаси анжуманида иштирок этдим, 2015 йили "Энг намунали фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари" танловининг вилоят босқичида маҳалламиз 3- ўринни эгаллади, 2016 йили "Фуқаролар йиғинларининг энг намунали диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси" танловининг вилоят босқичида сов-риндор бўлдим. Энг асосийси, фаолиятим давомида маҳалладошларимга қўлимдан келганича кўмак бериб, уларнинг ҳурмат ва эътиборини қозона олганлигимдан қувонаман.

 

Азиз аёллар байрами арафасида барча аёлларимизга бахт ва омад, оилаларига тинчлик-хотиржамлик тилайман.