Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Бундай кезларда, Наврўз оламга сепини ёйган қувончли кунларда, байрам билан боғлиқ воқеалар хотирангда жонланади уларни эслаш асносида тилингда "Шукр!" деган сўз бот - бот айланаверади.
Бугун шаҳар-қишлоқларимизда ўтаётган байрам шодиёналарини кўриб қувонмаслик, шукроналар айтмаслик - гуноҳ. Наврўз мамлакатимизда истиқомат қилаётган барча миллат ва элатлар вакилларининг - бутун Ўзбекистон халқининг қутлуғ байрамига айланди, миллионлаб одамларга чексиз қувончу шодлик улашиб, уларнинг аҳил-иноқлиги ва дўстлигини, мамлакатимизнинг тинчлиги, ободлиги ва осойишталигини янада мустаҳкамлашга хизмат қилаётир.
«Ёшим 40 дан ошган, 2 нафар фарзандим бор, набиралиман. Турмуш ўртоғим билан ҳаётимиз бошиданоқ илиқлик билан бошланмади. У киши совуққон эди. Урушмасди ҳам, хақорат ҳам қилмас эди. Биз алоҳида уйга чиқиб кетганмиз. Эрим 10 йилча вақт давомида хорижга ишлагани бориб-келиб юрди. У сафарда юрган пайтларида мен мудҳиш хатога йўл қўйдим, эримга хиёнат қилдим. Энди ўзимни кечира олмаяпман. Виждон азобидан бир сафар, ҳатто ўз жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлдим. Лекин фарзандларимни ўйлаб, бу ишга жазм эта олмадим. Бу воқеага анча вақт бўлса-да, халоватим йўқ, руҳий тушкунликда кун ўтказаман. Нима қилишга хайронман?...
М.Андижон шаҳри»
Психолог эканимни эшитиб, менга учраган бу аёл билан узоқ суҳбатлашдим. У кўнгил майлига берилиб, қилган ножўя хатти-ҳаракати туфайли виждон азобида яшамоқда. Тўғри, синглимиз гуноҳ ишга қўл урган, лекин биз инсонмиз, билиб-бимасдан ҳато қилишимиз мумкин. Хато қилишдан аввал унинг оқибатларини ўйлашимиз керак, токи ҳеч ким бу аёл каби изтироб, виждон азобида қолмасин.
Азиз синглим, ўзингизни қўлга олинг. Ўз жонига қасд қилиш кечирилмас гуноҳ. Ҳар бир банда Яратганнинг ҳузурига ёруғ юз билан боришга интилиши лозим. Аввало сиз ўзингизни кечиринг, тавба қилинг. Юқорида айтганимиздек, инсон зоти борки, ҳаётда адашади, хато қилади. Асосийси, сиз ўз айбингизни тушунибсизми, мана шунинг ўзи катта гап. Таҳлилларнинг кўрсатишига, бу каби ва бошқа хатолар келиб чиқишига кишиларнинг бекорчилиги бош сабаб бўлади. Шундан келиб чиқиб, қуйидаги маслаҳат ва тавсияларимиз нафақат синглимизга, балки барча аёлларимиз учун фойдадан холи бўлмайди. Демак, ҳаётингизда қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратинг:
Бекорчиликдан сақланинг!
Азиз аёллар! Агар сиз бирор жойда ишламасангиз, кунни бекор ўтказишга асло одатланманг, албатта, бирор фойдали иш билан шуғулланинг. Ўрганиш учун ҳеч қачон кеч бўлмайди. Бугунги кунда бекор ўтиришнинг ўзи айб. Уйингиз томорқасидан унумли фойдаланинг ёки бирор ҳунар билан шуғулланинг. Бу билан ҳаётингиз янада мазмунли бўлади, қолаверса, оилангизга қўшимча даромад келтирасиз. Ўша ишингиз, ҳунарингизни фарзандларингизга ўргатасиз. Бу билан уларни ҳаётга тайёрлайсиз, меҳнаткаш, келажакда ўз ҳаётини қура оладиган кўникмани шакллантира оласиз.
Эътиборли бўлинг!
Шу ўринда алоҳида таъкидлаш керакки, эркаклар ҳам аёлларига этиборли бўлишлари лозим. Аёл кишининг адашишига, ножўй қадам ташлашига турмуш ўртоғининг эътиборсизлиги, меҳр кўрсатмаслиги биринчи сабаб бўлади. Аёл меҳр-муҳаббат, ширин сўз гадосидир. Зотан, аёл эрининг икки оғиз ширин сўзидан ўзига руҳий мадад олсин, бурч ва масъулиятини янада теранроқ ҳис этсин. Эркакларимиз учун оддий, баъзан бачканадай туйилса-да, аёллар улардан ҳамиша эътибор, ширинсўз кутишларини асло унутмасликлари лозим.
Ўтган воқеани унутинг!
Ҳаёт доимо равон бўлмайди, бир хилда кечмайди. Унинг баъзи йўлларида билиб-билмай адашиш, хатога йўл қўйиш мумкин. Лекин ўша хатоларни англаш ва ундан тўғри хулоса чиқариб олиш энг муҳим ҳисобланади. Айбингизни англадингизми, энди ана шундай хатони такрорламасликка қарор қилинг. Йўл қўйган хатоларингизни эслаб, дилингизни тирнайверманг. Бўлар иш бўлди, куйиб-ёнишингиз энди фойдасиз. Ҳаёт бардавомлигини, фарзандларингиз камолини ўйланг.
Уч ҳолатдан сақланинг!
Унутманг, ҳаётда учрайдиган уч ҳолат сизни ботқоққа ботиради, разолатга бошлайди. Булар - ношукурлик, мақсадсиз яшаш, днгасалик ва бекорчиликдир.
Ношукур инсон ўзига берилган имконият ва неъматларни билмайди. Натижада уларнинг қадрига етмайди. Шундай экан, қўлингизда борига шукр қилишни ўрганинг.
Мақсадсиз яшаш мисоли денгизга елкансиз кемада чиқиш билан баробар. Елкансиз манзилга етиш мушкул бўлгани каби, мақсадсиз инсоннинг ҳам бахтли бўлиши, ҳаётда ўз ўрнини топиши қийин кечади. Ҳаётда ўз олдингизга аниқ мақсадлар қўйинг!
Дангасалик ва бекорчилик ҳаётдаги энг ёмон иллатлардир. У инсонни разолатга, боши берк кўчага етаклайди. Уни фақат мустаҳкам ирода билан енгиш мумкин. Шу боис ҳам ҳаётингизда ана шу ҳолатларга асло йўл қўманг.
Муҳтарама опа-сингиллар! Оила муқаддас қўрғон, ана шу қўрғоннинг тинч ва мустаҳкам бўлиши учун қалбингиздан ўтаётган барча салбий ҳис-туйғуларни энг аввало ўзингиз бартараф қилишингиз керак. Доимо мулоҳаза билан иш юритинг, ортиқча шубҳа-гумонлардан тийилинг, фақат эзгу ишлар ҳақида ўйланг. Шунда ҳаёт йўлларидан тўғри одимлаб боришга ўзингизда куч топасиз, сиз учун энг азиз бўлган оилангиз ҳам тинч бўлади.
Онам кўп китоб ўқирди. Ўқиган китобини эринмай биз билан ўртоқлашарди. Улар ўқиб берган ривоятлар, ибратли ҳикоялар бизни яхши ишларни қилишга ундарди. "Ширинсўз, меҳрли, сабрли бўлинг, ниятингизга етасиз". Бу сўзлар ҳикматини кейинроқ англадим...
Йиллар ўтди. Улғайиб оилали ҳам бўлдим. Ота-онамдан узоқда яшашга тўғри келди. Қийинчиликларда сабрли бўлишда, рўзғор тутумларида, ишхонамда ходимлар билан аҳил-иноқ бўлиб кетишимда онамнинг ўгитлари асқотади.
Бир куни дугонам гапириб қолди: "Қўшнимизникида ҳар куни жанжал. Қўшнилар эшитади, уят бўлади, деган андиша йўқ. Овсинлар бир уйда яшашади, болалари ҳали ёш, ўйинчоқ талашиб уришишади. Бу овсинларга баҳона. Эрлари ўртага тушади. Ака-укалар бир-бирига меҳрсиз. Болаларда ҳам бунинг таъсири сезилади..."
Дугонам кетгач, онам: "Уйнинг файзи келин! Унинг оиладаги тутими, оқила, саранжом-саришталиги рўзғорда жуда муҳим. Агар у оқила бўлмаса, ака-укалар ўртасига совуқчилик тушиши тайин. Зинҳор бу овсинлар тутган йўлдан юра кўрма, оила муқаддас даргоҳ, унга путур етади..."
Болаликдан тарбиямизга катта масъулият билан ёндашган онам улғайиб, оилали бўлиб кетсак-да, ҳали-ҳануз кўнглимизни ёш боланикидек авайлаб, меҳр беради, тарбия қилади. Шунинг учун ҳам фарзандларимни тарбия қилишда онамга ўхшагим келади...
Капалак бир кунгина яшар экан. Бу ҳақида эшитганимда "бечора", деб унга ачинмадим. Менга болаликдан таниш жонсарак жониворга яна-да қизиқиб қарадим. Ана, у учиб-қўниб гуллар гўзаллигидан баҳра олмоқда. Бир дам тинмайди. Ҳордиқ олган дақиқаларида ҳам чечаклар чиройидан сармастлигини билдириб, ўзгача туради. Кечгача - умрининг поёнигача шу ҳол. Вақтини бекор ўтказмайди. Яратганнинг берган неъматларига шукрона сифатида атрофга жозиба бахш этади.
Йиллар бемақсад яшаган одамдан капалакнинг бир неча соатлик умри мазмунли, менимча. Унга ачиниш эмас, ҳавас қилиш керак!
Кечагина илиқ ҳавода ташқаридан ўйнаб юрган болалар яна уй-уйларига, иссиқ хоналарига беркиниб олишди. Қушларнинг чуғур-чуғури тинди. Қиш ҳали ҳақини олиб улгурмаган экан, шекилли, яна қор учқунлай бошлади.
Деразамга нимадир урилди. Уйғониб кетдим. Тонг ҳам отибди. Ташқарига боқдим. Атроф яна оққа бўялибди. Дераза ортидаги кичик бир майдончада майсалар кечагина ям-яшил бўлиб қолган эди. Совуқ олмасмикан, деган ўй ўтди хаёлимдан. Синчиклаб назар ташладим. Шунда кўзим тугмачадек келадиган қоқигулга тушди. Бирдан кўнглим яйраб кетди. Шамол-у изғиринлардан, қор-ёмғирлардан қўрқмай, "Ассалом, эй ҳаёт!" деб дадил турарди. Деразани ланг очдим. Хонамни баҳорнинг хушбўй ҳавоси тутиб кетди.
Қиз боланинг ҳаёти, тақдири қизиқ ва ўзига хосдир. Ўн саккиз - йигирма йил ота-она бағрида улғайиб, сўнг ўзга хонадонга келин бўлиб боради, ўз уйини бир умрга тарк этади. Азиз дилбанди ўзга хонадонда яшаса-да, ота-она унга бахт тилайди, уни дуо қилишдан чарчамайди.
Олти қиз фарзандни тарбиялаб, ўқитиб, ўстирган онажоним, раҳматли Мунаввархон, дадажоним Абдуяминбек (умри узоқ бўлсин) бирор марта ўғлим йўқ, деб нолимаганлар.
Улар ҳалол меҳнат билан бирин-кетин улғайган биз - қизларини яқин-узоқ жойларга турмушга узатдилар. Мен - қизларнинг тўнғичиман. Ўқитувчи бўлиш учун олий ўқув юртида ўқибману, оила сирларини кўпам уқавермабман. Ўз вақтида онамнинг насиҳатларига, ўргатганларига у қадар эътибор бермабман. Турмушга чиққач, ўқувсизлигим анча панд берди. Рўзғор юмушлари, оила ташвишларини уддалай олмай анча қийналдим. Шукрки, қайнонам Санталатхон ая, овсиним Дилдорахон, қайнопаларим - Холидахон, Умидахон, Одинихонлар менга кўп нарсаларни ўргатишди. Шундай инсонларга келин бўлганимдан беҳад бахтиёрман. Улар, айниқса, қайнонам менга ошхонада мазали таомлар тайёрлашни, бола парваришлашни, саранжом-саришталикни, сабрли, ҳар қандай вазиятда хушмуомала бўлишни ўргатишди.
Келин бўлиб тушганимдан кейин қаердадир ўқиганим: "Қиз боланинг уйи ўз уйи эмас, турмушга узатилган хонадони унинг ҳақиқий уйи", деган гапини асл маъносини англадим. Чунки оилам, нафақат уйда, балки меҳнат фаолиятимда ҳам менинг яқин кўмакчиларимга айланганлар. Улар бор кўнглим хотиржам. Ўқитувчи бўлиб ишлай бошлаганимдан буён кўплаб танловларда қатнашдим, семинар ва очиқ дарслар ўтказдим. Ўз ишимни севиб, ишга катта масъулият билан ёндашаман. Тадбирлар ўтказадиган кундан хабардор бўлган қайнонам, албатта чучвара, чўзма пишириб, дарров қўни-қўшниларга улашарди: "Дуо қилинглар, келинимнинг ишлари чиройли ўтсин, муваффақиятга эришсин" дер эдилар. Ота-онамнинг тарбияси, қайнона ва қайнотамнинг дуолари, устоз ва ҳамкасбларимнинг кўмаги, ишончи ютуқларимда муҳим омил бўлди, 28 ёшимда меҳнатларим муносиб тақдирланиб, "Халқ маорифи аълочиси" кўкрак-нишони билан тақдирландим. Минг афсус, бу кунларни онам - Мунаввархон кўрмади.
Баъзан, қайнона-келинларнинг чиқиша олмаётгани, айрим келинларнинг аразлаб, уйига кетиб қолаётгани, ишлаш учун узоқларга отланганини эшитаман. Наҳотки, ўша оилада чиройли муҳит яратиш, бир-бирларини тушуниб яшаш қийин бўлса? Ўз ҳаётимдан мисол қилиб айта оламанки, қайси оилада меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат бўлса, бир-бирларини тушунса, қадрласа, ўша оилада ҳеч қандай муаммоларга ўрин қолмайди.
Қайнонам Санталатхондай меҳри уммон онажону бувижонларимиз бор бўлсин. Ана шундай инсонларнинг меҳри, кўмаги билан ҳамиша ҳаётимиз гўзал, ишларимиз бароридан келаверади.
Дуёндаги ҳар бир миллатнинг миллий либослари бор. Ана шу миллий либосларда ўша халқнинг, миллатнинг тарихи, маданияти ва маънавияти намоён бўлади. Миллий либос инсонни ҳаёт, замон ва макон билан узвий боғлаб турадиган ўлмас қадриятлардан биридир.
Ҳазрат Навоий:
Ўзбак гулнора тўндун кўрдим, аммо ўлтурур,
Лемуи терлик онинг остидаким, жонон кияр...
деб ёзади. Ўз даврида гулдор қирмизи тўн ва лимон рангидаги бетакрор ранг уйғунлигидаги либослар қизларимизнинг табиий гўзаллиги билан уйғунлашиб, шеърият мулки султонининг илҳомига илҳом қўшган.
Миллий романчилигимиз асосчиси Абдулла Қодирийнинг тарихий, бадиий-эстетик ва тарбиявий қиймати ҳар жиҳатдан юқори эътироф этилган "Ўтган кунлар" асарини мутолаа қилар эканмиз, ундаги либослар билан боғлиқ ўринлар беихтиёр диққатимизни тортади. Ёзувчи миллий ва даврий колоритни, қаҳрамонлар портрети ва характерини очиб беришда либослар тасвиридан моҳирона фойдаланган. Лекин гап бунда эмас. Асарда либос халқимиз учун улуғ бир қадрият, ор-номуси ифодаси сифатида талқин этилади.
Отабекнинг куёв бўлиш саҳнасини мутолаа қиламиз. "Ниҳоят беш яримларда куёв келди. Йигирма - ўттиз чоғли ёш йигитлар - Раҳматнинг ўртоқлари, улар орасида Отабек - куёв кўринди: бошида симоби шойи салла, устида қора мовут сирилган совсар пўстин, ичида ўзининг Шамайда тиктиргани осмони ранг мовут камзул, мовут шим, оёғида қолапойафзали, белида Кумушбибининг уста қўли билан тикилган шойи қийиғ..."
Тасвирдан кўрамизки, Отабекнинг куёв саруполари баён этиш орқали ёзувчи миллий кийимларимизни жозибаси, гўзаллиги билан ўзига хос тарзда тасвирлайди. Миллий либосларимиз бетакрор бўёқларда чизиб берилган ушбу асарнинг айнан либос борасида ўринларини мутолаа қилар эканмиз, миллий либосларимизга, қадриятларимизга бўлган ҳурматимиз шубҳасиз, янада ошади.
Аввало, либос инсонга нафақат ташқи кўрк бўлмоғи, балки унинг руҳий оламининг гўзаллиги билан ҳам уйғунлашиб кетишлигини англаб етамиз. Миллий урф-одатлар, хусусан, тўйларимизнинг ўзига хос бетакрор жиҳатлари талайгина. Аммо, бугун тўйларимизда урфга айланаётган ўринсиз "чопон кийдилар", ортиқча "куёвсарпо" ва "келинсарпо"ларнинг қадриятларимизга асло даҳли йўқдир.
Яқинда бир маросимдан кейин келганларга хорижий фирмалардан бирининг рамзи туширилган қутида эркаклар кўйлаги улашилди. Қутини очгач, шаффоф қоғоз остида ўша тамға билан янада бежирим кўриниб турган кўйлакни кўриб, беихтиёр бирор яқинингизга кийдиргингиз ва эгнида ярақлаб туришини кўргингиз келади. Аммо, уни ёйиб кўргач, хайратдан ёқа ушладим. Кўйлакнинг на этаги, на енги бор, шунчаки кўйлаксимон ўралган бир парча мато эди.
Бугун бозорга чиқаётган бундай либосларни кўриб, наҳотки либосга бўлган ҳурматимиз шунчалар паст эканлигидан хайрон қоламан.
Сўзимизни мухтасар қилиб, яна ҳазрат Навоийнинг ёзганларига эътибор қаратамиз:
Шоҳу тожи хилъатеким, мен томоша қилгали,
Ўзбаким, бошида қалпоқ, эгнида ширдоғи бас...
Улуғ шоиримиз таъриф берганидек, замонавий кўриниш билан сайқалланган миллий либосларимиз эгнимиздан тушмасин. Улар ҳамиша миллатимиз кўзгуси, халқимизнинг ўлмас қадриятларидан бири бўлиб қолсин.
Тиниб-тинчимас аёл Мая Усмоналиевани Андижон шаҳрида кўпчилик яхши билади. У айни кунда кексалик гаштини сураётган бўлса-да, ўзининг ташаббускорлиги, ташкилотчилиги билан жамоат ишларида фаол иштирок этиб келмоқда.
Очиғи, саксон ёшни қоралаб қўйган, ширинсўз Мая опадаги ғайрат-шижоатга кўпчилик ҳавас қилади. Бир қарасангиз у ўзи истиқомат қилаётган Хўтанариқ маҳалласи фаоллари билан бирор бир хайрли юмушнинг ортидан юрган бўлади, яна бир қарасангиз шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ўтказаётган тадбирда кўрасиз, яна қайсидир таниши унинг юмушини бажаришга ёрдам кўрсатиш мақсадида турли идораларда юрганини кўрасиз.
Мая опа ўттиз йил Андижон шаҳар 2-сон маданият уйида директорлик вазифасида фаолият кўрсатди. У ўз ишининг етук мутахассиси сифатида аҳоли, кенг жамоатчиликнинг ҳурмат-этиборини топа олди. Айниқса, аҳолининг маданий дам олиши, турли маданий-маърифий тадбирларни ташкил этилишида бош-қош бўлди. Санъатга қизиқувчи ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижодини рағбатлантириш борасида самарали меҳнат қилди. Опа бугун ҳам шогирдлари ҳузурига тез-тез бориб туради, иш ташкил этиш юзасидан уларга ўзининг қимматли маслаҳатларини бериб, йўл-йўриқлар кўрсатади.
Тиниб-тинчимас қаҳрамонимиз ҳар бир кунини бирор эзгу ишга бахшида этса, инсонларга нафи тегса, ўзини бахтли ҳис этади. Шу маънода Мая опанинг Андижон шаҳридаги Саҳоват уйида жамоатчилик асосида олиб бораётган ишлари ҳар қанча таҳсинга сазовордир. Мана бир неча йилдирки, Мая опа Саҳоват уйида яшаётган отахон ва онахонларнинг мароқли дам олиши учун кўплаб тадбирлар ташкил этиб, уларнинг дуосини олмоқда.
- Бу масканда яшаётган, ишлаётган ҳар бир киши менинг қадрдонимга айланган, - дейди Мая опа. - Улар билан диллашиб, суҳбатлашшиб, уларнинг кўнглига оз бўлса-да, хурсандчилик улашаётганлигимдан беҳад хурсандман.
Ҳа, Мая опа ибратли ва мазмунли ҳаёт йўлини босиб ўтмоқда. Эл-юрт равнақи йўлида узоқ йиллар меҳнат қилган опа ўтган ва ўтаётган ҳаётидан беҳад мамнун. Бугунги тинч ва фаровон ҳаётимизга шукроналик келтиради. Айни кунда Андижон шаҳридаги 12-махсус мактабда меҳнат қилаётган қизи Мадинахон, куёви Бобуржон, набиралари Нигинабону ва Исфандиёрларнинг бахти, қувончи ва камолидан ўзини янада бахтли ҳис этади.
Орамизда Мая опа Усмоналиевадек, фидойи, тиниб-тинчимас, хайрли ва эзгу ишларга бош-қош бўлаётган онахонларимиз борлиги бизнинг бахтимиздир. Улар бор экан, ҳаётимиз янада мазмунли, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталари мустаҳкам бўлаверади.
Дарҳақиқат, бугунгидай тинч, тўкин ва фаровон ҳаётимизга шукр қилмаслик инсофдан эмас. Айрим инсонларнинг бугунги ҳаётдан, турмушдан нолишларини асло оқлаб бўлмайди. Минг афсуски, орамизда шундай кишилар ҳам бор.
" - Э, яшаш қийин бўлиб кетди. Авваллари битта одам бутун оилани боқа оларди. Ҳозир эса бир оиладан уч киши ишласак-да, бир сўм орттириб бўлмаяпти..." дейди "Дамас"ида киракашлик қилаётган бир юртдошимиз. У йўловчиларга ҳасрат қиларкан, яқинда қиз узатгани, тўйни ниҳоятда "зўр" ўтказгани, ҳотамтойлиги билан қудаларининг "оғзини очиб қўйганини" гапирганини эшитиб хайрон қоласан киши.
Шукрни билмайдиган, замондан нолийдиган бундай кимсалар ўзлари замонни оғир қилаётганликларини тушунармиканлар? Мулоҳаза қилиб кўрсак, замон эмас, балки бизнинг феъл-атворимиз оғир эмасмикан? Адоғи йўқ, ортиқча ҳою ҳавасларимиз, кўзимиз очлиги, топганимизни беҳуда сарфлашимиз бизни шундай дейишга мажбур қилиб қўймаяптимикан?
Бир ўйлаб кўрайлик: юртимиздаги тинчлик, эмин-эркинлик, осудалик ҳамма жойда ҳам бор эмас. Дунёнинг қай бурчида эрталаб уйидан чиқиб кетган одам оқшом оиласи бағрига қайтмаяпти - қўпорувчилик, хунрезлик қурбони бўлаяпти. Қай бир юртларда оналар боласини хавотир билан қучиб, тунлари ором нималигини билмаяпти. Қайси бир мамлакат одамлари киндик қонлари тўкилган ватанини ташлаб, муҳожирликни бўйнига олишга мажбур бўлмоқда.
Бу гапларни айтишдан мақсадим, кимларгадир насиҳат қилиш эмас, балки бизга берилган мана шундай улуғ неъматларга шукр қилишимиз, тинчлигимиз, фаровон ҳаётимизнинг қадрига етишимиз, уни асраб-авайлашимиз кераклигини айтмоқчиман.
Ён-атрофингизга қаранг: куни кеча коллежни тамомлаган оддий деҳқоннинг боласи бугун тадбиркор, унинг хусусий корхонаси бор. Ҳаёти тобора фаровонлашиб бормоқда. Яна бир оддий оиланинг фарзанди инглиз тилини чуқур ўргангани боис чет элда ўқиди, нуфузли ташкилотда ишлаяпти. Ўша - ҳаётдан нолиётган киши айтган "яшаш осон бўлган замон"дан қолган, ота-бобоси қурган пана-пастқам уйларини янгитдан қурди. Кўркам, баланд ва шинам уйлар - оиланинг ўқимишли боласи эришган кичкина бир ютуқ, холос. Бугун истаган киши имтиёзли кредит олиб, уйида иссиқхона қуряпти, мол-қўй, товуқ боқяпти! Бизга яна қандай имкон керак? Ҳаракат қилган инсон орзуларига эришадиган, мақсадларини амалга ошириши осон замонда яшаб туриб, нолиш инсофдан эмас.
Тинчлик - оддийгина неъмат эмас, у улуғ, бебаҳо неъмат. Энг аввало, тинчликни қадрига етайлик, уни асраб-авайлайлик.
Шунинг учун кундалик ташвишлардан фожеа ясамайлик. Феълимиздаги нуқсонларни йўқотишга, эзгу ниятлар қилишга уринайлик. Яхши ният, албатта ўзимизга йўлдош бўлишини унутмайлик.
Забонимиз ширин, ниятимиз холис бўлса, бор неъматларга шукр қилиб яшасак, топганимизда барака бўлади, орзуларимиз ушалади. Ҳаётимизда ана шунга амал қилсак, қолаверса, фарзандларимиз, набираларимизнинг мурғак қалбига эзгу фазилатлар уруғини қадасак, эртанги кунимиз, албатта роҳат-фароғатда ўтади.
Қандай қилиб ўйин инсон ҳаётига зомин бўлиши мумкин? Бир қараганда бунга кўпчиликнинг ишонгиси келмайди. Лекин, кейинги пайтларда интернет тармоғида тарқалаётган айрим видео ва аудио материалларни кўриб, таҳлил қилиб, шундай ўйин борлиги, кўплаб болалар ушбу ўйин иштирокчисига айланаётганлигидан кенг жамоатчилик ташвишга тушмоқда.
Болаларни бу каби қабиҳ ўйинлар домига тушиб қолишдан сақлаш, бу борада тушунтириш, тарғибот ишларини олиб бориш айни кундаги муҳим вазифадир.
Бугунги интернет, ундаги ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиб, кўплаб ютуқ ва муваффақиятларга эришаётган ёшларимиз сафи тобора ортиб бормоқда. Лекин, интернетдаги маълумотлардан ўринли фойдалана олмаётган, интернет тармоғидаги вахшийлик, зўравонлик, порнография ва киши руҳиятига салбий таъсир кўрсатувчи бошқа иллатлар таъсирига тушиб қолаётган ёшларимиз ҳам йўқ эмас. Буни интернет тармоғидаги "Кўк кит" деб номланган ўйин мисолида ҳам кўриш мумкин. Ушбу ўйин охир-оқибат ўз жонига қасд қилиш билан якун топишини била туриб, бу йўлга кираётган ёшларнинг борлиги ачинарли ва ташвишлидир.
Ушбу ўйинни уяли алоқа телефонларига тўғридан-тўғри юклаб бўлмайди. Бу шундай ўйинки, интернетда ташкил этиладиган, бир киши томонидан бошқариладиган гуруҳ ўйини ҳисобланади. Иштирокчига ўйин давомида 50 та топшириқ берилади. Уларнинг барчасини бажарганингиздан сўнг, мукофот ўз ўлимингиз бўлади. Яъни ўйинга кирган ҳар бир одам ўз жонига қасд қилиб, ўйинни якунлаши керак.
Ўйинни бошлаш учун тармоқдаги "кўк кит" гуруҳига қўшилиш лозим. Бу ёпиқ гуруҳ. Унга ҳар ким ҳам қўшила олмайди. Ўспиринлик ёшидан ўтганларга рад жавоби берилади. Чунки гуруҳ аъзолари асосан ўтиш давридаги 14-15 ёшли мактаб ўқувчиларидир.
"Соат тонги 4.20 да мени уйғот ва ўйинни ўйнашга таклиф қил", "Тинч уй. Мени фақат ўша ерда кутишади", "Китлар уйи. Мен фақат у ерда бошпана топаман", "Тез орада ўзим томонимдан ўлдириламан" - каби хитоблар ўйин буйруқ ва топшириқлари ҳисобланади.
Берилаётган топшириқларда ҳаётнинг адолатсизлиги, яшашнинг бешавқат ва қийинлиги каби мавзулар муҳокама этилади. Гуруҳдаги аудио, видео ва фото материаллар гуруҳ аъзосини тушкун кайфиятга, умидсизликка солишга хизмат қилади.
Ўйин иштирокчисига тақдим этиладиган лавҳалар, бериладиган вазифалар боланинг руҳиятига фақат салбий таъсир кўрсатади. У ўзгачалиги, лекин атрофдагилар уни қадрламаслиги ва у ҳеч кимга керак эмаслигини тушунтиришга қаратилган. Шунингдек, бу дунё яшашга арзимаслиги, агарда кўк кит у дунёга олиб кетса, у жаннатда абадий халоват топишини уқтириш топшириқларнинг асосий мақсади ҳисобланади.
Гуруҳнинг ҳар бир аъзосига гуруҳ бошқарувчиси томонидан мураббийлар тайинланади. Мураббий болага мавжуд тартиб-қоидаларни тушунтириб, ҳар куни эрталаб соат 4.20 да янги-янги топшириқлар бериб боради. Одатда биринчи топшириқ қўлни тиғли восита билан тилиб, кит расмини чизиш, буни расмга ёки видео тасвирга олиб, гуруҳ сайтига жойлаш ҳисобланади. Бу билан иштирокчи ўйинга кирганини исботлайди. Агар бажаришдан бош тортса, ўйиндан четлатилади ва қора рўйҳатга тушади.
Ўйиндаги 50 топшириқ эса ўз жонига қасд қилиш бўлади. Агар иштирокчи бу топшириқни рад этса, гуруҳ томонидан унинг компьютери ёки телефонига махсус вирус туширилади. Бу билан фойдаланувчи ҳақидаги, жумладан, унинг исм-шарифи, манзили ҳақидаги маълумотлар билиб олинади ва шахсий мураббий томонидан гуруҳ аъзосига етказилади. "Агар 10-15 дақиқада ўз жонингга қасд қилмасанг, яқинларинг ўлади, биз сен ҳақингда ҳамма нарсани биламиз" каби таҳдидли хабарлар келади.
Тибиийки бундай ҳолатдан ўспирин ваҳимага тушади. Улар жиддий одамлар эканлигини таҳмин қилади. Ўйиннинг иккинчи томонида оддий бир киши ўтирганлигини, у уйига, у яшаётган шаҳарга асло кела олмаслигини, яқинларига зарар етказиш тугул уларни топишга ҳам ҳаракат қилмаслигини вахимага тушган ўспирин ўйлаб ҳам кўрмайди. Натижада, яқинларини ҳимоя қилиш учун ўз жонига қасд қилади.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда "кўк кит" номли гуруҳлар жуда кўп. Дастлабки фожеага чорловчи ва 300 минг обуначига эга бўлган ҳақиқий гуруҳ фаолиятига чек қўйилган. Гуруҳнинг яратувчиси Филипп Лис ҳибсга олинган. Қабиҳ ўйин натижасида 230 дан зиёд бола ва ўсмирни ўз жонига қасд қилишига сабабчи бўлган бу шахс озодликдан маҳрум этилган.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, интернет тармоқларида кенг тарқалаётган бу каби хатарли "ўйин"лардан, турли иллатлардан ёшларимизни асрашимиз керак. Виртуал кенгликни назорат қилиш жуда қийин масала эканлиги учун ҳам бу борада айниқса, таълим муассасаларида кенг кўламли тушунтириш ва тарғибот ишларини олиб боришимиз лозим. Зеро ёшларимиз интернет маълумотларидан оқилона фойдалана олсин. Мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда ота-оналар, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини кучайтиришимиз, ёшларимизни назоратдан четда қолдирмаслигимиз муҳимдир.
Фарҳод ОТАХОНОВ,
Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Андижон вилояти ҳудудий бўлинмаси етакчи