+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"ҲАВАСИНГИЗ КЕЛСИН АНДИЖОНИМГА"

 (10- сон) Янги китоб

Андижон педагогика коллежининг 2- босқич ўқувчиси Лолахон Қирғизованинг "Ҳавасингиз келсин Андижонимга" номли шеърий тўплами нашрдан чиқди.

Тошкентдаги "Турон-иқбол" нашриёти томонидан чоп этилган мазкур шеърий тўп-ламда ижодкорнинг она Ватан, юртимизнинг гўзал манзаралари, ёшлик шижоати ҳақидаги шеърлари ўрин олган. Улар содда ва самимий сатрлар, ўзига хос ўйноқи мисралар орқали баён этилиши билан шеърият ихлосмандларига манзур бўлади, ўқувчини эзгу ишларга чорлайди. Айниқса, жаннатмонанд Андижонимиз, унинг гўзал табиати, яшаб ўтган буюк Ватандошларимиз, улар билан фахрланиш туйғулари гўзал сатрларда тараннум этилган.

Лолахоннинг шеърларида бугунги ўзбек ёшларига хос шижоат, интилиш қизиқиш, эртанги кунга бўлган ишончни кўриш мумкин. Унинг шеърлари инсонларни Ватанни севишга, осуда ва фаровон ҳаётимизга шукрона қилишга, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлашга  чорлайди.

Шеърият ихлосмандларига ўзининг иккинчи шеърий   гулдастасини туҳфа этган ёш ижодкор қизимиз Лолахоннинг келгусидаги ижодига улкан парвозлар тилаймиз. У ўқиб-ўрганиш, изланишдан асло тўхтамай ижодини янада юксалтириб боришига ишонамиз. 

Гулчеҳра МУЛЛАЖОНОВА,

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

ВАЗИФАЛАР БЕЛГИЛАБ ОЛИНДИ

(10- сон) 

"Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати қошидаги "Ўқув-услубий марказ" нодавлат таълим муассасаси ҳамда вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси ҳамкорлигида академик лицей ҳамда коллежлардаги "Камолот" ёшлар ижтимоий ҳаракати бошлан-ғич ташкилотлари етакчилари учун ўқув машғулотни ўтказилди.

Машғулотларда иштирокчиларга "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси"да белгиланган мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши мазмун-моҳияти ҳақида кенг маълумотлар берилди. Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган вазифаларни бажаришда ёшларнинг иштироки ва фаоллигини ошириш масалалари муҳокама этилди. Бу борада ёшлар олдида турган муҳим вазифалар белгилаб олинди.

Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди. 

 

Омина ИБРАГИМОВА, 

 

"Камолот" ёшлар  ижтимоий ҳаракати қошидаги "Ўқув-услубий марказ" НТМ вилоят координатори.

ЎҚУВЧИЛАРНИНГ СИЁСИЙ БИЛИМЛАРИ ЮКСАЛМОҚДА

(10- сон)

Андижон машинасозлик касб-ҳунар коллежида ҳафтанинг ҳар бир кунида муайян йўналишлар бўйича ўқув  машғулотлари ўтказилиши йўлга қўйилди. Коллеж хотин-қизлар қўмитаси  бошланғич ташкилоти раиси М. Солиева томонидан тузилган режа асосида куни кеча ўқувчиларнинг сиёсий билим ва тушунчаларини юксалтиришга қаратилган машғулот ўтказилди.

Биринчи ва иккинчи босқичлар ўқувчи қизлари иштирокидаги сиёсий ўқиш машғулотида мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида айни кунда юртимизда амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар, мамлакатимиз ички ва ташқи сиёсатининг устивор йўналишлари, айниқса, ёшларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик хусусида ўқувчиларга маълумотлар берилди.

Мулоқот тарзида ўтган машғулотда ўқувчилар фаол иштирок этдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олдилар.

Малохат ИБАЙДУЛЛАЕВА,

коллеж ўқитувчиси, сиёсий ўқиш машғулоти раҳбари.

БОБУР ЙИЛИГА БАFИШЛАНДИ

(10- сон)

Андижон транспорт ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежида З. М. Бобур йилига бағишланиб, "Асрий довонларда янграган ашъор, Бобур Ватан учун ифтихор" мавзусида семинар бўлиб ўтди.

Вилоятдаги қатор коллежларнинг гуманитар ва аниқ фанлар кафедралари ўқитувчилари қатнашган семинарда вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълим бошқармаси бошлиғининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари И. Артиқбоев очиб, Бобур ижодий меросининг аҳамияти, ёш авлод тарбиясидаги ўрни ва роли ҳақида гапирди. Шундан сўнг фаол ва  ижодкор ўқувчилар томонидан Бобурнинг ғазал ва рубоийларидан намуналар ўқилди,  ҳаёти ва ижодидан лавҳалар акс этган саҳна кўринишлари намо-йиш этилди.

Семинар доирасида қатор гуруҳларда биология, математика, инглиз ва рус тили фанларидан улуғ шоир ҳаёти ва ижоди, илмий асарлари асосида очиқ дарслар ўтказилди. Айниқса, биология фани ўқитувчиси Ш. Қорабоеванинг "Бобурнома" асари асосида ўтган очиқ дарсида Марказий Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон табиати таърифи, ўсимликлари ҳақида келтирилган маълумотлар  барчада катта таассурот қолдирди.

Коллежнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчилари Р.Раджиева  ва Ё. Ҳошимова ташаббуси билан ўтказилган тадбир ўқувчиларнинг қомусий олим Ҳазрат Бобур ҳаёти ва ижоди борасидаги билимларини бойитиш, илмий меросини ўрганишга  бўлган қизиқишларини ошириш билан бирга, ёшлар қалбида улуғ алломаларга бўлган ҳурмат, Ватанни ардоқлаш туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

 

Гулҳаё РАДЖИЕВА,

 

Андижон санъат коллежи  ўқувчиси.

ДУТОРЧИ ҚИЗ

(10- сон) Иқтидорли ёшларимиз

Андижон санъат коллежида  ёшларнинг санъат сирларини пухта эгаллашлари учун зарур барча шарт-шароитлар яратилган. Шу боис ҳам ушбу масканда таҳсил олиб, юксак марраларни эгаллаётган иқтидорли ёшлар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. 

Нилуфар Саидова ҳам ана шундай иқтидорли ёшлардан бири. У болалигидан мусиқа санъатига ўзгача меҳр қўйган. Телевизор ёки радиода миллий чолғу асбоблари орқали бирор куй ижро этилгудай бўлса, Нилуфар барча ишини бир четга суриб, ўша охангга мафтун бўларди. Йиллар давомида унинг мусиқа санъатига бўлган  қизиқишлари ортиб борди. Шу тариқа ундаги санъаткор бўлиш орзуси мақсадга айланди. Фарзандидаги қизиқиш ва истеъдодни кўрган ота-онаси Уни 2012 йилда Андижон санъат коллежи қошидаги мусиқа мактабининг дутор синфига ўқишга берди. Мақсад сари олға интилган ёш Нилуфар аста-секин санъат оламига кириб кела бошлади.

Коллежда Нилуфар ўз ишининг малакали мутахассиси, кўп йиллик тажрибага эга бўлган Зулфияхон Қаюмовадан дутор чалиш сирларини ўзлаштира бошлади. Қисқа вақт ичида дутор сози ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Бир йил ўтиб, коллежга ўқишга кабул қилинди. Устозларининг саъй-ҳаракатлари, талабчанлиги, қолаверса, ўзидаги қизиқиш ва иқтидор туфайли Нилуфар ўз устида тинимсиз ишлади, ўқиди, ўрганди, маҳоратини ошириб боришдан тўхтамади. Бу эса ўз самараларини берди. Ёш иқтидор соҳибаси вилоят, республика, ҳатто  халқаро танлов ва фестивалларда иштирок этиб, ғолиб ва совриндорлар сафидан жой олди. Жумладан, у 2014 йилда Тошкент шаҳрида ўтказилган ёш ижрочиларнинг "Она юрт оҳанглари" биринчи    Халқаро кўрик-танловида қатнашиб, фахрий ёрлиқ билан тақдирланди. 2015 йилда эса Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган 23- Республика ёш ижрочилар кўрик-танловида муваффақиятли иштирок этиб, дутор чолғуси ижрочилиги бўйича биринчи ўринга сазовор бўлди.

Нилуфар Саидова айни кунда Ўзбекистон давлат консерваториясининг Шарқ мусиқаси факультетининг халқ чолғу ижрочилиги йўналишида таҳсил олмоқда. Устозлари доцент Рўзибий Ҳўжаева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, профессор Феруза Абдураҳимова каби санъат дарғаларидан мусиқа санъати сирларини янада пухта эгаллашга астойдил ҳаракат қилмоқда.

- Мен эришган муваффақиятларда устозларимнинг ҳиссаси ниҳоятда катта, - дейди Нилуфар. - Келажакда мусиқа санъатининг етук мутахассиси бўлиб, санъатим, меҳнатим билан миллий мусиқачилигимиз ривожига муносиб ҳисса қўшиш, халқаро танлов ва фестивалларда ғолиб бўлиб, юртимиз шуҳратини янада баланд кўтаришга астойдил ҳаракат қиламан.

Ҳа, ана шундай эзгу мақсадлар билан ўқиб, ижод қилаётган ёш иқтидор соҳибаси Нилуфар Саидовага орзуларига етишиш йўлида омад ва ижодий парвозлар тилаб қоламиз. 

 Нодира  ЖАББОРОВА, 

Андижон санъат коллежи чолғу ижрочилиги кафедраси мудири.

Суратда: Н.Саидова.

>

 

ФАРЗАНД ТАРБИЯСИ - МАСЪУЛИЯТЛИ ВАЗИФА

(10- сон) Муносабат

Ўсиб келаётган ёш авлодни имон-эътиқодли, ватанпарвар, юксак салоҳиятли ва эл-юртига наф келтирадиган комил инсон қилиб вояга етказишда оиладаги муҳит, ота-она тарбияси муҳим ҳисобланади. Чунки инсон  ҳаётдаги жуда кўп нарса унинг болаликда олган тарбияси билан чамбарчас боғлиқ.

Афсуски, бугунги кунда баъзи ота-оналар фарзанд   тарбиясига лоқайдлик билан қарамоқда. Яъни уларни билим олишга, бирор касб-ҳунарнинг этагини тутишга эмас, балки пул топишга ундаётганликлари асло кечириб бўлмайдиган ишдир.

Мамлакатимизда 12 йиллик мажбурий таълим жорий этилган, ота-оналар фарзандларини ана шу давр мобайнида мактабда, коллежда ўқиши учун масъул эканликларини унутмасликлари лозим.  Лекин орамизда шундай ота-оналар ҳам борки,  фарзандларини мактабга юбормай бозорга чиқишга мажбур қилади. Айрим ёшларнинг турли иллатлар гирдобига тушиб қолиши, ҳатто жиноят кўчасига кириб қолишларига ҳам кўпроқ ота-оналари, уларнинг эътиборсизликлари сабаб бўлаётганлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, ота-она фарзандига ёмонликни раво кўрмайди. Бироқ назоратсиз қолаётган, қўлида пули бор болалар кўнгиллари тусаган ишни қилиб, охир-оқибат муаммолар гирдобида қолмоқда.

Айрим ота-оналарнинг данғиллама ҳовли-жой, қимматбаҳо машина ва бошқа ўткинчи хою-ҳаваслар кетидан қувиб, фарзанд тарбиясига эътиборсизлик  қилаётгани етмаганидек, уларни ҳам ана шундай ҳаёт тарзига ўргатаётганликларини асло оқлаб бўлмайди.

Фарзанд тарбиясида ота-она ибрат бўлиши керак, ахир болалар ҳаётда энг аввало, ота-онасидан ибрат олади. Шу ўринда айрим оила бошлиқларининг ичкиликка ружу қўйиб, маст-аласт юриши,  уйига келганида эса фарзандларини хақоратлаб, уриб-сўкишидан болалари қандай тарбия олади? Ўзида мавжуд бўлмаган эзгу ҳислатларни қандай қилиб фарзандида   шакллантириши мумкин?

Кўчаларда тор-танқис либослар кийиб олиб, ўзига ҳаддан зиёд оро бериб юрган аёллар оналик мақомига муносибми? Парокандаликка юз тутган оилада руҳан тушкунликка тушиб, улғаяётган болалар келажаги яхши бўлишига ким кафолат беради?

Тарбия бериш фақатгина "Одобли бўл, яхши ўқи" деб айтишдангина иборат эмас, балки шахсий намуна бўлишдир. Шундай экан, фарзандларга тарбия берувчи ота-она устозлар кенг феълли, гўзал хулқ ва яхши амаллар соҳиби бўлмоғи жоиз. Фарзандни одоб-аҳлоқли, юксак маънавиятли қилиб тарбиялаш ота-она зиммасидаги улкан масъулиятдир. Зотан, маънан етук, жисмонан соғлом, комил фарзанд юрт таянчи, оила ва ота-онанинг ифтихори бўла олади.

Мархабо АКБАРАЛИЕВА, жамоатчи мухбир.

БУ ОҚШОМ

(10- сон) ЗУЛФИЯ

Бу оқшом пориллар дил нурингизда,

Дийдор бахти насиб яна сиз билан.

Турибман, азизлар, ҳузурингизда,

Ҳамон ўтлиғ кўнгил, ёруғ юз билан.

 

Ҳамон мулкимдаги сийму зарим - шеър,

Сочимда, чеҳрамда йиллардан нишон.

Саждагоҳим танҳо Ватан, Она Ер,

Орзуларим карвон, сарбоним - ишонч.

 

Ҳамон ота-онам, икки жаҳоним,

Азиз ёди аро шикаста, бутман.

Ишқим - алангадир, қордир ҳижроним,

Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман.

 

Иккита кўзимга икки қорачиқ -

Мунисим Ҳулкарим, алпим Омоним.

Ширин набиралар ҳаётдан тортиқ,

Ҳар бири жонига пайванддир жоним.

 

Номлари, ёдлари пайғамбар монанд,

Ҳазрат устозларим - теран илдизлар.

Мен ундан жон олиб кўкарган дарахт,

Меваси - қалбимдан отилган сўзлар.

 

Ҳикматлар бағрида дур, марваридим,

Аждодларим менга ифтихор, ғурур.

Шу мавжлардан томган нуқра умидим,

Шоира қизларим бахш этган сурур.

 

Бу назм боғига киролмас хазон,

Бизни маҳф этолмас завол лашкари.

Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,

Бу боғлар - бир боғлар бўлади ҳали!

 

Ҳамон эътиқодим - ҳақиқат, ҳақдир,

Сўзлайман, юзимни тутиб Каъбага.

Емира олмайди ўткинчи тақдир,

Осуда ўтади руҳим абадга.

 

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур,

Асли сиз офтобим, мен зиёсиман.

Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,

 

    Бахтим шул - ўзбекнинг Зулфиясиман.

ШОИРА НОМИ ҚАЛБЛАРДАН ЎЧМАЙДИ

10- (сон) Эҳтиром

1 март - Ўзбекистон Халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун

Ўзбек халқининг севимли шоираси, таниқли жамоат арбоби Зулфия Исроилова 1915 йил 1 мартда Тошкент шаҳрида ҳунарманд оиласида таваллуд топган. Зулфиянинг оила аъзолари шеърхонликни, мусиқани севарди. Онаси шоиртабиат, оқила, зеҳнли аёл эди.

Зулфияхоним онаси ҳақида шундай дейди: - Агар истеъдодим бор бўлган бўлса, унинг чашмаси онам, агар адабиёт аҳлига бир кафт дон янглиғ шеърий ҳосил тутган бўлсам, унинг уруғини қалбимга аввал онам сочганлар. Уйим деганда кўз олдимга онамнинг мулойим, дониш нигоҳлари, чопқиллаб оқаётган ариқ, шовуллаб куйлаётган тераклар келади.

Зулфия 17 ёшида ёзган "Ҳаёт варақлари" биринчи  шеърлар тўплами билан Ойдин, Музайяна Алавия, Хосият Тиллахоновалар сафида адабиёт оламига кириб келди. Зулфиянинг ижодий камолотида ўзбек ва рус мумтоз адабиёти, халқ оғзаки ижоди ва жаҳон адабиёти анъаналарининг роли бениҳоя катта бўлди. У хотин-қизлар билим юртида ўқиган вақтларидаёқ адабий тўгаракларда шеърлар машқ қила бошлайди. 1935-1938 йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Тил ва адабиёт институти аспирантурасида таҳсил олди. Сўнгра 1938-1948 йилларда Болалар нашриётида муҳаррир, Ўзбекистон Давлат нашриётида бўлим бошлиғи, 1950-1953 йилларда "Ўзбекистон хотин-қизлари" ("Саодат") журналида бўлим бошлиғи. 1953-1980 йилларда эса бош муҳаррир бўлиб ишлади.

Шоира "Шеърлар" ва "Қизлар қўшиғи"  каби поэтик асарларини она Ватан, унинг дала, чўлларида меҳнат қилаётган пахтакорлар, механик, тракторчи қизларнинг қайноқ ҳаётларига бағишлайди. Айни чоғда мазкур тўпламлардаги шеърлари шоиранинг шеърий маҳорат сирларини эгаллаётган даврини характерловчи асарлар сифатида ҳам муҳим эди.

Зулфия "Уйлар", "Шалола" каби шеърий мажмуалари учун Ҳамза номидаги республика Давлат мукофоти, ҳинд мавзусидаги шеърлари учун Жавоҳарлал Неру номидаги халқаро соврин, тинчлик ва дўстликни тараннум этувчи асарлари ҳамда тараққийпарвар Осиё ва Африка ёзувчилари ҳаракатидаги фаол иштироки учун    Халқаро "Нилуфар" мукофотига сазовор бўлган. Шоира Ҳиндистон, Югославия, Шри-Ланка, Миср, Бирма, Австрия каби мамлакатларда бўлди. У 1956 йилда Осиё ва Африка ёзувчиларининг Деҳлида ўтказилган биринчи конференциясида қатнашиб, машҳур  "Мушоира"  (1958) асарини ёзди.  

Унинг шеърлари рус, инглиз, немис, ҳинд, болгар, хитой, араб, форс ва бошқа тилларга таржима қилинган. Шоиранинг ўзи эса   Некрасов, Лермонтов, В. Инбер, Леся Украинка, Эди Огнецвет, М.Дилбозий, Амрита Притам асарларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилган.

Шоира 1996 йил 1 августида, 81 ёшида вафот этди. Унинг номини абадийлаштириш мақсадида, қолаверса, миллий адабиётимиз йўлидаги хизматлари муносиб эътироф этилмоқда.  Кўплаб китоблари қайта нашр этилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан Зулфия номидаги давлат мукофоти  таъсис этилди. Ушбу мукофот умумтаълим мактаблари, академик лицей, касб-ҳунар коллежлари ўқувчиси ҳамда олий ўқув юрти талабаси бўлган аъло хулқи, зукколиги, донолиги, ташаббускорлиги, ўқишдаги изланувчанлиги билан ўз истеъдодини намоён қилиб келаётган  иқтидорли қизларга адабиёт, маданият, саньат, фан, таълим йўналишларидаги алоҳида ютуқлари учун берилади.

Мукофот махсус комиссия хулосалари асосида Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ҳар йили 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида топширилади.

 

Набира УМАРАЛИЕВА,

Андижон давлат

университети талабаси.

ҚОНУН МАЗМУН-МОІИЯТИ КЕНГ ТАРFИБ ЭТИЛМОҚДА

(10- сон) Ҳуқуқшунос минбари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил, 6 декабрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 13 декабрда маъқулланган ва давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 29 декабрда имзоланган "Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 15 моддадан иборат бўлиб, мамлакатимизда тадбиркорлик борасидаги муносабатларни тартибга солиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини такомиллаштириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.

Ушбу қонунда "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги, "Давлат солиқ хизмати тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги, "Хўжалик юритувчи  субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги, "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари  тўғрисида"ги, "Хусусий корхона тўғрисида"ги, "Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида"ги, Ўзбекистон Республикасининг "Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Оилавий тадбиркорлик тўғрисида"ги,  "Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида"ги Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, шунингдек, Солиқ, Бюджет кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган.

Киритилган қўшимча ва ўзгаришлар хўжалик субъектлари ва фуқароларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ хатти-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш ва уларни эркин фаолият юритишларини таъминлашга қаратилган. Масалан, Ўзбекистон Республикасининг Солиқ Кодекси 109-моддаси  қуйидаги мазмундаги тўртинчи қисм билан тўлдирилди:  "Молия-хўжалик фаолиятини амалга ошириш чоғида биринчи марта ҳуқуқбузарлик содир этган тадбиркорлик субъекти қонун ҳужжатларида белгиланган муддатларда йўл қўйилган қоидабузарликларни ихтиёрий равишда бартараф этган ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган, шу жумладан, солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаган тақдирда, унга нисбатан жарималар ҳамда молиявий санкциялар (пенядан ташқари) қўлланилиши мумкин эмас". Бу албатта, тадбиркорларга эътиборсизлик ёки билмасдан йўл қўйган хатоларини қонуний бартараф этишга имкон беради.

Бугунги кунда ҳуқуқшунослар, хусусан, нотариал идоралар мутахассислари томонидан мазкур қонун мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли, айниқса, тадбиркорларга тушунтиришга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. 

 

Дилдора ҚОДИРОВА,

Жамолиддин МАМАЮНУСОВ,

 

Андижон шаҳридаги 3-сон давлат нотариал идораси нотариуслари.

КЕЛИННИНГ БАХТИ СЕПИДА ЭМАС, УНИНГ УҚУВИ, ОДОБ-АҲЛОҚИДА

10- (сон)

Оила - муқаддас гўша. Инсоннинг ҳаётда ўз ўрнини топиши, бахти, камоли энг аввало оиласи билан чамбарчас боғлиқ. Қолаверса, жамиятимиз равнақи, ҳаётимизнинг тинч, фаровон ва тўкин бўлишида оилалардаги маънавий, иқтисодий муҳит, тинчлик-хотиржамлик муҳим аҳамият касб этади. Шу боис ҳам юртимизда оила, унинг мустаҳкамлиги масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Оила Кодекси ва бошқа қатор ҳужжатлар оила мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.

Ана шу ҳужжатлар, шунингдек, мазкур йўналишда Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини таъминлаш, оиланинг жамиятдаги ўрни ва  мавқеини мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни тартибга солиш борасидан кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлигига қарамасдан, ажримлар сони камаймаётганлиги ачинарлидир. Агар фактларга мурожаат қиладиган бўлсак, биргина ўтган 2016 йилда Қорасув шаҳрида 320 та никоҳ қайд этилгани ҳолда 43 та ажрим кузатилди. Бу кўрсаткич албатта, барчамизни жиддий ташвишга солади.

Айрим юртдошларимиз катта орзу-ҳаваслар билан тўйлар қилишмоқда, қизларининг сепи учун ким ўзарга сарполар йиғишмоқда. Лекин қизи ёки ўғлининг оилавий ҳаётга тайёрлиги, оилавий ҳаёт ҳақида қанчалик билим ва тушунчага эга эканликлари масаласига у қадар эътибор бермаётганликлари натижасида муаммолар келиб чиқаётганлиги ҳам бор гап. Яқинда хизмат юзасидан турмуш қурганига эндигина уч ой бўлган, лекин жанжаллар туфайли ажрашиш остонасига келиб қолган ёш оиланинг можаролари билан танишишимга тўғри келди. Келиннинг онаси:

- Сепини бекаму-кўст қилиб, қизимни ҳеч кимдан кам қилмасдан узатдим. Қайнонаси бўлса ҳеч нарсани билмайсан, деб унга кун бермаётганлигига тоқат қилолмайман, - дея арз-дод қилди.

Қайнона эса, келинини оддийгина - уйни саранжом-саришта тутиш, чиройли муомала қилиш, мазали таом тайёрлашни ҳам эплай олмайди. Ахир онаси қилган сеп-сидирға менга эмас, қизига-ку? Менга унинг сепи эмас, зиммасидаги келинлик вазифаларини чиройли адо этиши, оиламизнинг бор-йўғига кўникиши, хуш муомаласи билан оиламиз аъзосига айланишини истайман, деган гапларни айтиб масалага ойдинлик киритди.

Қизнинг онаси наҳотки шу оддий ҳақиқатни англаб етмаслиги, қизини бахти у қилган сарпо билан эмас, одоб-аҳлоқи, уқуви, чиройли муомаласига боғлиқ эканлигини тушуниб етмаса?

Шу ўринда мен оналаримизга энг аввало, қизларини турмушга тайёрлашга, оиланинг масъулияти, келиннинг бурч ва вазифаларини ўргатишга алоҳида эътибор қаратишларини сўрар эдим. Ҳаётда мана шу жиҳатларга эътибор қаратилсагини қизлари бахтли бўлишлари мумкинлигини ҳар бир она тушуниб етсин.

Демак, ёш оила мустаҳкамлигига, оила қурилганда эмас, оила қурилишидан анча аввал йигит-қизларимизни оилавий ҳаётга тайёрлаш билан мустаҳкам замин яратишимиз лозим.

Ҳар қандай ақли расо кишини ташвишга соладиган яна бир масала. Кейинги  пайтларда орамизда бадавлат хонадон қизини келин қилишни орзу қиладиган, шу йўл билан тўкин ҳаёт кечиришни ўйлайдиган кишилар тоифаси шаклланаётганлигидир.  Аммо ана шу тоифа кишилари  юқорида келтирганимиз каби бахт тўкин ҳаётда эмаслигини жуда кеч тушуниб етадилар. Бундан ташқари, фарзандининг тўйини дабдабали қилиб ўтказиб, қарзга ботганлар, қарзни узаман деб, хорижга ишлагани кетганлар орамизда оз эмас. 

Баъзан ўйланиб қоламан: ота чет элда қиз узатиш, унга сеп-сидирға қилиш ҳаракатида ишлаб, емай-ичмай маблағ тўплаб жўнатади. У юборган пулларга оналар қизига керагидан ортиқча сарпо, мебель олиб, турмушга узатадилар. Айрим оталар, ҳатто қизининг тўйида ҳам қатнаша олмаяптилар. Ахир ота дуосини олмай турмушга чиққан қиз қандай бахтли бўлади?! Ўзга хонадонга келин бўлиб кетаётган қизни отаси пешонасидан силаб, "Борган жойингда тош қотиб, бахтли бўлгин!" деб кузатиши бизга ота-боболаримиздан қолган мерос-ку! Бунга амал қилмаслик қадриятларимизни оёқ-ости қилиш эмасми? Қолаверса, 18-19 ёшли қизларимиз ота дуоси қанчалар улуғлигини, балки тушунмас, бироқ оналаримиз, кексаларимиз бунга нега лоқайд қарамоқда?!

Халқимизда "Қиз чиқарганга 40 йил тегма" деган нақл бор. Минг афсуски, бугун ана шу нақлга кўпчилигимиз амал қилмаяпмиз. Шундай  но-маъқбул урфлар шаклланмоқдаки, тўйдан кейин қиз томон бир неча ҳафта давомида кунига уч маҳал маъзар қилиб, куёвнинг уйга олиб бориб туриши керак. Бундай номаъқбул иш инсонийликнинг қайси бир меъёрига тўғри келади? Одатда эркакларимиз "Мен эркакман" деб ғурурланишади. Лекин бугунги кунда келин томондан келаётган сарполар, саватларга кўз тикиб ўтирган, ёҳуд бундай ҳолатларга томошабин бўлиб қараб турган, аёлига ўз таъсирини ўтказа олмаётган эркакларни қандай аташ мумкин?

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги каби муаммоларни бартараф этишга кўплаб юртдошларимиз бефарқ қараётганлиги туфайли уларни батамом йўқ қилишга ожизлик қиляпмиз. Ана шундан келиб чиқиб, тушунтириш, тарғибот ишларини янада кучайтиришга, айниқса, кўпни кўрган, катта ҳаётий тажрибага эга отахон, онахонларимиз бу ишга кенгроқ жалб этишга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим.

  Ёш оилалар билан боғлиқ муаммолар таҳлил этилганда, аксарият ҳолларда муаммолар келиб чиқишига арзимас камчиликлар, ёшларимизнинг оила қуришга ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эмасликлари сабаб бўлаётганлигини кўриш мумкин. Кўп ҳолларда қиз ва йигитнинг оилани қанчалар муқаддас эканини англаб етмаслиги, оилавий ҳаёт ҳақида билим ва тушунчалари етарли эмаслиги ажримларга сабаб бўлмоқда.

Қайноналик мақоми фақатгина куёвнинг онасига эмас, балки келиннинг онасига ҳам берилади. Камчиликлар, кўнгилсизликлар ҳар бир оилада бўлгани каби ёш оилаларда ҳам учраб туради. Шундай пайтда ота-она уйга гап кўтариб келган қизини сабр қилишга, муаммо ечимини топишга ундаш ўрнига, қудаларни "тартибга чақириб қўйишни" ўйлаши, куёв ва унинг ота-онасига шарт қўйиши ҳеч қачон ўша оиланинг мустаҳкам бўлишини таъминламайди.  Ота-боболаримиздан мерос - оила нечоғлик муқаддас эканлигини, сабр-қаноат, ор-номус, ота-онага ҳурмат, диёнат, бор-йўққа шукур қилиш, уқувли бўлиш сингари фазилатларни фарзандларимиз онгига сингдирмас эканмиз, улар оилаларининг тўлақонли бахтли, мустаҳкам бўлишига эриша олмаймиз. Шу боис, жонкуяр, фидойи нуронийларимизнинг маслаҳатларига, панд-насиҳатларига таяниб, фарзандларимиз тарбиясига жиддий эътибор қаратишимиз зарур.

Ажримларнинг олдини олишда, қолаверса, тўйларни камчиқим, дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш учун маҳаллалардаги яраштириш, тўй ва маросимларни ўтказиш комиссиялари фаолиятини, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада кучайтиришимиз лозим.

Азиз юртдошлар, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамкорликда иш олиб борсакгина, юқоридаги муаммоларни ижобий ҳал этишга эриша оламиз.

 

Наргизахон ХОЛМАТОВА,

Қорасув шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.