+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Реактив ва қувват ўрнини тўлдирувчи электр энергияси истеъмолчиларига белгиланган чегирма ва устамалар

(13 – сон) Мутахассис минбари

Маълумки, электр ва иссиқлик энергияси истеъмолчилари бешта тариф гуруҳига бўлинади. Яъни истеъмол қилинган электр энергияси учун тўловлар ҳам ана шундан келиб чиқиб, амалга оширилади. Бунда реактив энергия ва қувват ўрнини тўлдирувчи электр энергияси истеъмолчиларига  алоҳида чегирма ва устама тарифлар асосида ҳақ тўлаш белгиланган.

Шу ўринда кимлар реактив энергия ва қувват ўрнини тўлдирувчи электр энергияси истеъмолчиси ҳисобланишини билиб олиш муҳимдир. Истеъмол қуввати 50 кВт ва ундан юқори бўлган истеъмолчи корхоналар ягона электр энергетика тизимининг катта юкламали соатлари (соат 07:00 дан 23:00 гача, яъни мана шу даврда реактив энергия ишлаб чиқарилади)да электр энергияси олувчилар  реактив энергия, электр тармоқларига реактив қувват узатиб юбориладиган соатлар (соат 23:00 дан 07:00 гача) да  электр энергияси билан таъминланадиган корхоналар қувват ўрнини тўлдирувчи электр энергияси истеъмолчиси саналади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 22 августдаги "Электр ва иссиқлик энергиясидан фойдаланиш қоидалари тўғрисида"ги Қарорининг 1-иловасида (VIII бобнинг 131-бандидан 140-бандигача) ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан 2000 йил 10 августда 955-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Электр ва иссиқлик энергияси истеъмолчиларининг тариф гуруҳлари тўғрисида"ги Низомида реактив ва қувват ўрнини тўлдирувчи энергиялар учун тўловлар қандай амалга оширилиши белгилаб берилган, тўловлар бўйича чегирма ва устамалар миқдори кўрсатилган.

     Қайд этилган ҳужжатларда белгиланган таърифларга кўра, ягона электр энергетика тизими тармоғида реактив энергия ҳосил қилинганда энергия олувчи корхоналарга 15 фоизи миқдорида устама, ягона электр энергетика тизимининг кичик юкламали соатларида (соат 23:00 дан 07:00 гача) электр энергияси олувчи корхоналарга эса тарифнинг 20 фоизи миқдорида чегирма қўлланилади.

Бугунги кунда вилоятимиздаги "Андижондонмаҳсулотлари" акционерлик жамияти, "Андижонкабель", "Fan tekstil" қўшма корхоналари, "PSB-Anteks Group" масъулияти чекланган жамияти сингари қатор йирик корхоналар электр энергияси истеъмоли тўлови бўйича белгиланган устамалар татбиқ этиладиган истеъмолчилар сирасига киради.

Бу борада истеъмолчиларга мутахассисларимиз томонидан юқорида қайд этилган ҳужжатларда белгиланган тартиб ва қоидалар тушунтирилмоқда. Электр энергияси истеъмоли, энергиядан самарали фойдаланиш ва иқтисод қилиш юзасидан зарур тавсия ва маслаҳатлар берилмоқда.

 

  Фарҳодбек САТИМБОЕВ,

"Ўздавэнергоназорат" давлат инспекцияси

 Андижон ҳудудий бўлими инспектори.

 

 

Ҳамжиҳатлик - муваффақиятлар омили

(13-сон) Маслаҳатчилар фаолиятидан

Нилуфархон Абдуллаева Бўз туманидаги Нурафшон маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси вазифасида ишлайди.  Ўз ишига масъулият билан ёндошадиган бу аёлни маҳалла аҳли жонсарак маслаҳатчи сифатида биладилар.

У ўз устида тинимсиз ишлайди, изланади, ҳамқишлоқлари ишончини оқлаш учун астойдил меҳнат қилади. Асли касби тарбиячи бўлган, тумандаги 13- умумтаълим мактабида самарали фаолият юритган Нилуфар Абдуллаева маслаҳатчилик фаолиятининг дастлабки пайтларида бу ишда катта касбий ва ҳаётий тажрибага эга бўлган устози Олияхон опа Бозорбоевага суянди.  Ундан амалий ёрдам, зарур тавсия ва маслаҳатлар олди. Айни кунда у ҳар бир оиладаги муҳит, шарт-шароитни яхши билади. Маҳалла аҳли, фаоллари билан ҳамжиҳатликда иш олиб бормоқда.

- Маҳалламизда 685 та хонадон бўлиб, 3 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди Н. Абдуллаева. - Маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда оилаларни мустаҳкамлаш,  маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш борасида зарур ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, маҳалламиздаги 1750 нафар хотин-қизлар билан ишлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

 Дарҳақиқат, йиғин қошидаги турли комиссиялар самарали иш олиб бораётганлиги туфайли ҳам барча йўналишларда кўрсаткичлар ижобий. Бунда албатта, ташаббускор ва ташкилотчи маҳалла маслаҳатчисининг ҳам алоҳида хизматлари бор.

Маҳалла ҳудудидаги Ҳуррият, Холис, Ёрдам кўчаларида кенг кўламли ободонлаштириш, шунингдек, тўй ва маъракаларни меъёрида ўтказиш, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Бундан ташқари, қайнона-келин муносабатларини яхшилаш, ёш оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбияси, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, турли иллатларнинг олдини олишга қаратилган кўплаб маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Нуронийларга иззат-икром кўрсатилмоқда, ижтимоий ёрдамга муҳтож ногирон, ёлғиз кишилар ҳолидан доимий хабар олиниб, уларга моддий ва маънавий кўмак берилмоқда. Бу ишларни ташкил этишда маҳалла ҳудудидаги "Солижон Отахонов" фермер хўжалиги раҳбари Нозимжон Отахонов, "Гулнигор зийнати"  фермер хўжалиги раҳбари Исмоилжон Ўрмонов, тадбиркор Шарифжон Мирзакомилов сингари саҳоватли инсонлар яқиндан ёрдам бермоқда. 

Бугун маҳаллада бу каби кўплаб ибратли ишлар амалга оширилмоқда, ибратли хонадонлар сони ҳам ортиб бормоқда. Мўминжон Мўйдинов, Имомали Парпиев, Орифжон Исмоиловлар намунали хонадон  соҳибларидир. Ҳамқишлоқлари уларга доимо ҳавас қиладилар. Чунки, улар ўз оиласида соғлом маънавий муҳитни, тарбия, одоб-аҳлоқ меъёрларини шакллантира олганлар.

Маслаҳатчи Нилуфар Абдуллаева ўз фаолиятида маҳалла раиси Абдуфаттоҳ ака Умаров, масъул котиб Ойдиной Умарова, посбон Исматилла Исақов, отинойилар Оминахон Аҳмедова, Энахон Юлдашева, дастурхончилар Махсудахон Абдураҳимова, Чинихон Эсонова, Шарофатхон Абдуллаева ва бошқа маҳалла фаоллари билан ҳамжиҳатликда иш олиб боради, улар билан ҳамфикр ва маслакдошдир. 

Мухтасар айтганда, қаердаки, ҳамжиҳатлик бўлса, ўша ерда ишлар самарали бўлишини Нурафшон маҳалласи фаоллари фаолияти, олиб бораётган ишлари мисолида кўриш мумкин. Мақоламиз якунида уларнинг ишларга омадлар тилаб қоламиз.

 

Илҳомжон ТОЖИБОЕВ,

 

Бўз тумани.

Хуш келдинг юртимга, Наврўзи олам!

Хуш келдинг юртимга, Наврўзи олам,

Дардларга давосан, дилларга малҳам.

Диллардан тилларга кўчган шукрона,

Гуллар ифоридан қалблар мастона.

 

Ўзбек қизи ўсма қўяр қошига,

Зардўз дўппиларни кийди бошига.

Момолар тинчликни сўрар дуода,

Баҳорнинг нафаси кезар ҳар ёнда.

 

Гулбоғларда булбул хониш айлайди,

Бодом гулларини йўлга тўшайди.

Наврўз айёмидан шодланар баҳор,

Қизлар тўпланишиб куйлайди алёр.

 

Наврўз сен дилларни хушнуд айлайсан,

Улуғ ришталарни дилга боғлайсан.

Сенла ғам-андуҳлар бизни тарк этар,

Холис ният халқим албат, мақсадга етар.

 

 

Темур ШАҲОБОВ, Избоскан тумани.

НАВРЎЗ САЙЛЛАРИ - ЮРТ ОБОДЛИГИДАН НИШОНА

(13-сон)

НАВРЎЗ САЙЛЛАРИ - ЮРТ ОБОДЛИГИДАН НИШОНА

Бугун кўнгилларга хушнудлик бахш этиб юртимизда баҳор шабадаси эсмоқда. Қуёшнинг илиқ тафтидан баҳра олаётган замин, дов-дарахтлар яшил либосини киймоқда. Зилол сувлари шилдираб оқаётган ариқлар бўйларида, далаларда кўкатлар бош кўтариб, кўкка бўй чўзмоқда.

Кўкламнинг қуёшли илк кунларида қишлоқ ва шаҳарлардаги хонадонлар, кўча ва гузарларни ободонлаштириш ишлари, хашар тадбирлари, Наврўз, сумалак сайллари халқимизнинг азалий удумларини, одамлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарини янада мустаҳкамламоқда.  Айни кунларда юртимизнинг барча гўшаларида ана шундай ҳайрли тадбирлар юқори кўтаринкилик билан ўтказилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг шу йил 28 февралдаги "2017 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида вилоятимизнинг туман ва шаҳарларида ҳам Наврўз байрами сайллари бўлиб ўтди. 

Бу йилги байрам тантаналари ҳар йилгидан ўзгача - халқ сайли тарзида ўтаётганлиги байрамга ўзгача мазмун касб этди.

     Андижон шаҳри. Вилоятимиз марказидаги Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи эрта тонгдан кеч оқшомгача одамлар билан гавжум бўлди. Бу ерда ташкил этилган турли кўргазмалар, аттракционлар, халқ ўйинлари ташриф буюрувчиларга байрамона кайфият улашди. Ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилган байрам тадбиридаги карнай-сурнай садолари, дорбозларнинг томошалари, ош танлови, сумалак сайли,  баҳорий таомлар кўргазмалари, ёшлар ўртасида ўтказилган турли спорт мусобақалари байрамга ўзгача жозиба ва шукуҳ бахш этди.

Андижон шаҳридаги болалар боғида ташкил этилган халқ сайли нафақат болаларнинг, балки, катталарнинг ҳам хотирасида сақланиб қоладиган тассуротларга бой бўлди. Маҳаллалар, ташкилотлар ва таълим муассасалари томонидан ташкил этилган турли кўргазмалар, бадиий дастурлар ҳеч кимнинг эътиборидан четда қолмади. Истеъдодли ёшлар томонидан ижро этилган куй ва қўшиқлар ўйин-кулгуларга улашиб кетди.

"Камолот" ёшлар боғида ёшлар ташаббускорлигида ўтказилган халқ сайли турли миллий ўйинлар, мусобақалар, беллашувлар билан янада қизиқарли ўтди. Ёшлар билан гавжум ушбу масканда умумтаълим мактаблари, касб-ҳунар коллежлари, академик лицей ва олий ўқув юртларида таҳсил олаётган истеъдодли ёшлар томонидан намойиш этилган расмлар, каштачилик, тикувчилик буюмлари кўргазмалари, айниқса, баҳорий ва миллий таомлар билан безатилган байрам дастурхонлари барчада катта таассурот қолдирди.

Байрам тадбирларида вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова, Андижон шаҳар ҳокими Д. Раҳматуллаев иштирок этиб, барчани Наврўзи олам билан муборакбод этдилар.

Андижоннинг энг кўркам ва гўзал гўшаларидан бири бўлган Боғи Бобурда бўлиб ўтган Наврўз сайллари ҳам иштирокчилар билан гавжум бўлди. Турли кўргазмалар, спорт беллашувлари, концерт дастурлари халқ сайлига ташриф буюрганларга байрамона кайфият, кўтаринкилик бахш этди. Болаларнинг ўйин-кулгулари, чойхоналарда ўтказилган палов мусобақалари ва рақс беллашувлари барчага хуш кайфият улашди.

Шаҳрихон. Табиат уйғониши билан ошуфта бўлиб кетган қалбларда яратувчанлик, бунёдкорлик ҳис-туйғулари жўш ура бошлайди. Баҳор ойини фасллар келинчаги, кўкламойим тимсоли, дейилиши ҳам бежиз эмас. Кўклам нафаси уфуриб турган бир паллада янгиланиш ва яшариш, нафосат айёми Наврўзи оламнинг ташрифи қалбларга ўзгача завқ-шавқ улашиши   шубҳасиз. Наврўз байрами муносабати билан турли хил байрам тадбирлари, мусобақалар, танловлар ташкил этилиб, туман марказидаги маданият ва истироҳат боғида, маҳалла ва гузарларда халқ сайиллари ўтказилади.

Шаҳрихонда  Наврўз байрами сайллари ҳар йилгидан ўзгача тарзда ташкил этилди.      Сайлларда тумандаги барча маҳаллалар, корхона, ташкилот ва муассасалар фаол иштирок этди. Уюштирилган кўргазмалар, бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг чиқишлари, халқ фольклор дасталарининг ўлан ва лапарлари байрамга янада кўтаринкилик бахш этди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари С. Исмоилов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусовалар туман марказида ташкил этилган байрам сайлида иштирок этиб, Шаҳрихон аҳлини  Наврўзи олам билан муборакбод этдилар.

Эрта тонгдан бошланган Наврўз байрами сайллари кечга қадар юқори кўтаринкилик билан давом этди.

Булоқбоши. Халқимизнинг қадим байрами Наврўзи олам арафасида юртдошларимиз қалбида шукроналик, элимизга тинчлик, бир-бирларига омонлик тилайдилар. Таббарук кексаларимизнинг қўллари эса дуода.

- Шу кунларга етказганига шукр, - дейди Булоқбоши қишлоғида яшовчи, меҳнат фахрийси, "Шуҳрат" медали соҳибаси Раънохон Жуманиёзова. - Қанча-қанча одамлар бугунгидай дориломон кунларни кўролмай ўтиб кетди. Бугун юртимиз обод, ҳаётимиз тинч,  дастурхонларимиз тўкин. Бу халқимизнинг нияти холис эканлиги, давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати шарофатидандир.

Чилустун тоғлари этагида жойлашган, ўзининг сўлим ва гўзал  табиати ҳар қандай кишини мафтун этувчи Булоқбоши туманида ташкил этилган Наврўз сайли байрами хақиқий халқ сайлига айланди. Туман болалар ва ўсмирлар спорт мактаби стадионида бўлиб ўтган асосий байрам тадбирида тумандаги фермер хўжаликлари, тадбиркор ва ҳунармандлар томонидан қишлоқ хўжалик маҳсулотлари, ҳунармандлик буюмлари, миллий либослар кўргазмалари ташкил этилди. 

Истиқлол йилларида юртимизнинг барча жойларида бўлгани каби Булоқбоши туманида ҳам катта ҳажмдаги қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Туманнинг барча қишлоқ ва маҳаллалари ободонлашиб, янги-янги корхоналар, кенг ва равон йўллар, таълим ва тиббиёт муассасалари, спорт мажмуалари, стадионлар, боғ ва хиёбонлар бунёд этилди.

 Дарҳақиқат, кейинги йилларда туман маркази, тумандаги барча қишлоқ ва маҳаллалар қиёфаси тубдан ўзгарди. Айниқса, туман марказида амалга оширилган қурилиш ва бунёдкорлик ишларига ҳар қанча ҳавас қилса арзийди. Жумладан, туман марказидаги М. Исмоилий кўчаси тўла қайта қурилди.

Тумандаги 37 та маҳалла ўртасида баҳорий таомлар танлови, "Маҳалланинг оқила келини" тадбири, "Қизлар давраси" тўгараклари беллашуви, арқон тортиш, кураш, стол тенниси сингари миллий ва спорт ўйинлари байрамга ўзгача шукуҳ бағишлади. Айниқса,  мактабгача, умумтаълим муассасалари қошидаги бадиий тўгараклар ўқувчилари томонидан намо-йиш этилган дастурлар, спортчиларнинг кўргазмали чиқишлари барчада катта таассурот қолдирди.

Юртдошларимизга баҳорий, байрамона кайфият, юқори кўтаринкилик бағишлаётган Наврўз байрами сайллари вилотимизнинг барча туман ва шаҳарларида катта шодиёналар билан бўлиб ўтди.

Ф. ИБАЙДУЛЛАЕВ,

М.Тўхтаназаров,

О. ОЛИМОВА.

Суратда Наврўз

 

 сайлларидан лавҳа.

Дуварак олма

(12- сон) Ҳикоя

Мавлуда даҳлиз эшигини шахд билан очиб кирди-да, сабзи арчиб ўтирган аясининг қаршисига чўк тушди.

- Ая, олма! - деди лабларини чўччайтириб.

- Ҳм, дабдурустдан олма егинг кеп-қолдими? - кенжатойига эркалата қаради Саида опа. - Эртага даданг бозорга тушса…

- Йўқ, ҳозир ейман! - чўрт кесди Мавлуда. - Келинойим еяптику, менга қолганда  йўқми?

- Келинойинг?

- Ҳа-да. Ошхонага кирсам еб бўлай деган экан. Мени кўриб шошилиб пўчоғини яширди.

Саида опанинг кўнглига муз тушгандек бўлди. Ўғлидан ранжиб кетди. Онадан яшириб хотинчасига ташияпти экан-да. Қолганлар-ку майли, биттагина синглисига илинса бўларди. Мавлуда ёлғизгина қиз бўлса, ҳатто дадасиям кўнглига қараб, папалайди. Шу хотинини деб уч йилдан буён тирноққа зор, нимасига сийларкин. Қиш арафасида палон пулга олгандир… Ичидагисини ташига чиқармай, қизини овутган бўлди:

- Қўй энди, бирон марта яширса яширибди. Эртага биз ҳам энг сарасидан олиб келамиз.

Мавлуданинг қовоғи баттар уюлди. Шу пайт эшикдан келини Муниса кириб келди.

- Менга берақолинг, аяжон, - дея лаганга қўл чўзди у. - Қолганини ўзим тўғрайман.

- Олмадан қолдими, келинпошша?

Қайнонаси охирги сўзга шундай урғу бердики, Муниса қўли муаллақ ҳолича қотиб қолди. "Вой шарманда, аям ҳам билибди-да!"

- Ўзи биттайди, ўғлиз…

- Ҳа энди ўғлимиз шунақа, сиз турганда бизни эслармиди.

- Ая, ҳафа бўлманг, ҳозир тушунтириб бераман.

 - Ҳм, биз тушунмайдиган бўп қолдикми энди? Боринг, менга эс бўлгунча ишингизни қилинг!

Мунисанинг бирдан хўрлиги келиб кетди. Бола кўрмагани учун шунчалик тили қисиқ бўлаётгани алам қилди. Изоҳ бериш ўрнига, беихтиёр ўпкалашга тушди:

- Битта олмага шунчами, ая? Шунгаям арзимадимми?

Қайнона бирпасда ловуллаб кетди. Шу баҳона туғмас келинидан боплаб аламини олди. Аллақачон ҳайдаш керак эди аслида, бирон сабаб тополмаётганди…

Шу-шу иккисининг ўртасига совуқлик тушди, айниқса Саида опанинг арази асти ёзилмади. Ахийри бир кун Муниса оппоқ орзулар билан кириб келган хонадонидан боши эгик чиқиб кетди.

Орадан талай вақт ўтди. Саида опа ўғлига "яхши" келин излаб кўча кезиб қолган бир пайтда эса қуда томондан кутилмаган хушхабар келди:  Муниса бош-қоронғу эмиш!

Она ўғли ишдан келгунича бетоқат бўлиб, тинмай ҳовлининг у бошидан бу бо-ш-ига бориб келарди. Асилбек дарвозадан кириб улгурмай унга пешвоз чиқди-да:

-Суюнчи бер, ўғлим, суюнчи! Мунисахоннинг бўйида бор экан! - деди ҳовлиқиб.

Ўғил эсанкираб қолди. Ўзига келгунича аяси анча гапларни гапириб юборди-ю, ярми ҳам қулоғига кирмади. "Мунис, Мунисам, наҳотки?!" Гўё шу тобда кўнгил қуши "пирр" этиб кўксидан учиб чиқиб, суюклисининг ҳовлиси томон қанот қоққанди...

Оқшом пайти эса онасининг ёлғиз қолган фурсатини пойлаб туриб, ёнига келди.

- Ая, сизда гапим бор.

- Кел, ўтир. Фақат айтиб қўяй, иш-пишингни билмайман, эрталаб ғизиллаб бориб Мунисани опкеласан.

Асилбек жавоб ўрнига бош ирғаб қўяқолди. Сўнг ўйчан  гап бошлади:

- Ўртада кўнгил совуш бўлмасин, ая. Ўшанда жанжалга сабаб бўлган олма… Сизга айтолмагандим. Дуварак олма эди.

- Қанақа?

- Дуварак дейишар экан-ку. Ишхонада бир опахонимиз бор, иримларга жуда ўч. Ўша куни кичкинагина бир олмани бериб, шундай деганди. "Бу кеч кузда бинога келган мева, хотинингга бер, есин, фарзандли бўласизлар", деб тайинлади. Бунақа мева дарахтнинг иккинчи гулидан ҳосил бўлармиш. Ўзиям тирноқдеккина экан. Аяжон, чўкаётган одам ҳасгаям ёпишаркан. Мен ҳам гўё шу билан армоним ушаладигандек, тушликка келганимда келинингизга берувдим. Уям уйга киргунча тоқат қилмай… Бор гап шу. Ўшанда айтсам бўларди-ю, фойдаси йўқ эди. Муниса боласиз барибир бу уйга сиғмасди.

Саида опа нигоҳини ерга тикканча жим ўтирарди. Бир қарашда ўйга толгандек, аммо ич-ичида туйғулари остин-устун  бўларди. Ўзи-ку, Асилбегининг мушкулига бирон чора изламай қўйган, келинини ҳайдашдан ўзга муддаоси йўқ эди. Қилмишига ўғилгинасининг умидини бўғизлаган экан-да… Шу тобда гўё набирасининг вужудга келишига ўша дуварак олма сабаб бўлгану, Саида опа душманлик қилгандек изтиробга тушди.

- Ўғлим, - деди анчадан кейин сўниқ овоз билан, - эрталаб бирга борамиз.

… Авжи куз арафасида, қуёш дуварак олмаларни-да тезроқ пишишга шошилтираётган кезда Асилбек ва Мунисалар қиз кўришди. Қош-кўзлари попукдек, юзлари эса нақш олма…

 

 

Гулчеҳра АСРОНОВА

БАҲОР ЖИЛВАЛАРИ

(12- сон)

Кўнгил битиклари

Бугун тонгни ҳар кунгидан ўзгача кайфият билан қаршиладим. Одатимга кўра биринчи юмушим деразамни очиш ва савлат тўкиб турган оқсоқол тоғларни томоша қилиш бўлди. Уларга "Ўзимнинг тоғларим" деб ном қўйиб олганман. Зерикканимда, чарчаганимда, кундалик ташвишлардан ҳориганимда ўзимнинг тоғларим билан суҳбат қураман.

Мени эшитиш уларга малол келмайди. Аксинча, юрагимдаги юкни, хаёлларимдаги оғирликни ўзига олади тоғларим. Шунинг учун улар менга қадрдон. Шу сабабдан ҳам қувончу қайғуларимни тоғларим билан баҳам кўраман.

Баҳорнинг илк тонгини ҳам ўзимнинг тоғларим билан суҳбатдан бошладим.

- Мен баҳорни жуда-жуда  соғиндим, қадрдонларим, лекин ҳануз сизнинг бошингизда қор?.. - Бироз ўпкаланиш билан берган саволимга чўққиси осмондан бўса олаётган энг баланд қоя жавоб қилди:

- Биз ҳам баҳорни соғиндик! Сен биздан анча олисда бўлганинг учун қучоғимиздаги қорни ёриб чиқаётган бойчечакни кўрмаяпсан. Биз устимиздаги қорни сенинг бошингдан баҳор ёмғири қилиб сочиш учун асраяпмиз, ахир сен баҳор ёмғирини яхши кўрасан-ку?

Ҳа, кўнгилга ширин орзуларни соладиган, севганинг билан остида қувлашмачоқ ўйнаганингда сен билан бирга қувнайдиган баҳор ёмғирини ёқтирмайдиган инсон бўлмаса керак, - дейман юрагим орзиқиб.

Шунинг учун ҳам қорни, аёзнинг кетишини хоҳламаётганимизга йўймагин, қайтанга қиш остида баҳорнинг жилваларини пинҳон тутганимиз бу. Сен каби инсонлар баҳорни соғинсин, яхши кўрсин, интиқ кутсин, деб табиат нозини бағримизда эркалаймиз...

Тоғларим билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Совуқнинг заҳри вужудимга писанд эмасди. Ахир ташқарида мен соғинган фаслнинг мени интиқтирган ҳавоси кезмоқда. Бу ҳавони неча ой кутдим. Бу нашидани уч фаслдан излаб тополмайман. Бахтнинг "Баҳорда қайтгум" деган ваъдасини олгандим. Шунинг учун баҳорни кутиб кўзларим нигорон бўлди. Бугун эса ҳар қанча қувонасам арзийди. Бугун ҳар қанча тиришмасин изғириннинг наштари заиф. Бугун бобоқуёш барваста қўлларида баҳорнинг жилваларини эркалайди. Шу топда бор овозим билан "Баҳорингиз муборак бўлсин!" дея ҳайқиргим келади.

 Баҳор муборак, қиш бўйи даласини соғиниб туш кўрган бободеҳқон элим!

Баҳор муборак, иликузди маҳал деб қор остидан дала кўкатларини теришга ошиқаётган моможон!

Баҳор муборак, сумалак учун буғдой ўстираётган кайвони янгалар! Бахтини излаётганлар, фарзанд кутаётганлар, тўй тадоригида баҳорни кутаётганлар, баҳорингиз муборак бўлсин! Орзулари шу Ватан, шу эл билан боғлиқ юртдошларим, баҳорингиз қутлуғ бўлсин!.

 

 

Умида АДИЗОВА  

Пойабзалингиз либосингизга мос ва ўзингизга қулай бўлсин

(12- сон) аёлларга Тавсиялар

Ички гўзаллик билан йўғрилмаган ҳеч қандай ташқи хусн мукаммал бўла олмайди, деган эди улуғ француз адиби Виктор Гюго.

Дарҳақиқат, инсон ташқи қиёфасининг ўзига хослиги, нафақат, унинг такрорланмас шахсини, балки ички дунёсининг гўзаллиги, жозибасини акс эттиради. Кимки ташқи кўриниши, ўзини тутиши, равон ва маъноли нутқи, хушмуомала ҳамда меҳрибонлиги билан ўзининг ижобий қиёфаси    (имиж)ни ярата олса, шубҳасиз, ана шу инсонга омад эшиклари осон очилади.

Кишининг     ташқи кўриниши, кийинишида пойабзал ҳам муҳим роль ўйнайди. Айниқса, аёллар пойабзали ўзига қанчалик ярашиши, либосларига мослигига алоҳида эътибор қаратиши муҳимдир. Қуйида қандай пойабзал танлаш ҳақида айрим мулоҳазаларни айтиб ўтамиз.

Пойабзални, аввало, кийиниш услубингизни тўлдириб турувчи восита, деб билинг. Классик ва жиддий кўринишдаги кос-тюм билан пошнаси 10 сантиметрдан баланд бўлмаган "лодочка" (илгаксиз очиқ туфли) кийган маъқул. Ҳеч қачон урфдан қолмайдиган, ингичка пош-нали туфли ҳар қандай аёлни гўзал           кўринишига ёрдам беради.

Кроссовка эса шим ёки спорт кийимлари билан кийилади. Кийилган пойабзалнинг либос билан бир хил рангда бўлиши ёки либос билан бир турдаги матодан тайёрланганлиги (масалан, чарм, замш ва ҳакозо) ҳам жуда муҳимдир. Пойабзал харид қилишда унинг сифатига ҳам алоҳида эътибор қаратиш лозим. Унинг сифатини эса қайси материалдан тайёрлангани белгилайди. Тажрибадан келиб чиқиб айтиш мумкинки, чарм пойабзаллари энг сифатлиги саналади. Ҳақиқий чарм сиқиб кўрилганда иссиқ, синтетика эса совуқ бўлади.

Очиқ босоножкани оёғининг юзаси кенг аёллар киймагани дуруст, уларга товони ёпиқ ва тумшуғи очиқ босоножкалар ярашади. Тагчарми у қадар сифатли бўлмаган енгил оёқ ки-йими - "сандалет" эса узоқ     давом этадиган сайрларга     кийилади. Пошнали туфли аёлни назокатли, гўзал ва хушбичим кўрсатади. Аммо бу кўриниш соғликка зиён етказишини ҳам унутмаслик лозим. Доим баланд пошна кийиш гавдани тутишни ўзгартиради, тана оғирлиги, асосан, оёқнинг олди қисмига тушади. Натижада мускулларнинг меъёрида ишлаши бузилади. Мунтазам баланд пошнали оёқ кийимларда юрган аёлларда оёқ томирларининг юзага чиқиб қолиши, яъни варикоз касаллиги кузатилади. Яъни, бунда оёқ панжасига оғир юк тушади. Вақт ўтиши билан бармоқларнинг болишчалари оғрийдиган бўлиб қолади. Айниқса, тўладан келган аёлларга баланд пошнали туфли кийиш тавсия этилмайди. Уларга учи тўмтоқ ва пошнаси кенг туфли тавсия этилади. Қора, кўк ва тўқ яшил ранглардаги замш туфлилар тўла оёқларни очиқ рангдаги туфлиларга қараганда хушбичимроқ кўрсатади.

Ҳар бир аёлнинг доимий, яъни ишга, турли жойларга борганда, шунингдек, байрам ва тўй-тантаналарда кийиладиган туфлилари бўлиши мақсадга мувофиқдир. Шунда пойабзаллардан узоқроқ муддат фойдаланиши, ҳар қандай даврага мос бўлиб ўзини эркин тутиши, энг асосийси, бу унинг юксак дид соҳибаси эканлигини кўрсатади.

 

Нигора Ўрмонжонова  тайёрлади.

ЁМҒИР ТОМЧИЛАРИ

(12- сон)

Ёмғир. Ундаги томчилар худди тирик жонга ўхшайди. Осмон йиғлаган-у улар кўз ёшга айланиб ерга тушгандай. Кичик бир томчида катта ҳаёт бордек гўё. Бугун ҳам яна ёмғир ёғди. Ҳар галгидек мен ҳовлига чиқиб ёмғир ёғишини томоша қилдим. Осмондан ўйноқлаб тушаётган томчилар кўзимга бирам бахтиёр бўлиб кўринадики, афсуски уларнинг бари ерга сингиб кетадилар. Бу кўринишдан гоҳ кўнглим қувончга тўлса, гоҳо менда ачиниш ҳисси уйғонади.

Айвон панасида турар эканман, ногоҳ бир томчи ёмғир қўлимга тушди. Ҳайрат ва бир олам завқ билан унга тикилиб турдим. Осмондан думалаб тушган ёмғир томчисининг севинчи узоққа чўзилмади. Қўлларимдан сирғалиб ерга қулади.

Ҳа, бари ёмғир томчиларининг қисмати шу. Аввал тўкилади, сўнг сингиб кетади. Мен сезиб тураман ёмғир томчиларида ҳам бир истак бор. Улар сув ва анҳорларга, дарё-ю ўзанларга, ҳаёт тўлқинининг мавжларига қўшилиб кетишни ва ўзга макон ва манзилларга сайр қилишни истайдилар. Аммо тақдир битиги уларни қайси маконга юборишини фақат ҳеч ким билмайди. 

Акбаршоҳ ОЛИМОВ,

Андижон шаҳри.

 

 

БАХТИЁР ЯШАНГ

(12- сон) қатралар

Кулинг, кулгунгиздан нур таралсин. Олам ҳам сизга ҳавас билан қарасин. Шундай кулингки, хатто сайроқи қушлар ҳам кулгунгизга жўр бўлишсин. Ҳаётни севинг, шундай севингки, хатто ҳаёт ҳам умрингиз интиҳосини тополмасин. Ер бағрида ифор сочаётган гуллар ҳам қувончингиз тароватида маст бўлишсин. Яқинларингизни эъзозланг, уларни шундай     қадрлангки, ёнингизда эканликларида ҳам сизни дунёдаги энг меҳрибон инсон деб аташсин. Озорланиб йиғлаб ўтирган инсон ҳам сизни кўрганда ғамларини унутиб кўз ёшини кулгуга алмашсин. Бахтли яшанг, шундай бахтиёр яшангки, ҳамма энг бахтилилар сизнинг ёнингизда ўзларини бахтсиздек ҳис этишсин.

Мухлиса МИРЗААБДУЛЛАЕВА

ЯХШИ ОДАМЛАР ҚЎЛЛАСИН

(12- сон) кечинма

Инсонга бахт фақат бир маротаба берилади. Уни асраб қолиш, ҳаётда муносиб ўрин топиш кишининг ўзига боғлиқ.

Азиз дугонажон! Ҳаёт шу қадар тотли, шу қадар мураккаб эканки, унда яхшиларга қўшилсанг яхши, ёмонлар билан юрсанг ёмон ном олишинг гўё тақдирингга ёзиб қўйилган. Ҳаётда йўлдан адашдинг ёки қийинчиликка таслим бўлдингми, бас у сени ўз домига тортиб бораверади, янада баттарроқ қийнайверади. Ҳатто, кўз-ёшларинг ҳам сени ундан қутқара олмас экан.

 Шундай пайтларда ўзингни қўлга олишинг керак, гарчи атрофингдаги сен учун қадрли бўлган инсонларни йўқотган бўлсанг-да, барибир, ўзингни қўлга ол. Бўлиб ўтган нарсани ортга қайтариб бўлмайди. Уни ўз ўрнига тикласанг ҳам энди улар учун сенинг, қадринг авалгидай бўлмайди.

Ҳаммасини бошидан бошлашга ҳаракат қил. Фақат тўғри йўлдан, яхшиларнинг изидан боришга интилгин, токи йиқилганингда улар сени қўлласин. Фақат бахтли ва қувончли кунларингни эсла, у кунлар сенга ҳамроҳ бўлсин. Энг аввало, қалбингда пок ва  эзгу ният бўлсин. Поклик ва эзгулик йўлидан юрган инсон ҳеч қачон адашмаслигини, ҳаётда йиқилган тақдирда ҳам унинг номи, шаъни ҳеч қачон қора бўлмаслигини дилдан англагин.

Асло умидсизликка тушма, яхши одамлар ҳамиша сени қўлласин, азиз дугонажон!

Муҳайё ИСМОИЛОВА,

 

Избоскан тумани.