+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

ҚУТИРИШ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК

(15 – сон)

Унинг келиб чиқиши ва олдини олиш учун

нималарга эътибор қаратиш лозим

Қутириш жуда хавфли вирус қўзғатадиган юқумли касалликлардан бири ҳисобланади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, ушбу касалликка чалиниш ҳолатлари кўпроқ баҳор ойларида кузатилади. Ана шундан келиб чиқиб, қуйида ушбу касалликнинг хусусиятлари, келиб чиқиши ва олдини олиш ҳақида маълумотлар бериб ўтамиз.

Қутириш асосан, ҳайвонлар ва одамларнинг касалланиши билан характерланади. Бизнинг шароитда унинг табиий манбаалари қарвсиз қолган уй ҳайвонлари, сичқонлар ҳисобланади. Касаллик ҳайвоннинг сўлаги орқали юқади. Қутириш касаллигини даволаш йўли ҳозирча топилмаган. Унга чалинган киши вафот этади.

Қутириш касали кўп ҳолатда итлардан юқади. Одамлар ўстасида қайд этилаётган қутиришнинг дастлабки кўринишлари билан боғлиқ холатларнинг ўртача 20 фоизи дайди итларга, 80 фоизи эса эгали итларга тўғри келади. Бу ит билан муомалада эҳтиёткорлик зарурлигини кўрсатади.

Касалликнинг инкубацион ёки яширин даври (14-15 кун), тугагач, касалликка чалинган ит жароҳатдан қолган чандиқни чайнайди, чунки у ерда оғриқ пайдо бўлади. Ит жуда безовталаниб, ҳар томонга югуради, эгаси чақирганда эътибор бермайди. Қоронғу бурчакларга яширинади, сабабсиз вовуллайди, иштаҳаси пасаяди, ютиниш ва нафас олишда қийналади. Ит сув шилдираши ва шамолдан қўрқади, узоқ масофага югуради. Йўлида учраган одам ва ҳайвонларни тишлайди. Оғзидан сўлак ажралиши кучаяди, ҳуриши бўғиқ бўлади, пастки жағи осилади. Кейин думи ва орқа оёқлари фалажланиб, касалликнинг 7-8 кунида ўлими кузатилади.

Касалланган уй ҳайвонлари - ит ва мушуклар атрофдаги одамлар учун катта хавф туғдиради. Қутириш вируси билан зарарланган ҳайвон сўлагида касаллик бошланишидан 10 кун олдин қутириш вируслари ажрала бошлайди. Шунинг учун ҳам ҳар қандай тишлаган ҳайвон 10 кун давомида ветеринар кузатувида бўлиши шарт. Шу давр ичида агар ҳайвонда қутиришнинг бирор белгиси пайдо бўлмаса, ит тишлаган киши учун ҳеч қандай хавф йўқ. Агар шу ўн кун давомида унда қутириш касаллиги белгилари юзага келса, демак одам ҳаёти ҳам хавф остида қолади.

Қутириш касаллигининг яширин даври одамлардан 7 кундан 1 йилгача, кўпинча 20-60 кун бўлади. Яширин даврнинг давомийлиги, жароҳатнинг ҳажми, қандай ҳайвон тишлаганлиги, шунингдек, жароҳат ўрни қай даражада тозалаб ювилганлигига боғлиқ. Одамларда қутириш касаллигининг кечиши бошланғич, спастик-қўзғалиш, паралитик-фалажланиш босқичларида бўлади.

Касалликнинг бошланиш ҳолатида тишланган жароҳат чандиғи соҳасида увишиш, чумоли юргандек қитиқланиш, тишланган қўл ёки оёқни совуқдек сезиш ҳолатлари кузатилади. Бемор уйқусида безовта бўлади, кайфияти тушади, иштаҳаси бўғилиб, оғизи қурийди, кўнгли айнийди, қусади. Касалликнинг 2-3 кунида иккинчи   босқич бошланади. Ҳаво етишмаслиги, ютинишнинг қийинлашиши, кучли оғриқ сезиш кузатилади. Тана ҳарорати 39-40 даражага кўтарилиб, оёқлар фалажланиб, охир-оқибат бемор вафот этади. Касаллик 5-9 кун давом этади.

Қутириш касаллигини даволаб бўлмайди, фақат эмлаш йўли билан қутирган ит тишлаган кишининг ҳаётини сақлаб қолиш мумкин. 1885 йилда француз олими Луи Пастер биринчи бўлиб вакцина орқали эмлаш йўли билан организмда қутиришга қарши иммунитет пайдо қилиб, касалликнинг олдини олишга йўл очган. 

Ҳайвонлар тишлашидан   жабрланганларни қутириш касаллигига чалинишини олдини олишнинг бирдан-бир йўли - махсус вакцина билан тўлиқ ва ўз вақтида эмлаш курсини қабул қилиш ҳисобланади.

Биринчи тиббий ёрдам кўрсатишда жароҳат тоза сув билан совун ёрдамида ювилса, вируслар нейтралланади ва йўқолади. Бундай ювиш 3 кун давом эттирилади. Жароҳат атрофига йод суркаб, стерил антисептик боғлам қўйилади. Уч кунгача тишланган жароҳат атрофини кесиш ва тикиш мумкин эмас.

Қутиришга қарши эмлаш курсини олиш пайтида шифокорларнинг барча кўрсатма ва маслаҳатларига қатъий риоя этилиши шарт. Қутириш касаллигининг олдини олиш учун биринчи навбатда дайди, эгасиз ит ва мушукларни йўқотиши, уй ҳайвонларини қутиришга қарши эмлашни тўлиқ амалга ошириш лозим.

Уй ҳайвонларини, айниқса, ит ва мушукларни боқишда маълум меъёрларга қатъий амал қилиш, дайди, қаровсиз ит ва мушуклар билан болаларнинг ўйнашига йўл қўймаслик зарур. Уйда сақлаш учун олинган ит ва мушук бир ҳафта ичида ҳудудий ветеринария хизмати идораларида ҳисобга қўйилиб, кўрикдан ўтказилиши ва қутириш касаллигига қарши эмлатилиши шарт. Итни кўчага асло чиқариб юборманг. Чунки дайди итлардан турли паразитар касалликлар, шу жумладан, қутириш касаллиги юқиши мумкин.

Итлар кўчада фақат занжирга боғланган ҳолда, тумшуқ тасмаси билан сайрга олиб чиқилиши тавсия этилади. Ит эгалари жабрланган фуқароларга етказилган жисмоний, моддий ва маънавий ҳамда давлатга етказилган моддий зарарларни қонун асосида тўлашлари шарт.

 

М. СОБИРОВ,

Балиқчи тумани Фавқулотда вазиятлар бўлими бошлиғи.

Б. МАМАДАЛИЕВ,

Балиқчи туман ДСЭНМ бўлими мудири.       

ҲИКМАТЛАР ХАЗИНАСИДАН

(15 – сон)

Дўст тутилмайдиган беш тоифа

Жаъфари Содиқ (р.а) дўст танлашда қуйидагича тавсия берганлар: "Беш тоифа инсон билан дўст тутинманг".

Ёлғончи билан - чунки ҳар лаҳза алданиб қолишингиз мумкин. У мисоли сароб - узоқни яқинлаштириб, яқинни узоқлаштириб кўрсатади.

Аҳмоқ билан - зеро, у сизга фойда келтираман, деб зарарга бошлайди.

Хасис билан - энг муҳтож пайтингизда сизни ташлаб кетади.

Қўрқоқ билан - чунки у таҳликали пайтда сиздан қочади.

Фосиқ билан - сизни бир таом ёки ундан ҳам озига алмашиб юборади.

 

Тошлар

Бир куни донишманд бозордан полиз маҳсулотлари сотиб олибди. Уйга келиб қараса, харид килган нарсалари ўрнига бир уйим тош турган эмиш. Савдогарларнинг чув туширганини билибди, лекин чурқ этиб бировга оғиз очмабди.

Орадан қирқ йил ўтибди. Бир кун эшиги таққиллабди. Чиқиб қараса, мункиллаган чоллар остонада турганмиш.

Улар салом беришгач; "Бир замонлар сизни алдаган савдогарлармиз"- деб ўзларини таништиришибди.

Шунда у киши уларни қучоқлаб кўришибди ва дебди: Ҳа, у воқеа эсимда. Лекин мен сизларни ўша пайтдаёқ кечирганман. Тошларни эса, бир чуқурга ташлаб юборганман.

"Биз уларни қирқ йил юрагимизда олиб юрдик" - дейишибди савдогарлар. "Ана шу гуноҳимиз учун кўп азоб чекдик, излаб-излаб сизни топдик.    Шукрки, бизни кечирганингиздан кўнглимиз енгил тортди:

 

Fийбат – иллат

Бир киши Ҳасан Басрийнинг олдиларига келиб: "Фалончи бугун сиз ҳақингизда бир қанча номаъқул гапларни айтди"- деди.

Ҳасан Басрий сўрадилар; "Қаерда ва сен у ерда нима қилаётган эдинг?"

У киши деди: "Мен уникида зиёфатда эдим. У дастурхонга турли ноз-неъматлар ва тотли таомлар қўйди. Мен улардан едим".

Шунда Ҳасан Басрий ҳазратлари ғазабланиб: "Ўша одамнинг дастурхонидан шунча нарсаларни ебсан. Шунча нарса сиққан қорнингга, бир оғиз гапи сиғмадими?" - деб ўша одамни даргоҳидан ҳайдаб юборибди.

Бир олим ғийбатчига дебди:

Сен ёмонлаган одамнинг обрўси тўкилди, аммо бу тўкилган обрў сеникига қўшилмадику!

 

Олтита нон

Қадим замонда бир киши ҳар куни нонвойдан олтита нон сотиб олар экан. Бир куни нонвой ундан нима сабабдан ҳар куни фақат олтита нон сотиб олишлигини сўрабди.

Шунда у одам дебди: "Биттасини ўзим олиб қоламан, биттасини ташлаб юбораман. Иккитасини қарзимга берсам, иккитасини қарзга бераман"

Унинг гапларидан таажжубланган нонвой: "Гапингга тушунмадим, очиқроқ гапир", - дебди.

У одам гапини бундоқ тушунтирибди: "Олиб қолганимни ўзим ейман. Ташлаб юборганим хотинимга берганимдир, чунки эвазига ҳеч нарса кутмай, беминнат бераман. Иккита нонни ота-онамга олиб бораман, улардан қарзимни узаман, иккита нонни эса болаларимга едираман, уларга қарзга бераман. Вақтлар ўтиб, қариганимда улар мени боқади", дебди.

 

Лолахон Тожимирза қизи тайёрлади.

ЎҚИТУВЧИНИНГ МУОМАЛАСИ ЯХШИ БЎЛСИН

(15 – сон) Ёшлар фикри

Кексаларимиз: "Тарбияда энг муҳим жиҳат, бола қандай бўлмасин, унга ҳамиша яхши муомалада бўлиш, тўғри йўл кўрсатишликдир", дейишади. Аммо айрим устозларимизнинг ўз фаолиятларида ана шу жиҳатга у қадар эътибор қаратмаётганликлари бизни ранжитмоқда.

Баъзи бир ўқитувчиларимизнинг дарсларда ўқувчиларнинг характерига қараб муомала қилмасликларини кузатиш мумкин. Ўқувчига билиб-билмасдан йўл қўйган хатоси учун танбеҳ бериши, қўпол ва беписанд муносабатда бўлиши, уларнинг интилиш ва қизиқишларини бўғиб қўяди.

Айниқса, билим олишда нўноқ болаларга ёрдам бериш ўрнига нафрат кўзи билан қараш ҳолатлари таълим-тарбия муҳитининг бузилишига, ўқувчиларнинг фаоллигини пасайишига сабаб бўлмоқда. Қолаверса, ана шундай муомала қиладиган устоз нафақат устоз, балки инсон сифатида ҳам ҳеч бир ўқувчига ёқмаслиги аниқ.

Юқоридаги каби холат ўқувчиларни тўғри йўлга бошлаш ўрнига, уларни ўқишдан, билим олишдан ва ҳатто мактаб ва коллежга боришдан безишларига олиб боради. Шу ўринда ўринли мисол келтириб ўтаман. Мен бир ўқитувчини биламан. У киши ўқувчиларнинг кийинишига, ота-онасининг мартабасига қараб муомала қилади. Бу эса бошқаларнинг нафсониятига тегади.

 Ахир устозларимиз энг аввало, ўқувчиларнинг билим олиши, ҳунар эгаллаши, таълим-тарбияси, оилада ҳамда жамиятда ўз ўрнини топиши, умуман, яхши инсон бўлиши учун кўмак беришлари, тўғри йўлга йўналтиришлари  керак эмасми?

Менимча, устозларимиз ҳар бир боланинг характеридан келиб чиқиб, муомала қилса, албатта, яхши натижаларга эриша олади. Бола ўзига кўрсатилган эътибор, яхши муомалага жавобан аъло ўқишга, фаол бўлишга интилади, энг муҳими, устозининг ҳурматини жойига қўяди. Бу ўз навбатида ўқувчи ва ўқитувчи ўртасидаги ишонч, яхши муносабатни шакллантиради.

 

Мадина ЭГАМБЕРДИЕВА,

 

Андижон иқтисодиёт коллежи ўқувчиси.

ХИМОЯСИЗ ГУЛ

(15 – сон) Қатра

Барг ғунчани гармсел шамолидан асрайман, деб чанг-тўзонга ботиб, чиройидан айрилди. Кўп ўтмай очилган ғунча кир-чир баргни кўриб:

- Бирам хунуксан-ки, сен билан бирга туришга уяламан, - деди лабини буриб.

- Сабабини билганингда эди... - шивирлади барг ийманиб. Fунча унинг дардини тинглашга тоқат қилмади.

Кеч билганингдан фойда йўқ, - хўрсинди барг.

...Fурури топталган барг бандидан узилди. Қалқонсиз қолган гул эса галдаги гармсел шамолидан нобуд бўлди.

Арзимаган, сабр-тоқат қилса ўтиб кетадиган сабабларни рўкач қилиб, кўз очиб кўрганини қораловчи, фарзандларининг тақдиридан кўра, ўзининг роҳатини ўйловчи калтабинлар ҳам шу ғунчага ўхшайди.

 

Гулсара ИБОДУЛЛОҲ

Мен ёқтирган томчилар

(15 – сон)

Ёмғир... Осмоннинг ҳасратларидир, у ер юзига кўз-ёшларини ёғдиради. Томчилар майсаларга, гулларга, дарахт баргларига тушиб, рақс тушишади гўё. Уларнинг рақсига мафтун бўлган қушлар пана-паналарда чуғурлашади.

Ёмғир... Ширин хотираларни ёдга солади. Кимларгадир шу ондан ҳаёт бошланади. Айниқса, севишган диллар ёмғир баҳона дийдорлашишади. Мен ҳам сени илк ёмғирли кунда учратганман. Ширин бахтимизга гувоҳ бўлган эса мана шу ёмғир.

Ёмғир... Бугун жуда муҳим кун. Ушбу танлов бутун хаёлимни ўғирлаб олганди. Бунга қаттиқ тайёргарлик кўрганман. Барибир, негадир ҳаяжонланаяпман... Шукр олий ўринни эгалладим. Онамга қўнғироқ қилиб, мени табриклашини сўрадим. Волидам дуо қилиб, янада юксак марраларни забт этишимни тилади. Мен шу куни ўзимда йўқ хурсанд бўлиб, ёмғирнинг қўшиғини тинглаб, уйга етиб бордим.

...Ёмғир... ўша куни кечгача тинмади. Йўл четида кетиб борардим. Хаёлим тезроқ уйга бориб дам олиш эди. Ногаҳон кўнглимни чулғаб олган ҳисдан ўзимни ўнглолмадим. Соатга қарадим кечки 18 эди. Ахир бугун онамнинг таваллуд куни. Хаёлимдан кўтарилгани учун ўзимни койидим. Гуллар дўконига қайтиб бордим. Ўша куни волидамни ёмғир томчилари билан чўмилган гуллар билан табрикладим.

Ёмғир... Ширин хотираларимга шоҳид бўлган. Аччиқ ва аламли кунларимда мен билан қўшилишиб йиғлаган. Бахтиёр чоғларимда мени қутлаган ҳам ёмғир.

Ҳаётда топган ва йўқотганларимга гувоҳ бўлган ҳам ўша мен ёқтирган ёмғир томчиларидир.

Ферузабону МАТКАРИМОВА,

 

Улуғнор тумани.  

ИЗИНГИЗДАН ЮРСАМ ДЕЙМАН

(15 – сон) Дил туFёни

Ўзбекистон халқ шоири Зулфия вафо ва садоқат тимсолига айланган, халқимизнинг суюкли ва ардоқли фарзанди эди. 

Дарҳақиқат, шоирамиз Ватанимиз номини улуғлаб, бўлган чексиз меҳр-муҳаббатини энг юқори авж пардаларда тараннум этган, юртимизнинг нурли истиқболи йўлида муносиб хизмат қилган бетакрор ижодкор эди. Шу боис ҳам давлатимиз, халқимиз томонидан шоира шахси ва ижодига юксак эҳтиром кўрсатилмоқда.

Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг: "Нафақат ўз шеърлари, балки бутун ҳаёти билан ўзбек аёлининг маънавий қиёфасини намоён этган атоқли шоирамиз Зулфияхонимни мен фидоий инсонлар қаторига кўшган бўлар эдим. Унинг жаҳон минбарларидан янграган шеърлари Шарқ аёлларининг ақлу закоси, фазлу камолининг ёрқин ифодаси сифатида миллионлаб шеърият мухлисларига одамийлик, муҳаббат ва садоқатдан сабоқлар берган, десак, муболаға бўлмайди.

Лекин бу мураккаб ҳаёт қалби ўз халқи ва Ватанига меҳр-муҳаббат билан тўлиб тошган, дунёдан эзгулик ва гўзаллик излаб яшаган бу аёлни ҳамма вақт ҳам аягани йўқ. Аслида, бу дунёда айрилиқ ва хижрон азоби ҳамманинг ҳам бошида бор, аммо ғам-андуҳ ва хасратларни матонат билан енгиб, тоғдек бардоши билан вафо ва садоқат рамзига айланган Зулфия опа сингари аёллар ҳар қандай ҳурмат ва эҳтиромга муносибдур"  деган сўзлари шоира ҳаёти ва ижодига берилган энг муносиб баҳодир. 

Юртимизда етук, билимдон ва иқтидорли ёшларни тарбиялаш, оқила ва ораста қизларни вояга етказишда улуғ шоирамизнинг хизматлари беқиёс. Зулфияхоним ана шу хизматлари, қолаверса, кўплаб инсоний фазилатлари билан ўзбек аёлларининг тимсолига айланганлиги учун ҳам 1999 йилда Президентимиз фармони билан Зулфия номидаги Давлат мукофоти таъсис этилди. Ҳар йили адабиёт, санъат, фан, таълим ва маданият йўналишларида юқори натижаларга эришган кўплаб иқтидорли қизлар ана шу мукофот билан тақдирланади.

Бугун юртимизда "Зулфияхоним издоши" деган рағбат, иқтидор ва эътирофига сазовор бўлган қизларга ҳамма ҳавас қилади.  Зулфияхоним номи билан аталувчи мукофотга муяссар бўлишни эса ҳар бир ўзбек қизи орзу қилади. Жумладан,  мен ҳам улар қатори юксак натижаларга эришиб, санъатнинг рақс йўналиши бўйича ана шу номга сазовор бўлишни ўз олдимга мақсад қилганман. Бунинг учун эса албатта, аъло баҳоларга ўқишга, ўзим қизиққан санъат соҳаси сирларини пухта эгаллашга, астойдил ҳаракат қиламан.

Менинг ёш қалбимда улуғ шоирага муносиб издош бўлиш, халқим, она юртим учун сидқидилдан хизмат қилишдек эзгу ният барқ уради.

 

Гулҳаё РАДЖИЕВА,

Андижон санъат коллежи ўқувчиси.

ФИРИБГАРЛАР ТУЗОFИГА ТУШИБ ҚОЛМАНГ

(15 – сон)Одам савдоси

- Опажон, сингилжон, сохта ваъдаларга ишониб, осонгина 

мўмай пул топиш илинжида мен каби одам савдоси қурбонига

айланиб қолманг, - дейди Гўзал исмли юртдошимиз.

Кўпни кўрган кексалар "Ҳаёт - ибратдир", деб бежиз айтишмас экан. Қийин йўллари, синовли сўқмоқлари билан ҳаёт инсонга ибрат бўлишига, кишини ўзи босиб ўтган йўллар ҳақида холис мулоҳаза юритишга мажбур этишига ҳаётим, бошимдан ўтказган воқеалар туфайли  амин бўлдим.

Билиб-билмасдан қилинган хатолар инсонни шундай оғир аҳволга солиб қўяр эканки, буни фақат бошидан ўтказган кишигина ҳис этиши мумкин. Ана шундай қийинчиликлар, мусибатлар одамлар томонидан атайин, амалга оширилса, инсон ўзини дунёдаги энг бахтсиз, ночор ҳис этишини,  унинг учун ҳаётнинг  мазмуни қолмаслигини англадим. 

Менинг ана шундай оғир аҳволга тушишимга орамизда яшаб юрган, ўзларини беозор кўрсатиб, аслида жирканч ишлари билан ҳатто, шайтонга дарс берадиган, пул топиш учун бегона тугул ўз яқинларини ҳам сотиб юборишдан қайтмайдиган разил, фириб ботқоғига ботган кимсалар сабаб бўлди.

Келинг, яхшиси ҳаётим, бошимдан ўтган воқеаларни Сизга бир бошдан айтиб берай. Мен, 2010 йилда турмушга чиққанман, шу йили бахтсиз тасодиф туфайли турмуш ўртоғим вафот этиб, ота уйимга қайтиб келдим. Мактабни тамомлагандан сўнг ўқимаганлигим, бирор мутахассислигим бўлмаганлиги боис ишга жойлаша олмадим. Опаларим кўмаги билан Россия давлатига ишлагани кетдим. Уч йил ишлаб, дадамга пул юбориб турдим.

2015 йилда уйга қайтдим, жамғарган пулим уй сотиб олиш учун етмади. Опаларимдан, қариндошларимдан қарз олиб, Андижон шаҳридан уй сотиб олдим. Лекин ҳамманинг ўз тирикчилиги бор, олган қарзларимни қайтаришим, яна янги уйни жиҳозлаш учун ишлашим керак эди. Шу сабаб, яна Россияга бориб, ишлаб келмоқчи бўлдим. 

Самолётга билет олиш мақсадида аэропортга бордим. Паспортимни текшириб,  "Сизга "таъқиқ" бор экан, Россияга бора олмайсиз", деб билет сотишмади. Тирикчилик ўтказиш учун савдо-сотиқ ишлари билан шуғулландим, лекин ишларим юришмади. Сиқилиб, қийналиб юрган пайтимда бир танишим Андижон шаҳрида яшовчи дами ўткир дуохон табиб домлага боришни маслаҳат берди.

Шундай қилиб, танишим билан дуохон домланинг ҳузурига бордим. Домла "ўқиди", ўзаро суҳбат орасида тушкунлигим сабабини сўради. Россияга ишлашга бора олмаётганлигим, "қора рўйхат"га тушиб қолганлигимни айтдим. У хоҳласам ёрдам беришини, шаҳарлик Халимахон (исми ўзгартирилди) исмли аёл ҳам шундай ҳолатга тушиб қолганида унга Россияга кетишга ёрдам берганлигини, ҳозир ўша ерда ишлаётганлигини айтди. Истасангиз у билан гаплашиб кўринг, деб ўша аёлнинг телефон рақамини берди.

Халима билан телефонлашдим. Суҳбатимизда Тошкент шаҳрида яшовчи Қудрат исмли таниши борлигини, у Россияда "қора рўйхат"га тушиб қолган кўп кишиларга ёрдам берганлигини айтди. "Ишончли, ишини пухта бажаради, менга ҳам ёрдам берган. Гаплашиб кўринг, Сизга ҳам балки ёрдам бериши мумкин" деб, унинг телефон рақамини берди.

Кўп ўтмай мен аёл берган рақамга телефон қилдим. Ўзини Қудрат деб таништирган киши мақсадимни билгач, электрон почтасини бериб, "Паспортингиз нусхасини интернет орқали жўнатинг, уни текширтириб, агар қора рўйхатда бўлса, бир ҳафтада чиқартириб, Россияга боришга ёрдам қиламан", деб ваъда берди. Сўнг паспортим нусхасини юбордим.

Орадан бир ҳафта ўтгач, Қудрат менга телефон қилиб, масалани ҳал қилганлигини, зудлик билан йўлга чиқишим зарурлигини айтди. Бу ишни ҳал этиш учун бир минг АҚШ доллари сарфланганлиги, лекин менга ёрдам тариқасида ўша пулни берсам етарли бўлишлигини айтди. 

Ўзимнинг пулим йўқлиги боис танишларим, қариндошларимдан яна қарз олиб,   Тошкентга жўнадим. Телефон    орқали Қудрат айтган манзилга бориб, у билан учрашдим. Кўп қаватли уйнинг биринчи қаватидаги уйда мендан ташқари наманганлик Ботир исмли киши ҳам бор эди. У ҳам мен каби "қора рўйхат"да экан.

Қудрат бизни Россияга Қозоғистон орқали ўтказиб қўйишлигини, чегара постларидаги барча масалаларни ўзи ҳал этишлигини ва Москвага ташлаб қайтишлигини айтди. Мен ҳам, Ботир ҳам Қудратга 1000 доллардан пул бердик.

Қудратнинг гап-сўзлари, хатти-ҳаракатларидан шубҳага туша бошладим. Қанчалик аламли ва аянчли бўлса-да, мен нодон барибир, у менинг муаммоларимни ҳал этиб беришига, Россияга юборишига ишондим. 

Қудрат эрталаб менинг олдимда таниши, Россияда ишлаётган - менга Қудратнинг телефонини берган Халимага телефон қилди. У телефонда      Москва шаҳрида мен ва Ботирга иш топиб қўйганлигини, мен бир рус кампирга "оқсоч"лик қилишимни, ётоқ, емоқ-ичмоқдан  ташқари ойига 400 доллар миқдорида иш ҳақи олишимни айтди. Қударт гаплашиб бўлганидан сўнг "кечроқ бирга йўлга чиқиб кетамиз, мен тайёргарлик кўраман", деб уйдан чиқиб кетди.

Айтилган вақт келгач, Қудрат бизни Қозоғистонга ўтиладиган "Чернявка" чегара постига олиб борди, чегарачилар сўраса, меҳмонга кетяпмиз дейишимизни тайинлади. Чегарадан ўтиш жойида турганимизда: "Зарур ишларим чиқиб қолди, чегарадан ўтиб, Чимкентга борасизлар, темирйўл вокзалида Сизларни Москва йўналиши бўйича қатновчи поезд провадниги Шерзод исмли йигит кутиб олади" деб, унинг телефон рақамини берди. У Москвага олиб боришини, у ерда эса бизни Халима кутиб олишлигини айтди.

 Чегарадан ўтиб, Чимкентга бордик. Шерзодга қўнғироқ қилиб, у билан кўришдик. У бизга ҳатто, билет ҳам олмасдан бир поездга чиқарди. "Бу    поездда Актюбинск шаҳригача борасизлар, у ердан бошқа, Москвага кетадиган поездга алмашасизлар, сизларни Манноб исмли киши  кутиб олади", дея бизни  кузатиб қўйди.

Актюбинск шаҳрида бизни Баҳодир исмли йигит кутиб олди ва уйига олиб кетди. Унинг хотини қозоқ аёл экан. Уйининг ертўласида бир нечта кичик-кичик хоналар бўлиб, хоналарда 10 нафардан ортиқроқ эркаклар яшар экан. Мен у ерда самарқандлик Мукаррам (исми ўзгартирилди) исмли аёл билан бир хонада турдим.

Эрталаб Қудрат эртага чиқиб кетасизлар, деб телефон қилди. Эртага, эртага деган телефонлар билан йигирма кундан кўпроқ вақт ертўлада яшадик. Уй эгалари турган ҳар бир кунимиз учун полон тангадан ижара ҳаққи тўлашимизни айтди. Бу орада мен хонанинг захлиги, очлик, ночорликдан, юрагим санчиб, ошқозоним оғриб, касал бўлиб қолдим. Пулим ҳам тугаб борарди.

Билдимки, ертўлада ётган барчамиз тутқинликка тушган, телевизорда кўрганим одам савдоси билан шуғулланадиган кишиларнинг тутқунига айланган эдик.

Дастлаб, паспортимизни, кейинроқ эса телефонларимизни олиб қўйишди. Қўриқчилар бизни асло ташқарига чиқармас, ҳеч ким билан гаплаштирмас эди. Бу ернинг хўжайинлари  тутқундагиларни олиб боришиб, турли жойларда ҳар куни 16-18 саотлаб ишлатишарди. Қайтганларида эса маст бўлиб олиб, уларни вахшийларча урарди. Бизни шунчалик хор қилаётганликларидан ўзимга кела олмас эдим. Мени, ҳатто ёши катта Мукаррам опани уриб, зўрлашди. Бунга қаршилик қилганимда мени уриб, дўппослаб ташлашди. Атрофдагилар эса бунга томошабин бўлиб турганлигини кўриб, инсонларнинг шу қадар муте, виждонсиз бўлишларидан, алданиб, шу жойларга келиб, хўрланганлигимда дод, деб, фарёд чекдим..

Шундан сўнг телефонлар солиб қўйилган шкафдан бир иложини қилиб телефонимни олиб, Тошкентга Қудратга телефон қилдим, лекин телефонга жавоб бермади. Сўнг Андижонга мени Халима ва Қудрат билан таништирган табиб домлага телефон қилдим. Биз Қозоғистонда тутқунликда эканлигимизни, менга ёрдам кераклигини, мен ҳақимда ички ишлар идораларига хабар беришлигини ўтиниб сўрадим. Бир оз ўтказиб, яна телефон қилдим, лекин у телефонимга жавоб бермади. Бўлган воқеаларни ёзиб, унга СМС юбордим. Лекин яна жавоб бўлмади.

Шу тариқа бир неча ой ишлаб юрдик. Бир куни бизни Россияга жўнатиб юборишларини айтишди. Икки кун ўтгач, Умид исмли йигит кечки пайт мен, Ботир ака ва Мукаррам опани олиб, машинада чакалакзорлар билан қопланган бир жойга олиб борди. Атроф қумлик, узоқроқда эса чиябўриларнинг увиллаши эштиларди. Умид шу ердан тўғри юрсаларинг 8 км.дан кейин Россия бошланади, деб бизга йўл кўрсатди. Чегарадан ўтиб олиб, Москвага етиб оласизлар, деди. 

Қудрат бизни чегарадан ўтказиб қўйишга ваъда берган, дея юришга қаршилик қилдик. Умид бизни куракда турмайдиган сўзлар билан сўкар, хоҳласанг шу, хоҳламасанг ҳам сенларни шу ерга ташлаб кетаман, деб бақирарди. Бақир-чақир бўлаётган пайтда мен кучимни борича югуриб, қочиб кетдим. Қоронғу тушиб бораётган эди, 2 км.ча юрганимдан кейин олдимда пастак-пастак уйлар чиқди. Уйларнинг бирига кириб яшириндим. Уй эгалари қозоқлар экан. Мен улардан милицияга хабар беришларини илтимос қилдим. Бир қозоқ аёл милицияга қўнғироқ қилди. Кўп ўтмай милиция машинаси келди. Уларга воқеани айтиб, Умид бизни олиб борган жойга бордик. У ерда Ботир ака билан Мукаррам опа турар эди. Умид уларни ўша жойга ташлаб кетиб бўлган экан. Бизни милицияхонага олиб кетишди.

Милицияга тутқунликдаги ҳаётимиз ҳақида барини айтиб бердик. Улар бизни ушлаб турган одамлар кимлар, қаерда яшашлари ҳақида сўрашди, суриштирув ишлари олиб боришларини айтишди. Бироқ  Қозоғистон Республикасида ноқонуний юрганлигимиз учун милиция бизни ишимизни судга оширди.

Қозоғистон Республикасида ҳужжатларимизни расмийлаштирмасдан юрганлигимиз учун суд бизга 200 АҚШ долларидан жарима тўлашимиз ва белгиланган муддатда Ўзбекистон Республикасига ўтиб кетишимиз ҳақида қарор чиқарди. Яна опаларимга телефон қилиб, пул юборишларини сўрадим. Икки кун ўтгач, жаримани тўладик. Сўнг қўлимизга суд қарорини бериб, қўйиб юборишди.

Минг азоблар билан Тошкентга қайтдим. Келибоқ Қудратнинг уйига бордим. Уйи қулф эди. Тунга қадар кутдим, келмади. Қўшнисиникида 4 нафар қиз ижарада яшар экан. Мен ҳам шу ерга ижарага жойлашдим. Шу жойда яшаб, Қудратни бир ҳафта пойладим, лекин у келмади. Ундан-бундан суриштирдим, изладим, тополмадим. Сўнг Андижонга қайтим. Тўғри дуохон табиб домланинг уйига бордим. Ҳузурида анчагина одам бор экан. Ҳаммани олдида: "Бу одам дуохон табиб домла эмас, одамфуруш, иймонсиз, ёлғончи одам" деб бақирдим.

Қозоғистонда хўрликда, тутқинликда эканлигимда телефон қилиб, "Мен ҳақимда милицияга хабар беринг, деб ўтиниб сўраганимда, "хўп-хўп" деган эдингиз. Нима учун хабар бермадингиз", деб сўрасам, "сизни яқинларингиз, одамлар олдида шарманда бўлмасин дедим" дея юзсизларча жавоб берди.

Ўша пайтларда мендан телефон бўлавермагач, тинчимни билиш мақсадида опам домланинг уйига келиб, сўраганида: "синглингиз тинч, худо хоҳласа, эрта индин Россияга кириб олади" деган, ёлғон гаплар билан уни тинчлантирган экан. 

 Дуохон домла худони номини айтиб, ёлғон гапириб юргани, жирканч йўллар билан пул топиб, тирикчилик қилаётган, пул топиш йўлида миллатдошларини сотаётган манфур  одамлар борлигидан нафратландим. Ахир мен ўша жойларда ўлиб кетишим мумкин эдику?

...Сўнг бўлиб ўтган барча ишлар ҳақидаги ариза билан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилдим. Айбдорларнинг кўпи жазога тортилди. 

...Дуохон табиб домла, Қудрат, Халима, Шерзод, Манноб, Баҳодир, Қозоғистонда бизни тутқунликда ушлаб турганлар - буларнинг бари бир халқага уюшган тўда эканлигига кеч бўлса-да, тушуниб етдим. Уларнинг фириби оқибатида қанча-қанча мен каби юртдошларимиз не-не азоб-уқибатларни бошидан ўтказмади экан. Бу кимсалар инсонийликдан йироқ вахшийлар, ҳар қандай жирканч, ифлос ишларга қодир эканлигига ўзим гувоҳ бўлдим.

Тўғри, мен адашдим, алдандим. Соддалигим, ишонувчанлигим туфайли қаллоб ва фирибгарларнинг сўзига ишониб, пулимдан, соғлигимдан айрилдим, аёл номига доғ туширдим, хор-зор бўлдим.

Саробга ишониб, осон пул топаман деб, бошимдан бундай уқибатларни ўтказганим учун ўзимни кечира олмай, виждон азобида яшаяпман. Қолмишига кучли руҳий зўриқишлар, азоб-уқубатлар туфайли турли хасталикларни ошириб олдим.

Мен аёлман. Менинг аҳволимга ҳеч ким, айниқса, аёл киши асло тушмасин. Мен йўл қўйган ҳато қиз-аёлларимизга ибрат бўлсин. Азиз сингилжонлар, опажонлар билиб-билмасдан ўзга юртларга боришни орзу қилманг. Осонлик билан мўмай даромад топиш - хом хаёл. Фақат аёллик шаънингиз, қадр-қимматингиз топталиши, хўрлик, азоб-уқубатлар ҳисобигагина пул топишингиз мумкинлигини унутманг.

 

Аёлнинг сўзларини Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ ёзиб олди.

АМИР ТЕМУРНИНГ БУНЁДКОРЛИК ИШЛАРИ

(15 – сон)

9 апрель - Амир Темур таваллуд топган кун

Ўрта асрнинг йирик давлат арбоби, буюк саркарда, кучли, марказлашган давлат асосчиси, илм-фан ва маданият ҳомийси бўлмиш буюк бобомиз Амир Темур 1336 йили Кеш (ҳозирги Шаҳрисабз) шаҳри яқинидаги Хожа Илғор қишлоғида таваллуд топган. У ёшлигидан пухта билим олиб, барча соҳалар, айниқса, ҳарб санъати, қонуншунослик илмини мукаммал ўрганди.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик соҳасидаги тарихий хизматлари айниқса, беқиёсдир. У умр буйи бунёдкорлик билан машғул бўлган. Амир Темур "Қай бир жойдан бир гишт олсам, ўрнига ўн ғишт қўйдирдим, бир дарахт кестирсам, ўрнига ўнта кўчат эктирдим" дея таъкидлаган. Амир Темурга ҳар бир зафарли воқеа ва севинчли ҳодисани муҳташам меъморлик обидаси барпо этиш билан нишонлаш одат бўлган. Шу мақсадда Ҳиндистон, Шероз, Исфаҳон ва Дамашқнинг машҳур уста-ҳунармандлари мамлакатда ҳашамдор иморату иншоотлар бино қилганлар.

Амир Темур ўзи забт этган мамлакатларнинг бир қатор шаҳарлари (Бағдод, Дарбанд, Байлақон)ни қайта тиклади. Соҳибқирон Табризда масжид, Шерозда сарой, Бағдодда Мадраса, Туркистонда машҳур шайх Аҳмад Яссавий қабри устига мақбара қурдирган бўлса-да, лекин асосий эътиборини она шаҳри Кеш ва пойтахт Самарқандга қаратди. Кешда отасининг қабри устига мақбара, ўғли Жаҳонгирга мақбара ва масжид қурдирди. Амир Темур ҳукмронлигининг илк даврида Кеш шаҳарни пойтахтга айлантириш ниятида бўлиб, унинг ободончилигига катта аҳамият берди. Бу ерда машҳур Оқсарой қад кўтарди.

Амир Темур Кешни Мовароуннаҳрнинг маданий марказига айлантиришга ҳаракат қилди. Ўша даврда шаҳар "Қуббат ул-илм вал-адаб" деган номга сазовор бўлган. Салтанат пойтахти   Самарқанд  гуллаб-яшнади. Шаҳарда Исфаҳон, Шероз, Ҳалаб, Хоразм, Бухоро, Қарши ва Кеш шаҳарларидан келган меъмору бинокорлари қўли билан саройлар, мадрасалар, мақбаралар қурилади. Шаҳар ташқарисида эса боғ-роғлар ва бўстонлар барпо этилади. Хусусан, Шоҳизинда меъморий мажмуасига мансуб Шодимулк оғо ҳамда Ширинбека оғо мақбаралари қурилади. Шаҳар ичида Бибихоним жоме масжиди, Амир Темурнинг қароргоҳи бўлган Кўксарой ва Бўстонсаройлар қад кўтаради. Шаҳар тевараги мустаҳкам қалъа девори билан ўралиб, Оҳанин, Шайхзода, Чорсу, Коризгоҳ, Сўзангарон ва Феруза каби номлар билан аталувчи 6 та дарвоза ўрнатилди. Мовароуннаҳрнинг деҳқончилик қилинадиган воҳалари, хусусан Зарафшон водийсида ўнлаб суғориш тармоқлари чиқарилиб, деҳқончилик майдонлари кенгайтирилди. Янги қишлоқлар барпо этилди.

 Амир Темур даврида савдо ва ҳунармандчилик ҳам ривожланди. Янги бозорлар, карвонсаройлар бунёд этилди.

Истиқлол йилларида юртимизда буюк саркарданинг ҳаёти, фаолиятини ўрганиш, номини абадийлаштириш борасида жуда катта ишлар қилинди. Хусусан, кўплаб кўчалар, майдонлар, мактабларга унинг номи берилди. Тошкент, Самарқанд, Шаҳрисабз ва бошқа шаҳарларнинг марказий майдонларида Амир Темур ҳайкали ўрнатилди. 1996 йили  Тошкентдаги Амир Темур хиёбонида Темурийлар даври музейи қурилди, "Амир Темур" ордени таъсис этилди, шу йили Халқаро Амир Темур жамғармаси ташкил қилинди.

 

Зарнигор ТОЛИБЖОНОВА,

АДУ қошидаги 3-академик лицей ўқувчиси.

 

 

МЕҲР-МУРУВВАТДАН КЎНГЛИ ОБОД БЎЛАЁТГАН БОЛАЖОНЛАР

Мурувват маскани

Орамизда меҳру мурувватга, эътиборга муҳтож инсонлар ҳам яшайди. Уларнинг қалблари ўксик, кўнгиллари ширин сўзга зор. Улар ҳам жисмонан, ҳам  ақлан заиф бўлса-да меҳрингизни сезишга, эътиборингизни дилдан ҳис қилишга қодир. Улар орзулари ярим, аммо синиқ табассуми билан  меҳрингизни  илғагувчи  норасидалар - Қўрғонтепа туманидаги "Мурувват" ногирон болалар интернат уйининг тарбияланувчиларидир.

Уларнинг орасида қўллари ногирон бўлса-да оёқлари билан расм чиза оладиган, ақли заиф, аммо спорт билан шуғулланадиган, кўзлари ожизу   меҳрни қалб кўзи билан илғаб оладиган  болажонлар бор. Агар у ерга ташриф буюрсангиз, қувончлари ичига сиғмай сизга пешвоз чиқадилар, қувнаб-қувнаб рақсга тушадилар.

Айниқса, уларнинг муассасада тез-тез ўтказилиб туриладиган ерга расм чизиш танлови, спорт мусобақаларида фаол қатнашишларини кўриб ҳайратланасиз. Қани энди тўрт мучаси соғ, аммо тайинли бир иш билан шуғулланмайдиган, ота-онасининг давлати эвазига кўча безорилик қилиб юрган шулар тенгги айрим болаларнинг юрагида ҳам мана шуларникидай ҳавас, ҳаётга, яшашга интилиш бўлса эди, дейсиз.

Мусассасадан ўзим ҳам англолмайдиган бир ҳиссиёт билан қайтаётганимизда биз ўтирган машинада бир аёлнинг "Мурувват уйи"дан қайтаяпсизларми?" деган саволи ҳаёлимни бўлди. Қисқагина "ҳа", деб қўяқолдим. Шу пайт аёл: "Босар-тусарини билмай, ҳаётга енгил-елпи қараётган, ота-онасининг гапига кирмай, тенгқурларини менсимаётган ўғил-қизларни шу ерга олиб келиш керак", деб қолди. 

- Икки нафар фарзандимиз бор, - дея гапини давом этди ўша аёл. - Турмуш ўртоғимнинг ҳам, менинг ҳам топишимиз яхши, аммо фарзандларимиз калондимоғ бўлиб ўсаётгани сезилиб қолди. Бир куни ўғлим ва қизимни олиб,  шу  ерга  келдим. Ўша даврларда бу ерда бугунгидек шарт-шароитлар йўқ эди. Болалар судралиб коридорларда юрарди. Ётиши, овқатланиши ҳам хаминқадар эди. Фарзандларимни ҳар бир хонага олиб кирдим, "кўринглар, буларда сизлардаги имкониятлар йўқ, булар имконияти чекланган болалар, бироқ, ҳаётга, яшашга интилиши сизларникидан фарқ қилади", дедим. Болала-римни бу ерга олиб келиб адашмаган эканман,   фарзандларим яхши томонга ўзгаришди.

Аёлнинг гапларидан ҳайратландим, аммо бу ҳақиқат эди. Бугун эса бу ерда шарт-шароитлар бутунлай ўзгача. Уч қаватли бинонинг олди гулзор, тарбияланувчиларнинг ётоқхоналари шинам, покиза. Улар учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бугун ушбу муассасада 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган 255 нафар имконияти чекланган бола тарбияланади. Болаларнинг 102 нафари фақат ётиб кун кечиради. Қалби меҳрга лиммо-лим тарбиячилар ҳамиша улар учун парвона. 

Бизни бу ерда амалга оширилаётган ишлар билан таништириб бораётган  муассаса раҳбари Хуршидахон Халиловани кўрган болалар "она"лаб унинг этакларига ёпишишди. У эса: "Булар менинг болаларим", дея уларни меҳр билан бағрига босди. Бу самимийликни, меҳрга илҳақ нигоҳларни кўриб, беихтёр кўзингизга ёш инади. Бу масканда меҳнат қилаётган ҳар бир ходим кўнгли ярим болажонларга ана шундай меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлишидан қувонмаслик мумкин эмас.  

- Бизнинг ҳар бир кунимиз мана шу болажонларимиз, уларнинг кўнгли тўлиши учун яна нималар қилсак экан, деган ўй-фикр билан ўтади, - дейди  Хуршидахон Халилова. - Ошхона, қозонхонамиз таъмирдан чиқарилди. Иссиқхонамизда лимон  етиштиряпмиз. Тарбияланувчилар учун нима керак бўлса, ҳаммасини бажо келтиришга ҳаракат қиляпмиз.

Тарбияланувчиларни ўз фарзандидек оқ ювиб, оқ тараётган бу фидойиларнинг меҳнатлари ҳар қанча таҳсинга лойиқ. Жумладан, Наргиза Абдураҳмонова, Шаҳноза Солиева, Муҳаррам Ҳамрақулова, Раъно Матмусаева, Холида Тўйчиева, Мавлуда Мамажонова сингари тарбиячи ва ҳамширалар ўз касбининг фидойиларидир. 

Бугун озод ва обод юртимизда инсон омилига эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори. Айниқса, имконияти чекланган, кўнгли ярим кишиларга кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик хақида ҳар қанча гапирсак камлик қилади. Ана шундай хайрли ва савобли ишларга эш бўлиб яшаётган Мурувват уйининг аҳил  жамоаси ишига омадлар тилаймиз. Кўнгли ярим инсонларга меҳр-мурувват кўрсатишдек халқимизнинг эзгу ишлари бардавом бўлсин.

 

Нафиса МУСАЕВА, жамоатчи мухбир. 

МАҚСАДИМИЗ, ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚЛАРИНИНГ БУЗИЛИШИГА ЙЎЛ ҚЎЙМАСЛИК

(15 – сон)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили Дастурида белгиланган вазифалар ҳар бир соҳа вакили зиммасига катта масъулият юклайди. Айниқса, халқ билан бевосита иш олиб борадиган ташкилот ва муассасалар фаолиятида мазкур жараён муҳим аҳамият касб этади.

Биз қайси соҳада фаолият кўрсатмайлик, истеъмолчи сифатида бирор бир маҳсулот харид қиламиз ёки турли хизматлардан фойдаланамиз. Сотиб олган маҳсулотимиз ёки кўрсатилаётган хизматдан кўнглимиз тўлмаса, нима қиламиз, деган савол ҳар бир фуқарони ўйлантириши табиий. Бу борада фуқароларимиз жамиятимиз хизматидан фойдаланишлари мумкинлигини билиб олишлари керак.

Шу маънода Андижон тумани Истеъмочиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан фуқароларга "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори мазмун-моҳиятини тушунтириш, аҳолининг бу борадаги ҳуқуқий билимларини бойитиш, истеъмол маданиятини юксалтириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда, кўплаб тадбирлар ўтказилмоқда. 

Ўтказилаётган тадбирлар натижасида фуқароларнинг истеъмол маданияти юксалмоқда. Жойларда ўзларига бўлаётган ноқонуний хатти-ҳаракатларга нисбатан ўз муносабатларини билдирмоқдалар ёки Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига мурожаат билан чиқмоқдалар.

Мурожаатлар жамият томонидан ўрганиб чиқилиб, қонун талаблари доирасида ҳал этилмоқда. Жумладан, Хакан қишлоғи, Қум кўчасида яшовчи Н. Мирзаев жамиятга мурожаат қилиб,  "Водийгазтаъминот" УК Андижон туман филиали ходимлари томонидан табиий газдан қарзи борлиги, агар қарзни тўламаса, суд томонидан ундирилиши ҳақида айтишгани ва хонадон эгаси барча қарзларни тўлаганлиги, бироқ, орадан кўп ўтмасидан ҳудуд назоратчилари АСУ базасига 2 миллион сўм қарздорлик киритиб қўйганлигини баён қилиб, ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ёрдам кўрсатишимизни сўраган.

Жамият мутахассисларининг суриштирувлари натижасида "Водийгазтаъминот" УК Андижон туман филиали ходимлари томонидан қарздорлик ноқонуний тарзда киритилганлиги аниқланиб, фуқаро Н. Мирзаевнинг хонадонига чиқарилган 2 миллион сўм миқдоридаги нореал қарздорлик қайта ҳисоб-китоб қилиниб, истеъмолчи фойдасига ҳал этилди.

Шунингдек, Андижон тумани, Хакан қишлоғи, Қоратут маҳалласида яшовчи  фуқаро А. Абиддинов вилоят Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари бирлашмасининг "1091" рақамли "Ишонч телефони"  орқали "Водийгазатаъминот" УК Андижон туман филиали томонидан хонадонига 700000 сўм нореал қарздорлик чиқариб қўйилгани ҳақида мурожаат қилган. Ўрганишлар давомида ушбу хонадонга 4198 м3 ошиқча газ сарфи ҳисоблангани аниқланди. Фойдаланилмаган табиий газ учун ҳисобланган нореал қарздорлик ана шу хатога йўл қўйган газ таъминоти идораси ходимларининг ойлик иш ҳақларидан истеъмолчи фойдасига ундириб берилди.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Энг муҳими, истеъмолчилар ана шу ҳолатларга муносабат билдириб, ўз ҳақ-ҳуқуқларининг бузилишга чек қўймоқда. Жамиятимиз мутахассислари бу борада фуқароларимизга яқиндан ёрдам бермоқда. Бизнинг асосий мақсадимиз, ҳар бир мурожаатни чуқур ўрганиб, истеъмолчиларнинг ҳақ-ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик, жамиятимизда қонун устиворлигини таъминлашга ҳисса қўшишдир.

Мавлудахон АЪЗАМЖОНОВА,

Андижон тумани Истеъмочиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти мутахассиси.