+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Меҳирга ташна дил бахти

(18-сон)

Сабо шеър ёзиб ўтирарди.

- Опа, - деди укаси Акбар эркаланиб, - аям қачон келадилар? Ахир, дадангни излаб, топиб бирга келаман, деган эди-ку.

-      Келади. Ҳозир ҳам дадамни излаб юрибди, - деди Сабо укасини овутиш учун.

Сабо ўйлаб қолди. Ўн уч ёшли қиз онасининг ёлғонларини сезар эди. Укаси уч ёшда. Ўша куни онаси иккисининг барча кийимларини йиғиштириб:

- Сизлар мен олиб борган жойда яшаб турасизлар. Мен дадангизни топиб келаман, - деди-да, уларни шу уйга ташлаб кетди. Лекин Сабо онаси қайтиб келмаслигини биларди.

Дадаси Акбар бир ёшга тўлганида вафот этган бўлса, онаси қайси "дада"сини излайди? Бу ёлғонларни Сабо англаса-да, онасига айта олмасди. Ҳатто онаси ўзига қандайдир "дугона" топганида ҳам у билан жанжаллашмади. Дугона бўлса нега жанжаллашади дерсиз? Бу "дугона" - эркак киши. Ҳар сафар у онасига қўнғироқ қилса, онаси "дугонам" дея ташқарига чиқиб суҳбатлашарди. Аниқ билади, онаси шу кимсани деб улардан кечди. Дадаси ҳам оёғи ишламай қолган кундан аясининг ишга чиқишига норози эди. Онаси қандай иш қилаётганини айтмасди.

Бир куни мактабдан келса, дадасининг ўртоқлари келишган экан. Дадаси ўртоқлари кетиши билан, "Онангни чақир, тез келсин", деди. Сабо онасига қўнғироқ қилса, у кечки томон боришини айтди. Бундан дадасининг жаҳли чиқди. Кеч кириб, Сабо укаси билан ухлагани кириб кетди. Улар ярим тунда бақир-чақирдан уйғониб кетишди. Онаси ғирт маст эди. Сабо умрида биринчи бор аёл кишини маст кўрди. Ўша маст аёл эса - онаси эди. Дадаси     билан онаси роса жанжаллашдилар. Сабо анча вақт кўрпага юзини буркаб йиғлаб ётди. Ке-йин қандай ухлаб қолганини билмади.

Эрта тонгда Сабо йиғидан уйғониб кетди. У дадаси бу дун-ёни тарк этганини англади. Шунда онасидан нафратланиб кетди. Ахир дадаси билан онаси ўн тўрт йил бирга яшади. Наҳот, онаси...

...Мана меҳрибонлик уйига келганларига икки йил бўлди. Укаси ҳар куни онасини сўрайди. Онаси билан ўтказган кунларини ёдга олиб овунади. Сабо укасига қараб хаёл суради. Қора қошлар, жингалак сочлар дадасини эслатади. Агар дадаси ҳаёт бўлганида улар бундайин азобларни кўрмаган бўлармиди? Сабо ўз олдига мақсад қўйди. Фақат укаси учун яшайди. Ўқиб олима бўлиб, укасини ҳеч нарсага зориқтирмай вояга       етказади. Онасининг ўрнини босади.

Сабонинг орзулари бирин-кетин ушала бошлади. Университетнинг филология факультетига ўқишга кирди. Меҳмонхонада ишлай бошлади. Ва шу меҳмонхонага яқин атрофдан ижарага уй топди. Укаси иккиси шу уйда яшай бошлашди. Стипендияси, маоши ижара ҳақини тўлашга, ейиш-ичишига етиб ортарди. Укаси мактабда аъло баҳоларга ўқирди. Чунки унинг ажойиб опаси бор эди. Сабонинг долзарб мавзулардаги мақолалари устозининг синовидан ўтгач, газета, журналларда чоп этила бошлади. Шу орада "Ҳаётим укамга" номли китоби нашрдан чиқди. Ўша куни укасининг қувончи ичига сиғмасди.

- Раҳмат, опажон, сиз менга энг катта бахтни бердингиз! - деди-да, опасини қучиб олди.

Шу куни у шунчалар бахтиёр эдики, буни тасаввур қилиш қийин.

Сабо яхши ижодкор бўлди. Унинг ижоди эътиборга олиниб, давлат мукофотига ҳам сазовор бўлди. Рост, ҳозир унинг исми минбарларда жаранглайди. Укаси ҳам одобли йигит бўлди. Тележурналистлар "Онангиз ҳақида гапириб беринг" дейишса, "Ҳаётда қанчалик кўп ютуққа эришган бўлсам, бунда онамнинг ҳиссаси катта. Мен онамни жудаям яхши кўраман", деб жавоб беради. Укаси бу сўзларни эшитганда опасига кулиб қараб қўяди.

Қайсидир меҳрибонингни шод кўриш бу дунёдаги энг катта бахт. Айниқса,  меҳрга ташна кўнгилни қондириш ундан-да катта бахт. Бу бахтнинг эгаси бўлиш эса тенги йўқ бахт. Ҳаёт инсонга бир маротаба берилади. Унда ўзингиз ва бошқаларни бахтли қилиш барчага ҳам насиб этсин.

 

Ирода ОРИФЖОНОВА.

 

СИЗНИ, СОFИНДИМ, ОНАЖОН

(18-сон)

Дил туFёни

Онажон бугун сизни жуда соғиндим. Сиздан олисларда меҳрингизга муштоқ бўлиб кунларим ўтмоқда. Қанийди доимо тиргагим бўлиб ёнимда бўлсангиз...

Тақдир битиги шу экан. Бу галги сафарим узоққа чўзилди. Дугоналарим ўз оналарининг ёнида. Уларга жуда ҳавасим келади. Сабаби улар меҳрибонларининг қучоғидан чиқиб, яна бағирларига қайтадилар. Мен эса ўзга жойда, ўзга инсонлар билан кун кечираяпман.

Онажон, ёдингиздами? Болалик чоғимда кўчадан кўйлакларим кир ҳолда кирганимда ҳам менга танбеҳ бермас эдингиз. Юз-қўлларимни ювишни тайинлаб, уйдан тоза кўйлак олиб чиқиб, кийгизиб қўярдингиз ва дастурхонга чорлаб, олдимга иссиқ овқат қўярдингиз. Ҳар куни тонгда уйғониб иссиқ нонлар ёпардингиз ва мен эрка қизингизни уйғотиб қўлимга кулча тутқазардингиз. Мактаб ёшига етганда ҳам сизга кўп эркалик қилардим. Сиз ҳаётдаги менинг биринчи муаллимим бўлгансиз. Чунки ҳар қачон ва ҳамиша менга далда бўлгансиз.

Мана бугун улғайиб, иш юзасидан узоқ сафарга чиқишга тўғри келиб қолди. Бу ерда сизнинг шириндан-ширин таомларингизни, иссиқ меҳрингиз ила ёпган иссиқ кулчаларни, қайноқ бағрингизни, қуёшдек юзингизни, мулойим сўзларингизни қўмсаяпман.

Гоҳо ташвишларга ўралашиб, қўнғироқ ҳам қилишни ёдимдан чиқариб қўяман. Сиз ҳеч қачон буни менга очиқ айтмайсиз. Чунки мени ўзимдан-да яхшироқ тушунасиз. "Ишлари кўпайиб кетгандир-да", дейсиз холос.

Меҳрибоним, дунёда ягона сирдошим, дарддошим, қувончим ва бахтим ўзингизсиз. Сафарим тугагач, дийдор учун биринчи галда сизнинг ёнингизга чопиб бораман. Мени соғинган юрагингизга юрагимни босиб, сизни маҳкам қучиб оламан. Токи қалбимда соғинчларнинг изи қолмасин...

Мақсуда Баҳромова,

 

АДУ филология факультети талабаси.

ТОКСИКОЗ ДАВРИНИНГ ЧЎЗИЛИШИ НИМАДАН ДАРАК БЕРАДИ?

(18-сон)

Токсикоз бу қандай ҳолат?

Токсикоз ҳомиладорликдан дарак берувчи ҳолат, яъни она организмида ҳомила шакланиши давридир. Бу даврда, аёлларда асосан, кўнгил айниши, бош айланиши сингари қатор ҳолатлар юз бериб, бу уч ойгача давом этиши нормал ҳисобланади. Чунки уч ой давомида ҳомиланинг барча органлари ривожланади. Бу аёлларда турлича кечади. Бироқ токсикоздан аёллар хадиксирамаслиги керак, чунки бу ҳолатнинг кечиши бола ривожланиши билан боғлиқ жараёндир.

 

Токсикоз даври меъёри уч ой

Туғиш ёшидаги соғлом, жисмонан кучли, мослашувчан, соғ-лигига доимий эътибор берадиган аёлларда бу ҳолат кузатилмайди ёки унчалик сезиларли бўлмайди. Кўпчиликда бу уч ойгача давом этади, аста-секин у билан боғлиқ ҳолатлар камайиб боради. Шундай бўлса-да, мазкур жараёнда эҳтиёт бўлиш, эътиборсизлик қилмасдан шифокор тавсияларига қатъий амал қилиш лозим. Чунки токсикознинг ўзига хос турли даражалари мавжуд. Агар токсикоз муддати меъёридан ошиб кетса, бу онада сурункали касалликлар борлигидан дарак беради.

Оналикка етарлича тайёр бўлмасдан ҳомиладор бўлган ёки қориндаги бола эгизак бўлганда, ёхуд она организмига ҳомила билан боғлиқ омиллар тўғри келмаган токсикоз ҳолати кучли кечади.

 

Чўзилиш сабаби

Аёл олдин гипертония (қон босимининг юқорилиги), қандли диабет, бўқоқ, жигар, ўт пуфаги, ошқозон-ичак касалликлари билан оғриган бўлса, ҳомиладорлик, яъни токсикоз даври  чўзилади. Айниқса, камқонлик, буйрак касалликларига дучор бўлганлар, ҳомиладорликкача сариқ касаллиги билан оғриганлар бу ҳолатни қийинроқ бошдан кечиришади. Ҳатто, айримлар  туғруққача бу ҳолатдан чиқа олишмайди. Бундай кучли токсикознинг   олдини олишнинг биринчи йўли бу хомиладорликдан олдин даволаниш, мунтазам гинеколог назоратида бўлишдир. Бу ҳолатнинг чўзилиб кетишига гоҳида ортиррилган сурункали касалликлар, уларнинг наслдан наслга ўтиши ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Муяссар НАЗИРОВА,

 

гинеколог шифокор.

ҚЎЗИҚОРИНДАН ЗАХАРЛАНИШ

(18-сон)

Саломатлик - туман бойлик

Баҳор фаслининг ёмғирли кунларидан сўнг юртимизда қир-адирлар, майсазорлар ва ариқ бўйларида қўзиқоринларнинг гавжум чиқиши кузатилади.

Бу эса  қўзиқорин истеъмол қилишни ёқтирадиган кишилар учун айни муддаодир. Бундан таш-қари, айрим фуқаролар томонидан қўзиқоринлар терилиб, катта автомагистраль йўллар ёқаларида ҳамда бозорларда сотиш ҳоллари ҳам кўпаяди. Лекин ана шу неъматни териб ёки сотиб олиб, истеъмол қилишдан аввал истеъмолга яроқли эканлигини албатта, аниқлаб олиш зарур.

Ўзбекистон ҳудудида қўзиқоринларнинг 300 дан зиёд тури ўсади. Бироқ шулардан атига 25 туригина истеъмол учун яроқли ҳисобланади. Республикамиз ҳудудида ўсадиган қўзиқоринларнинг 275 тури заҳарлидир. Уларнинг таркибида гельвелли кислотаси, фаллотоксин, аммонитотоксин ва бошқа заҳарли моддалар мавжуд бўлиб, уларга қанчалик ишлов берилмасин, таркибидаги заҳарли моддалар йўқолиб кетмайди. Ана шу қўзиқоринлар қиздиришга жуда ҳам турғун, қайнатилганда зарарсизланмайди, оксиген таъсирида оксидланмайди ва ошқозон-ичак ферментлари таъсирида парчаланмайди. Оқибатда истеъмол қилган кишиларнинг захарланишига олиб келади.

Шу боис ҳам  истеъмолга яроқли ва заҳарли қўзиқоринларни бир-биридан ажратиб олишга алоҳида эътибор қаратиш зарур.

Қўзиқориндан заҳарланган ҳолларда касаллик белгилари истеъмол қилинган қўзиқориннинг турига қараб кузатилади. Лекин, кўп ҳолларда қўзиқорин истеъмол қилингандан сўнг 1-2 соат ўтгач, холсизлик, кўнгил айниши, қусиш, қоринда оғриқ пайдо бўлиши билан намоён бўлади.

Бу захарланишнинг даст-лабки белгиларидир. Бундан ташқари, сўлак оқиши, кўп терлаш, кўздан ёш оқиши, пульснинг секинлашиши, алаҳсираш (галлюцинация), титраш ҳолатлари ҳам кузатилади. Кўз қорачиғининг кенгайиши ёки унинг торайиши ҳам заҳарланиш аломатларидан биридир. Қўзиқориндан захарланганда беморга малакали тиббий ёрдам кўрсатилса, 2-3 кунда соғайиб кетади. Ўз вақтида даво чоралари кўрилмаган тақдирда беморнинг аҳволи ёмонлашади ёҳуд касаллик ўлим билан тугаши мумкин.

Вилоятимизда ҳам қўзиқориндан заҳарланиш ҳолатлари оз бўлсада, учраб туради. Бундан ҳар бир киши тўғри хулоса чиқариш лозим. Эҳтиётсизлик, тавсия ва маслаҳатларга амал қилмаслик эса оғир оқибатларга олиб келади.

Шунинг учун ҳам фуқароларимиз бу борада ҳушёр бўлиши керак.

 Бозорларда сотилаётган истеъмолга яроқли қўзиқоринларга давлат санитария эпидемиология назорати маркази томонидан текширувдан ўтказилганлиги ҳақида тегишли маълумотнома берилади. Ана шундай маълумотномаси бўлмаган қўзиқоринларни сотиб олиш ва истеъмол қилиш мумкин эмаслигини унутмаслигимиз лозим.

 Набижон НАЗаРОВ,

Саломатлик ва тиббий статистика институти

вилоят филиали бўлим бошлиғи.

ОДОБНИ БЕОДОБДАН ЎРГАНИШ КЕРАК

(18-сон)

мулоҳаза

Юқоридаги мақолни болалигимиздан ёд биламиз. Бироқ кўпчилигимиз унинг асл моҳияти нимадан иборат эканлиги хусусида ўйлаб кўрмаймиз.

Ҳар куни жамоат транспортида қаергадир борамиз, келамиз. Ана шу жараёнда турфа воқеаларга гувоҳ бўламиз. Минг афсуски, биз гувоҳ бўлган баъзи бир воқеалар кўнглимизни хира қилади.

Хусусан, жамоат транспортида кетаётиб телефонда баланд овозда гаплашаётган, аллакимлар билан турли муаммоларини ҳал қилаётган ёки ёнидаги ҳамроҳи билан бошқаларнинг асабига тегадиган ҳолатда суҳбатлашиб кетаётган одамларни кўриб, юқоридаги мақол нечоғлик тўғри айтилганлигини англайман.

Педагог сифатида ёш авлодга таълим-тарбия беришга энг аввало, биз масъулмиз.  Гоҳида дарс машғулотлари чоғида айрим ўқувчиларнинг дарсга эътиборсиз қараши, гаплашиб ўтирганларини, турли қилиқларини кўриб, асабийлашаман. Одоб-аҳлоқнинг оддий қоидаларига амал қилмасликлари учун танбеҳ бераман. Уларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашиб, шу нарсага амин бўлдимки, тарбия борасида ўқувчиларга кўпроқ оиладаги  муҳит таъсир кўрсатар экан. 

...Кўчаларда ҳар қадамга ахлат ташлашга мўлжалланган идишлар қўйилган.  Аммо баъзи бир кимсалар ана шу ёнгинасидаги идишга боришга эриниб, дуч келган жойга майда-чуйда чиқиндиларини ташлаб кетаверадилар. Уларни кўриб, одамларга: "одобни мана шундай беодоблардан ўрганайлик",  уларга ўхшаб одобсизлик қилиб, одамларнинг назаридан қолмайлик дегим келади.

Юлдуз РАҲИМОВА,

Олтинкўл саноат ва хизмат кўрсатиш

 

 касб-ҳунар коллежи ўқитувчиси.

АДАБИЁТНИНГ СОҲИР ҚУШИ

(18-сон)

Ижод аҳли орасида "Чинакам шоирнинг қалбида аллақандай соҳир қуш доимо сайраб туради" деган гап юради. Агар шу гап тўғри бўлса, менинг назаримда ўша қуш айнан халқимизнинг севимли шоири, марҳум Муҳаммад Юсуфнинг юрагида ошиён қурган. Шоирнинг маъсум чеҳраси ҳамиша латиф бир куйни хониш қилгандай эди.

Унинг ҳар бир шеърида ўзгача оҳанграболик, кўнгилга яқин латифлик бор эди гўё. Балки шу боис ҳам шоир қисқа умри давомида адабиёт салтанатида ўзига мустаҳкам бино қура олган ижодкор бўлди.

Шоир ўзининг "Таниш тераклар"(1985), '"Булбулга бир гапим бор"(1987), "Илтижо"(1988), "Уйқудаги қиз'' (1989), "Ҳалима энам аллари"(1989), "Ишқ кемаси''(1990), "Кўнглимда бир ёр"(1990), "Бевафо кўп экан"(1991), "Ёлғончи ёр", "Эрка      кийик" (1992) номли шеърий тўпламлари, шунингдек, "Қора қуёш", "Осмоннинг охири", "Эй дил", "Кўҳна қудуқ", "Темирлар нидоси" сингари достонлари билан эларо машҳур бўлди. Айниқса, "Кумуш", "Кокилингни ким кесди", "Алдов", "Туркман қизи", "Юр муҳаббат кетдик бу ердан", "Ватаним", "Халқ бўл, элим", "Ўзбекмомо", "Тилак", "Мадҳия", "Дунё", "Меҳр қолур, муҳаббат қолур'' номли шеърлари содда ва равон ўқилиши, жозибадорлиги билан кўплаб шеърият мухлислари кўнглидан мустаҳкам жой олган.

Адабиётда, шеъриятда Ватан ҳақида жуда кўп ёзилган, бироқ ёзмоқ билан ёзмоқнинг фарқи бор. Муҳаммад Юсуф ўз элини, халқини, Ватанини беғараз, сидқидилдан севади, муҳаббатини, ҳурматини самимийлик билан изҳор этади. Ана шу буюк севги ва ҳурматни қуйидаги гўзал мисраларда акс эттиради:

 

Унутманг, бу қўҳна чархифалакда,

Ватандан бошқаси ҳаммаси майда.

Кўнгилда орзудек осмон мусаффо,

Тупроқ тинч бўлмаса, муҳаббат қайда!...

 

Шоирнинг ҳар бири шеъри элнинг олқишига сазовор бўла олди. Чунки унинг шеърлари халқ кўнгилга яқин бўлиш билан бирга, тили содда ва равон, ҳамма учун бирдек тушунарлидир. Яна шоир Ватан учун жонини фидо қилган аждодларини ҳамиша ёд айлаган, уларга бўлган чексиз ҳурматини баён этган:

 

Ўпинг, кўзингизга суринг тупроғин,

Ҳар сўзин муқаддас дуодек билинг.

Қаданг, юракларга миллат байроғин,

Ватанни Нажмиддин Кубродек севинг.

 

Ноёб, бетакрор истеъдод ва юксак инсоний фазилатлар эгаси бўлган Муҳаммад Юсуф ижоди давлатимиз томонидан муносиб баҳоланди. У "Ўзбекистон халқ шоири" унвонига сазовор бўлди. Қисқа ҳаёти давомида ўзидан гўзал ва мазмунли ижодий мерос қолдирди.

 

Чирой очсин дардкаш менинг элим ҳам,

Содда дил, заҳматкаш менинг элим ҳам.

Элат эмас, миллат бўлсин бирлашиб,

Дунёда меҳнаткаш менинг элим ҳам.

Янги аср, кел, менга бер қўл энди,

Бирдамлиг-у бирлик асри бўл энди.

 

Хуршида РЕЖЖАББОЕВА,

Андижон шаҳридаги

2- умумтаълим мактабининг она тили

 

ва адабиёт фани ўқитувчиси.

СИНГЛИМГА МАКТУБ

 (18-сон)

Муҳаммад Юсуф

СИНГЛИМГА МАКТУБ

Қачон хат ёзгандим сенга, билмайман,

Қофия билан банд бугун тош кўнглим.

Ёлғиз аканг бўлиб,

Ёнингда юрмайман...

Кечир мени, синглим,

Кечир мени, синглим.

 

У ёқда шотутлар

Тўкилар сувга,

Қовунлар ёрилар,

Сен йўл қарайсан.

Тупроқ кўчаларда,

Муштоқ кечаларда,

Ёз - мени соғиниб сарғайган майса.

 

Умримни юлқилаб,

Йилларим ўтар,

Юрак йиғлайди-ю,

Айтмас дардини.

Мен шеърим қўлтиқлаб,

Кун бўйи излайман,

Адабий ходимнинг битта мардини.

 

Бирига қандайдир туроқлар дастак,

Бирин ўйлантирар ҳали ёшлигим:

Нега бу шеърингиз отлар ҳақида,

Уларни ёқтирмас, менинг бошлиғим!..

 

Гоҳ тўлиб кетаман,

Қандай гап ахир!

Кўйгин мени дейман, эй ширин азоб.

Қуёшга термулай,

Ерга босай бағир,

Қўшиқлар куйлашга бошқа одам топ...

 

Яна қайсар руҳим

Жонимни чўқир,

Ёз дейди,

Сингилжон, қўрқай нимадан?..

Энг гўзал шеър - Сенинг ёрилган қўлинг,

Ҳамма бошлиқларнинг 

Бошлиғи - Ватан!..

У ёқда шотут тўкилар тағин,

Беҳилар ҳидига тўлади хонам.

Айвонда, хирмонда, Андижон томонда

Куз - мени соғиниб сарғайган онам -

Йиғлайди, бу йил ҳам келмади болам...

 

Қачон хат ёзгандим сенга,

Билмайман.

Қофия билан банд менинг тош кўнглим.

Ёлғиз аканг бўлиб,

Ёнингда юрмадим...

Кечир мени, синглим,

 

Кечир мени, синглим.

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР КУЙЧИСИ ЭДИ...

(18-сон)

26 апрель - Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун

Ўзбекистон Халқ шоири Муҳаммад Юсуф ижоди, шеърлари - баҳор ҳавосидай майин, гуллар ифоридай ёқимли, шаррос қуювчи ёмғирлардек фарахбахш. Шоирнинг шеърларини ўқир эканмиз, биз илғамаган табиат ҳодисаларидан чиройли образлар яратишига гувоҳ бўламиз.

Муҳаббатим, қайдасан қалб ардоғим,

Жайронкўзим қирларда қолган оҳум.

Қўлим тегмай тўкилган қизғалдоғим,

Энди сени излаб қайдан топарман?..

 

Шоир қирлар маликаси - қизғалдоқни ўз қалбидаги маликасига менгзайди. Дарҳақиқат, шоир шеъриятида қадрият масаласи асосий ўринни эгаллайди. Унинг сатрларидан қадимий қадриятларимиз руҳи, момо ва боболаримиз овозлари келиб тургандай бўлади.

Fирот минган Гўрўғли,

Бобом қани, айтинглар.

Қўнғиротлик Алпомиш,

Оғам қани, айтинглар...

...Кокиллари ер ўпган,

Саман қани, айтинглар?

Куйиб кетган жоним-а,

Малҳам қани айтинглар.

Ўтмишдаги маънавий меросимиз сиймолари бўлган Гўрўғли, Алпомишларни ўйлаб шоирнинг "жони куйиб кетади". Бу каби оташин мисраларда қадриятга ташналик, уларни эъзозлаш, асраб-авайлаш ҳисси уфуриб туради.

Ёки "Амир Темур" шеърини олайлик:

"Дунё топдим дейди, дунёйиғмадим,

Мен эл учун от устида ухладим.

Наҳот энди ўз гўримга сиғмадим",

Амир Темур руҳи мени азоблар...

 

Ҳар бир миллатнинг ўз урф-одатлари ва албатта, миллий либослари бўлади. Шоир ўз шеърларида миллий қадрият ва либосларимизга бўлган эътиборсизликни танқид қилади. Айниқса, тобора унитилиб бораётган белбоғ ва тўн ҳақида куйиниб шундай ёзади:

Паҳлавон йигитча, полвон йигитча,

Димоғи осмонни олган йигитча,

Ўзбек эканингиз ёлғон йигитча,

Белбоғингиз қани, белингиздаги?

 

Шукрлар бўлсинки, мустақиллик шарофати билан ўзбекнинг миллий қадрият, анъана, урф-одат ва либослари ўзига қайтди, қадр топди. Айниқса, кейинги йилларда дўппи, атлас, адрас сингари матолардан тикилган миллий либосларимиз ўзбек ёшлари эгнида ял-ял ёнмоқда. Ана шу миллий маданий меросимиз, қадриятларимизни улуғлаган, тараннум этган ардоқли шоиримиз Муҳаммад Юсуф бугун ҳаёт бўлганида ўзбекона лисбосдаги ўғил-қизларни кўриб, беҳад қувонган бўларди.

Барно РАҲМОНОВА,

ўқитувчи.

 

 

 

 

 

МАКТАБ-ИНТЕРНАТДА БАЙРАМ ТАДБИРИ

(18-сон)

Тадбир меҳмонлари

Андижон вилоят футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилганлигининг  20 йиллигига бағишланган маданий, маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.

Мактаб интернат маъмурияти ташаббуси билан ташкил этилган байрам тадбирида мактабда таҳсил олаётган 300 нафарга яқин истеъдодли ёшлар, 70 нафар ўқитувчи, мураббий ва ходимлар, олий ва биринчи  лига жамоаларда тўп сураётган мактабнинг  собиқ ўқувчилари, фахрийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Тадбирда мактаб-интернат директори О. Қиличев сўз олиб, барчани қутлуғ сана билан муборакбод этди. Ўтган 20 йил мобайнида ушбу таълим маскани Ўзбекистон футболи, спорти равнақига муносиб хисса қўшаётган кўплаб  истеъдодларни етиштириб берганлигини таъкидлади.

Тадбир доирасида фан олимпиадасининг мактаб, шаҳар босқичларида фаол қатнашган бир гуруҳ ўқувчилар, шунингдек, санага бағишлаб синфлар ўртасида ўтказилган футбол турнири ғолиблари тақдирланди. Айниқса, тарих фани ўқитувчиси Ш. Тожиддинова томонидан ташкил этилган "Имкон-шоу" тадбири барчада катта таассурот қолдирди. Ўқувчилар томонидан намойиш этилган бадиий дастур, хусусан, ўзбек, рус, инглиз тилида ижро этилган шеър ва қўшиқлар тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.

Байрам тадбирини ташкил этиш ва мазмунли ўтишида, айниқса,  директор ўринбосарлари И. Тошматов, Р. Баховиддинов ҳамда ўқув ва спорт бўлими мутахассисларининг ҳиссалари катта бўлди.

Тадбир якунида меҳмонларга эсдалик совғалари берилди.

 

Гулруҳ УМАРОВА,

Андижон вилоят футбол бўйича

 

ихтисослаштирилган мактаб-интеранати ўқитувчиси.

ҚОНУН МАЗМУН-МОҲИЯТИ ТАРFИБ ЭТИЛМОҚДА

(18-сон)

Ҳуқуқшунос минбари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 6 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2016 йил 12 октябрда маъқулланган ва давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йилнинг 26 декабрида имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 28 моддадан иборат бўлиб, қонунчиликда дуч келинаётган муаммоларни бартараф этиш, айрим тушунчаларга аниқлик киритиш, тадбиркорлик субъектлари, фуқаролар, вояга етмаганларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган ҳуқуқий ҳужжатдир.

Қонунда Ўзбекистон Республикасининг "Ташқи иқтисодий фаолият тўғрисида"ги,  "Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги,  "Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида"ги, "Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида"ги, "Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида"ги, "Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида"ги, "Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида"ги, "Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги,   "Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида"ги, "Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги, "Фермер хўжалиги тўғриси-да"ги, "Деҳқон хўжалиги тўғрисида"ги,  "Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида"ги, "Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси тўғрисида"ги,  "Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида"ги, "Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида"ги,  "Вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси тўғрисида"ги, "Риэлторлик фаолияти тўғрисида"ги, "Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик (ОИВ инфекцияси) тарқалишига қарши курашиш тўғрисида"ги, "Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида"ги,  "Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида"ги, "Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида"ги Қонунлари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик, Жиноят, Меҳнат, Солиқ, Бюджет тўғрисидаги кодексларининг тегишли моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган.

Мазкур қонуннинг 9-моддасида  Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартириш киритилган бўлиб, хусусан, 168- модда «Фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулки ёки  ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш - энг кам иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки бир йилдан икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан махрум қилиш билан жазоланади», деган матн билан тўлдирилди.       

Шунингдек, Жиноят кодексининг 267-моддасида транспорт воситасини олиб қочиш жиноятининг даражасига кўра жиноятчига белгиланадиган жазо чоралари кўрсатиб ўтилган.

Бугунги кунда нотариал идора мутахассислари томонидан таълим муассасаларида ўтказилаётган учрашувлар, давра суҳбатларида, шунингдек, фуқаролар билан мулоқотлар жараёнида қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида аҳоли, айниқса, ёшларга кенг тушунчалар берилмоқда, қонунчиликдаги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мақсад ва аҳамияти батафсил тушунтирилмоқда.

 

 Дилдора ҚОДИРОВА,

Андижон шаҳридаги 3-сон давлат нотариал идораси нотариуси.