+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

17 Авг 2017

ВИЛОЯТИМИЗДА ИМКОНИЯТИ ЧЕКЛАНГАН ФУҚАРОЛАРГА ЯНГИ УЙ-ЖОЙЛАР ТОПШИРИЛДИ

(34-СОН)

2017 йил - Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили

Андижон вилоятида уй-жойга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган бир гуруҳ фуқароларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг совғаси - янгиланган намунавий лойиҳалар асосида бунёд этилган уй-жойлар тантанали равишда топширилди.

Мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, хусусан, мулоқотлар одамларнинг орзу-истаклари, талаб ва эҳтиёжларини ўрганиш, уларга имкон қадар кўмак беришга қаратилган сайъи ҳаракатлар кўлами тобора ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан мамлакатимизда одамларни қийнаётган муаммоларини ҳал этиш, оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига кўмаклашиш  борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, юртимизнинг барча ҳудудларида ногирон, меҳнатга лаёқатсиз, уй-жойга муҳтож фуқароларга янги уй-жойлар берилаётганлиги бунга бир мисолдир.

- Ўғлим Азизбек, келиним Дилдорахон иккинчи гуруҳ ногиронлари, - дейди Балиқчи туманидаги Авесто маҳаллласида яшовчи Қимматхон Тоштанова. - Тўрт нафар фарзандим бор, иккитасини уйладим. Ҳозир тўрт сотих ҳовлида уч оила, 10 жон яшаймиз. Торгина ҳовлимизда кенжа ўғлим тадбиркорлик билан шуғулланиб, бройлер товуқларини боқади. Уйимиз торлигидан анча қийналиб қолган эдик. Президентимизнинг виртуал қабулхонасига уй-жой олиш масаласида мурожаат қилган эдик. Мана мурожаатимиз инобатга олиниб, туманимизнинг Арчазор маҳалласида барпо этилган янгиланган      лойиҳадаги 2 сотихли уйлардан бири ўғлим Азизбекка ажратилди. Президентимиз томонидан уйнинг бошланғич тўлови тўлаб берилди. Биздек оддий фуқароларга кўрсатилган ғамхўрликдан бошимиз кўкка етди. Давлатимиздан, Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

Пахтаобод тумани Сой бўйи маҳалласида яшовчи Муносибхон Холдинова  кўзи ожиз, 1- гуруҳ ногирони. Турмуш ўртоғи Қобилжон Холдинов ҳам руҳий касал. Улар ўғилининг, қизининг оиласи ва фарзандлари билан 11 жон бир уйда истиқомат қилади. Бугун унга Президентимиз номидан Пахтаобод туманидаги Маърифат маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйлардаги икки хонали квартиранинг калити топширилди.

- Ёшим олтмишдан ошди, ҳаётимда бугунгидай қувонганимни очиғи, эслай олмайман, - дейди Муносибхон Холдинова. - Мен каби кўзи ожиз инсонга, оиламга кўрсатилаётган ғамхўрликдан яшашга бўлган умидим, давлатимизга, яхши инсонларга бўлган ишончим яна минг чандон ортди.  Фарзандларимнинг қувончини айтмайсизми? Уй-жой қилишга имкон қаёқда эди?  Биздек ногирон, кам таъминланган оилалар холидан хабар олиб, уларнинг мушкулини осон қилаётган инсонларга, шу ишларнинг бошида турган Президентимизга минг раҳмат.

Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - мустақиллик байрами арафасида имконияти чекланган юртдошларимизнинг бир гуруҳига чекка-чекка ҳудудларда қад ростлаган барча қулайликларга эга, замонавий ва кўркам уйларнинг совға қилинганлиги улар учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.

  - Янги уй иккинчи  гуруҳ ногирони Умиджон Деҳқонов ва унинг оиласи учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди, - дейди Жалақудуқ туманидаги Намуна маҳалласининг диний-маърифат, маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Вилоятхон Ўринова. - У уч нафар фарзанди билан маҳалламиздаги хонадонлардан бирида ижарада яшар эди. Мана Президентимиз ғамхўрлиги, вилоятимиз ҳокими кўмаги билан унинг оиласига Шарҳончеки маҳалласида барпо этилган барча қулайликларга эга, шинам уч хонали уйлардан бири берилди.

- Ҳар бир инсоннинг ўз уйи бўлганига нима етсин, - дейди янги уй соҳибининг турмуш ўртоғи Хурриятхон Ашуралиева. - Уч нафар фарзандимиз бор, тақдирни қарангки, иккинчи фарзандимиз ҳам ногирон. Шу кунга қадар ижарада яшар эдик. Оиламиз учун уйнинг қадри қанчалар баланд эканлигини бошқалар бизчалик ҳис эта олмаса керак. Президентимизнинг эътибори ва ғамхўрлигидан нафақат мени, балки турмуш ўртоғим, фарзандларимнинг кўзларидан қувонч ёшлар балқиди. Кам таъминланган, кўнгли ўксик инсонларга қувонч улашаётган, кўпдан-кўп хайрли ишларга бош-қош бўлаётган Президентимизга мингдан-минг раҳмат. Инсон шаъни, қадр-қиммати улуғланадиган табаррук юрт фуқароси эканлигимдан бахтиёрман.

Бугун, шунингдек, Булоқбоши туманида яшовчи Иродахон Ҳамдамова, пахтаободлик Адолатхон Абдураҳмонова, марҳаматлик Шаҳноза Адҳамова, шаҳрихонлик Озодбек Ҳудойбердиев, улуғнорлик Гулнора Ҳамдамова, қўрғонтепалик Наргиза Қурбонова ва Хусан Содиқовларга ҳам янги уйлар калити топширилди. Уларнинг барчалари давлатимиз, Президентимиз томонидан кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун ўзларининг чексиз миннатдорчилик ва дил изҳорларини билдирдилар.

Халқимизга хос саховат, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунаси бўлган бу каби хайрли ишлар ёшу кексани юртимизда амалга оширилаётган янгиланишлар жараёни, бунёдкорлик ишларида фаол иштирок этишга ундамоқда, янги-янги марралар сари руҳлантирмоқда.

Президентимиз совғалари - янги уй-жойларни топширишга бағишланган тадбирларда вилоят ҳокими Ш. Абдураҳмонов, вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси М. Юнусова  иштирок этди.

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

 

Суратда: Янги уй соҳиби Муносибхон ая Холдинова.