+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Хотин-қизлар эъзозланган юрт

Биринчи Президентимиз И. Каримов "Аёл бахтли бўлса оила бахтли, оила бахтли бўлса мамлакат барқарордир" деган эди. Ҳа, ҳар бир мамлакатнинг маданияти, тараққиёт даражаси ўша давлатнинг аёлларга бўлган муносабати билан ўлчанади, деган гап жуда тўғри айтилган. Ўзбек хотин-қизларига дунё аҳли ҳавас билан боқса арзийди. Чунки улар дунёдаги энг бахтли аёллардир.

Дарҳақиқат, бугун юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, иш ва яшаш шароитларини яхшилаш, истеъдод ва иқтидорларини рўёбга чиқариш масалалари давлат  сиёсати даражасига кўтарилди. Юртбошимиз Ш. Мирзиёев мутасадди ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик олдига бу борада ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этиш, олиб борилаётган ишлар кўламини кенгайтиришга қаратилган муҳим вазифаларни қўйди.  Айниқса, Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мамлакатимиз хотин-қизларининг ҳаёти ва фаолиятини тубдан яхшилаш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим дастуриламал бўлмоқда.

Буларнинг барчаси биз аёлларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашимиз учун олиб борилаётган ишларнинг намунасидир. Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Шўролар даврида хотин-қизларга муносабат ўзгача эди. Эркимиз каби тилимиз, динимиз, миллий қадриятларимиз ҳам кишанланганди. Ота-боболаримиздан мерос қолган қадимий қадрият, урф-одат ва анъаналаримиз эскилик сарқити деб камситиларди. У даврларда аёл зотига фақатгина меҳнат учун яралгандек қараларди. Аёлларнинг асосий қисми ерга чигит қадалгандан тортиб, то қиш фасли кириб келгунча пахта далаларида меҳнат қиларди. Бироқ меҳнатга яраша манфаатдорлик йўқ эди, бири икки бўлмасди.  Ипак қурти боқиш машаққати эса бир дунё. Ана шундай мураккаб меҳнат учун арзимаган ҳақ тўланарди. Бугун-чи, ҳали мавсум бошланмай туриб, пиллакорларнинг моддий манфаатдорлиги таъминланмоқда. Бўнак пуллари, мавсум давомида оилага кўмак сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари берилмоқда. Энг асосийси, пиллакор аёлларнинг меҳнатлари расмийлаштирилиб, меҳнат стажига эга бўлиш имкони берилди.

Бугун ҳар бир аёл, ҳар бир қиз ўзининг тадбиркорлиги, ҳунари билан оиласи бюджетига қўшимча даромад киритиши мумкин. Бунинг учун барча шароитлар яратилган.

Гўзаллик ва нафосат байрами арафасида бир нарсани фахр ва ифтихор билан таъкидлашни истардим: меҳр ва гўзаллик дунёни қутқаришга қодир буюк кучдир. Бу икки иноят эса аёл қалбида туғилади, у билан бирга яшайди. Шунинг учун ҳам "Аёли эъзозланган юрт бало-ю офатлардан, мусибатлардан йироқ. Унда фақат қут-барака бўлади" дейишади донолар. Биз учун мана шундай қутлуғ заминда яшашнинг ўзи ҳам бахтдир. Бу бахтга муносиб бўлиш, уни асраб-авайлаш ўз қўлимизда.

Раънохон СОДИҚОВА,

Бўз тумани ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси. 

 

Ҳар бир аёл эътиборда

8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами Андижон шаҳрининг Саноат, Шолдирама, Меҳнат, Хурсандлик, ҳамдўстлик маҳалла фуқаролар йиғинларида катта тантана ва ҳамжиҳатлик билан нишонланди.

Андижон компьютер технологиялари касб-хунар коллежида бўлиб ўтган байрам тадбирига маҳаллалар фаоллари, меҳнат фахрийлари, тадбиркор, ҳунарманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва ногирон аёллар таклиф этилди. 

- Саноат маҳалла фуқаролар йиғинида 6471 нафар фуқаро истиқомат қилади, - дейди маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раи-си Орзихон Эгамбердиева.

- Шулардан 3200 нафардан зиёди хотин-қизлардир. Маҳаллада оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, аёлларнинг жамиятдаги фаоллигини оширишга қаратилган кўплаб ишлар амалга оширилмоқда.

Байрам  муносабати билан маҳаллада истиқомат қилувчи боқувчисини йўқотган    Машҳурахон Исоқова ҳамда қайнона-қайнотаси ногиронлик нафақасида бўлган Чўлпоной ҳайитовага имтиёзли кредит ҳисобидан қорамол, заиф эшитувчи бир нафар қизга ҳомийлар кўмагида эшитиш ускунаси олиб берилди. Шунингдек, оилавий шароити оғир бир нафар аёлга даволаниши учун ҳомий бириктирилди.

Тадбир доирасида таом тайёрлаш, китобхонлик бўйича  мусобақалар ўтказилди. Сумалак тайёрланиб, маҳалла аҳлига тарқатилди. Янграган куй-қўшиқлар барчага байрамона, хуш кайфият улашди.

Муроджон ТЎХТАНАЗАРОВ

Аёл - оила, жамият ва миллат таянчи!

Мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами кенг нишонланмоқда.

Андижон шаҳридаги "Тоshkent Premium" тантаналар саройида ҳам вилоятимиз хотин-қизларининг байрам тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда вилоятимизнинг барча туман  ва шаҳарларидан турли соҳаларда меҳнат қилаётган илғор аёллар, меҳнат фахрийлари иштирок этди.

 "Аёл - оила, жамият ва миллат таянчидир" деб номланган тадбирда қатнашган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятимиз хотин-қизларини ушбу айём билан муборакбод этиб, мамлакатимизда хотин-қизларнинг манфаат, ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, саломатлигини мустаҳкамлаш, қобилият ва интилишларини рўёбга чиқариш, муаммоларини ҳал этиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар юксак самаралар бераётганлигини таъкидлади. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" ги фармони ушбу тузилма ишини такомиллаштириш, аёлларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш, маҳаллаларда маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, соғлом оилаларни шакллантиришда муҳим омил бўлаётганлигини алоҳида қайд этди.

Турли соҳаларда самарали меҳнат қилиб жамият ривожига муносиб улуш қўшаётган бир гуруҳ аёллар вилоят ҳокимининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирландилар.

Тадбир иштирокчилари тўкин дастурхон атрофида суҳбат қурдилар. Бадиий жамоалар, санъат усталари, таниқли санъаткорлар ижросидаги оналарни улуғловчи, аёлларни мадҳ этувчи дилрабо қўшиқлар барчага байрамона, хуш кайфият улашди. Тадбир машҳур сўз усталарининг чиқишлари ҳамда шўх тарона ва рақсларга уланиб кетди.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Юксак мукофот муборак!

Халқаро хотин-қизлар байрами арафасида мамлакатимиз Президенти қарорига асосан юртимизнинг энг иқтидорли қизларидан бир гуруҳи Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.

Ушбу нуфузли мукофот билан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг икки нафар иқтидорли қизлари - Эъзоза Обиджонова ва Дилрабо Аҳмедова ҳам бор.

Ўқишда ва жамоат ишларида фаол Марҳамат қишлоқ ва сув хўжалиги касб-ҳунар коллежи мактабгача таълим иккинчи мутахассислик йўналиши ўқувчиси Эъзоза Обиджонованинг адабиёт сирларини пухта эгаллашга, ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлишга интилиши, бу борада катта ютуқларга эришгани унга омад келтирди. Чунки у ижодга дадил кириб келаётган истеъдодли ёшлардан бири сифатида кўпчиликнинг эътибор ва эътирофини қозонган.

Андижон давлат университети талабаси Дилрабо Аҳмедова ҳам нафақат ўқишда, жамоат ишларида, балки спортнинг синхрон сузиш тури бўйича жуда кўп ютуқларни қўлган киритган. Умидли ёш спортчи Дилрабо келажакда мамлакатимиз, халқаро спорт майдонларида улкан ютуқларни қўлга киритади, юртимиз шуҳратини янада юксакларга кўтаради.

 

Мукофот соҳибаси бўлган иқтидорли қизларимизни юксак мукофот билан муборакбод этамиз!

ҚАДРИ БАЛАНД ОПА-СИНГИЛЛАР, АЗИЗ ВА МЕҲРИБОН ОНАЛАР!

Сизларни гўзал ва тароватли баҳорнинг илк байрами - 8 март - Халқаро хотин-қизлар куни билан қизғин муборакбод этаман. Халқимизда қадим-қадимдан аёлларга юксак эҳтиром кўрсатилади. Ушбу анъана, айниқса, истиқлол йилларида янада кенгайди. Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, кейинги йилларда юртимиз, хусусан, вилоятимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини кўтариш, аёлларнинг турмуш фаровонлигини юксалтириш, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ижтимоий кўмакка муҳтож, ногирон опа-сингилларимизни қўллаб-қувватлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Ишонамизки, бундан буён ҳам ана шундай хайрли ва ибратли ишлар изчил давом эттирилади. Азиз ва лобар опа-сингиллар, қадрли онахонлар! Бугун Андижон аёллари илм-фан, ижод, тадбиркорлик, спорт, қўйингки, барча жабҳаларда ўзларининг фаолликлари билан юртимизнинг энг илғор вакилалари қаторидан ўрин эгаллаб келаётганликлари қувонарлидир. Бу ҳар биримизнинг қалбимизни фахр-ифтихорга тўлдиради. Азиз аёлларимиз эъзозланадиган қутлуғ байрам билан барчангизга, энг аввало, тани сиҳатлик, узоқ умр, бахт-саодат, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, дастурхонингизга қут-барака, юртимиз равнақи, фарзандларимиз тарбияси йўлида олиб бораётган ишларингизда улкан ютуқлар тилаймиз. Қалбингиздаги жамики эзгу ниятларингиз ижобат бўлсин, фарзандлар камолини кўриш, аёллик, оналик бахти барчангизга насиб этсин. Байрамингиз муборак бўлсин!

Манзурахон ЮНУСОВА,

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

ЎЗБЕК АЁЛИ

Ким Сизни баҳорга, нурга ўхшатар,

Заминга, чаманга, ҳурга ўхшатар,

Қалбингиз гавҳарга, дурга ўхшатар,

Сиз ерда порлаган қуёшсиз асли,

Мунис, мукаррама ўзбек аёли!

 

Она Ватан, она халқ, она тили -

Энг улуғ сўзларга пайваста дилли,

Сиз бор олам турар толеи кулиб,

Қорачиқда ниҳон кўзёшсиз асли,

Мунис, мукаррама ўзбек аёли!

 

Оилани азиз, муқаддас этган,

Фарзанд бахти учун жонини тутган,

Сув келса симириб, тош-ғамни ютган,

Ўтдан омон чиққан бардошсиз асли,

Мунис, мукаррама ўзбек аёли!

 

Гоҳ сўздан тонсалар аҳди ёлғонлар,

Миннатга айланса ризқи ёвғонлар,

Тор келса замонлар, манзил-маконлар,

Тўмарис момога сафдошсиз асли,

Мунис, мукаррама ўзбек аёли!

 

Самода порлаган қуёшсиз асли,

Юракларда ёнган оташсиз асли,

Садоқат тимсоли, бардошсиз асли,

Момо Ҳаводек ҳур, нурпошсиз асли,

Мунис, мукаррама ўзбек аёли!

 

ХУРШИДАБОНУ

Йўловчи

Ҳаётни янада яқинроқ ва ранг-баранглигини кўриш учун дунёни кезмоққа чиққан навқирон йигит бир ўлкада овозадор олимни зиёрат этди. Сайёҳ олим яшаётган уйнинг тўрт девори китоблардан тикланганини кўрди. Fоят ҳайратда эди у. Буни қандай тушунишни билмасди. Чунки китобдан бошқа девор йўқ эди. Fалати ҳиссиётлар билан хонани яна кўздан кечирди. Ерда бир тўшама шолча, китоб-девор остида ётоқ вазифасини ўтайдиган тапчан, ўртада китоб ўқиш учун таглик ва ўриндиқдан бошқа ҳеч нарса йўқ эди.

- Нега ҳеч нарсангиз йўқ? - деб сўради қизиқиш билан олимдан.

Олим қўллари билан бор-бисотини кўрсатди:

- Мана, бор-ку нарсаларим. Нега ҳеч нарсам бўлмасин?

- Билмасам... Юмшоқ ўриндиқларингиз, жавонларингиз... Уларни қаерга қўйгансиз?

Олим билинар-билинмас кулимсиради ва бу саволга жавоб ўрнида сўради:

- Ўғлим, сенинг ҳам кўп нарсанг йўқ-ку! Фақат орқангга осиб олган юк халтанг бор, холос. Сенинг нарсаларинг қаерда?

Ёш йигит ўзини ҳимоя қилиш учун жавоб берди:

- Кўряпсиз-ку, мен сафарга чиққан бир йўловчи бўлсам...

Донишманд олим тасдиқ маъносида бошини ўйнатди ва табассум билан:

- Мен ҳам, болам, бу дунёда бир йўловчидирман...

Умида тайёрлади.

ТОШБАҒИР БЎЛМАЙЛИК

Ҳаёт - ибрат мактаби

Ижодга, бадиий адабиётга қизиққаним боис, газета таҳририятларига тез-тез бориб тураман. Баъзан турли топшириқлар оламан, мухлислардан келган хатлар билан танишиб чиқаман. Шундай кунларнинг бирида чекка бир қишлоқдан келган тенгдошимнинг мактуби диққатимни тортди...

" - Дунёга келганимдан буён бахт нелигини ҳис қилишни орзу қилиб яшайман. Кўзлари қувончдан порлаган инсонларни кўрсам, қалбимга қандайдир аланга тушади. Ўйлайман. Бироқ саволларимга жавоб топа олмайман. Балки тақдирим ҳақида эшитгач, сиз бунга хулоса ясашга уриниб кўрарсиз. Ҳаётда ҳеч бир инсон хатолари туфайли ўзга бир инсон кўнглининг вайрон бўлишига йўл қўймасин.

... Қоронғу хона, занглаган каравот, анчадан бери ювилмаган, сарғайиб кетган чойшаб. Хонани зах ҳиди тутган. Ёмғир ёққан кунлари тешик томдан ўтаётган чакканинг товуши эшитилиб туради. Анчадан буён инсон қўли тегмаган полдаги чанг кўзга ташланади. Оёғи синиқ стулнинг устида эски телевизор бор, у менинг сирдошим. Чунки ўша телевизор мени худди одамлар билан бирга яшаётгандек ҳис қилишимга ёрдам беради. Шу тўрт тарафи девор билан ўралган олам - меники. Айтишларича, ота-онам эрта турмуш қуришган, ҳам қариндош бўлишган экан. Шу сабабдан, менинг бир оёғим калта, ногирон бўлиб туғилган эканман.

Улғайганим сари дард        кучайиб борди, ўн ёшимгача ўқиш-ёзишни ўрганиб олдим. Айни ўйнаб-куладиган даврим, ўн-ўн икки ёшимда тўшакка михланиб қолдим. Эрта-ю кеч ишда бўлганликлари сабаб, ота-онамнинг менга қарагани вақти ҳам, хоҳишлари ҳам йўқ эди гўё. Биз алоҳида уйда турар эдик. Шунинг учун улар менга энага ёллаб, ўзлари шаҳарга ишлагани кетишарди. Баъзида уч кунда бир, баъзида бир ҳафтада бир келиб мендан хабар олишар, емоқ-ичмоқ олиб келишар, бундан мен жуда хурсанд бўлар эдим. Минг афсуски, онажоним мен билан узоқроқ бирга бўлса, узоқ суҳбатлашса янада хурсанд бўлишимни билмасди. Унинг асаблари таранг, сал нарсага жаҳл қилиб бақириб берарди. Шунданми, онамдан бирор нарса сўрашга ботина олмас эдим, очиғи, бундан чўчирдим.

Тўғри, бунинг учун ота-онамни ёмон дея олмайман, тирикчилик, яшаш керак. Менинг шундай кунларни кўришимга сабабчи бўлганликлари учун уларни айбламайман. Мен ҳаётимдан нолимайман, нолий олмайман, сабаби бу - менга Худо томонидан битилган тақдир. Ҳозир ёшим йигирмада. Жондан азиз инсонларим - ота-онамни жуда кам кўраман.

Аммо, онамни, дадамни соғинаман, уларнинг қандай яшаётганликлари билан қизиқаман. Мени ҳам соғинишармикан, деб ўйлайман. Менинг шуурим, дунё ҳақида билганларим ногирон фарзанди учун бахтидан кечган онаизор, фарзандларини ўгай онага раво кўра олмай дунёдан тоқ яшаб ўтаётган ота, боласига ёруғ дунёни кўриш бахтини ҳадя этиш йўлида ўзини қурбон қилган муниса аёл, ногирон бўлса-да битта "тирноғи" бўлишини орзулаб ўтган бефарзанд кимса ҳақидаги ҳикоя ва эртаклар билан улғайган.

Ҳатто, алла эшитганимни эслай олмайман, онам алласини соғинаман, ота меҳри, суянчи нималигини ҳис этишни истайман. Бунинг иложи бормикан? Бу энди менга бир умрлик армон бўлиб қоладими? Бу каби саволлар юрагимни тилка-пора қилади.

Яқиндан буён эса ҳар куни Яратгандан бир нарсани сўраб дуо қилаяпман: эй Оллоҳ, ўзинг меҳрибонсан, ҳар куни мен билан дилдан гаплашувчи зот сенсан, мени яратганинг учун тасаннолар айтаман. Аммо бир илтимосим бор: отажоним, онажоним билан бирга яшайлик, менга, оиламизга ана шундай бахтни насиб эт. Уларга инсоф бер! Шундагина менинг бу ҳаётда армоним қолмайди.  Fам ва андуҳлардан титраётган вужудим эркин нафас олади...".

...Мактубни ўқиб, ғоят таъсирландим. Ҳозир айнан менинг ёшимда бўлган тенгдошимнинг ҳолати ҳар қандай инсонни  қайғуга солиши табиий. Нима учун у бундай ҳолатга тушиб қолди? Наҳотки ота-онаси, ногирон фарзандига шунчалар бемеҳр бўлса? Дунёда қанчадан-қанча меҳрга муҳтож, имконияти чекланган инсонлар яшайди. Нафақат ота-она, балки етти ёт бегона кишилар ҳам бундай инсонларга ёрдам қўлини чўзадилар. Айниқса, давлатимиз, яхши инсонлар бундай одамларни асло ёлғизлатиб қўймайди.  Аммо ўз хатолари сабаб, ногирон бўлиб туғилган жигарбандини ёлғизликка маҳкум этган, ундан меҳрини дариғ тутган ота-онадан нафратландим. Ўз фарзандини шундай ҳолга ташлаб қўйиш учун инсон ўта тошбағир бўлиши керак. Орамизда шундай инсонларнинг борлиги миллатимиз учун иснод эмасми?

 

Мактубни оққа кўчирувчи

Зарнигор ТУРСУНОВА,

 

Андижон давлат университети  талабаси.

"ОТА" ДЕМОҚЛИК БАХТИ

Турмуш чорраҳаларида

Халқимизда "Бирни кўриб фикр қил, мингни кўриб шукр қил", деган мақол бор. Унинг маъносини бир воқеа туфайли теран англадим. Шу лаҳзада нафақат фикр ва шукур қилдим, балки "ота" деб атамоқлик, айта олмоқлик ҳам улкан бахт эканлигини тушундим. Ўзимни дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири деб ҳисобладим.

Ўтган воқеалар инсонларни мушоҳада қилишга, кимнингдир хато ва камчиликларидан сабоқ олишга ундаши аниқ. Шу боис, уларни сизга ҳам айтиб бермоқни лозим топдим.

Юқори синфда ўқир эдик. Бизга оталар, ҳаётимиз устуни бўлган эркаклар ҳақида ижодий иш ёзиб келиш уйга вазифа сифатида топширилди. Бир-биримиздан ўзиш учун барчамиз келгуси дарсгача ҳеч кимга ўхшамаган, энг зўр "асар" ёзишга киришиб кетдик.

Ниҳоят, орадан бир ҳафта ўтиб, дарс бошланди. Навбат билан доскага чиқиб "шоҳ асар"ларимизни ўқишга киришдик. Ҳар кимнинг ёзган иши ҳар хил. Кимдир шеър, кимдир бадиа, кимдир ҳикоя, яна кимдир ташаккурнома ёзган. Ҳамма отасини улуғлаган, унга раҳмат айтган, шундай отаси борлиги учун шукрона келтирган эди. Навбат Робияга келди. У турган жойида бошини ерга эгди-ю:

- Домла, мен тайёр эмасман, - деди.

Ҳамма ҳайрон. Ахир, шу    пайтгача бу каби ижодий ишларда у ўзининг ажойиб топилмалари, қизиқарли сюжетлари ва таъсирчан ҳикоялари билан ҳаммамизни ортда қолдириб келарди. Бугун ҳам ўқитувчимиз унинг      фамилиясини ўқиши биланоқ юрагимиз шувиллаб, мағлубиятимизни тан олиб ўтирардик. Бироқ, унинг берган жавоби бизни лол қолдирди.

- Сабабини билсам бўладими? - Муаллимимиз бир оз қаҳрли овозда гапирар экан, жаҳли чиққанини яшириб ўтирмади.

Робия жим.

- Гапирасанми ёки шундай жим тураверасанми? Гапир, нега тайёр эмассан? Ё вақтинг етмадими?

- Вақтим кўп эди. Лекин...

Биз ўқитувчига, ўқитувчи эса Робияга қаради.

- Хўш, бунга сабаб нима?

Робия бир муддат жим турди. Кейин худди бор кучини тўплагандай чуқур нафас олди-ю, ердан кўз узмаган ҳолда жавоб берди:

- Сиз ўз оталаримизни улуғловчи ҳикоя ёзишни топширган эдингиз. Бу эса менинг қўлимдан келмайди.

Ҳамма гап нимадалигини тушунгандай жим қолди. Робия эса гапида давом этди:

- Мен эсимни таниганимдан буён отам улуғлаб ёзишимга арзирли иш қилганини эслолмайман. Болалигимдан уни онамни, опаларимни, мени аёвсиз калтаклайдиган қаҳри қаттиқ, ароқхўр сифатида таниганман. Бирор кунимиз йўқки, уйимизда ҳаловат бўлса. Бу гапларни гапириш мен учун оғир. Лекин ҳақиқатдан юз ўгириб бўлмайди.

Нима қилай, шунақанги одамнинг фарзанди бўлиш пешонамга ёзилган экан... Ҳатто, буни маҳалламиз аҳли биларкан. Бора-бора мактабда ҳам болалар "Сенинг даданг ароқхўр-а?" дея масхаралашадиган бўлишди. Уларнинг гаплари жон-жонимдан ўтиб кетарди. Шу каби гап-сўзлар туфайли мактабдан уйга йиғлаб келардим. Бора-бора дадам бизникига умуман келмай қўйди. Биз онамнинг қўлига қараб қолдик. Ейиш-ичиш, турмуш тарзимиз қийинлашди. Отамизнинг йўқлиги боис, опаларим турмушга чиқишда тўсиқларга дуч келишди. Бироқ, Яратганнинг марҳамати билан, опаларим турмушларида обрў топиб, тиниб-тинчиб кетишган.

...Мен ҳам отамни ёмон демайман. Нима бўлганда ҳам у менинг падари бузрукворим. Бироқ, мен "ота" деган номни  бошқалар каби меҳр билан, шукроналик ва бахтиёрлик билан айта олмаслигимдан ўксинаман. Ота тўғрисида берилган мавзу юзасидан ёзишга кўп бор ҳаракат қилиб кўрдим, аммо юрагимдаги алам-у ўкинчлар тўсқинлик қилди. Кўнглимдаги армонларни айтяпман-у, лекин ҳамма оталар шундай дея олмайман, кам бўлса-да, уларнинг борлиги рост. Демак, мен каби қалби ярим фарзандлар ҳам йўқ эмас...

...Робиянинг ўкинч билан   айтган гапларини тинглаб ўтирардик. Синф сув қуйгандай жим-жит бўлиб қолди. Унинг изтироб билан сўзлаб берганлари бизни чуқур ўйлашга ундади, кўнглимизни вайрон этди..

Бу сафар ҳам биринчилик Робияга насиб этди. Ўқитувчимиз унга энг юқори баҳо қўйиб берди.

...Қўлимга қалам олиб, ушбу ҳикояни ёзишимга фақатгина Робиянинг отаси ҳақидаги сўзлари сабаб бўлмади. Чунки, орадан ўтган бир неча йил мобайнида мен бу каби ҳикоялардан яна кўпини тингладим. Аввалига "қарс икки қўлдан чиқади", деган фикрга бордим. Бироқ, кейин ўзим ҳам икки бора бунга ўхшаш воқеанинг гувоҳи бўлгач, ёзишга қарор қилдим. Ахир, ҳаётдаги баъзи иллатлар, айниқса, болаларнинг тирик етим бўлиб қолишлари ана шу каби калтаўй оталарнинг қилмишлари асорати эмасми? Ўз отасидан меҳр кўрмаган  фарзанднинг келажаги қандай бўлиши мумкин? Боши эгик, кўнгли ўксик болаларнинг қўрқув билан, ташвиш билан, кўз ёш билан ўтиб кетган, увол бўлган болалигини қайтариб бўладими?

 

Феруза УСМОНОВА

 

 

Қайси фаслда туғилганлигига қараб, инсон феъл-атворини билиш мумкин

руҳият  манзаралари

Инсоннинг қайси фаслда туғилганига қараб, унинг феъл-атворини билиб олиш мумкин экан. Қуйида психологлар томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, инсон характерининг йил фаслларига боғлиқлиги хусусида сўз юритилади. Бу ҳақда билиб қўйиш фойдадан ҳоли бўлмайди. Демак...

Баҳор фаслида туғилган инсонлар жисмоний ва руҳий жиҳатдан нозикроқ, тез касал бўладиган, салга ранжийдиган бўлишади. Бу инсонлар табиатан жиззаки, қатъиятсиз, кўпинча ўзларинигина ўйлайдиганлар тоифасидан. Уларнинг кўпчилиги жудаям иқтидорли, аммо ўзларига ишонмаганликлари туфайли бирон бир соҳада лаёқатларини юзага чиқаришга қийналадилар. Ҳазилни яхши тушунади, хотиралари эса мустаҳкам бўлади.

Март ойида туғилган эркаклар     ташқи кўринишларига алоҳида аҳамият беришади. Улардан яхши ташкилотчилар чиқади. Баҳорда туғилган болаларга ўзларидаги руҳий ва жисмоний нозикликни енга олишлари учун оғирроқ исм қўйиш лозим.

Ёзда туғилган кишилар меҳрибондирлар. Шу билан бирга баъзилари иродалари суст ва қатъиятсиз бўлади. Улар ҳиссиётларга тез берилувчан ва таъсирчандирлар. Таваккалчиликни ёқтирадиган, тиришқоқ бўлади. Ўз қадр-қимматларини яхши биладилар. Болаларни севадилар, табиат ва ҳайвонларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлади, санъатни яхши тушунадилар.           

Ёзда туғилган болаларга ҳам жиддийроқ исм қўйиш тавсия этилади. Чунки исм уларни кутилмаган омадсизлик ва бахтсизликдан ҳимоя қилади.

Кузда туғилган кишилар кўп қиррали хусусиятларга эга бўлишади. Улар мулоҳазали, жиддий, ҳар томонлама қобилиятли эканликларини намоён этдилар. Ишлари, ҳаётлари давомида тўплаган тажрибаларини қадрлайдилар ва турмушда уларни осон қўллай оладилар, ўтмишда қилинган хатоларни ҳеч қачон такрорламайдилар. Ҳар бир ишни шошилмасдан, бамайлихотир ва яхшилаб ўйлаб амалга оширадилар. Ақли теранлиги учун "куз одамлари"дан уддабурон одамлар чиқади.

Бу фаслда туғилган болаларга уларнинг феъл-атворига салбий таъсир кўрсатмайдиган ҳар қандай исмни қўйса бўлади.

Қиш фаслида туғилганлар табиатан иродали, аниқ мақсад сари олға интилувчан, иқтидорли, чуқур фикрловчи бўладилар. Аммо уларнинг оиласи ҳавас қиларли даражада бахтли бўла олмаслиги мумкин. Чунки ушбу фаслда туғилганлар оилада доимо муаммолар келтириб чиқаришади. Бунга "қиш одамлари" шахсиятидаги чиқиша олмаслик, бировга ён бермаслик, бўш келмаслик каби хусусиятлар сабаб бўлади. Улар арзимаган нарсалар устида соатлаб баҳслашишади ва баҳс-мунозарада устун келишади. Кўпчилигининг феъли тез, қаҳри қаттиқ ва қатъий бўлади.

Қишда туғилган аёлларнинг кўпчилиги эркакча феъл-атворга эга, кўп нарсаларга қизиқувчан бўлишади. Характердаги қаттиқликни юмшатиш учун қишда туғилган болаларга қувноқроқ исм қўйиш тавсия қилинади.

 

Муҳайё тайёрлади.