+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

-Маҳалланинг керакли одами бўлиш улкан бахт, - дейди маслаҳатчи Одинахон Исроилова.

Маслаҳатчи Одинахон опани излаб идорага борганимда, унинг ногиронлар ҳолидан хабар олгани кетганини айтишди. Хайрли ишнинг йўлини тўсмаслик учун кутишга қарор қилдим. "Маҳалла фуқаролар йиғини ишлари билан танишаман, маҳаллани ўрганаман" дея хаёлладим...

Булоқбоши туманидаги   "Зарғалдоқ" маҳалласида 4650 нафар аҳоли истиқомат қилар экан. Олтита кўчадан таркиб топган фуқаролар йиғинида 812 хўжалик мавжуд, уларда 1301 оила яшайди.

- Зарғалдоқ маҳалласи аҳолиси асосан деҳқончилик билан шуғулланишади, - дейди маҳалла раиси Мунисхон Адамова. - Бундан ташқари, маҳалламизда узумчилик ҳам яхши ривожланган. Одамларимиз оила, бола-чақасидан ортганини бозорга олиб бориб сотади, элимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшади.  Ҳар бир хонадонда камида битта, яхши даромадли оилаларда эса бир нечта қорамол бор. Баҳорда саримсоқ ерга санчилдими, аҳоли хонадонларига даромад киришни бошлайди.

Одинахон опа ғайрати ичига сиғмайдиган, бир ишни бошласа тинчимайдиганлар хилидан экан. Унинг бугун мисолидаги кун тартибини кўриб, ўзбек аёли меҳнаткаш  ҳилқат, агар хоҳласа ҳам ишни, ҳам оилани бемалол уддалашининг гувоҳи бўлдим.

- Бугунги кун маҳалла маслаҳатчиси Юртбошимиз таъкидлаганларидек, керак бўлса 20 соатлаб ишлаши керак, - дейди Одинахон опа. - Ҳозир биз янгиланишлар, ислоҳотлар палласидамиз. Халқимиз биздан кўп нарса кутяпти. Маҳалламиз ҳудудида 89 нафар ногиронлиги бўлган фуқаролар рўйхатда туради. Бугун шу ногиронлар ҳолидан хабар олиб юрибмиз. Уларнинг шароитларини ўрганиб, муаммоларини ечяпмиз. 2 нафар юролмайдиган фуқаромизга ногиронлик аравачалари топширдик. Бундан ташқари, 5 нафар шаръий никоҳли оила бор эди. Бугун шулардан 2 нафарининг ФҲДЁ бўлими орқали никоҳларини расмийлаштирдик, 2 низоли хонадонга имом-хатиб билан бориб, яраштирдик.

Одинахон Исроилова "Зарғалдоқ" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат ва ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб 2014 йилда сайланган. Шундан буён маҳалланинг тўй-маросим, йиғин ва маъракаларида бош-қош бўлиб келмоқда. Оилани яраштирган ҳам, тўйи ва азасига аралашган ҳам, уйланаётган йигитларга "тўйдан кейин Россияга кетмайсан!" дея дангал шарт қўяётган ҳам маслаҳатчи Одина опа бўлади.

- Менинг уйим дарвозасининг қулфи йўқ, - дейди Одина опа. Чунки, хоҳ кечаси бўлсин, хоҳ кундузи, одамлар бемалол эшик қоқиб келишади. Бахтимдан ўргилайки, турмуш ўртоғим Миродил ака ўзимга ўхшаш. Бир оилада нотинчлик бўлса, мендан бурун отланиб туради. Одамларга керакли бўлиш нақадар бахт, улкан савоблигини яхши тушунади.

 Маслаҳатчи маҳалладаги 2350 нафар аёлнинг, 1147 нафар вояга етмаганларнинг қалбига йўл топа олди. "Зарғалдоқ"да кейинги уч йил мобайнида аёллар ўртасида ҳам, вояга етмаганлар ўртасида ҳам жиноятчилик, безорилик, диний оқимларга қўшилиб қолиш ҳолатлари, эрта никоҳлар қайд этилмади. Бунинг сабабини маҳалладагилар маслаҳатчининг профилактика инспекторлари, имом, отинойи, дастурхончи, жамоатчилик кенгаши аъзолари, таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги ишлари самараси, дея баҳолайдилар.

- Маҳалламизнинг 30 фоизини қирғиз миллатига мансуб фуқаролар ташкил қилади, - гапини давом эттиради Одина опа. - Лекин кўз тегмасин, бирон марта ўзбек-қирғиз орасида жанжал ҳам, тортишувлар ҳам келиб чиқмаган. Сабаби, қувончу ташвишимиз бир, динимиз, маслагимиз бир. "Ўзбекистон - умумий уйимиз" шиори остида тез-тез тадбирлар ўтказиб турамиз. Агар тўю маъракамизда қирғиз қўшниларимиз кўринмаса, ўзимизни қўйгани жой топа олмаймиз. Мен масалан,    қирғиз миллатига мансуб фуқаролар билан ёнма-ён, аҳил-иноқ, ҳамдўстликда яшаётганимдан бахтиёрман.

О. Исроилова тумандаги  маҳалла маслаҳатчилари учун кўргазмали семинар ўтказди. Семинар ўтказиладиган жой ҳам ажойиб. Тўй бўлаётган хонадон. Олди-берди, турли тўй маросимлар, ҳаражатлар ихчамлаштирилган бу семинар қатнашчиларга ҳам манзур бўлди. "Ҳозир Булоқбошининг тўйлари анча тартибга келиб қолди", - дейди кулиб Одина опа.

Одинахон маслаҳатчи самарали фаолияти, элу юрт фаровонлиги йўлидаги меҳнатлари учун ўтган йили "Ўзбекистон Республикаси Конституциясига 25 йил" кўкрак нишони билан тақдирланди.

 - Мукофотни олган куним маҳалламга қайтаётганда, кўксим фахр-ифтихорга, кўзларим эса ёшга тўлди. Бахтимдан, қувонганимдан йиғладим. Бу нишон менга улкан масъулият юклаган, мен унга муносиб бўлишим керак, - дейди Одина Исроилова.

 

Муаззам ИБРОҲИМОВА 

Қишлоқ аёллари тиббий кўрикдан ўтказилди

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар қаноти кенгаши ташаббуси билан Олтинкўл туманидаги 42-оилавий поликлиникада туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар учун тиббий кўрик ташкил этилди.

Вилоят Она ва бола скрининг маркази мутахассислари, Олтинкўл тумани тиббиёт бирлашмаси гинекологлари ҳамда 42-оилавий поликлиника шифокорлари иштирокида ўтказилган тадбирда Оқтепа қишлоғидаги бешта маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи хотин-қизлар жалб этилди.

Тиббий кўрик давомида 42-оилавий поликлиника рўйхатидаги 4100 нафардан зиёд туғиш ёшидаги аёллардан 300 нафари скрининг текширувидан ўтказилди. Уларнинг 167 нафари ҳомиладор аёллар бўлиб, аниқланган хасталиклар бўйича 1 нафари стационар, 25 нафари амбулатор даволанишга жалб этилди. Шунингдек, келинларга ҳомиладорлик даврида доимий шифокор назоратида бўлиш, зарур тиббий кўриклардан ўтиш зарурлиги хусусида тушунчалар берилди. Аёлларнинг тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган суҳбатлар ўтказилди.

Партия Аёллар қаноти ҳамда вилоят Она ва бола скрининг маркази ҳамкорлигидаги бу каби тиббий кўриклар жойларда давом этмоқда.

Умидахон ИСАЕВА,

O'zLiDeP Андижон вилоят Кенгаши Аёллар қаноти бўлими мудири.

Бош вазир ўринбосари қўрFонтепалик аёллар ҳузурида

Янгиланиш жараёнлари билан танишиш мақсадида вилоятимизга Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, республика Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева ташриф буюрди.

Куни кеча Т.Норбоева Қўрғонтепа туманида бўлиб, туманда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди. Хусусан, Савай қишлоғидаги аҳоли дам олиш масканида ўтказилган концертда қатнашиб, қишлоқ аҳолисининг қувончига шерик бўлди.

"Андпахтатекс" масъулияти чекланган жамиятига қарашли тикув-трикотаж цехининг очилиш маросимида қатнашди. Айни кунда 120 нафар қишлоқ хотин-қизлари меҳнат қилаётган ушбу цех фаолияти билан танишди. Шунингдек, тумандаги тадбиркор ва фаол аёллар билан дилдан суҳбатлашди. Шу кунлари ногиронлар, "Мурувват уйи" тарбияланувчилари ҳолидан хабар олиб, уларга совға-саломлар улашди.

 

 

Нафиса МУСАЕВА

КЎКЛАМ

Ўсиб қолди куннинг бўйлари,

У тун билан тенглашиб қолди.

Гуллар тутиб, туҳфалар бериб,

Офтоб билан ярашиб олди.

 

Бинафшаранг кўйлагин кийиб,

Бошга кўркам дуррани ўрар.

Гул косага сумалак қуйиб,

У бодомнинг аҳволин сўрар.

 

Елка қисиб турган  дарахтнинг

Қорин қоқди  шамолга айтиб.

Яна мудраб ётганин кўрса,

Адабини беради қайтиб.

 

Улгуриши керак, шу мартда

Дугонаси - чечакнинг тўйи.

Янги кундан умиди катта,

Анча ўсиб қолди-ку бўйи...

МУНАВВАРА

КУЗ ХАЗОНИДАЙ ТЎКИЛГАН ОРЗУ...

Яна тонг отди. Бироқ бу тонг бошқача. Нурия ҳар доимгидан бошқача кайфиятда.Унинг кайфиятини тонг саҳарлаб сайраб турган чумчуқларнинг чириллаши-ю, хўрознинг қуқулаши ҳам буза олмасди. Кийиб олган кийими ўзига ярашганлиги порлаб турган кўзларидан сезилиб турарди. Буларнинг сабаби, у неча йиллик орзуси бўлган талабалик бахтига эришганди.

Нурия узун кокиллари товонини ўпадиган кўркли, хушфеъл, ширинсўз, ҳаёли қизлардан бири. Унинг орзуси уч йил деганда ушалди. Унгача юрган йўлида, турган ўрнида ҳатто, тушларида ҳам математик мисолларни хаёлан ишлаб юрарди. Унинг фикрича, математика фанларнинг отаси экан, аммо бу фанни ҳамма ҳам суявермайди.

 Нурия ҳаммадан олдин, шошиб-пишиб нонушта қилди-ю уйдагилари билан хайрлашмай ҳам кўчага отилди. Автобус кутаркан, ҳар бир минут унинг назарида бир соатдек ўтарди. Такрор-такрор соатга қарайди. Юраги потирлаб ошиқарди, не қилса ҳам неча йиллик орзуси ушалди.

 Шошилганидан дазмолни ўчириш ёдидан кўтарилгани унинг хаёлига келмасди. Нурия уйидан узоқлашаркан, энди ҳеч қачон азиз ота-онасини кўрмаслигини билмасди. Нурия оилада ёлғиз фарзандлиги туфойли ота-онаси уни ер-у кўкка ишонмай катта қилган. Унинг шошқалоқлиги, хаёллар оғушида сархушлиги ҳали эллик баҳорни қарши олмаган Қосим ака ва Муслима опанинг ҳаётига зомин бўлиши тақдирига битилган битик экан. Нурия ўчиришни унутган дазмол икки соатлар ўтиб, портлаб, уйга ўт кетди. Қосим ака анча йилдан буён оёқлари ишламай бир жойда бўлиб қолган эди. Бу пайтда Муслима опа у-бу олиб келиш учун қишлоқ марказига, дўконга кетганди. Уй ичида бўлганлиги учун Қосим аканинг бақирганини ҳеч ким эшитмади.

Бу орада аланга тобора кучайиб, уй ичи заҳарли тутунга тўлиб борарди. Муслима опа  уйига қайтар экан, узоқдан тутунни кўриб, дод деб уйи томон югурди. Унинг бақирганини эшитган қўшнилар ҳам уй тутун ичида қолганини кўриб ўша томонга югурдилар. Муслима опа ҳеч кимга қарамай эри ётган уйга, аланга ичига ўзини отди. Уйга югуриб кирганда унинг бошига нимадир қаттиқ  урилиб ҳушини йўқотди. Одамлар келиб, уларни хушсиз ҳолда тутун ичидан олиб чиқишди. Бу орада тез ёрдам, ўт ўчирувчилар етиб келишди. Афсуски, кеч бўлганди. Заҳарли тутун ичида узоқ қолиб кетган икки инсон бу фоний    дунёни тарк этганди.

... Нурия олийгоҳ қаршисида. Ана энди у учун вақт бутунлай тўхтаб қолганди, гўё бутун университет унинг учун безатилгандек. У бундай бахтдан сархуш эди. Олдида турган кўркам зинага биринчи қадамини қўяркан, бехосдан телефони жиринглаб қолди.

- Алло, алло ким бу?..

Бирдан жимлик, қўрқув, қай бири англаб бўлмайди, лаблари титрар, бир сўз айтмоққа журъат  етмасди. Нохуш хабардан қалби вайрон бўлган қизнинг орзулари ҳам ёниб аланга олди. Қиз шошиб, университетдан уйга қайтаркан, гўё тубсиз жарликка қулагандай бўлди. Етиб келгач, қаршисида уй ўрнида вайрона қолганди, холос. Бутун орзу умидини, волида-ю, суянчиғини ёндириб юборган аланга энди юраги-ю қалбини музлатиб қўйганди. 

Давлатой ОДИЛЖОНОВА,

 

Андижон шаҳри.

УЙFОНГАН ВИЖДОН

Турмуш чорраҳаларида

Дониёрнинг эрталабдан кайфияти йўқ. Ҳовлининг ўртасидаги машинага қараб айвонда ҳалитдан бери хаёл суриб ўтирибди. Ахир у шу машинани қайнотасидан сўрабдими? Нега қайнотаси бундай қилди? Шундай хаёллар Дониёрни яқин ўтмиш хотирасига бошлади.

Ўшанда Дониёр энди институтга кирган, талабалик дунёсига қадам қўйган эди. У ўша пайтда Раънони учратишини, унинг ўтли қараши қанча ошиқларнинг юрагини ёндиришини қаердан ҳам билибди. Агар билганида у ҳам ўтли нигоҳлар асири бўлмасди. Нима бўлди-ю, олийгоҳ гўзали Раънога Дониёр ошиқ бўлди-қолди. Албатта, юраклар бир-бирига интилса, шу муҳаббат экан. Лекин улар ўртасидаги тафовут бойлик билан ўлчанганини Дониёр кейинроқ билди. У тўртта синглисининг ҳаётига кўмаклашишда ота-онасига тиргак эди. Раънонинг ота-онаси уларнинг тўйига қаршилик қилишгандек бўлди. Аммо кейинчалик Раънонинг дадаси Дониёрга кўп такаллуф қиладиган бўлиб қолди. Шундай қилиб тўй бўлди. Аввалига оила яхши яшай бошлади. Бироқ кейинроқ Раънонинг "синглинг у деди, онанг бу деди" дейишлари Дониёрнинг ҳамиятига тега бошлади. Бу орада у институтни битираётган талаба эди. Бир куни оқшомда Раънонинг дадаси келиб қолди. Салом-аликдан сўнг сўрига омонат ўтирган қайнота Дониёрга бир қур назар ташлаб, гап бошлади:

- Мана, ўғлимиз Дониёржон ҳам институтни битирай деб қолди. Худо хоҳласа, катта фирманинг бошлиғи бўлади, - деб Дониёрнинг елкасига бир-икки уриб қўйди. Сўнг қудасига юзланиб:

- Энди, қуда, шу икки ёшнинг бахтли бўлиши учун қўлимиздан келганини қиляпмиз. Келинг, шу иккиси алоҳида яшаб кўришсин, - деди-ю, бургут қараш қилиб, атрофдагиларга аланглади. Тўғриси, Дониёр ҳам, қудалар ҳам бу хил таклифни кутмаган эди. Шу суҳбатдан сўнг бир ҳафтага қолмай, Раънонинг дадаси тақдим этган уйга келин-куёв кўчиб ўтишди.

Лекин Дониёрнинг виждони олдидаги иқрори анча аччиқ бўлди. Чунки ота-онаси, сингиллари унинг кўз қаърига чўкиб кетгандай эди. Бу ҳис Дониёрнинг ичини, юрагини тобора кемириб борарди.

Ҳа, янги уй шаҳар марказида, баҳаво жойда эди. Энди Раъно ҳам аввалгидай эмасди. Дониёр эса ўз ишлари билан банд. Чиндан ҳам орадан анча вақт ўтиб, Дониёр катта фирманинг бошлиғи бўлди. У "Уйга қайтайлик" деган сўзига Раънодан рад жавобини олди. Орадан йиллар ўтди. Дониёр ота-онаси билан бирга сингилларининг тўйини ўтказди. Доим улар билан бирга бўлишни истади. Лекин начора, уйда фақат ота-онаси мунғайиб қолди.

Қайнотаси Дониёрнинг амал курсисидан, албатта, бебаҳра бўлмади. Аммо Дониёрнинг қаноти қайрилган, виждон азоби уни бора-бора алам чоҳига етаклаётганини ҳис этарди. Бугун эса янгигина машинанинг калитини қўйиб кетибди. Йигитнинг кўксида анча йиллардан буён биқиниб ётган ва уни ҳар нафасда қийнаётган виждон оғриғи кучайди. Якка-ю ёлғиз ўғлини бойлик ва мансаблар эвазига қудасига бериб юборганидан, ўғли бу ҳолатга кўникиб қолганидан ўкиниб, алам тортиб юрган ота-онасининг сўлғин ва армонли сиймолари кўзига кўриниб кетди. "Ота-она - ғанимат" деган нақл ёдига тушди.

"Наҳотки, ҳаётим шундай кечса, наҳот, мен бойлик, мансаб, чиройли ҳаётни деб туғишганларимни ташлаб кетдим. Китобларда ана шундай одамлар ҳақида ўқиб, улардан нафратланардим. Энди ўзим худди ўшандай инсонлар қаторида турсам? Хўш, мен кимман? Эрки ўзгалар қўлида бўлган одамман. Ёки вужудимга сабаб бўлган, мени не-не умидларда вояга етказган ота-онамнинг умидларини сўндирган нотавонман.

Ана шундай ўйлар исканжасида Дониёрнинг юрак уруши тезлай бошлади. Юзига қон югурди, кўнгли беҳаловат бўла бошлади. Юрагида неча йиллар қатланиб ётган армон порт-лагандай бўлди. У хотинининг қўлидан машина калитини олди-ю, уни ҳайдаб, катта йўлга чиқиб олди. Шу кетишда у қайнотасиникига елиб борар, унга айтмоқчи бўлган гапларни хаёлидан ўтказарди.

 

 

Олтиной  ТОШПЎЛАТОВА

ЁМҒИР

Ҳикоя

Чорак соатча йўл бўйида туриб қолган жувоннинг ёнига лимон ранг "Нексия" келиб тўхтади.

- Тавба, дуо кетганми, Қирчага бирорта машина унамаса-я? - жувон орқа тарафдаги бўм-бўш ўриндиққа ўрнашиб олгач, норози оҳангда тўнғиллади.

- Йўли у томонларга тушмагандир-да, мана биз ўша ёққа боряпмиз, - шодон кайфиятда сўз қотди кўринишидан чаққон, қотмадан келган, кўзлари зийрак ҳайдовчи йигит, сўнг қўшиб қўйди, - мана бу акамиз ҳам Қирчага кетяпти.

Машина ўрнидан енгил қўзғалди.

Жувон боядан бери хаёли ўзида бўлмагани учунми ё зеҳн солмаган эканми, ҳайдовчининг қабатида ўриндиқни тўлдириб ўтирган келишган йигитга беихтиёр қаради-ю, юраги "шув" этиб кетди. Йигит ҳам машина кўзгуси оша ранги ўчинқираган жувонга назар солиб, кўнгли алланечук бўлди. Кўнгил амрига қарши боролмай, чап елкаси оша орқа ўриндиққа ўгирилди:

- Дилноза!

- Ассалому алайкум! - мулзам тортди жувон.

- Яхши юрибсанми, уйдагилар яхшими?

- Раҳмат, яхши.

- Уйларингга боряпсанми?

- Ҳмм.

Бўлди. Йигит бошқа савол бермади. Бояқиш питирлаб қолган чумчуқ кўйига тушганидан кейин, нима қилади азоб бериб. Шусиз ҳам машинага ўтирганидан пушаймон бўлаётгандир қизгина. Орадаги ноқулай жимликни ҳайдовчининг хуш овози тўзғитиб юборди.

- Ана, ёмғир ҳам ёғди. Кулманглар-у, мен ёмғирни яхши кўраман.

Йигитнинг юзларида табассум уйғонди. Хомуш кулимсиради. Жувон нигоҳини ойнага қадади. Томчилар. Машина ойнасига урилиб, сирғалиб тушяпти. Йиғи манзараси гўё.

Дилноза бўшашиб кетди. Гурунг ипини очиб юборган ҳайдовчининг самимий сўзларини ҳам, унга жавобан "ҳа" ёки "йўқ" билан кифояланаётган таниш йигитнинг овозини ҳам эшитмади.

Жувон келинчак ёрлиғини олмасидан сал бурун, бўй қизлигида мана бу йигит билан бир маҳаллада яшар эди. Уйлари орасидаги масофа тахминан ярим чақиримча келса ҳам, азбаройи соғинганидан ошиқ йигит Дилнозанинг эшиклари олдидан ҳар куни ўтар, унинг дийдорини кўришга муваффақ бўлмай қайтмас эди. Йигитнинг эътиборини, эҳтимол, кўнгил оромини ўғирлаганини сеза бошлаган қиз ҳам негадир ошиқ келаверган сайин кўчани, дарвозадан нарёқни хоҳлаб қолар эди. Шу кўйи бир-бирларига ўрганган қиз-йигит қалбида муҳаббат ғунча очди. Бу ҳол давом этаверса, маҳалла-кўй орасида гап-сўз болалашидан хавфсираган қиз ошиғига ортиқ келмаслигини, аммо ўзи вақти-вақти билан учрашувга чиқиши мумкинлигини айтди. Йигит маҳбубасини тушунди, бир куни уни учрашувга таклиф қилди. Ўшанда ёмғир ҳавоси уфураётган эди. Қиз соябон қўлтиқлаб чиқди. Йигит эса ҳар галгидек яккаш. Қиз хавотирланиб сўради:

- Нега зонтиксиз чиқдингиз, ҳозир ёмғир қуйворса борми?..

- Мен ёмғирни яхши кўраман. Унинг паноҳ бўлгулик қуввати бор. Нимага паноҳ бўлади деб сўрамайсанми?

- Нимага?

- Агар йиғлагудек бўлсанг, кўз ёшларингга қўшилиб, бирга оқиб тушади. Буни ҳеч ким пайқамайди.

- Мен... йиғламайман, - севгилисининг гапларини тўла англамай шошилди қиз. - Ҳеч қачон!

- Илоҳим, шундай бўлсин, - қатъий оҳангда деди йигит.

Аммо Маҳбуба йиғламасликнинг эпини қилолмади. Барибир аёллигига борди. Йиғлади. Йиғлатишди. Кўзларидан оққан ёшнинг адади ҳам, охири ҳам кўринмади. Аввалига ошиғи юборган совчиларга отаси рад жавобини бергач, аламдан, бахти кемтик эканлигидан йиғлади. Ундан кейин ўзгага боши "боғлангач", кўнглининг эгаси билан ортиқ кўриша олмаслигини дилдан сезиб, ожиз қолганидан йиғлади. Тўйи куни оппоқ келинчак либосида суюклисидан тоабад узоқлашаётганини фаҳмлаб, бефаҳм ўтирган турмуш ўртоғи олдида йиғлади. Мана, у ҳозир ҳам йиғлаяпти. Севгидан маст бўлиб, ошиғи билан бирга кезган дамларини эслаб кўз ёш тўкяпти. Муҳаббат таъмини тотган бўлса-да, бу бақадр неъмат узоққа чўзилмаганидан, бир фурсатлик эканидан аламланиб ёш тўкяпти. Ҳозир эса қўл чўзса етгулик жойда собиқ ёри ўтирибди-ю, аммо унга бошқа эгалик қила олмаслиги, у фақат юрагининг туб-тубида, хотирасининг энг чуқур жойида қолиб кетганини англаб йиғлаяпти.

"Нексия" бир уй ёнида тўхтагач, йигит машинадан тушди. У Дилнозага сўнгги бор нигоҳ ташлаб, машина эшигини ёпди:

- Хайр!

Жувон уни ҳамон соябонсиз эканини билди. Яна бир  ҳақиқатни ҳам англади: у ёмғирни яхши кўради.

Ҳаял ўтмай, жувон ҳам манзилига етиб келди. Кира ҳаққи учун тараддудланаётган эди, ҳайдовчи унамади.

- Сизга тўлашди. Тушаверинг.

Жувоннинг кўзларига яна ёш келди. Машинадан тушиб соябонини ёзишга ҳам ҳоли келмай, ота-онаси уйи томон оҳиста қадам ташлади. Боши, юз-кўзлари узра томчилаётган ёмғир унинг кўз ёшларига қўшилиб кетди.

 

Умид АЛИ

"ҚОРАБОШ ОТА" ЗИЁРАТГОҲИ

Андижон туманидаги Бўтақора қишлоғида жойлашган ушбу муқаддас даргоҳ ХVI - ХVII аср бошларида яшаб ўтган улуғ аллома, пиру устоз, сўфийлик, тариқат, тасаввуф билимдон Офоқ Хожа ҳазратларининг муридларидан бири Қорабош ота номи билан боғлиқ.

Қорабош ота ҳазратлари авлиё, кароматгўй, тақводор, сўфийлик таълимоти, нақшбандия тариқати соҳиби бўлган. Қашқарлик қутби олам хожаси, валилуллоҳ Офоқ Хожадан тариқат илмини эгаллаб етуклик мақомига етгач, оқ фотиҳа олиб ҳидоят йўлида сафарга чиққан. Аллоҳнинг иродаси ва илми хосияти билан Пиру комилнинг Қашқардан туриб "Бўтам қара" дея фикран билдирган мурожаатидан сўнг шу қишлоқдаги муқаддас булоқлар бўйини ўзига макон қилади. Ривоятларга кўра, Аллоҳнинг инояти билан унинг изидан ариқ пайдо бўлган.

Қишлоқда икки минг йиллик тарихга эга қабристон, унинг пойидаги зиёратгоҳ ва асрлар давомида қишлоқни обиҳаёт билан таъминлаб келган ариқ Қорабош ота номи билан юритилади. Зиёратгоҳда қадимдан одамлар томонидан диний, дунёвий тилаклар ижобатини, саломатликни сўраб, турли маросимлар ўтказиб келишган, хушҳаво, хушманзара ва сўлим жой сифатида эъзозланган.

Зиёратгоҳда бир жуфт шифобахш булоқ бор. Бири "Катта булоқ", иккинчиси "Қизбулоқ" деб номланади. Булоқлар ва улар атрофидаги улуғвор кўҳна дарахтлар сояси билан бу табаррук масканда мўътадил иқлим ҳосил қилади.

Булоқдан жануброқда, қабристон четида ўтган аср охирлари қайта тикланган уй ва уйнинг ёнида эски қабр ўрнида ковланган ертўла - "қорча" бор. Уй атрофидан 1960 йилларда шу маскан хизматчиси Қорашбой бува томонидан ХIV асрга оид бир қабртош ("Қайроқ тош") топилган ва "қорча"да сақланган. Ҳозирда қабртош вилоят ўлкашунослик музейининг нодир осори атиқасидир. Қабртошда юксак хаттотлик санъати билан сулс хатида битилган ёзув бўлиб, мазмуни қуйидагича: "Ушбу мунаввар қабру муаттар жойга хижрийда етти юз йигирма уч бўлганда (мелодий1323) сафар ойнинг ўн тўққизида етмиш беш ёшда вафот этган Сай-йид Хусайн бинни Муҳаммад бинни Муҳаммад ал-Бухорий қўйилдиким, бу шахс шаъриат соҳасида донишманд, ҳаким, қатор илму-фанларни Маккада бўлган чоқларида ўзлаштириб эгаллаган. Муҳаммад Пайғамбар (с.а.в), халифа Али авлодидан, ҳақиқий дин учун курашиб ҳаёти ва фаолияти давомида кўп қийинчиликларни бошидан кечирган, ислом аҳли ичида забардастлиги билан танилди (Аллоҳ унга ёр бўлсин)".

Қорабош отанинг ҳақиқий исми каби унинг жисми қўйилган қабри ҳам номаълум. Бу зоти муборак номида мақбара, сағана тиклангани ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. Зиёратгоҳ ёз мавсумида узоқ-яқиндан келган дам олувчилар, шифо истаб келувчилар билан доимо гавжум.

Қорабош ота зиёратгоҳи диққатга сазовор жой, маданий мерос объекти сифатида давлат муҳофазасига олинган.

 

Дилшодбек ЮСУПОВ,

 

вилоят адабиёт ва санъат музейи раҳбари ўринбосари.

Фурқат - ватанпарвар шоир

Фурқат лирикасининг энг характерли хусусиятларидан бири Ватан ишқи ва соғинчи мавзусига кўп бор мурожаат этилганидир. Фурқат ўз Ватанини, халқини чексиз муҳаббат билан севар, унинг истиқболи, бахт-саодатини ўйлаб қайғурарди. У узоқ муддат мусофирликда яшаган вақтида ҳам ўз элу юртини унутмаган.

    Шоирга она Ватани бағрида яйраб яшаб, ўзининг сермазмун ижоди билан халқига хизмат қилиш бахти насиб этмади. Ўша даврнинг ҳоким гуруҳлари фитна ва иғволарни кўпайтириб, туҳмат тошлари отиб, шоирни ўз Ватанидан чиқиб кетишга, ўзга юртда ғурбат чекиб яшашга мажбур этди. Хитой тупроғи унинг учун азиз бўлиб қолган бўлса-да, ўз Ватанига бўлган соғинч қалбини ўртар, унинг фироқида ёниб, ғазаллар битарди. "Адашганман", "Бир қамар сиймони кўрдим" каби ғазаллари шулар жумласидандир. Айниқса, мухаммас шаклида ёзилган "Адашганман" шеъри шоирнинг ички кечинмаларини яққол ифодалайди:

Манам шўрида булбул бўстонида адашганман,

Юзи гул, қомати сарви равонида адашганман.

Дилим ҳажри-ла қондир дилистонида адашганман,

Fариби куйи ғурбат хонумондин адашганман...

Бориб кимга ғариблик бирла арзи эҳтиёж айлай,

На суд андинки шарҳи достоним юз қулоч айлай.

Бошимга тушди ғурбат офтоби на илож айлай,

Фалакнинг гардиши соябонимдинадашганман.

 

Фурқатнинг бундай шеърлари ўқувчи қалбини ҳаяжонга солади. Уни ўқиган ҳар бир инсон қалбида она Ватанига бўлган меҳри янада ортади.  Фурқат ижоди, шеърияти биз ёшларни киндик қонимиз тўкилган муқаддас тупроқни асраб-авайлашга, унга садоқатли бўлишга ундайди.

 

 Ҳаётхон АБДУЖАЛИЛОВА,

 

АДУ талабаси.

Бугунги кун ўқитувчиси изланувчан бўлиши керак

Бугунги тезкор, шиддат билан ривожланиб бораётган давр барча соҳалар каби таълим-тарбия жараёнига ҳам янги-янги технологияларни жорий этишни талаб қилмоқда. Шу боис, инновацион педагогик технологияларнинг назарий асосларини ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш зарурати юзага келмоқда. Хўш, бугунги кун ўқитувчиси қандай малакалар билан қуролланган бўлиши керак?

Биз қўллаётган услублар кечаги кун камчиликларини тўлдириб бормоқда. Мисол учун, бундан бир неча йиллар олдин ноанъанавий дарсларни эртак, саёҳат, ўйин шаклида олиб борардик. Бу ҳам яхши самара берарди, албатта.  Бироқ, бу услублар ўқувчининг фикрлаш даражасини, дунёқарашини чегаралаб қўяди. Чунки ҳар бир ўқувчининг ўз қизиқиши, ўзига яраша қобилияти бор. Биз юқоридаги каби дарслар билан унинг маълум миқдорда нутқини, билимини оширишга эришган бўлишимиз мумкин, бироқ қизиқишини эътибордан четда қолдирардик. Ўқувчилардаги эркинликни, мустақилликни ўғирлаб қўярдик. Анъанавий таълимда ўқувчини фақат тайёр билимларини эгаллашга ўргатган бўлсак, замонавий технологиялар уларни эгаллаётган билимларини ўзлари қидириб топишлари, мустақил ўрганиб, таҳлил қилишларига ҳатто хулосаларни ҳам ўзлари чиқаришларига ўргатади. Биз ўқитувчилар бу жараёнда шахснинг ривожланиши, шаклланиши, билим олиши ва тарбияланишига шароит яратамиз ва шу билан бир қаторда бошқарувчилик, йўналтирувчилик вазифасини бажарамиз. Қисқаси, дарс жараёнида ўқувчи асосий шаклга айланади.

Педагоглар ўқувчига билим бериш жараёнига фақат педагогик нуқтаи назардан ёндашиб қолмай, балки ҳар бир ўқувчини психологик ҳолатига ҳам эътибор бериши лозим. Ҳар бир ўқувчини ўқув материалини ўзлаштира олиш имкониятини, уни нимага қизиқишини, ўз фикрини қай даражада ифодалай олиши, уятчанлик, тортинчоқлик, диққатсизлик каби хусусиятларини ҳам эътибордан четда қолдирмаслигимиз керак, чунки буларни билган ҳолда ҳам ўқувчи руҳиятига таъсир қила олишимиз мумкин.

Бу психологик жараён бугунги кунда яхши самара бермоқда. Бундан ташқари, ўқитувчи ўзини ўқувчи олдида энг маданиятли инсон сифатида гавдалантира олиши лозим. Бунинг учун унинг ўзи ўқитувчига хос формада юриши, ширинсўз, меҳрибон бўлиши, ҳар бир гапини ўйлаб, мулоҳаза билан гапириши, ўзини ва синф хонасини озода тута олиши лозим. Ўқитувчи ўқувчига ҳар қандай топшириқ беришдан олдин унга ўзи риоя қилган ҳолда намуна бўлиши керак. Яна шуни ҳам таъкидлаб ўтишимиз жоизки, бугунги кунда ўқитишнинг қатор шакл ва усулларини қўллаш асносида нафақат хорижий мамлакатларнинг илғор усуллари, балки халқимизнинг қадимдан шаклланган педагогикаси, одоб-ахлоқ меъёрлари билан омухталаш (пайвандлаш) орқали ифода этсак, янада яхши натижаларга эриша оламиз.

Бугунги янги педагогик технология (инновацион технологиялар, интерактив методлар ва ахборот технологиялари) эса ҳар бир ўқувчини дарс давомида  дарсга бефарқ бўлмасликка, мустақил фикрлашга, ижод қилишга, изланишга мажбур этмоқда. Бу методлар ўқувчи  дунёқарашини ўстирибгина қолмай, уни шахсий қизиқишларидан келиб чиққан ҳолда келажакка ундамоқда, гуруҳларда ишлаш, эркин, мустақил фикрларини айтиш,   баҳслашиш ва ягона хулосага келиш орқали уларнинг ҳамкорликда фаолият олиб боришига эришилмоқда. Шуниси аҳамиятлики, бу методлар улардаги яширин қобилиятларни очиб бермоқда. Инновацион педагогик технологияларни таълим-тарбия жараёнига жорий этиш муайян қонуният ва принципларга асосланади. Бундай принциплар лойиҳаланган ўқув-тарбиявий жараённи амалга оширишда юқори натижаларга эришиш учун риоя қилинадиган умумий меъёрлар ва талаблардир.

Бугунги кун ўқитувчиси таълимни демократлаштириш ва инсонпарварлаштириш тамойиллари асосида қуриб, болада ҳақни ноҳақдан, савобни гуноҳдан, ҳалолни ҳаромдан, яхшини ёмондан, оқни қорадан ажрата олиш, уни фарқлай билиш, айни дамда мустақил фикр айта оладиган кўникмаларни шакллантира олиши керак. Тарбиялаётган ўқувчиларимиз эртанги кун нафаси билан яшайдиган, ватанпарвар, ўткир зеҳнли, имон-эътиқодли, юксак маънавиятли, энг муҳими, юртга керак инсон бўлиб камол топиши лозим. Зеро, таълим-тарбия жараёни самарадорлигини ошириш орқали ёшларни мустақил фикрлашга ўргата олиш, жамиятда бўлаётган ўзгаришларга, воқеа ва ҳодисаларга муносабат билдира оладиган, эътиқоди мустаҳкам, ватанпарвар қилиб тарбиялаш бугунги кун ўқитувчисининг асосий вазифасидир.   

 

 Хатирахон НАБИЕВА,

вилоят халқ таълими ходимлари малакасини ошириш муассасаси ўқитувчиси.       

 

Каримахон ЎРИНОВА,

 

малака ошириш курси тингловчиси.