+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

"МЕНГА ФАҚАТ МУҲАББАТ КУЧ БЕРАДИ..."

Таниқли олима Мария Кюрининг ушбу сўзларида кўпчиликда ҳавас ва ҳайрат уйғота оладиган тақдир эгаси бўлган аёл умрининг мазмун-моҳияти мужассам.

Жаҳонга машҳур олима, илм-фан фидойиси Мария Кюри ҳаёти давомида нималарни кўрмади дейсиз?

Йил кетидан йил ўтаверди, у ўз кўнгил гавҳарини, кўнгил нурини асраб-авайлади. У аёл номининг шаъну шавкатини сақлаб қолди. У машҳур кимёгар ва физик, икки бора Нобель мукофотининг совриндори сифатида тарих зарварақларидан жой эгаллаган машҳуралардан бири. У жамият, фан тараққиёти учун хизмат қилган олима, шахсий ҳаётида муҳаббат, оилавий бахт, она сифатида ҳам толеи кулган аёл.

БОЛАЛИК ДАВРЛАРИ

1867 йилнинг кеч кузида Варшавадаги Склодовскийлар оиласида учинчи қиз фарзанд дунёга келди. Унга Мария деб исм бердилар. Отаси физика-математика ўқитувчиси, онаси эса бадавлат оила қизлари таълим оладиган хотин-қизлар пансионатининг раҳбари бўлган. Мария болалигида ғам-ташвишни билмай ўсди. Тўғри-да, аҳил ва иноқ зиёли оила даврасида, севимли ота-она бағрида, моддий томондан тўкис хонадонда қандай ҳам ташвиш бўлсин. Бироқ...

Ҳаёт аталмиш умр китоби гоҳ шодон, гоҳо қайғули саҳифалардан иборат. Тақдирда не бўлса инсон кўниб яшашга мажбур. Склодовскийлар оиласи бошига қаттиқ синовлар тушди. Оила бекаси оғир касалликка чалинди, ота эса ишдан ҳайдалиб, ишхона томонидан берилган квартирадан қувиб чиқарилди. Устига-устак оила соҳиби бор маблағини тиккан корхона касод бўлиши бу хонадонни оғир аҳволга солиб қўйди. Бекаму кўст оила жиддий муаммолар гирдобига тушиб қолади. Отаси репетиторлик орқали топаётган арзимаган пуллари қориндан ошмайди. Келгусидаги тақдир зарбаси янада оғирроқ келди улар учун. Мариянинг опаси Зося қўққисдан вафот этади. Орадан икки йил ўтар-ўтмас онаси ҳам бу дунёни тарк этади.

Барча кўргуликларга қарамай Мария гимназиянинг энг фаол ўқувчилари қаторида бўлди ва 1883 йили уни олтин медаль билан битирди. Лекин ўткир зеҳни ва кучли билими ҳам унинг университетга киришига асос бўлолмади. Негаки, у пайтларда Россия империясида (Польша унинг таркибида бўлган) хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларининг эшиклари ёпиқ эди-да. Бироқ, Мария бу каби тўсиқларга жимгина кўникиб кетадиган ёшлардан эмасди. У мустақил билим олиш учун бор куч-қувватини сарфлади, ўнлаб китобларни мутолаа қилишдан чарчамади.

 

ОЙНИНГ ОРҚА ТОМОНИ...

Мариянинг катта опаси ҳам билим олишга интилувчан, ти-ришқоқ эди. Опа-сингиллар Сорбоннада ўқишни орзу қилишарди, минг афсуски бу ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Ахир оиласининг моддий аҳволи ўзларига маълум. Лекин зукко қизлар бунинг ҳам чорасини топишди. Уларнинг режасига кўра Бронислава Парижга борадиган, Мария эса опасининг Францияда олий маълумот олишида пул билан таъминлаб туриш учун уй тарбиячи-ўқитувчиси бўлиб ишлайдиган бўлди. Бронислава ўқишни тугатгач, синглисини қўллаб-қувватлашга келишишди. Ҳа, инсон ҳаётда ўз ўрнини топиши, орзу-мақсадлари сари интилишда дадил олға босиши кераклиги оддий ҳақиқат. Қиз бола боши билан бундай таваккалчиликдан чўчимаган билимга чанқоқ опа-сингиллар ҳам бу ҳикматни англаб етгандилар. Улар ҳаётда тўғри йўлни топишда адашмадилар. Бронислава Сорбонна тиббиёт институтига ўқишга кирди. Мария эса аввалига бир адвокатнинг фарзандларига,    кейинчалик қишлоқ ёшларига сабоқ бера бошлади. Ишлаб топган пулини Париждаги талаба опасига жўнатиб турди. Энг муҳими, Мария пул топаман деб ўқиш - ўрганиш, ўз устида ишлаш, билим ва маҳоратини оширишдан тўхтаб қолмади.

Ойнинг ўн беши қоронғу бўлса, ўн беши ёруғ. Энди олийгоҳда ўқимоқ гали Марияга келди. Опаси шифокорлик касбини эгаллаб, Францияда турмушга чиқади. 1894 йили Мария 24 ёшида Сорбонна университети талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлади. Бу сафар Бронислава синглисининг ўқишига кўмаклашишни ўз зиммасига олади.

Опаси ва поччасига ортиқча юк бўлмаслик, қолаверса, илм билан тинчгина шуғулланиш мақсадида Мария Парижнинг Латин мавзесидаги арзон квартиралардан бирини ижарага олиб яшашни лозим топди. Озиқ-овқат масаласи ҳаминқадар, бир неча бор очликдан силласи қуриб, ҳушини йўқотган ҳолатлар ҳам бўлган.

Мария университетнинг энг олди талабаси сифатида иқтидорини намоён эта олди. Шу сабабли университетда ўқиш давомида унга илмий текшириш ишлари олиб боришга рухсат берилди. Физика ва математика бўйича бирданига икки дипломли Марияни университетнинг ўзида ўқитувчи қилиб олиб қолишди. Сорбоннанинг илк аёл ўқитувчиси сифатида тарихда қолиш ҳам Мария Склодовскаяга насиб этганди. Ёш олиманинг ҳаётида ҳам Сорбонна университетининг аҳамияти катта бўлгани, шубҳасиз. Айнан шу ерда у ўзининг бўлажак умр йўлдоши, ҳам маслакдоши Пьер Кюри билан танишади. Бир-бирига кўнгил қўйган икки истеъдод соҳибларини 1895 йили никоҳ ришталари боғлади.

Тўйдан кейин ёш оила мўъжазгина квартирада яшай бошладилар. Уйлари ҳашаматли бўлмаса-да, улар ўзларини бахтли ҳисоблардилар. 1897 йили катта қизи Ирэн билан бирга бу хонадонга қувонч кириб келди, гўё. 1904 йили Мария иккинчи қизалоғини дунёга келтиради. Унга Ева деб исм қўйишди. Бутун ҳаётини фанга бағишлаган бу оилада бола тарбияси ҳам эътибордан четда қолмади. Фарзанд тарбияси ва илмий кашфиётларни уйғунлаштира олган меҳрибон ота-онага ўша даврларда кўпчилик ҳавас билан қарарди. Фанга бўлган иштиёқлари билан елкаларидаги ота-оналик масъулиятини тўкис адо этгандилар. Келажакда Ирэн Жолио-Кюри ҳам онаси каби Нобель мукофоти лауреати, Ева эса журналист ҳамда онасининг ҳаётига бағишланган биографик асар муаллифи бўлганлиги фикримиз далили, албатта.

 

ИХТИРОЛАР, АЙРИЛИҚ, ЮТУҚЛАР…

1902 йил. Сокин тун. Атроф туннинг зулмат пардаси билан ўралган. Бутун борлиқ уйқуда. Фақат Кюрилар хонадонининг чироғи ўчмаган. Улар ҳали-ҳамон кимёвий моддалар таркибини ўрганиш билан машғул. Бош кўтармай ишлаётган оилавий олимлар намуна сифатида ажратиб олган модда парчаси ажиб товланганини сезиб қолишди. Бу модданинг таҳлили шуни кўрсатардики, спектрда ўша пайтгача номаълум элементнинг нурланиш чизиғи бор эди. Фанга янгилик бўлган бу элементни эр-хотин радий деб номлашди. Кейинроқ эса улар яна битта кашфиётни фанга тақдим этдилар. Бу элемент Мариянинг она ватани Польша шарафига полоний дея номланди.

1903 йили Мария, умр йўлдоши Пьер Кюри ва француз олими Анри Беккерел билан бирга физика бўйича "Ҳамкорликда радиация ҳодисасини илмий текшириш ишларидаги буюк хизматлари учун" Нобель мукофотига сазовор бўлди. 1906 йили Мариянинг турмуш ўртоғи вафот этади. 39 ёшида бева қолган тадқиқотчи аёл радий юзасидан бошланган оилавий изланишни ўзи давом эттиради. 1910 йили Андре Дебьер билан биргаликда соф металли радийни ажратиб олишга муваффақ бўлди. Шу тариқа 12 йиллик изланишлар ўз самарасини кўрсатди. Радий мустақил кимёвий элемент эканлиги исботланди. У 1911 йили эса кимё фани ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун Мария Кюри иккинча марта Нобель мукофоти лауреати бўлди. Ҳозирги кунга қадар Склодовская-Кюри икки бора Нобель мукофотига сазовор бўлган ягона аёл ҳисобланади.

Бундан ташқари, Мария Склодовская Франция, Италия миллий академиялари, Лондон қироллик жамияти, Франклин институти каби нуфузли муассасаларининг қатор медаллари билан тақдирланган. У 85  бутунжаҳон илм-фан жамиятларининг, хусусан, Француз тиббиёт академияси аъзоси, 20 турдаги илмий даражалар соҳибаси бўлган.

Бу аёлни ҳаёт қийинчиликлари, севимли ёридан айрилиқ азоблари қаддини ҳам, қадрини ҳам синдиролмади. Вафо ва садоқатда беназир аёл Мария Склодовская-Кюри 1934 йили вафот этади. Унинг ортидан яхши ном ва улкан илмий мерос қолди.

Ойдиной ВАҲОБЖОНОВА

Дуо ва қалб поклиги

Инсон зоти борки, ҳаётда доимо орзу, мақсад билан яшайди. У ўз мақсадларига етишиш учун тинмай ҳаракатда бўлади. Баъзан осонлик билан, баъзан оғир машаққатлар билан кўзланган мақсадга етиб борилади. Бу йўлда гоҳо бир ўзи уринса, гоҳида яна бошқа бировдан ёрдам олади.

Шундай ёрдам бергувчиларнинг энг афзали - бизларни йўқдан бор қилиб яратган, бизни доимо ризқлантириб келаётган Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло эканини баъзан унутиб қўямиз.

Бандадан бир ёки икки ёрдам сўрасангиз, кейингисини малол олиши мумкин, аммо Аллоҳ таоло Ўзи бизларни дуо қилишга чорлаб, дуоларни ижобат қилишини, бандалари сўраган нарсани беришини ваъда қилган.

"Роббингиз "Менга дуо қилинг, Мен сизларга ижобат қилай" - деган". ("Fофир" сураси, 60-оят).

Демак, Тангримиз бизларнинг дуоларимизни ижобат қилишга ваъда берган бўлса, дуоларимиздан ноумид бўлишлик яхши эмас. Фақат биз чин дилдан, ихлос билан дуо қилайлик.

Дуо қилиш ва унинг қабул қилиниши ҳақида кўплаб асарлар ёзилган. Буларда асосан қачон ва қандай ҳолатда дуо қилишимиз лозимлиги баён қилинган. Жумладан, дуо қабул бўладиган вақтлар ҳақида ҳам алоҳида тўхталади. Яъни, Қуръони Карим хатм қилинганда, муборак кунлар ва кечаларда, намоздан сўнг, ва яна кўпчилик бўлиб дуо қилинганда, шунингдек, ота-онанинг фарзандига дуоси, улуғ зотларнинг дуолари, мусофир ва мазлумнинг дуоси қабулга яқиндир. Қабул бўлишлигининг шартлари эса - Аллоҳ таолога ҳамду сано, Пайғамбаримизга салавот ва салом айтишликдир.

Шу билан бирга, дуо      қалбнинг маҳсули эканлигини ҳам унутмаслик лозим. Қалб дуонинг маҳражи экан, уни тоза тутиш керак. Акс ҳолда, тилдан чиққан қуруқ сўзларнинг фойдаси бўлмайди. Баъзан шунчалар йиғлаб, зорланиб дуо қилсак ҳам негадир дуоларимиз қабул бўлмаётганга ўхшайди. Бу борада Иброҳим ибн Адҳамдан сўраганларида шундай жавоб берган эканлар: "Ўнта нарса ила қалбларингиз ўлиб қолган: Аллоҳни танийсиз, аммо Унинг ҳаққини адо қилмайсиз; Аллоҳнинг Китобини ўқийсиз, лекин унга амал қилмайсизлар; Иблиснинг душманлигини даъво қиласизлару унга дўстлик қиласиз; Расулуллоҳнинг муҳаббатини даъво қиласиз, аммо фарз ва суннатларини тарк қиласиз; Жаннатни яхши кўришликни даъво қиласиз, аммо унга лойиқ амал қилмайсиз; Дўзахдан қўрқишликни даъво қиласиз, аммо гуноҳлардан қайтмайсиз; Ўлимнинг ҳақлигини даъво қиласиз, аммо унга тайёргарлик кўрмайсиз; Бошқаларнинг айблари билан     машғул бўласиз, ўзингизнинг айбларингизни ташлаб қўясиз; Аллоҳнинг (берган) ризқини ейсизу, унга шукр қилмайсиз; Ўликларингизни дафн қиласизу ибратланмайсиз".

Аввало, қалбларимизни покласак, иншооллоҳ дуоларимиз ижобат бўлгай. Фақат баъзи дуоларимизга Парвардигор сўраганимизни бу дунёда бермаслиги мумкин. Аммо унинг савобини охиратда беради. Муқаддас китобларда ёзилишича, банда бу оламдан ўтганда: "Қанийди дуоларимнинг ҳаммаси ҳам дунёда қабул бўлмаган бўлса-ю, бугун унинг ажрини кўрсам эди", дер экан.

Аллоҳ қалбларимизни пок, қилган дуоларимизни қабул айласин.

Сарварбек Юлдашев,

Асака туманидаги  "Мирзо шариф" масжиди имоми.

Китоб мутолааси - маънавий етуклик калити

Инсоният шундай мукаммал қилиб яратилганки, онги, ақл-заковати билан кўп нарсаларни яратишга қодир. Аммо бунинг ўзи камлик қилади, янада мукаммал бўлиши учун ўқиши, изланиши керак. Қўп китоб мутолаа қилган кишининг нутқи равон, маънавияти етук бўлади. Китоблар орқали олинган билим қоронғу тундаги машъалга ўхшайди. Ақл-идрок эса ўша машъалдан таралаётган нурга қиёс. У кишининг қалбини, ҳаёт йўлини ёритади ва унга рўшнолик беради. Ўзининг буюк тарихини  ярата олган, улуғ ва ёдлари доимо мангу бўлган аждодларимиз ҳам, китоб аталмиш билим манбаини канда қилмаганлар. Ҳатто, ой нурида ҳам китоб ўқимоққа имконият топганлар. Уларнинг ҳар айтган сўзлари ва ўгитларида улкан маънолар мужассам.

Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлар,

Билим кимда бўлса, буюклик бўлар.

Уқувли ўқувчи, билимли бўлар,

Билимли, уқувли мақсадга етар.

Донишмандлик қуввати   китоблардан олинади. Ақл-идрок эгаларининг нафи ҳар доим кўпчиликка тегади, билим эгалари элда ҳар доим азиз бўлади, ҳурмат қозонади. Маълумки, барча мураккаб ишлар билим билан ҳал этилади. Билим - идрок, ақл-заковатнинг калити албатта, илмингиз қанча кўп бўлса, ўзингизни шу қадар қудратли ҳис этасиз:

Кўпроқ китоб мутолаа қилинг, илм ўрганинг. Мол-у давлатингиз билан эмас, балки илм-ҳунарингиз, гўзал хулқ-атворингиз билан фахрланинг. Юқорида айтилганидек, кўп китоб ўқиган кишининг қалби ва ички олами гўзал бўлади. Онги қолоқ, маданияти ночор, феъли тор инсон ҳусни, мол-у мулки ўзгалардан устун бўлса ҳам, маънавий гўзаллик, маданият борасида ибрат бўла олмайди.

Орамизда яхши ва илмли инсонларнинг кўпайишини истаймиз. Бунинг учун ҳар биримиз кўпроқ китоб мутолаа қилишга интилмоғимиз, илм олишда барчага ибрат бўлмоғимиз лозим. Унутмайлик, китоб мутолааси - маънавий етуклик калитидир.

Насибахон ТОЖИДДИНОВА,

 

Андижон тумани.

Ёмғир ва қор қўшиғи

дил туFёни

Осмоннинг томчилаб ёққан кўз ёши,

Эланар, тўкилар, беҳад тўлғонар.

Бу важдан товланиб тоғларнинг тоши,

Кўксида жонланиб ҳаёт уйғонар.

Тонг... Туннинг жанг қўшиқлари тугаб, аллақачон сокинлик таралаётган палла. Бунда қўрқув ҳам, чорасизлик ҳам ўзини еб битирган. Беқўним, бетиним шамол осмон қаъридан тўкилаётган икки дарднинг бир бутун ноласи, қайси бир лаҳза янграшдан тўхтаган...

Мен севган шу дард тафтини, ифорини туйиш учун, тоза ва тиниқ ҳавони ҳис этиш кифоя. Тўйиб нафас олиб, узоққа термулсанг, кўзларинг тоғларнинг ҳам кемтик бағри борлигини қўради.Табиатнинг барча ҳилқати рўйи-рост кўриниб, янги туғилган чақалоқдай титраб туради. Бундай санъат асарининг ижодкори ким?

Ўша борлиқ ичра йўқликни бор қилган, борлиқни борича кўрсатган оҳанг...

Селдай ёғиб, қалбимни юмшатган, музлатган хаёлларнинг ҳаётдаги акси. Бу нима, етукликни ҳаётнинг ширин оғриқли қувончими?..

Ёмғир ёғиб замин бағрини ўйди, тилди. Қорлар ёғиб, тилкаланган ерларни музлатди. Лекин, баҳор келиб шу ердан бойчечак униб чиқди. Бу эса энг оғир азобнинг чинакам қувончи, юракларга илиқлик улашган нур, менинг қалбимга қадалган қўзмунчоқ.

Ойсанам FУЛОМЖОНОВА,

 

Марҳамат туманидаги "Зар сув" ўқув маркази ўқувчиси.

Баҳор куйчиси

1 март - Ўзбекистон халқ шоираси Зулфия таваллуд топган кун

Инсон кўзларидан жон олар баҳор,

Барча томирида унинг учқуни.

Ўтмишнинг беҳуда они каби қор,

Беиз, бедард эриб кетар учқуни.

Баҳор - янгиланиш, яшариш, уйғониш фасли. У қалбларга иссиқлик ва нур олиб келади. Қаҳратонда қақшаган табиатни уйғотиб, борлиқни гулу майсага буркайди.  Бундай манзарани кўрган ҳар бир инсон табиатдан илҳом олади, шундай беқиёс ўлкада яшаётганига шукрона келтиради. Ижодкор инсонлар эса шундай манзарани кўриб, у ҳақидаги ҳис-туйғуларини қоғозга туширгиси келади. Зулфияхоним ҳам ана шундай туйғулар куйчисидир, унинг баҳор ҳақидаги     шеърлари қалбларга гўзал туйғуларни сола олади.

Мактабда адабиёт дарсида шоиранинг ҳаёти ва ижодини ўрганар эканмиз, ҳар биримиз унинг шеърларидан ёд оламиз. Менга шоиранинг айнан баҳор ҳақидаги шеърлари жуда ёқади. Шеърларининг ҳар бир сатрида жўшқинлик, жилвакорлик мавж уради. Айниқса,  "Яна бугун баҳорга зорман", дея бошланувчи шеъри менинг қалбимдан чуқур жой олган.

Яна бугун баҳорга зорман,

Ўз баҳорим каби шошқалоқ.

Яна бугун баҳорга зорман,

Кутавериб дил бўлди қадоқ.

Ҳа, шоира ҳар баҳорни ана шундай интиқиб, зор бўлиб кутган. Уни кута - кута диллари қадоқ бўлган. Зулфия шеърини "Мен чизолмаган сурат",  деб номлаган. "Халқимизда камтарга камол" деган нақл бор. Бунинг устига, санъаткор ҳар доим ўз ишидан қониқмаслик ҳисси билан яшайди. Устоз шоира ҳар доим "Жасоратинг баёни қай ранг, Доноликнинг белгиси қай сўз" эканини билдиради. Аммо, унинг шеърларида биз ҳаётнинг, инсон ҳолатининг турли-туман рангин суратларини кўрамиз. Бу рангин суратлар манбаини шоирага она юртнинг ҳассос куйчиси, устоз Ҳамид Олимжон кўрсатиб кетган. Улар чизилажак бўёқлар ҳам ўша ерда, яъни ўша манбада.

Мафтун этганидай мени оқ тонглар,

Куй олиб киради гўзал оқшомлар...

 Бу гўзал борлиқ, макон - табиат. Бироқ ҳар қандай гўзал тасвир гўзаллик намунаси бўлавермайди. Ҳар бир табиат унсурига "жон ато" этилганидагина, у ҳақиқатда ҳаракатда бўлганидагина, ҳақиқий гўзаллик касб этади. Зулфия чизган гўзал суратлар, она Ўзбекистонимизнинг ҳар бир манзараси жонли, ҳаракатда. Чунки:

Одамлар дарёси оқар ёнимдан,

Қарайман:

Ҳамма - ҳаммаси таниш.

Билмайман исмин ҳам, касбин ҳам аммо,

Биламан, барида буюк интилиш.

Эртани бугунга келтириш учун,

Бугундан гўзалроқ дамга шошади.

Ҳаётда ҳали ҳеч тарих  кўрмаган

Зафар китобидан варақ очади.

Ўзининг камтарона эътирофи ила айтганда "қалам деҳқони" Зулфиянинг ижодий хазинаси - сирли бир олам: унинг на чек-чегараси бор, на...Бу оламда адашиб кезиб юраверасиз, аммо чиқиб кетиш хаёлингизга ҳам келмайди. Чунки бу оламда шоира она юрти ва жаҳонни кезиб кашф этган дунё ва инсон манзаралари сизни сеҳрлаб қўяди. Ўша сеҳр бу оламда сизни гўзал Фарғона ва олис Миср, Ҳиндистоннинг афсонавий гўшаларига сайрга олиб чиқади, қайноқ давраларга олиб киради, жаҳон маданиятининг улкан арбоблари билан таништиради. Бу оламда сиз гўзаллик, эзгулик билан ёвузлик ўртасидаги азалий узвий муносабатни кўрасиз, амин бўласизки, баҳор, садоқат, меҳнат, таянч, орзу, ватан... бўлмаганида уларни "Одамзот албат ўзи кашф этарди, Кашф этгандай бахт".

Зулфиянинг ижодий хазинаси шеърий жавоҳирлардангина иборат эмас. Унда юқорида тилга олинган таржималар, ҳамюртларимиз сурати чизилган очерклар, сафдош шоираларнинг ижодий қиёфаларига чизгилар, ҳам устоз Ҳамид Олимжон хотирасига кўрсатилган яна бир эҳтиром - "Зайнаб ва Омон" опера либреттоси... Хуллас, таъбингизга нима маъқул бўлса, ўша нарсани топасиз. Табиатингиз равшанлашади, аллақандай бир қониқиш, қаноат туясиз.

Яна шунга амин бўласизки, сизга бу лаззатни инъом этаётган шоира - ҳаётнинг, ижоднинг барча иссиқ-совуғини кўрган инсон - қанчалик фожеий, қанчалик машаққатли бўлмасин, кечирган умридан нолимайди, ундан мусулмон фарзандига хос оддий, инсоний хулоса чиқаради:

 

Мен ўтган умрга ачинмай қўйдим.

Ҳеч кимда кўрмайин умримга ўхшаш:

Суйдим.

Эркаландим,

Айрилдим,

Куйдим,

Иззат нима билдим,

Шу - да бир яшаш!

      

Аслида ҳам инсонга шундан ортиқ нима керак? Бироқ шоиранинг яна бир ўтинчи бор. Гарчи бу ўтинч Зулфиядек шоира учун ортиқчадек туюлади, аммо, донишлик инсон ўз тақдирида бирон - бир вазиятни истисно қилмаслиги кераклигини ҳам тақозо этар экан:

Қайноқ суйгум,

Куйим,           

Совуқ жасадим,

Она - Ватан, ўтинч, бағрингдан қуйма!

 

Барча учун ибрат бўлгулик гаплар. Барчамизнинг энг олий бахтимиз, энг олий ниятимиз шу.

Зулфия баҳорнинг бошида таваллуд топган. Фасллар ичида одамлар қувонч билан кутиб оладигани - баҳор. Чунки бу фасл янги ҳаво, янги ҳаёт олиб келади.

 

Нуржаҳон ЙЎЛДОШЕВА,

 

Андижон саноат-энергетика коллежи ўқувчиси.

Нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштириладиган васиятномалар ва ишончномалар

Амалдаги қонунлар доирасида тегишли тартибда тақдим этилган васиятнома ва ишончномалар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги қонунининг 26-моддасида нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштириладиган васиятномалар ва ишончномалар келтирилади.

Демак, юқорида қайд этилган қонунга кўра, қуйидагилар нотариал тасдиқланган ҳужжатларга тенглаштирилади:

- касалхоналарда, госпиталларда, бошқа стационар даволаш муассасасаларида даволанаётган ёки қариялар ва ногиронлар уйларида яшаётган фуқароларнинг ушбу касалхоналар, госпиталлар ва бошқа даволаш муассасаларининг бош шифокорлари, уларнинг тиббиёт бўйича ўринбосарлари ёки навбатчи шифокорлари, шунингдек, госпиталларнинг бошлиқлари, қариялар ва ногиронлар уйларининг директорлари ва бош шифокорлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

- Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи остида сузиб юрган кемаларда сафарда бўлган фуқароларнинг шу кемаларнинг капитанлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

- қидирув экспедицияларида ёки шунга ўхшаш бошқа экспедицияларда бўлган фуқароларнинг шу экспедициялар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари;

- ҳарбий хизматчиларнинг, ҳарбий қисмлар жойлашган, нотариуслар бўлмаган пунктларда эса, шу қисмларда ишловчи ҳарбий хизматчи бўлмаган  шахсларнинг, улар оила аъзоларининг ҳамда ҳарбий хизматчилар оила аъзоларининг ҳарбий   қисмларнинг командирлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ва ишончномалари, автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно;

- озодликдан маҳрум этиш жойларидаги ёки қамоқдаги шахсларнинг тегишли муассасалар бошлиқлари томонидан тасдиқланган васиятномалари ва ишончномалари,    автомототранспорт воситаларини бошқариш ва тасарруф этиш ҳақидаги ишончномалар бундан мустасно.

Васиятномалар ва ишончномаларни ушбу моддада айтиб ўтилган мансабдор шахслар томонидан тасдиқлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги белгилаб қўядиган тартибда амалга оширилади.

Фуқаролар турли ҳолатларда васиятнома ёки ишончнома олишларида юқорида қайд этилган қонун талаблари ва амалдаги бошқа тартиблар доирасида иш кўришлари мақсадга мувофиқдир. 

Шаҳодат ҚОДИРОВА,

Андижон шаҳридаги 12-сон давлат нотариал идораси нотариуси.

Мўътабар аёл

Оила мустаҳкамлигини таъминлаш, оилавий анъана, урф-одатлар, фарзанд тарбияси билан боғлиқ қатор масалаларга асосан аёлларимиз масъул эканлиги сир эмас. Агар опа-сингилларимиз оқила, соғлом, зеҳнли, иродали, юксак маънавиятли бўлмас экан, зиммасидаги ана шу масъулиятни тўлақонли адо этишлари осон кечмаслиги аниқ. Шу боис ҳам юртимизда хотин-қизларнинг жамиятдаги, ҳаётдаги ўрни ва ролини ошириш масаласи алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Муҳтарам Президентимиз  Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила инситутини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармони  ҳотин-қизларимиз учун янада кенг имкониятлар эшигини очиб беради, десак асло муболаға бўлмайди. Жумладан, фармонда "Оила" марказини ташкил этиш, "Аёллар маслаҳати маркази" қошида "Тезкор алоқа тармоғи" фаолиятини йўлга қўйиш, "Мўътабар аёл" кўкрак нишонини таъсис этиш, Зулфия номидаги давлат мукофоти номзодларига ёш бўйича ўзгартириш киритиш ва ҳудудлардан 2 нафар номзодга давлат мукофоти топширилиши, ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган оналарни арзон уй-жойлар билан таъминланиши, "Хотин-қизларни ва оилаларни қўллаб-қувватлаш" жамоат фондини ташкил этилиши ва бошқа бир қатор имтиёзлар юртимиздаги аёлларга қаратилган эътиборнинг ёрқин намунасидир. 

Фармонда берилган имтиёзлар коллежларимизда фаолият юритаётган хотин-қизлар, ўқувчи қизларимизнинг фаоллиги ва ташаббускорлигини янада оширади.

 Айни кунда коллежимиз хотин-қизлар қўмитаси   бошланғич ташкилоти томонидан хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясига қаратилган қатор ишлар олиб борилмоқда. "Қизларжон" клуби машғулотлари орқали қизларни узлуксиз таълимга тўлиқ қамраб олиш, уларнинг маънавияти, ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, иқтидорли қизлар сафини кенгайтиш, шу жумладан, маълум бир меҳнат тури билан банд бўлмаган, айниқса, ижтимоий фаоллигини намоён эта олмаётган хотин-қизларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашишга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.  Ҳозирда клубга коллежнинг 60 нафарга яқин иқтидорли қизлари қамраб олинган. Улар клуб қошидаги адабиёт, спорт, санъат, маданият, ҳунармандчилик, чет тиллари бўйича ўз малакаларини ошириб келмоқдалар. Иқтидорли ўқувчи қизларимиз Муҳаббат Муллажонова ва Бегойим Раҳимованинг ижоди ва фаолияти  Андижон вилоят телерадиокомпаниясининг "Истеъдод" эшиттириши орқали ёритилди. Бундан ташқари, она тили ва адабиёт кафедраси мудири Гулузро Маҳкамова шаҳар марказида ўқув маркази ташкил этиб, ўқувчи қизларимиз чет тилларини ўрганишларига яқиндан ёрдам бермоқда. 

Эрта турмушнинг олдини олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, намунали уй бекалари билан суҳбатлар уюштирилиб, ўқувчи қизларимизга оилага муҳаббат, келинлик вазифалари, ёрга садоқат, оилавий муносабатлар ҳақида кенг тушунчалар бериб борилмоқда. Шифокорлар иштирокида "Шахсий гигиена деганда нималарни тушунасиз?" мавзусида давра суҳбатлари "Соғлом ёшлар - мамлакат келажаги" мавзусида мақолалар танлови ташкил этилиб, фаол ёшлар тегишли     тарзда рағбатлантириб борилмоқда.

Биз - хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор учун Юртбошимиздан беҳад миннатдормиз, фаолиятимизда ана шу эътиборга муносиб бўлиш учун астойдил меҳнат қиламиз.

Зумрад СОЛИЕВА,

Андижон туризм ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи хотин-қизлар қўмитаси

 бошланғич ташкилоти раиси.

Халқаро она тили кунига бағишланди

Жалақудуқ туманидаги 30- умумтаълим мактабида Халқаро она тили кунига бағишланиб, "Она тилим - бебаҳо дурдонам" деб номланган маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Мактабимизнинг 5-синф  ўқувчилари, она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Соҳиба  Жаббарова раҳбарлигида ташкил этилган тадбирда  ижодкор ўқувчилар томонидан Халқаро она тили куни, хусусан, она тилимиз, унинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамияти тўғрисиида иштирокчиларга кенг маълумотлар берилди. Турли миллат ва элатлар, тиллар ҳақидаги саҳна кўринишлари, ўқилган  шеърлар барчада катта таассурот қолдирди.

Ер юзида инсонлар орасидаги алоқа алмашувини таъминловчи тиллар бор экан, ҳаёт давом этади. Зеро, она тилимиз бор экан, миллатмиз бардавом яшайверади. Она тилимиз   орқали халқимиз тарихи, маданияти, қадим қадрият ва анъаналари ва буюк келажаги бўй кўрсатаверади.  

Қизиқарли ўтган тадбир ўқувчи ёшларнинг она тилимиз ҳақидаги билимларини янада бойитди.

 

Роҳатой АҲМАДУЛЛАЕВА,

 

мазкур мактаб ўқувчиси.

Партиянинг энг фаол аёли аниқланди

Андижон шаҳридаги 3-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида "Йилнинг энг фаол адолатчи аёли" кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партияси вилоят кенгаши ҳамда унинг "Аёллар қаноти" кенгаши томонидан партия аъзоси бўлган хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, илғор иш тажрибаларини оммалаштириш, ташаббускор ва фаол аёллар фаолиятини  қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида ўтказилган мазкур танловда унинг ҳудудий босқичларида ғолиб бўлган 6 нафар хотин-қиз иштирок этди.

Тадбирда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги жараёнларда сиёсий партиялар фаол иштирок этаётганлиги, шу билан бирга, хотин-қизлар, уларнинг сиёсий фаоллигини ошириш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.

 Айни кунда партия ташкилоти тасарруфида фаолият кўрсатаётган 271 бошланғич ташкилот сафига 11 минг 800 нафардан зиёд аъзо бирлашган бўлиб, уларнинг 6,5 минг нафарини хотин-қизлар ташкил этади. 

Иштирокчилар партиянинг дастурий мақсадлари, низоми ва қонун ҳужжатларидан қай даражада хабардорлиги,  лидерлик, нотиқлик маҳорати, фаолияти самарадорлиги, иш ҳужжатларини юритиши ҳамда савол-жавоб сингари белгиланган шартлар асосида ғолиблик учун ўзаро баҳс олиб бордилар. Якуний натижаларга кўра, Избоскан иқтисодиёт коллежи директори ўринбосари Юлдузхон Нишонова ғолиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.

- Танловда ғолиб бўлиш менга катта масъулият юклайди, - дейди Ю. Нишонова. - Қолаверса, мени янада фаол бўлишга, шижоат билан меҳнат қилишга ундайди. Энди танловнинг республика босқичида ҳам муносиб иштирок этишга, ғолиблар қаторидан жой олишга ҳаракат қиламан.

Иккинчи ўрин Асака туманидаги 39-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Назокат Абдураҳмонова ҳамда Олтинкўл туманидаги 2- мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Гулжаҳон Турғуновага, учинчи ўрин эса Қўрғонтепа туманидаги 42- умумтаълим мактаби ўқитувчиси Дурдона Сухановага насиб этди.

 Танловда "Энг ташкилотчи аёл", "Энг фаол аёл", "Энг оқила аёл" сингари қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланди. Fолиб ва совриндорлар ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. 

 

Ойгул ЭШМУРОДОВА,

 

жамоатчи мухбир.

Фаолиятимиз тубдан ўзгаради

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги   фармони мамлакатимизнинг барча аёллари каби биз балиқчилик хотин-қизларни ҳам бениҳоя қувонтирди. Зеро, мазкур ҳужжат опа-сингилларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини тубдан яхшилаш, турмуш фаровонлигини янада юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Айни кунда Балиқчи туманида 80 мингдан зиёд хотин-қиз истиқомат қилади. Фармоннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириш мақсадида туман аҳолиси ўртасида тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Унинг ижросини таъминлаш мақсадида қўмита, унинг бошланғич ташкилотлари етакчилари, фаоллари томонидан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, жамиятимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, 36 та маҳаллада халқ билан мулоқотлар ташкил этиб, унда иштирок этган 3960 нафар хотин-қизлар билан шаръий ва эрта никоҳларнинг ҳамда жиноятчиликнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Сайёр қабуллар жараёнида 42 мурожаат қабул қилинди. Натижада шаръий никоҳда яшаётган 17 оила расмий никоҳдан ўтиш учун ФҲДЁ бўлимига ариза топширди. 2 эрта никоҳ, 63 ажримнинг олди олинди.

 Мазкур ҳужжатда белгиланганидек, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, улар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, биринчи навбатда, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бўлганлар билан якка тартибда иш олиб бориш ҳамда жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган хотин-қизларнинг ижтимоий реабилитацияси ва мослашиши бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган опа-сингилларимизнинг, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатиш,  меҳнат шароитларини яхшилаш, аёлларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қарашяпмиз. 25 нафар ўта оғир вазиятга тушиб қолган хотин-қизга психологик ёрдам кўрсатилди. 24 нафар жиноят содир этган ва 55 нотинч оилага "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик уюшмаси вакиллари, фаол аёллар, психологлар масъул этиб бириктирилди, уларнинг муаммолари ўрганилиб, жойида ҳал этиш чоралари кўрилди. 2 нафар тураржойга муҳтож фуқароларга тўловларсиз уй-жой берилди. 8 нафар ногирон, уй-жойга муҳтож хотин-қизни янги уй-жой билан таъминлаш мақсадида Балиқчи саноат ва транспорт касб-ҳунар коллежи ётоқхонасида капитал реконструкция ишлари олиб борилмоқда. 25 та кам таъминланган оила уйларини таъмирлаб бериш чоралари кўриляпти. 35 нафар ўта оғир шароитда яшаётган аёлларга суюлтирилган газ баллонлари ва маиший техника воситалари тарқатилди. 396 нафар маҳалла фаолларининг тумандаги қишлоқ врачлик пунктлари ва оилавий поликлиникаларнинг "Саломатлик мактаби"га бириктириш орқали хотин-қизлар ўртасида репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш борасида амалий ишлар кўлами кенгайтирилди. Саккиз нафар аёлнинг даволаниши учун туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси орқали имтиёзли йўлланмалар берилди. 3 нафар фуқарога ногиронликка тегишли гувоҳномалар олишга кўмаклашилди. 

Ҳали олдимизда қилинадиган ишлар, ечимини кутиб турган муаммолар кўп. Муҳими, мамлакатимиз хотин-қизларига катта куч ва кенг имкониятлар эшигини очиб берган ушбу фармон биз хотин-қизлар қўмиталари етакчиларини янада фаол бўлишга, бугун кечагидан, эртага бугунгидан самаралироқ ишлашга ундайди.

 

 Гўзалхон ДЕҲҚОНОВА,

 

Балиқчи туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.