+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

ТОШБАҒИР БЎЛМАЙЛИК

Ҳаёт - ибрат мактаби

Ижодга, бадиий адабиётга қизиққаним боис, газета таҳририятларига тез-тез бориб тураман. Баъзан турли топшириқлар оламан, мухлислардан келган хатлар билан танишиб чиқаман. Шундай кунларнинг бирида чекка бир қишлоқдан келган тенгдошимнинг мактуби диққатимни тортди...

" - Дунёга келганимдан буён бахт нелигини ҳис қилишни орзу қилиб яшайман. Кўзлари қувончдан порлаган инсонларни кўрсам, қалбимга қандайдир аланга тушади. Ўйлайман. Бироқ саволларимга жавоб топа олмайман. Балки тақдирим ҳақида эшитгач, сиз бунга хулоса ясашга уриниб кўрарсиз. Ҳаётда ҳеч бир инсон хатолари туфайли ўзга бир инсон кўнглининг вайрон бўлишига йўл қўймасин.

... Қоронғу хона, занглаган каравот, анчадан бери ювилмаган, сарғайиб кетган чойшаб. Хонани зах ҳиди тутган. Ёмғир ёққан кунлари тешик томдан ўтаётган чакканинг товуши эшитилиб туради. Анчадан буён инсон қўли тегмаган полдаги чанг кўзга ташланади. Оёғи синиқ стулнинг устида эски телевизор бор, у менинг сирдошим. Чунки ўша телевизор мени худди одамлар билан бирга яшаётгандек ҳис қилишимга ёрдам беради. Шу тўрт тарафи девор билан ўралган олам - меники. Айтишларича, ота-онам эрта турмуш қуришган, ҳам қариндош бўлишган экан. Шу сабабдан, менинг бир оёғим калта, ногирон бўлиб туғилган эканман.

Улғайганим сари дард        кучайиб борди, ўн ёшимгача ўқиш-ёзишни ўрганиб олдим. Айни ўйнаб-куладиган даврим, ўн-ўн икки ёшимда тўшакка михланиб қолдим. Эрта-ю кеч ишда бўлганликлари сабаб, ота-онамнинг менга қарагани вақти ҳам, хоҳишлари ҳам йўқ эди гўё. Биз алоҳида уйда турар эдик. Шунинг учун улар менга энага ёллаб, ўзлари шаҳарга ишлагани кетишарди. Баъзида уч кунда бир, баъзида бир ҳафтада бир келиб мендан хабар олишар, емоқ-ичмоқ олиб келишар, бундан мен жуда хурсанд бўлар эдим. Минг афсуски, онажоним мен билан узоқроқ бирга бўлса, узоқ суҳбатлашса янада хурсанд бўлишимни билмасди. Унинг асаблари таранг, сал нарсага жаҳл қилиб бақириб берарди. Шунданми, онамдан бирор нарса сўрашга ботина олмас эдим, очиғи, бундан чўчирдим.

Тўғри, бунинг учун ота-онамни ёмон дея олмайман, тирикчилик, яшаш керак. Менинг шундай кунларни кўришимга сабабчи бўлганликлари учун уларни айбламайман. Мен ҳаётимдан нолимайман, нолий олмайман, сабаби бу - менга Худо томонидан битилган тақдир. Ҳозир ёшим йигирмада. Жондан азиз инсонларим - ота-онамни жуда кам кўраман.

Аммо, онамни, дадамни соғинаман, уларнинг қандай яшаётганликлари билан қизиқаман. Мени ҳам соғинишармикан, деб ўйлайман. Менинг шуурим, дунё ҳақида билганларим ногирон фарзанди учун бахтидан кечган онаизор, фарзандларини ўгай онага раво кўра олмай дунёдан тоқ яшаб ўтаётган ота, боласига ёруғ дунёни кўриш бахтини ҳадя этиш йўлида ўзини қурбон қилган муниса аёл, ногирон бўлса-да битта "тирноғи" бўлишини орзулаб ўтган бефарзанд кимса ҳақидаги ҳикоя ва эртаклар билан улғайган.

Ҳатто, алла эшитганимни эслай олмайман, онам алласини соғинаман, ота меҳри, суянчи нималигини ҳис этишни истайман. Бунинг иложи бормикан? Бу энди менга бир умрлик армон бўлиб қоладими? Бу каби саволлар юрагимни тилка-пора қилади.

Яқиндан буён эса ҳар куни Яратгандан бир нарсани сўраб дуо қилаяпман: эй Оллоҳ, ўзинг меҳрибонсан, ҳар куни мен билан дилдан гаплашувчи зот сенсан, мени яратганинг учун тасаннолар айтаман. Аммо бир илтимосим бор: отажоним, онажоним билан бирга яшайлик, менга, оиламизга ана шундай бахтни насиб эт. Уларга инсоф бер! Шундагина менинг бу ҳаётда армоним қолмайди.  Fам ва андуҳлардан титраётган вужудим эркин нафас олади...".

...Мактубни ўқиб, ғоят таъсирландим. Ҳозир айнан менинг ёшимда бўлган тенгдошимнинг ҳолати ҳар қандай инсонни  қайғуга солиши табиий. Нима учун у бундай ҳолатга тушиб қолди? Наҳотки ота-онаси, ногирон фарзандига шунчалар бемеҳр бўлса? Дунёда қанчадан-қанча меҳрга муҳтож, имконияти чекланган инсонлар яшайди. Нафақат ота-она, балки етти ёт бегона кишилар ҳам бундай инсонларга ёрдам қўлини чўзадилар. Айниқса, давлатимиз, яхши инсонлар бундай одамларни асло ёлғизлатиб қўймайди.  Аммо ўз хатолари сабаб, ногирон бўлиб туғилган жигарбандини ёлғизликка маҳкум этган, ундан меҳрини дариғ тутган ота-онадан нафратландим. Ўз фарзандини шундай ҳолга ташлаб қўйиш учун инсон ўта тошбағир бўлиши керак. Орамизда шундай инсонларнинг борлиги миллатимиз учун иснод эмасми?

 

Мактубни оққа кўчирувчи

Зарнигор ТУРСУНОВА,

 

Андижон давлат университети  талабаси.