+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Фарзандлар бахтига омон бўлинг

Тонг саҳарда ҳовли - жойини саранжомлаб, фарзандларини ўқишга, умр йўлдошини ишга кузатиб, сўнгра ўзлари ҳам иш  жойига шошиладилар. Ишдан қайтгач, оила азоларига тансиқроқ таом тайёрлаб, уларнинг кўнглини олади. Рўзғор юмушлари, фарзанд тарбияси, келинлик хизматидан ортиб, бирор ташкилотда фаолият юритади. Аёллар фарзандлари камолини ўйлаб,  тинмай ҳаракат қиладилар. Оналик ҳисси улар учун ҳар недан устун туради.

Аммо ўзлари ҳақида қачон қайғуради, бу мўътабар зот? Қачон ҳаловат топаркин куюнчак жонлари? Тушкунликка тушган кезларида ҳам яқинларига табассум қилади. Умр йўлдошининг бошига ташвиш тушса, дардига шерик бўлиб, "ўзингизни эҳтиёт қилинг", "сиз суянган тоғимсиз", "ҳаммаси яхши бўлади", дейдилар кўнглини олиб. Бироқ ўзлари ғамга ботган чоғида дардкашга муҳтож бўлади. "Қайғуларим туфайли яқинларимни ҳам азобга қўйиб, уларнинг қалбини дардга тўлдиролмайман" дея ўз дардини юрак тубига кўмаркан аёл зоти. Тоғдек бардоши-ю метин иродаси аёлга ҳамиша мадад бўларкан.

Дунёда гўзалликка интилиб яшайдиган, яқинларига ҳамиша яхшилик истайдиган меҳрибон инсон бу онадир. Ўткинчи умрининг ғанимат лаҳзаларида уларга энг кераклиси бўлган "меҳр"ни бера олдикми?  Уларнинг умр дафтари зарварақларига, зар-ҳал ҳарфлар билан битилажак, унутилмас лаҳзаларни бахш эта олдикми? Олис кетсак йўлимизга нигорон бўлган мушфиқамизни, ташвишларимиздан устун бўлиб, уларни йўқлаб кўнглини олдикми? Бизга ёруғ дунёни кўришимизга сабабчи бўлган волидаи муҳтарамамизга миннатдорчилик изҳор қилдикми?

 Дунёда она учун, аёл учун беназир туҳфа "ширин сўз" бўлса, уларнинг қалбида яшашга умид, ишонч бағишловчи куч, бу - яқинларининг тинчи, меҳр-муҳаббатидур. Зеро, шоира айтганидек:

Аёлга бахт беринг, саодат беринг,

Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.

Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,

Дунёни олиши мумкин жилмайиб...

Марҳабо АКБАРАЛИЕВА

Уларсиз уйингиз бефайз, кўримсиз

Аёл борлиқ кўзгуси, табиатнинг буюк мўъжизаси, унинг гўзаллиги оламни чароғон этади, чунки унинг нияти пок, қалби тоза. Аёл фақат эзгуликни, яхшиликни соғинади. Шарқда аёллар азал-азалдан муқаддас зот сифатида улуғланади қолаверса, улар фаришталарга қиёсланади. Аёлни эъзозлаш, унга эҳтиром кўрсатиш халқимизнинг энг гўзал фазилатларидан биридир.

Ишдан ҳориб келганингизда сизни очиқ чеҳра, майин табассум билан қарши оладиган, бетоб бўлганингизда тунни-тонгга улаб мижжа қоқмай ўтирадиган, фарзандлар бахти, камоли учун жонини фидо қиладиган, уйим-жойим деб турмуш ташвишларини ичга ютиб, сабр билан умргузаронлик қиладиган  буюк зот - бу аёл.

Ҳувиллаган уйингизга файзу-барака, қувончу-шодликлар олиб кирган, бўм-бўш қалбингизни шириндан-шакар фарзандлар билан тўлдирган, борингизни ошириб, йўғингизни яширадиган, мазали таомлар билан сийлаб яна даккингизни-да эшитадиган ҳам - аёл.

Уй юмушлари билан куймаланиб, ўзига оро беришни унутган, базму-жамшиддан кўра оила даврасини хуш кўрган, ишга кетаётганингиз-да соғ-омон қайтишингизни тилаб, дуога қўл очган ҳам - аёл.

Гоҳо мансаб отига миниб пулингиз кўпайганда, уйингиздаги мунис фаришта кўзингизга ғарибдай кўриниб, маккора санамларга ўралашиб қолганингизда ҳам, хиёнат эшигидан хатлаб гуноҳ ботқоғига қадам қўйганингизда ҳам - эр кишида дея, аламини кўз ёшдан олиб сизни кечирган ҳам - аёл.

Яратган эгам аёл қалбини дарё, меҳрини эса чексиз қилиб яратган. Унинг кўнгли гулданда нозик, бир оғиз сўз билан чилпарчин бўлиши, бир оғиз ширин сўз билан шодликларга тўлиши мумкин.

Унга кулиб боқинг, майин жилмайинг, ҳамда меҳрингизни аяманг ундан. Аёлни эъзозланг, аёл мўътабар, аёл буюк зотдир.

Бир қўлида бешик, бирида дунё,

Fамларни елкада тутган аёллар.

Гоҳида унутиб, қувонч, шодликни,

Бир умр ширин сўз кутган аёллар.

 

Борида шукр деб, йўғида сабр,

Қаноатни қалқон қилган аёллар.

Не бўлса, тақдири, азалда дея,

Борини тақдирга йўйган аёллар.

 

Аёлга чин дилдан муҳаббат беринг,

Бир бор ҳолин сўранг, ширин сўз билан.

Сизни севаман денг, ёлғон бўлса ҳам,

Унга кулиб боқинг, қувноқ кўз билан.

 

Аёл буюк зотдир, аёл муқаддас,

Аёлсиз уйингиз бефайз, кўримсиз.

Аёлни эъзозланг, аёл мўътабар,

Аёл дуо қилар сизни тинимсиз.

 

Даъво қилмагаймиз, тилло зарларга,

Бир оғиз ширин сўз етади бизга.

Меҳрингизни дариғ тутмасангиз гар,

Қирқ битта жонимиз фидодир сизга.

 

Назира ДАДАБОЕВА

Баҳор куйи

кечинма

Узоқдан куй келяпти. Гўё таниш бу куй ўз армонини ўзи сочаётгандай. Юрагим тўлқинланиб кетди. Қайси куй эди экан, эслолмадим.

Яна ўша куй таниш лаҳзаларни ёдимга солгандай, яна ҳам яқинроқ, яқинлашиб келяпти. Бироқ бу куйнинг қалбини шамол иккига бўлиб ташлади. Ҳар томонга бўлиниб кетди. Гўё бу куй йиғлаяпти. Онаси ташлаб кетган қушдай чинқиряпти. Илиқ ҳаво, соғинчга ташна.

Менинг ҳамдардим, шу куйлар билан парвоз қилгандай. Табиат гўзаллигини хаёлимнинг кўзи биринчи бўлиб кўрди. Осмонни парчалаган булутлар, йиғлашни ҳам билмайди.

Баҳор, чексиз ташвишларимни унутиб, янгитдан муҳаббат, янги туйғу, янги завқ билан мен сени қарши оламан. Кўзларим ялпизнинг дийдорига ташна. Совуқ ҳароратнинг қўйнидан чиққан баҳор ўзи етиб келганига гўё шукрона айтгандай...

Унутиш осонмас. У ҳам бизни унутолмай, кўзларини гулларга ишқалаб, гулғунча ифорлар таратиб янгитдан бахт бағишлаш учун келди. Қайғулар қорда қолиб кетди, армонлар этагини фарёд ёпиб кетди. Орзу эшигини баҳор очди, сабо қўллари билан. Бироз вақтдан кейин эса энди ўша куй бутун бўлиб келяпти. Гўё  баҳор фаслини йиғиб келгандай. Ҳа, мен севган баҳоримнинг куйи экан бу. Дунёдаги барча илиқ туйғулар гўё куй бўлиб, ўз сеҳрини сочаркан бутун оламга.

Баҳорнинг куйга тўлган қалби, гўзаллик ҳадясига парвона. Ўша куй дарахтлар учларига қадалиб қолгандай, сабо қўллари билан тебраниб туришарди

...Уйимда. Мен салом бердим, у алик олди, тебраниб. "Салом, баҳор, энди кетма!"  - деган сўзларимни гўё билиб тургандай менга маъюс бўлиб боқмоқда.

Гулбаҳор ЙЎЛДОШЕВА,

 

Андижон тумани.

Бунча ҳам яхши, бу одамлар

Йўл-йўлакай борар эканман, атроф чиройли, баҳаволигини ҳис этаман. Узоқдан келаётган қизалоқ ҳам осмонда сузиб юрган оппоқ булутларга маҳлиё бўлиб, борлиқни томоша қилиб келяпти.

Вой! Йиқилди-я, сирпаниб кетди-да... Мен узоқдаман, лекин унга ёрдам бериш учун интилиб тезроқ қадам ташлайман. Ана, велосипедда келаётган киши тўхтаб, унга ёрдам берди. Туришга кўмаклашди, кийимларини қоқиб қўйди. Ҳатто, ариқ бўйига олиб бориб пойафзалини ювиб қўймоқда.

Офарин, бегона бўлса-да, оталардек меҳр кўрсатди, - мард инсон экан, отасига раҳмат.

* * *

"Дамас"га ўтирар эканман, ёнимга бир аёл ўрнашди.

- Келин, мана бу ерга ўтиринг, мазангиз йўққа ўхшаяпти. Суяниб кетасиз...

- Раҳмат, яхши ўрнашдим, раҳмат, - дейди ҳалиги хаста аёл, ийманибгина. Тортинмай қулайроқ ўтириб олинг, тезроқ уйингизга бориб ўзингизга қаранг, айланай.

Танимаган одамнинг далдасидан ёш аёлнинг кўнгли кўтарилди.

* * *

Йўл четида келаётган ёш, чиройликкина қизга, шу ерда суҳбатлашиб турган уч-тўрт йигит йўл берди. Машина эса ёмғирда кўлмак бўлган сув сачраб кетмаслиги учун секингина юриб ўтди. Ҳеч бир қонунларда ёзилмаган бу каби меҳр-оқибат, эътибор йигитлар ўз сингилларидай авайланган қиз қалбида яхшиликка, яхши инсонларга нисбатан меҳрни оширган бўлса не ажаб?

* * *

...Бир-бирига бегона бўлса-да, аксарият юртдошларимиз ёрдамга шай, муҳтожга кўмак беришга интилади.  Йўқ, аслида ҳеч ким бир-бирига бегона эмас, барчамиз ҳазрати инсонмиз. Отам раҳматли, доим "Одамларнинг бегонаси йўқ, суриштирсанг ҳамма қариндош", дер эдилар. Рост экан. Улар каби бир-бирларига яхшилик соғинадиган одамлар бунчаям кўп?.. Меҳрибон ака-ука, опа-сингилларни кўриб, кўнглим кўтарилади. Ва, беихтиёр: "Бор бўлсин қалби эзгуликка йўғрилган одамлар!" дегим келади.

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА

"Тўмарис" - энг фаол иштирокчи

Андижон шаҳридаги "Баркамол авлод" спорт мажмуасида Халқаро хотин-қизлар байрамига бағишланиб вилоят жисмоний тарбий ва спорт бошқармаси ҳамда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят бўлими ташаббуси билан спортнинг енгил атлетика, шахмат-шашка, арқон тортиш, стол тенниси, велопойга турлари бўйича мусобақалар ўтказилди.

Беллашувларда вилоятдаги спорт муассасаларида фаолият юритаётган 200 нафарга яқин хотин-қизлар 19 жамоа таркибида ғолиблик учун баҳс олиб бордилар.

Мазкур мусобақада вилоят футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернатининг "Тўмарис" жамоаси ҳам фаол иштирок этди. Хурсаной Қодирова, Шохсанам Тожиддинова, Гулнора Умарова каби фахрий аёллар мусобақаларнинг қизиқарли ва кўтаринки руҳда ўтишига муносиб ҳисса қўшдилар. "Тўмарис" жамоаси  мусобақанинг "Энг фаол аёллар жамоаси" номинацияси совриндори бўлди.

Қизғин ва муросасиз кечган беллашувларнинг якуний натижаларига кўра, Избоскан тумани жамоаси умумжамоа ҳисобида 1-ўринни қўлга киритди.

Fолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчиларининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

 Гулнора ПАЗИЛОВА,

 

вилоят футболга ихтисослаштирилган мактаб-интернати ўқитувчиси.

Зулфияхоним - вафо тимсоли

Ҳар йили баҳорнинг илк куни матонатли аёл, меҳрибон устоз, серқирра ижодкор, нафақат ижоди, балки бутун ҳаёти, фаолияти билан ўзбек аёлининг тимсолига айланган  Зулфияхоним таваллуди кенг нишонланади.

Андижон қишлоқ хўжалик институти академик лицейида ҳам ана шу санага бағишланиб, "Зулфияхоним - вафо тимсоли" шиори остида тадбир ўтказилди. Тадбир доирасида лицейнинг 1-босқич ўқувчилари ўртасида "Баҳорий маликалар" беллашуви бўлиб ўтди. Беллашувда ҳар бир гуруҳдан биттадан иштирокчи қатнашиб, ўзининг билими, зукколиги, санъат ва уй юмушлари борасидаги маҳоратларини намойиш этдилар. Улар томонидан бажарилаётган ҳар бир шарт ижроси ҳакамлар ҳайъати томонидан  баҳолаб борилди.

Беллашувнинг якуний натижаларига кўра, 106-гуруҳ ўқувчиси Арофат Козимжонова ғолиб деб топилди. Fолиб ва иштирокчилар лицей маъмуриятининг фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Унутилмас таассуротларга бой ушбу тадбир ўқувчи ёшларнинг шоира Зулфия ҳаёти ва фаолияти, адабиёт, шеърият ҳақидаги билимларини янада бойитди.

Д. ТУРДИЕВА,

АҚХИ академик лицейи хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси.

Мулойим момо

Юз билан юзлашганлар

Олтинкўл тумани Қўштепа қишлоғи Топтиқ маҳалласида яшовчи Саодатхон момо Хайитова бу йил ўзининг 103 баҳорини қаршиламоқда. Фарзандлари, қўни-қўшниларининг айтишича, момо ҳаёти давомида ҳеч қачон, ҳеч кимга озор бермаган экан. Шу феъли учун уни маҳалла аҳли "Мулойим хола" деб аташади.

Саодатхон момо Қўштепа қишлоғида туғилиб ўсди, мактабни битиргач,  уни "Маман полвон" лақаби билан ном қозонган Мамадали Ҳайитовга турмушга узатдилар. Мамадали полвон курашчи эди. Бақувват, меҳнаткаш, кетмонни яхши кўрадиган асл деҳқон боласи бўлган экан. Полвон Саодатхон билан 46 йил бирга умргузаронлик қилди. 10 нафар фарзанд кўрдилар. Эр-хотин умр бўйи жамоа хўжалигида бирга меҳнат қилдилар. Ташкилотчилиги, меҳнатсеварлиги билан  Маман полвон жамоа хўжалиги раиси бўлиб ҳам ишлади.

- Дадам меҳрибон, аммо жуда қаттиққўл одам эдилар, - дея эслайди Комилжон Мамадалиев. - Аммо, онамнинг кенг феъли ва мулойим табиати ҳамиша уни босиб турарди. Дадам 71 ёшида қазо қилди. Аммо яратганга шукр, онажоним, бошимизга соябон бўлиб, бизларга дуолар қилиб ҳозиргача яшаб келяпти. 

Саодат момонинг 30 невара, 57 чевара ва 3 нафар эвараси бор. У бир асрдан зиёд умр кўраётган бўлса-да, ҳаётга чанқоқ, руҳи тетик, бардам-бақувват.

- Бу хонадонга келин бўлиб тушганимга 38 йил бўлди, - дейди момонинг келини Муқаддасхон опа. - Бирон марта қайнонам билан орамизда можаро келиб чиққанини эслай олмайман. Мен бу жаннати аёлни  қайнонам эмас, онам дейман. Онам кўп овқат емайди, ёғли, ҳазми оғир таомлардан тийилади, кам ухлаб кўп ҳаракат қилади. Бир умр далада меҳнат қилиб, мол-қўй боқиб, ипак қурти парваришлаб яшаган. Балки меҳнатсеварлиги, соғлом ҳаёт кечирганлиги учун ҳам юз билан юзлашгандир.

Кенг феъл, хуштабиат, мулойим Саодат момо ёш болаларнинг ғалваю тўполонларига инжиқланмайди, ҳозир ҳам невара келинларининг боласини ўйнатиб ўтиради. Маман полвон билан кечган бахтли, саодатли кунларидан хотира сифатида эсдалик суратларни, полвоннинг белбоғи-ю, тўйлари куни бошига ташлаган ғижим рўмолини сандиғида авайлаб сақлайди.

- Маҳалламизда 2 нафар 100 ёшдан ошган табаррук онахон яшайди, - дейди "Топтиқ" маҳалла фуқаролар йиғинининг диний-маърифат, ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Нодирахон Юлдашева. - Биз бу нуронийларимиз билан чексиз фахрланамиз. Турли байрамларда уларни йўқлаб, дуоларини оламиз, ҳаётий тажрибалари билан ўртоқлашамиз, суҳбатларидан баҳраманд бўламиз.

Саодат момо ёшлигида қайнона-қайнотасининг юзига ҳеч тик қарамаган, уларнинг олдида фарзандларини суйиб-эркалашга ҳам уялган экан.          Фарзандларингизга айтган аллангиздан айтиб беринг, деганимда момо "уяламан, қўйинг" дея унамади. Узоқ умр кўриш сири ҳақида гап кетганда эса, момо ҳеч ким билан жанжаллашмагани, асабийлашмагани, бировнинг дилини оғритмагани, ғийбат ва маломатлардан узоқ яшаганини таъкидлади.

Барака нури ёғилиб турган хонадондан қайтаётганимда, Саодат момо қўлларини очиб, узоқ дуо қилди.

-Илойим ҳамма яхши инсонлар менинг ёшимга етсинлар, эркакларимиз боши омон, оиласи бахтига саломат юрсин, аёлларимиз бахтли-саодатли, серфарзанд-сердавлат бўлишсин, юртимиз тинч, хонадонларимиз осойишта, дастурхонларимиз тўкин бўлсин!

Муаззам ИБРОҲИМОВА

Пойига жаннат тўшалган аёл...

Аёл! Бу сўз нақадар жарангдор, нақадар мафтункор, нақадар муқаддас ва мўътабар!

Аёл... У аввало, меҳрибон она, оила шамчироғи, ҳурматли опа, қадрли сингил. Аёл  - оқила, покиза, пазанда... Оила аталмиш муқаддас масканнинг бекаси, буюк салтанат соҳибаси, маликасидир. У бир қўлида бешикни, бир қўлида дунёни тебратади.

...ҳизмат тақозоси билан пойтахтга бориб қайтаётганимда ҳорижлик бир рус аёл ҳамроҳ бўлиб қолди. Барча йўловчилар ўзлари билан ўзлари овора эди. Бояги рус аёл эса атрофни кузатиб келаётган экан. Автоулов ойнасидан ташқарига боқаркан, далада бошларига оппоқ дурра боғлаб олиб, ғўза парвариши билан машғул аёлларни кўриб сўз бошлади: "Куннинг иссиғида улар нима иш қиляптилар?.."

Ҳамроҳлар унга миллий бойлигимиз бўлган "оқ олтин"ни қандай парваришлаётганликлари ҳақида батафсил тушунтира бошладилар. Шунда рус аёл пахта мана шундай  машаққатли меҳнат эвазига бун-ёд этилишига тасаннолар айтди.

...Аёл ва иқтисод бир йўналиш, аёл ва сиёсат яна бошқа бир йўналиш. Оилада аёл ўз жуфти ҳалолига содиқ дўст, рўзғорда турмуш ўртоғига беминнат кўмакчи бўлса, жамиятда эса алоҳида ўринга эга фаол, жонкуяр ишчи-хизматчи. Аёлларимиз ҳар қандай ютуқ, бахтга ўзининг сабр-бардоши, қаноати, матонати эвазига эришади.

...Бир донишманд "Жамиятнинг етуклиги аёлларга бўлган яхши муносабатларда билинади", дея эътироф этган. Мамлакатимизнинг биринчи Президенти Ислом Каримов эса: "Аёлни улуғламоқ - оилани, Ватанни, ҳаётни улуғламоқ демакдир", дея, аёлларнинг ҳаётдаги, жамиятдаги мавқеини, ўрнини биринчи ўринга қўйиб, уларнинг даражасини юксак поғонага кўтарган эдилар.

Дарвоқе, жорий йилнинг 2 февраль санасида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони қабул қилинди. Ушбу ҳуқуқий ҳужжат республикамизда истиқомат қилаётган барча аёлларнинг ҳаётдаги, оиладаги, жамиятдаги ўрнини юқори даражага кўтаришга қаратилган муҳим хужжатдир. Зеро, аёл қадри жамиятда, оилада тутган ўрни билан белгиланади. Ҳукуматимиз раҳбари ушбу фармон орқали мамлакатимиз аёлларининг барча соҳаларда фаол иштирок этишлари йўлида зарур шарт-шароитларни яратиш, уларга муносиб турмуш шароитлари, алоҳида эътибор ва ғамҳўрлик билан қуршаб олиш лозимлигини белгилаб берди.

Ҳа, оналик, аёллик бахти - энг юксак бахт! Мустақил Ватанда умргузаронлик қилаётган, пойига жаннат тўшалган ҳар бир аёл-қизни мана шундай бахт нашидаси асло тарк этмасин!

Мавлудахон АБДУҚОДИРОВА,

 

Қўрғонтепа тумани.

Эришаётган ютуқларимда онамнинг хизматлари катта,

- дейди оғир атлетика бўйича

Ўзбекистон чемпиони Муниса Ҳамдамова.

- Балиқчи туманидаги Гулистон қишлоғида туғилиб ўсганман. Оилада икки фарзандмиз. Мен ва синглим. Болалигимдан  бадиий гимнастикага жуда қизиқардим. Шу сабаб қатор йиллар спортнинг ана шу тури билан шуғулландим. Андижон Олимпия захиралари коллежига ҳам айнан бадиий гимнастика йўналиши бўйича ўқишга қабул қилинганман. Аммо йиллар ўтиб шароит, қизиқишларим ўзгарди. Бир муддат спортнинг қайси тури билан шуғулланиш ҳақида ҳам ўйланиб юрдим. Ниҳоят, онам мени оғир атлетика тўгарагига ёздирди. Аввалига бу менга ёқмади. "Қиз болага оғир атлетикада нима бор?" деб ўйладим.

Спортнинг ушбу тури балан шуғуллана бошлагач, унга бўлган қизиқишим янада  ортди. Қатор натижаларни қўлга киритгач,  қолаверса, оғир атлетиканинг ўзига хос жиҳатлари мени сеҳрлаб олди, бора-бора оғир атлетика ҳаётимнинг мазмунига айланди.

2013 йилда 44 килограмм вазн тоифасида Ўзбекистон чемпионатида қатнашиб, 2-ўринни эгалладим. Fалабага, чемпионликка иштиёқим ортди. Тинимсиз машқлар, ишонч, ирода ўзини оқлади. 2013 йилда ўсмирлар ўртасида ўтказилган республика чемпионатида 1-ўринни эгалладим. Шундан буён ўз вазн тоифамда рақибларга имкон қолдирмасликка ҳаракат қилиб келаяпман. Бугунги кунга қадар 12 бор Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритдим.

2018 йил эса мен учун жуда омадли бошланди. Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилиндим. Энди Осиё, жаҳон чемпионатларида Ватанимиз шарафини ҳимоя қилиш имконига эга бўлдим. 

Ҳозир даст кўтаришда 65 килограмм, силтаб кўтаришда 85 килограмм натижага эришяпман. Мураббийим Ойбек  Турғунов жуда талабчан, қаттиққўл, аммо бағрикенг инсон. У менга ишонади, шунингдек, машғулотларга масъулият билан ёндошишимни талаб қилади. Шу ўринда устозим оғир атлетика бўйича олимпиада чемпиони Руслан Нуриддиновнинг ҳам устози эканлиги қалбимга фахр туйғусини солади.

Айни кунда март ойининг охирида Тошкентда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига астойдил тайёргарлик кўряпман. Ана шу мусобақада ғолиб бўлиб, Андижонимиз, Ўзбекистонимиз шуҳратини янада ошириш учун бор имкониятларимни ишга соламан.

Таъкидлашим керакки, эришаётган ютуқларимда мураббийим билан бир қаторда онамнинг хизматлари ҳам ниҳоятда катта. Онам ёшлигида гандбол  билан шуғулланган. Қишлоқчилик, оилавий шароитлар сабаб орзулари амалга ошмаган. Қолаверса, у  пайтларда спортга бугунгидай эътибор, бугунгидай кенг имкониятлар бўлмаган. Шунинг учун спортчи бўлиб етишишим, улкан натижаларни қўлга киритишим учун менга қулай шарт-шароитларни яратиб беряптилар. Фурсатдан фойдаланиб онамни, фарзандлари учун борини берадиган барча мунис аёлларни 8 март - Халқаро хотин-қизлар байрами билан чин дилдан табриклайман. Насиб қилиб Осиё чемпионатида ғолиб бўлсам, ғалабамни онамга бағишлайман.

 

Муниса ҲАМДАМОВА,

Андижон олимпия захиралари коллежи ўқувчиси. 

Фаол онахоннинг дил изҳори

Ёшим етмиш бешдан ошган бўлса-да, ўқимасдан, изланмасдан туролмайман. Узоқ йиллар Хўжаобод туманида турли раҳбарлик лавозимларида, туман газетаси муҳаррири вазифасида ишлаганман.  Нафақага чиқиб ҳам уйда ўтириб қолмадим. 2001 йилдан бошлаб туман маънавият ва маърифат марказига раҳбарлик қилиб келаман.

 Ҳозирги кунда тумандаги "Фахрий тарғиботчилар" гуруҳи раҳбари, "Нуроний" жамғармаси туман бўлими қошидаги жамоатчилик асосида хотин-қизлар билан ишлаш Кенгашига, "Шоҳгузар" маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотига раислик қилишдек жамоат ишларини адо этиб келяпман.

Тумандаги пенсионерларнинг 7 минг нафарга яқинини онахонлар ташкил этади. Улар ўртасида Президентимиз фармонлари, ҳукуматимиз қарорлари мазмун-моҳиятини кенг    тарғиб этишга ҳаракат қиляпман. Жамғарма ташаббуси билан фахрий онахонларнинг юбилей кечаларини ўтказилиши анъанага айланган. Тумандаги 4 нафар 100 ёшдан ошган онахон ҳолидан доимий равишда хабар олиб турилади. Шунингдек, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, ногирон аёллар хонадонларига бориб, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда моддий ёрдам кўрсатяпмиз. Айниқса, тарғибот гуруҳимизнинг хонадонларда суҳбатлар ўтказиши яхши самара беряпти.

Бундан ташқари, тарғибот гуруҳига жалб этилган онахонлар умумтаълим мактаблари, коллежларда қизлар ўртасида "Қизгина, қадрингни бил!", "Қиз бола ҳаёси билан гўзал" мавзуларида суҳбатлар ўтказиб, тарбиявий ишларни жонлантиришга ўз ҳиссаларини қўшяптилар. 

Халқаро хотин-қизлар куни - 8 март олдидан жойларда хотин-қизлар ўртасида "Аёлнинг жамиятдаги ўрни", "Аёл муқаддас" мавзуларида суҳбатлар ўтказилмоқда. Фаол хотин-қизлардан иборат "Жайҳун" ҳаваскорлик дастаси тузганмиз. Ижодий жамоа Наврўз байрами арафасида янги концерт дастури билан хотин-қизларимизга байрам совғаси тайёрламоқда.

Вилоятимиз хотин-қизларини, фахрий онахонларни Халқаро хотин-қизлар куни билан қизғин қутлайман. Уларга оилавий хотиржамлик, бахт-иқбол доимо ҳамроҳ бўлсин! Энг муҳими, аёлларимизнинг кўнгли ҳамиша яшнаб юрсин!

Раънохон ЖУМАНИЁЗОВА,

 

Булоқбоши туманидаги "Шоҳгузар"маҳалла фуқаролар йиғини бошланғич ташкилоти раиси, "Шуҳрат" медали соҳиби.