+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизлар оилавий ҳаёт сабоқларини олмоқда

Андижон шаҳар ФҳДЁ бўлимида "Оиланинг қонуний асослари" мавзусида амалий семинар бўлиб ўтди.

Вилоят ва Андижон шаҳар хотин-қизлар қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган мазкур семинарда ҳуқуқшунос аёллар, "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмасимаҳалла фуқаролар йиғинлари вакиллари, ёшлар иштирок этиб, оилани барпо этишнинг қонуний асослари, ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш, бу борадаги ютуқ ва муаммолар хусусида атрофлича сўз юритдилар.

 "Ёш оила қурувчилар мактаби" фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича Андижон шаҳар ФҳДЁ бўлимининг илғор иш тажрибалари билан танишилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, бу борада амалга ошириладиган ишларни ташкил этиштурмуш қуриш остонасида турган ёшларнинг оилавий ҳаёт ҳақидаги билим ва тушунчаларини бойитиш, бурч ва масъулиятларини англашларига кўмаклашиш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш зарурлиги қайд этилди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Манзурахон     Юнусова Президентимиз фармони юртимиз аёлларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин намунаси эканлиги, хотин-қизлар ҳаёти ва фаолияти билан боғлиқ муаммоларни, соҳадаги камчиликларни бартараф этишда мазкур ҳужжат муҳим аҳамият касб этишинихотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарали ташкил этиш, умуман, хотин-қизлар билан олиб борилаётган  ишларни янада юқори бос-қичга кўтаришда ҳамма бирдек масъул ва фаол бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидлади.

Семинарда, шунингдекажримларнинг олдини олиш, турмуш қураётган ёшлар бир-бирига психологик ва ижтимоий мос келишига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги, ёшларнинг маънавиятини, муомала маданиятини юксалтириш, халқимизнинг ўзига хос одоб-аҳлоқ меъёрларини уларнинг онгига чуқур сингдириб бориш лозимлиги, соғлом оилаларни шакллантиришнинг муҳим шартлари, никоҳ олдидан тиббий кўрикнинг аҳамияти хусусида атрофлича сўз юритилди.

Айниқса, айрим ёш оила соҳиблари муҳим масалалар юзасидан мулоҳаза қилмасдан, шошилиб қарор чиқаришлари, кераксиз хою ҳавасга берилган баъзи бир ота-оналар, куёвлар тўйдан сўнг қарзга ботиб қолаётганликлари, бунинг оқибатида айрим йигитлар янги келинни ота-она хизматига қолдириб, хорижга ишлагани кетиб қолишлари танқид остига олинди. Бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик зарурлиги айтилди

- Турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизларимиз билан оила мустаҳкамлигини таъминлаш бўйича зарур ишлар олиб борилмоқда, - дейди Андижон шаҳар ФҲДЁ бўлими мудири И. Жалилова. - Бўлимимиз қошидаги "Ёш оила қурувчилар мактаби" томонидан ташкил этилаётган мулоқот ва суҳбатларда мутахассисларимиз ёшларга оиладаги бурч ва вазифалари ҳақида кенг тушунчалар, бахтли оила қуриш сирлари хусусида сабоқлар бермоқдалар. Айниқса, қайнона-қайнота, эр ва хотин муносабатлари, соғлом ва бахтиёр оиланинг қонуний асослари ҳақидаги суҳбатлар оила мустаҳкамлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда

Семинар иштирокчилари ўзаро тажриба алмашдилар, тадбирда қатнашган йигит-қизлар эса ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоблар олди.

 

Зилола ИБРАГИМОВА

Аёл - ҳаётимиз гултожи

Президентимизнинг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида юртимизда хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга доир давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги роли ва фаоллигини ошириш, опа-сингилларимизнинг  оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлигини яхшилаш, фаолиятига даҳлдор барча йўналишларда уларга енгиллик ва қулайликлар яратиш кўзда тутилган.

Фармонга мувофиқ хотин-қизлар қўмиталарининг эркин ва самарали фаолият юритиши учун кенг имкониятлар яратиб берилади. Қўмита моддий-техника баъзасини мустаҳкамлаш, берилган иқтисодий имкониятлар шубҳасиз, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

Фармонда фуқаролар йиғинлари раисининг диний-маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозими ўрнига ушбу штат бирлиги тегишли туман, шаҳар хотин-қизлар қўмитаси тузилмасига ўтказилиши, мазкур лавозим ўрнига маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириш тартибини сақлаган ҳолда хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис лавозими жорий этилиши хотин-қизлар қўмиталари фаолияти самарадорлигини ошириб, айниқса, оилалар билан бевосита иш олиб бориш йўналишидаги ишларни янада юқори бос-қичга кўтаради.

Бундан ташқари, Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фондини ташкил этилиши ва фонд олдига хотин-қизларни ва оилани ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизлар ва оилаларга, ногиронлиги бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, хотин-қизларга оилавий ва хусусий тадбиркорлик, ҳунармандчиликни ташкил этишда, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган   касблар бўйича билим ва кўникмаларни эгаллашда кўмаклашиш сингари қатор вазифалар қўйилганлиги ҳам ниҳоятда улуғ иш бўлди.

Мухтасар айтганда, фармон мамлакатимиз хотин-қизлари учун муҳим тарихий ҳужжатдир. Мазмун-моҳияти, аҳамиятига кўра, ҳужжат хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарали ташкил этиш, умуман, хотин-қизлар билан олиб борилаётган ишларни янада юқори босқичга кўтариш, энг асосийси, муҳтарама аёлларимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, бахтли ва ҳаётдан рози бўлиб яшашларини таъминлашга хизмат қилади.

Аёл - ҳаёт гултожи. Аёл билан оиламиз тинч, ҳаётимиз гўзал ва мазмунлидир. Шу боис аёлни, миллат давомчисини асраб-авайлаш ҳар қандай жамиятнинг олдидаги энг муҳим вазифадир. Шу маънода ушбу фармон опа-сингилларимизни асраб-авайловчи, уларнинг бахтли яшашларини таъминловчи муҳим ҳужжатдир.

Мухтасархон ҳОШИМОВА,

Хонобод шаҳар ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси.

Ўзаро тажриба алмашдилар

Андижон туманидаги 31- умумтаълим мактабида тумандаги умумтаълим мактабларининг чақириққа қадар бошланғич таълим ўқитувчилари учун семинар ўтказилди.

Мазкур таълим муассасасида 550 нафар ўқувчи таълим-тарбия олмоқда. Ўқувчиларнинг пухта билим олиши учун турли тадбирлар доимий равишда ўтказиб келинмоқда. Ўтказилган семинар ҳам ана шундай тадбирлардан бири бўлди.

Семинар иштирокчилари чақириққа қадар бошланғич таълим фанини ўқитиш бўйича олиб борилаётган ишлар, илғор тажрибалар билан танишдилар. Ўқитувчилар Г. Худоёрованинг 10-синф қизларига 1-тиббий ёрдам кўрсатиш, Ш. Иминовнинг назарий ва амалий очиқ дарс машғулотлари кузатилди.

Семинар мазкур фан ўқитувчиларининг ўзаро тажриба алмашишларига, ўқитишнинг илғор, инновацион усуллари билан танишишларига имкон яратди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоблар олди.

Наргиза ТОШТЕМИРОВА,

мазкур мактаб ўқитувчиси.

Президентимиз фармони мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилмоқда

Андижон давлат тиббиёт институтида "Соғлом оила - соғлом жамият негизи" мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Вилоят хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий маркази вилоят филиали ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари етакчилари, талаба қизлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони мазмун-моҳияти кенг тарғиб этилди, мазкур Фармон юртимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор ва чинакам ғамхўрликнинг ёрқин намунаси, уларнинг оғирини енгил қилиш, турмуш фаровонлиги яхшилаш, қўйингки, ҳаёти, фаолиятига даҳлдор барча йўналишларда енгиллик ва қулайликлар яратиб берувчи муҳим  ҳужжат  эканлиги    таъкидланди.

- Фармон ижросини таъминлаш хотин-қизлар қўмиталари, хусусан, унинг бошланғич ташкилотлари зиммасига катта масъулият юклайди, - дейди Андижон давлат тиббиёт институти хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилоти раиси Моҳигул Жўраева. - Энди ишлаш, ишлаганда ҳам опа-сингилларимиз муаммоларини бартараф этиш, уларнинг бахти-саодати йўлида фидойи бўлиб ишлаш талаб этилади. Жумладан, фармонда етакчиларга хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, улар ўртасида оилавий  ва хусусий тадбиркорликни, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича амалий чораларни амалга ошириш ишларига шахсан жавобгарлик белгилаб      қўйилди.

Хотин-қизлар қўмиталари фаолиятини самарадорлигини ошириш,  ҳар бир оила, айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар билан индивидуал иш олиб бориш, оила институтини мустаҳкамлаш, бу борада мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигини кучайтириш юзасидан фармонда белгиланган муҳим вазифалар хусусида маърузалар тингланди.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

АЖДОДЛАР ЁДИ ҲАМИША АВЛОДЛАР ҚАЛБИДА

Андижон педагогика коллежида халқимизнинг буюк сиймолари - Алишер Навоий ва Захириддин Муҳаммад Бобурларнинг таваллуд топган саналарига бағишланиб, турли маънавий-маърифий, адабий тадбирлар, шеърият кечалари, расмлар танловлари бўлиб ўтмоқда.

Биз яхши биламизки, Алишер Навоий  халқнинг бахти, саодати куйчиси, дину давлат ҳомийси эди. У айниқса, ўзбек тили ва адабиёти равнақига  беқиёс ҳисса қўшди.

Олиб борилган қатор тадқиқотлар Алишер Навоий жаҳоннинг энг машҳур ижодкорлари хусусан, рус адиби Пушкин, инглиз драматурги Шекспир, улуғ испан ёзувчиси Сервантес, ўз устози ва замондоши бўлган Абдураҳмон Жомийдан асарларида сўздан фойдаланиш бўйича устунроқ эканлигини кўрсатади. Ҳазрат Навоий ёзган асарларда бир-бирини такрорламайдиган 26 мингдан ортиқроқ сўз ишлатилган.

Ўтказилаётган тадбирлар адабиёт, шеърият байрамига айланмоқда. Мир Алишер Навоий ҳамда Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ҳаёти ва ижоди, адабиётимиз, жаҳон илм-фани ривожига уларнинг қўшган ҳиссаси, ижодининг ўзига хос жиҳатлари хусусида ўқувчиларга янада кенг маълумотлар берилди. Мушоиралар, ижодкор ўқувчилар томонидан улуғ сиймолар қаламига мансуб ғазал ва рубоийларнинг ўқилиши, намойиш этилган саҳна кўринишлари барчага хуш кайфият улашди.

Бу каби тадбирлар ўқувчи ёшларимизнинг фаол ва китобхон бўлишга, қалбларида халқимизнинг икки буюк сиймосига, қолаверса, адабиётга, шеъриятга, она Ватанга ҳурмат туйғуларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

 

Гулчеҳра

МУЛЛАЖОНОВА,

 

Андижон педагогика коллежи ўқитувчиси.

ХУДБИН

Ҳикоя

Даврада маҳзун куй янгради. Усиз ҳам кайфияти тушкун бўлган Ботиралининг юраги сиқилди. Аста ўрнидан туриб, ташқарига йўналди.

- Ҳа, бой бола, давра ёқмадими?- рўпарасидан чиққан Шерзод унга пичинг қилди. - Энди айтаманда, катта охурда ем еб ўрганиб қолдингиз, бунақа тўйларни назарга илмаяпсизми, деяпман-да! - Шерзод барибир қитмирлигини қўймади.

- Оғзингга қараб гапир! - Ботирали ростмона аччиқланди. - Арпангни хом ўрган ерим борми, намунча менга пичинг қиласан?

- Ўзингни босиб ол, - Шерзод ундан баланд келди. - Сирканг сув кўтармай қоптими?! Ҳали кўрамиз, сени боқиб катта қилган ота-онангга қилган нонкўрлигинг қанчага тушишини?

- Сенга нима, менинг шахсий ҳаётимга нега аралашасан? - Ботиралининг бирдан жаҳли чиқди, ўзини тутолмасдан, Шерзоднинг юзига мушт туширди.

У ёғини эслолмайди, ҳар қалай анча қий-чув, ёқалашув бўлгани хотирида. Кўзини очса, уйида ётибди, бошида хотини сочиқни хўллаб пешонасига босиб ўтирибди.

- Болалар қани?

- Дадам келганди, ўрик боққа олиб кетди, - жавоб берди Гулчеҳра.

- Нима қилади боғда, тупроққа аралашиб? - сўради Ботирали қийиқ ахтариб.

Гулчеҳранинг кўзларига ёш тўлди:

- Қанақа тошбағир одамсиз? Дадам невараларини соғиниб келса, "йўқ, уст-боши кир бўлади, ўғлингиз рухсат бермайди", деб олиб қоламанми?

- Болалар меники, хоҳласам бераман, хоҳламасам, йўқ! - Ботирали қўлидаги пиёлани деворга отиб бақирди.

- Эсингизни йўқотаяпсиз, дадаси! - Гулчеҳра унинг дағдағасидан қўрқмасдан яна гапирди. - Тоға бўлсаям, ота ўрнида боққан у одам сизни, сиз ҳам у кишига боласиз, момонгиз эса она ўрнида, шунча йил бағрида катта қилган! Жон, дадаси, илтимос, қайтайлик, ота-онангизнинг ёнига!

- Улар менинг ота-онам эмас... - Ботирали ҳамон аламзадалик билан бақирди, - бу дунёда менинг ота-онам йўқ!!!

- Уялинг... туққан онангиз тирик, азбаройи бир оилага фарзандлик бахти насиб қилсин, деб сизни тоғангизга берган, улардан ҳам, булардан ҳам воз кечасизми? - Гулчеҳра энди нафрат билан гапирди.

У шундай дея йиғлаганича ташқарига югуриб чиқиб кетди. Ботирали эса бошини чангаллаганича диванга узала тушиб ётиб олди. Ростдан ҳам хато қилаётганини билиб турибди, аммо ички ўжарлик туфайли бир кунда ҳаммани ҳанг-манг қилганича кўч-кўронини машинага юклаб чиқди-кетди! Шунга ҳам ярим йилдан ўтаяпти. Ўзининг туққан аяси келиб роса ялинди. Ботирали бўлса, очиқдан-очиқ онасини айбдор қилди. Аяси йиғлади, тақдирини қарғади. Аслини олганда, аяси ҳам айбдор эмас. Ботиралининг дадаси автоҳалокатда вафот этгач, катталар уни қайта турмушга узатишган. Ўгай дада Ботиралини унча хушламади. Ана шу пайтларда раҳматли дадасининг катта амакиси Фазлиддин ака фарзанд кўрмаганлари учун бола асраб олиш ҳаракатида эди. "Ўз жигариники, яхши бўлади", деган ўйда кўпчилик кенгашиб, уни ҳозирги дадасига берган. Улар Ботиралини еру кўкка ишонмай катта қилишди, борини сарфлаб ўқитишди, уйлашди. Мана уч фарзандли бўлди. Энди эса …Ота-онасининг олдига ҳам ҳушига келса боради, бўлмаса йўқ. Аммо Гулчеҳра ҳар куни катта ҳовлида.

Онаси бу уйга умуман келмади, "остонамни босиб чиқиб кетган боланинг остонасини босмайман" деб аҳд қилган экан, аммо дадаси келиб дуо бериб кетган, онда-сонда невараларини олиб кетгани келиб туради.

Ташқарида болаларининг овози келди. Ботирали ҳовли ўртасида кетишга чоғланаётган дадасини хушламайгина қарши олди. "Ўтиринг", дея шунчаки мулозамат қилди.

- Борай... онанг кутаётгандир, - дадаси дарвоза томон юрди, шу вақт Гулчеҳра ошхонадан сочиққа ўралган нарса кўтариб чиқди.

- Дадажон, бувимга олиб кетинг, кеча шунақа овқат егим келаяпти девди...

- Овора бўпсан-да, қизим, илойим умрингдан барака топ! - Фазлиддин аканинг овози титраб чиқди.

- Бувимга салом айтинг, - Ботирали бу гапни самимий айтишга харакат қилса-да, қуруққина чиқди. Дадаси "хўп" дегандек бошини қимирлатди, холос.

Шу куни Ботирали кўчага чиқмади, негадир юраги ғашланиб, сиқилди. Телевизор қаршисида ўтириб кўзи илинган экан, бир маҳал кимнингдир бақиргани эшитилди. Сесканиб кўзини очди, аллақачон тун ярмига етибди.

- Дадаси! - ташқаридан Гулчеҳранинг ваҳимали овози келди.

Ирғиб ўрнидан туриб, ҳовлига отилди.

- Собирали йўқ! - Гулчеҳранинг кўзлари тўла ёш, бутун танаси қўрқувдан титрарди.

- Шу маҳалда қаёққа кетади? - Ботиралининг ҳам ҳуши бошидан учди.

- Эрта ухлаб қолувди, жойига ётқизиб чиққанман. Хабар олай, деб чиқсам йўқ.! - Гулчеҳра қалтироғини босолмасдан йиғлади, - дарвозанинг занжирини илгандим, очиқ турибди.

Эр-хотин икки томонга тарқашиб, изиллаб боласини қидиришди. Собирали йўқ! Гулчеҳра эрининг ҳай-ҳайига қарамай, катта ҳовлига кетди. Ботирали эса талвасага тушиб ҳовлида у ёқдан бу ёққа юрди. Кейин ерга чўккалаб олиб, қўлини осмонга чўзганча нола қилди. Анчагача шу алфозда ўтирди. Сўнг папирос чеккиси келиб, ичкарига кирди. Костюми ётоқхонада экан, чироқни ёқиб, чўнтагини пайпаслаётган маҳал, диваннинг тагида кимнингдир оёғи кўрингандек бўлди. Шошиб энгашди. Не кўз билан кўрсинки, Собирали улар ётадиган диваннинг бош томонида ҳеч нарсадан бехабар пишиллаб ухлаб ётибди. Ҳам қувончдан, ҳам қўрқувдан томоғига йиғи тиқилди. Чамаси уйқусираб кўча дарвозани очган, кейин эса ортига қайтиб ўз хонасига кириш ўрнига бу ёққа кириб, ердаёқ ухлаб қолган!

Аста бориб, ўғлининг бошини қучоғига олди, олди-ю кўзларидан ёш қуйилди. Бу ишнинг бежизга содир бўлмаганини дилидан ҳис қилди. Боланинг дийдори, боланинг ўти ёмон бўлишини Аллоҳ унга кўрсатди. Атига бир соатми, икки соат жон талвасаси кирди танасига шу боласи туфайли. У ташлаб кетган ота-онасига қандай аламли тўлғоқ кирган экан-а? Бир соат эмас, бир кун эмас, мана салкам бир йилдан бери у ҳозиргина тортган азобни ота-онаси тортаяпти. Қандай чидаяпти экан? Ахир, ўзининг юраги ёрилиб ўлиб қолай, деди-ку? Яна ҳам Худога айтгани бор экан. Собирали уйига эмас, ўйлаганидек кўчага чиқиб кетганида борми … ўйлашга ҳам қўрқади.

- Кўрнамакман, аблаҳман, худбинман, - ўзига ўзи пичирлади Собирали.

Шу маҳал хонага Гулчеҳра билан бирга ота-онаси кириб келди. Ҳаммалари ваҳимада.

- Топилибди-ку, вой, менинг тойчоғим! - Онаси келибоқ унга қарамасдан Собиралининг бошини силади. - Қўрқиб кетдим, болам, сал бўлмаса, юрагим ёрилай, деди. Сизларнинг ўтингизга чидамайман-а, чидамайман!

Шовқиндан Собирали уйғониб кетди, тепасида турганларга ҳайрон бўлиб бир-бир қаради-да, бувисига:

- Ия, бувижон, бизникига келдингизми? - деди.

Шундагина Ботирали улардан хавотир олгани учун онаси қасамини бузиб, унинг остонасини босиб кирганини тушунди. Тушунди-ю, ўзини унинг қучоғига отди:

- Бувижон, мени кечиринг... мен гумроҳ болангизни кечиринг, кетамиз, уйга кетамиз... бу ерда яшамайман... катта ҳовлига кетамиз...

- Ур-рэ... уйимизга кетамиз!!!

Тун қоронғусида Собиралининг бу ҳайқириғи ҳамманинг кўзига севинч ёшларини тўлдирди...

Матлуба ЮСУФ ОХУН

ОЛИС ЮРТДАН КЕЛГАН МАКТУБ

Турмуш чорраҳаларида

Тўй тадориги билан юрган Нафиса ота-онаси билан чет элга кетган дугонаси Мадинадан телеграмм тармоғи орқали мактуб олди. У қувончдан, дугонасининг табригини барча эшитсин дея, мактубни овоз чиқариб ўқий бошлади.

"Салом, дугонам Нафиса! Тўйинг муборак бўлсин! Телефон орқали қариндошлар билан гаплашаётиб, сени сўрагандим, тўйинг бўлаётганини айтишди. Бу хабарни эшитдиму, севинчим ичимга сиғмай дарров сенга хат ёздим. Илоҳим, бахтинг бекам бўлсин.

     Тўйинг яқинлашиб маҳалладош қизлар сизларникига серқатнов бўлиб қолишгандир. Қани энди мен ҳам сизлар билан бирга бўлсам... Тўй дарагини эшитдиму, кўз олдимга ўзбекона урф-одатларимиз келди. Атласу адрас кўйлак кийган қизлар карнай-сурнай садолари остида куёвнинг кириб келишини ҳаяжон билан кутишини ўйласам, кўнглим алланечук тўлқинланиб кетади. Айниқса, маъзар учун пишириладиган қатлама-сомсаларнинг ҳиди димоғимга урилгандек бўлади. Ана шу онларда бетакрор юртимизда бўлиб қолгим келади. Дугоналарим билан анҳор бўйларида юриб, Раҳмонжон тоғанинг боғига боришни, олма-ю нокларни қарсиллатиб ейишларимизни соғиндим. Содда ва дилкаш қўшниларимизни кўргим келди.

    Сенга хат ёзаётганимда онам олдимдаги дастурхонга қўйган чет элнинг тилим унча келмайдиган номдаги меваларига қарагим келмайди. Кўнглим Андижоннинг қуёшида тобланиб пишган анор, узум, қовун-тарвузларни тусаяпти. Ён қўшниларимиз - тили, дини   бошқа одамлар билан мулоқотда бўламану кўзларимни олисга, Ватан томонга тикаман. Ўз тақдиримни ўйласам беихтиёр кўзларим ёшга тўлади. Бу ерга ишлагани келган ота-онамни тушунишга ҳаракат қиламан.

Кичкиналигимда онам кўз-ёш тўкса, нега йиғлаётганини тушунмасдим. Энди ўйласам, инсон улғайгани сари туғилган юртини, ота-онаси, қариндошларини, она юртини соғинаркан. Кунора онам билан катта озиқ-овқат дўконига чиқамиз. Номи дунёга машҳур егуликларни сотиб олсак-да,  ишонасанми, йўқми, ўша кўчамиз бошидаги баққол Пошшахон холадан шўр писта олган пайтимиздагидек ҳузур қилмайман. Дам олиш кунлари пляжга бораману, ҳовлимиздан оқиб ўтувчи, биз чўмиладиган анҳорнинг лойқа сувларини қўмсайман. Эски тегирмон, пахса деворлар, биз оёғимизни сувга солиб ўтирадиган кўприкни энтикиб-энтикиб эслайман.

Саккиз ёшимда бу ёққа кўчиб келдик. Бешинчи синфда ўқиётган йилим бувим вафот этди, Ўзбекистонга таъзияга бордик. Ўшанда сен билан танишгандим. "Хола-хола", "Меҳмон-меҳмон" ўйнардик. Сендан "Ёрилтош" эртагини эшитгандим. Энди сизларга ўргана бошлаганимда яна ортга қайтгандик. Ўшанда менга жуда ҳавасинг келганди. Мана, йиллар ўтиб, 20 ёшга тўлибсан. Ҳозир сенга ҳавасим келяпти. Чунки сен бахтлисан. Ўз ватанингда, ўзинг хоҳлаган инсонга турмушга чиқяпсан. Оқ ҳарир рўмол ёпиниб, ибо билан барчага салом берасан. Орзу қилганингдек, чимилдиққа кирасан. Мен-чи? Бундай гўзал онлар, тенги йўқ бахт менга насиб этармикан? Чет элнинг йигитлари билан танишишга юрагим дов бермайди.

Ўртоқжон! Чет эл мебели, сўнгги модадаги кийим-кечакларни деб ҳалол ишлаб юрган ота-онангни қийнама. Борига шукур қил. Бахтингни асра, авайла. Ёрингга вафоли бўл.

Қани энди, имкон бўлса-ю тўйинг куни ёнингда бўлиб, сенга бахт тиласам. Насиб этса, мен ҳам бир кун Ватанимга қайтарман. Ажабмаски, орзуларим тезроқ рўёбга чиқса. Мендан барчага салом айт. Сенга бахт тилаб, олисдаги дугонанг Мадина".

* * *

Хатни ўқиб кўнгли бузилган Нафиса дугоналарига юзланди. Уларнинг кўзларида ҳам ёш йилтиллар эди. Сезмабди, онаси ҳам хонага кириб, қизларнинг қаторига қўшилган экан. Хатни эшитганларнинг ҳаммаси Мадинага ачинишди. Унга ҳам ўзи орзу қилган гўшангага келин бўлишини Яратгандан сўрашди. Бу лаҳзада барчанинг юз-кўзида ўз она юртида яшаётганидан шукроналик, мамнунлик сезилиб турарди. Ота-онасига "Қимматбаҳо мебель олиб бермадинглар" дея араз қилаётган келинчакнинг ҳам кўнгли юмшаб, ройиш тортганди. У бойлик, матоҳ инсонга бахт бермаслигини тушуниб етганди.

Ойдин МАМАДАЛИЕВА

Кўп овқатланиш зарарли

Овқат кўп истеъмол қилинганда ҳазм бўлиши учун ошқозон эритувчи ферментларга эҳтиёж сезади. Фермент ишлаб чиқаришда тана қийналади ва бунинг учун кўп энергия ва зарур озиқ моддалар талаб этилади.

Соғлом киши ошқозони 200-250 гр. овқатнинг биринчи ҳазмини озуқа турига қараб 3-4 соатда якунлаши мумкин. Бу миқдордаги      овқатни ҳазм қилиш учун ошқозон зўриқмайди. Аммо икки баробар овқат ейилса, уни ҳазм килиш учун ортиқча кисмини чиқариб ташлаш учун юрак 4-6 марта кўпроқ ишлашга мажбур булади, бундай ишлаш фақат юракни эмас, овқат ҳазм қилиш, сақлаш ва ортиқчасини танадан чикариб юборишга хизмат қиладиган барча аъзолар фаолиятини ҳам издан чиқаради.

Мунтазам зўриқиб ишлаш юрак иш қобилиятини сусайтиради. Ортиқча ишлаш оқибатида ўз ризқини эртароқ тугатади. Чунки бизга ажратилган  умр - юрак зарблари (уришлари) саноқлидир. Ёш одам кўп овқат еса, танаси бақувват бўлгани учун ҳазм қилади ва  ортиқча моддаларни ташқарига чиқариб ташлай олади. Аммо бу каби ҳолат одатий тусга айланса, танани зўрлаш давом этаверса,  бора-бора ортиқча моддаларнинг вужуддан чиқарилиши сусаяди. Танадаги ортиқча моддалар тўпланадиган жойлар тўлганидан кейин эса, бу моддалар қонга аралаша бошлайди. Натижада қон айланиш тизими бузилади, шунингдек, , ортиқча моддалар томирларнинг деворларига ёпишиб, вақт ўтган сайин томирлар торая бошлайди.Томирлар торайиши эса бошқа аъзоларни қон билан етарли таъминлай олмайди.

 Қондаги ортиқча моддалар, томирдаги торайишлар янада ортади, бундай ҳолатларда қон қуюқлашади, аъзолардаги очлик ҳисси кучаяди. Қоннинг суст айланиши кишида фикрни жамлаш, хотира, тушуниш, англаш ва ўрганиш қобилиятини камайишига сабаб бўлади. Танада касалликлар бир-бир юз кўрсата бошлайди. Бундан ўзимизга тегишли хулоса чиқаришимиз керак. Овқатланишда белгиланган тартиб ва меъёрларга қатъий амал қилишимиз мақсадга мувофиқ.

 Насибулло ЎРМОНЖОНОВ,

 

Андижон давлат тиббиёт институти талабаси.

САЛОМАТЛИК - ТУМАН БОЙЛИК

Йўталга қарши халқона усуллар

Қиш мавсумида аксарият одамлар грипп ва йўталдан азият чекадилар. Дорихоналарда бундай касалликлар учун дори-дармон воситалари етарли, аммо уларнинг айримлари қиммат бўлса, айримлари у даражада самарали эмас. Бу борада синовдан ўтган халқона рецептлар самарасига кўра, улардан қолишмайди. Шундай экан, ҳолдан тойдирувчи йўталдан ўз кучингиз билан халос бўлишга ҳаракат қилинг. Қу-йида йиллар давомида синалган ана шундай самарали халқона усуллар ҳақида маълумот берамиз.

                         

Пиёзли дамлама

Бу ичимлик билан йўтални бемалол енгиш мумкин. Бунинг учун сизга 1 та пиёз ва 1 бош саримсоқ керак бўлади. Уларни тозалаб, сутга солиб қайнатинг. Кунига уч маҳал бир ош қошиқдан ичинг - таъми у қадар ёқимли эмас, албатта, бироқ фойда беради.

 

Гиёҳлар тўплами

 

Барча ингридиентларни истаган дорихонангиздан топишингиз мумкин. Сизга липа гуллари ва қорағатнинг қуритилган барглари керак бўлади. Гиёҳлар тўпламини қайнаган сувда қайнатинг, тиндиринг ва кун давомида қабул қилинг.

 

Майиз ва сув

Майиз ҳам йўталга қарши ажойиб восита ҳисобланади. Шунчаки унинг устидан совуқ сув қуйинг ва бир кунга қўйиб қўйинг. Кечқурун эса майизни илиқ сут билан истеъмол қилиш мумкин. Ёрдам беради!

 

Тропик ичимлик

Иккита майда тўғралган бананни тахминан ярим литр сутда 30 дақиқа давомида қайнатинг. Сўнгра асал қўшинг. Қарабсизки, йўталга қарши восита тайёр. Кунига уч маҳал ичинг ва тез орада йўтал енгилади.

 

Ханталли компресс

Ёқимсиз йўталга қарши энг яхши воситалардан бири ханталли иссиқ компрессдир. Бир ош қошиқ ханталга бир ош қошиқ ун, асал, ўсимлик ёғи ва ароқ қўшилади. Барчаси бирга сув буғида иситилади, кейин эса ундан компресс қилинади. Уни туни бўйи ушлашга тўғри келади, шундай бўлса-да, икки-уч шундай жараён анчага етади.

 

Ингаляция

Календула, қизил илдиз ва эвкалипт баргларидан тенг миқдорда олиб, устидан бир стакан қайнаган сув қуйиб, оддий дамлама тайёрланг. 10 дақиқача тиндириб қўйинг ва ингаляция қилинг. Ёдингизда бўлсин, ҳарорат кўтарилган вақтда ингаляция қилмаган маъқул.

 

Муҳайё ИСМОИЛОВА тайёрлади.

Биби Робия Адавия (р.а.) авлиёлик мақомига етишган аёл эди

Улуғ олим, мутафаккир, тасаввуф адабиётининг йирик вакили, Фаридиддин Атторнинг (1145-1230) йирик асари - "Тазкират ул-авлиё"да 69 авлиёнинг - йирик алломаларнинг қисқача ҳаёти, етуклик даражоти, фаолияти, турли масалаларга оид фикр-мулоҳазалари, Оллоҳ висолига етишиш учун тортган машаққатлари баён этилган. Шунингдек, асарда маърифат, сабр, ризо, қаноат, шукр, ҳаё, вафо, карам, эҳсон, омонат ва уни сақлаш, ота-онага ҳурмат, устозлик ва шогирдлик мақоми, нафс ва уни енгиш каби инсоний ҳислатларни ёритишда муаллиф ўқувчини зериктирмаслик учун кичик-кичик ҳикоялардан, масал ва ривоятлардан кенг фойдаланган.

Бу табаррук асарни ўқиш жараёнида мени бир жиҳат қизиқтирди: олтмиш тўққиз авлиё орасида фақат битта аёл авлиё бор экан (эҳтимол, яна бордур. Мен фақат "Тазкират ул-авлиё" китобини мутолаа қилиб билганим). Маълумки, Шарқ халқлари тарихида (VII-IX асрларда) олима, шоира, ҳуқуқ, тиббиёт каби илмларни чуқур билган аёллар бўлганлиги тарихий китоблардан, баъзи саҳобаларнинг ривоятларидан маълум. Масалан, Сахоба Ҳишом ибн Урва отасидан ривоят қилган ҳадисда отаси:

"...Уммул мўминин (мўминларнинг онаси) Ойшадан кўра шеърни, тибни (тиббиётни), луғатни, фиқҳ (ҳуқуқ)ни билувчироқ хотинни кўрмадим", - дейди (Абулайс Самарқандий ("Бўстонул орифийн" асари 42-бет). Ойша онамиз ўз даврининг йирик олимаси бўлган.

"Авлиё" - эътиқодли, каромат, башорат қила оладиган, мўъжизалар кўрсата оладиган муқаддас, азиз одам. Авлиё инсон - дунё, бойлик билан иши йўқ, дарвешсифат инсон. ("Ўзбек тилининг изоҳли луғати", 1-том, 24-бет). Авлиёлар Оллоҳга яқин кишилар. Улар кишиларнинг ички, руҳий дунёсини, ҳис-туйғуларини, тилак-мақсадларини, ғам-хасратларини билувчи кишилардур. Улар ўзлигидан кечиб, фақат Оллоҳ дейди. Уларнинг фикрлаш доираси кенг, дунёқараши кишини лол қолдиради, мўъжизалари ҳайратлантиради.

Биби Робия Адавия (р.а.) - "Тазкират ул-авлиё" китобида келтирилган авлиёлардан бири. У ибратли фаолияти, ҳалол-поклиги, кароматгўйлиги билан авлиёлик даражасига етишган аёл эди. Баъзи ўринларда унинг бошқалардан устунлиги ҳам сезилади. Масалан, ўз даврининг йирик алломаси, шайх Ҳасан Басрий ўз мажлисига Биби Робия қатнашмаса, ваъз айтмаган, дейилади китобда.

Биби Робияга авлиёлик мақомини Оллоҳ берган. Бу фикрни унинг таржимаи ҳолини ўрганганимизда кўрамиз. У Ироқнинг Басра шаҳрида туғилган. Ота-онаси ўта камбағал инсонлар бўлган. Муаллифнинг ёзишича, Робия туғилган куни оилада чақалоқ (гўдак)ни ўраш учун ҳатто бир парча латта, уйни ёритиш учун эса битта шам бўлмаган. Онаизор йиғлаган, ота руҳан азобланган. Оллоҳнинг қудратини қаранг, шу кеча она туш кўрган. Тушида Расулуллоҳ (с.а.в.) намоён бўлиб аёлга:

-"Fам ема! Бу қизинг саййида (Пайғамбарлар авлодидан) дир! Менинг умматларимдан етмиш кишига шарофат қилади!" - деди. Яна дедилар:  "Эрингга айт! Исога бир хат ёзсин! У Басранинг ҳокими. Айтсинки, бу хатни олиб борган кишига юз дирҳам пул берсин!" Она уйғонди. Эрини уйғотди. Тушдаги гапларни айтди. Эр эрталаб Басранинг бегига борди. Бек хатни ўқиди. Қизиқ: бекнинг тушида ҳам бу воқеа аён бўлган. Бек унга (отага) минг қизил олтин берди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳурмати учун отадан узр сўради. Кетишида отага сарпо ва бир от берди.

Робия оилада тўртинчи қиз бўлиб туғилган. Шунинг учун унга Робия (араб тилида тўртинчи қиз дегани) деб исм қўйдилар.

Биби Робия ёш эди. Басра шаҳрида қаттиқ қаҳатчилик бўлди, юқумли касаллик тарқалди. Кўп одам ўлди. Робия ҳам ота-онаси, опасидан жудо бўлган. Уни бир оила асраб олди. Бир неча йилдан сўнг бу оила Робияни қул бозорида сотиб юбордилар. Тақдир. Робия ҳожасининг хизматини қилар, тинмас, фақат тунда уйқуни тарк этиб, ибодат билан машғул бўларди. Кунларнинг бирида ҳожаси (қул эгаси) ярим тунда қизнинг (Робиянинг) мунгли овозини эшитади. Таажжубланиб қизнинг деразасидан қаради. Не кўз билан кўрсинки, қизнинг кулбасини ҳеч бир жойга осилмаган бир муаллақ қандил ёритиб турипти. Бундай гўзал қандил Басранинг энг йирик бойларида ҳам йўқ бўлган. Қиз эса тинмай Оллоҳга ибодат қилар, мунгли, қалбни ўртовчи овоз билан Яратганига ёлворар эди. Ҳожа ҳайрон. Ёқа ушлаб унинг муножатини берилиб ўтириб (қизга билинтирмай) тинглади.

-Илоҳо, сенга маълумки, мен кўнглимни тамоман сенга боғладим. Аммо нима қилайин, мени бир маҳлуқ ихтиёрида қилибсан. Агар ўз ихтиёрим ўзимда бўлса эди, бир соат сенинг тоатингдан ўзга бир ишга машғул бўлмас эдим.

Ҳожа қандилдан, қизнинг ноласидан қўрқиб кетди. Эрталаб одамларнинг гувоҳлигида Робияни қулликдан озод қилди, ундан узр сўради. Робия ўзи ибодат билан машғул бўлди. Каъба зиёратига боради. У умрининг охиригача ўз ибодатхонасида - Басра шаҳрида якка-ёлғиз яшади.

"Тазкират ул-авлиё"да Биби Робия Адавиянинг ўша даврнинг йирик олимлари, шайх ва авлиёлари билан қилган суҳбатлари, савол-жавоблари, энг яхши инсоний хислатлари, баъзи кароматлари берилган. Улардан айримларини келтирамиз.

Робиядан сўрадилар: "Гуноҳларни нима нарса поклайди?". Жавоб берди: "Тавба қилмоқ, гуноҳларига пушаймон бўлмоқ билан гуноҳлардан пок бўлади!"

Сўрадилар: "Оллоҳ бандаларининг қайси ишидан рози бўлади?"  У деди: "Берганига шукр қилса, балосига сабр қилса, бошига тушган ҳар бир яхши-ёмон ишни Яратгандан деб билса, Оллоҳ хушнуд бўлгай!"

Сўрадилар: "Шайтонни душман тутармусан?". Деди: "Йўқ!" Айтдилар: "Нега?" Деди: "Шунинг учунким, Раҳмоннинг севгиси менинг ичимда шундай тўлиб ётиптики, шайтоннинг душманлигига унда жой йўқ!"

Сўрадилар: "Нечун кўп йиғлайсан?" У деди: "Оллоҳни дўст (унс) тутдим. Айрилиқдан қўрғаймен. Мабодо ўлим вақтида нидо келмасинким? "Сен бизга керак эмассан-деб. Шу боис кўп йиғлайман".

Робиянинг зиёратига меҳмонлар келди. У рўмолини гаровга қўйиб, новвойдан икки дона нон келтирди. Шу пайт дарвозага бир гадо келиб: "Оллоҳ! Оллоҳ! Хайр!" - деди. Робия ҳалиги икки нонни гадойга бериб юборди. Меҳмонлар ҳайрон, улар оч эди. Бир соатдан сўнг бир канизак дастурхон тўла нон келтирди. У: "Бу нонларни Оллоҳ юборди", деди. Робия санади - 18 та экан. У: "Иккитаси қани?" деди. Канизак ўзига олган экан. Узр айтди. Меҳмонлар деди: "Эй, Робия! Бу не сир? Олдимизга нон қўйдинг. Олиб гадойга бердинг. Оллоҳ берган нонни санаб, "Иккитаси қани?" дединг. Робия деди:

- Оллоҳ айтибдур: "Кимки эҳсон қилса, эҳсоннинг бирига ўнни бераман!" деб. Биз икки нон эҳсон қилгандик. Йигирмата нон бериши керак эди. Шу сабаб канизакдан икки нонни сўрадим. Оллоҳни ким дўст тутса, дилдан севса, У бандасини алдамайди.

"Инсонийлик мулки" (Тоҳир Малик)да: "Робия бир аёлни кўрди. Бошини боғлаб олипти. У "нега боғладинг?" деди. Аёл: "Бошим оғрияпти", деб оғриқдан шикоят қилди. "Неча ёшдасан?", "ўттизда". "Ўттиз йил Оллоҳга шукр қилмадинг! Энди шикоят дуррасини боғлабсан!" - деди.

Хуллас, олтмишдан ортиқ авлиёлар орасида ягона бўлган аёл авлиё - Биби Робия Адавиянинг ҳаёт йўли, ҳаётга муносабати, кароматгўйлиги, Яратганни дўст тутиши, қалбининг пок-лиги, кишилар билан савол-жавоблари, умуман, бу ҳақдаги ёзма манбалар, ибратли ҳикоятлар бугун ёшларимизни юксак маънавиятли инсонлар бўлиб вояга етишларида катта тарбиявий аҳамият касб этади.

Табаррук "Тазкират ул-авлиё" китобида келтирилган барча аллома-авлиёларнинг ҳаёт йўли, дунёқарашлари,   қалбларининг поклиги, динга эътиқодлари, инсонга бўлган муҳаббатлари, илм йўлида чеккан изтироблари, устозлик-шогирдлик мақомлари барчамиз учун ибратдир.

 

Олимжон РАҲИМОВ