+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

29 Март 2018

ВИЖДОН АМРИ БИЛАН ЁНДОШСАК...

Автор
Маколани бахоланг
(0 Овоз)

Мулоҳаза

    Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида мамлакатимизда аҳолининг турли қатламлари, айниқса, имконияти чекланган фуқаролар, кам таъминланган оилаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасида олиб борилаётган ишлар бутун халқимизни қувонтирмоқда. "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак" тамойили асосида олиб борилаётган бу каби хайрли ишлар барча катта-кичик идоралар раҳбарларини янада фаол ишлашга чақирмоқда.

   Она Ватанимизда юз бераётган ҳар қандай ўзгариш бизни бефарқ қолдирмайди. Хусусан, жамиятимиз ривожи, маҳаллаларда, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда имом-хатиблар, отинойилар ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.  Буюк аждодларимиз яшаб ўтган бу кўҳна замин неча минг йиллар мобайнида не-не улуғ зотларга бешик бўлиб келмоқда. Шу жаннатмакон юртимизнинг ободлиги, унинг гуллаб-яшнашига ўз ҳиссасини қўшиш, юртдошларимизнинг ҳолидан хабар олиш, муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш  исломни таниган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчи аслида. Халқнинг кайфиятини, дардини биз -  отин-ойилар бошқалардан кўра яхшироқ билишимиз лозим. Чунки биз аҳолининг кўплаб издиҳомларида, тўю маъракаларида бўламиз. Турли одамлар билан гаплашамиз.

Мени бир нарса ўйлантиради. Одамлар эҳсонни етим-есирлар, муҳтож кишилар, кам таъминланган оилаларга қилиш ўрнига, маҳалланинг бой одамларини, дин пешволарини чақириб, олдига тўкин дастурхон ёзишиб, сарполар инъом этишади. Қайта-қайта айтилса-да, нима учун шу оддий ҳақиқатга амал қилмаймиз. Хўп, одамлар буни тушунмас, лекин кўпни кўрган ҳар жиҳатдан бекаму кўст умргузаронлик қилаётган отахон-онахонлар: "Эй биродар бундай қилманг, эҳсонга бизни эмас, муҳтож кишиларни чақиринг" деб баралла айтишларини камдан-кам кўрамиз. 

Ҳадису шарифларда ҳам ўзига тўқ кишиларга эҳсонлар қилишдай ҳаракатлар қораланади. "Дастурхоннинг очлар қолиб тўқлар учун ёзилганидир. Кийимларнинг ёмони муҳтожлар қолиб, бойларга берилган сарподир" каби шарқона  тарбияга хос тушунчалар қадим-қадимдан динимизда, халқимизнинг одоб-аҳлоқ, тарбия мезонларида ўз аксини топиб келади. Нима учун бугун уларга амал қилмаяпмиз?

Отинойи сифатида кўпдан бери бир ташаббусни бошлашни дилимга тугиб юргандим. "Бир имомга бир ногирон", "Бир отинойига бир муҳтож"  шиори остида дин пешволари ногирон кишиси бор ёки эҳтиёжманд оила ҳолидан мунтазам хабар олишни йўлга қўйса, айни муддо бўларди. Шунингдек, халқнинг эҳсону маъракаларига ҳам муҳтож ёки ногирон кишиларни бирга олиб борса, шу инсоннинг ҳам кўнгли кўтарилар эди. Ахир кўнгли ярим инсонни хурсанд қилиш ёки бирор бемор ҳолидан хабар олишнинг савоби Каъбани обод қилишга тенглаштирилгани муқаддас манбаларимизда ҳам ёзилган. Бу Юртбошимиз ва ҳукуматимиз томонидан биз дин аҳллари олдига қўйилаётган вазифа ҳамдир. Биз бундай хайрли ишларни ихлос билан, виждон амрига қулоқ тутиб бажарсак, беҳисоб ажру савобга эга бўламиз. Қолаверса,  жамиятимиздаги турли иллатларнинг барҳам топишига ёрдам беради, одамлар ўртасида меҳр-оқибат, ришталари мустаҳкамланади,  кўнгли ўксикларга кўмак беришдек хайрли ишлар кўлами янада кенгаяди.

     Раҳминисо ЮЛДАШЕВА,

 

 Андижон шаҳридаги Бобур маҳалла фуқаролар йиғини отинойиси.   

Прочитано 2075 раз Последнее изменение 23 Апр 2018