Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Фуқаролар йиғинига ишга кирганимдан кейин қанчалар ғалвали жой бўлмасин, маҳаллада ишлаш дарҳақиқат, савоб иш эканини тушуниб етдим. Икки мусулмон орасини ислоҳ қилиш, урушганларни яраштириш катта савоб, норасидаларни етимлик азобидан сақлаб қолиш яна бир карра савоб, кўнгли ўксик, ҳеч кими йўқ ғарибни йўқласангиз, ундан-да савоб. Хуллас, икки дунё саодатига эриштирувчи амалларни қилишга имкон берувчи гўша бу - маҳалла.
Бизнинг "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини туманимиздаги йирик, кўҳна ва обод маҳаллалардан ҳисобланади. Бугунги кунда мингдан зиёд оила истиқомат қилаётган маҳалламизда оилалар тинчлиги, мустаҳкамлиги, ёшлар тарбияси, бандлиги масалаларига, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, уларнинг муаммоларини ўрганиб иложи борича ижобий ҳал этишга эътибор қаратиб келмоқдамиз. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги 637 хонадонда 4150 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан қарийб ярмини аёллар ва ёшлар ташкил этади. Биз биринчи навбатда, оғир вазиятга тушиб қолган аёллар ҳақида маълумотлар тўплашга, уларнинг оилавий муҳитини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Чунки, кейинги пайтларда аёллар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳоллари, ўз жонига қасд қилишлар кўпайган. Менинг назаримда, ҳозирги аёлларда олдинги даврлардаги ирода, мослашувчанлик, сабр ва қаноат йўқ. Шу боис, хонадонларнинг қайси бирида энг оғир ҳолатга тушиб қолган, тушкунликка тушган, бировга сирини айтолмай, нима қилишини билмай, ишданми, оиладанми, ўзининг юрагидаги гапини гапиролмай, сўнгги чора сифатида ўз жонига қасд қилишгача келиб қолган шахсларни, аниқроғи, аёлларни аниқлашни ўзимизга вазифа қилиб олганмиз. Ўрганишлар натижасида маҳаллада 22 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, 8 нафар ўта оғир ижтимоий ҳимояга мухтож оила борлиги аниқланди. Уларнинг муаммоларига ечим топишга уринмоқдамиз. Масалан, ишсизларни ишга йўналтириб, фарзанд тарбиясида қийналганларга, ногирон фарзанди бор, ёки ўзи ногирон бўлган аёлларга ҳам моддий, ҳам руҳий кўмак кўрсатмоқдамиз. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бор қизларимиз, умуман юролмайдиган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз онахонларнинг рўйхатини шакллантириб, ҳар ҳафтада аҳволларидан хабар олиб туришни режалаштирганмиз. Маҳалла фаоллари, жамоатчи ёшлар, ёши улуғ онахон ва отахонлар ва ишчи гуруҳ аъзолари ёрдамида уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз.
Энг оғриқли нуқтамиз, бу - ажримлар. Сабаби, ҳар 10 оиладан бирига кирганимизда, ё келини кетиб қолган, ё қизи келиб ўтирган ҳолатни кўп учратяпмиз. Бунинг сабабларини суриштирсак, ҳар икки томон ҳам ўзининг ҳақлигини исботламоқчи бўлади. Қуда томоннинг айбини ошириб, ўз айбини яширишга ҳаракат қилади. Ахир, қарс ҳам икки қўлдан чиқади, бир қўл билан чапак чалолмайсиз-ку. Хуллас, жорий йилнинг шу давригача 20 га яқин можарони бартараф этишга, 10 дан зиёд ажрим ёқасидаги оилани яраштиришга эришдик. Кирган хонадонларимизда оила муқаддаслиги, хонадон сирлари ташқарига чиқмаслиги лозимлиги, оиласи тинч одам жамиятда ҳам обрў-эътиборли шахс бўлишини тушунтириб бормоқдамиз. Нотинч, ижтимоий муҳофазага мухтож оилалар, боқувчисини йўқотганлар орасида кўп юрамиз, лекин баъзан, намунали оилаларда ҳам жанжаллар чиқиб туради, шунинг учун ҳеч бир хонадонни эътиборсиз қолдиришни истамаймиз.
Оиланинг бошлиғи, подшоси албатта, эркак бўлиши керак. Бу Одам Ато-ю Момо Ҳаводан қолган анъана. Бу Яратганнинг хоҳиши, амри, шунингдек, миллий қадрият ҳамдир. Афсуски, кўп хонадонларда шу қадрият унутиляпти. Оилада эркакнинг роли йўқ, ҳамма нарсага аёл киши бош-қош, шу сабаб айрим йигитларда эркакларча мардлик, бир сўзлилик, орият деган тушунчалар бироз чекингандай. Аксинча, майдагаплилик, хотинларнинг гапини ташиб юриш, моддий таъминотда аёл кишига қарамлик каби қусурлар йигитларимизда учраб қолаяпти. Оилада аёл киши фарзандларига отасининг мавқеини улуғлаб кўрсатиши керак. Аёл аёллигини қилсин, оилани бошқаришни эса эрига топширсин. Шу ўгитга қатъий амал қилинса, кўп хонадонларда оилавий низолар сони камаяди.
Ҳар бир оила аъзоси оиланинг тинчлиги менинг қўлимда деб, ҳаракат қилса, ўша оила тинч ва мустаҳкам бўлади. Бундан ташқари, оила мустаҳкам бўлиши учун тиббий маданиятни ҳам юксалтириш керак, чунки соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Бўлажак она керакли пайтда скрининг марказига учраши, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши керак. Шу йўл билан ногирон фарзанд туғилишининг олди олинади. Яна ногирон фарзанд туғилишига сабаб-яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, кейинги пайтларда шундай никоҳларнинг ҳам қанчасини олдини олишга эришдик.
Бугун маҳалламизда "Обод қишлоқ", "Ҳар бир оила тадбиркор" дастурлари асосида ҳам самарали ишлар олиб бориляпти. Хонадонларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларга бўлган эътиборни кучайтириш ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида 20 йўналиш бўйича 5% ли кредитлар ажратилмоқда.
Умр - оқар сув, дейдилар. Ҳаш-паш дегунча ҳаёт ўтиб кетганини, замонлар ўзгариб, авлодлар алмашганини сезмай қоласан. Ортингда - қилган яхши-ёмон амалларинг, савобу гуноҳларинг қолади. Шундай экан, ҳар биримиз умримиз ўтиб кетгунича, ўтаётган ҳар бир кунимизни сарҳисоб қилмоғимиз, ҳар бир лаҳзанинг қадрига етмоғимиз, берилган имкониятлардан фойдаланиб яшамоғимиз керак. Элу юрти корига яраб, одамларнинг мушкулини осон қилиб яшаган инсоннинг ортидан албатта, яхши ном, эзгу амаллар қолади.
Шарқ мамлакатлари аёллари ичида менга тақинчоқнинг кераги йўқ, дейдиганини учратиш амримаҳол. Шарқда заргарлик буюмлари азалдан энг харидоргир буюмлар сирасидан жой олган. Эндигина эсини таниган қизалоққа ҳам билакузук ва сирға тақиш урф бўлган. Чақалоқнинг бош ва енгил кийимларига ранг-ли тошлар, жонивор ва қушларнинг тиш ва тирноқлари, кўзмунчоқлар тақиб қўйилган. Бу буюмлар бир томондан инс - жинслардан сақлайди, деб ҳисобланса, иккинчи томондан у зеб бериб турган.
Заргарлик санъати ўзбек маданияти тарихининг ажралмас қисми бўлиб, у халқнинг олис ўтмишидаги олий мақсадларини ўрганишда ёрдам беради. Заргар усталар томонидан ясалган буюмлар, улар яшаган давр санъатининг услубий хусусиятларини ўзларида намоён этадилар.
Сардорбек болалигидан заргарлик санъатига меҳр қўйди. Онаси Шарифа опанинг эслашича, у онасининг доимо чиройли тақинчоқлар тақиб, ўзига оро бериб юришини хоҳлаган. Бир пой зирак, эски тақинчоқларнинг кўзларини олиб, мис симлардан узуклар ясаб онасига совға қилган.
Шу тариқа заргарлик санъатига меҳр қўйган Сардорбек тоғаси, заргар Шукрулло Абдураҳмоновга шогирд тушди. Мактабда ўқиш жараёнида ҳам фикру зикри заргарликда бўлган ўсмир мактабни тамомлагач, бу нафис санъатнинг сир-асрорларини астойдил ўрганишга бел боғлади.
-Ўзбек заргарлиги жуда қадимий тарихга эга. Унга ибтидоий жамоа тузуми даврида асос солинган, - дейди Сардорбек Холдорбоев. - Мен бу ҳунарни пухта эгаллаш билан бирга, аввало унинг тарихига қизиқдим. Шарқ ва Fарб заргарларининг ўхшаш ва фарқли томонларини ўргандим. Бизнинг Шарқ аёллари, хусусан ўзбек аёлларига қандай тақинчоқлар ёқади, ҳозир энг урф бўлган тақинчоқлар турлари, қайсилари қайси пайт, қандай маросимга тақилади, энг харидоргир заргарлик буюмлари ҳақида маълумотлар тўплаяпман. Бу менинг ишимга масъулият билан ёндошишимда, заргар усталар орасидаги рақобатга дош беришимда қўл келади.
Халқимизда "Дунёда биттаю - битта аёл қолганда ҳам, заргарларга иш топилади", деган мақол бор. Бу бежиз эмас. Аёл - назокат тимсоли, гўзаллик рамзи. Дунёдаги жамики гўзал нарсалар аёл нафосатини янада ошириш учун яратилган. Шундай экан, аёлларни тақинчоқларсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ёш заргар ҳозирда Америка Қўшма Штатларининг Калифорния штатида моҳир уста ҳунармандлар қўлида ҳунар сирларини пухта ўзлаштирмоқда.
Сардорбек заргарлик буюмлари аёллар учун фақат безак буюмлари бўлибгина қолмай, соғлик учун ҳам ижобий таъсир этишини таъкидлайди:
- Масалан, марварид инсон организмини мустахкамлайди, юракдаги тушкунлик ва изтиробни ҳайдайди, кўриш қобилиятини оширади, оғиздаги қўланса ҳидларни йўқотади, ошқозондаги тошларни майдалайди.Садаф кишини ажин ҳамда сепкиллардан асраган, зеҳнни равшан қилган, кишини тетик қилиб, руҳиятини кўтарган. Тортинчоқ, тез тил топишиб кетолмайдиганларга тилла тақиш тавсия этилади. Қолаверса, мунтазам бирор тилла тақинчоқдан фойдаланганда асаб тизими фаолияти меъёрлашиб, хотира тетиклашади. Кумуш фойдали хусусиятига кўра, организмнинг иммун тизимини мустаҳкамлаб, бактерия ва инфекцияларга чидамлиликни оширади.
Жорий йилнинг 3 март куни Президентимиз Ш.Мирзиёев "Заргарлик саноатини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади. Мазкур қарорда заргарлик саноатини янада ривожлантириш, "ўзбекзаргарсаноати" уюшмаси таркибига кирувчи юридик шахслар ва хусусий тадбиркорларга эркин фаолият юритишлари учун кенг имкониятлар яратиб бериш, уларни 2022 йил 1 январга қадар акциз, қўшимча қиймат, мулк, ер солиғи ва давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар ажратишдан озод қилиш кўзда тутилган.
Сардорбек Холдорбоев ҳам ўзбек заргарлик санъати довруғини бутун дунёга таратишни ният қилган. Ёш заргарга бу бебаҳо ҳунар орқасидан юксак мартабаларга эришишини тилаб қоламиз.
Хўжаобод тумани Хидирша МФЙ Қозоқ массивида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар учун қурилган янги уй-жойлар ўз эгаларига топширилди.
Президентимиз ташаббуси билан ногиронларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар эҳтиёжманд инсонлар ҳаётига ҳамда уларнинг оиласига чинакам қувонч олиб кирмоқда.
"Обод қишлоқ" дастурига асосан, янгиланган лойиҳа бўйича барпо этилган намунали уйлар 115 хонадонга мўлжалланган эди. Уйларни топширишга бағишланган тантанали маросимда 82 та уйнинг калитлари хонадон соҳибларига топширилди.
- Янги уйимиз барча оила аъзоларимизга манзур бўлди, - дейди янги уй соҳиби Руслан Талибов. - Очиғи, бундай шарт-шароитлари тўкис уй-жойга эга бўламан, деб ҳеч ўйламагандим. Айниқса, маҳалламизнинг шовқинли ҳудуддан кўра тинч, баҳаво масканда қад ростлагани, 240 ўринли алоҳида мактаб, маҳалла гузари барпо этилаётганидан бошимиз кўкка етди.
Тантанали маросимда иштирок этган вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов "Обод қишлоқ", "Обод маҳалла" дастурлари асосида вилоятимизда олиб борилаётган ишлар, Андижон шаҳри аҳолиси тобора кўпайиб бораётгани, шу боис шаҳар ҳудудини кенгайтириш Бош режа асосида амалга оширилаётгани ҳақида гапириб ўтди. Янги барпо этилган мазкур маҳалла Хўжаобод тумани эмас, Андижон шаҳри таркибига киришини таъкидлади. Вилоят раҳбари ташаббуси билан янги маҳалла "Мустақилликнинг 27 йиллиги" деб номланди.
Андижон шаҳрида "Zahiriddin Muhammad Bobur Universal Academy" хусусий ўрта таълим мактаби очилди.Мактабда инглиз, рус тиллари ҳамда математика фанлари чуқур ўргатилади. Шунингдек, 10 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, улардан баъзилари чет эллик мутахассислар томонидан олиб борилади.
- Мактабимизда мастер класс ва психологик тренинглар ташкил этилади. Унда ота-она, бобою-бувилар билан фарзандлар тарбияси ва оиладаги муаммоларнинг ечимлари ҳақида суҳбатлар ҳамда амалий ёрдамлар олиб борилади, - дейди мактаб раҳбари, филолог ва психолог Нилуфар Ҳайдарова.
Айни кунларда билим даргоҳига қабул бошланган. 2018-2019 ўқув йиллари учун 1-, 2-, 3- 4- ва 5-синфларга ўқувчилар қабул қилинади ҳамда 5-6 ёшли болалар махсус ўқув дастури асосида ўқитилади. Синфларга 18-20 нафаргача ўқувчи қабул қилиниши кўзда тутилган.
Андижон шаҳридаги Деҳқонобод маҳалласида трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи цехлар ишга тушди. Тадбиркор Ҳикматхон Юнусованинг саъйи ҳаракати билан иш бошлаган трикотаж цехида асосан эркаклар кўйлаклари, болаларга мўлжалланган мавсумий футболкалар ишлаб чиқарилади. Ишчиларнинг унумли меҳнат қилишлари учун барча шароитлар яратилган. Улар икки маҳал иссиқ овқат билан бепул таъминланмоқда.
Тадбиркорлик билан шуғулланувчи хотин-қизлар сафининг кенгайиши ишлаб чиқаришда соғлом рақобат муҳитини яратмоқда.Яна бир тадбиркор аёл - Донохон Ботирова ҳам трикотаж цехи ташкил этди. Цехда аёллар кўйлаклари ва рўмоллари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Хонобод шаҳрида замонавий даволаш ва диагностика ускуналари билан жиҳозланган "Хонобод" сиҳатгоҳи фойдаланишга топширилди.
Сиҳатгоҳ денгиз сатҳидан 850 метр баландликда жойлашган бўлиб, ўзининг кислород билан тўйинган ва ионлаштирилган ҳавоси билан юқори ҳамда қуйи нафас органлари, ҳаракат-таянч, асаб тизими касалликларини даволашга ихтисослашган. "GM Uzbekistan" компанияси буюртмаси асосида амалга оширилган қурилиш ишларида мингга яқин қурувчи, муҳандис, ишчи-хизматчилар меҳнат қилдилар.
Муассасанинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар ушбу муҳташам кошона Хонободнинг кўркига кўрк қўшиш билан бирга, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда аҳолининг саломатлигини тиклаб, мароқли дам олишини таъминлашда муҳим аҳамият касб этишини таъкидладилар.
12 гектар ҳудудни эгаллаган муассаса сўлим боғ ҳудудида жойлашган ҳамда манзарали дарахтлар, арчалар ва гуллар билан ўралган.
Сиҳатгоҳ бир вақтнинг ўзида 200 га яқин дам олувчини қабул қилишга мўлжалланган бўлиб, мазкур даволаш масканида мини-сауна, циркуляр душ, минерал тузли ва маржонли ванналар, туз ғори, массаж каби саломатлик учун зарур бўлган муолажалар амалга оширилади.
Мамлакатимизда оила мустаҳкамлигига жиддий эътибор қаратилмоқда. Негаки, дунёнинг баъзи бир мамлакатларида жамият маънавий-аҳлоқий жиҳатдан емирилиб бораётганини кузатиб турибмиз. Шундай бир шароитда бизнинг юртимизда халқимизга хос бўлган юксак аҳлоқий қадриятлар учун курашиш, жамиятимизнинг маънавий соғломлигини, мустаҳкамлигини асраб қолиш ниҳоятда эзгу ишдир.
Соғлом фарзанд соғлом оилада туғилади. Оила эса инсоннинг барча сиру синоатларини ўзида мужассамлаган олтин сандиқ, уни бахтга бешик, деб атаса ҳам бўлади. Хусусан, инсонни инсон сифатида шакллантирадиган бетимсол мактаб ҳам бу оиладир. Унинг "китоб-лари" ни, ҳаётий сабоқларини ўқиш, уқиш нақадар мароқли.
Биз ёшларимизга оиланинг муқаддаслиги, соғлом турмуш кечиришнинг ўзи катта бахт экани, тотувликда барака борлигини уқтиришимиз керак.
Чунки, сўнгги пайтларда ғарб мамлакатлари оиласидаги инқирозли ҳолатларнинг айримлари бизнинг ҳам ҳаётимизга кириб келаётганини сезмаслигимиз мумкин эмас. Афсуски, ота-оналар билан фарзандлар, ака-ука, опа-сингиллар, яъни бир оилада камол топган кишиларнинг ўзаро муносабатларида ғайриодатий ҳолатлар ҳам юзага келмоқда.
Бугун айрим йигитларда оила, фарзандлар тақдирига дахлдорлик ҳисси нисбатан камайгандек. Арзимаган сабаб билан ажрашган, атиги бир нафар фарзанди таъминоти учун қонуний тарзда тўлайдиган алиментни тўлашдан қочиб юрадиганлар ҳам орамизда топилади. Бугун ота меҳридан мосуво бўлгани етмагандек, моддий камчиликлар билан улғаяётган болада эртага оилага масъуллик ҳисси бўлармикан? Менимча, йўқ.
Аввало, барча болаларга ота-оналари бағрида вояга етиш бахти насиб этсин. Бунинг учун эса ҳаммамиз оила мустаҳкамлиги учун курашмоғимиз керак.
Инсон саломатлиги, ҳаётининг фаровонлиги кўп жиҳатдан табиатга боғлиқ жараёндир. Ота-боболаримиз ер инсонни едиради, тўйдиради ва кийинтиради, деб бежизга гапиришмаган. Қолаверса, тупроқ, умуман, она табиат инсониятга беҳисоб неъматлар етказиб беради.
Хўш, бугун биз она табиатни, чор-атрофни асраб-авайлаб, покиза сақлай оляпмизми? Ана шу хайрли ишга қай даражада ҳисса қўшяпмиз? Қуйида ана шу мавзулар хусусида сўз юритамиз.
Инсон ҳаммавақт табиат билан ҳамнафас яшаб келган. Ҳаётимизда, турмушимизда биз учун зарур бўлган буюмлар, жиҳозлар, кийимлар ҳам аслида она табиатимизнинг бебаҳо маҳсулидир. Бироқ шиддат билан ривожланиб бораётган ҳаётимизда инсонлар томонидан она табиатни асраб-авайлашга, сув ва турли табиий бойликлардан оқилона фойдаланишга етарли эътибор қаратилмаётганлиги ҳам бор гап.
Узоққа бормайлик, ўзимиз кундалик ҳаётимизда гувоҳ бўлаётган айрим нохуш ҳолатларга тўхталсак. Яхши биламизки, кексалар болалигимиздан сув муқаддас, уни ифлос қилиш гуноҳ деб айтишади. Бу кўпчиликнинг шуурига сингиб кетган. Шу боис ҳам аксарият одамлар сувни покиза сақлашга интиладилар. Минг афсус, орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг тутумларидан ҳайратга тушасан.
- Шаҳримиздаги айрим маҳаллаларда эрталаб баъзи бир қиз ва келинларнинг кўчани ариққа супураётганлигини кўриб, вужудим титраб кетади, - дейди меҳнат фахрийси Муҳаррамхон Худойбердиева. - Наҳотки, ана шу қиз ёки келин ота-онаси, қўни-қўшнисидан бундай қилиш гуноҳ эканлигини эшитмаган бўлса? Ёки ўзи ҳам мулоҳаза билан иш юритмаса, ахир сувни ифлос қилиш инсонийликнинг бирор бир мезонига тўғри келмайди, айниқса, миллатимиз кишиси учун бундан-да ортиқроқ пасткашлик бўлмаса керак.
- Эрталаб кўчадан ўтиб кетаётган эдим, - дейди Андижон туманидаги Чем маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси И. Аҳмедова. - Ёши 15-16 ёшлар чамасидаги қиз уйидан чиқди-да, кўча ариғига дастурхон қоқиб, ортига қайтди. Дастурхонда нафақат нон ушоқлари, ҳатто, мева пўчоқлари ҳам бор эди. Буни кўриб у қизни тўхтатдим: "Қизим, нега дастурхонни ариққа қоқяпсиз, бирор четроққа қоқсангиз, ушоқларни қушлар еб кетади. Ариққа пўчоқ оқизиш, сувни ифлос қилиш гуноҳ-ку" дедим. Қиз жавоб бериш у ёқда турсин, мени эшитмагандай индамасдан уйига кириб кетди Билдимки, бу оилада муҳит яхши эмас, у қиз гуноҳу савобни англаб етмайди.
Ҳа, юқоридаги каби ҳолатлар ҳар қандай кишини ташвишлантиради. Юртни обод қилиш, покизаликни сақлаш, фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтириш борасида тинимсиз тарғибот ишлари олиб борилишига қарамасдан орамизда мана шундай кишиларнинг борлиги одоб-аҳлоқ, экологик тарбия, тарғибот борасидаги ишларимиз етарли эмаслигини кўрсатади.
Халқимизнинг покизалик борасидаги ўзига хос тарбия, одоб-аҳлоқ меъёрлари ҳар бир юртдошимизнинг қалбида, шуурида бўлиши керак. Бу масалада, айниқса, ёшларимизга кўп гапиришимиз, фарзандларимизга болалигидан ана шу тарбияни бериб боришимиз лозим.
Инсон қилмоқчи ёки эришмоқчи бўлган нарсага ўз ихтиёри билан, англаган ҳолда интилса, албатта, кутилган натижага эришади. Она табиатни асраш, тозалик, юртни обод қилишга ҳар бир одам чин дилдан ҳаракат қилса, шундагина кутилган натижа, юрт ободлигига, табиат мусаффолигига эриша оламиз. Табиати мусаффо, тозалик бор жойда эса касалликка ўрин қолмайди.
Халқимиз азал-азалдан табиатга алоҳида меҳр кўрсатиб келади. Дарахт экиш ва боғ яратиш ўзбекнинг қадим қадриятидир. Мазкур қадриятнинг бардавомлигини сақлаш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи даркор. Бундан ташқари, фарзандларимизда табиатга бўлган илк тасаввур ва меҳрни, табиат маҳсули бўлган ўсимлик, ҳайвонот оламини асраш, уларнинг атроф-муҳитни асраб-авайлашда бажариши лозим бўлган вазифаларини ўргатиб боришимиз зарур. Бу борада аввало, ўзимиз намуна бўлишимиз керак.
Ҳар бир оила жажжи мамлакатга ўхшайди. Унинг ўзига хос қонун-қоидалари бор. Агар оилада ёши улуғ отахон, онахонлар бўлса, фарзандлар уларнинг бевосита берган тарбиялари асосида миллий қадриятларимиз, ўзбекона урф-одатларни яхши англаган ҳолда камол топадилар, катталарнинг қилаётган илм-амалларидан ёшлар андоза оладилар, анъаналарнинг муқаддаслигини тушунадилар.
Оила бағрида улғайиб, вояга етаётган дилбандлар - фарзандлар, набиралар тарбиясига улар асло бефарқ бўлмайдилар. Катталарнинг панд-насиҳатлари, йўл-йўриқлари ҳамиша ёшларни ибратли ҳаёт танлашларида аҳамиятли бўлган. Баъзан йиғинларда, кўча-кўйда ёши улуғ, пиру бадавлат онахон, кайвони бувилар билан гурунглашишга, уларнинг ёшлар тарбиясига бевосита боғлиқ суҳбатларидан баҳраманд бўлишга тўғри келади. Баъзан, ажрашиш арафасида турган оилаларни яраштиришда ҳам уларнинг ҳаётий тажрибалари қўл келади. Нуроний чеҳра, улуғворлик, ёшдаги комиллик айрим ҳеч кимга бўй бермайдиган оила бошлиқларининг ҳам попугини пасайтиради, салобати босади.
Баъзан марказимизга оилалардан эри ё хотинини инсофга чақириб беришни сўраган мурожаатлар бўлиб туради. Улар билан суҳбатимиз келишувчанлик, бир-бирини тушуниш, ҳурмат-эътиборни йўқотмаслик ҳақида боради. Суҳбатлар, ўрганишлардан маълум бўладики, ажримлар, келишмовчиликларга кўпинча ичкиликбозлик, оилага хиёнат қилиш, узоқ муддат оиласидан узоқда ишлаш сабаб бўларкан.
Бир оилани яхши биламан. Пиру бадавлат онахоннинг етти нафар ўғли бор. Худди севимли ўзбек фильмидаги Фармонбиби каби. Меҳнаткаш, тиниб-тинчимаган, умри меҳнат билан ўтаётган Роҳат опа етти ўғилни уйлаб, жойлади. Ўғиллари ўзига ўхшаган меҳнаткаш бўлди, эсли, маҳалланинг олди йигитлари. Келинлари эса худди опа-сингил каби иноқ, аҳил. Сабаби маълум, бу-тутум, бу меҳнаткашлик қайнонадан ўтган. Роҳат опа ҳам ўз ҳаётий тажрибаларини қизғонмайди. "Оилада кибр, манмансираш бор экан, аҳилликка ўрин йўқ. Калтабинлик, ўзини баланд тутиш - келишмовчиликка сабаб бўлади. Ҳар бир қайнона уруш-жанжал, қуруқ насиҳатлар билан эмас, аксинча, бир оғиз ширин сўз, ҳушёрлик, юмшоқ сўз билан, меҳнаткашлиги, орасталиги билан намуна бўлиши даркор. Ўғилга ҳам, қизга ҳам тарбия муҳим. Ота-оналар вояга етаётган фарзандларига тарбияни тўғри йўналтирмасалар, янги бир оила барбод бўлиши турган гап", деб ёш келинларга ўргатиб туради.
Роҳат опанинг гапида жон бор. Қарс икки қўлдан чиқади. Шундай экан, келинларни оила аъзолигига кўниктириш кўпроқ қайноналарга ҳам боғлиқ. Туман маҳаллаларидан бирида ибратли оилалардан ҳисобланган яна бир оила ҳақида фикр юритмоқчиман.
Оила бекаси, техника ва фалсафа фанлари доктори, профессор Шаҳнозахон Сотволдиева бўлади. У ўз келинлик даври ҳақида гапириб берганида тўлқинланиб кетдим. Тўйдан сўнг келинлик вазифаларини бажаришда анча қийналган Шаҳнозахонга қайнонаси - Гулсарахон ая худди ўз қизидек меҳр қўйди, пойтахтдаги ўқишини битиришига кўмаклашди, болали бўлгач, болаларга ҳам тоқат билан қараб туришга ўзида сабр, куч топа олди. Маҳаллада ёш қиз-жувонлар билан учрашув, давра суҳбатлари ўтказганимизда бу профессор аёл иложи борича вақт топиб, келишга ҳаракат қилади, оиласи, қайнонаси ҳақида илиқ гапларни айтишдан чарчамайди:
"Мен - инжиқ, эрка келин бўлганман, деб ўйлайман. Бу хонадонда тўрт ўғил бўлиб, мен учинчи келин эдим. Магистратурани тугатиб, аспирантурага имтиҳон топширдим. Синовлардан муваффақиятли ўтиб, ўқишни бошладим. Қайнонам менга бирор марта овқатнинг вақтида тайёр бўлмаётгани, келинлик вазифаларини бажаролмаётганимни писанда қилмади, аксинча, ёрдам берди. Кетма-кет ўқишлар, илмий изланишлардан фалсафа, техника фанлари доктори, профессор лавозимларига эга бўлдим. Институт ишлари билан кўпроқ боғланиб қолдим. Қайнонам шарофати билан икки қизим улғаймоқда. Улар айни дамда мактаб ўқувчилари. Алоҳида уй-жой қилиб, катта ҳовлидан кўчдик. Бироқ, қайнона-қайнотам ҳамон ёрдам бериб туришади. Агар менга илм ёки оиладан қайси бирини биринчи ўринга қўярдингиз, деб сўрашса, ҳеч иккиланмай, оилани танлаган бўлардим. Сабаби, оила - аёлнинг зиммасига катта масьулият юклаш билан бир қаторда, ҳузур-ҳаловат бағишлайдиган муқаддас гўша ҳамдир. Болаларинг улғайиб, ёнингга кирса, кўзларинг қувнайди, меҳнатларинг роҳатга айланади. Қайнонам-ўз онамдек, унга гўё ўз қизидек бор сир-асроримни, ташвиш-у қувончларимни тўкиб соламан. Овсинлар билан туғишган опа-сингилдек аҳилмиз. Менга, инжиқликларимга сабр билан чидаб, оиламнинг обрўсини оширган қайнонамдан бир умр миннатдорман".
Шаҳнозахоннинг фикрларини эшитиб, "қани энди, ҳамма келинлар, қайноналар ҳам шундай бўлса", деб ўйлайман. Тўғри, ҳозирги кунда турмушга узатилаётган қизларнинг ҳамма нарсаси бекаму кўст қилиб берилмоқда. Бу ёғига қайнона-қайнотасини ҳурмат қилиб, ўша уйнинг иссиқ-совуғига чидаб, ўйнаб-кулиб яшаса бўлади.
Ҳар бир қиз турмушга узатилгандан сўнг, келин бўлиб борган хонадонининг "ўз одами"га айланиши керак. Бору-йўққа кўниши шарт. Фарзандлар туғилиши оилани мустаҳкамлайди, муносабатлар, ҳурмат, бир-бирини тушуниш билан оилани сақлаш мумкин. Қайнона келинини ўз қизидек кўриши, келиннинг эса, қайнонани ўз онасидек қабул қилиши - оила тинчлигини таъминлайди.
Ёзги пишиқчилик даврида маза қилиб меваларга тўйиш керак, нима дедингиз? Айниқса, тарвуз тановули хўп ва кўп бўлса, айни муддаодир. Негаки, тарвузнинг фойдаси талайгина-да. Аммо уни ейишда ҳам меъёр бўлиши керак. Яна тарвузнинг ўғит билан "боқилгани"га дуч келсангиз, фойда тугул, хавфли касалликка юз тутиш мумкинлигини ҳам билиш керак. Шундай қилиб, тарвуз кимларга фойда-ю, кимларга зарар ҳамда қайси хасталикларда ёрдам беришини қуйидаги маълумотларимиздан билиб оласиз.
Фолий кислотага бой
Бошқа меваю сабзавотлар қатори темир, калий ва магний моддалари, В, А, С витаминларига бой бўлган тарвузнинг яна бир аҳамиятли жиҳати таркибида ниҳоятда юқори даражада фолий кислотанинг кўплиги саналади. Биласиз, фолий ҳомиладор аёллар учун ниҳоятда фойдали. Шундай экан, бўлажак оналар тарвузни кунора, 2-3 тилимдан ейишлари айни муддао.
Тарвузни етиштиришда турли хил кимёвий ўғитлар - нитратлар қўшилиши ҳеч ким учун сир эмас. Асли нитратлар организм учун зарарли эмас, аммо улар ошқозонга тушгач, ичакларда нитрат моддасига айланиши бирмунча хавфли. Агар ёзбўйи нитрат билан "боқилган" тарвуз еяверсангиз, нима бўлишини биласизми? Енгил ҳолатда бирон ичак касаллиги (мисол учун ичбуруғ), оғирларида эса камқонлик, ёки ўсма хасталигини орттириб олишингиз ҳеч гапмас. Шунинг учун бу полиз маҳсулотини табиий пишган даври - июль охири ва август бошида тановул қилган маъқулроқ. Ҳар эҳтимолга қарши!
Тарвузнинг кучли сийдик ҳайдовчи таъсирга эгалигини ҳам биласиз. Лекин ҳомиладорликнинг сўнгги ойларида тарвуз ейишда меъёрни билмоқ керак. Акс ҳолда сийдик пуфаги кенгайиб, атрофидаги бошқа ички аъзолар, шу жумладан бачадонга ҳам оғриқ келтириши мумкин.
Асабларни тинчлантиради
Таркибида кўп миқдорда магний сақлаган тарвуз - юрак ва буйрак учун фойдали. 100 грамм тарвузда организм учун керакли бўлган магнийнинг 60 фоизи мужассам. Магний мушакдаги оғриқлар, зўриқиш, чарчоқ ва асабийликда ҳам кор келиши илмий исботланган. Асабийлашадиган, уйқунгиз қочадиган бўлса, кунбўйи тарвуз енг, ҳаммаси жойига тушади. Фойда бериши учун бу парҳезни камида 5 кун давом эттириш керак.
Чанқоқбосди
Таркиби 85 фоиз сувдан иборат бўлган тарвуз зўр чанқоқбосди ҳисобланади. Шу боис, у диабет билан хасталанган беморларда учрайдиган оғиз қуриши, қалтироқни тез босиб, аҳволнинг яхшиланишига хизмат қилади.
Озишга ёрдам беради
Тарвуз организмдан суюқликни тез чиқаргани боис, 2 кундаёқ 2 кило вазн ташлашингиз аниқ. Яна тўқтутар бўлгани учун уни еб юрганда қорин очмайди. "Тарвузли парҳез" нинг фойдаси беқиёс - бир ҳафта ичида 5-6 килога осон озишингиз ва организмни ортиқча тузлар, қонни эса холестериндан тозалашингиз мумкин. Лекин бу парҳез буйраги оғрийдиган, буйраги ёки ўт қопида тоши бор, қон босими кўтарилиб-тушадиганлар учун эмас. Яна тарвузли парҳез 3 кундан ортиқ давом эттирилмаслигига ҳам диққат қилинг.
Данаги ҳам фойдали
Баъзилар тарвуз данагини ютворса, аппендицит юзага келиши ёки ичак буралиб қолиши мумкин деб ўйлайди. Аслида эса тарвуз данаги қон босимини тушириши, гижжадан организмни тозалаши, атеросклероз ва диабет касалида даво бўлиши, қонни кўпайтириши мумкин. Лекин бунинг учун уларни бутунлигича ютиш эмас, офтобда қуритиб, майда кукун ҳолига келтириб, ярим чой қошиқдан наҳорга сув билан ютиш керак. Аммо, сийдик-тош касаллиги ҳамда колит (ичак хасталиги) билан оғриган одамларга бу усул тўғри келмайди.
Қандай танлаймиз?
Тарвузнинг "думчаси" қуриган, ёнбошида сариқ доғи бўлса, иккиланмай танланг, у пишган.Устига урганда, тарсиллайди.Тарвузда кимёвий ўғит кўплигини билмоқчи бўлсангиз, уни кесгач, бир тилимини сувга солинг, сув қизарса, демак, истеъмолга яроқсиз.Яна тарвузни кесганда усти ғадир-будирлигига ҳам аҳамият беринг. Юзаси силлиқ, ранги пушти ёки ҳаддан зиёд тўқ қизил, ичи паға-паға бўлиб кетган, сарғиш бўлса, бу тарвузни емаган маъқул.