Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Шу кунларда ҳаво ҳарорати жуда исиб кетди. Фарғона водийсида кундузи 40-41, жанубий ҳудудларда 45 даражагача иссиқ ҳарорат кузатилмоқда. Хўш, жазирамадан қандай сақланиш керак? Ҳозир бу борадаги айрим тавсияларни ҳавола этамиз.
Хонадаги ҳарорат қандай бўлиши керак?
Хона ҳарорати кундуз куни 32 даражадан, тунда эса 24 даражадан ошмаслиги керак. Хона ва кўча ҳарорати ўртасида кескин фарқга йўл қўймаслик тавсия этилади.
Қуёш урганда қандай йўл тутиш лозим?
Бош айланиши ва бош оғриғи, дармонсизлик, қайт қилиш, нафас олиш ва томир уришининг тезлашуви, тана ҳароратининг баланд бўлиши ва мушаклардаги оғриқ қуёш уришининг белгилари ҳисобланади. Шу билан бир пайтда сиз умуман терламайсиз, терингиз қуруқ ва иссиқ бўлади. Ҳушини йўқотиш иссиқ уришининг энг яққол белгисидир.
Бунда зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш ёки тез ёрдам чақириш мақсадга мувофиқ. Бироқ агар бундай имконият бўлмаса, сояда ётиш, кийимлардаги сиқиб турадиган буюмларни (камар, бўйинбоғ) бўшатиш, юзни чайиб, сув ичиш керак бўлади.
Иштаҳа йўқолганда қандай овқатланиш зарур?
Иссиқ ҳавода ёғли ва оғир таомлар ҳақида унутган маъқул. Енгил совуқ овқатлар, масалан, окрошка, шунингдек, мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Кун давомида қанча сув ичиш зарур?
Одатда кун давомида 1,5 литр сув ичиш керак бўлса, иссиқ ҳавода тер ажралишининг ошиши туфайли унинг миқдорини тахминан уч марта кўпайтириш керак бўлади.Энг яхши вариант салқин ширин бўлмаган ичимликлар ва чойдир. Иссиқ чой ёзда тер ажралишини кучайтиради, шу тариқа қанчалик ғалати бўлмасин, буғланишнинг ортиши ҳисобига тана юзасини совутади. Жуда совуқ ичимликлар ангинага сабаб бўлиши мумкин.
Кўп суюқлик ичиш ҳаммага ҳам тавсия этиладими?
Юрак қон-томирлари хасталиклари, қон босимининг ошиши, семириш ва буйрак фаолиятида муаммолари бўлган кишиларга кўп суюқлик ичиш тавсия этилмайди.
Жазирама вақтида спорт билан шуғулланиш
мумкинми?
Жисмоний фаолликдан воз кечмаслик зарур. Бироқ хавфсизлик қоидаларига риоя этиш керак бўлади. Спорт билан тонг-да, шунингдек, ҳаво алмашинуви йўлга қўйилган хонада шуғулланиш лозим.
Олтинкўлнинг Толмозор қишлоғида яшовчи Пўлатовлар оиласини ҳамма "Асалчилар оиласи" деб атайди. Хонадон аъзолари асаларичилик соҳасининг бошини тутганига ҳадемай 40 йил бўлади. Уларнинг кундалик иш тартиби деярли ҳар куни шундай: хонадон бекаси Ҳамрохон опа уйқуга ётишдан олдин ва эрталаб уйғонганда, биринчи навбатда асалари уяларидан хабар олади.
Кечаси усти очилиб қолган боласининг устига кўрпа тортиб қўйган меҳрибон онадай, ҳаво салқин бўлса уялар устига ёпинчиқ ташлайди, ишчи арилар иш бошладими-йўқми, қараб чиқади. Шоназар ака об-ҳавога, ҳашаротларнинг кайфиятига қарайди, уяларни қулай, кенг ва баҳаво бўлишини таъминлайди, таъмирталаблари борми-йўқми текширади. Уялар устига ёпиладиган ёпинчиқ(холстиг)лар ҳам ҳеч кимникига ўхшамаган, замонавий. Хуллас, тонг ёришиши билан эр-хотин асаларичилар ариларини ишга "кузатишади". Оила соҳибининг эътироф этишича, улар ҳаётини асалариларсиз, дастурхонини асалсиз тасаввур қила олмайдилар.
- Асаларичилик билан шуғулланишдан олдин соҳага оид адабиётлар билан танишиб чиққанмиз, - дейди Ҳамрохон Пўлатова. - Асалари парвариши, соҳанинг қийинчиликлари, нимадан бошлаш, қандай юқори натижаларга эришиш мумкинлиги борасидаги китоб ва қўлланмаларни ўқиб-ўрганиб, сўнгра иш бошлаганмиз. Соҳага оид барча керакли жиҳоз, ускуна, асалариларни сотиб олдик. Биринчи йили бироз қийналдик. Фарзандларимиз ҳали ёш, эр-хотин икковимиз ўқитувчимиз. Таътилга чиқиб асалариларни Қирғизистоннинг Ўзган вилоятига, тоққа олиб чиқиб кетганмиз.Ундан сўнг ўзимизнинг Шаҳрихон туманига, ғўза майдонига олиб тушганмиз. Ўша йили 15 фляга асал олганмиз. Даромадимиз қарзимизни бемалол қоплаган. Аста-секин соҳадаги ишимизни ривожлантириб бордик. Ўша пайтда кичик ўғлимиз Баҳодиржон 4 яшар бола эди. Мана ҳозир ҳам шифокор, ҳам вилоятимиздаги энг кўзга кўринган асаларичилардан бири.
Айни пайтда Пўлатовларнинг асаларичилик хўжалигидаги 220 та асалари уясида 500 асалари оиласи бор. Пўлатовлар хонадони асал етиштириш билан бирга, она асалариларни кўпайтириш, тарқатиш билан ҳам шуғулланади. Ҳар йили эрта баҳорда асалари қутилари тоққа олиб чиқиб қўйилади. "Кейинги йилларда кўпроқ Наманган вилоятининг тоғли туманлари, асосан Чустнинг Нанай қишлоғига олиб бораяпмиз, бугун-эрта ариларимдан хабар олгани боришим керак", - дейди Шоназар ака.
- Асаларичилик сердаромад бўлгани билан, мураккаб соҳа, - дея сўзида давом этади у. - Чунки асалари жуда нозик ҳашарот. Яхши парвариш, эътибор керак. Бунинг учун эса тинимсиз меҳнат, изланиш, ҳафсала ва энг муҳими, соҳага доир билим ва малака талаб этилади. Ҳукуматимиз тадбиркорликка кенг имкониятлар яратиб бераяпти, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредитлар ажратяпти. Аммо, асаларичиликни ривожлантираман, деган тадбиркорлар кам. Сабаби-соҳадаги муаммолар, қийинчиликлар. Лекин, даромад ўз-ўзидан келмайди, меҳнат ва машаққатларга чидаган кишининггина пичоғи мой устида бўлади, ҳар куни асал ейди.
Асал - минг дардга шифо, дейдилар. Албатта, агар у ҳақиқий, тозаси бўлса. Кўпчилик асал сотиб олаётганда унинг табиийсини сохтасидан фарқлолмайди. Ҳамрохон опа асал сотиб олаётганда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги бўйича бир қатор маслаҳатларини бериб ўтди:
-Асал июльнинг охири, август ойларида йиғиб олинади. Янги асал суюқроқ бўлади, аммо вақт ўтган сари, куз-қишга бориб аста-секин қуюқлашади. Хиралашиб, нисбатан рангсизланади. Тоза асал ҳеч қачон тиниқ рангда бўлмайди, лойқароқ бўлади. Тоза асал кристалланади. Баъзан, асаларининг асалини олиб қўйиб, ўрнига шакар бериб боқишади. Ундаям оз бўлса-да асалари ишлаб чиқарган ферментлар бўлади, лекин у тоза асал бўлмайди. Айримлар "эски асал яхши бўлади", дейишади. Бу ҳам нотўғри маълумот. Асал таркибидаги ферментлар, аминокислоталар вақт ўтиши билан, яъни 2-3 йил сақланганда, кислород таъсирида ўзгаради. Органик кислоталар анорганик кислоталарга айланади. Томоқни кучли ўртаса, "зўр асал экан", дейишади. Аслида бу унинг ўзгарганидан дарак. Яхши асал эскиси эмас, келгуси ҳосил давригача сақланганидир. Айрим асалфурушлар "Майский асал", деб асал сотишади. Бу ҳам нотўғри маълумот. Бизда май ойида асал олишнинг умуман иложи йўқ. Асалари улгурмайди май ойида асални тўплашга. Хонадонма-хонадон асал сотиб юрганларнинг маҳсулотини эса умуман олиб бўлмайди, чунки у синтетик асал, бундай асалда асаларининг иштироки бўлмайди.
...Асаларичилар билан суҳбатимиз узоқ давом этди. Хонадон соҳиблари асал ҳақида, асалари ва соҳанинг ютуқ-муаммолари ҳақида кўп гапирдилар. Оилавий тадбиркорликнинг афзалликлари, асаларичиликнинг нафақат оила даромадига, балки табиатга ҳам фойда келтиришини таъкидладилар.
Бугун юртимизда "ҳар бир оила - тадбиркор"дастури амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган эзгу мақсад оилалар даромадини ошириб, фаровонлигини таъминлаш. Чунки, Президентимиз таъкидлаганларидек, халқ бой бўлса, давлат тинч бўлади.
Раънохон опани излаб якшанба куни борган бўлсак-да, уйидан тополмадик. Чунки бу аёл учун дам олиш кунининг ўзи йўқ. Шу куни ҳам маҳалладаги 101 ёшли Хотирахон момо ҳолидан хабар олиш учун кетган экан. Опанинг иш столида турган миннатдорчилик мактуби диққатимизни тортди.
Мактуб Андижон шаҳридаги "Гумбаз" маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшовчи Нодира Иброҳимовадан бўлиб, турмуш ўртоғи бир неча йилдан буён жигар циррозидан азоб чекиб келгани, уни махсус шифохоналарда даволатиш учун имконияти йўқлигидан хабар топган мутахассиснинг тезлик билан мутасадди идоралар билан алоқа ўрнатиб, беморни Тошкентдаги малакали шифокорлар назоратида даволанишига, ҳаётга қайтишига ёрдам бергани учун бир умр миннатдор эканлиги изҳор этилган.
Бундай мактублар кунда, кун ора йиғин идорасига келиб туради.
-Опа ўзи ҳам тинмас экан, бошқаларниям тиндирмас экан, - дейди маҳалла фаолларидан бири Баракатхон Исмоилова мутахассиснинг талабчанлигига урғу бермоқчи бўлиб.
"Гумбаз" маҳалла фуқаролар йиғинида эришилаётган ҳар бир ютуқда Раъно опанинг муносиб ҳиссаси бор. Чунки у йиғиннинг энг фаол мутасаддиси, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси, маҳалла аҳлининг ишонган кишисига айланган.
- Эл ишонч билдириб, шу вазифага лойиқ кўргани - энг олий саодат, деб биламан. Чунки минг-минглаб кишиларнинг қувончу ташвишларини бирга баҳам кўриш барчага ҳам насиб этавермайди, - дейди Раъно Ҳакимова. - Бу юксак ишончни оқлашга ҳаракат қиляпман.
"Маҳалламизда 8000 дан зиёд аҳоли 1203 хонадонда истиқомат қилади. Оилалар 2997 та. Аҳолининг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил этади. Давлат органлари, хотин-қизлар қўмиталари ва бошқа жамоат ташкилотлари билан биргаликда нотинч ва муаммоли оилаларни аниқлаб, уларнинг манзилли рўйхатларини тузиш, маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш, низоли ҳолатларнинг олдини олиш, оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ва миллий менталитетимизга зид бўлган турли хавф-хатарларга қарши туриш мақсадида улар билан тўғридан-тўғри алоқа ўрнатдик.
Нотинч оилалар сони кама-йиб бораётгани барча фаолларни қувонтирмоқда. Бироқ ёш оилалар сони кўпаймоқда. Улар билан кўпроқ ишлашимиз лозим. Оила қурилмасидан аввалроқ унга мустаҳкам пойдевор қўйилиши лозимлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб бераяпти. Вилоят ҳокимининг фармойиши билан ўтказилган "Оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш ойлиги" давомида 5 та оилавий низоларга барҳам бериб, ажримларнинг олди олинди, қолаверса, 10 нафар норасида тирик етим бўлишдан асраб қолинди. 3 та шаръий никоҳда яшаётган оиланинг никоҳи қонунийлаштирилди. Ойлик оилалардаги маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ижтимоий муҳофазага муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш, соғлом ва баркамол фарзандлар тарбияси борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарди. Ойлик давомида маҳалладаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи ўрганилди. Хотин-қизлар бандлиги, тураржой масаласи, тиббий маданияти бўйича таҳлиллар олиб борилди. Бу борадаги ишларнинг кўлами янада кенгайиб бормоқда Бу йилда умуман ажримга йўл қўймаслик асосий мақсадимизга айланган".
Маҳаллада ФҲДЁ, ИИБ, прокуратура, солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази ва бошқа ташкилотлар билан узвий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Республика ишчи гуруҳи билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар давомида аниқланган кўплаб муаммолар ўз ечимини топди. Жумладан, муҳтож оилаларга газ плиталари, газ баллонлари тарқатилди. 4 нафар ногирон шахсларга аравачалар топширилди. Аҳоли орасида "Ўз уйингни ўзинг асра!", "Маҳалла тинч - сен тинч", "Дабдабали тўй-бахт кафолати эмас" шиори остида иш ташкил этилаётгани боис жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар содир этилмаяпти. Ҳудуддаги 18-умумтаълим мактаби, Саноат-транспорт, Олимпиа заҳиралари коллежлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб борилмоқда.
"Оилада аёлнинг ўрни беқиёс. Онанинг маънавияти юқори бўлса, шу оилада ўсаётган фарзандлар тарбияси рисоладагидек бўлади. Эр-хотиннинг аҳиллиги, бир-бирига ҳурмати аслида оиладаги маънавий соғломлик негизи ҳисобланади. Зеро, оилада садоқат, ўзаро ҳурмат ва ишончнинг шаклланиши, қариндошлик ришталарининг эъзозланиши эр-хотиндаги ана шу фазилатга боғлиқ".
Бу сўзлар Раънохон Ҳакимованинг кундалик шиорига айланган.
-Мақсадимиз ҳар бир оилани, ундаги ҳар бир аёлни бахтли қилишдан иборат. Зеро, жамият бахтли оилалар билангина барқарордир, - дейди у.
Раънохон опа кўплар ҳавас қилса арзигудек оиланинг севимли бекаси. 2 ўғил, 1 қизга меҳрибон она. Акрамжон, Аҳмаджон, Шарифахонлар бугун яхши касб эгалари сифатида жамиятимизга наф келтиришмоқда. 6 нафар набира Абдураҳмон ака билан 41 йиллик тотув турмушнинг ширин мевалари бўлиб ҳаётига зеб бермоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги "Ички ишлар органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармонида вояга етмаганлар ва ёшларни Ватанга муҳаббат, ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш, ўсиб келаётган авлодни терроризм, диний экстремизм, зўравонлик ва шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилишга қаратилган тизимни ривожлантириш ички ишлар органлари тизимини ислоҳ қилишнинг энг муҳим йўналишларидан бири сифатида белгилаб берилди.
Ўз навбатида ушбу фармон билан туман (шаҳар) ички ишлар тизимлари бошлиқларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари лавозимлари жорий этилиб, уларга профилактика инспекторлари ишини, авваламбор, вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича ишини самарали ташкил этиш ва мувофиқлаштириш учун жавобгар бўлиши кўрсатилди. Шунингдек, ёшлар адашиб жиноят содир этганда, маҳалла фуқаролар йиғини ва Ёшлар иттифоқи уларнинг тузалишига кафолат бериб мурожаат қилсалар, судлар томонидан жазо тайинлашда инобатга олиниши ёшларнинг, айниқса, хотин-қизларнинг қамалиши эмас, оиласи бағрида жамият учун фойдали инсонлар бўлиши кераклиги таъкидланган.
Шу ўринда аёлларимиз шаънига салбий сўз айтиш биз учун ҳам оғирдир. Аммо аёллар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар содир этилиши жуда аянчли ҳол. Афсуски, бугун жойларда учраб қолаётган баъзи салбий ҳолатлар турли интернет сайтларида холисона ёритилмай, аҳолига бир томонлама маълумотлар тарқатилаётганлиги кузатилмоқда. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ички ишлар вазирлигида Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси тузилди. Бошқарма бошлиғи бир вақтнинг ўзида Ички ишлар вазирининг матбуот котибидир. Янги ташкил этилган ушбу бошқарма ҳудудий ички ишлар органларининг матбуот хизматлари фаолиятига ташкилий услубий жиҳатдан кўмаклашиб, уларни республиканинг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатишларини таъминлашга масъулдир.
Ўз навбатида бошқарма ва ҳудудий тизимлар ҳамкорлигида турли жиноятчилик ҳолатлари, хусусан хотин-қизлар билан боғлиқ салбий ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олиш, бу борадаги нотўғри маълумотларни тарқалишига йўл қўймаслик чоралари кўрилади. Бу билан аёлларимиз шаъни, қонуний манфаатлари ҳимояга олинади. Негаки, аёл-мўътабар зот. Ҳар қандай ҳолатда ҳам уни ёмонотлиқ қилиш, у ҳақда нохолис маълумот тарқатиш кечириб бўлмас иллат саналади.
Ҳафтанинг ҳар шанбаси - "ишсиз ёшлар билан ишлаш куни"
Андижон шаҳридаги Алишер Навоий номли маданият ва истироҳат боғининг ёзги амфитеатрида "Ҳоким ва ёшлар" лойиҳаси доирасида вилоятдаги мавжуд 878 маҳалладан келган 3 мингдан зиёд йигит-қизлар билан вилоят ҳокимининг очиқ мулоқоти ўтказилди.
Мулоқотда шунингдек, вилоят ҳудудидаги корхона ва ташкилот, муассасалар, тижорат банклари ҳамда фермер хўжаликларининг раҳбарлари иштирок этдилар.
Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов жорий йил 27 июнь куни Юртбошимиз томонидан қабул қилинган "Ёшлар - келажагимиз" давлат дастури тўғрисида"ги Фармон ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилиши зарур бўлган ишларга тўхталди.
Вилоятимиз раҳбари Ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилаётган "Ёшлар - келажагимиз" жамғармаси фаолияти ҳақида, жамғарма маблағларидан ёшларнинг бизнес лойиҳалари учун имтиёзли кредитлар берилиши, дастурда ҳар бир туманда ажратиладиган кредит ҳажми ва уни олувчилар сони, кредит бериладиган фаолият йўналишлари, бунинг натижасида яратилиши зарур бўлган иш ўринлари миқдори аниқ белгилаб қўйилгани, ҳар бир фермерга биттадан банд бўлмаган ёшни бириктириш кўзда тутилганини таъкидлади. Шунингдек, дастур доирасида вилоят ёшлари учун жами етмиш тўрт миллиард сўм маблағ ажратилганига урғу берди.
Шу куни ёшлар ҳоким ва мутасаддилар билан муаммоларини ўртоқлашдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Ҳафтанинг ҳар шанбаси вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шуҳратбек Абдураҳмонов ташаббуси билан вилоятимизда "Ишсиз ёшлар билан ишлаш куни" деб эълон қилинди.
Пахтаобод тумани 37-умумтаълим мактаби қошида "Кичкинтой" ёзги дам олиш оромгоҳи ташкил этилган. Айни кунларда оромгоҳ болалар билан гавжум. Турли спорт тўгараклари, чўмилиш ҳавзаси, мусиқа ва дам олиш хоналари, кутубхона, лаззатли таомлар ошхонаси ҳамда тиббий пункт болалар ихтиёрида. Жажжи болажонлар учун ўйингоҳ, маданий кўнгилочар дастурлар ёзги таътилни мароқли ўтишини таъминламоқда.
Мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Жамила Абдулҳаева таътил режасини тўғри ташкил қилганлиги боис, ўқувчилар ўзлари қизиққан тўгаракларда фаол қатнашмоқда. Айни кунда тасвирий санъат ва амалий меҳнат, «Ёш китобхон», мусиқа, тикувчилик ва тўқувчилик тўгараклари мунтазам ишлаб турибди.
Юртбошимизнинг ёш китобхонларга кўрсатаётган эътиборидан руҳланган ўқувчилар шу кунларда мактабда ташкил этилган бепул кутубхонага қўйилган китобларни зўр қизиқиш билан ўқишмоқда. Улар ўзлари ўқиган асар қаҳрамонларига баҳо бериш, ўзаро фикр алмашиш ва маънавий озуқа олиш имкониятига эга бўлмоқда.
Педагоглар ўқувчиларнинг ёзги дам олишини мароқли ташкил этишга, шу билан бирга оромгоҳга келмаган ўқувчиларнинг хонадонларига бориб, шароитини ўрганишга ва оромгоҳга жалб қилишга ҳаракат қилмоқдалар.
Андижон шаҳридаги "Дельфин" сузиш ҳавзасида вилоят Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Соғлиқни сақлаш бошқармалари, давлат санитария-эпидемиология назорат маркази ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамкорлигида "Чўмилиш мавсумида очиқ сув ҳавзаларида чўкиш ҳолатларининг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш чора-тадбирлари" мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, полковник Ойбек Тоштемиров сўзга чиқиб, сув ҳавзаларида чўмилиш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари, фуқароларнинг таъқиқланган жойларда чўмилиши, хавфсизлик қоидаларига риоя қилмасликнинг салбий оқибатлари ҳақида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, чўмилиш учун мўлжалланмаган сув ҳавзаларида фуқароларнинг чўмилишларини чеклаш бўйича мутасадди ташкилотларнинг ўзаро ҳамкорликда назорат ишларини кучайтиришлари муҳим эканлиги, шаҳар ва туманлар ҳудудларидан оқиб ўтувчи дарё, сой ва каналлар бўйларида фаолият кўрсатадиган дам олиш масканларини атрофлича ўрганиб чиқиш ва "Чўмилиш таъқиқланади" огоҳлантириш белгиларини ўрнатиш зарурлигини таъкидлади.
Семинар давомида Қутқарув отряди сувда қутқарув гуруҳининг ғаввослик асбоб-анжомлари ва воситалари кўргазмаси намойиш этилди. Fаввос қутқарувчилар сувда чўкаётган фуқарони қутқариб олиб чиқиш ва унга биринчи ёрдам кўрсатиш усулларини амалий машғулотлар орқали кўрсатиб бердилар.
Семинар якунида 2018 йилги ёзги чўмилиш мавсумини талофатларсиз ўтказиш, очиқ сув ҳавзаларида чўкиш ҳолатларининг олдини олиш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш юзасидан аниқ вазифалар ҳамда ҳамкорликдаги тадбирлар белгилаб олинди.
Балиқчида "Ибратли оила" кўрик-танловининг туман босқи-чи бўлиб ўтди. Туман ҳокимлиги, хотин-қизлар қўмитаси, Фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши, "Нуроний", Ёшлар Иттифоқи туман кенгашлари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман бўлими ҳамкорлигида ўтказилган танловда ибратли оилалардан 7 таси иштирок этди.
Танлов иштирокчилари оила ҳаётидан видеоролик тайёрлаш, назарий билимлар синови, оила мавзусига оид халқ мақолларини шарҳлаш, муаммоли вазиятдан чиқиш каби шартлар бўйича ўзаро беллашдилар.
"Ботир" маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Қўзиевлар оиласи ғолиб деб топилиб, танловнинг вилоят босқичига йўлланма олди. 2-ўрин "Яккатол" МФЙ дан Бойматовлар оиласига, 3-ўрин эса "Муқанна" МФЙ даги Аҳмедовлар оиласига насиб этди.
Мазкур танлов иштирокчи оилаларнинг билим ва тажрибаларини синовдан ўтказди. Бир сўз билан айтганда, танлов оилаларнинг ўз иқтидори ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқаришда, ўзларига бўлган ишонч ва интилишларини, қолаверса, жамиятдаги ўз ўринларини белгилашларида муҳим аҳамият касб этади.
Fолиб ва қатнашчиларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Биз ҳар доим бир-биримиз билан фикрлашамиз.Дўст орттириш учун у ҳақда ҳамма нарсани билишга интиламиз. Буни қарангки, аёлларнинг кийимларига ва уларнинг ранггига қараб ҳам феъл-атворини билиш мумкин экан.
Оқ
Оқ рангли либосларни кийиб юрувчи аёллар оилада саришта, жонсарак, эътиборли бўладилар. Уларга муомала қилишда эҳтиёткор бўлиш талаб этилади. Сабаби, улар суҳбатдош танлашда ҳам инжиқ бўладилар.
Либосларидан пушти ранг кўпроқ ўрин олган аёлларимиз содда, ишонувчан ва кўникувчан аёллардир.Уларга кичкина совға ёҳуд биргина ширин сўз ҳам улкан қувонч бахш эта олади.
Қизил
Қизил рангни кўпроқ муҳаббатга, севгига мойиллиги кучли бўлган аёлларнинг эгнида учратишингиз мумкин. Қизил либосларни ёқтирадиган аёлларнинг севгиси кучли, ўзлари эҳтиросли бўлишади.
Яшил
Кийимларида яшил рангни кўпроқ бўлишини истаган аёлларимизга романтик йигитлар ёқади. Улар орзу-умидлари бисёр бўлган аёллардир. Яна улар сайру саёҳатни хуш кўрадилар.
Эсимда ёш эдим, акамнинг ортидан қолмас жажжигина қизалоқ. Акам ўртоқлари билан футбол ўйнаса, футбол ўйнар, бари шўхликларининг шериги ўзим эдим. Онам нон ёпса, кулчаларни этагимизга солиб, анҳор бўйига борардик-да, сувга оёғимизни солиб ўтириб ердик. Акам мени елкасидан қўймас, мени осмонларга тенглашга уринарди. Бувим эккан райҳон-у жамбилларни тепкилаб, ўрик шохига арғимчоқ солгандик. Бувим биздан роса хафа бўлганди. Шу арғимчоқда бахтимиз учиб кетди шекилли. Ўйноқи шамоллардан ҳам шўх эдик биз. Акам тинмай расм чизарди. Бу эса негадир отамга ёқмасди. Отам ўқитувчи, фан кишиси бўлгани учунми, ўғлини ҳам фақат китоб ўқишини истарди. Акам эса тунлари отамдан беркиниб, расм чизарди. Отам ҳатто унинг расмларини ёқиб юборганди. Акамни илк бор йиғлаганини кўргандим ўшанда. Маҳалладаги болаларни йиғиб, ёнғоқзорда қилган ўғирлигидан тортиб, кўчада шовқин қилгани учун урушиб берган қўшни аёлнинг оғилхонадаги сигирини бўшатиб юборганлари ҳақида эшитган бобом уни тоққа, тоғамнинг олдига юборди. Икки ҳафтадан сўнг кўзлари киртайиб келган акамнинг қўлида чиройли, жуда ҳам кичик гуллар турарди. У ёнимга келиб, чаккамга гулларни қистирди. "Миттигул" деди жилмайиб. Илк бор "соғинч" деган туйғуни ҳис қилган эдим ўшанда. Мен бундай гулни кейин ҳеч қачон, ҳеч ерда учратмадим. Эҳ, энди ҳамма-ҳаммаси ялангоёқ кезган кўчаларимизда қолиб кетди. Акам ҳали ўн беш ёшни ҳам қаршиламай, дунёларни бўзлатиб, ўрик шохидаги арғимчоқларда учаётган ёшликни, энг муҳими, мени ташлаб оламни тарк этди. Бугун ҳеч ким тунлари қўрқиб расм чизмайди, ҳеч ким бебошликлар қилмайди. Отам ҳам, бувим ҳам ўз ташвишлари билан овора. Уйимизнинг тўрида унинг кулиб турган сурати туради. Унга маъюс термуламан, худди бутун дунё менга кулиб қараб тургандек.
Бугун отамнинг қайсарликларига қарамай Санъат ва маданият институтининг талабасига айландим. Жондан азиз жигаримнинг кўзларида муҳрланиб қолган рассом бўлишдек улкан орзуни рўёбга чиқариш мақсадида ҳужжат топширгандим бу олийгоҳга. Ажабо, умримда бирор марта мустақил расм чизмагандим. Тасвирий санъат дарсидан барча уй вазифаларимни акам бажариб берарди. Бироқ, синов куни қандайдир ишонч билан қўлимга қалам олдиму, шартта кўз ўнгимда гавдаланган тасвирларни чиздим. Гўёки расмни мен эмас, акамнинг қўллари чизаётгандек, жозибали чиқарди қораламаларим. Қалам тасвирдаги ишим шу қадар юқори баҳоланди. Бу кутилмаган мўъжизадан ҳайрону лол эдим.
Талаба бўлишдек бир умрлик орзумга етиб, қувончим теримга сиғмай уйга қайтардим. Ёмғир ёғиб турган бўлишига қарамай, қишлоғимизга пиёда кириб боришни истадим, негадир. Йўл бошида автобусдан тушдим. Севинчимни жонажон қишлоғимнинг гўзал табиати билан баҳам кўргим келдими, билмайман. Ёқимли ҳаво димоғимга урилиб, энтикдим. Икки-уч қадам босдимми, йўқми, йўл четида ётган бир даста гулга кўзим тушиб йиғлаб юбордим. Бу ўша миттигуллар эди. Кимдир уларни териб гулдаста қилгану қадрдон кишисига тутмоқчи бўлгандек. Миттигуллар юзига тушган биллур томчилар акамнинг кўз ёшларига ўхшарди. Шу он бўғзимга нимадир тиқилди. Йиллар мобайнида юрагимда йиғилган музлик эриб кетгандек йиғладим.