+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Тинчликка туташган йўли, ўзбекнинг

Туҳмат тоши тегиб ҳар бир бармоққа,

Йўллар ёпилганда эркка бормоққа,

Бу йўллар қонлардан чиқиб ирмоққа,

Тинчликка туташган йўли, ўзбекнинг.

 

Бугун кечадану, эрта бугундан,

Бошланар ободлик дили гулгундан,

Дўпписини олиб эски тугундан,

Жаҳонга бўйлашар зўри, ўзбекнинг.

 

Яшнатмоқ, яратмоқ инсон орзуси,

Меҳр-муҳаббатдир кўнгил кўзгуси,

Ҳар ниҳол бу юртда шодон ўсгуси,

Ўнгидек гўзалдир сўли, ўзбекнинг.

 

Мен ўсиб бораман бериб ҳосилим,

Елкадошим замин, эл оға-иним,

Юрагим сўз тилар, тинмас қаламим,

Рухсори - энг эрка гули, ўзбекнинг.

 

 

Гулирухсор

"Ҳиндистон ярмаркаси" маҳсулотлари хотин-қизларда катта қизиқиш уйҳотмоқда

Андижон шаҳрида "Ҳиндистон ярмаркаси" деб номланган савдо кўргазмаси иш бошлади. Тикувчилик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, уй-рўзғор, заргарлик, эсдалик совғалари каби миллий ҳунармандлик буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган 20 дан ортиқ фирма ва компаниялар иштирок этаётган кўргазма Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Ҳиндистон ҳунармандлик буюмлари экспортини ривожлантириш кенгаши томонидан ташкил этилди.

Кўргазмада намойиш этилаётган маҳсулотлар асосан хотин-қизларда катта қизиқиш уйғотмоқда. 

- Ҳинд халқининг атторлик буюмлари, миллий тақинчоқларини кўргани атайлаб Қорасув шаҳридан ташриф буюрдим, -дейди Гулбаҳор Исмоилова. - Чунки, Ҳиндистон азалдан зебу зийнати ва пардоз воситалари билан бутун дунё аёлларини ўзига ром этиб келган.  Қолаверса, ҳиндча упа-эликлар ўзининг сифатлилиги билан ҳам ажралиб туради.

- Ҳиндистон ҳақидаги ёрқин тасаввур бизда болалигимиздан, севимли ҳинд фильмлари орқали пайдо бўлган, - дейди Олтинкўл тумани Толмозор қишлоғида яшовчи Муқаддасхон Хўжақулова. - Ҳинд қўшиқларидаги сеҳрли оҳанг, рақсларидаги жозиба, қолаверса, оташин муҳаббат ва садоқат ҳинд халқининг маданияти, анъана ва урф-одатларига бўлган қизиқишимизни оширган.  Шу сабаб кўргазмага қўйилган жонли маданият намуналарини томоша қилишни лозим топдик.  

Бир неча йилдан буён анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган мазкур кўргазма икки давлат халқларининг маданий-иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Кўргазма давомида тадбиркор ва ишбилармонлар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш, савдо-сотиқ алоқаларини йўлга қўйиш борасида шартнома ва келишув битимлари имзоланиши кўзда тутилмоқда.

 

Ҳиндистон маҳсулотлари кўргазмаси 30 июлга қадар давом этади.

Хайр, оромгоҳ

Шу кунларда ёзги болалар дам олиш оромгоҳларида учинчи давра ҳам ўз ниҳоясига етмоқда. Олтинкўл туманидаги "Навбаҳор" оромгоҳида мавсум якунига бағишланган тантанали маросим ташкил этилди.

Маросимда мавсум давомида болалар оромгоҳида жами 600 нафарга яқин ўқувчи ҳордиқ чиқаргани, уларнинг мазмунли дам олиб, таътилни мароқли ўтказишларини таъминлашда барча шарт-шароитлар яратилгани ҳақида сўз борди.

"Ёз -ўтмоқда соз!" шиори остида болалар оромгоҳида турли маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар, спорт мусобақалари ташкил этилди. "Алпомишлар", "Барчинойлар", "Лочинлар", "Спортчилар" деб номланган гуруҳларга бўлинган болажонлар "Салом оромгоҳ, салом янги дўстларим", "Китоб-беминнат устоз", "Биз буюк аждодлар давомчиси", "Шодон кунлар" ҳамда "Балли қизлар" тадбирларида фаол иштирок этдилар. 

Маросим сўнггида мусобақаларда ғолиб бўлган гуруҳ иштирокчилари оромгоҳ маъмуриятининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Ёзги таътилни мароқли ва турфа таассуротларга бой ўтказган болажонлар янги ўқув йилини соғлом ва кўтаринки кайфият билан бошлашига тилак билдирилди. 

 

 

Ойдиной МЎМИНОВА

Шоирга эҳтиром

 "Ҳамкорбанк" акциядорлик тижорат банкининг марказий биносида Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низом таваллудининг 80 йиллигига бағишланган учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда шоир ва ёзувчилар, банк ходимлари,  ҳаваскор ёшлар иштирок этдилар. Тадбирда сўз олган "Ҳамкорбанк" АТБ бошқаруви раиси  Икромжон Ибрагимов адабиётнинг инсон ҳаёти, ёшлар тарбиясидаги аҳамияти, шеъриятнинг афзалликларига тўхталди. Бошқарув кенгашининг қарори бўйича банк ишчи-ходимлари ўртасида маънавий соатлар мунтазам ўтказиб турилиши, бу тадбирлар видеомулоқот тарзида банкнинг республикадаги филиалларига ҳам улаб берилиши ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек,  Ўзбекистон халқ шоири Тўлан Низомнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида сўз юритиб, унинг "Ҳамкорбанк" нинг дастлабки фаолияти ривожига қўшган ҳиссасини эътироф этди.

Тадбирда бу йил 80 ёшни қаршилаётган ижодкор, устоз шоир Тўлан Низомга юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Қимматбаҳо эсдалик совғалари тақдим қилинди. 

Учрашувда шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари, шоира Хуршидабону, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Қамчибек Кенжа, Назиржон Саидов, адабиётшунос олим Баҳодир Раҳмонов, журналист Шукрулло Неъматовлар сўзга чиқдилар. Эл суйган санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури даврага янада кўтаринкилик бағишлади.

 

Икромжон АСЛИЙ

Донолик ва ташаббускорлик-сиёсий етакчилик мезони

Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан "Донолик ва ташаббускорлик-сиёсий етакчилик мезони" шиори остида "ХХI аср аёли" Республика кўрик - танловининг Андижон вилоят босқичи бўлиб ўтди.

-Мазкур танловни ўтказишдан кўзланган мақсад хотин-қизларда миллий ғурур, Ватанга садоқат ҳамда қадриятларга ҳурмат туйғусини уйғотиш, уларнинг етакчилик фазилатларини аниқлаш ҳамда ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, шунингдек, оила ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашларига кўмаклашиш, ижтимоий мавқеларини ошириш, давлат ва жамоат ишларида фаол иштирокини таъминлашга доир ислоҳотлар жараёнида уларнинг янада фаоллигини оширишдан иборат, - дейди Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят кенгашининг хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари бўйича етакчи мутахассиси Мадинахон Каримова.

Кўрик-танловда ҳудудий  босқичларда ғолиб бўлган иштирокчилар "Партия - менинг тақдиримда", "Партия фаолиятидаги ташаббусларим", "Партия дастури ва қонунчиликка таклифлар" каби шартлар бўйича ўзаро беллашдилар.

Ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, Улуғнор тумани 6-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Севдо Турдиева биринчи, Пахтаобод тумани кўп тармоқли марказий поликлиника шифокори Маъмурахон Мискинова иккинчи, Олтинкўл туманидаги 20-ДИМИ ўқитувчиси Гуласал Исмоилова учинчи ўринни эгаллади. Fолиблар Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси вилоят Кенгаши томонидан диплом, эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

 

 

Ҳамрохон МАМАТҚУЛОВА

ШЕЪРИЯТ ГУЛШАНИ

Китоб

Олдим китоб қўлимга,

Зиё тутдим йўлимга.

Шодлик тўлди кўнглимга,

Китоб яқин дўстимдир!

 

Эзгуликка йўллайди,

Ҳар қадамда қўллайди.

Fамда бошим силайди,

Китоб яқин дўстимдир!

 

Ҳар варағи нур сочар,

Қалбимда дунё очар.

Ўқисам меҳрим ошар,

Китоб яқин дўстимдир!

 

Ҳалима АБДУЛЛАЖОНОВА,

Андижон шаҳридаги

13-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

ОНАМНИ

ЙЎҚОТГАНМАН

Йил ўтмоқда қарийб,

Менинг бу кўнглим ғариб,

Ўтирибман мунғайиб,

Онамни йўқотганман.

 

Дўстим, менинг бағрим қон,

Кўзга кўринмас жаҳон,

Қалбимда бор бир армон,

Онамни йўқотганман.

 

Онам эди хокисор,

Бировга бермас озор,

Бўлмаган ҳеч дилозор,

Онамни йўқотганман.

 

Аямай ширин сўзин,

Ўйларди ўғил қизин,

Жонига куймас ўзин,

Онамни йўқотганман.

 

Отам юрибди кулмай,

Опам йиғлайди тинмай,

Бўладими ўксинмай,

Онамни йўқотганман.

 

Онамдан қолган ёдгор,

Азиз жигарларим бор,

Ўрнини босмас зинҳор,

Онамни йўқотганман.

 

Ҳар куни тушим, ўйим,

Татимас, байрам, тўйим.

Энг азиз дуогўйим,

Онамни йўқотганман.

 

Гулойим ЮСУПОВА,

Бўз тумани.

 

Севиб қолибмиз

Пешонамданда, шўр овқатим,

Ичолмади ойим-дадамлар.

Менга эса овқат ним-таътир,

Ичаверди зўр деб, акамлар.

 

Мен бедаво дардга йўлиқдим,

Шўр овқатнинг тузи менга кам.

Тузсиз овқат ейишга кўндим,

Дардимиз бир экан, жон акам.

 

Давлатой ОДИЛЖОНОВА,

Андижон туманидаги 34-умумтаълим мактаби ўқувчиси

Йўқлаб тур

Фарзандларингдан гар яхшилик кутсанг,

Ота-онанг меҳрини унутмагин сен.

Сенга бу ёқса ҳам, ё ёқмаса ҳам,

Йўқлаб тур кунда бир, қуруқ бўлса ҳам.

 

Балки бугун бордир, эртагачи йўқ,

Бўлмасин улардан кўнглинг сени тўқ.

Армонда қолмайин десанг сўнгги дам,

Йўқлаб тур кунда бир, қуруқ бўлса ҳам.

 

Дуосиз мушкулинг асло аримас,

Ота-онаси борлар билгин, қаримас.

Бу аччиқ сўзларим қилса ҳам алам,

Йўқлаб тур кунда бир, қуруқ бўлса ҳам.

 

Қарилик бир куни сенга ҳам етар,

Белингдаги қувват, кўздан нур кетар.

Шунда фарзандларинг кутарсан сен ҳам,

Йўқлаб тур кунда бир, қуруқ бўлса ҳам.

 

Машраббой ЮСУПОВ,

меҳнат фахрийси, Андижон тумани.

 

 

Оқ сутингга

рози бўл, она!

Бошида оқ ҳарир рўмоли,

Оқ фотиҳа бер энди, она.

Қизгинангга айтилар ёр-ёр,

Оқ сутингга рози бўл, она.

 

Зор-зор йиғлаб бағринг тиғлама,

Оқ тилакка бурка йўлини,

Ўз уйига бўлди бегона,

Ўзга эшик тутар қўлини.

 

Хайрлашмоқ фурсати етди,

Чилдирмани чалинг янгалар.

Бахтли бўлсин ушбу қизгина,

Омад берсин сочган тангалар.

 

Озодахон ОЛИМОВА,

Шаҳрихон тумани.

Ўзбек қизиман

Бахтлиман, туғилдим шундай заминда,

Бахтлиман, жўш урар севинч кўксимда.

Бахтлиман, ҳар куни босган изимда,

Чунки мен ўзбекман, ўзбек қизиман.

 

Қизларин бахтини ўйлаб туну кун,

Жасорат қасрига бўлдилар устун.

Ҳалол луқма бериб, ҳалол кийдирган,

Болам деб яшаган ўзбек қизиман.

 

Юрт учун жонини айлаган фидо,

Элини ёвлардан асраган қалқон.

Ҳар бирингиз менинг фарзандларим деб,

Бағрини кенг очган ўзбек қизиман.

 

Ҳаётим мазмунли ўтмоқда, шукр,

Бахтим бекаму кўст, юртим тинч-омон.

Оврўпа қизидан нима камим бор,

Мен ахир ўзбекман, ўзбек қизиман.

 

Ойдона ОРИФЖОНОВА,

Избоскан тумани.

 

Суҳбат

Челак деди: "ҳой пичоқ,

Сенга битта арзим бор:

Айтгин, нега ҳаммага,

Бераяпсан кўп озор?

  

Тунов куни бузоқнинг

Нобуд бўлди онаси.

Ахир сен ўлдирдинг-ку,

Меҳрли парвонасин.

 

Сен бундайин ишларнинг

Турибсан энг бошида.

Бечоранинг онасин,

Ўлдирдинг-ку қошида!

 

Кўп-кўп қарғиш оласан,

Зорланишар бағри қон.

Қонхўрмисан шунча ҳам,

Виждон борми эй, нодон?!"

 

Пичоқ дер: "Бу ишимдан,

Бўлмаса ҳам кўнглим тўқ,

Тушун, бундай ишларда,

Менинг сира айбим йўқ.

 

Ахир йўқдир иложим,

Чексам ҳамки минг бир дод.

Чунки  бу ишга мени,

Мажбур қилар одамзод!"

 

Моҳизода ТУРОПОВА,

Муҳаммад Юсуф номидаги она тили ва адабиётга ихтисослаштирилган мактаб ўқувчиси.

Унутганни

унутиш керак

Югураман ёнади кўксим,

Юракларни совутиш керак.

Ёлғизликда юз йилга ўсдим,

Унутганни унутиш керак.

 

Ойни орзу қилдимми чоғи,

Кимни нега зор кутиш керак,

Сувлар сойга аён буёғи,

Унутганни унутиш керак.

 

Токай яшай қучиб армонни,

Ҳали қанча дард ютиш керак.

Нима қилай, сиздек нодонни,

Унутганни унутиш керак.

 

Унутаман ҳаммасин бир-бир,

Сал жиннидек йўл тутиш керак.

Телба ишин ўнглайди тақдир,

Унутганни унутиш керак.

 

Олов эди барча ҳисларим,

Қандай яшаб сўнг ўтиш керак.

Эй бевафо эрка қизларим,

Унутганни унутиш керак.

Миродил ЖЎРАЕВ,

Шаҳрихон тумани.

 

Сабр

Ишонч ҳосил қилдим барига бугун,

Сабр қилган инсон топаркан камол.

Барча-барчасига эришмоқ учун,

Курашиш керакдир юракдан, ҳалол.

 

Эришмоқ истасанг орзуингга сен,

Сабрла яша, деб айтаман такрор.

Буларга ишондим ҳатто бугун мен,

Сабринг ҳар нарсага бўларкан даркор.

 

Сабрла яшашни ўргандим мен ҳам,

Барига қиламан энди қаноат.

Ўзимга ишониб, бўлсамки бардам,

Ҳамроҳ бўлар шунда бахт-у саодат.

 

Моҳидил ЮЛДАШЕВА,

 

Олтинкўл туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқувчиси.

Темир моддаси камайса

Биласизми?

Инсон ҳаёт кечирар экан, кислород истеъмол қилади. Танамиздаги темир заррачалари уни бутун танамиз бўйлаб ташиб, барча аъзоларимизга етказиб беради. Агар ҳаво бўлмаса инсон саноқли дақиқалардаёқ ҳаётдан кўз юмади. Темир моддаси ҳам қонимиз учун ана шундай ҳаётий зарурат ҳисобланади. Ер куррасидаги 2 миллиардга яқин одам темир танқислигидан азият чекмоқда. Ҳар куни 250 нафардан ортиқ она темир етишмаслиги сабаб туғиш пайтида дунёдан кўз юммоқда.

Қонда темир моддасининг етарли даражада бўлмаслиги камқонликни, илмий тилда айтганда, темир танқислиги анемиясини келтириб чиқаради. Бу хасталикнинг оқибатлари кўпинча яширин бўлиб, бир қарашда намоён бўлмайди. UNISEF маълумотларига қараганда ҳозирги кунда анемиянинг қуйидаги асоратлари ўз исботини топган:

Катталарда

Оналар ўлимидаги барча ҳолатларнинг 40 фоизи (ҳомиладорлик ва туғруқ давридаги) камқонлик билан боғлиқ.

Анемия билан хасталанган аёллардан вазни енгил болаларнинг туғилиш эҳтимоли 30-40 фоизга кўпроқ бўлади (бу эса кичкинтойлар учун хатарли ҳисобланади).

Жисмоний куч-қувват ва чидамлилик 20-40 фоизга пасаяди, мушаклар заифлашиб, оқибатда ишчанлик қобилияти жисмоний меҳнат билан шуғулланадиган ишчилар орасида 17 фоизга, ақлий меҳнат билан шуғулланувчилар ўртасида 6 фоизга камайиб кетади.

Болаларда

Ақлий интеллектуал ривожланишнинг заифлиги, болаларда IQ(ақлий ривожланиш коэффициенти)нинг 5-7 баллга пасайиши кузатилади.

Темир етишмаслиги айниқса, 2 ёшгача бўлган болаларда миянинг ривожланишига таъсир кўрсатиши ва боланинг кейинги ҳаёти давомида унинг асоратларини тузатиб бўлмаслик ғоят ачинарлидир.

Жисмоний(психомотор) ривожланишда ортда қолиш.

Хотира ҳамда диққат-эътиборни жамлашнинг пасайиб кетиши ва унинг оқибати ўлароқ дарсларни ўзлаштиришда қолоқлик.

Ўз ҳаётингиз ва фарзандларингиз саломатлиги ҳақида жиддий ўйлаб кўринг. Сизда темир моддаси етарлими? Акс ҳолда уни тезлик билан даволашга киришинг.

 

 

Шерзодбек ДАРВИШЕВ тайёрлади

Борлигингиз бир давлат эди

бадиа

Бугун Сизни тушимда кўрдим, оппоқ ҳарир кийим кийгансиз. Қўлингизда даста атиргул, айтинг, уни кимга бергайсиз. Соғиндимку меҳрибонгинам, қўлим чўзсам, етмас қўлларим, Сиз томонга талпиндим бироқ, бунча олис бўлса йўлларим.

Кўзларингиз бунчалар маъюс, холингиз йўқ қадам босгани. Сабаби не, соғинчми ёки,  айрилиқми, ёлғизликми ё...

Бир кечада кетдингиз ташлаб, қалбимизни парчалаб, ғашлаб.  Давлатим эдингиз, билмай мен гумроҳ, ҳол сўраш ўрнига хасратлар қилдим, эндичи, кўзимда маржон-маржон ёш, надоматлар билан бағримни тилдим. Сизсиз мен нетаман, Сизсиз бу дунё, шунчалар    файзсизки, бирам кўримсиз.

Молу-давлатларим зиёда, бисёр, дўсту-биродарлар ҳамон парвона, ёнимда ёрим бор мени севгувчи, қувончим, шодлигим фарзандларим бор, аммо, суянчиғим, насиҳатгўйим, «жоним болам» дея кўнглим олгувчи, кўргим келди Сизни, болажоним деб, хол сўраб келгувчи меҳрибоним йўқ. Энди мен ким бўлдим, ким эдим асли? Гўёки тутқунда юрган бир қулман, ҳаётим маъноси эдингиз Она! Сизсиз бу дунёда асли бир пулман.

Меҳр нелигини ўргатган Сизсиз, оқибат нелигин Сиздан ўргандим, болам деб бағрингиз очдингиз менга, аммо не ҳам қилдим, онажон Сизга.

Қаламим охиста тебранар бироқ, ичимдан бир садо чиқар дод солиб, онангга бир ашъор битдингми гумроҳ! Ҳа, дейман онамга атаганим кўп. Ахир   шеърлар битдим қатор ва қатор...

Яна нидо келар, бутун вужудим ларзага келади унинг оҳидан, - эҳ нодон,  шеърларинг ўзингга сийлов, ахир уни битдинг айтчи қай маҳал? Оҳ, менинг тупроққа айланган онам, нодон қизингизни кечиринг бир бор. Қадрингиз билмабман, ҳаёт чоғингиз нома битмабмана ҳатто бир қатор. Севикли ёримга ғазаллар битиб,  фарзандларим учун шеърлар ёзибман. Кутилмаган чоғда, кутмаган кунда ташлаб кетишингиз қайдан билибман 

Оҳиста боқаман суратингизга, майин жилмаясиз меҳрга тўлиб. 

Юрагим зардоблар заҳрига тўлди, Сизни соғиняпман меҳрибонгинам, аламдан юрагим куйиб кетяпти. Кўргим келяптику онажонгинам…

Қанийди оналар Сиз каби бўлса, келин учун бутун меҳрини берса. Келин эдим Сизга, аммо ҳеч қачон, тилингиздан тушмади болам деган сўз, Шу-шу муҳрланди менинг қалбимда, қайнонам мен учун "Онам",  деган сўз.

Сизни соғинаман,

кўргим келади,

Борингиз бир давлат

эди-да она.

Уйнинг фариштаси,

кўрки эдингиз,

Бормикин дунёда,

 Сиздай қайнона.

 

 

Назира ДАДАБОЕВА

Маҳкума аёлнинг дил кечинмалари

Иқрор

Аёл деган номни тилга олар эканмиз, нафис туйғулар, юксак ва сокин чизгиларни ишлатамиз. Унинг хокисорлиги, лобарлиги тўғрисида гапирамиз. Соддалиги, фидойилигини эътироф этамиз. Аммо, баъзан аёлларнинг соддадиллиги, ишонувчанлиги ўзига панд берар экан. Айрим кимсалар эса ана шундан фойдаланиб қолишга уринар эканлар.

Панжара ортида яшаб мен шу ҳақиқатни англадимки, аёл учун энг кераклиси - оила. Фарзандлари иқболини тилаб, уларнинг бошини силашдан ўзга тотли нарса йўқ экан оламда.

Тунларимни тонгга улаб, 15 ойни қандай ўтказдим, билмайман. Ҳар гал ўйларим тубига чўкканимда, кўз ўнгимдан фарзандларимнинг маъсум чеҳраси кетмайди. Она юрагим билан қанчалик катта хато қилганимни англайман шунда. Бугун кўзларимда соғинч, юрагимда бир олам армон, изтироб билан дил кечинмаларимни қоғозга тўкмоқдаман.

Ахир, мен шу совуқ, зулматга бурканган хонада эмас, ўзимнинг файзли ҳовлимда,  фарзандларимни қучоғимга олиб ўтиришим мумкин эди-ку?!

Афсус, тақдирнинг чигал ўйинлари инсонни не кўйларга солмас экан. Тўғри йўлдан адашмоқлик бор экан қисматда. Кўзларимни юмаман, узоқ ўйлайман, унсиз йиғлайман. Тақдирнинг бу қилмишидан нолиб, умидсизликка тушаман. Аллоҳдан сабр сўраб, покиза қалб ила яқинларим билан дийдор кўришмоқ умидида кунларимни ўтказаман.

Уйда мени интиқлик билан кутаётган фарзандларим бор. Уларнинг нурли, умидбахш кўзлари мени ҳаётга қайтаради. Уларнинг ёрқин келажаги, истиқболи учун ҳам яшашим, тарбияси йўлида курашишим кераклигини чин дилдан ҳис қиламан. Асосийси, бу оламда борлигим, икки мурғак гўдакларга кераклигим. Шуни ўйласам, ҳали ҳам бахтли эканим, ҳаётимнинг порлоқ кунлари олдинда эканлигидан қувонаман.

Бугун жонимнинг бир бўлаги, қизимнинг туғилган куни. Биламан, у маъюс нигоҳлари ила мени кутмоқда. Минг надоматлар бўлсинки, бора олмайман.  Унга айтмоқчи бўлган сўзларим шеър бўлиб қоғозга тўкилади:

 

Йиғламагин қизим,

ўксима сира,

Қарагин,  жилмайиб

турибди қуёш.

Ҳали нурли кунни

кутамиз бирга,

Фақат кўзларингдан

оқизма кўзёш.

 

Аллалар айтади,

оймома тунда,

Сен унга айтавер

соғинч байтингни.

Мен унга юзланиб ҳар тонг,

ҳар кунда,

Қўмсаб, тилагайман

бахту тахтингни.

 

Юрагим азобдан

тилка бўлса ҳам,

Тўрт девор ҳамроҳим,

қуёш овунчим.

Мен яна ёнингга

қайтаман гулим,

Ҳаётга қайтарар

дийдор соғинчи.

 

 

Насиба

ЭҲ, ОНАМ, ОНАЖОНИМ...

Қилмиш-қидирмиш

"Бу гапларни айтишдан мақсадим, ҳасрат қилиш эмас, балки улардан кимлардир сабоқ чиқариб олса, деган ниятим бор", деди таҳририятга ташриф буюрган йигит ийманибгина. У чуқур хўрсиниб олди-да, сўзида давом этди.

"Онам биз - икки ўғил, уч қизни ёлғизқўллик билан катта қилдилар. Отам вафот этганида, мен - оиланинг тўнғичи ўн уч ёшда эдим.

Онам бизни оёққа қўйгунча тиним билмадилар. Кундузлари далада ишласалар, оқшомдан то ярим кечагача қишлоғимиздаги мактаб ва колхоз идорасида фаррошлик қилардилар. Оралиқдаги қисқа вақт ичида бизга овқат тайёрлаб беришга зўрға улгурардилар. Мен уларнинг ухлаб ётганларини ёки хотиржам овқатланиб ўтирганларини сира кўрмаганман. қўни-қўшнилар онамга ачинардилар. Лекин меҳрибоним сира нолиган эмаслар.

- Ҳали болаларим катта бўлиб, уйли-жойли бўлганларида, мен келинлар ардоғида, набираларим даврасида роҳатда бўламан, - дердилар жилмайиб.

Мен уйланганимда, онамнинг қувончи оламларга сиғмади. Дастлабки кунларданоқ онам келинини "қизим" деди. Унга бор меҳрини беришга интилди. Тўйдан кейин бироз вақт ўтиб, онамнинг тоби қочиб қолди. Бу совуқ кунларда ҳам фаррошлик қилганлари оқибати эди. Уларнинг кўнгилларини қандай олишни билмасдик. Укаларим онамнинг бошидан кетмасди.

Мен ҳам ишдан келиб, тўғри онамнинг ҳузурига кирардим. Олиб келган егуликларимдан кўнгли тусаганини оғзига тутиб, ухлаб қолганларидан кейин ўз уйимга чиқардим. Менинг мана шу одатим хотинимга ёқмади. Уйга кирганимда димоғ-фироқ, беҳуда гапларни айтиб, хархаша қиларди. Унга тушунтирмоқчи бўлганим бефойда эди.

Онам тез кунда оёққа туриб кетди. У балки бизнинг ўртамиздаги совуқ муносабатга чек қўймоқчи бўлгандир, эҳтимол. Йўқ, шундан кейин ҳам хотинимнинг инжиқлиги йўқолмади. "Олиб келган маошингизни онангизга берасиз, бу уйда менинг сариқ чақалик қимматим йўқ", деб жанжал чиқара бошлади.

Бир куни онам:

- Ўғлим, энди ўз оиланг бор, яқинда ота бўласан. Энди пулларингни хотинингга бер, - деди.

Яна онам бизнинг тинчлигимизни ўйлади. Шундан кейин пуллар хотинимда турадиган бўлди. Рўзғордан барака кетди. Топганимни хотиним керак-нокерак нарсаларни сотиб олишга сарфларди. Онасиникига жуда серқатнов бўлиб қолди. Болалар, рўзғор ишлари хастаҳол онамга қолиб кетарди.

Бу ҳақда хотинимга эътироз билдирсам:

- Сиз ҳам, онангиз ҳам мени ёмон кўрасизлар. Мени кўролмайсизлар. Пешонам қурсин, келиб-келиб сизга тегаманми, шўрпешона бўлмасам, - дерди увиллаб йиғлаганча.

Шовқинимизни эшитиб, онам менга дакки берарди:

- Келиним яхши, сен сал оғирроқ бўлсанг, олам гулистон.

Аммо бу гапни онажоним дилига келини етказган озорларни кўмиб қўйиб айтишини жуда яхши билардим.

Бирин-кетин укаларимни уйлайдиган, сингилларимни чиқарадиган бўлдик. Ҳар бир тўйда хотиним жанжал чиқармай қўймасди. Неча марта у билан ажрашмоқчи бўлдим. Онам қарши чиқдилар. "Кўз очиб кўрганинг, болаларингни етим қилма, жон болам", деб ёлворардилар. Мен эса икки ўт орасида эдим. Бир ёқда болаларим, бир ёқда яқинларим.

Мана, ҳаловатсиз умр ҳам ниҳоя топаяпти. Икки ўғил ва бир қизим бўй етди. Бир йил аввал келин туширдим. Худонинг қудратини қаранг, келин худди хотинимнинг қуйиб қўйгандай ўзи. Ўғлим билан жанжаллашгани жанжаллашган. Ўғлим топган пулларга бир ўзи эгалик қилишни истайди…

Бир куни томорқада ишлаётсак, очиқ турган дераза орқали келин билан ўғлимнинг гап-сўзларини эшитиб қолдим.

- Ойингиз ҳар икки куннинг бирида касал, - дерди келин. - Топганингизни уларга сарфлаб, менинг уддамдан чиқолмас экансиз, нега уйландингиз?

- Тушун, озгина сабр қилиб тур, ойим тузалиб олсин…

- Ойингиз касал эмас аслида, сиздан пул ундириш учун баҳона қилаяпти.

- Ундай эмас, кўрмаяпсанми…

- Кўраяпман! Кўриб турганим учун айтаяпман.

- Бас қил!

- Бас қилмайман, ё менинг айтганимни олиб берасиз, ё ўша онангиз билан…

Ҳойнаҳой, ўғлим хотинига шапалоқ тортиб юборди, келин додлашга тушди.

Бор гапдан бохабар бўлган аёлим кечаси билан йиғлаб чиқди.

- Ойижон, мени кечиринг. Сизга берган озорларим ўзимга қайтаяпти. Мен нодонни кечира қолинг. Қадрингизга энди етдим, - дерди у шивирлаб.

Аммо бу гаплардан не фойда? Онамнинг вафот этганига бир неча йил бўлди. Келинидан бир оғиз ширин сўз эшитмай ўтган онажоним уни кечирармикан?.."

 

 Йигитнинг сўзларини  Барно ҲАЙДАРОВА оққа кўчирди