Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Хўжаобод туманидаги "Сўқалоқ" маҳалла фуқаролар йиғинидаги Юксалиш кўчасида яшовчи ёш ҳунарманд Кенжаой Назарбоева ўз хонадонида тикув цехи ташкил этди.
"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури доирасида имтиёзли кредитлар олиб, ўз тадбиркорлигини йўлга қўяётган маҳалладошларимиз сафи кундан-кунга ортиб бормоқда. Улардан бири бўлган К. Назарбоева "Қишлоққурилишбанк" туман бўлимидан олинган 50 миллион сўм кредит эвазига Хитой давлатида ишлаб чиқарилган 7 та замонавий тикув машиналари харид қилиб, иш бошлади. Айни кунда буюртма бўйича аёллар халати, либослари тайёрланмоқда. Энг асосийси, олти нафар қиз-аёл ишли бўлди. Шунингдек, шу кўчада яшовчи Ўғилой Хусанбоева ҳам 25 миллион сўм банк кредити ҳисобига тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиб, олти нафар қизни иш билан таъминлади.
Хуррак отишга кўпинча бурун-халқум тузилишидаги ўзига хос туғма хусусиятлар ёки сурункали яллиғланиш касалликлари: тумов, гайморит, тонзиллит, шунингдек, бурун полиплари ва аденоидлар сабаб бўлади. Бунда юмшоқ танглай яллиғланади ҳамда бирмунча қалин тортади ва бурун-халқумга кириш йўли тораяди.
Уйқуда оғиздан нафас олганда ҳаво оғиздан бурун-халқумга ўта туриб юмшоқ танглайни тебратади, натижада одам хуррак отади. Бундай пайтда одам бошқа ёнбошга ағдарилиб олганда, хуррак кўпинча тўхтайди.
Хуррак отмаслик учун қуйидаги оддий тадбирни қўллаб кўринг: кечқурун ётишдан олдин газламани ёстиқча шаклида бир неча қават қилиб буклаб олингда, энсага қўйинг, устидан дока билан бошингизни қўшиб боғланг. Шундай қилсангиз, чалқанча ётолмайсиз, ёнбошлаб олишга мажбур бўласиз.
Агар бу усул ёрдам бермаса, шифокорга мурожаат қилинг. Бурундан нормал нафас олишни тиклаш учун баъзан операция қилишга тўғри келади. Бироқ бунда физиотерапевтик муолажалар ҳам яхши ёрдам беради. Ана шундан кейин юмшоқ, танглай ҳажми нормаллашиб, одам бурундан эркин нафас ола бошлайди ва хурракдан қутулади.
Одам нега кекиради?
Одам меъдасида озгина миқдорда ҳаво ана шу аъзонинг ҳаракатини фаоллаштиради. Одатда ҳаво оғиздан сезилмай оз-оздан чиқиб туради ёки ўн икки бармоқ ичакка ўтади. Бироқ айрим ҳолларда меъдада жуда кўп газ ҳосил бўлади, ана шунда у беихтиёр оғиз бўшлиғига чиқади яъни кекиради. Бу ҳолат олдини олишнинг энг самарали йўли - тўғри овқатланишдир.
Қовоқ учишининг сабаби нима?
Кўзни юмишда иштирок этадиган юмалоқ мускул қовоқларнинг ҳаракатланишига ёрдам беради. Одам қаттиқ зўриққанда, ҳаяжонланганда, чарчаганда, баъзан уйқу элитаётганда соппа-соғ кишининг бир ёки бир неча мускул толалари қисқариши ва қовоқ учиши мумкин.
Қовоқ учиши кишининг ғашига тегади, бироқ бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Одатда қовоқ учиши тез вақтда тўхтайди, бунда айниқса, хона ҳароратидаги сувга пахтани ёки сочиқни ҳўллаб, қовоқ ва юзнинг ҳамма ёғи артилса, қовоқ учиши тезроқ тўхтайди.
Агар қовоқ тез-тез, узоқ учаверса, юқорида айтиб ўтилган сув муолажаси ёрдам бермаса, кўз докторига учрашиб, бунинг сабабларини аниқлаш зарур. Чунки қовоқ учиши марказий нерв тизимининг ва эндокрин органларининг баъзи касалликлари натижаси ҳам бўлиши мумкин.
НИКОҲ ШАРТНОМАСИ уни тузишда асосан нималарга эътибор қаратиш керак?
Ҳуқуқшунос минбари
Никоҳ шартномаси эр-хотин ўртасидаги муносабатлар, ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг мажмуаси бўлиб, у оилани янада мустаҳкам бўлишига, эр-хотин манфаатларини ҳимоя қилишга, шу билан бирга, оилавий муносабатларни шартномавий-ҳуқуқий муносабатлар асосида тартибга солишга, келгусида юзага келадиган низоларни тинч йўл билан ҳал этишга хизмат қилади.
Бугунги кунда никоҳ шартномаси тузиш билан боғлиқ жараёнлар асосан ривожланган давлатларда кенг ва тизимли равишда йўлга қўйилган.
Сир эмаски, мамлакатимиз мустақилликка эришган дастлабки йилларданоқ оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларни халқимизнинг ўзига хос қадриятлари, тарбия мезонлари ҳамда қонуний тамойиллар асосида шакллантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси «Оила» кодексининг 6-боб, 29-31-моддаларида оила қурувчилар ўртасида никоҳ шартномаси тузиш билан боғлиқ тартиблар белгиланган.
Умуман, оилаларда келгусида келиб чиқиши мумкин бўлган низоларни ҳал этиш мақсадида тузиладиган никоҳ шартонасида қуйидаги масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир.
- қонуний никоҳ тузилиб, эр-хотинлик муносабатлари юзага келганидан кейин никоҳга кирувчиларнинг яшаш ва рўйхатда туриш жойларини битта манзилга қўйилиши;
- улардан туғилган фарзандлар ҳам ота-онаси яшаётган жойда рўйхатда туриши ва яшаши;
- никоҳга қадар эр-хотиннинг ўзига тегишли бўлган мулки никоҳга кирганларидан сўнг ҳар бириннг ўз мулки сифатида сақланиб қолиши;
- уларнинг мавжуд мулклари умумий маблағлар ҳисобидан кўпайтирилганида ёки унинг қиймати ошганида эр-хотиннинг мулкини кўпайган қисмини тенг улушларда бўлиш;
- тўй ва тўй билан боғлиқ бошқа маросимлар харажатларининг ўрни қопланмаслиги;
- никоҳланувчилар ўртасида тўй ва бошқа маросимларни ўзаро келишув асосида қилиниши;
- эр-хотин ўртасидаги қонуний никоҳдан ажралиш ҳолларида ўртадаги ҳар бир бола учун, болалар ким билан қолишларидан қатъи назар уларнинг номига банкда депозитга ёки омонатга пул маблағлари тенг миқдорда қўйилиши;
- бола вояга етганида мазкур депозитдаги ёки омонатдаги пул маблағларини мақсадли йўналтиришда ота-онанинг банк билан ҳамкорлик қилиши;
- омонатдаги маблағларининг кўпайиб бориши натижасида юзага келадиган фойданинг тенг улушларда уларнинг мулкига улуш бўлиб қўшилиши;
- агар никоҳланувчилар ажрашиб кетиб, алимент тўлаш белгиланса, болалари вояга етгунга қадар алимент пулларни қонун ҳужжатларида кўрсатилганидек ўзаро келишув асосида қатъий суммада ва белгиланган муддатдан кечиктирмай тўлаш;
-шартнома шартларини асоссиз равишда бузганлик учун жавобгарликни суғурта қилиш.
Никоҳ шартномасида ана шу масалаларга эътибор қаратиш ҳар икки томон учун фойдадан холи бўлмайди. Никоҳ шартномаси юзасидан низо келиб чиққанида белгиланган тартиблар асосида низони ҳал қилиш чоралари кўрилади.
Инсонлар ҳамиша икки хил тоифага бўлинади: ақлли ва ақлсиз, яхши ва ёмон. Улар турли вазиятларда турли қиёфаларга кира оладилар. Ақлли кишиларнинг шижоати, заковати сабаб, уларга ҳавас қиласан киши. Ақлсизлар эса бунинг акси. Лекин бундан ранжимаслик керак. Ахир улардан ҳам ниманидир ўрганиш мумкин. Масалан, одобсиздан одобни, манмандан камтарликни ўрганиш ёлғондан ҳақиқатни ажрата олишингга ёрдам беради.
Ҳаётда шундай инсонлар ҳам борки, уларнинг қилган эзгу амаллари ила "яхшиям, яхшилар бор дунёда" деб юборасан беихтиёр. Улар қилган яхшиликларини ошкор этишмайди. Мана шу камтарлиги учун улар бахтга, омадга эришадилар. Ичи қоралар эса бундан мустасно. Афсуски, оқ рангни қора деб атовчилар эса яхшилик, эзгулик тушунчаларидан йироқдирлар. Шунинг учун ҳам турли муаммолар ва тахликалар гирдобида яшайдилар.
Меҳр ва қаҳр, яхшилик ва разолат, адолат ва шафқатсизлик, ирода ва сабрсизлик. Булар ҳаётнинг негизларидир, булар икки хил йўллар. Манзили ҳам ўзига яраша. Қайси йўлдан юриш ва қайси қисматни танлаш эса кўп жиҳатдан фақат ўзимизга, ақлу фаросатимизга боғлиқ.
Бу танловда яхшилардан ибрат олсак, албатта, эзгу мақсадларимизга эриша оламиз.
Психологлар оилада қиз фарзанди бўлган оталар амал қилиши лозим бўлган қатор қоидаларни ишлаб чиқишди. Аслида бу қоидалар аввал ҳам бўлган, аммо уларнинг сони 18 та эмас, 18 мингдан ҳам кўп. Бироқ умумлаштирилган ушбу қоидалар оталарга турли вазиятларда ўзларини рисоладагидек тутиши, муаммоларнниг олдини олишларига ёрдам беради. Демак, улар қуйидагича:
- катта, ўртанча, кенжа қизингиз айтган ҳар бир гап аҳамиятли. Вақтингизни аяманг, гарчи сўзлари сиз учун қизиқ бўлмаса-да, уларни эшита билинг. Агар бирини бошқасидан камроқ тингласангиз, унга етарлича меҳр бера олмаётганингиздан хафа бўлади.
- қизларингиз дунёдаги энг ақлли, гўзал ва одобли эканликларини уларга ҳар куни такрорлаб туринг;
- қизингиз уни отаси доимо ҳимоя қила олишини билиши керак. Ҳар қандай вазиятда, унинг айби бор ёки йўқлигидан қатъи назар уни сиз ҳимоя қилинг. Келишмовчиликлар негизи, айбдори кейин ўрганилади, асосийси у сизга ишонсин;
- ютуқ ва камчиликлар ҳақида сўз борганида "биз" деб гапиришни унутманг;
- қизларнинг кўнгли нозик бўлади. Агар у бирор муаммо туғилганида сизнинг ёнингизга келиб йиғлаб, дардини айтмаса, ҳайратланманг. Бу сизнинг ёмон ота эканингизни билдирмайди;
- қизингизни "нозикойим" қилиб тарбияламанг;
- қизингизнинг хавфсизлиги ва бахти учун баъзи қоидаларни тузиб олишингиз керак;
- қизларнинг тарбиясида энг муҳим омил - бу оила бошлиғининг яхши ота бўлишга бўлган ҳаракати ва интилишидир. Сиз яхши ота бўлишга ҳаракат қилишингиз баробарида, қизингиз яхши қиз бўлишга интилади;
- қизингизни ҳар бир яхши иши учун мақташга ва унинг яхши ишига урғу беришга ҳаракат қилинг. Ишонинг, бу у учун жуда муҳим;
- уни ўзингизга ёқадиган тарзда кийинтиришга ёки кийинишга мажбур қилманг. Агар одоб доирасидан четга чиқмаган бўлса, қизингизнинг истагини рад этмаганингиз маъқул;
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, Республика Маънавият ва маърифат маркази ташаббуси билан 1 - 25 август кунлари мамлакатимизда "Биз оилавий ажримларга қаршимиз!" мавзусида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида Қорасув шаҳрида ҳам муайян ишлар олиб борилмоқда.
Қорасув шаҳри Андижоннинг чекка, қўшни Қирғизистон Республикаси билан чегарадош ҳудудларидан бири ҳисобланади. Шаҳардаги мавжуд 10 маҳалла фуқаролар йиғинида 9 мингдан ортиқ оила бўлиб, уларда 34 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.
Шаҳримизда нотинч оилалар у қадар кўп бўлмаса-да, оилаларни мустаҳкамлаш борасида қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Жумладан, ойлик доирасида шаҳардаги нотинч, ажрим ёқасида турган, турли муаммолари бўлган оилаларни қайта хатловдан ўтказиш, мазкур оилаларда тинчлик-хотиржамлик, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди. Катта ҳаётий тажрибага эга, аҳоли ўртасида ҳурмат қозонган отахон-онахонлар, фаоллардан иборат гуруҳлар тузилиб, нотинч оилалар билан иш олиб борилмоқда. Шу тариқа оилани парокандаликка олиб келган муаммо ва омиллар ўрганилмоқда. Бу албатта, келгусида нотинч оилалар билан тизимли ва манзилли ишлар олиб бориш имконини беради.
Бундан ташқари, эр-хотин, қайнона-келин, қайнона-куёв ҳамда оиланинг бошқа аъзолари ўртасида юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш бўйича уларнинг ҳар бири билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилиб, улар муросага келтирилмоқда. Бундай оилаларга маҳалладаги намунали оилалар вакиллари, маҳалла фаоллари, ҳаж зиёратини адо этган отахон ва онахонлардан иборат мураббийлар бириктирилмоқда. Умуман, нотинч оилалар билан олиб борилаётган ишлар ўз самарасини бермоқда. Кейинги икки ой ичида 34 та нотинч, ажрим ёқасидан турган оилалардаги муаммолар бартараф этилди.
Айниқса, ойлик доирасида оилавий ажримларга йўл қўймаслик, ажримларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, жорий йилнинг ўтган даврида шаҳримиздаги шаръий никоҳ билан яшаётган оилалардан 18 тасининг никоҳи қонуний расмийлаштирилди.
Эрта, ноқонуний ва қариндошлапр ўртасидаги никоҳлар, аёллар жиноятчилигининг олдини олиш юзасидан, айниқса, мана шундай ҳолатлар қайд этилган Пахтачи, Амир Темур маҳаллаларида тушунтириш-тарғибот ишлари кучайтирилмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, аёллар жиноятчилиги ўтган йилнинг шу даврига нисбатан камайди.
Шаҳримиздаги маҳаллаларнинг бирида яшовчи К. исмли аёл ҳамшаҳарлари ишончини суистеъмол қилиб, фирибгарлик йўли билан ўзгалар пулини ўзлаштиришга уриниб, жиноят содир этди. Тузилган Ишчи гуруҳ томонидан ушбу ҳолат жойига бориб таҳлил этилди, ҳолатнинг келтириб чиқарган омиллар ўрганилди. Жиноят содир этган аёл муҳокама қилиниб, унга нисбатан кенг жамоатчилик, маҳалланинг таъсир чоралари кўрилди. Олиб борилаётган бу каби ишлар жиноятчиликка мойиллиги бор аёлларнинг мулоҳаза билан иш юритишга, ножўя ишлар қилмасликка ундаши аниқ.
Маҳаллаларда жиноятчилик, ўз жонига қасд қилиш, суицид ҳолатлар профилактикаси, оила билан боғлиқ қадим ва ўзига хос қадриятлар, эзгу урф-одат ва анъаналарни тарғиб этишга қаратилган ишларни олиб бориш юзасидан ҳам аниқ чоралар белгиланди. Хусусан, оилалар мустаҳкамлигига эришиш, бу борадаги илғор тажрибаларни оммалаштириш мақсадида "Энг яхши қайнона", "Энг намунали келин", "Ибратли қайнота" сингари танловларни ўтказиш, айниқса, ёш келин-куёвлар, турмуш қуриш арафасидаги йигит-қизлар иштирокида давра суҳбатлари ўтказиб борилади. Бундан ташқари, фарзанд тарбияси, ёшларни оилавий хаётга тайёрлаш, эрта никоҳларнинг олдини олиш, туй, маърака ва бошқа оилавий тадбирларни тартибли ўтказиш борасидаги ишлар янада кучайтирилади.
Белгиланган ишларни амалга оширишда хотин-қизлар қўмитаси бошланғич ташкилотлари, ўзини-ўзи бошқариш органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, мутасадди ташкилотлар, умуман, кенг жамоатчилик ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашимиз зарур. Шундагини биз ўзимиз кутган натижаларга эриша оламиз.
Мақсадимиз битта, у ҳам бўлса шаҳримиздаги ҳар бир оиланинг тинчлиги ва хотиржамлигини, ҳар бир фуқаронинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашдир.
Кўхликкина, оёқ-қўли чаққон Шоирага ҳали коллежни битирмаёқ совчилар кела бошлади. Бу унинг ота-онасини шошириб қўйди. Айниқса, онаси Шафоат опанинг уйқуси қочди: "Тенгқурларим аллақачон қиз чиқариб, келин туширишди. Набиралик бўлганлари ҳам қанча? Ўзим ўқийман деб кеч турмушга чиққанман.
Аёл киши рўзғорнинг одами экан, ишлолмадим. Қизимни ўқитиб нима қиламан? Кўнгилдагидек хонадондан совчи келиб турган бўлса, уни тезроқ эгасига топширганим яхши".
Она кўнглидан ўтганларини эрига айтганда, у ҳам ўйлаб ўтирмай кўна қолди. Қизлари коллежни тугатиши билан уни узатиш хусусида фикрлашиб олишди.
Шундай қилиб, Шоиранинг олий ўқув юртига кириб ўқиш ҳақидаги орзулари орзулигича қолди. Коллежни битирган кундан икки ҳафта ўтар-ўтмас тўйи бўлди. Тўй ота-оналар ҳавас қилганидек чиройли ўтди. Бироқ тўйдан кейин олти ой ҳам ўтмасдан ўзи ҳақида қайнонаси айтган гап-сўзлар Шоиранинг дунёсини остун-устун қилиб юборди:
"Чиройини кўриб келин қилаверибман. Жудаям нимжон, касалванд экан. Оддий уй ишларигаям ярамаяпти! Ҳомиладор бўлган кундан буён касал. Эссизгина ўғлим! Не-не орзуларим бор эди. Бу кетишда у қандай қилиб менга набира туғиб бераркин, ҳайронман...Камқон эмиш, йод етишмаслиги, витамин камлигига учраганмиш. Ҳалитдан шундай бўлса, қачон тонг отаркин?"
Бундай гап-сўзлар қизнинг ота-онаси қулоғига ҳам етиб борди. Улар фарзандларини уйларига олиб келиб даволатишмоқчи эканликларини айтмоқчи бўлиб қизиникига борганларида қуда аёл шундай томоша кўрсатдики, қўни-қўшни, бутун маҳалла олдида бу оиланинг обрўси бир пул бўлди. Яхши сўраб-суриштирмасдан турмушдан ажраган бу аёл билан қуда бўлганларидан қаттиқ пушаймон бўлдилар. Қайнонанинг "касалванд қизларингни касаллигини яшириб узатгансанлар" сингари бўлмағур таъна тошлари уларнинг юрак-юрагига ботса-да, қуданинг ҳурматини қилиб яхши гапирдилар. У дейишди, бу деб кўришди, бўлмади. Қайнонанинг калтаўйлиги, қайсарлиги сабаб ноилож қолган ота-она қизларини кўч-кўрони билан олиб қайтишдан бошқа илож топа олмадилар.
Шошма-шошарлик, эрта турмуш, қайнонанинг мулоҳазасизлиги туфайли ҳали оилавий турмуш нималигини англаб етмаган ёш оила барбод бўлди. Ҳаётимизда оз бўлса-да содир бўлиб турган бу каби ҳолатлар ҳар биримизга ибрат бўлиши керак.
Ота-оналар қизларининг нафақат тарбияси, уқувли бўлиши, балки ҳам руҳан, ҳам жисмонан соғлом бўлишига, соғ-саломат вояга етишига алоҳида эътибор қаратиши зарур. Жисмонан турмушга тайёр бўлмаган, соғлиги рисоладагидек бўлмаган қиз оила қурганда кўп қийинчиликларга рўбарў келиши, баъзида эса юқоридаги каби турмушдан ажраб, бахтсиз бўлиб қолиши ҳам мумкин. Шу боис, қизларимизни болалигидан, ёшлигидан соғлом ўсишлари учун зарур барча ишларни қилишимиз, оилада соғлом турмуш тарзи тамойилларини шакллантирмоғимиз керак. Чунки қизимиз эртага она бўлади, ҳаёт давомчиларини дунёга келтиради. Бу жараёнда у қийналиб, азоб чекмасин.
Ҳавас, деб қизларини эрта турмушга бермоқчи бўлган ота-оналар ана шу жиҳатларни унутмасликлари лозим. Бундай кўнгилсиз ҳолатларга чек қўйиш ўз қўлимизда. Қолаверса, маҳалламизда ёки қариндош-уруғимиз, ҳамкасбимиз шундай йўл тутаётганидан хабардор бўлиб қолсак, дарҳол унинг олдини олишга ҳаракат қилайлик, эрта турмушнинг салбий оқибатларини тушунтирайлик. Зеро, ўз вақтида бу иш хато эканлигини англамаган ота-она эртага афсус ва пушаймонда, қизлари эса бахтсиз бўлиб қолмасин.
Аёл соғлом бўлсагина, у оиласини қувончга тўлдиради, оиласига файз-барака олиб киради, дилбандларига чинакам меҳр бера олади. Буни оила бошлиғи - эркакларимиз асло унутмасликлари, аёлини, қизларининг саломатлигини ҳар қандай ишдан устун қўйиши керак.
Андижон туманида "Ибратли ҳаёт мактаби" деб номланган тадбир бўлиб ўтди
Вилоят, Андижон тумани хотин-қизлар қўмиталари, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда ФҲДЁ бўлимлари мудирлари, маҳалла фуқаролар йиғинларининг хотин-қизлар қўмиталари бошланғич ташкилотлари раислари, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассислари, отинойилар, фуқаролар йиғинлари қошидаги "Қайноналар кенгаши" жамоатчилик тузилмалари, Яраштириш комиссиялари раислари, фаол хотин-қизлар иштирок этди.
Тадбирда оилавий ажримлар, у билан боғлиқ низоларни бартараф этиш, ноқонуний никоҳ, аёллар жиноятчилигининг олдини олиш масалалари хусусида фикр алмашилди.
- Жорий йилнинг 1-ярмида вилоятда 1 минг 550 дан ортиқ оилалар ажралиб кетишининг олди олинган бўлса-да, афсуски, 1 минг 973 та ажрим қайд этилган, - дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази Андижон вилоят бошқармаси раҳбари Лазокат Жалолова. - Ушбу кўрсаткич оилавий ажримларнинг олдини олишга қаратилган ишларни янада кучайтиришимиз зарурлигини тақозо этади.
Тадбирда вилоят хотин-қизлар қўмитаси томонидан тузилган ишчи гуруҳлар ҳамда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази туман ва шаҳар бўлимлари мутахассислари ҳамкорлигида ажримларнинг сабаб ва омиллари ўрганиб чиқилганлиги қайд этилди. Жумладан, ажримларнинг аксариятига қайнона-келин, қуда-анда ва оиланинг бошқа аъзолари ўртасидаги келишмовчиликлар, фарзандсизлик, қонуний никоҳи бекор бўлмасдан бошқа аёлга шаръий никоҳ асосида уйланиб олиш ҳолатлари сабаб бўлаётганлиги маълум бўлди.
Тадбирга ибратли ҳаёт кечираётган, катта ҳаётий тажрибага эга бир гуруҳ онахонлар ҳам таклиф этилди. Улар ўзларининг ҳаётий тажрибалари, оилани мустаҳкамлаш борасидаги тутумлар ҳақида гапириб бердилар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш хусусида фикр-мулоҳазалар билдириб, ўз маслаҳатларини бердилар. Маҳаллалар мутахассислари томонидан оилавий можаролар, қайнона-келин муносабатлари акс этган саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Тадбирда оилаларни мустаҳкамлаш, оиладаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, ноқонуний, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, аёллар билан боғлиқ жиноятчилик ҳолатларига йўл қўймаслик, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Андижонга ташрифидан сўнг вилоятда "Ҳар бир оила - тадбиркор" ҳаракати кенг қулоч ёйди. Президентимизнинг жорий йил 7 июндаги "Ҳар бир оила - тадбиркор" дастурини амалга ошириш тўғрисида"ги қарори эса мазкур йўналишдаги ишларни янада юқори босқичга кўтармоқда. Ушбу ҳужжат мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Мақсад - аниқ натижа ва самараларга эришиш
Мазкур қарор ижроси доирасида вилоятимизда ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳлар тузилиб, хонадонлар хатловдан ўтказилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги ҳар бир оиланинг имкониятлари ўрганиб чиқилмоқда, уларга зарур тавсия, маслаҳатлар берилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда.
Айни кунда вилоятда 538 минг хонадонда 750 мингдан зиёд оила истиқомат қилади. Оилаларда тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш, бу борадаги ишларни самарали ташкил этишда энг асосийси, натижадорликка эришишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу қарор доирасида вилоятга 3 триллион сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Айни кунда 800 миллиард сўмдан зиёд маблағ банкларга келиб тушган. Мутахассислар томонидан аҳолига кредит олиш тартиблари, сарфлаш йўналишлари, тўлов жараёни тушунтирилмоқда. Ҳафтанинг якшанбаси вилоятда тадбиркорлар куни деб эълон қилнган.
Оилаларга тақдим этилаётган кредит маблағлари аниқ мақсадларга йўналтирилмоқда. Яъни кредитлар хонадонларда тикувчилик, тўқувчилик ишларини ташкил этиш, иссиқхоналар барпо этиш, чорва ҳайвонлари боқиш, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик, асаларичилик билан шуғулланиш, қўйингки, бошқа қатор йўналишларда тадбиркорлик учун тақдим этилмоқда. Мазкур жараёнларда опа-сингилларимиз ҳам фаол иштирок этмоқда.
Fазинахон ўз хонадонида тикув цехи ташкил этди
Масалан, тикувчилик, тўқувчилик билан шуғулланиш истагидаги фуқаролар учун Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ҳудудий бошқармаси ҳамда туман тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари томонидан тикув машиналари, зарур хом-ашёлар ярмаркалари ташкил этилмоқда. Фуқаролар ўзлари хоҳлаган тикув машиналари ёки тўқув дастгоҳлари олиш учун ана шу дастгоҳларни етказиб берувчи корхоналар билан шартнома тузади ва буюртма беради. Банк таъминотчи ташкилотга кредит маблағини ўтказиб беради. Таъминотчи ўша куннинг ўзидаёқ тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, буюртмани эгасига етказиб беради.
Қўй, қорамол боқиш истагидаги фуқаролар эса вилоятдаги наслчилик фермер хўжаликларига бориб, ўзлари танлаган ҳайвонни олиш учун шартнома тузади, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, уларни олиб кетиши мумкин. Бириктирилган банк шартномага асосан кредит маблағини хўжаликка ўтказиб беради. Иссиқхона барпо этиш истагидаги кишилар хонадонларига махсус агрофирмалар томонидан барча талабларга тўла жавоб берадиган иссиқхоналар қуриб берилмоқда. Умуман, барча йўналишларда мана шундай тартиб жорий этилган.
Кредит олмоқчи бўлган фуқаролар ариза билан маҳалла фуқаролар йиғини ҳамда ҳудуд сектор раҳбари тавсиясига асосан ҳеч бир монеликсиз кредит олишмоқда. Мазкур жараёнларда оворагарчилик, ортиқча қоғозбозликка асло йўл қўйилаётгани йўқ.
- Маҳалламизда 4 минг 200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди Марҳамат туманидаги Миришкор маҳалла фуқаролар йиғинининг хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси Роҳатой Маликова. - Айни кунга қадар "Ҳар бир оила - тадбиркор" лойиҳаси доирасида бир неча маҳалладошимиз имтиёзли кредит олиб, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйди.
Мазкур маҳалланинг Тандирчи кўчасида яшовчи кам таъминланган оила соҳибаси Дилором Раҳматуллаева 10 миллион сўм кредит эвазига 2 бош зотдор қорамол олиб боқмоқда. Юқори Бешкапа кўчасида яшовчи Нилуфар Жалолова эса 12 миллион сўм кредит ҳисобига 10 бош бош қўй сотиб олиб парваришламоқда.
Қишлоқ аёллари берилаётган бундай имкониятлар учун юртбошимиздан беҳад миннатдор бўлишмоқда.
- Ўз хонадонимда тикувчилик цеҳи ташкил этиб, аёллар либосларини тикяпман, - дейди Хонобод шаҳри, Фозилмон маҳалласи, Хунармандлар кўчасида яшовчи Гулноза Маъмирова. - Қолаверса, айни кунда 5 нафар ёш қизларга чеварлик ҳунари сирларини ўргатяпман. Тадбиркорлик фаолиятини бошлаган опа-сингилларимиз фаолияти бўйича юқоридаги каби мисолларни жуда кўп келтириш мумкин.
80 мингга яқин оила тадбиркорлик билан шуғулланмоқда
Айни кунда вилоятда 80 минг-дан ортиқ оила бирор бир йўналишда тадбиркорлик билан шуғулланмоқда. Бу дегани ушбу оилалар келгусида ўз даромадига эга бўлади, уларнинг турмуш шароитлари албатта, яхшиланади. Энди тасаввур қилиб кўрайлик, бу борадаги ишлар янада кенгайса, қанчадан-қанча муаммоларни бартараф этишимиз, ҳаётимизни янада фаровон қилишимиз мумкин.
"Ҳар бир оила - тадбиркор" дастури каттаю кичикни бирдек ҳаракатга келтириб қўйди. Ким билан суҳбатлашманг, тадбиркорлик билан шуғулланиб нафақат оиласига, балки жамият ривожига ҳисса қўшиш ниятида эканлигини билдирмоқда. Айниқса, ушбу дастур аҳоли жуда зич яшайдиган вилоятимизда ўта муҳим масала - бандлик муаммосини ҳал этишда кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Вилоятимизда Корея Республикасидан ташриф буюрган бир гуруҳ шифокорлар томонидан тиббий кўрик тадбирлари ўтказилди.
Истиқлол йилларида юртимизда соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, тиббий хизмат сифати ва савиясини юксалтириш, тиббий муассасалар моддий-техника баъзасини мустаҳкамлаш, халқаро тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жаҳон миқиёсидаги илғор тажрибаларни ўрганиш ва тизимга жорий этиш борасида салмоқли ишлар олиб борилаётганлиги эътиборга молик.
"Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди ҳамда Корея Республикасининг "Ewha Womans University" госпитали ўртасида тузилган ҳамкорлик келишувига асосан вилоятимиз туман, шаҳарларида ўтказилган тиббий кўрик тадбирлари ана шу йўналишдаги ишларга ёрқин мисолдир.
- Ҳафта давомида Андижонда кореялик шифокорлар томонидан тиббий кўрик тадбирлари ўтказилади, - дейди "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди вилоят ҳудудий филиали директори Турсунбой Бердираҳматов. - Кўрикка ташриф буюрган фуқаролар саломатликлари бўйича улардан зарур тавсия ва маслаҳатлар олиш имконига эга бўладилар.
Дарҳақиқат, тиббий кўриклар педиатр, ортопед, кордиолог, аллерголог, терапевт, стомотолог, фармацевт, уролог, дермотолог ва бошқа қатор мутахассисликларга эга бўлган малакали шифокорлар томонидан олиб борилди. Айниқса, тиббий текширувлар Кореядан олиб келинган тиббий жиҳоз ва асбоблар ёрдамида ўтказилганлиги тиббий кўрикнинг самарали ўтишини таъминлади.
- Мақсадимиз, юртингиз аҳолиси саломатлигини сақлашга кўмаклашиш, ўзбекистонлик шифокорлар билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба алмашиш, - дейди Ewha Womans University госпитали профессори Чой Хай Ёонг. - Ўзбекистонда аввал ҳам бўлганман. Юртингизда амалга оширилган ўзгаришлар мени ҳайратга солмоқда. Айниқса, тиббиёт соҳасида эришилаётган ютуқларни алоҳида эътироф этиш ўринли. Ташриф доирасидаги ўзаро ҳамкорлигимиз ижобий самаралар беришига ишонаман.
Кўрик жараёнида 900 нафарга яқин фуқаро тиббий текшироув ўтди, уларга зарур тавсия ва маслаҳатлар, бир гуруҳ беморларга эса бепул дори-дармонлар, санитария-гигена воситалари берилди.
Ташриф доирасида кореялик шифокорлар Андижон давлат тиббиёт институти профессор-ўқитувчилари, талабалар билан учрашув ўтказди. Учрашувда тиббий таълим ва унинг самарадорлигини ошириш, ўзаро тажриба алмашиш юзасидан мулоқотлар, шунингдек, илмий лекциялар ўқилиб, маҳорат дарслари ўтказилди.