+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Покизалик бор жойда ҳаёт гўзал бўлади

Инсон саломатлиги, ҳаётининг фаровонлиги кўп жиҳатдан табиатга боғлиқ жараёндир. Ота-боболаримиз ер инсонни едиради, тўйдиради ва кийинтиради, деб бежизга гапиришмаган. Қолаверса, тупроқ, умуман, она табиат инсониятга беҳисоб неъматлар етказиб беради.

Хўш, бугун биз она табиатни, чор-атрофни асраб-авайлаб, покиза сақлай оляпмизми? Ана шу хайрли ишга қай даражада ҳисса қўшяпмиз? Қуйида ана шу мавзулар хусусида сўз юритамиз.

Инсон ҳаммавақт табиат билан ҳамнафас яшаб келган. Ҳаётимизда, турмушимизда биз учун зарур бўлган буюмлар, жиҳозлар, кийимлар ҳам аслида она табиатимизнинг бебаҳо маҳсулидир. Бироқ шиддат билан ривожланиб бораётган ҳаётимизда инсонлар томонидан она табиатни асраб-авайлашга, сув ва турли табиий бойликлардан оқилона фойдаланишга етарли эътибор қаратилмаётганлиги ҳам бор гап.

Узоққа бормайлик, ўзимиз кундалик ҳаётимизда гувоҳ бўлаётган айрим нохуш ҳолатларга тўхталсак. Яхши биламизки, кексалар болалигимиздан сув муқаддас, уни ифлос қилиш гуноҳ деб айтишади. Бу кўпчиликнинг шуурига сингиб кетган. Шу боис ҳам аксарият одамлар сувни покиза сақлашга интиладилар. Минг афсус, орамизда шундай инсонлар борки, уларнинг тутумларидан ҳайратга тушасан.

- Шаҳримиздаги айрим маҳаллаларда эрталаб баъзи бир қиз ва келинларнинг кўчани ариққа супураётганлигини кўриб, вужудим титраб кетади, - дейди меҳнат фахрийси Муҳаррамхон Худойбердиева. - Наҳотки, ана шу қиз ёки келин ота-онаси, қўни-қўшнисидан бундай қилиш гуноҳ эканлигини эшитмаган бўлса? Ёки ўзи ҳам мулоҳаза билан иш юритмаса, ахир сувни ифлос қилиш инсонийликнинг бирор бир мезонига тўғри келмайди, айниқса, миллатимиз кишиси учун бундан-да ортиқроқ пасткашлик бўлмаса керак.

- Эрталаб кўчадан ўтиб кетаётган эдим, - дейди Андижон туманидаги Чем маҳалла фуқаролар йиғини хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассиси И. Аҳмедова. - Ёши 15-16 ёшлар чамасидаги қиз уйидан чиқди-да, кўча ариғига дастурхон қоқиб, ортига қайтди. Дастурхонда нафақат нон ушоқлари, ҳатто, мева пўчоқлари ҳам бор эди. Буни кўриб у қизни тўхтатдим: "Қизим, нега дастурхонни ариққа қоқяпсиз, бирор четроққа қоқсангиз, ушоқларни қушлар еб кетади. Ариққа пўчоқ оқизиш, сувни ифлос қилиш гуноҳ-ку" дедим. Қиз жавоб бериш у ёқда турсин, мени эшитмагандай индамасдан уйига кириб кетди Билдимки, бу оилада муҳит яхши эмас, у қиз гуноҳу савобни англаб етмайди.

Ҳа, юқоридаги каби ҳолатлар ҳар қандай кишини ташвишлантиради. Юртни обод қилиш, покизаликни сақлаш, фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтириш борасида тинимсиз тарғибот ишлари олиб борилишига қарамасдан орамизда мана шундай кишиларнинг борлиги одоб-аҳлоқ, экологик тарбия, тарғибот борасидаги ишларимиз етарли эмаслигини кўрсатади.

Халқимизнинг покизалик борасидаги ўзига хос тарбия, одоб-аҳлоқ меъёрлари ҳар бир юртдошимизнинг қалбида, шуурида бўлиши керак. Бу масалада, айниқса, ёшларимизга кўп гапиришимиз, фарзандларимизга болалигидан ана шу тарбияни бериб боришимиз лозим.

Инсон қилмоқчи ёки эришмоқчи бўлган нарсага ўз ихтиёри билан, англаган ҳолда интилса, албатта, кутилган натижага эришади. Она табиатни асраш, тозалик, юртни обод қилишга ҳар бир одам чин дилдан ҳаракат қилса, шундагина кутилган натижа, юрт ободлигига, табиат мусаффолигига эриша оламиз. Табиати мусаффо, тозалик бор жойда эса касалликка ўрин қолмайди.

Халқимиз азал-азалдан табиатга алоҳида меҳр кўрсатиб келади. Дарахт экиш ва боғ яратиш ўзбекнинг қадим қадриятидир. Мазкур қадриятнинг бардавомлигини сақлаш ҳар биримизнинг бурчимиз бўлмоғи даркор. Бундан ташқари, фарзандларимизда табиатга бўлган илк тасаввур ва меҳрни, табиат маҳсули бўлган ўсимлик, ҳайвонот оламини асраш, уларнинг атроф-муҳитни асраб-авайлашда бажариши лозим бўлган вазифаларини ўргатиб боришимиз зарур. Бу борада аввало, ўзимиз намуна бўлишимиз керак.

 

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ