+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

19 Июль 2018

ОИЛАНИНГ БОШЛИFИ АЛБАТТА, ЭРКАК БЎЛИШИ КЕРАК

Кимгадир яхшилик қилиш, маҳалладошларига жон тортиш, одамларнинг дарду муаммоларини енгиллатиб яшаш кишига завқ бағишлайди, гўёки бутун умрингиз тоат ибодатда ўтгандек, руҳингиз ором топади.

Фуқаролар йиғинига ишга кирганимдан кейин қанчалар ғалвали жой бўлмасин, маҳаллада ишлаш дарҳақиқат, савоб иш эканини тушуниб етдим. Икки мусулмон орасини ислоҳ қилиш, урушганларни яраштириш катта савоб, норасидаларни етимлик азобидан сақлаб қолиш яна бир карра савоб, кўнгли ўксик, ҳеч кими йўқ ғарибни йўқласангиз, ундан-да савоб. Хуллас, икки дунё саодатига эриштирувчи амалларни қилишга имкон берувчи гўша бу - маҳалла.

Бизнинг "Дўстлик" маҳалла фуқаролар йиғини туманимиздаги йирик, кўҳна ва обод маҳаллалардан ҳисобланади. Бугунги кунда мингдан зиёд оила истиқомат қилаётган маҳалламизда оилалар тинчлиги, мустаҳкамлиги, ёшлар тарбияси, бандлиги масалаларига, оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга, аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга, уларнинг муаммоларини ўрганиб иложи борича ижобий ҳал этишга эътибор қаратиб келмоқдамиз. Маҳалла фуқаролар йиғинидаги 637 хонадонда 4150 нафар аҳоли истиқомат қилади, шундан қарийб ярмини аёллар ва ёшлар ташкил этади. Биз биринчи навбатда, оғир вазиятга тушиб қолган аёллар ҳақида маълумотлар тўплашга, уларнинг оилавий муҳитини ўрганишга ҳаракат қиламиз. Чунки, кейинги пайтларда аёллар ўртасида жиноятчилик, ҳуқуқбузарликлар содир этиш ҳоллари, ўз жонига қасд қилишлар кўпайган. Менинг назаримда, ҳозирги аёлларда олдинги даврлардаги ирода, мослашувчанлик, сабр ва қаноат йўқ. Шу боис, хонадонларнинг қайси бирида энг оғир ҳолатга тушиб қолган, тушкунликка тушган, бировга сирини айтолмай, нима қилишини билмай, ишданми, оиладанми, ўзининг юрагидаги гапини гапиролмай, сўнгги чора сифатида  ўз жонига қасд қилишгача келиб қолган шахсларни, аниқроғи, аёлларни аниқлашни ўзимизга вазифа қилиб олганмиз. Ўрганишлар натижасида маҳаллада 22 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, 8 нафар ўта оғир ижтимоий ҳимояга мухтож оила борлиги аниқланди. Уларнинг муаммоларига ечим топишга уринмоқдамиз. Масалан, ишсизларни ишга йўналтириб, фарзанд тарбиясида қийналганларга, ногирон фарзанди бор, ёки ўзи ногирон бўлган аёлларга ҳам моддий, ҳам руҳий кўмак кўрсатмоқдамиз. Биринчи гуруҳ ногиронлиги бор қизларимиз, умуман юролмайдиган, боқувчисини йўқотган, якка-ёлғиз онахонларнинг рўйхатини шакллантириб, ҳар ҳафтада аҳволларидан  хабар олиб туришни режалаштирганмиз. Маҳалла фаоллари, жамоатчи ёшлар, ёши улуғ онахон ва отахонлар ва ишчи гуруҳ аъзолари ёрдамида уларнинг муаммоларини ҳал қилишга ҳаракат қилаяпмиз.

Энг оғриқли нуқтамиз, бу - ажримлар. Сабаби, ҳар 10 оиладан бирига кирганимизда, ё келини кетиб қолган, ё қизи келиб ўтирган ҳолатни кўп учратяпмиз. Бунинг сабабларини суриштирсак, ҳар икки томон ҳам ўзининг ҳақлигини исботламоқчи бўлади.  Қуда томоннинг айбини ошириб, ўз айбини яширишга ҳаракат қилади. Ахир, қарс ҳам икки қўлдан чиқади, бир қўл билан чапак чалолмайсиз-ку. Хуллас, жорий йилнинг шу давригача 20 га яқин можарони бартараф этишга, 10 дан зиёд ажрим ёқасидаги оилани яраштиришга эришдик. Кирган хонадонларимизда оила муқаддаслиги, хонадон сирлари ташқарига чиқмаслиги лозимлиги, оиласи тинч одам жамиятда ҳам обрў-эътиборли шахс бўлишини тушунтириб бормоқдамиз. Нотинч, ижтимоий муҳофазага мухтож оилалар, боқувчисини йўқотганлар орасида кўп юрамиз, лекин баъзан, намунали оилаларда ҳам жанжаллар чиқиб туради, шунинг учун ҳеч бир хонадонни эътиборсиз қолдиришни истамаймиз. 

Оиланинг бошлиғи, подшоси албатта, эркак бўлиши керак. Бу Одам Ато-ю Момо Ҳаводан қолган анъана. Бу Яратганнинг хоҳиши, амри, шунингдек, миллий қадрият ҳамдир. Афсуски, кўп хонадонларда шу қадрият унутиляпти. Оилада эркакнинг роли йўқ, ҳамма нарсага аёл киши бош-қош, шу сабаб айрим йигитларда эркакларча мардлик, бир сўзлилик, орият деган тушунчалар бироз чекингандай. Аксинча, майдагаплилик, хотинларнинг гапини ташиб юриш, моддий таъминотда аёл кишига қарамлик каби қусурлар йигитларимизда учраб қолаяпти. Оилада аёл киши фарзандларига отасининг мавқеини  улуғлаб кўрсатиши керак. Аёл аёллигини қилсин, оилани бошқаришни эса эрига топширсин. Шу ўгитга қатъий амал қилинса, кўп хонадонларда оилавий низолар сони камаяди.

Ҳар бир оила аъзоси оиланинг тинчлиги менинг қўлимда деб, ҳаракат қилса, ўша оила тинч ва мустаҳкам бўлади. Бундан ташқари, оила мустаҳкам бўлиши учун тиббий маданиятни ҳам юксалтириш керак, чунки соғлом онадан соғлом фарзанд дунёга келади. Бўлажак она керакли пайтда скрининг марказига учраши, чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтиши керак. Шу йўл билан ногирон фарзанд туғилишининг олди олинади. Яна ногирон фарзанд туғилишига сабаб-яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, кейинги пайтларда шундай никоҳларнинг ҳам қанчасини олдини олишга эришдик.

Бугун маҳалламизда "Обод қишлоқ", "Ҳар бир оила тадбиркор" дастурлари асосида ҳам самарали ишлар олиб бориляпти. Хонадонларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, ёшларга бўлган эътиборни кучайтириш ва ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш мақсадида 20 йўналиш бўйича 5% ли кредитлар ажратилмоқда.

Умр - оқар сув, дейдилар. Ҳаш-паш дегунча ҳаёт ўтиб кетганини, замонлар ўзгариб, авлодлар алмашганини сезмай қоласан. Ортингда - қилган яхши-ёмон амалларинг, савобу гуноҳларинг қолади. Шундай экан, ҳар биримиз умримиз ўтиб кетгунича, ўтаётган ҳар бир кунимизни сарҳисоб қилмоғимиз, ҳар бир лаҳзанинг қадрига етмоғимиз, берилган имкониятлардан фойдаланиб яшамоғимиз керак. Элу юрти корига яраб, одамларнинг мушкулини осон қилиб яшаган инсоннинг ортидан албатта, яхши ном, эзгу амаллар қолади.

Самидахон ОЛИМОВА,

Андижон туманидаги "Дўстлик " маҳалла фуқаролар йиғини  мутахассиси.