+0374 223-85-48
Андижон шаҳар, Навоий шоҳкўчаси, 71- уй

Янгиликлар

  • 26 Сен 2025
    МУКОФОТЛАР МУБОРАК!
    Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида"ги фармонига асосан тақдирланганлар орасида вилоятимизнинг бир…
  • 12 Сен 2025
    ИСТИҚЛОЛ БАЙРАМИ БОЛАЖОНЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШДИ
    Аждодларимизнинг азалий орзуси бўлган, баркамол авлоднинг истиқболига айланган Мустақиллик кунини ҳар қанча байрам қилсак арзийди. Халқимизнинг энг улуғ, энг азиз байрами - истиқлол айёми жорий…
  • 12 Сен 2025
    АРХЕОЛОГИК ВА МУЗЕЙ ТУРИЗМИ ЯНАДА РИВОЖЛАНАДИ
    Форум Андижон вилояти Марҳамат туманида «Кўҳна Довон сирлари» II археология туризм форуми бўлиб ўтди. Президентимиз топшириғи асосида Марҳамат тумани ҳокимлиги, “Мингтепа-маданий мерос» жамоат фонди, Яҳё…
Газетамизнинг янги сони сизга манзурми?
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
  • Ovozlar: (0%)
Jami ovozlar:
Birinchi ovoz:
Oxirgi ovoz:

Super User

Арилардан эҳтиёт бўлинг!

тавсия

Ёз мавсумида ариларнинг кўпайиши кузатилади. Айниқса, мевалар ғарқ пишган паллада улар янада фаоллашади, кучга тўлади. Шундай пайтда арилар ҳужумидан эҳтиёт бўлиш керак. Чунки, ари чақиши кучли оғриқ келтириб чиқаради ва агар организмда аллергик реакцияга мойиллик бўлса, кўнгилсиз ҳодисаларни келтириб чиқариши мумкин.

Ари заҳри инсон организмига тушганида Е иммуноглобулинини ўз ичига олган ёғ ҳужайраларини серотонин, гистамин ва анафилактик шок келтириб чиқариши мумкин бўлган бошқа моддалар ишлаб чиқаришга мажбур қилади.

Ари чаққанидан сўнг кишида ҳаво етишмаслик ҳисси пайдо бўлади, оғизда санчиқли оғриқ туради, катта шишлар юзага келади.

Ари жароҳатда нишини қолдирмайди ва у бир неча мартагача чақиши мумкин. Такрорий чақишларда заҳар миқдори камаяди, лекин аллергик реакция пайдо бўлиши учун шунинг ўзи етарли. Агар ниш жароҳатда қолган бўлса, уни олиш керак бўлади - бунинг учун пинцет ёки пичоқ учидан фойдаланиш керак. Жароҳат жойига водород перекиси, шиш хавфи пасайиши учун эса  муз қўйиш мақсадга мувофиқ. Дарҳол антигистамин ва гормонал препарат қабул қилиш керак.

Ари чақиши билан аллергияга мойил кишига адреналин инъекциясини йўллаш керак - бу билан сиз аллергиянинг ривожланишини огоҳлантирасиз ва бир инсон ҳаётини сақлаб қоласиз. Арининг қайси тури чақиши аллергиядан азият чекувчи киши учун ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас - бундай кишиларга барча ари турлари хавфли.

Фақат асаларигина чаққанидан сўнг нишини жароҳатда қолдириб, ҳалок бўлади. Бошқа ари турлари ҳалок бўлмайди ва бир неча марта чақиши мумкин.

Меваларни истеъмол қилаётганда, водопроводдан сув ичаётганда ичига ари кириб олмаганига эътибор беринг. Агар ари оғиз бўшлиғидаги бирон аъзони чақса, инсон нафас ололмай қолиши ва бу ҳалокатли якун топиши мумкин.

 

Fолибжон УМРБЕКОВ,

 

вилоят ФВБ бошлиғи ўринбосари.

Бола таътилда нима билан машғул бўлиши керак?

Бугунги кун боласида ҳаракатчанлик етишмайди. Фарзандини эрталаб бадантарбия билан шуғулланишини мунтазам назорат қиладиган ота-онани кам учратамиз. Боланинг кунда бир соат вақтини жисмоний меҳнатга сарфлашга ўргатиб бориш зарур. Бунга рўйхушлик бермайдиган болаларга эса ўз меҳнати мевасини териш завқи қандай бўлишини амалда исботлаб бериш мумкин. Масалан, гулзорда, томорқада ишлаганда унинг озгина меҳнатидан қанчалик кўп ҳосил олинаётганига ишонтириш каби.

Менинг фикримча, болаларни таътил даврида турли спорт тўгаракларига жалб қилиш лозим. Компьютер ўйинларини эса чеклаш керак. Шунда ақлий зўриқиш туфайли бола руҳиятида юзага келадиган муаммоларнинг олдини олиш мумкин. Тўгараклар бола қобилиятини ривожлантириш воситаси, унга асло боланинг вақтини шунчаки банд этиш усули сифатида қарамаслик керак. Албатта, боланинг қизиқиши, жисмоний имконияти, руҳияти ва қобилиятидан келиб чиқиб тўгаракларга жалб этиш керак. Бу борада вилоятимиздаги барча туман ва шаҳарларда фаолият олиб бораётган болалар оромгоҳлари сизга катта ёрдам беради. Чунки уларда мутахассис кадрлар раҳбарлигида тил ўргатиш ва кўплаб спорт тўгараклари мунтазам ишламоқда. Бундан ташқари, кўплаб мактабларда ҳам кундузги оромгоҳлар ташкил этилган.

Агар болангиз камгап, ўз тенгқурлари билан чиқишиб кета олмайдиган бўлса, уни болалар жамоа бўлиб шуғулланадиган машғулотларга беринг. Масалан, футбол ёки волейбол. Бунда бола ҳамжиҳат бўлиб ҳаракатланишни ҳамда ўзгалар билан тил топишишни ўрганиб олади.

Агар фарзандингиз шўх, ерга урса кўкка сапчийдиганлардан бўлса, уни шахмат ёки шашка тўгарагига берганингиз маъқул. Бунда бола тартибли ва мулоҳазали бўлишни ўрганади. Унга қўшимча тарзда бошқа спорт тўгарагини ҳам қўшишингиз мумкин. Чунки ғайратли болангиз бунинг уддасидан чиқади ва шижоати, бўш вақтини шумликларга сарфламайди. Болани турли спорт тўгаракларига жалб этишдан олдин бу тўгаракнинг болага нима бера олиши ҳақида билиш муҳим. Улар ичидан энг яхшиси ва бола учун фойдалисини танлаш янада яхши.

Шаҳло НИШОНОВА,

 

вилоят ХТБ етакчи мутахассиси.

Гўзал хулқ, эзгулик тимсоли бўл!

(Қиз узатаётган отанинг насиҳатлари)

"Азиз қизим, жигаргўшам, онажон болам! Сен дунёга келганингда онам қайтиб келди, деб қувонганман. Сени онанг иккимиз шамоллардан қизғониб, киприкларингга гард қўнмасин, деб, авайлаб улғайтирдик. Хасталанган вақтларингда дунё кўзимизга тор кўринди, бутун вужудимиз қақшади.

Кўз ўнгимизда қоғозга ўралган қанддек камол топдинг. Ўқиб вояга етдинг. Бугун сени ўзга хонадонга узатаяпман. Кўзимнинг қораси, юрагимнинг бир парчаси узатилаётгандай.

Сен - ақлли, ҳушли, мулоҳазали бўлиб улғайдинг, эркка берилмадинг, катталарга итоатли, ҳурмат-эътиборга лойиқ иш кўрадиган таҳлит тарбияландинг.

Онам болам, ўзга оила остонасига қўяётган илк   қадамингдаёқ уни ҳам ўз оиланг, қайнота-қайнонангни - ота-онам, деб бил! Зинҳор уларни ранжитадиган гап гапирма, озор берадиган иш қилма, эътиборли, ройишли бўл!

Кибрга, ҳаволанишга берилма! Акс ҳолда, турмушингга путур етади. Муомалангни гўзал қил, сени оилангдагилар яхши кўриб қолишсин. Катталар, турмуш ўртоғинг кўзига тик қарама, тавозели бўл!

Огоҳлантириб қўяй, мабодо оила дарз кетиши, муносабатлар бузилиши сен туфайли рўй берса, сенга бўлган меҳрим ўша куниёқ якун топади, мен сен туфайли кимларнингдир озор чекишларини асло истамайман.  Ота дуоси, тарбияси, ўгитларини олган қиз бахтли оила бекасига айланиши бор гап. Зинҳор ёмон сўзларни оғзингга ола кўрма, зеро ёмонликлар қобиғи сени ўраб олмасин.

      Юрагим ҳувиллаб қолаётганини ҳис қилар эканман, сени ўзга хонадонда фаришталардек келин бўлиб, бошқа бир оилада бахт ясашинг,  ўша оилани қувончга тўлдиришингдан ғурурга тўляпман. Кўпларнинг ҳавасини келтирадиган келин бўлишингни, қайнонангни онангдек кўришингни истайман, чунки сени оила юмушлари, рўзғор бутлигига ўргатадиган маслаҳатчинг - қайнонангдир. Унинг насиҳатларига, йўриқларига қулоқ сол, асло бўйин товлама, ундан аразлама, онангдек яхши кўр, бу билан турмуш ўртоғинг ҳурмати, севгиси янада  мустаҳкамланади.

Фариштам! Барча муаммоли вазиятларни юмшатишга қодир, тадбирли бўл, тушган хонадонингда ҳавас қиладиган муҳит яратишга ҳаракат қил. Шундай қилгинки, сендан ибрат олишсин, яхшиликлар тимсолига айлан.

Мендан рози бўлсин, десанг, сўзларимни ҳамиша ёдингда тут!"

 

Отанинг насиҳатларини оққа кўчирувчи

Умида ЭГАМБЕРДИЕВА.

БУВИЖОНЛАР ЎГИТИ - ҚИЗЛАРГА САБОҚ

Мулоҳаза

Синфимда ораста, одобли, ҳар бир гапини мулоҳаза билан гапирадиган қизлар кўп. Уларнинг барчаси аъло баҳоларга ўқиш билан бирга жамоат топшириқларини ҳам бажонидил, пухта бажаришади. Бошқа синф қизларини ҳам кузатдим. Бувиси билан яшайдиган қизларнинг юриш-туришида, ўзини тутишида, дарслардаги фаол иштирокида ижобий сифатлар талайгина.Ўтган галги ота-оналар йиғилишида эътибор берсам, шу қизлар учун фақат бувилари мажлисга келибди. Шундан билдимки, уларнинг тарбиясига бувилари алоҳида ёндошади. Ёш ота-оналарнинг фарзандларида юқоридаги сифатлар сал камроқ. Бу билан оналарнинг бераётган тарбияси етарли даражада эмас, деган фикрдан йироқман. Демоқчиманки, бошидан иссиқ-совуқ кунларни ўтказган, кўпни кўрган онахонлар болани ўз сўзларига маҳлиё қилиб қўяди. Гарчи ўқимаган бўлсалар-да, бола билан қандай мулоқотга киришишни билади.

Халқимизда қадимдан қиз бола тарбиясига алоҳида эътибор берилган. Оналар билан бир қаторда, бувижонларнинг ўгитлари ҳам беқиёс аҳамиятга эга. Зеро, қиз бола учун зарур бўлган орасталик, гўзаллик, меҳнатсеварлик, хушмуомалалик улар онгига ҳаётий мисоллар билан сингдирилса, самаралироқ бўлади.

Ўқув йили давомида оила-маҳалла-мактаб ҳамкорлиги доирасида эришган ютуқларимизда бувижонларнинг ҳиссаси катта бўлди. Шу боис ҳам ўқув йили якунида маҳалладаги намунали оилалар вакиллари, кўп йиллар турли соҳаларда фаолият олиб борган меҳнат фахрийлари билан учрашув ўтказдик. Учрашув ўқувчиларда катта таассурот уйғотди.

Муяссар ИСОҚОВА,

Балиқчи туманидаги 35-умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

Тадбиркорлар ҳимматидан аҳоли мамнун

Бизнинг "Қоратут" маҳалла фуқаролар йиғини шаҳримиздаги маълум ва машҳур гўшалардан бири.  5-кичик даҳа деганда, ҳамманинг кўз ўнгида маҳалламиз марказидаги самолёт-кафе гавдаланади. Бу ер бир пайтлар "Малика" номи билан машҳур бўлган. Ҳудудимиз ободонлаштирилиб, не-не эски иморатлар ўрнида янги, замонавий кўркам бинолар қад ростлади, кафе ва савдо дўконлари очилди, ишлаб чиқариш цехлари ишга туширилди.

Аммо аҳоли маҳалламиз рамзига айланиб улгурган самолётни кўчиришга рози бўлмади. "Бу ҳудудимиздаги илк йирик тадбиркорлик объектидан эсдалик", дейишди. Айни кунда самолёт ичи музей бўлиб қолган, атрофида бошқа кўплаб тадбиркорлик объектлари, бозорча, маиший ва савдо хизмат кўрсатиш шохобчалари ишлаб турибди.

Ҳудудимизда 27 та кўп қаватли уйлар жойлашган. 1822 та хонадонда жами 7 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади.  Юртбошимиз томонидан тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётганлиги, "иш ўринлари яратаман, бандликка ҳисса қўшаман" деган фуқароларга имкониятлар берилиб, давлат томонидан кредитлар ажратилаётганлиги ҳар бир фуқарода меҳнатга муносабат, иштиёқнинг кучайишига туртки бўлмоқда. Кимдир иссиқхона, кимдир савдо дўкони қиламан дейди, кимдир автомобиллар тўхташ жойи яна кимдир гилам ювиш жойи ёки чевархона ва ҳоказо. Тадбиркорлик қилиш истагини билдирган фуқаролар орасида айниқса, аёлларнинг кўплиги бизни қувонтиради. Хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ёшларга имкониятлар яратиб бериш, умуман, "Ҳар бир оила тадбиркор" дастурига мувофиқ фуқаролар йиғинига қарашли ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланишга ҳаракат қилмоқдамиз. Тадбиркорлик билан шуғулланаман деган фуқароларга ер ажратиб бериляпти. Ҳудудимиздаги 41-мактабнинг бўш турган биноси ноль қийматда тадбиркор Умида Ашуровага берилди. Қисқа муддат ичида замонавий ва кўркам қиёфа касб этган бинода ёш тадбиркор хусусий нодавлат мактабгача таълим муассасаси ташкил этди. 1 июнь-болаларни ҳимоя қилиш кунида мазкур хусусий боғча ҳамда капитал таъмирланган "Ниҳол" мактабгача таълим муассасасининг очилиш маросимларини ўтказдик. Ишлаб чиқариш цехи барпо этиб, 5-10 чоғли одамни иш билан таъминлаш ниятидаги фуқароларга ҳам иш бошлаши учун жой ажратиб бермоқдамиз. Бундан ташқари, ҳудудимизда музқаймоқ ва салқин ичимликлар сотишга мўлжалланган дам олиш маскани қурилдию замонавий фавворалар бунёд этилди. Мазкур маскан ҳам шаҳримиздаги энг  кўркам ва обод жойлардан бири бўлди, ҳордиқ чиқариб музқаймоқхўрлик қилгани жуда кўп жойлардан дам олувчилар келишяпти. Шунингдек, болалар учун янги ўйингоҳ барпо этилди ва спорт анжомлари билан жиҳозланди, улардан болалар бепул фойдаланмоқда. Ҳудудимизда кўплаб савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари очилган, аҳолига намунали хизмат кўрсатмоқда. Булардан "Теген", "Само текстиль", "Тошкент ош", "Гепомед" кабиларни мисол қилиб келтириш мумкин. Кўп қаватли уйларнинг томлари янгиланди, олдиларига брусчаткалар ётқизилди, замонавий ўриндиқлар, ёритгичлар  ўрнатилди. Кичикроқ бўлсада, томорқа хўжалиги ташкил қилганмиз, бу ерда помидор-бодринг, карам, ўсмадан тортиб қалампиргача бор, жамбил-райҳонлар барқ уриб ётибди. Аҳоли ўзи парвариш қилиб ўзи фойдаланяпти.

Қувонарлиси, тадбиркорлик билан шуғулланиб, уч-тўрт сўм ўзидан ортинган одам қўшнисига, ёрдамга муҳтож кишиларга ёрдамлашгиси келаркан. Тадбиркорларимиз меҳр-мурувват кўрсатиш борасида ҳам жуда фаол. Рўзаи рамазон кунларида, ҳайит ва ундан кейинги байрамларда ҳам баҳоли қудрат хайр-саховат кўрсатиб, кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олдилар, эҳсон кўрсатдилар.

Маҳалламиз "Обод маҳалла" дастурига киритилган. Йўлларимизга асфальт ётқизилиб, кўчаларимизга замонавий "Кобра" лампочкалар ўрнатилди. Иккала боғча ўртасида ўйингоҳ, хиёбон ташкил қилинди. Кечқурунда кўрсангиз ҳам, кундузгидек чароғон, гўёки "Андижон сити" дейсиз. Буларнинг барчаси юртимиздаги ободлик, тинчлик ва ҳукуматимизнинг  халқимиз фаровонлиги йўлидаги амалий ишлари самарасидир.

Гавҳарой ҚЎЙЛИҚОВА,

 

Андижон шаҳридаги Қоратут маҳалла фуқаролар йиғини мутахассиси.

Германиядан келтирилган велосипедлар велопойгада синаб кўрилди

"Ёшлар куни" муносабати билан ўтказилаётган тадбирлар доирасида спорт мусобақаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Андижон тумани ҳудудида жойлашган Қўшариқ кўчасидан Андижон шаҳрининг Навоий шоҳ кўчасигача бўлган автомобиль йўлида веломарафон ташкил этилди. Вилоят ҳокимлиги, жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, мудофаага кўмаклашувчи "Ватанпарвар" ташкилоти ҳамкорлигида ташкил этилган веломарафонда 500 нафарга яқин ёшлар иштирок этдилар.

Эътиборлиси, веломарафонда вилоят ҳокими ташаббуси билан Германия Федератив Республикасидан олиб келинган энг сўнгги русумдаги, замонавий велосипедлардан фойдаланилди.

Мазкур велосипедларни олиб келишдан мақсад, шаҳар кўчаларидаги тирбандликларга барҳам бериш, экологик муҳитни яхшилаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасида фойдали ва хавфсиз ҳисобланган транспорт туридан фойдаланишга бўлган қизиқишни оширишдан иборат.

Велопойгада маррага биринчи бўлиб етиб келган иштирокчилар ташкилотчиларнинг қимматбаҳо совғасини қўлга киритдилар.

Шунингдек, Андижон шаҳридаги 29- ва 43- умумтаълим мактаблари қошида ташкил этилган "Камалак" ҳамда "Бойчечак" кундузги болалар дам олиш оромгоҳларида спортнинг бешта тури бўйича жамоавий мусобақалар ўтказилди. Унда ўқувчи ёшлар миллий ўйинлар ва шахмат-шашка бўйича ўз маҳоратларини намойиш этдилар.

"Камалак" оромгоҳида берилган барча шартларни тез ва чаққонлик билан бажарган "Шумтакалар" жамоаси ғолибликни қўлга киритган бўлса, "Бойчечак"да биринчи ўрин "Чаққонлар" жамоасига насиб этди.

Fолиб ва фаол иштирокчилар Ёшлар иттифоқи шаҳар кенгаши томонидан тақдирландилар.

 

Барно Ҳайдарова

Суннат тўйи туманга овоза бўлди

Эрта тонг. Ким ишга, яна кимдир қандайдир юмуш билан йўлга чиққан. Туман марказидаги Ёшлар итифоқи туман кенгаши биноси олдидаги катта майдон эса байрамона кўриниш касб этган. Стол-стуллар қўйилиб, дастурхон безатилган. Карнай-сурнайлар чалиниб, меҳмонлар кутиб олинмоқда.

Ўтган-кетганлар бу ерда нима бўляпти, ахир кеча оқшом ҳам ҳеч гап йўқ эди-ку, дея ҳайрон. Мамлакатимизда бу йил илк бор нишонланаётган Ёшлар куни олдидан Ёшлар иттифоқи Хўжаобод туман кенгаши кам таъминланган оилаларнинг икки нафар фарзандига ўтказган хатна тўйи шу тариқа одамларни ҳайратга солди.

Маҳалла кексалари, фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари, тўйболаларнинг ота-оналари, қариндош-уруғлари, дўстлари иштирокида бошланган тўй тантанасида Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги, айниқса, ёшларнинг ўз иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар яратиб берилаётганлиги таъкидланди.

Хўжаобод туманидаги       Гулистон маҳалласида яшовчи Абдулходий Рашидов ҳамда Нишоббўйи маҳалласида яшовчи Муҳаммадюсуф Абдумухторовларнинг суннат тўйлари ўзига хос, миллий анъаналаримиз асосида ўтказилгани маҳалла аҳли, айниқса, тўйболалар ва уларнинг ота-оналари қалбига бир олам қувонч ҳадя этди, тўйболалар шаънига айтилган қутлов ва табриклар барчага хуш кайфият улашди.

- Мана шундай хайрли ишни бошлаган ёшларимизнинг отасига раҳмат, - дейди "Нуроний" жамғармаси туман бўлими раиси Аҳмадулло Розиқов. - Ушбу тўй халқимизга хос саховат, меҳр-оқибатнинг, қолаверса, икки оила вакиллари кўнглини обод қилишнинг ёрқин намунасидир.

- Тўрт нафар фарзандим бор, - дейди Гулистон маҳалласида яшовчи Нигорахон Ортиқова. - Абдулходий кенжа фарзандим, мен ҳам, турмуш ўртоғим ҳам доимий иш ўрнига эга эмасмиз. Пилла мавсумида хонадонимда ипак қурти парваришлайман, турмуш ўртоғим мавсумий ишларни бажаради. Шу боис, фарзандимиз 1-синфни тамомлаган бўлса-да, тўй қилишга ҳеч имкон қилолмаётган эдик. Тарихий кунда фарзандимизнинг суннат тўйи ўтказиб берилганлигидан беҳад мамнунмиз.  Юртбошимиз раҳнамолигида улкан ишларни олиб бораётган Ёшлар ташкилотининг кўрсатган эътибор ва ғамхўрлигидан бошимиз кўкка етди. Давлатимиз раҳбарига, мана шундай хайрли ишлар ташкилотчиларига барча оналар номидан ўз миннатдорчилигимни билдираман.

 Болажонларга Ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамда ҳомий ташкилотлар томонидан велосипед, эсдалик совғалари топширилди.

Миллий анъаналаримиз қадрланган, эзгуликка йўғрилган бу каби хайрли ишлар юртдошларимиз қалбида меҳр-оқибат, саховат, одамийлик, эзгулик фазилатларини, шу билан бирга, уларнинг эртанги кунга, давлатимизга бўлган умид ва ишончини мустаҳкамламоқда.

 

Дилхумор ОСТАНАМИРЗАЕВА,

 

жамоатчи мухбир.

Ёшлар кунини янги уйда кутиб олишди

Андижон шаҳридаги Ислом Каримов номли кўчада янги барпо этилган 50 хонадондан иборат беш қаватли ёшлар уйи фойдаланишга топширилди.

Янги уйларни топширишга бағишлаб ўтказилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Андижон вилоят ва шаҳар кенгашлари ходимлари, нуронийлар, ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда вилоят ҳокими    Ш. Абдураҳмонов иштирок этди, барчани Ёшлар куни билан муборакбод этиб, мамлакатимизда аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш, ёш оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётганини таъкидлади.

Ёшлар уйи Президентимизнинг 2017 йил 5 июлдаги "Ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи фаолиятини қўллаб-қувватлаш тўғрисида"ги Фармони ижроси, шунингдек, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб, жамиятимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган ёш оилаларга узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари асосида берилди.

Ёш оилалар учун барпо этилган янги уй ҳар жиҳатдан қулай, шинам, кенг ва ёруғ ҳамда барча шароитларга эга эканлиги билан уй соҳибларига манзур бўлди.

- Юртимизда илк бор нишонланаётган Ёшлар кунини янги уйда кутиб олаётганлигимиздан беҳад хурсандмиз, - дейди Ўзбекистон Халқ демократик партияси вилоят кенгаши сектор мудири Сардорбек Қосимов. - Турмуш ўртоғим педагог, бир нафар фарзандимиз бор. Янги уй соҳиби бўлганлигимиздан нафақат биз, балки  ота-онам, барча яқинларимиз ҳам хурсанд. Шу ўринда мен Ўзбекистон  ёшларига кўрсатилаётган эътибор учун Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдираман. Ёшларини кўкларга кўтараётган мана шундай юртда яшаётганлигимдан фахр-ланаман. Шу юртга муносиб фарзанд бўлишга интиламан.

Мухтасар қилиб айтганда, юртимизда ёшлар учун яратиб берилаётган бу каби кенг имкониятлар, кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик - буларнинг барчаси юртимиз ёшларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг манфаатларини ҳар томонлама ҳимоя  қилишга қаратилгандир.

 

Фахриддин ИБАЙДУЛЛАЕВ

Ватан ва Юртбоши ишончини албатта, оқлаймиз

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи таъсис қурултойида ҳар йили 30 июнь санасини мамлакатимизда  Ёшлар куни сифатида кенг нишонлаш ташаббусини илгари сурган эди. Орадан ўтган бир йил ичида Ёшлар ташкилоти йигит-қизлар ҳаётида ёрқин из қолдирди, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячисига айланди.

Айни кунда Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ўз сафига вилоятимиздаги 900 минг нафардан зиёд 14-30 ёшдаги йигит-қизнинг қарийб 500 минг нафарини ўз сафига бирлаштирган. Қолаверса, ташкилотнинг меҳнат жамоалари, таълим муассасаларида 2072 та бошланғич ташкилоти самарали фаолият юритмоқда.

Ёшлар иттифоқи навқирон авлоднинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларда Ватан тақдирига даҳлдорлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини шакллантириш, ёшларнинг турли мафкуравий таҳдидлар, ёт ғоя ва иллатлар таъсиридан асраш борасида кенг кўламли тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бормоқда.

Ўтган давр мобайнида Иттифоқ томонидан ўтказилаётган "Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!", "Ёшлар ва қонун", "Суд ва ёшлар", "Одам савдоси - давр муаммоси" сингари қатор лойиҳалар доирасида ўтказилаётган тарғибот тадбирлари ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.  Энг аввало, ёшларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ортди, иқтидорли ва ташаббускор ёшлар сафи кенгайди, уларнинг жамиятдаги жараёнларга нисбатан даҳлдорлик ҳисси кучайди, ёшлар билан боғлиқ салбий иллатлар, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари кескин камайди.

Мухтасар айтганда, Юртбошимиз ташаббуси ва раҳнамолигида бугун Ватан тақдири ва келажаги учун фидойи бўлган ёш раҳбар кадрлар тайёрлаш тизими шаклланди. Ёшларимизнинг ишлаб чиқариш, илм-фан, таълим, санъат, спорт, қўйингки, барча соҳаларда ўз имконият ва иқтидорларини тўлақонли юзага чиқаришлари учун кенг имкониятлар эшиги очиб берилди. Ёшларга кўрсатилаётган ана шу эътибор ва ғамхўрлик ўз самарасини беради. Ўзбекистон ёшлари Ватан ва Юртбошимиз ишончини албатта оқлайди. Улар юртнинг буюк келажагини барпо этиш ишида ҳамиша фаол бўлиб, фақат олдинги сафларда борадилар.

Оминахон ИБРАГИМОВА,

 

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши бўлим мудири.

30.июнь - "Ёшлар куни" вилоятимизда кенг нишонланди

"Ёшлар куни" муносабати билан вилоятимизда кўплаб тадбирлар ташкил этилди. Жумладан, "Youth day" югуриш марафонида жами 4000 га яқин, "Ҳоким ва ёшлар" учрашувларида 5616 нафар йигит-қиз иштирок этди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, кам таъминланган 1400 га яқин оила фарзандлари, "Меҳрибонлик уйлари" тарбияланувчиларига ширинликлар, кийим-кечаклар совға қилиниб, байрам дастурхонлари ташкил этилди.

"Бахтли оила қурамиз" шиори остида 23 та намунали ҳамда хайрия тўйлари ўтказилди. Ёш фермер ва тадбиркорлар маҳсулотлари "Савдо ярмаркалари"да 3000 дан ортиқ ёшлар иштирок этган бўлса, меҳнат ярмаркаларига 5184 нафари жалб этилди.

Бепул кинофильмлар намойишлари ҳамда "Ёшлар     театр студиялари" спектаклларидан минглаб томошабинлар баҳраманд бўлди. "Ёшлар-Ўзбекистон келажаги!" шиори остида барча шаҳар ва туманларда ўтказилган ёшлар шоу гала-концертлари ёшларни бир маслак остида бирлаштирди.

Шунингдек, миллий   ўйинлар, футбол, велоспорт, шахмат-шашка, бокс ҳамда спортнинг бошқа турлари бўйича мусобақалар ташкил этилиб, уларда 18070 нафар спортсеварлар иштирок этди.

"Мард ўғлон" шиори остида ташкил этилган учрашувлар ёшлар ўртасида ҳарбий ватанпарварлик туйғуларини янада кучайтиришга хизмат қилди. Ижтимоий фаол ёшлардан 50 нафарига "Ёшлар уйлари"нинг калитлари тантанали топширилди.

"Соғлом авлод" ўйингоҳи узра отилган мушаклар байрам тантаналарига унутилмас якун ясади.

 

Фестиваль расмий қисмидан сўнг "Обод юртнинг ёшлари" деб номланган концерт дастури намойиш этилди.